ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Тамаки ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 06.12.2010 й. 2161-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 23.11.2010 й. 191-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 6 декабрда 2161-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2010 йил 23 ноябрдаги

191-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Тамаки ишлаб чиқариш ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ тамаки ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар тамаки ишлаб чиқарувчи ташкилотларга (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш чора-тадбирларининг бажарилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


8. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


10. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


11. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


12. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


13. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


14. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


15. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


16. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


17. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


18. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


19. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


20. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


21. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


22. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


23. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


24. Ходимлар Ёғ-мой ва тамаки ишлаб чиқариш ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 2113, 2010 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 24-25-сон, 205-модда) мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



5-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


25. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


26. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


27. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


28. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



6-§. Касбий танлов


29. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


30. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


31. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


32. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


33. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


34. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


35. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


36. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


37. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


38. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


39. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


40. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


41. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


42. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


43. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


44. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


45. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.



9-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


46. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


47. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


48. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.


49. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


50. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланган бўлиши керак.


51. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


52. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


53. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


54. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


55. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


56. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


57. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



10-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


58. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


59. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


60. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


61. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


62. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


63. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


64. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


65. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


66. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


67. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


68. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С, оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.


69. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


70. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



12-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


71. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


72. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


73. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


74. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


75. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



13-§. Электр қурилмаларига қўйиладиган талаблар


76. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


77. Электр ток ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубилниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар фақат ёнмайдиган асослар (мармар, текстолит, гетинакс ва бошқалар)да монтаж қилиниши лозим.


78. Ёритиш ва қувватли ускуналар ҳамда электр тармоқларининг тузилиши хоналардаги шароитларга ва улардаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос бўлиши шарт.


79. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан, электр двигателлари эса суюқлик сачрашидан ҳимояланган ёки ёпиқ ижрода бўлиши шарт.


80. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


81. Ишлаб чиқариш бинолари ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматурада бажарилиши лозим.


82. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қалпоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабел ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


83. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


84. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчамлари ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб турилиши лозим.


85. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, ҳимояловчи ерга улагичлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текширилиб турилиши лозим.


86. Электр аппаратлари ва агрегатларини нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги ташкилот бош энергетиги бошчилигидаги комиссия томонидан камида 6 ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


87. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун жавобгар ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


88. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


89. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва тўр ер билан уланган бўлиши лозим.


90. Ташкилотнинг барча турдаги бино ва иншоотлари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текширилиб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Технологик жараёнларга қўйиладиган

умумий хавфсизлик талаблари


91. Тамаки ишлаб чиқариш технологик жараёнлари ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


92. Ишлаб чиқариш жараёнларининг хавфсизлиги қуйидаги талабларни амалга ошириш орқали таъминланади:

ишлаб чиқариш ускуналарига хизмат кўрсатиш тартибидаги технологик жараёнларни (иш турларини), иш усуллари ва режимларини қўллаш;

ишловчиларга зарарли таъсир кўрсатмайдиган хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни, бутловчи маҳсулотларни қўллаш (ушбу талабни бажаришнинг имкони бўлмаган тақдирда ишлаб чиқариш жараёнининг хавфсизлигини ва ходимларнинг ҳимоясини таъминловчи чоралар кўриш орқали);

шикастланиш ва касб касалликлари манбаи бўлмаган ишлаб чиқариш ускуналарини қўллаш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг тарқалишини чекловчи воситаларни қўллаш;

ишлаб чиқариш ускуналарини тўғри жойлаштириш ва иш жойларини тўғри ташкил этиш;

хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни, тайёр маҳсулотларни ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш ва транспорт воситаларида ташишнинг хавфсиз усулларини қўллаш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг хусусиятига мос келувчи ҳимоялаш воситаларини қўллаш;

иш бажарилаётган пайтдаги хавфли ҳудудларни белгилаш.


93. Ишлаб чиқариш жараёнлари атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларининг тегишли нормативларидан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги шарт.


94. Ишлаб чиқариш технологик жараёнлари соз ускуналарда, соз назорат-ўлчаш асбоблари, ҳимоя тўсиқлари, блокировкалар, ишга туширувчи аппаратлар, технологик асбоб ва ускуналар мавжуд бўлган такдирда амалга оширилиши лозим.


95. Технологик жараён қатъий равишда технологик ҳужжатга мувофиқ олиб борилиши лозим.


96. Технологик жараёнда янги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар қўлланилса, шунингдек хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларига эга бўлган оралиқ моддалар ҳосил бўлса, ходимларга олдиндан ўзини бехатар тутиш қоидалари ҳақида маълум қилиниши ва улар тегишли тартибда ўқитилиши ва ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.


97. Янги хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотларни қўллашга фақат белгиланган тартибда тегишли гигиеник меъёрлар тасдиқлангандан сўнг рухсат этилади.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


98. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


99. Ишлаб чиқаришда синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


100. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналарининг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 24-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир ҳолат учун алоҳида аниқланиши керак.


101. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


102. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


103. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


104. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


105. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.


106. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.



3-§. Тамакини тайёрлашда хавфсизлик талаблари


107. Тамаки баргини қўлда титиш иш жойлари маҳаллий ҳаво сўрғичлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


108. Вакуумли намлаш қурилмаси ва хўллаш цилиндри буғ келувчи қувурда буғ узатишни автоматик равишда беркитувчи жўмрак, эҳтиёт клапани, манометрлар ва термометрлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


109. Тамакини намлаш қурилмалари (кўчмас асосли, туннели, шприцловчи, барабан туридаги) ёпиқ ҳаво сўриш мосламаси билан жиҳозланган бўлиши лозим.


110. Иш ҳудуди ишга туширувчи мосламаларни аниқ кўришни таъминловчи етарли даражада ёритилган бўлиши лозим.


111. Барабан ва барча транспортёрларнинг созлиги текшириб турилиши лозим.


112. Ускунада носозлик аниқланган тақдирда, носозлик бартараф этилмагунча ускунани ишга тушириш тақиқланади.


113. Тамакини намлаш ускунасини ишга тушириш вақтида ўлчаш асбобларининг кўрсатиши, сув ва буғнинг босими ҳамда ҳарорати назорат қилиб турилиши лозим.


114. Буғ тизимлари изоляцияланган ва тўсиқлар билан ҳимояланган бўлиши лозим.


115. Ускуна ишлаётган пайтда йиғиштириш ишларини олиб бориш тақиқланади.


116. Барабаннинг ичидаги йиғиштириш ишлари наряд-рухсатномаси бўйича олиб борилиши лозим.


117. Цилиндрнинг ичига у совигандан сўнг киришга рухсат этилади.


118. Барабанни тозалашни бошлашдан олдин "Ёқилмасин, одамлар ишламоқда!" тақиқловчи хавфсизлик белгисини осиб қўйиш лозим.


119. Цилиндрнинг ичи хўл ва сирпанчиқ бўлгани сабабли йиғиштириш ишларини резина пойабзал кийган ҳолда бажариш лозим.


120. Цилиндрнинг ичига киришдан аввал унинг узатмаси, узатма двигателлари электр таъминоти манбаидан ўчирилган ва қулфлаб қўйилган бўлиши шарт.



4-§. Хом ашё, ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни

сақлаш ва транспорт воситаларида ташиш


121. Омборлар ва юк сақлаш учун майдончалардаги қурилма ва ускуналар уларнинг қурилиши, санитария ва ёнғинга қарши меъёрлар ва қоидалар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


122. Юк ортиш ва тушириш ишлари ҳамда юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ амалга оширилади.


123. Омбор ва юк сақлаш майдончаларида юкларни ортиш-тушириш ва оғир меҳнат категориясига тегишли юкни ҳаракатлантириш жараёни механизациялашган бўлиши лозим.


124. Омбор ёки юк сақлаш учун майдончалар ҳудудига кираверишда ҳаракат йўналиши, юк ортиш-тушириш жойи ва транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи чизма осилган бўлиши керак.


125. Юк ортиш ва тушириш ишлари тамаки тўпларини хавфсиз жойлаш қоидаларини, хавфсизлик техникаси, ёнғин хавфсизлиги ва ишлаб чиқариш санитарияси қоидаларини яхши билувчи ходимнинг раҳбарлиги остида бажарилиши лозим.


126. Тамаки тўпларини жойлаш, ортиш ва тушириш ишларининг бажарилиши учун жавобгар ходим ишлар бошланишидан аввал юк кўтарувчи ва ташувчи механизмлар ҳамда бошқа ортиш ва тушириш жиҳозларининг созлигини текшириши лозим.


127. Ғарамлаш ишлари камида икки киши томонидан бажарилиши лозим.


128. Омборхоналар озода тутилиши лозим.


129. Тамаки тўплари жуда аниқлик билан қулаб кетиши ва силжишининг олдини олган ҳолда ўрнатилиб, маҳкамланиши лозим. Тамаки тўпларини ортиш ва туширишда устунли тагликлардан фойдаланиб ўраб боғлаш қўлланилади.


130. Тамаки тўпларини жойлаштириш, юк ортиш ва тушириш ишлари учун жавобгар ходим мунтазам равишда тамаки ғарамларининг турғунлигини текширади. Ҳар қандай турғунсизлик аниқланган тақдирда, зудлик билан уни бартараф этиш чораларини кўриши лозим.


131. Омборхоналарнинг поли ёғочли ёки асфальтли бўлиши лозим. Агар пол бошқа материаллардан иборат бўлса, тўплар панжарали ёғоч тагликка тахланиши лозим.


132. Тахламнинг кенглиги омборхонанинг кенглиги билан аниқланади. Тахламнинг кенглиги 7 м дан ортмаслиги лозим, тахламлар орасида 0,5 м кенгликда ўтиш йўли, олд томонидан эса 1 м дан 1,5 м гача кенгликда ўтиш йўли қолдирилади. Тахламдан орқа деворгача бўлган масофа 0,5 м дан кам бўлмаслиги шарт.


133. Тахламларнинг устида ишловчи ходимлар тушиб кетишдан ҳимояловчи воситалар билан тўлиқ таъминланган, ҳимоя камари билан тросга маҳкамлаб қўйилган бўлиши лозим. Трос синовдан ўтказилган бўлиши шарт.


134. Юк билан девор, колонна ва хона шипи орасидаги масофа камида 1 м, юк ва ёриткич орасидаги масофа камида 0,5 м бўлиши лозим.


135. Қўлда ортиш чоғида ғарамнинг баландлиги 3 м дан, юк кўтариш механизмлари қўлланилганда эса 6 м дан ортмаслиги лозим.


136. Транспорт воситасига юк ортиш пайтида юкнинг баландлиги йўлнинг ҳаракатланиш қисмида 3,8 м дан, кенглиги эса 2,5 м дан ортмаслиги шарт.


137. Транспорт воситасининг бортларини очиш ва ёпишни фақат икки ходим томонидан бажаришга рухсат этилади.


138. Қутиларни устма-уст тахлашда гидравлик қисқичли авто юклагичдан фойдаланиш лозим.


139. Сигаретли яшиклар транспорт воситасига пастки қатордаги яшиклар деформацияланмайдиган қилиб тахланиши лозим.


140. Хонанинг поли қаттиқ қопламга эга бўлиши ва ер сатҳидан камида 50 см баланд бўлиши лозим. Сигаретли яшиклар полдан камида 10 см баланд ва ҳаво айланиши учун оралиқларга эга бўлган ёғоч тагликларга тахланиши лозим.


141. Сигаретли яшиклар пастки яшикка путур етказмайдиган баландликда тахланиши лозим. Тахланган яшиклардан иссиқлик манбаи ва деворларгача бўлган масофа 1 м дан кам бўлмаслиги лозим.


142. Транспортлаш тамғаси "Намликдан қўрқади", "Қизишдан қўрқади", "Осон ёнувчан" манипуляция белгилари ва маҳсулотнинг хусусиятини белгиловчи белги туширилган ҳолда ГОСТ 14192-77 талабларига мувофиқ бўлиши лозим.



5-§. Фумигациялаш


143. Фумигациялаш махсус ўқитилган, йўриқдан ўтган, малакали ходимлар томонидан ўтказилиши лозим.


144. Сертификатга эга бўлган фосфин ажратиб чиқарувчи препаратлардан фойдаланиш лозим. Фосфиннинг (фосфорли водород) тўғри миқдори тест синови жараёнида аниқланади.


145. Фақат тамакида фойдаланиш учун тасдиқланган фосфиннинг реагентларидан фойдаланиш лозим.


146. Магний фосфиди 5°С ва ундан юқори ҳароратда пластина ёки тасма шаклида ишлатилиши мумкин.


147. Алюминий фосфиди 10°С дан паст ҳароратда қўлланилмаслиги лозим. Ҳавонинг намлиги 15% дан паст бўлмаслиги лозим.


148. Тамакини фумигация қилиш учун фосфин таблеткаларининг юмалоқ доналаридан, шунингдек жойлаш идишининг шикастланган тасмачаларидан фойдаланишга рухсат этилмайди.


149. Фумигация қилиш бошланишидан олдин ишларнинг ўтказилиши учун жавобгар ходимга рухсатнома расмийлаштирилади.


150. Фумигация ўтказилувчи жой одамлар истиқомат қиладиган жойдан ва омборхоналардан узоқда, шунингдек ҳар қандай обод қилинган жойдан камида 100 м масофада жойлашган бўлиши шарт.


151. Нафас олиш органларини ҳимоялаш воситалари фумигациялаш учун жавобгар ходим томонидан иш бошланишидан олдин текширилиши ва бу махсус журналда қайд қилиниши лозим.


152. Фосфин билан ишлаш учун маъқул топилган фильтр туридан фойдаланиш лозим. Ниқоб юзни тўлиқ беркитиши лозим.


153. Противогаздан фосфиннинг миқдори фильтрда кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлмаган ҳолларда фойдаланиш лозим. Бу миқдор фильтрда кўрсатилган миқдордан ортиқ бўлса ёки у номаълум бўлса, автоном нафас олиш аппарати қўлланиши лозим. Кутилмаган ҳодисалар учун ушбу воситаларнинг комплекти доим мавжуд бўлиши лозим.


154. Иш жараёнида енгил ювилувчан ип газламадан тайёрланган махсус кийим, резина ёки полихлорин қўлқоп ва резина ботинка кийилиши лозим.


155. Барча мавжуд фумигантлар ташкилотда қайд этилган бўлиши ва уларнинг ишлатилиши қаттиқ назорат қилиниши лозим.


156. Ташкилотнинг раҳбари барча ходимларни ўтказилган ҳар бир фумигациялаш ҳақида хабардор қилиши лозим.


157. Кутилмаган авария вазиятларда ҳаракат қилиш тартиби ишлаб чиқилган бўлиши лозим.


158. Фумигантларни транспорт воситаларида ташиш хавфли моддаларни ташиш бўйича қоида ва меъёрларга риоя қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.


159. Фосфин ажратиб чиқарувчи моддаларнинг барча захираси ёпиқ ва пломба билан тамғаланган контейнерларда, бошқа омборхоналардан узоқ масофада жойлашган хоналарда ҳамда сақлаш хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинган ҳолда сақланиши лозим. Фумигантларни қуруқ ва яхши ёритилган хоналарда сақлашга рухсат этилади.


160. Фумигантлар сақланадиган ва фумигациялаш ўтказиладиган жойларда огоҳлантирувчи белгилар, сақлаш ва хавфсизлик бўйича эслатмалар осиб қўйилган бўлиши лозим.


161. Фумигантларни озиқ-овқат маҳсулотлари, кимёвий фаол ва осон алангаланиб кетувчи моддаларнинг яқинида сақлаш тақиқланади.


162. Иш пайтида фойдаланилган шахсий ҳимоя воситалари (қўлқоплар, фильтрлар) чиқиндиларни кўмиш қоидаларига мувофиқ утиллаштирилиши лозим.


163. Қўлланилаётган ипли махсус кийим ва пойабзал 24 соат давомида яхшилаб шамоллатилиши лозим.


164. Барча ишлатилган ёрдамчи материаллар ва ускуналар йиғиб олиниши, тозаланиши ва махсус ажратилган жойга қўйилиши лозим.



6-§. Ишлаб чиқариш чиқиндиларини

зарарсизлантириш бўйича талаблар


165. Ташкилотларни чиқиндисиз ва кам чиқиндили технологияларни жорий қилиши, ишлаб чиқариш ва маиший чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини қисқартириши, уларни зарарсизлантиришни, қайта ишлашни амалга ошириши, саралаш, сақлаш, кўмиб ташлаш ва утиллаштиришда белгиланган тартибларга риоя қилиши мажбурийдир.


166. Ташкилотларда мажбурий равишда барча турдаги чиқиндиларнинг инвентаризациясини ўтказиш ташкил этилиши, чиқиндиларнинг ҳар бир турига паспортлар ишлаб чиқилиши ва чиқиндиларнинг инсонларнинг ҳаёти ва атроф-муҳит учун хавфлилик даражаси аниқланиши шарт.


167. Ташкилотда чиқиндилар ташкил этилган жойларда ёпиқ контейнерларда, ёғингарчилик тушмайдиган ҳолда сақланиши лозим.


168. Чиқиндиларнинг хавфли турлари бегона шахсларнинг кириши чекланган жойларда, идентификация белгилари ва ёзувлари билан таъминланган ҳолда сақланиши лозим.


169. Чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларда сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш тақиқланади.


170. Ташкилотда барча турдаги чиқиндилар билан муомала юритиш бўйича йўриқнома ишлаб чиқилган бўлиши лозим. Чиқиндиларни йиғиш, жойлаштириш ва ташишни таъминлаётган ходимлар чиқиндилар билан муомала юритишнинг бехатар усуллари бўйича ўқитилган бўлиши шарт.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Ишлаб чиқариш асбоб-ускуналарига қўйиладиган

хавфсизликнинг умумий талаблари


171. Ишлаб чиқариш ускуналари монтаж қилиш, фойдаланиш ва таъмирлаш пайтида ишларнинг хавфсизлигини таъминлаши, ёнғин ва портлаш хавфидан холи бўлиши, улардан фойдаланиш жараёнида атроф-муҳитни зарарли моддалар билан санитария меъёрларидан ортиқ миқдорда ифлослантирмаслиги ва намлик, қуёш радиацияси, механик тебранишлар, босим ва ҳароратнинг ўзгаришлари натижасида хавф-хатар юзага келтирмаслиги лозим.


172. Ишлаб чиқариш ускуналарининг ҳаракатланувчи қисмлари тўсилган ёки ГОСТ 12.2.062-81 талабларига мувофиқ блокировкалаш, тўхтатиш, хабардор қилиш тизимлари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


173. Ишлаб чиқариш ускуналарининг элементлари (электр ўтказгичлари, ўтказиш қувурлари, кабеллари ва бошқалар) уларнинг шикастланишига имкон бермайдиган ҳолатда тайёрланган бўлиши лозим.


174. Барча назорат мосламалари (термометр, монометр, ҳисоблагич ва бошқалар), шунингдек сигнал берувчи чироқларнинг жойлашуви ишлаб чиқариш ускуналарини ишлатиш ва созлаш пайтида қулай кузатиш имкониятини таъминлаши керак.


175. Катта ўлчамли (габаритли) ишлаб чиқариш ускуналари ва уларнинг қисмларига хизмат кўрсатиш, текшириш, таъмирлаш ва созлаш учун қулай ҳамда ердан 2 м ва ундан баландда жойлашганда тўсиқлари ва зиналари бор майдонлар билан таъминланган бўлиши керак.


176. Ускуналарни бошқариш органларида уларнинг вазифаси кўрсатилган аниқ ёзувлар ёки шартли белгилари бўлиши лозим.


177. Ишлаб чиқариш ускуналари таркибига кирувчи ҳимоя воситалари: ўчириб қўйилган ёки носоз ишлаб чиқариш ускунасининг ишлашини чеклаб қўйиши;

хавф туғилган ёки одам хавфли ҳудудга яқинлашган ҳолатларда ишлаб кетиши;

фақат хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири тугагандан сўнггина ўзининг ҳимоя вазифасини тугатишини таъминлаши;

ҳимоя воситаларининг айрим элементлари ишдан чиққан тақдирда, қўшимча хавф-хатарни юзага келтирмаган ҳолда бошқа ҳимоя воситаларининг ҳимоялаш вазифасини таъминлаши;

хизмат кўрсатиш ва назорат қилиш учун қулай бўлган жойда ўрнатилган бўлиши, айрим ҳолларда уларнинг ишлашини автоматик равишда назорат қилувчи қурилмалар билан таъминланган бўлиши лозим.


178. Ишлаб чиқарувчи ускуналар ўткир учли, қиррали ва бошқа жароҳатлаши мумкин бўлган элементларга, шунингдек тўсилмаган иссиқ ёки жуда ҳам совутилган қисм ва деталларга эга бўлмаслиги лозим.


179. Ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг тузилиши ва жойлашиши монтаж қилиш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлашда қулайлик ва хавфсизликни таъминлаши керак.


180. Ишлаб чиқарувчи ускуналарнинг барча айланувчи ва ҳаракатланувчи қисмлари бутунлай ёки тўр парда билан тўсилган бўлиши керак.


181. Тез-тез текширилиб туриладиган тўсиқлар тез ёки осон ечиладиган бўлиши керак.



2-§. Вакуум камераларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


182. Вакуум камераларининг электр асбоблари ерга уланган бўлиши, шунингдек камераларнинг ишга туширилганлиги тўғрисида огоҳлантирувчи нурланувчан ва товушли сигнализацияга эга бўлиши лозим.


183. Вакуум камеранинг эшигини очаётганда ва ёпаётганда буғдан куйишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Роликли транспортёрни ишга туширишдан аввал камеранинг ичида ва транспортёрнинг устида одамлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш зарур.


184. Ускуналарда буғ, сув ва ҳаво очиб қўйилганда ҳеч қандай таъмирлаш ишлари олиб борилмаслиги лозим.


185. Ишлаётган пайтда шиша резервуардаги сувнинг сатҳи кузатиб турилиши, унинг кўрсатилган чегаралардан чиқиб кетишига йўл қўйилмаслиги лозим.



3-§. Пичоқ билан ишлашда хавфсизлик талаблари


186. Тиғи ёпиладиган хавфсиз пичоқдан фойдаланиш лозим.


187. Пичоқдан фойдаланиб ишлаётган ходимнинг яқинида бошқа ходимлар бўлмаслиги лозим.


188. Пичоқ билан кесиш ходимнинг рўпараси томондаги йўналишда амалга оширилиши лозим. Ходимнинг танаси томон йўналишда кесиш тақиқланади.


189. Пичоқ қўлланмайдиган ишлар бажарилаётган пайтда пичоқ қинига жойланиб, у учун ажратилган жойга қўйилиши лозим.



4-§. Роликли транспортёрда ишлашда хавфсизлик талаблари


190. Транспортланаётган ашёлар транспортёр тасмасидан чиқиб турмаслиги ва тушиб кетмаслиги лозим.


191. Ҳаракатланаётган транспортёрнинг роликларига тегиш, транспортёрга ўтириш, устида юриш, ундан сакраш тақиқланади.


192. Иш жойини ораста тутиш, уни ташилаётган юклар, чиқиндилар билан тўлдириб юбормаслик лозим.



5-§. Фарматурани тозалашда хавфсизлик талаблари


193. Фарматурани фракцияларга ажратиш ускунаси ҳавони узатувчи ва тортувчи вентиляция ва автоматик ўт ўчириш тизими билан жиҳозланган алоҳида хонада жойлаштирилиши лозим.


194. Фарматурадан бўшаган идишлар ўз вақтида хонадан махсус ажратилган жойга олиб кетилиши лозим.


195. Фарматура тозалагичи маҳаллий ҳаво сўрғич билан жиҳозланган бўлиши лозим.



6-§. Тамаки кесувчи дастгоҳларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


196. Дастгоҳни ишга туширишдан аввал ҳимояловчи мосламаларнинг мустаҳкамлиги, блокировка ва хабардор қилувчи тизимларининг созлиги текширилиши лозим.


197. Тамаки кесувчи машиналарни юклаш механизациялаштирилган бўлиши лозим.


198. Қўзғаладиган орқа деворнинг, сепгич ва шибернинг узатмалари тамаки кесувчи машиналарнинг узатмаси билан блокировкаланган ва ғилоф билан ёпилган бўлиши лозим.


199. Гилотин пичоғининг ҳаракатланиш ҳудуди ишга туширувчи қурилма билан блокировкаланган ва ғилоф билан ёпилиши лозим.


200. Машиналар тамаки, абразив ва металл чангларни сўриб олувчи аспирация тизими билан жиҳозланган бўлиши лозим.


201. Блокировка схемаси алоҳида механизмларнинг белгиланган тартибда аввал пичоқли барабан ва абразив доиралар, шундан сўнг пластинасимон транспортёрлар ишга тушишини таъминлаши лозим.


202. Қуйидагилар тақиқланади:

тўсиқларни ечиш;

блокировкалаш тизимини ўчириш;

блокировкалаш тизимини ёқмай туриб таъмирлаш ва деталларни алмаштириш ишларини бажариш;

пичоқ билан ишлаётганда уни ўз гавдаси томонга йўналтириш.



7-§. Сигаретлар, фильтрлар тайёрловчи ва қутичаларни

жойловчи ускуналарга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


203. Сигаретларни ишлаб чиқарувчи ва жойловчи ускуналар резина ёстиқларга ўрнатилиши лозим.


204. Ҳар бир машина авария вазияти юзага келган ҳолларда бутун ишлаб чиқариш линиясини тўхтатиб қўювчи "авариявий тўхтатиш" тугмасига эга бўлиши лозим.


205. Тамакини узатиш ва жойлаш пневматик транспортёр ёки механик юклагич билан бажарилиши лозим.


206. Вакуум камералари, уларни равон кўтариш ва туширишни таъминловчи кўтариш механизми билан жиҳозланган бўлиши лозим.


207. Сигарет стерженлари пичоқли каллакларининг узеллари электр механик блокировка, қулф ва тўсиқ билан жиҳозланган бўлиши, у очиб қўйилган вақтда кесувчи каллакларнинг инерцион ҳаракати тўхтаб туриши лозим.


208. Тез-тез кўздан кечириб туриладиган жойларнинг тўсиқлари тезда ечилувчи (қопқоқлар, шитоклар) ёки осон очилувчи (шарнирли, ошиқ-мошиқли) бўлиши лозим. Тўсиқлар, улар ечиб олинганда ёки очилганда ускунанинг узатмасини автоматик равишда ўчириб қўйиш учун блокировка билан жиҳозланган бўлиши лозим.


209. Ишга туширувчи қурилмалар, бошқариш органлари (тугмалар, дастаклар, педаллар, тутқичлар) "SТОР" авария тугмаси ва хабардор қилувчи рангларга бўялган бўлиши лозим.


210. Тутқичлар ва дастаклар, уларнинг ҳаракатланиб кетишининг олдини олувчи фиксаторлар, шунингдек мос келмайдиган ҳаракатланишига йўл қўймайдиган блокировкалар билан таъминланган бўлиши лозим.


211. Ускуналарни бошқариш тизими ходимлар жароҳатланишининг олдини олиш мақсадида шошилинч тормозланиш ва тўхтатиш воситаларини ҳамда ускуна ишидаги бузилишлардан хабардор қилувчи сигнализация тизимларини ўз ичига олиши лозим.


212. Сигарет машиналарининг дистрибуторлари бегона металл қўшимчаларни тутиб қолиш учун электр магнит билан жиҳозланган бўлиши лозим.


213. Электр иситгич ҳимоя тўсиғи (планка) билан жиҳозланган бўлиши лозим.


214. Фильтр йиғувчи машинанинг ҳимоя тўсиғи машинанинг узатмаси билан блокировкаланган бўлиши лозим.


215. Целлофан билан ўровчи ва жойлаш машиналарининг электр горелкалари машина тўхтагач уларни ўчириб қўювчи электр блокировка билан жиҳозланган бўлиши лозим.



8-§. Автокара ва электрокараларга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


216. Ўн саккиз ёшга тўлган, тегишли дастур бўйича ўқитилган ва ташкилот бўйича буйруқ билан тайинланган ходимлар автокара ва электрокаранинг машинистлари бўлиши мумкин.


217. Электрокаранинг бошқариш дастакларида уларнинг жорий тезликдаги ҳолатини кўрсатувчи фиксаторлар бўлиши лозим.


218. Электр ва автокаралар тез ишловчи тормозлар, товушли сигналлар, ёритиш асбоблари ва улардан бегона шахслар фойдаланишига имконият бермайдиган қулфлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


219. Ташилаётган юк ўзи юрар аравачанинг юк платформасига мос бўлиши лозим.


220. Электр ва автокаралардан фойдаланиш ва уларни таъмирлаш ташкилот бош муҳандиси томонидан тасдиқланган йўриқномаларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


221. Автокаралардан ҳаво алмаштириш қурилмаларига эга бўлмаган цехларда фойдаланиш тақиқланади.


222. Электр ва автокараларнинг кўриниб турадиган жойида унинг номери ва у кўтара оладиган юкнинг вазни кўрсатилган бўлиши шарт.


223. Махсус жиҳозланмаган электрокараларда одамларни олиб юриш тақиқланади.


224. Ташкилот ҳудудида транспорт воситаларининг ҳаракатланиш тезлиги 5 км/соат дан ортмаслиги шарт.



9-§. Конвейерларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


225. Конвейерлар ўтиш жойлари ва ускуналар устида жойлашган тақдирда уларнинг пастки қисми сочилиб кетган материалнинг тушиб кетишининг олдини олувчи яхлит тўсиқ билан тўсилган бўлиши лозим.


226. Конвейердаги занжирли, тасмали ва тишли узатгичлар, бирлаштирувчи муфталар, узатма механизмларининг барабанлари, таранг тортиб турувчи қурилмаларнинг трослари ва юкларининг элементлари ҳимоя тўсиқлари билан тўсилган бўлиши шарт.


227. Тўсиқнинг конструкцияси уни ечиб олмасдан туриб қисмларини мойлаш ва подшипниклари қизиганлигини текшириб туриш имконини бериши лозим.


228. Тасманинг тасмали конвейер барабани билан туташув жойи конвейернинг ускунаси бўйлаб ён томонидан камида 1 м ҳамда барабан радиусининг йиғиндисига тенг бўлган масофада тўсилган бўлиши лозим.


229. Конвейернинг тасмаси ҳаракатланаётган пайтида ён томонга силжимаслиги ва барабан ҳамда таянч роликларининг чеккасидан чиқиб кетмаслиги лозим.


230. Тасмали конвейерлар тасма ёки тарангловчи қурилмалар узилиб кетган, шунингдек бўшатувчи воронка тарновлари тўлиб тиқилиб қолган тақдирда конвейернинг узатмасини тўхтатиб қўювчи қурилмалар билан жиҳозланиши лозим.


231. Кўчмас конвейерлар, уларнинг узунлигидан қатъи назар, авария вазиятларида уларнинг узунаси бўйлаб исталган жойдан туриб конвейернинг узатмасини тўхтатиш имконини берувчи қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


232. 6° дан ортиқ қияликка эга бўлган тасмали ва пластинли конвейерлар, улар тўхтаганда юк ортилган тасманинг тескари томонга қараб ҳаракатланишига йўл қўймайдиган стопор қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


233. Тасмали конвейерлар тасма ва барабанни ёпишиб қолган материалдан механик равишда тозаловчи мосламага эга бўлиши лозим.


234. Конвейерларни таъминловчи электр кабеллари фойдаланишга қулай ва ўтиш жойларини тўсиб қўймайдиган қилиб жойлаштирилган бўлиши лозим.


235. Металл парчаларини олиб ташлаш учун конвейерда магнитли металл ажратгичлар ўрнатилган бўлиши лозим.


236. Тасмали конвейерлар остидан тўкилган материални йиғиштириб олиш механизациялаштирилган бўлиши лозим. Материалларни қўлда йиғиштириб олишга фақат конвейер тўхтатиб қўйилгандагина рухсат этилади.


237. Конвейерни ишга туширишдан олдин камида 5 секунд давомида конвейернинг бутун узунлиги бўйича эшитилувчи огоҳлантирувчи товушли сигнал берилиши шарт.


238. Конвейерларнинг устидан ўтиш учун галереяларда ҳар 100 м дан, ишлаб чиқариш хоналарида ҳар 30 - 60 м дан сўнг қўзғалмайдиган кўприкчалар ўрнатилган бўлиши лозим. Ўтиш кўприкчалари яхлит тўшамали, ёритилган ва уларнинг баландлиги камида 1,8 м бўлиши лозим.


239. Конвейер ишлаётган пайтда унинг ҳар қандай қисмини қўлда таъмирлаш ва тозалаш, шунингдек тасмасининг устига чиқиш тақиқланади.


240. Тасманинг кенглиги 0,8 м дан ортиқ бўлса конвейернинг узатма ва тарангловчи қурилмаларининг устида таъмирлаш ишларини бажариш учун юк кўтарувчи воситалар назарда тутилган бўлиши лозим.



V. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


241. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, уларнинг паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши лозим.


242. Ускуналарни зарур техник ҳолатда тутиб туриш учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-олдини олувчи таъмирлашнинг қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.


243. Асосий ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Ишларни ташкил этиш лойиҳаларида таъмирлашни ўтказишга жавобгар шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларининг тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўрсатилиши лозим.


244. Ишлаётган цехларда пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилувчи таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.


245. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши лозим.


246. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ҳолатда бўлиши ва у ерда хавфсизлик плакати ва белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


247. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал, таъмирлашда банд бўлган барча ходимлар ишларни ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилиши лозим.


248. Таъмирлашда банд бўлган барча ходимлар белгиланган меъёрлар бўйича махсус кийим, пойабзал ва сақловчи мосламалар билан таъминланиши лозим.


249. Оғир юкларни жойидан кўчириш ишлари юк ортиш ва тушириш ишлари учун жавобгар шахсларнинг рухсати билан бажарилиши керак.


250. Носоз юк кўтарувчи механизм ва мосламаларда, шунингдек шаҳодатланган муддати тугаган механизмларда ишлаш тақиқланади.


251. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


252. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


253 Таъмирлаш ишлари баландликда бажарилаётганда ҳавоза ва тахта тўшамаларнинг ўрнатилиши амалдаги қоидаларнинг талабига жавоб бериши лозим.


254. Ҳавоза ва тўшамаларида ишлаш учун эҳтиёт камарлари ва арқонларидан фойдаланишлари шарт. Эҳтиёт камарлари арқонининг маҳкамланиш жойи конструкцияларда аввалдан белгилаб қўйилган бўлиши лозим.


255. Таъмирлаш ишлари бажарилаётган ҳудуддаги электр ўтказгичлари ёки ускуналарнинг кучланиш остида бўлган очиқ қисмлари олдиндан электр токидан ўчириб қўйилган ёки махсус изоляцияловчи воситалар билан ишончли ҳимояланган бўлиши лозим.


256. Ходимларнинг қизиган ускунанинг ичига кирган ҳолда таъмирлаш ишларининг олиб борилишига ускунани шамоллатиб, ичидаги газлар бутунлай чиқариб юборилгандан ва ҳавонинг ҳарорати кўпи билан 40°С гача пасайтирилгандан сўнг рухсат этилади.


257. Барча таъмирлаш ишлари цех, ташкилот раҳбари томонидан тайинланган шахсларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


258. Материалларни ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва улар тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши лозим.


259. Таъмирлаш олиб борилаётган жой ва барча ўтиш жойлари белгиланган меъёрларга мувофиқ ёритилиши лозим.


260. Таъмирлаш тугагач, барча кераксиз конструкциялар, ускуналар, материаллар, асбоблар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар, блокировкалар ўз жойига ўрнатилиши лозим.



VI. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


261. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


262. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


263. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компанияси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ёғ-мой ва озиқ-овқат саноати" уюшмаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 49-сон, 462-модда.






































Время: 0.2388
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск