ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Тураржой ва нотурар жойлар. Коммунал хўжалик / Тураржой ва нотурар жойларнинг олди-сотдиси, ижараси, алмаштирилиши ва улар билан боғлиқ бошқа битимлар. Риэлторлик фаолияти /

Ўзбекистон Республикасининг 22.12.2010 й. ЎРҚ-269-сон "Риэлторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 23.11.2010 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 03.12.2010 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

22.12.2010 й.

N ЎРҚ-269



РИЭЛТОРЛИК ФАОЛИЯТИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2010 йил 23 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2010 йил 3 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади риэлторлик фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик

Риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Риэлторлик фаолияти

Риэлторлик фаолияти юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатиш бўйича тадбиркорлик фаолиятидир.


4-модда. Риэлторлик ташкилоти

Риэлторлик ташкилоти риэлторлик фаолиятини ушбу Қонунда белгиланган тартибда амалга оширадиган тижорат ташкилотидир.

Риэлторлик ташкилоти қонунчиликда назарда тутилган ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилиши ва ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Риэлторлик ташкилоти штатида риэлторнинг малака сертификатига (бундан буён матнда малака сертификати деб юритилади) эга бўлган камида икки нафар ходим, шу жумладан, риэлторлик ташкилотининг раҳбари бўлиши керак.

Риэлторлик ташкилоти риэлторлик фаолиятидан ташқари бошқа фаолият турларини амалга ошириш ҳуқуқига эга эмас.

Риэлторлик ташкилоти давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан ташкил этилиши мумкин эмас.

Риэлторлик ташкилоти ўз фаолиятини ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полиси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширади.


5-модда. Риэлтор

Риэлтор якка тартибдаги тадбиркор мақомига, малака сертификатига эга бўлган ва риэлторлик фаолиятини ушбу Қонунда белгиланган тартибда амалга оширадиган шахсдир.

Риэлтор кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғида воситачилик хизматлари кўрсатиши мумкин.

Риэлтор ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полисига эга бўлиши керак.


5-1-модда. Риэлторлик фаолияти соҳасидаги

профессионал жамоат бирлашмалари

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари камида элликта риэлторлик ташкилотининг ва риэлторнинг аъзолигига асосланган, риэлторларнинг профессионал даражасини оширишга ва сақлаб туришга кўмаклашиш, уларнинг профессионал манфаатларини ҳимоя қилиш, шу жумладан судларда ҳимоя қилиш мақсадида фаолият юритувчи нодавлат нотижорат ташкилотидир.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари:

риэлторнинг малака имтиҳони учун тест саволларини ишлаб чиқишда ва малака имтиҳонини ўтказишда иштирок этади;

Риэлторларнинг профессионал хулқ-атвори кодексини тасдиқлайди ҳамда унга риоя этилишининг тизимли равишда мониторинг қилинишини таъминлайди;

риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди;

риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларни белгиланган тартибда аъзоликка қабул қилади;

ўз аъзоларининг реестрини юритади ва уни ўз расмий веб-сайтига жойлаштиради;

ўз аъзолари томонидан ушбу Қонун талабларига, риэлторлик хизматларининг миллий стандартларига, Риэлторларнинг профессионал хулқ-атвори кодексига, риэлторлик фаолияти соҳасидаги бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этишилиши устидан назоратни амалга оширади;

назорат натижасида аниқланган қоидабузарликлар учун риэлторлик ташкилотларини ва риэлторларни аъзоликдан чиқаради, ваколатли органга қоидабузарликка йўл қўйган риэлторлар малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида тақдимнома киритади;

ўз аъзоларининг ахборот-услубий таъминотини ташкил этади;

риэлторлик фаолияти соҳасидаги халқаро ташкилотларнинг ҳамда ваколатли давлат органи комиссияларининг ишида иштирок этади;

риэлторлар малакасини ошириш тизими мониторингини таъминлайди ҳамда риэлторларга таълим берувчи ўқув марказларида риэлторларнинг малака ошириш курсларидан ўтганлиги ҳақидаги ахборотни йил якунлари бўйича 20 январга қадар ваколатли органга тақдим этади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари томонидан ўз ваколатлари доирасида қабул қилинадиган қарорлар уларнинг барча аъзолари томонидан бажарилиши мажбурийдир.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари кириш ва аъзолик бадаллари ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади. Бунда бадалларнинг ва тўлов тарифларининг миқдорлари улар аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмасининг раҳбарлари ва ходимлари риэлторлик ташкилотининг таъсисчилари бўлишга, риэлторлик ташкилотида ишлашга ёки риэлтор сифатида иш юритишга, риэлторлик ташкилоти билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар тузишга, шунингдек раҳбарларга, риэлторларга ёки риэлторлик ташкилотларининг бошқа ходимларига нисбатан аффилланган шахс бўлишга ҳақли эмас.



5-2-модда. Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал

жамоат бирлашмаларининг бошқарув органлари

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаси аъзоларининг умумий йиғилиши ушбу жамоат бирлашмасининг юқори органидир ва ушбу йиғилиш камида беш йилда бир марта чақирилади.

Ижро этувчи орган риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмасининг юқори органи томонидан унинг аъзолари орасидан сайланади ва жамоат бирлашмасининг фаолиятига жорий раҳбарликни амалга оширади.



6-модда. Риэлторлик фаолияти соҳасидаги

ваколатли давлат органи

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи:

риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари билан биргаликда малака имтиҳонини ўтказади;

малака сертификатини бериш, унинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилишни амалга оширади;

риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларининг малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги тақдимномаларини кўриб чиқади;

риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмалари билан биргаликда риэлторлар учун малака оширишнинг ягона дастурини тасдиқлайди ва унинг бажарилишини назорат қилади;

жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига риоя этилиши учун масъул бўлган риэлторлик ташкилотлари ходимларининг рўйхатини шакллантиради;

риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларининг реестрини юритади.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш

Малака сертификатининг амал қилишини тугатиш учун қуйидагилар асос бўлади:

малака сертификатига эга бўлган шахснинг аризаси;

риэлтор томонидан риэлторлик хизматлари кўрсатиш давомида олинган маълумотлар буюртмачининг ёзма рухсатисиз учинчи шахсларга тақдим этилганлиги;

риэлторлик фаолиятини амалга оширишда бир йил ичида икки мартадан кўп қонунчиликни бузиш содир этилганлиги;

малака сертификатини риэлторлик фаолиятида фойдаланиш мақсадида бошқа жисмоний шахсга берилганлиги фактининг аниқланганлиги;

муайян мансабни эгаллаш ёки хўжалик соҳасида муайян фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тарзидаги жазони назарда тутувчи суд ҳукмининг қонуний кучга кирганлиги;

фуқарони белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги суд қарорининг қонуний кучга кирганлиги.

Малака сертификатининг амал қилиши уни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган санадан эътиборан тугатилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи - бешинчи хатбошиларида назарда тутилган асослар бўйича малака сертификатининг амал қилиши тугатилган шахс малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органига малака сертификати олиш учун ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органининг малака сертификатининг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


8-модда. Малака сертификатини бекор қилиш

Малака сертификатини бекор қилиш учун қуйидагилар асос бўлади:

риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органининг малака сертификатини бериш тўғрисидаги қарорининг ноқонунийлиги аниқланганлиги;

малака сертификатининг сохта ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда олинганлиги факти аниқланганлиги.

Малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор малака сертификати берилган санадан эътиборан амал қилади.

Ушбу модда биринчи қисмининг учинчи хатбошисида назарда тутилган асос бўйича малака сертификати бекор қилинган шахс малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч йил ичида риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органига малака сертификати олиш учун ариза билан мурожаат қилишга ҳақли эмас.

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органининг малака сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги қарори устидан қонунчиликда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.


2-БОБ. РИЭЛТОРЛИК ХИЗМАТЛАРИНИНГ

ТУРЛАРИ ВА УЛАРНИ КЎРСАТИШ ТАРТИБИ

9-модда. Риэлторлик хизматларининг турлари

Риэлторлик фаолияти қуйидаги турлардаги риэлторлик хизматларини кўрсатиш орқали амалга оширилади:

кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик;

кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш;

кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш;

кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари.


10-модда. Кўчмас мулк объектларига ва уларга

бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш

чоғидаги воситачилик

Кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик (кўчмас мулкнинг олди-сотдиси, ижараси, гарови, айирбошланиши, ҳадя этилиши, рентаси, кўчмас мулкдан текин фойдаланилиши ва умрбод таъминлаш шарти билан уй-жойни (квартирани) бошқа шахсга бериш билан боғлиқ ҳаракатлар) қонунчиликда белгиланган тартибда буюртмачи билан тузилган риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси асосида риэлторлик ташкилоти томонидан амалга оширилади. Бунда риэлторлик ташкилоти мазкур битимларнинг бевосита тарафи бўлиши мумкин эмас.

Кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузиш чоғидаги воситачилик буюртмачини ушбу Қонуннинг 18-моддасига мувофиқ ахборот билан таъминлашни ўз ичига олади.


11-модда. Кўчмас мулк объектларининг ва уларга

бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш

Кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш қонунчиликда белгиланган тартибда буюртмачи билан тузилган риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси асосида риэлторлик ташкилоти томонидан амалга оширилади.

Кўчмас мулк объектларининг ва уларга бўлган ҳуқуқларнинг савдосини ташкил этиш савдони ўтказиш тўғрисидаги ва унинг якунлари ҳақидаги хабарномаларни тайёрлаш ҳамда эълон қилишни, савдога қўйилаётган кўчмас мулк объектларини реклама қилишни, савдода иштирок этиш учун буюртманомаларни қабул қилиш ва ҳисобга олишни, закалат тўғрисида келишувлар тузишни, савдони ўтказишни, ўтказилган савдо якунларига доир баённомани расмийлаштиришни, сотувчилар ва сотиб олувчилар ўртасидаги ҳисоб-китоб учун шарт-шароитлар яратишни ҳамда қонунчиликда белгиланган бошқа хизматларни ўз ичига олади.


12-модда. Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш

Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича фаолият - риэлторлик ташкилотига қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш шартномаси асосида берилган кўчмас мулк объектларини риэлторлик ташкилоти томонидан ўз номидан ҳақ эвазига муайян муддат давомида бошқарув муассисининг ёки у кўрсатган шахснинг (фойда олувчининг) манфаатларини кўзлаб бошқаришнинг амалга оширилишидир. Кўчмас мулк объектларини ишончли бошқариш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби қонунчиликда белгиланади.


13-модда. Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари

Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари қонунчиликда белгиланган тартибда буюртмачи билан тузилган риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси асосида риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор томонидан кўрсатилади.

Кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматлари буюртмачини кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги, кўчмас мулк бозори ва унинг иштирокчилари ҳолатини таҳлил этиш ҳамда прогноз қилиш ҳақидаги, мазкур бозорнинг конъюнктураси, кўчмас мулк бозори соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисидаги ахборот билан таъминлашни, шунингдек кўчмас мулк объектлари рекламасининг тарқатилишини ташкил этишни, битим тарафларини танлаш бўйича тавсияларни ўз ичига олади.


3-БОБ. РИЭЛТОРЛИК ТАШКИЛОТЛАРИ,

РИЭЛТОРЛАР ҲАМДА БУЮРТМАЧИЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

14-модда. Риэлторлик ташкилоти ва риэлторнинг ҳуқуқлари

Риэлторлик ташкилоти ва риэлтор қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколати доирасида риэлторлик хизматлари кўрсатиш;

ўз риэлторлик хизматларини ва буюртмачининг кўчмас мулк объектларини реклама қилиш;

риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси шартлари буюртмачи томонидан бажарилмаган тақдирда шартноманинг бекор қилинишини талаб этиш;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлардан риэлторлик фаолиятини амалга ошириш учун зарур ахборотни белгиланган тартибда олиш.

Риэлторлик ташкилоти ва риэлтор қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


15-модда. Риэлторлик ташкилоти

ва риэлторнинг мажбуриятлари

Риэлторлик ташкилоти ва риэлтор:

буюртмачининг талабига биноан малака сертификатини кўрсатиши;

ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши;

буюртмачига риэлторлик хизматларини фақат риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси асосида кўрсатиши;

риэлторлик хизматлари кўрсатиш чоғида буюртмачининг манфаатларини ифодалаши;

риэлторлик хизматлари кўрсатиш давомида олинган маҳфий ахборотни ошкор этмаслиги, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно;

буюртмачидан олинган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши;

буюртмачига кўчмас мулк объектига, унга бўлган ҳуқуқларга тааллуқли ишончли ва тўлиқ ахборотни, шунингдек кўчмас мулк объектининг мулкдори (ҳуқуқ эгаси) ҳақидаги ушбу Қонунда назарда тутилган ахборотни тақдим этиши;

буюртмачини кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган ахборот билан таъминлаши;

буюртмачининг ёзма мурожаатларига ёзма шаклда жавоб бериши;

бажарилган риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномалари бўйича архив материалларини шакллантириши ва уларни қонунчиликда назарда тутилган муддат мобайнида сақлаши шарт.

риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо бўлиши.

Риэлторлик ташкилоти ва риэлторнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


16-модда. Буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Буюртмачи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

риэлторлик ташкилоти ёки риэлтордан малака сертификати кўрсатилишини талаб қилиш;

риэлторлик ташкилоти ёки риэлтордан риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси бажарилишининг бориши ҳақида ахборот олиш;

риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси шартлари риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор томонидан бажарилмаган тақдирда шартноманинг бекор қилинишини талаб этиш;

риэлторлик ташкилоти ёки риэлторнинг айби билан риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасининг бекор қилиниши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зиённинг компенсация қилинишини талаб қилиш;

кўчмас мулк объектларига ва уларга бўлган ҳуқуқларга доир тузилиши мўлжалланаётган битимнинг хусусияти ҳамда ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида риэлторлик ташкилоти ёки риэлтордан ёзма шаклда ахборот олиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда риэлторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органига, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга, риэлторлик ташкилотлари ва риэлторларнинг бирлашмаларига, шунингдек судга мурожаат қилиш.

Буюртмачи:

риэлторлик ташкилоти ёки риэлторнинг риэлторлик хизматлари ҳақини тузилган риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси шартларига мувофиқ ўз вақтида тўлаши;

битим предмети бўлган кўчмас мулк объекти, унга бўлган ҳуқуқлар ҳақидаги, ўзи ва бошқа ҳуқуқ эгалари тўғрисидаги ишончли ҳамда тўлиқ маълумотлар ва ҳужжатларни риэлторлик ташкилотига ёки риэлторга тақдим этиши шарт.

Буюртмачи қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.


4-БОБ. РИЭЛТОРЛИК ФАОЛИЯТИНИ

АХБОРОТ БИЛАН ТАЪМИНЛАШ

17-модда. Риэлторлик ташкилотига ва риэлторга

ахборот тақдим этиш шартлари

Риэлторлик ташкилоти ёки риэлтордан буюртмачи билан тузилган риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасининг кўчирма нусхаси илова қилинган ҳолда ёзма сўров олинган тақдирда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу Қонуннинг 18-моддасида кўрсатилган ахборотни белгиланган тартибда тақдим этади.


18-модда. Риэлторлик ташкилотига ва риэлторга

тақдим этиладиган ахборот

Риэлторлик ташкилотига қуйидаги органлар ва ташкилотлар томонидан ахборот тақдим этилади:

юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан - юридик шахсларнинг давлат реестрига киритилган маълумотлар ҳажмида;

кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни ва у ҳақда тузилган битимларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар томонидан - кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ва кўчмас мулк ҳақидаги очиқ фойдаланиш мумкин бўлган бошқа маълумотлар базаларига киритилган маълумотлар ҳажмида;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан - битим предмети бўлган кўчмас мулк объекти бўйича солиқларни тўлаш юзасидан қарз мавжуд эмаслиги ҳақида;

ички ишлар органлари томонидан - битим предмети бўлган кўчмас мулк объекти манзили бўйича фуқаролар қайд этилганлиги ҳақида;

нотариал идоралар томонидан - битим предмети бўлган кўчмас мулк объектини бошқа шахсга ўтказишнинг тақиқланмаганлиги ва мазкур кўчмас мулк объектининг хатланмаганлиги тўғрисида;

коммунал хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар томонидан - битим предмети бўлган кўчмас мулк объекти бўйича кўрсатилган хизматлар учун ҳақ тўлаш юзасидан қарз мавжуд эмаслиги ҳақида;

уй-жой мулкдорлари ширкатлари, бошқарувчи ташкилотлар ёки бошқарувчилар томонидан - битим предмети бўлган кўчмас мулк объекти бўйича умумий мол-мулкни сақлаш учун мажбурий бадалларни тўлаш юзасидан қарз мавжуд эмаслиги ҳақида;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари, соғлиқни сақлаш муассасалари ва халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш туман (шаҳар) бўлимлари томонидан - фуқароларнинг айрим тоифаларига мансуб шахснинг (вояга етмаганлар ва белгиланган тартибда муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган бошқа шахслар, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсионерлар ва бошқаларнинг) муомала лаёқатини аниқлаш учун зарур бўлган маълумотлар ҳажмида;

фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари томонидан - битим предмети бўлган кўчмас мулк объектига нисбатан ҳуқуққа эга бўлган шахслар томонидан никоҳнинг тузилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида ёхуд уларнинг туғилганлиги ёки ўлими тўғрисида далолатнома ёзувининг мавжудлиги ёхуд мавжуд эмаслиги ҳақида.

Риэлторга фақат ушбу модда биринчи қисмининг иккинчи ва учинчи хатбошиларида назарда тутилган ахборот тақдим этилади.

Риэлторлик ташкилотига ва риэлторга қонунчиликка мувофиқ бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ҳам ахборот тақдим этилиши мумкин.


19-модда. Мансабдор шахснинг ахборот тақдим

этишни рад этганлиги устидан шикоят қилиш

Давлат органи ва бошқа ташкилотлар мансабдор шахсининг ушбу Қонуннинг 17 ва 18-моддаларига мувофиқ сўралаётган ахборотни риэлторлик ташкилотига ва риэлторга тақдим этишни рад этганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд судга бевосита шикоят қилиниши мумкин.


5-БОБ. РИЭЛТОРЛИК ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШ ШАРТНОМАСИ

20-модда. Риэлторлик хизматлари кўрсатиш

шартномасига тааллуқли мажбурий талаблар

Риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор томонидан буюртмачи билан ёзма шаклда тузилади.

Риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

риэлторлик хизматларининг мазмуни;

риэлторлик хизматлари кўрсатиш муддатлари;

кўрсатилган риэлторлик хизматларига тўланадиган ҳақнинг миқдори, шартлари ва муддатлари;

риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор ҳамда буюртмачининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

тарафларнинг шартнома мажбуриятларини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги ҳамда учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузганлиги учун жавобгарлиги;

шартномани бекор қилиш тартиби ва шартлари;

шартнома бўйича мажбуриятлар бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда маблағларни қайтариш тартиби;

риэлторнинг малака сертификати мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар;

риэлторлик ташкилотида ёки риэлторда ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полисининг мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасига қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар ҳам киритилиши мумкин.


21-модда. Риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасининг

бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар

Риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномаси бажарилганлигини тасдиқловчи риэлторлик ташкилотининг раҳбари ёки риэлтор ва буюртмачи томонидан имзоланадиган далолатнома (ҳужжат) тузади. Бунда риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор кўрсатилган риэлторлик хизматларига бевосита тааллуқли бўлган барча ҳужжатларни буюртмачига топширади.



22-модда. Бир нечта буюртмачига

риэлторлик хизматлари кўрсатиш

Риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор айни бир кўчмас мулк объекти ва унга бўлган ҳуқуқлар бўйича бир вақтнинг ўзида бир нечта буюртмачига риэлторлик хизматларини кўрсатишга ҳақли. Бунда риэлторлик хизматларини кўрсатиш шартлари барча буюртмачилар учун бир хил бўлиши керак.

Риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор барча буюртмачиларга кўчмас мулк объекти ва учинчи шахсларнинг унга бўлган ҳуқуқлари ҳақидаги маълумотларни маълум қилиши шарт.



23-модда. Учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор ва буюртмачи битим предмети бўлган кўчмас мулк объектига нисбатан ҳуқуққа эга бўлган шахсларнинг розилигисиз риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасини тузишга ҳақли эмас.

Агар риэлторлик хизматлари кўрсатиш шартномасини бажариш давомида ёки натижасида учинчи шахсларга мулкий ва (ёки) маънавий зиён етказилган бўлса, риэлторлик ташкилоти ёки риэлтор ва буюртмачи қонунчиликда белгиланган тартибда уларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ҳамда маънавий зиён учун компенсация тўлайди.

Битим предмети бўлган кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқлари бузилган шахслар, шу жумладан, вояга етмаганларнинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилувчи қонуний вакиллари судга мурожаат этишга ҳақли.


6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

24-модда. Риэлторлик ташкилотлари

ва риэлторларнинг бирлашмалари

Риэлторлик фаолияти соҳасидаги профессионал жамоат бирлашмаларининг аъзоси бўлган риэлторлик ташкилотлари ва риэлторлар умумий манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мақсадида бошқа риэлторларнинг бирлашмаларини қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этиш ҳуқуқига эга.


25-модда. Низоларни ҳал этиш

Риэлторлик фаолияти соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


26-модда. Риэлторлик фаолияти тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Риэлторлик фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


27-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                   И. Каримов



"Халқ сўзи", 2010 йил 23 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 51-сон, 480-модда.














































Время: 0.1946
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск