ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Давлат нотариал идоралари ва нотариал архивлар фаолиятини молиялаштириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 22.12.2010 й. 2168-сон билан рўйхатга олинган 22.12.2010 й. Адлия вазирлиги 19-сон, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги 201-сон, Молия вазирлигининг 106-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 22 декабрда 2168-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги,

Меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирлиги

ҳамда Молия вазирлигининг

2010 йил 22 декабрдаги

19, 201, 106-сон қарорига

ИЛОВА


Давлат нотариал идоралари ва идоравий нотариал

архивлар фаолиятини молиялаштириш

тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом давлат нотариал идоралари (бундан кейинги ўринларда нотариал идора деб юритилади) ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар (бундан кейинги ўринларда нотариал архивлар деб юритилади) фаолиятини молиялаштириш ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Нотариал идоралар ва нотариал архивлар фаолиятини молиялаштириш манбалари бўлиб:

нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божи суммасидан 16 фоиз миқдоридаги ажратмалар;

нотариал идоралар томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар (хизматлар) кўрсатилганлиги учун тушумлар;

герб йиғимидан тушадиган маблағларнинг 50 фоизи;

бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобланади.

2. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божлари суммасининг ҳудудий адлия органларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига тушадиган 10 фоизи миқдоридаги маблағларининг бир қисмини (бундан кейинги ўринларда жамланган маблағлар деб юритилади) нотариал идоралар ва нотариал архивлар фаолиятини такомиллаштириш тадбирларини молиялаштиришга, шунингдек айрим минтақаларнинг нотариал идоралари ва нотариал архивларини сақлаш учун ўз маблағларининг етишмаган қисмини қоплашга мақсадли йўналтирган ҳолда жамлаш ҳуқуқига эга.

Жамланган маблағларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг алоҳида буйруқлари билан аниқланади ва мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган харажатларни молиялаштириш эҳтиёжидан ошиб кетмаслиги лозим.


3. Нотариал идоралар ва нотариал архивларнинг фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган даромадлар ва харажатлар тушумининг ҳисоби тегишли ҳудудий адлия органлари томонидан амалга оширилади.



II. НОТАРИАЛ ИДОРАЛАР ВА НОТАРИАЛ

АРХИВЛАРНИ САҚЛАШ УЧУН ДАРОМАДЛАР

ВА ХАРАЖАТЛАР СМЕТАСИНИ ТУЗИШ,

ТАСДИҚЛАШ ВА РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ ТАРТИБИ


4. Қуйидагилар тузилади, тасдиқланади ва рўйхатдан ўтказилади:

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича алоҳида даромадлар ва харажатлар сметалари (бундан кейинги ўринларда ҳудудий сметалар деб юритилади) - нотариал идоралар ва нотариал архивларни сақлаш учун смета;

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппарати даромадлари ва харажатлари сметаси (бундан кейинги ўринларда марказий аппарат сметаси деб юритилади) - нотариал идоралар ва нотариал архивлар фаолиятини такомиллаштириш тадбирларини молиялаштириш, шунингдек нотариал идоралар ва нотариал архивлар таъминоти учун айрим минтақалар маблағларининг етишмаган қисмини қоплаш учун смета;

даромадлар ва харажатларнинг жамлама сметаси - ҳудудий сметалар ва марказий аппарат сметасини ўз ичига олувчи смета.


5. Режалаштирилаётган йил учун даромадлар ҳажмини аниқлашда режалаштирилаётган йил бошига маблағлар қолдиғи ва охирги икки йилдаги тушумларнинг динамикасидан келиб чиққан ҳолда тушиши кутилаётган тушумларнинг ҳажми ҳисобга олинади.

Сметанинг даромад қисми:

ҳудудий сметалар бўйича - нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божи суммасидан 10 фоиз миқдоридаги ажратмалар, бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар, нотариал идоралар томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатлар (хизматлар) кўрсатилганлиги учун тушумлар ҳисобига;

марказий аппарат сметаси бўйича - нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божлари суммасининг ҳудудий адлия органларининг шахсий ғазна ҳисобварақларига тушадиган 10 фоизи миқдоридаги маблағларининг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида жамланадиган маблағлар қисми, шунингдек герб йиғимидан тушадиган маблағларнинг 50 фоизи ҳамда бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасидан ажратиладиган маблағлар ҳисобига шакллантирилади.

Бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг маблағлари мазкур Низомнинг 1-банди иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида кўрсатилган манбалар бўйича тушадиган маблағлар етишмагандагина Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан ҳар йили тасдиқланадиган Нотариал идоралар ва нотариал архивларни ривожлантириш дастурини (бундан кейинги ўринларда Дастур деб юритилади) амалга оширишга ажратилади.

6. Ҳар бир сметанинг харажат қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари таснифига мувофиқ моддалар бўйича харажатларнинг тўлиқ изоҳи ва улар юзасидан ҳисоб-китоблар ва тасдиқланган штат жадвали илова қилинган ҳолда харажатлар гуруҳлари бўйича тузилади.

Штат жадваллари:

қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланган нотариал идоралар нотариуслари ва бошқа ходимлари лавозимлари сони доирасида ҳар бир нотариал идора кесимида;

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан тасдиқланадиган нотариал архивлар ходимлари сони доирасида ҳар бир нотариал архив кесимида тасдиқланади.

7. Ҳудудий адлия органлари раҳбарлари тасдиқланган нотариал идоралар нотариуслари ва нотариал идоралар ва нотариал архивларнинг бошқа ходимлари лавозимлари сони доирасида штат жадвалларини тасдиқлайди, шунингдек ҳудудий сметаларни тузади ва имзолайди ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳудудий сметалар ва марказий аппарат сметасини, шунингдек даромадлар ва харажатларнинг жамлама сметасини тасдиқлайди ҳамда уларни бюджет сметалари харажатлари учун белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этади.

8. Ҳудудий адлия органлари ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий аппаратининг шахсий ғазна ҳисобварақларига келиб тушадиган тушумлар ҳажмидан келиб чиқиб, ҳудудий сметаларга, марказий аппарат сметасига ҳамда даромадлар ва харажатларнинг жамлама сметасига Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказган ҳолда ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


III. МАБЛАҒЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ ЙЎНАЛИШЛАРИ


9. Мазкур Низомнинг 1-бандида назарда тутилган маблағлар нотариал идоралар ва нотариал архивларнинг жорий сақлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги 156-сон "Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида"ги қарорида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича харажатларни молиялаштиришга йўналтирилади.

10. Қуйидагилар:

а) мазкур Низомнинг 1-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган маблағлар, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида жамланадиган маблағларни ўз ичига олган ҳолда, нотариал идоралар ва нотариал архивларнинг қуйидаги харажатларини қоплаш учун йўналтирилади:

мазкур Низомнинг 12 ва 13-бандларига мувофиқ ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашнинг амалдаги шартлари билан назарда тутилган тўловларга, иш берувчиларнинг тўловларини ўз ичига олган ҳолда;

коммунал-эксплуатацион ва жорий сақлаш бўйича бошқа хизматлар харажатларини (коммунал хизматлар, алоқа хизмати, бинолар ижараси, канцелярия ва идора анжомларини сотиб олиш, техникани таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш, архивга ишлов бериш ва бошқа харажатларни) қоплашга;

Дастурга мувофиқ моддий-техник базани (оргтехника воситалари билан таъминлаш, компьютерлаштириш, бошқа техник воситаларни сотиб олиш, нотариал идоралар биноларини қуриш ва таъмирлаш ҳамда бошқалар) мустаҳкамлашга;

ходимларнинг касбий маҳоратларини ошириши билан боғлиқ хизмат сафари харажатларини қоплашга;

нотариал идоралар ва нотариал архивлар фаолиятини яхшилашга йўналтирилган (семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ўтказиш) бошқа чора-тадбирларга.

Мазкур Низомнинг 1-банди иккинчи хатбошисида кўрсатилган маблағлар Ўзбекистон Республикаси адлия вазири томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан келишилган ҳолда бюджетдан ташқари Адлия органлари ва муассасаларини ривожлантириш жамғармасининг даромадлари ва харажатлари ўртасидаги салбий тафовутни қоплашга йўналтирилиши мумкин;

б) мазкур Низомнинг 1-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган маблағлар қуйидаги харажатларни қоплаш учун йўналтирилади:

ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устама ўрнатиш, уларни мукофотлаш, қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатишга, иш берувчиларнинг тўловларини ўз ичига олган ҳолда;

коммунал-эксплуатацион ва жорий сақлаш бўйича бошқа хизматлар харажатларини (коммунал хизматлар, алоқа хизмати, бинолар ижараси, канцелярия ва идора анжомларини сотиб олиш, техникани таъмирлаш ва хизмат кўрсатиш, архивга ишлов бериш, "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизими"ни юритиш, техник жиҳатдан сақлаб туриш ва модернизация қилиш ва бошқа харажатларни) қоплашга;

нотариал идоралар ва нотариал архивлар фаолиятини яхшилашга йўналтирилган (семинарлар, конференциялар ва бошқа тадбирларни ўтказиш) чора-тадбирларга;

в) мазкур Низомнинг 1-банди тўртинчи хатбошисида кўрсатилган маблағлар Дастурга мувофиқ гербли бланкалар тайёрлашга ҳамда бошқа шахсга бериш тақиқланган ва хатлаб қўйилган автомототранспорт воситалари тўғрисидаги электрон маълумотлар банкини яратишга, шунингдек адлия органлари ва муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ходимларини моддий рағбатлантириш тадбирларига мақсадли тартибда сарфланади.

11. Жамланган маблағлар ҳисобига нотариал идоралар ва нотариал архивларни сақлаш учун маблағлар ҳар йили тасдиқланадиган ҳудудий сметаларда назарда тутиш ёки йил давомида марказий аппарат сметасида назарда тутилган маблағлар ҳисобига ажратилиши мумкин.



IV. НОТАРИАЛ ИДОРАЛАР ВА НОТАРИАЛ АРХИВЛАР

ХОДИМЛАРИНИНГ МОДДИЙ ТАЪМИНОТИ


1-§. Нотариал идоралар


12. Нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида"ги қарори билан белгиланган ходимларнинг лавозим маошлари;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 3 июлдаги 339-сон "Давлат хизматчиларининг лавозим маошларига йигирма фоизли устама ҳақ белгилаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ лавозим маошларига 20 фоиз миқдоридаги устамалар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 9 июлдаги 343-сон "Ўзбекистон Республикаси судьяларини, прокуратура ва адлия органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ даража унвонлари ва кўп йил ишлаганлик учун лавозим маошларига қўшимча ва устамалар;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида"ги қарори ва "Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами 177, 1995 йил 20 сентябрь) билан назарда тутилган моддий рағбатлантиришдан ташкил топади.



2-§. Нотариал архивлар


13. Нотариал архивлар ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагилардан:

лавозим маошлардан - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида"ги қарорининг 25а-иловасига мувофиқ архив мудири учун, 24-иловасига мувофиқ архивариус учун;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 3 июлдаги 339-сон "Давлат хизматчиларининг лавозим маошларига йигирма фоизли устама ҳақ белгилаш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ лавозим маошларига 20 фоиз миқдоридаги устамалардан;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 12 апрелдаги 147-сон "Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, суд органлари ва нотариал идоралар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг тариф сеткасини жорий этиш тўғрисида"ги қарори ва "Бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди тўғрисида"ги низом (рўйхат рақами 177, 1995 йил 20 сентябрь) билан назарда тутилган моддий рағбатлантиришдан ташкил топади.



3-§. Нотариал идоралар ва нотариал архивлар

ходимларини моддий рағбатлантириш


14. Мазкур Низомнинг 1-банди учинчи хатбошисида кўрсатилган маблағлар ҳисобидан нотариал идоралар ва нотариал архивлар ходимларини (бундан кейинги ўринларда ходимлар деб юритилади) моддий рағбатлантириш бажариладиган ишларнинг сифатини яхшилашга бўлган манфаатдорликни оширишга хизмат қилади ва қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

лавозим маошларга ҳар ойлик шахсий устама ўрнатиш;

мукофотлаш;

қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириш;

моддий ёрдам кўрсатиш;

қонунчиликда белгиланган расмий байрам кунларида бир марталик мукофот пули билан мукофотлаш;

овқат пули учун тўлов;

йўлкира харажатлари учун тўлов;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун моддий ёрдам пули.

15. Лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устама ўрнатиш ходимлар томонидан хизмат вазифаларини ташаббускорлик ва виждонан бажаришни рағбатлантириш мақсадида амалга оширилади.

17. Ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар нотариал идораларда ёки идоравий нотариал архивларда уч ойдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган тақдирда ўрнатилади.

20. Нотариал идора ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар ўрнатишга Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг буйруғига асосан пулли хизматлар ва нотариуслар томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча ҳаракатларни амалга оширишдан келиб тушадиган маблағларнинг 80 фоизигача миқдордаги қисми ажратилади.

Ажратилган маблағларни нотариус ва унга бириктирилган ходимлар ўртасида тақсимлаш нотариуснинг таклифига асосан амалга оширилади.

Нотариус таклиф киритишда ходимнинг меҳнат ва ижро интизомига риоя қилиши ҳамда унинг меҳнат самарадорлигини инобатга олиши лозим.

Ушбу мезонларга асосланган таклиф нотариус томонидан тасдиқланиб, тегишли ҳудудий адлия органига тақдим этилади.

Ҳудудий адлия органи раҳбари ёки унинг ўринбосари томонидан таклиф кўриб чиқилади ҳамда молия-иқтисод бўлимига тегишли кўрсатма берилади.

Нотариал архив ходимларининг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар улар лавозим маошларининг 200 фоизидан кўп бўлмаган миқдорида белгиланади.

21. Ходимларнинг лавозим маошларига ҳар ойлик шахсий устамалар ҳисобот ойи якуни натижаси бўйича ҳудудий адлия органлари раҳбарларининг буйруқлари билан ўрнатилади.

22. Мукофотлаш даврий ва бир марталик шаклда амалга оширилади.

Даврий мукофотлаш ҳар бир чорак якунлари бўйича амалга оширилади ҳамда иш натижалари, ҳақиқатда ишлаган вақт, нотариат институтини такомиллаштиришда қатнашишга боғлиқ ва энг кўп миқдорлар билан чегараланмайди.

Бир марталик мукофотланиш ва қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантирилиш нотариал идораларда ва нотариал архивларда узоқ йиллар ишлаган ходимларга, аввал ишлаганларни ҳисобга олган ҳолда (интизомсизлик ва хизмат хатти-ҳаракатлари учун ишдан бўшатилганлар бундан мустасно) юбилей саналари (50, 60, 70 ёш ва шу каби), нафақага чиқиш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактлари ҳақида хабар бериш, бекаму кўст узоқ меҳнат фаолияти муносабати билан амалга оширилади.

23. Қўшимча моддий ёрдам:

бола туғилганда;

ходим оила қурганда;

ходим ёки унинг яқин қариндошлари (ота-онаси, эри (хотини), боласи) вафот этганда;

ходим касал бўлганда кўрсатилиши мумкин.

Ходим вафот этганда моддий ёрдам унинг хотинига (эрига) ёки вояга етмаган болаларига ёхуд вояга етмаган болаларнинг васийларига (сақлаб олувчиларига), агар ходим оила қурмаган бўлса, ота-онасига тўланади.

Моддий ёрдамни тўлаш ва унинг миқдори ходимда интизомий жазонинг борлигига боғлиқ эмас.

Ходимга бир йилда ҳақиқатда тўланадиган моддий ёрдамнинг чекланган миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ошмаслиги лозим (ушбу банднинг тўртинчи хатбошисида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно).

24. Ходимларни мукофотлаш, қимматбаҳо совғалар билан рағбатлантириш ва уларга моддий ёрдам кўрсатиш ҳудудий адлия органлари раҳбарларининг буйруқларига мувофиқ:

ҳудудий адлия органлари раҳбарлари ўринбосарларининг таклифлари бўйича - нотариуслар ва нотариал архивларнинг ходимларига;

катта нотариусларнинг (нотариусларнинг) таклифлари бўйича - нотариал идораларнинг бошқа ходимларига нисбатан амалга оширилади.

24-1. Ходимларга қонунчиликда белгиланган расмий байрам кунларида бир ойлик лавозим маошигача миқдорда бир марталик мукофот пули тўланади.

24-2. Ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида уларга ҳар ойда базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда овқат пули ҳамда йўлкира харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорда йўлкира пули берилади.

24-3. Ходимларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун йилда бир марта (қоида тариқасида куз ойларида) базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида моддий ёрдам пули ажратилади.


V. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


25. Нотариал идоралар ва нотариал архивларнинг даромадлар ва харажатлари ҳисоби белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари орқали Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги марказий бухгалтерияси ва ҳудудий адлия органларининг бухгалтериялари томонидан амалга оширилади.

26. Ҳудудий адлия органларининг ғазначилик ҳисоб рақамларида жамланган маблағлардан фойдаланиш ҳақида ҳисоботлар ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10 санасигача белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига тақдим этилади.


27. Ҳудудий адлия органларининг ҳисоботлари Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлигининг марказий бухгалтериясида умумлаштирилади ва ҳар чоракда, бухгалтерия ҳисоботларини тақдим этиш учун белгиланган шакл ва муддатларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тармоқ ва штатлар бўйича режанинг бажарилиши юзасидан ҳамда нотариал идоралар ва нотариал архивларни молиялаштириш учун тушган ва йўналтирилган маблағлар бўйича даромадлар ва харажатлар сметасининг ижроси ҳақида ҳисобот тақдим этилади.

28. Маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

29. Мазкур Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 51-сон, 501-модда.









































Время: 0.1366
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск