ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Нотариал идораларда нотариал иш юритиш Қоидалари (АВ томонидан 22.12.2010 й. 2170-сон билан рўйхатга олинган адлия вазирининг 22.12.2010 й. 308-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 22 декабрда 2170-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

адлия вазирининг

2010 йил 22 декабрдаги

308-мҳ-сон буйруғига

ИЛОВА


Нотариал идораларда нотариал иш юритиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги, "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги ва "Архив иши тўғрисида"ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 29 мартдаги 140-сон "Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш юритиш ва ижро назоратини ташкил этиш бўйича норматив ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида"ги қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ нотариал идораларда нотариал иш юритиш, нотариал ҳужжатларни сақлаш муддатлари ва тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 1-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида нотариат қонунида назарда тутилган нотариал ҳаракатларни ҳамда улар билан бевосита боғлиқ ҳуқуқий ва техник тусдаги ҳаракатларни нотариуслар томонидан амалга ошириш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашга даъват этилган ҳуқуқий институтдир.

2. Нотариал идораларда нотариал иш юритишни ташкил этиш мазкур Қоидаларга мувофиқ амалга оширилади.

3. Нотариал иш юритишни тўғри ташкил қилиш учун нотариал идорада раҳбарлик қилувчи нотариус жавобгардир.

Нотариал иш юритиш ва (ёки) архив ишларини олиб бориш давлат нотариал идораларида Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (бундан кейинги ўринларда адлия бошқармалари деб юритилади) раҳбарининг буйруғи билан нотариал идора ходимларидан бирига, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларда эса нотариуснинг буйруғи билан нотариуснинг ўзига ёки ходимларидан бирига юкланади.

Нотариал иш юритиш ва (ёки) архив ишларини олиб бориш юклатилган шахс (бундан кейинги ўринларда масъул шахс деб юритилади) ишдан бўшаганда ёки бошқа ишга ўтказилганда ҳужжатлар янги тайинланган ходимга далолатнома асосида топширилади.

4. Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 6-моддасига мувофиқ нотариуснинг, нотариал ҳаракатларни амалга оширувчи бошқа мансабдор шахсларнинг, шунингдек амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлардан хизмат вазифасини бажариш муносабати билан хабардор бўлиб қолган шахсларнинг ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганида, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра имзолаган фуқаро, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон (сурдо таржимон) ва бошқалар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.



II. ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ


5. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида" ва "Нотариат тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ нотариал идораларда нотариал иш юритиш ва нотариал ҳаракатлар давлат тилида амалга оширилади.

Нотариал ҳаракатлар бўйича расмийлаштириладиган ҳужжат матни юридик ва жисмоний шахсларнинг талабларига биноан нотариус томонидан рус тилида ёки имкон бўлса, бошқа мақбул тилда ёзилади.


6. Нотариуслар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома талабларига асосан расмийлаштирилади.


7. Ҳужжат турининг номи (маълумотнома, ҳисобот ва бошқа) ҳар бир ҳужжатда (хатдан ташқари) кўрсатилади.


8. Ҳужжатлар матни А4 (210 х 297) ва А5 (148 x 210) форматдаги варағининг бир томонида масштаб кичрайтирилмаган ҳолда ёзилади. Бунда қуйидагилар инобатга олиниши лозим:

матн қора рангда, чапдан 3 см, ўнгдан 1,5 см, тепа ва пастдан 2 см саҳн қолдириб ёзилади;

матн хатбошиси 6 ҳарфдан иборат жой ташлаб бошланади;

ҳужжатнинг биринчи бетидан ташқари бошқа бетларининг тепа қисми ўртасига "2" рақамидан бошлаб тартиб рақами қўйилади;

матн 1,2 қаторлараро оралиқ (интервал)да ёзилади.


9. Нотариал идоранинг иш юритуви билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар тегишлилигига қараб ташкилотларга, мансабдор шахсларга ва фуқароларга юборилади.

Ҳужжат юборилаётганда ташкилотнинг номи бош келишикда, мансабдор шахснинг лавозими ва фамилияси ҳамда фуқаронинг фамилияси жўналиш келишигида ёзилади.

Ҳужжат юборилаётган ташкилотнинг манзили унинг номидан кейин ёзилади. Ҳужжат фуқарога юборилганда эса унинг манзили, кейин унинг исми, отасининг исми бош ҳарфлари ва фамилияси ёзилади.

Жавоб хатларида жавоби жўнатилаётган ҳужжатнинг рақами ва санаси кўрсатилади.


10. Расмийлаштирилган ҳужжатлар матнида келтирилган саналар рақамлар билан ифодаланади. Саналар араб рақамлари билан бир сатрда ва қуйидаги изчилликда ёзилади: йил, кун, ой (рус тилида тайёрланган ҳужжатларда кун, ой, йил кўринишида).


11. Ҳужжатларда илова мавжуд бўлганда улар қуйидагича расмийлаштирилади:

агар илова ҳужжат матнида кўрсатилган бўлса, иловадаги варақлар сони кўрсатилади;

агар илова ҳужжат матнида кўрсатилмаган бўлса, иловалар номи санаб кўрсатилади;

агар ёзишмалар бир нечта манзилга юборилаётган бўлиб, улардан бирига илова юборилса, бу ҳолда илованинг кимга тегишлилиги кўрсатилади.

Агар иловалар рисолаланган бўлса, варақлар сони кўрсатилмайди.


12. Битта йўлланма хат билан ўзаро боғлиқ бўлмаган ҳужжатларни юбориш ва кирим қилиш тақиқланади.


13. Барча жўнатилаётган ҳужжатлар нотариус томонидан имзоланади.

Ҳужжатни имзолашда нотариал идора номи, нотариуснинг исми ва отасининг исми бош ҳарфлари ҳамда фамилияси ёзилади.

Ҳужжатларни "унинг ўрнига" деган сўзлар, шунингдек лавозимнинг номи олдига қия чизиқ қўйиб имзолашга йўл қўйилмайди.



III. ҲУЖЖАТЛАРНИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ,

РЎЙХАТДАН ЎТКАЗИШ ВА РАСМИЙЛАШТИРИШ


14. Нотариал идорада ижро қилиниши лозим бўлган барча ҳужжатлар, шу жумладан, аризалар белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилади. Нотариал идора фаолиятига тегишли бўлмаган хатлар, шахсий ёзишмалар, табрикномалар, таклифномалар ва шунга ўхшаш ёзишмалар рўйхатдан ўтказилмайди.

Ҳужжатлар ижро этилганидан кейин мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги нотариал идора ҳужжатлар йиғмажилдларининг намунавий номенклатурасида кўрсатилган йиғмажилдга тикилади.


15. Нотариал идораларда ҳужжатларни рўйхатга олиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш учун "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимидан (бундан кейинги ўринларда Тизим деб юритилади) фойдаланилади.

16. Рўйхатга олинган ҳужжатларнинг биринчи бетида (чап томон пастки қисмида) нотариал идоранинг штампи босилади ҳамда ҳужжатнинг кирим рақами ва унинг қабул қилинган санаси ёзилади.


17. Ҳужжатларнинг етишмаслиги ёки уларнинг яроқсиз ҳолатда эканлиги аниқланса, масъул шахс томонидан бу ҳақда икки нусхада далолатнома тузилади ва нотариус томонидан имзоланади. Далолатноманинг бир нусхаси ҳужжатни жўнатувчига ҳужжатларни илова қилган ҳолда юборилади.


18. Келиб тушган ҳужжатларнинг конверти унинг жўнатувчиси манзилини ҳамда ҳужжатнинг жўнатилган ва қабул қилиб олинган вақтини унинг конверти бўйича аниқлаш мумкин бўлган ҳоллардагина сақланади ва конверт ҳужжатларга илова қилинади.

Фуқароларнинг ариза, шикоят ва таклифлари келиб тушган конвертлар йўқ қилинмайди ҳамда ушбу ҳужжатлар билан биргаликда сақланади.


19. Агар ҳужжатлар адашиб жўнатилган бўлса, улар янги конвертларда аввалги конверт илова қилинган ҳолда тегишли манзилларга юборилади ёки шахсан ҳужжатнинг жўнатувчисига қайтарилади.


20. Нотариал идорага келиб тушган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказилганидан кейин нотариус шу куннинг ўзида уни ижро этиш ва ижро муддати тўғрисидаги масалани ҳал қилади.


21. Ҳужжат унда кўрсатилган барча масалалар ҳал қилиниб, унинг жўнатувчисига жавоб берилганда ижро этилган деб ҳисобланади. Ижро этилган ҳужжатга уларнинг ижроси ва йиғмажилдга тикилиши ҳақида белги қўйилади.

Агар ҳужжатнинг ижро қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаса, ҳужжатнинг ижро қилинганлиги ҳақидаги белги унинг биринчи варағининг пастки қисмига ёки жой бўлмаганда ҳужжатнинг биринчи варағи орқа томонига қўйилади, шунингдек "йиғмажилдга" деган сўз ва ижро этилган ҳужжат тикилиши лозим бўлган йиғмажилднинг рақами ёзиб қўйилади.


22. Жўнатилаётган ҳужжат Тизимда рўйхатдан ўтказилади ва унга тегишли тартиб рақами берилади.

23. Нотариал идораларда ҳужжатлар почта алоқаси, электрон почта, хат-ҳужжат ташувчи ходим орқали жўнатилади ёки шахсан унинг жўнатувчисига (унинг вакилига) топширилади.


IV. ҲУЖЖАТЛАРНИНГ ИЖРО

ЭТИЛИШИ УСТИДАН НАЗОРАТ


24. Рўйхатдан ўтказилган барча ҳужжатларнинг ижро этилиши аҳволини назорат қилиш адлия бошқармаси томонидан амалга оширилади.

Ҳужжатларнинг ижроси юзасидан тегишли маълумотлар Тизимга киритилади.

25. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳамда бошқа юқори турувчи ташкилотлардан келиб тушган топшириқлар назоратга олинади.

Нотариал идорада раҳбарлик қилувчи нотариус томонидан бошқа ҳужжатларнинг ижроси ҳам назоратга олиниши мумкин.

26. Ҳужжатларнинг ижроси бўйича Тизим ёрдамида олиб борилади.


V. ҲУЖЖАТЛАР ЙИҒМАЖИЛДЛАРИ НОМЕНКЛАТУРАСИНИ

ТУЗИШ ВА ЙИҒМАЖИЛДЛАРНИ ШАКЛЛАНТИРИШ


27. Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси амалга ошириладиган барча нотариал ҳаракатларни инобатга олган ҳолда шакллантирилади.

28. Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси нотариал идоранинг номи кўрсатилган ҳолда адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивлар (бундан кейинги ўринларда нотариал архив деб юритилади) билан келишилади.

Нотариал идораларнинг ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси нотариус томонидан мазкур Қоидаларнинг 1-иловасида келтирилган ҳужжатлар йиғмажилдларининг намунавий номенклатурасидан келиб чиқиб тасдиқланади.

Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси бир календарь йил давомида амалда бўлади ва ҳар йили янгидан тасдиқланади. Ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатураси икки нусхада тузилади. Биринчи нусха адлия бошқармасида ёки Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасида, иккинчи нусхаси эса нотариал идорада сақланади. Нотариал идорада сақланадиган ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасидан иш нусхаси сифатида фойдаланилади.

29. Йиғмажилдлар қуйидагича шакллантирилиши ва юритилиши зарур:

йиғмажилдларга фақат ижро этилган ва тўғри расмийлаштирилган ҳужжатларни жойлаштириш;

битта масаланинг ҳал қилинишига тааллуқли барча ҳужжатларни уларнинг иловалари билан биргаликда жойлаштириш;

йиғмажилдларда бир календарь йилга оид ҳужжатларни гуруҳлаш (йилдан-йилга ўтувчи ҳужжатлар йиғмажилдлари бундан мустасно);

йиғмажилд варақларининг жами 250 варақдан ошмаслиги, агар ортса, мазкур йиғмажилднинг навбатдаги жилдини юритиш.


30. Нотариал идоранинг иш юритувидаги барча ҳужжатлар ижро этилганидан кейин тегишли йиғмажилдларга туркумлаштирилади.

32. Меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳақидаги аризалар, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш, мерос мол-мулк ҳисобидан харажатларни тўлаш, мерос мол-мулкни қўриқлаш чораларини кўриш ҳақидаги аризалар, шунингдек кредиторларнинг талабномалари алоҳида мерос ишлари шаклига келтирилади.

Мерос иши йиғмажилдига мазкур банднинг биринчи хатбошисида кўрсатилган аризалар бўйича меросни расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.

Агар мерос ишини расмийлаштириш жорий йилда тугалланмаса, у кейинги йилга мазкур рақам билан ўтади ва у қайта рўйхатга олинмайди.


33. Ёзишмалар календарь йил даври бўйича гуруҳланади ва хронологик тартибда кетма-кет туркумланади, жавоб ҳужжати сўров ҳужжатидан кейин жойлаштирилади.

Ҳисобот йили тугагач, йиғмажилдлар бўшатилади ва уларнинг ҳар бири алоҳида тикилади. Бунда йиғмажилдлар муқоваланади, уларнинг номлари ёзилади, варақларга тартиб рақамлари берилади ҳамда ҳужжатларнинг рўйхати тузилади.


34. Йиллик режалар ва ҳисоботлар қачон тузилганлигидан қатъи назар, мазмунан қайси йилга тааллуқли бўлса, ўша йилнинг йиғмажилдига қўйилади.



VI. ҲУЖЖАТЛАРНИНГ НОТАРИАЛ ИДОРАДА

САҚЛАНИШИ ВА НОТАРИАЛ АРХИВЛАРГА ТОПШИРИШ

35. Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 10-моддасига асосан, нотариал идора нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материалларининг бут сақланишини таъминлаши, ўз нотариал архив ишини юритиши шарт.

Нотариал иш юритиш ҳужжатлари ва материаллари уч йил ўтгач нотариал архивларга топширилиши керак.

36. Жорий иш юритиш реестрлари, мерос ишлари йиғмажилдлари ва тугалланган йиғмажилдлар нотариал идора архивига топширилишига қадар чангдан, қуёш нури таъсиридан ҳимоялайдиган ва уларнинг яхши сақланишини таъминлайдиган шкафларда туради.


37. Йиғмажилдлардан бирон-бир ҳужжат олиш ва беришга йўл қўйилмайди.

38. Календарь йил тугаши билан масъул шахс йиғмажилдларни нотариал идора архивида сақлаш учун тайёрлайди.

Йиғмажилддаги ҳужжатлар туркумлаштирилади, расмийлаштирилади, тартибга келтирилиб, муқоваланади ва тикилади.

Йиғмажилд охирида алоҳида тоза вараққа тикилган варақлар сони ёзилади. Ушбу вараққа масъул шахс ва нотариуснинг имзолари ҳамда нотариуснинг муҳри қўйилади.

Йиғмажилд муқовасидаги сана ҳужжатлар йиғмажилдини юритиш бошланган ва тугалланган кун, ой ва йилга мувофиқ келиши керак.

Йиғмажилд муқовалари мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ расмийлаштирилади.

39. Нотариал идора ҳужжатлар ва материалларни нотариал архивга топширишидан олдин масъул шахс уларни тайёр ҳолга келтиради.


40. Нотариал идора томонидан ҳужжатлар ва материаллар нотариал архивга топширилаётганда, уларнинг бутлигини кўриб чиқиш адлия бошқармасининг доимий фаолият олиб борувчи эксперт комиссияси томонидан амалга оширилади.


41. Эксперт комиссияси ҳужжатлар ва материалларни кўриб чиқишда архив иши тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилади.


42. Эксперт комиссияси томонидан ҳужжатлар нотариал архивга топширилиши лозим деб топилганда, икки нусхада мазкур Қоидаларнинг 3-иловасига мувофиқ топшириш-қабул қилиш далолатномаси тузилади.

Далолатномада топширилаётган ҳужжатлар рўйхати тўлиқ кўрсатилиши шарт. Далолатнома эксперт комиссияси аъзолари ва нотариал идорада раҳбарлик қилувчи нотариус томонидан имзоланади ҳамда унга нотариуснинг гербли муҳри қўйилади.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДА


43. Мазкур Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Қоидаларга

1-ИЛОВА


Нотариал идоралар ҳужжатлар

йиғмажилдларининг намунавий

НОМЕНКЛАТУРАСИ


1. Иш юритиш бўйича


1-1. Юқори турувчи ташкилотларнинг буйруқ ва кўрсатмалари.


1-2. Нотариал амалиётни умумлаштириш бўйича ҳужжатлар.


1-3. Нотариал идорани текшириш натижалари ҳақида маълумотнома ва далолатномалар.


1-4. Шахсий таркиб бўйича буйруқлар, меҳнат шартномалари ва бошқа ҳужжатлар.


1-5. Бошқа ташкилотлар билан ёзишмалар.


1-6. Нотариал архивга топширилган ҳужжатларнинг рўйхати ва топшириш далолатномалари.


1-7. Халқаро шартномалар бўйича ёзишмалар.


1-8. Бошқа ҳужжатлар.



2. Нотариал ҳаракатларнинг турлари бўйича


2-1. Кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномалар ва уларни тасдиқлаш учун асос бўлган ҳужжатлар.


2-2. Гаров (ипотека) шартномалари ҳамда уларни тасдиқлаш учун асос бўлган ҳужжатлар.


2-3. Автомототранспорт воситаларини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартномалар ва уларни тасдиқлаш учун асос бўлган ҳужжатлар.


2-4. Бошқа шартномалар.


2-5. Ишончномалар.


2-6. Нотариал тасдиқланган васиятномалар.


2-7. Мерос ишлари.


2-8. Ижро хатларини ёзиш ва унга тегишли бўлган ҳужжатлар.


2-9. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларнинг дубликатларини ҳамда реестрлардан кўчирмалар беришга оид ҳужжатлар.


2-10. Медиация ишларини юритишга оид ҳужжатлар.


2-11. Далилларни таъминлашга оид ҳужжатлар.


2-12. Бошқа нотариал ҳаракатлар.



3. Нотариал ҳаракатни амалга ошириш билан боғлиқ ҳужжатлар бўйича


3-1. Тугалланмаган мерос ишлари бўйича ҳужжатлар.


3-2. Мерос мол-мулкини қўриқлаш чораларини кўриш бўйича аризалар.


3-3. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ёки рад этиш ҳақидаги қарорлар.


3-4. Ҳужжатларни экспертизага жўнатиш ҳақидаги қарорлар.


3-5. Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштириладиган васиятномалар.

             





Қоидаларга

2-ИЛОВА


Йиғмажилд муқоваси

(нотариал идора номи ва нотариуснинг Ф.И.О.)


Йиғмажилд индекси _________________

Йиғмажилд рақами __________________

(йиғмажилднинг номланиши)

(бошланган сана)



(тугаган сана)



_____ варақда.

Сақлаш муддати ____________

(йиғмажилд тузилган жой ва сана)



           





Қоидаларга

3-ИЛОВА


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги,

вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари

ҳузуридаги идоравий нотариал архивларга ҳужжатларни

топшириш-қабул қилиш тўғрисида

ДАЛОЛАТНОМА

(тузилган вақти)


(тузилган жойи)

Т/р

Йиғмажилдларнинг тури

Йиғмажилдларнинг санаси

Йиғмажилдларнинг номенклатура бўйича тартиб рақами

Йиғмажилдларнинг сони

Изоҳ






Жами йиғмажилдлар сони


(рақамлар ва сўзлар билан)

Нотариус



(имзо)


(Ф.И.О.)




(сана)




Эксперт комиссияси аъзолари:




(имзо)


(Ф.И.О.)




(имзо)


(Ф.И.О.)




(имзо)


(Ф.И.О.)




(сана)




"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 51-сон, 503-модда.



































Время: 0.2006
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск