Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Почта алоқаси объектлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ 22.12.2010 й. 2172-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 09.11.2010 й. 187/Б-сон буйруғи билан тасдикланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2010 йил 22 декабрда 2172-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2010 йил 9 ноябрдаги

187/Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Почта алоқаси объектлари ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунига (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ почта алоқаси объектлари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар почта алоқаси хизматларини кўрсатувчи почта алоқаси объектларига (кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Ушбу Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 йил, 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган корхоналарда махсус тайёргарликка эга шахслар орасидан меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади), 50 ва ундан зиёд транспорт воситаларига эга бўлган корхоналарда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ корхоналарда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юкланади.


7. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб этилишлари мумкин эмас.


9. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами 1997 й., 6-сон 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини

синовдан ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ

беришни ташкил этиш


10. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқлар берилиши керак.


11. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


12. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


13. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


14. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


15. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


16. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


17. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳавони тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларининг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


18. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


19. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


20. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


21. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда, уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


22. Ходимлар Почта ва телекоммуникация ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1965, 2009 йил 11 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 24-сон, 277-модда) мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



5-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


23. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


24. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


25. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


26. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



6-§. Касбий танлов


27. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


28. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


29. Босим остида ишловчи ускуналар ва хавфи юқори бўлган ишларда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


30. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


31. "Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхати"га (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


32. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


33. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


34. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


35. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


36. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


37. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


38. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


39. Ташкилот ҳудудида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


40. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва унинг ҳудудидаги кўринарли жойларга осиб қўйилиши керак.


41. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


42. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


43. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.



9-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


44. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" ҳамда СанМваҚ 0054-96 "Даволаш-профилактика муассасаларини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилиш санитария қоида ва нормалари" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


45. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


46. Ишлаб чиқариш ва ёрдамчи хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.


47. Нам хоналарда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


48. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги чанглардан енгил тозаланадиган бўлиши керак.


49. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб ва ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


50. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


51. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


52. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


53. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


54. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


55. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



10-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


56. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


57. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


58. Ҳар бир ташкилотда раҳбарият буйруғи билан энергохизмат инженер-техник ходимлари таркибидан электр хўжалик умумий ҳолатига жавоб берадиган масъул шахс тайинланиши керак.


59. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


60. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


61. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


62. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиш эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


63. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак.

Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


64. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


65. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


66. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


67. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С, оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.


68. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.



12-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


69. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


70. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


71. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


72. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


73. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Технологик жараёнларга қўйиладиган

умумий хавфсизлик талаблари


74. Ишлаб чиқариш технологик жараёнлари ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


75. Дастгоҳ ва механизмларда операцияларни бажарилиш кетма-кетлиги технологик жараёнга мувофиқ блокировка тизими орқали таъминланиши лозим. Авария пайтида тизимда механизмлардан биттаси тўхтаса, бу тўхтовчи механизмдан олдинги ҳамма дастгоҳ ва механизмларнинг ўчирилиши назарда тутилиши лозим.


76. Ускуна ва автоматлаштирилган линиялар уларнинг ишга тушганлиги ҳақида огоҳлантирувчи ёритиш ва товуш сигналлари тизими билан таъминланиши керак. Сигнал элементлари (қўнғироқ, сирена, лампа) механик шикастланишдан ҳимояланган бўлиши ва хизмат кўрсатувчи ходимлар иш ҳудудида сигнални эшитиши ва кўришини таъминлаб жойлаштирилиши лозим.


77. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ва Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя этилиши керак.


78. Ишлаб чиқариш жараёнларининг кечиши атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли стандарт ва норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган чегаравий йўл қўйилувчи меъёрлардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги шарт.


79. Ишлаб чиқариш технологик жараёнлари соз ускуналар, соз назорат-ўлчаш асбоблари, ҳимоя тўсиқлари, блокировкалар, ишга туширувчи аппаратлар, технологик асбоб ва ускуналар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши лозим.


80. Ходимлар почта қутиларидан хат-хабарларни олиш ва почта жўнатмаларини етказиб бериш учун ташкилот раҳбари тасдиқлаган йўналишлар бўйича ҳаракатланишлари ҳамда йўлнинг хавфли ўтиш, кесиб ўтиш жойлари, шунингдек йўл ҳаракати қоидаларини билишлари лозим.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


81. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


82. Ишлаб чиқаришда синалмаган ёнғин ва портлаш хавфи мавжуд ҳамда токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни қўллаш тақиқланади.


83. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


84. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


85. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари учун ҳудудий ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


86. Ходимлар билан ёнғин хавфсизлиги бўйича машғулотлар ўтказилиши ва ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар берилиши керак.


87. Бино ва ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғин воситалари ва ускуналарига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


88. Почта вагонлари углекислотали ёки кукунли ўт ўчиргич воситалари билан таъминланган бўлиши керак.


89. Ёнғинга қарши жиҳозлар ажратилган жойда сақланиши керак. Ёнғинга қарши жиҳозлардан бошқа мақсадларда фойдаланиш тақиқланади.



3-§. Ёзма хат-хабарларга ишлов беришда хавфсизлик талаблари


90. Почтага ишлов берувчи машинада ёзма хат-хабарларга ишлов беришга киришишдан аввал қуйидагилар кўрикдан ўтказилиши керак:

машиналарнинг созлиги;

чанг, кирнинг йўқлиги;

машина ҳаракатланувчи қисмларида ҳимоя тўсиқлари мавжудлиги;

ток ўтказувчи қисмларда тўсиқларнинг мавжудлиги;

машина корпусининг ерланганлиги;

штепсель розеткаси, вилканинг созлиги, симларда узилган жойларнинг йўқлиги.


91. Почтага ишлов берувчи машинадан унинг ҳимоя қилувчи тўсиқлари бўлмаганда ҳамда блокировка ва сигнализация қурилмалари носоз бўлганда фойдаланиш тақиқланади ва бу ҳолларда ходим ўзининг бевосита раҳбарига хабар бериши лозим.


92. Почтага ишлов берувчи машинадан фойдаланиш жараёнида қуйидагилар тақиқланади:

қисилиб қолган хатларни ва тақвим тамғаларини олиш ва кийгизиш;

роликлар тагига хат-хабарларни итариш;

қўл билан хатларни тўғрилаш;

тиқилиб қолишларни ажратиш;

машинанинг ҳар қандай ҳаракатланувчи элементларига тегиш.



4-§. Почта жўнатмаларини қабул қилиш ва ишлов

беришда хавфсизлик талаблари


93. Почта жўнатмаларини қабул қилишни бошлашдан аввал ходим электрон тарози, электр сурғич идиши, электр сими, электр розеткаси, электр вилкасининг созлигини текшириши керак.


94. Электр сурғич идиши ёнмайдиган, иссиқликдан изоляция қилувчи қопламали столга ағдарилиб тушмайдиган ёки силжимайдиган қилиб ўрнатилиши керак.


95. Электр сурғич идиши қаттиқ қиздирилганда электр тармоғидан унинг ўчирилишини таъминлайдиган терморегулятор билан жиҳозланган бўлиши керак.


96. Электр сурғич идиши ярмигача сурғич билан тўлдирилган бўлиши керак.


97. Электр сурғич идишида эритилган сурғич мавжуд бўлганда уни бир жойдан иккинчи жойга кўчириш тақиқланади.


98. Почта жўнатмаларига сурғич иссиқликдан изоляция қилинган дастали ёғоч ёки металл куракчалар билан суртилади. Даста узунлиги 23 - 25 см бўлиши керак.


99. Почта жўнатмаларини сурғич билан муҳрлашда унинг тагига қўлни қўйиш тақиқланади.



5-§. Почтани етказиб беришда хавфсизлик талаблари


100. Почта жўнатмалари, пул ўтказмалари ва пенсия пулларини бевосита олувчининг хонадонига етказиб беришда ходим кутилмаган ҳодисалардан эҳтиёт бўлиши лозим.


101. Етказиб бериш участкасида ишлаш давомида ходимларга қуйидагилар тақиқланади:

етказиб бериш йўналишини бузиш;

йўл ҳаракати қоидаларига амал қилмаслик;

дарё, ирмоқ, жарларни ўтиш учун белгиланмаган ерлардан кесиб ўтиш;

почтани етказиб бериш учун одам ташиш учун мўлжалланмаган транспорт воситасидан фойдаланиш.



6-§. Темирйўл транспортида почтани ташиш ва почта

жўнатмалари алмашинувида хавфсизлик талаблари


102. Почта вагонлари почта алмашинуви учун мўлжалланган йўлларга қабул қилиниши керак.


103. Почта вагонида почта алмашинувини амалга оширишда қуйидаги хавфсизлик талабларига риоя қилиниши лозим:

вагонга қабул қилинадиган почта оғирлиги вагоннинг юк кўтариш қувватидан ошмаслиги;

почта жўнатмаларини бўйи ва энига кўра бир текисда тақсимлаш ҳамда жойлаштириш;

почта жўнатмалари жойлаштирилганда эшиклар олдида эркин ўтиш учун йўл қолдириш;

посилкаларни жойлаштиришда пастга қаттиқ ўрамдаги, энг мустаҳкам ва оғир посилкаларни тахлаш;

почта жўнатмаларини жавон чегараларидан чиқмайдиган қилиб тахлаш;

поезд жўнашидан 5 дақиқа олдин вагонга почтани қабул қилишни тўхтатиш ва эшикларни ёпиш.


104. Жавонларга фақат енгил посилкаларни тахлаш лозим.



7-§. Авиация транспорти билан почта

алмашинувидаги хавфсизлик талаблари


105. Ташкилот ва аэропорт раҳбарларининг қўшма қарорлари билан белгиланган жойларда авиация транспорти билан почта алмашинуви амалга оширилиши керак.


106. Аэропортлар ҳудудида жойлашган алмашинув пунктларидан почтани авиация транспортига етказиш, ортиш ва тушириш ҳамда ундан алмашинув пунктларига етказиш аэропорт ходимлари томонидан амалга оширилиши лозим.


107. Алмашинув пунктлари бўлмаган аэропортларда почта авиация транспортига аэропорт ходимлари томонидан ортилиши ва туширилиши лозим.



8-§. Почтани автомобиль транспортида ташиш

ва почта алмашинувида хавфсизлик талаблари


108. Фургон типидаги кузовли автомобиль транспортида мажбурий кузатиб боришни талаб қиладиган почта жўнатмаларини ташишда ходимнинг хавфсизлиги учун юмшоқ ўриндиқли махсус жой, мўлжалланган тутқичлар, юк силжишидан ҳимоя қилувчи қурилма, эшикларни ичидан очиш учун қурилма, авария (эвакуация) люки ёки дераза билан жиҳозланган бўлиши керак.


109. Почта алмашинувининг туйнуклари олдида автомобиль транспорти ғилдираклари учун тиргаклар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


110. Почта алмашинувининг туйнуклари олдига турли русумдаги автомобиль транспортларини қўйганда тиргак узунлиги почта алмашинуви ҳудудида бино ва автомобиль транспорти ўртасида камида 500 мм масофани таъминлаши лозим.


111. Почта алмашинувининг туйнуги томон ҳаракат қилаётган автомобиль транспортининг тезлиги соатига 5 км дан ошмаслиги керак.


112. Почта алмашинуви учун ходим, автомобиль транспорти бутунлай тўхтаб бўлганидан ва почтани кузатувчи кузов эшигини очиб, унга кирганидан кейин чақирилиши лозим.



9-§. Ортиш ва тушириш ишларида хавфсизлик талаблари


113. Ортиш ва тушириш ишлари ва юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


114. Почта жўнатмаларини вагонларга ортиш ва тушириш ишлари белгиланган схема ва жадвалларга риоя қилган ҳолда амалга оширилиши лозим.


115. Ортиш ва тушириш ишлари бажариладиган жойлар ГОСТ 12.4.026-76 талабларига мувофиқ хавфсизлик белгилари билан жиҳозланган бўлиши лозим.


116. Ортиш ва тушириш ишларини ўтказиш майдончалари ва уларга бориш йўллари қаттиқ ва текис қопламали бўлиши, соз ҳолатда тутилиши, қишки мавсумда қор ва муздан тозаланиши, қум ёки шлак сепилган бўлиши лозим.


117. Юкларни тахлаш (ўрнатиш) учун мўлжалланган майдончаларда штабеллар чегаралари, улар ўртасидаги ўтиш ва транспорт воситаларида ўтиш йўллари белгиланган бўлиши лозим. Ўтиш жойларида юкларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


118. Ортиш ва тушириш ишлари ташкилот раҳбари томонидан тайинланган ортиш ва тушириш ишлари учун масъул шахс раҳбарлигида амалга оширилиши керак.


119. Транспорт воситаларига ортилган юклар уларнинг силжиши ёки тушиб кетишининг олдини олган ҳолда жойлаштирилиши лозим.


120. Ортиш ва тушириш ишларини бажаришда қўлланадиган ортиш ва тушириш ускунаси стандартлар ва техник талабларда баён қилинган талабларга жавоб бериши керак.


121. Юк кўтариш ускунаси юк кўтариш қуввати, кейинги синовлар муддатлари кўрсатилган бўлиши керак.


122. Техник кўрикдан ўтмаган юк кўтариш ускунасидан фойдаланиш тақиқланади.



IV. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ АМАЛГА

ОШИРИШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ



1-§. Таъмирлаш ишларини амалга оширишда

хавфсизликнинг умумий талаблари


123. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари тизими, уларнинг паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши лозим.


124. Ускуналарни зарур техник ҳолатда тутиб туриш учун ташкилотда унга хизмат кўрсатишни яхшилаш, режавий-олдини олувчи таъмирлашнинг қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишларининг сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши лозим.


125. Ишлаётган цехларда пудратчи ташкилотлар томонидан бажарилувчи таъмирлаш, қурилиш ва монтаж ишлари наряд-рухсатнома билан расмийлаштирилиши лозим.


126. Барча ҳолларда таъмирлаш ишларининг бажарилиш тартиби ва усуллари бош муҳандис ёки унинг ўринбосари билан келишилиши лозим.


127. Таъмирлаш ишлари бажариладиган ҳудуд тўсилган ҳолатда бўлиши ва у ерда хавфсизлик плакати ва белгилари ўрнатилган бўлиши лозим.


128. Таъмирлаш ишлари бошланишидан аввал, таъмирлашда банд бўлган барча ходимлар ишларни ташкил этиш лойиҳаси билан таништирилиши ва таъмирлаш ишларини бажариш пайтида хавфсизлик чораларига риоя қилиш бўйича йўл-йўриқдан ўтказилиши лозим.


129. Оғир юкларни жойидан кўчириш ишлари юк ортиш ва тушириш ишлари учун жавобгар шахсларнинг рухсати билан бажарилиши керак.


130. Носоз юк кўтарувчи механизм ва мосламаларда, шунингдек шаҳодатланган муддати тугаган механизмларда ишлаш тақиқланади.


131. Ечиб олинган агрегатлар, деталлар ва металл конструкциялар йиғиштириб қўйилиши лозим.


132. Таъмирлаш пайтида иш жойларини, йўлларни, йўлакларни ва зинапояларни турли нарсалар билан тўсиб қўйиш тақиқланади.


133. Таъмирлаш ишлари баландликда бажарилаётганда ҳавоза ва тахта тўшамаларнинг ўрнатилиши амалдаги қоидаларнинг талабига жавоб бериши лозим.


134. Барча таъмирлаш ишлари цех, ташкилот раҳбари томонидан тайинланган шахсларнинг раҳбарлиги ва назорати остида бажарилиши лозим.


135. Материалларнинг ускунанинг иш майдончасига узатиш механизациялашган бўлиши ва улар тушиб кетмайдиган усулда бажарилиши лозим.


136. Таъмирлаш олиб борилаётган жой ва барча ўтиш жойлари белгиланган меъёрларга мувофиқ ёритилиши лозим.


137. Таъмирлаш тугагач, барча кераксиз конструкциялар, ускуналар, материаллар, асбоблар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи мосламалар, блокировкалар ўз жойига ўрнатилиши лозим.



V. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК

УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


138. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


139. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VI. ЯКУНИЙ ҚОИДА


140. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Дававианазорат" инспекцияси, "Ўздавтемирйўлназорат" инспекцияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон стандартлаштириш метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ва "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 51-сон, 506-модда.






























































Время: 0.2254
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск