ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Психиатрия касалхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 12.01.2011 й. 2180-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 27.12.2010 й. 203-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 12 январда 2180-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2010 йил 27 декабрдаги

203-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Психиатрия касалхоналари ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ психиатрия касалхоналари ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар руҳий ҳолати бузилган шахсларни даволовчи психиатрия касалхоналарига (бундан кейинги ўринларда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.

2. Мазкур Қоидалар бинолар ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ички назоратнинг асосий турлари қуйидагилар ҳисобланади:

ишларга раҳбарлик қилувчи ва бошқа мансабдор шахсларнинг тезкор назорати;

маъмурий-жамоатчилик назорати (уч босқичли назорат);

бош мутахассислар хизмати томонидан амалга ошириладиган назорат.

Қуйидагилар назорат қилиниши лозим:

иш жойларининг аҳволи;

меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши;

меҳнатни муҳофаза қилишни бошқариш вазифаларини амалга оширишга доир ишларни бажариш;

ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг ўз вақтида тўғри ўрганиб чиқилиши;

меҳнатни муҳофаза қилишга ажратилган маблағларнинг тўғри сарфланиши.


7. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


8. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик нафар ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги муҳит ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда шахсий ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда шахсий ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаш, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

шахсий ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Ходимлар Соғлиқни сақлаш ва тиббиёт ишлаб чиқаришлари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1998, 2009 йил 25 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 35-сон, 391-модда) мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 14 июлдаги 290-сон қарори билан тасдиқланган Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланилиши тақиқланган оғир ишларнинг ҳамда зарарли ёки хавфли меҳнат шароитларидаги ишларнинг рўйхатига мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар оғир ишларга ҳамда зарарли ва хавфли меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


32. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) асосида амалга оширилиши лозим.

33. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


34. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


35. Хоналарни табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабига мос бўлиши лозим.


36. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.


37. Ёруғ тушувчи ойналар ҳар йили камида икки маротаба тозаланиши лозим.


38. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) билан тўсиб қўйишга рухсат этилмайди.


39. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган (умумий маҳаллий билан биргаликда) тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


40. Участкаларда ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


41. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 V дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак.



9-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


42. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II 89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


43. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


44. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


45. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


46. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


47. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.


48. Биноларнинг томларини қишки мавсумда қордан, карнизларни қотган музлардан тозалаб туриш зарур.


49. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозалаб ва дезинфекция қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши шарт.


50. Ҳовлидаги ҳожатхоналарни озода сақлаш, мунтазам дезинфекция қилиш, сутканинг қоронғи пайтида эса ёритиш керак.


51. Ташкилот жойлашган майдон бутун чегара бўйлаб тўсилган бўлиши, унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.



10-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


52. Ташкилот бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.04-98 "Корхоналарнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мос келиши керак.


53. Хоналарнинг (ҳарорати, нисбий намлиги, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар) микроиқлими ГОСТ 12.1.005-88 талабига жавоб бериши керак.


54. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


55. Транспорт воситаларининг бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситасининг эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


56. Дарвозалар баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 метрдан ошиқ бўлиши керак.


57. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


58. Бинолар ва иншоотлар бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тасдиқланадиган тадбирлар ва далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


59. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда иш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


60. Ташкилот ҳудудида жойлашган хўжалик бинолари беморларнинг назоратсиз кириб-чиқишининг олдини оладиган кузатув ва огоҳлантирадиган ускуналар билан таъминланиши лозим.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


61. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


62. Маиший хоналар ҚМҚ 2.09.12-98 "Корхонанинг маиший ва маъмурий бинолари" талабларига мувофиқ оқиб келувчи ва сўрувчи вентиляция билан жиҳозланиши лозим.


63. Ташкилот раҳбари буйруғи билан ҳаво алмаштириш тизими қурилмаларини хавфсиз ишлатиш бўйича жавобгар шахс тайинланиши лозим.


64. Вентиляция қурилмалари ишга яроқли ҳолда сақланиши, даврий равишда кўрикдан ўтказилиб, тозаланиб турилиши, носозликлар аниқланганида эса, зудлик билан таъмирланиши лозим. Ташкилотларда ҳаво ҳарорати СанҚваМ 12.01.005 "Иш зонасидаги ҳавога умумий санитария-гигиена талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.



12-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


65. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


66. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


67. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


68. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


69. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



III. ТЕХНОЛОГИЯ ЖАРАЁНЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


70. Ташкилотларда ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблари" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблари"га ва ушбу Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим


71. Бино, маиший-хўжалик хоналари ва омборларда электр хўжалигида ёнғин хавфсизлиги бўйича жавобгарлик ташкилот раҳбари буйруғига биноан тегишли хизматлар раҳбарлари ёки бошқа мансабдор шахслар зиммасига юклатилади.


72. Ташкилот бинолари ва маиший-хўжалик хоналари учун ёнғин хавфсизлиги қоидалари талаблари асосида ёнғиннинг олдини олиш бўйича йўл-йўриқлар ишлаб чиқилиши зарур.


73. Йўл-йўриқларда қуйидаги масалалар:

бино, иншоот ҳамда ҳудудни тарк этиш йўлларини сақлаш тартиби;

ёнғин хавфи мавжуд бўлган ишлар (пайвандлаш, электр жиҳозларидан фойдаланиш, таъмирлаш ва ҳоказо)ни бажаришда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган тадбирлар;

портлаш, тез алангаланиш, ёниш хавфи бўлган материалларни сақлаш ҳамда ташиш тартиби;

чекиш жойлари, очиқ оловдан фойдаланиш ва олов билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тартиби;

ёнувчи маҳсулотлар ва материалларни сақлаш, йиғиш, ташкилот биносидан олиб чиқиш тартиби;

портлаш ёки ёнғинга олиб келиши мумкин бўлган назорат-ўлчов асбоблари (манометр, термометр ва бошқалар)нинг чегаравий қийматлари;

ёнғин вақтида ходимларнинг вазифалари ва ҳаракати ёритилиши керак.


74. Бинонинг барча хоналари, омборхона ва ёрдамчи биноларнинг кўринарли жойларида ёнғиндан сақланишнинг асосий қоидалари ва ўт ўчириш хизматининг телефон рақамлари ёзилган эслатма варақалари бўлиши керак.


75. Енгил ёнувчи чиқиндилар алоҳида ажратилган майдончадаги қутиларга йиғилиши ва ташкилот ҳудудидан ўз вақтида олиб чиқиб кетилиши шарт.


76. Бинолар, маиший-хўжалик хоналари, йўлаклар, омборхоналар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ҳамда ёнғиндан хабар бериш техник воситалари билан тўлиқ жиҳозланган бўлиши лозим.


77. Архив, омборхона, ҳаво алмаштириш ускуналари ўрнатилган хоналар, хўжалик ва ёнғин насослари хоналари эшиклари ёнғинга чидамли қилиб ишланган бўлиши керак.


78. Ёнғин насослари двигателлари ҳамда ёнғиндан хабар бериш автоматика тизими мосламаларига электр токи трансформатор подстанцияларидан алоҳида тортилган сим орқали келтирилиши лозим.


79. Ташкилотларнинг ёнғин насослари двигателлари ҳамда ёнғинни ўчириш тизими мосламаларининг ёқилиши автоматлашган тарзда ҳаво алмаштириш ва совутиш тизимларининг ўчирилиши билан боғлиқ равишда амалга оширилиши зарур.


80. Ташкилот биноларининг ҳар бир қаватида ёнғин содир бўлганида, ходимлар ва ташкилотдаги беморларни кўчириш чизмаси ўрнатилиши шарт.

Чизмада хоналар, йўлаклар, бирламчи ёнғинни ўчириш воситалари, телефон жойлашуви, ходимлар ва ташкилотдаги беморларнинг фавқулодда ҳолатда захира чиқиш йўлларидан ҳаракат қилиш йўналишлари кўрсатилади.


81. Захира чиқиш йўлларида, қаватларда, зинапоя ва ўтиш жойларида навбатчи ёритиш чироқлари ўрнатилиши лозим.


82. Захира чиқиш эшиклари ташқари томонга очилиши керак.


83. Бинонинг ҳар бир қаватидан эвакуация чиқиш жойлари сони иккитадан кам бўлмаслиги шарт.


84. Ташкилот бино ва иншоотларида қуйидагилар тақиқланади:

ертўла, цоколь қаватларида ёнувчи суюқликлар, газ сиғимлари, портлаш хавфи бўлган маҳсулотларни сақлаш;

чордоқларда, техник қаватларда, венткамералар ва бошқа техник хоналарда ускуналарни ва бошқа нарсаларни сақлаш;

зинапоя майдончалари, зинапоялар, лифт холлари, захира чиқиш йўлакларини ҳар хил мебеллар, шкаф, ускуна ва бошқа нарсалар билан тўсиб қўйиш ҳамда чиқиш эшикларини муҳрлаб қўйиш;

захира чиқиш йўлларининг деворлари, шифт ва полларига енгил ёнувчи материаллар билан ишлов бериш, бўяш, шунингдек зинапоялар ва улар олдидаги холларга ёнувчи қурилиш материалларидан ишлов бериш, ёғоч панеллар билан безаш, турли қўшимча хизмат хоналарини қуриш;

захира чиқиш йўлларига енгил ёнувчи сунъий поёндозларни тўшаш;

ёнувчи, енгил ёнувчи суюқликларни хоналарга олиб кириш ҳамда бошқа мақсадларда очиқ оловдан фойдаланиш;

хоналардаги электр иситгич асбоблар, компьютер ва ёрдамчи асбоб-ускуналарни электр тармоғига уланган ҳолда қолдириш;

электр ускуна ва жиҳозларни эксплуатация қилишдан аввал уларни ишлаб чиқарган ташкилот томонидан берилган тавсия ва йўриқномада келтирилган фойдаланиш қоидалари билан танишиб чиқмасдан ишлатиш;

электр тармоғида қисқа туташувни келтириб чиқарувчи, саноат ташкилотларида ишлаб чиқарилмаган ясама сақлагичлардан, носоз розетка, электр узгич (рубильник) ва бошқа электр ускуналаридан, шунингдек қобиқларининг ҳимоялаш даражаси йўқолган ёки зарарланган электр кабеллар ва симлардан фойдаланиш.


85. Ташкилот ҳудудида пайвандлаш ёки ёнғин чиқадиган бир марталик бошқа ишлар бўйича ёнғин хавфсизлиги чораларини таъминлаш ушбу ишлар олиб бориладиган иш жойи раҳбарининг зиммасига юклатилиши лозим.


86. Пайвандлаш ва олов билан олиб бориладиган ишларга ёнғин хавфсизлиги бўйича билимлари тегишли тартибда синалган ва бир марталик рухсатномага эга бўлган шахслар қўйилади.


87. Ёнғин жўмракларининг ишга яроқлилиги ҳар 6 ойда жўмракларидан сув чиқариб, у неча метр масофага отилиб чиқиши текшириб кўрилади ва далолатнома асосида расмийлаштирилади.


88. Ёнғин жиҳозларидан хўжалик мақсадларида фойдаланиш қатъиян ман этилади.


89. Ёнғинга қарши сув ҳавзалари доимо соз ҳолатда бўлиши, ичидаги сув ҳажми ёнғинни ўчириш учун етарли бўлиши керак. Сув ҳавзаларининг ишга яроқлилиги йилига камида икки маротаба, баҳор ва куз мавсумларида текширилиши лозим.


90. Бино қаватларида ўрнатилган ёнғин ўчиргичлар бир турда бўлиши, уларда асосий кўрсаткичлар ҳамда фойдаланиш қоидалари битилган ёрлиқ бўлиши керак.


91. Бинолардаги ёнғин ўчиргичлар доимо соз ҳолда бўлиши, кўринарли ва иложи борича хонадан чиқиш эшигига яқин жойга ўрнатилган бўлиши, олишга қулай бўлиши, уларга бориш йўллари тўсилмаслиги зарур.


92. Ҳар ўн кунда биноларда ўрнатилган ёнғин ўчиргичларга қўйилган тамғалар, манометрлар кўрсаткичлари рухсат этилган чегаравий қийматидан тушиб кетмаганлиги кўздан кечирилиши зарур.


93. Ёнғин ўчириш баллонларининг юқори босимга чидамлилиги ҳар беш йилда текширувдан ўтказилиши лозим. Агар ёнғин ўчиргичларни қайта текширувдан ўтказиш муддати баллон сиртига ўйиб ёзилган муддатдан ўтиб кетса ёки унга қўйилган тамға (пломба) бузилган бўлса, ёнғин ўчиргичлар алмаштирилиши зарур.


94. Кўпикли ёнғин ўчиргичларнинг кимёвий таркиби ҳар йили камида бир маротаба текширилиши лозим.



2-§. Электр хавфсизлигига талаблар


95. Ташкилотларда электр қурилмаларини ва тармоқларини монтаж қилиш ва ишлатиш вақтида Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) талабларига риоя қилиниши керак.


96. Электротехник қурилмалар билан ишлайдиган барча ходимлардан мазкур Қоидаларни мукаммал билишлари ва уларга қатъий риоя этишлари талаб этилиши керак.


97. Ушбу Қоидаларга асосан ҳар бир ташкилотда электр хавфсизлиги бўйича IV ва V гуруҳга эга бўлган муҳандис-техник ходимлардан алоҳида буйруқ билан электр хўжалик бўйича масъул ходим тайинланиши лозим. У ташкилотда электр хўжалигининг умумий ҳолати бўйича жавобгар ҳисобланади.


98. Ташкилотда бош энергетик лавозими бўлган тақдирда, электр хўжалик бўйича жавобгарлик унинг зиммасига юклатилади.


99. Электр хўжалик бўйича жавобгар ходим бўлмаган ташкилотларда электр ускуналаридан фойдаланиш ман этилади.


100. Штатлар жадвалида электрик лавозими мавжуд бўлмаган ташкилотларда электр жиҳозларидан фойдаланиш ихтисослашган ташкилотларга шартнома асосида топшириш ёки бошқа ташкилотларда ишловчи электрикни ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш орқали амалга оширилади.


101. Ташкилотларда электр хўжалиги бўйича жавобгар ходим қуйидагиларни таъминлаши шарт:

электр қурилмаларнинг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма, аппаратура ва тармоқларда режавий таъмирлаш ишлари ва профилактик синовлар белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкил этишни;

электр энергия сарфининг ҳисобини олиб боришни;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ва уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини.


102. Электротехник ходимларнинг билимлари ҳар йили бир марта даврий равишда синовдан ўтказиб турилади.


103. Ташкилот электриклари электр кучланиш остида бўлган ускуна, жиҳоз ва кабеллар билан ишлаганда электр токидан жароҳат олишдан муҳофаза қилувчи асосий (изоляция қилувчи штангалар, изоляция қилувчи дастали қисқичлар, диэлектрик қўлқоп ва этиклар, диэлектрик ғилофли асбоб-ускуналар) ва қўшимча сақлагичлар (изоляция қилувчи тагликлар, резинапоя гиламчалар) ҳамда ҳимоя воситалари билан таъминланишлари шарт.


104. Ташкилот электр хўжалигида юқори электр кучланиш остида бўлган қурилмалар, кабеллар билан ишлашда сақлагичларсиз ишлаш қатъиян ман этилади.


105. Электр кучланиш таъсирида бўлган электротехника қурилмаларининг изоляция қилинмаган қисмларига ходимларнинг тасодифан тегиб кетиши ҳолатларининг олдини олиш мақсадида қурилмаларни тўсиқлар билан тўсиб қўйиш талаб қилинади.


106. Ускуналар электр тармоғида изоляциянинг бузилиши оқибатида электр токининг ускуна металл қобиғига ўтиши билан боғлиқ бўлган электрдан шикастланишларнинг олдини олиш учун электр қурилмалар ерланган ёки нолланган бўлиши шарт.


107. Кўчма ёритиш асбоблари 36 В ток манбаидан ишлайдиган бўлиши зарур.



3-§. Тозалаш ишларини олиб боришда хавфсизлик талаблари


108. Тозалашни бошлашдан олдин асбоб-ускуналарнинг созлигини (челак, курак, пол чўткаси ва бошқалар) текшириш ҳамда йиғиштириладиган жойни кўздан кечириб, мавжуд мебелларни тозалаш учун қулай қилиб жойлаштириш ва электр таъминотига уланган электр асбобларини узиб қўйиш керак.


109. Деворлар, деразаларни чангдан тозалашда уларга монтаж қилинган электр қурилмалари ўчириб қўйилиши лозим.


110. Электр чангютгич ва бошқа электр асбобларни ишлатганда қуйидагиларни:

вилка ва розеткаларда ташқи носозликларнинг йўқлигини;

винтларнинг, тугунларнинг мустаҳкамлигини ҳамда электр асбоблари кўчма деталларининг созлигини;

очилиб қолган ток ўтказувчи симларнинг йўқлигини текшириш керак.


111. Ишда танаффус бўлганда электр чангютгич электр тармоғидан узиб қўйилиши керак.


112. Электр чангютгич билан ишлашда иситиш батареялари, водопровод, газ қувурлари ва бошқа металл предметларга тегиш мумкин эмас.


113. Электр чангютгичдан фильтрни (чангқоп) олиш фақат двигателни ўчириб қўйган ҳолда амалга оширилиши лозим.


114. Хонадаги ёпиқ электр шитлар, розеткалар, ёқиб-ўчирувчилар фақат қуруқ латта билан артилиши лозим.


115. Баландликда амалга ошириладиган тозалаш ишлари фақат ёйиладиган нарвонлар ёрдамида бажарилиши керак.


116. Тозалаш ишлари учун ҳарорати 50°С дан юқори бўлган сувни, шунингдек кучли таъсирга эга заҳарли ва ёнувчи моддаларни (кислоталар, эритгич, бензин ва ш. к.) қўллаш мумкин эмас.


117. Тозалаш учун иссиқ сув фақат ёпиқ идишда олиб юрилади, агар бу мақсад учун қопқоқсиз идиш ишлатилса, уни кўпи билан 3/4 қисми сув билан тўлдирилиши керак.


118. Столларни тозалашда уларда ўткир буюмлар (игна, кнопка, лезвия, шиша синиқлари ва ҳоказолар) бўлмаслигига эътибор қаратиш лозим.


119. Электр стол лампалари, каминлар, совутгичлар электр тармоғидан узиб қўйиб артилади.


120. Хлорланган сувдан фойдаланишда, шунингдек бачоклар, ҳожатхона ва бошқаларни дезинфекция қилишда резина қўлқоплардан фойдаланиш лозим.


121. Печдан кулни олиш ва чиқариб ташлаш фақат у совуган ҳолатда (чўғсиз) бўлганда темир идиш ва ушлагичи узун металл куракчадан фойдаланиб амалга оширилади.


122. Ойналарни артишда уларнинг мустаҳкамлиги текширилади, артиш кенг мустаҳкам деразатокчада ёки ёйиладиган нарвонда туриб бажарилиши лозим.


123. Ойналарни фасад томондан, деразатокчанинг четида туриб артиш ёки ювиш тақиқланади.


124. Ойналарни тозалашда ойна парчаларини тушишидан сақлаш чоралари кўзда тутилган бўлиши лозим.



4-§. Ташкилот биноларини иситиш

тизимига қўйиладиган талаблар


125. Буғ қозони ва сув иситиш қозонларининг қуввати барча технологик жиҳозларнинг бир пайтда бараварига ишлашини, шунингдек ишлаб чиқариш, хизмат ва ёрдамчи хоналарни етарли даражада иссиқлик ҳамда иссиқ сув билан ишончли, узлуксиз таъминлаши лозим.


126. Иситиш тизими сув асосида ишлаганда, унинг ҳарорати 150°С, сув буғи билан ишлаганда эса 130°С дан ошмаслиги керак.


127. Қозонлар иш фаолиятини бошқариш учун ўлчов-назорат, хавфсизликни таъминловчи ва ёқилғи берилишини автоматик тарзда тўхтатувчи асбоблар билан таъминланган бўлиши зарур.


128. Соатига 100 кг буғ ишлаб чиқарувчи буғ қозони ва сув иситиш қозонларида камида иккита сақлагич клапан ўрнатилган бўлиши лозим. Клапанларнинг жами ўтказиш қобилияти қозоннинг бир соатли ишлаб чиқариш қувватидан кам бўлмаслиги шарт.


129. Буғ қозони ва сув иситиш қозонлари мустаҳкам пойдеворларга ўрнатилиши зарур.


130. Қозон сиртқи юзасининг ҳарорати 45°С дан юқори бўлса, у термоизоляция қатлами билан қопланиши зарур.


131. Қозонхона эшиклари ташқарига очилиши ва қулфланмаслиги талаб қилинади.


132. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан рўйхатга олиниб, ишлатилаётган қозонлар белгиланган муддатларда ваколатли органлар томонидан жавобгар шахс иштирокида кўрикдан ўтказилиши лозим.

133. Қозонларни муддатидан олдин кўрикдан ўтказиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

қозон бир йилдан ортиқ вақт давомида ишлатилмаганда;

демонтаж қилиниб, яна қайтадан ўрнатилганда;

қозоннинг баъзи қисмлари таъмирдан чиқарилганда;

ташкилот раҳбарияти ёки Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг ҳудудий бошқармалари томонидан текширув ўтказиш лозим деб топилганда.

134. Буғ қозони ва сув иситиш қозонларига хизмат кўрсатиш 18 ёшга тўлган, махсус ўқув курсини тугаллаган ва малака комиссиясида аттестациядан ўтган шахсларга рухсат берилади.


135. Қозонхонада хизмат кўрсатувчи ходимларнинг билимлари ҳар 12 ойда камида бир марта белгиланган тартибда текширувдан ўтказиб турилиши шарт.


136. Ўлчов-назорат асбобларини текшириш ишлаб чиқариш қўлланмасида белгиланган муддатларда амалга оширилиши зарур.


137. Қозондан фойдаланиш қуйидаги ҳолатларда зудлик билан тўхтатилиши керак:

сақлагич қопқоқларининг 50% дан ортиғи ишламай қолганда;

босим белгиланган меъёрдан 10% ошганда;

сув оқаётган бўлса;

сув ҳажми сув кўрсаткич асбобининг энг юқори даражасидан кўтарилган бўлса;

барча таъминот асбоблари тўхтаб қолганда;

барча сув ўлчов-назорат асбоблари тўхтаб қолганда;

асосий қисмларда ёриқ, бўртиб чиқишлар ва бошқа нуқсонлар аниқланганда;

қозонхонада ёнғин содир бўлганда ёки газ йўлларида қурум ёки ёқилғи бўлаклари ёниб, хизмат кўрсатувчи ходимга ёхуд қозонга хавф туғдирган ҳолатларда.



5-§. Беморларни қабул қилиш ва улар билан

мулоқотда бўлишда хавфсизлик талаблари


138. Ташкилотда беморларни даволаш бўлимларини жойлаштириш беморлар таркибини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши лозим.


139. Ташкилотга келтирилган беморни қабул қилиб олиш навбатчи тиббий ходимлар томонидан бажарилиб, бунда албатта шифокордан ташқари ҳамшира (фельдшер) ва санитар бўлишлари шарт.


140. Қабул қилиб олиш вақтида навбатчи шифокор кўрсатмасига биноан бемордан ходимлар ва унинг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли буюмлар олиб қўйилиши шарт.


141. Безовта, тажовузкор беморларни қабул қилаётган навбатчи шифокор руҳий ҳолати бузилишини тўхтатадиган фармакологик воситалардан фойдаланиши лозим.

142. Безовта, тажовузкор ва қочиб кетишга мойил беморлар қабул қилиш хонасидан шифохона бўлимига камида икки (эркак) санитар ҳамроҳлигида олиб борилиши лозим.


143. Бўлимлар қабул қилиш хонасидан узоқликда бўлган ташкилотларда беморлар бўлимларга санитар машинасида олиб келиниши лозим.


144. Барча бўлимлар эркаклар ва аёллар бўлимларига ажратилиши шарт.


145. Бўлимнинг барча хоналари ва уларнинг ускуналари руҳий ҳолати бузилган беморларнинг хавфсиз ҳолатда бўлишлари учун мослаштирилиши лозим.

146. Ҳар бир бўлим алоҳида бемор учун аниқ белгиланган ўтириш жойи бўлган овқатланиш хонасига, бўлим ичида ўтказиладиган меҳнат билан даволаш хонасига, қариндошлари билан учрашув хонасига, ошхонадан овқат узатадиган дарчали буфет хонасига, тоза ва кирланган ич кийимлар, ўрин-бош жилдлари ҳамда устки кийим ва пойабзал учун кийимхонага, кўтариб юриладиган асбоб-ускуналар, аравачалар ва қўзғалувчи курсиларни сақлаш учун хоналарга, бўлим мудири ва катта тиббий ҳамшира кабинетларига, хўжалик ҳамшираси ва ходимлар хонасига, нейролептикларни инъекция қилиш учун муолажа хонасига, ходимлар учун кийим хонага ва ҳожатхонага эга бўлиши лозим.


147. Руҳий ҳолати бузилган ва чегара ҳолатида бўлган беморлар бўлимида юмшоқ курсилар, кушеткалар ва магнитофонлар билан жиҳозланган гипноз хонаси (гипнотарий) бўлиши лозим.

148. Ички алоқа учун маҳаллий автомат телефон станцияси ёки селектор алоқаси ўрнатилиши шарт.


149. Бўлим мудирлари, шифокор хоналари ва катта тиббий ҳамшира хоналари орасида хабар етказиш (сигнализация) чироқли ва қўнғироқли бўлиши лозим.


150. Бўлимга кириш эшигида бўлим йўлагига хабар етказадиган қўнғироқ бўлиши керак.


151. Чўмилиш хонасида ходимларни шошилинч чақириш учун хабар етказиш қўнғироғи ўрнатилиши лозим.



IV. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


152. Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


153. Ишларни бажариш билан боғлиқ ҳолда ходимларнинг саломатлигига етказилган зарарлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.



V. ЯКУНИЙ ҚОИДА


154. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, "Саноатгеоконтехназорат" Давлат инспекцияси, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 1-2-сон, 17-модда.






























































Время: 0.2174
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск