ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (АВ томонидан 31.01.2011 й. 2191-сон билан рўйхатга олинган, 31.01.2011 й. Адлия вазирлигининг 21-сон, Ташқи ишлар вазирлигининг 1-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 31 январда 2191-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги ва Ташқи

ишлар вазирлигининг

2011 йил 31 январдаги

21, 1-сон қарорига

ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг

консуллари томонидан нотариал ҳаракатларни

амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА


Ушбу Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси консуллик муассасаларининг консуллари (бундан буён матнда консуллар деб юритилади) томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартибини белгилайди.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг (кейинги ўринларда Қонун деб юритилади) 28-моддасига ҳамда Ўзбекистон Республикаси Консуллик уставининг 27-моддасига мувофиқ консуллар қуйидаги нотариал ҳаракатларни амалга оширади:

1) битимларни (шартномалар, васиятномалар, ишончномалар ва ҳоказоларни) тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикасидаги уй-жойни (жойнинг бир қисмини), квартира, дала ҳовли, боғ ҳовли, гаражни, шунингдек бошқа бино, иншоотни ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги шартномалар бундан мустасно;

2) фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлайди;

3) фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди;

4) фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлигини тасдиқлайди;

5) ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;

6) мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради;

7) меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради;

8) эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга мулк ҳуқуқи ҳақида гувоҳномалар беради;

9) ҳужжатларнинг нусхалари ва ҳужжатлардан олинган кўчирмалар тўғрилигини шаҳодатлайди;

10) ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди;

11) ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди;

12) пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиб олади;

13) сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиб олади;

14) ижро хатларини ёзади;

15) денгиз протестларини амалга оширади.


2. Консуллар қонунларда назарда тутилган бошқа нотариал ҳаракатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


3. Консуллар нотариал ҳаракатларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси қонунларига амал қилади.


4. Агар консул бирон сабабга кўра нотариал ҳаракатни амалга ошира олмайдиган бўлса ёки унинг лавозими вақтинча бўш бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ушбу консуллик муассасасининг ёки консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги бошқа консуллик муассасасининг бошқа мансабдор шахси зиммасига ёхуд шу давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасининг дипломатик ходимларидан бири зиммасига юклатилади.


5. Консулларнинг амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар ҳақида ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши, шу жумладан, меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ҳам ошкор қилиши тақиқланади.

Фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганида, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра имзолаган фуқаро, ҳужжатни таржима қилиб берган таржимон (сурдо таржимон) ва бошқа шахслар ҳам ўзларига маълум бўлган ахборотларни ошкор қилиши тақиқланади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бу ҳаракатлар кимнинг номидан ёки кимнинг топшириғи билан амалга оширилган бўлса, ўша шахсларнинг ўзигагина берилиши мумкин.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотномалар (маълумотлар) суд, прокуратура, тергов органларининг талабига биноан улар юритаётган ишлар муносабати билан берилади. Васиятнома тўғрисидаги маълумотномалар васият қилувчининг вафотидан кейингина берилади. Ҳужжатларни бериш тўғрисидаги талаблар қарор ёки ажрим шаклида ёхуд процессуал қонунларда белгиланган бошқа тартибда расмийлаштирилган бўлиши шарт.

Консуллик муассасасидан талаб қилиб олинган ҳужжатлар албатта қайтарилиши шарт.

Васиятнома тўғрисидаги маълумотлар васият қилувчининг вафотидан кейин васият ва қонун бўйича меросхўрларига ёки уларнинг қонуний вакилларига ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирма тақдим этилганда берилади.

Консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги ташкилотлардан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар тўғрисидаги маълумотлар (ҳужжатлар) бўйича талабномалар келиб тушса, ушбу масала мазкур консуллик муассасаси раҳбари томонидан ҳал қилинади.

Амалга оширилган нотариал ҳаракатларнинг маҳфийлигини бузишда айбдор бўлган шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


6. Консуллик муассасасида нотариал иш юритишлар Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида амалга оширилади. Агар нотариал ҳаракатни бажариш илтимоси билан мурожаат қилган шахс иш юритилаётган тилни билмаса, нотариал ҳаракатни бажараётган консул ёки консул танийдиган таржимон расмийлаштирилаётган ҳужжатларнинг матнларини унга таржима қилиб бериши лозим. Бу ҳақда ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ким томонидан таржима қилинганлиги ва матн мазмуни тушунтирилганлиги ҳақида консул томонидан ёзиб қўйилиши, имзоланиши ва муҳр қўйилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.


7. Консуллар фуқаролар ва юридик шахсларнинг мурожаатига кўра битимлар, аризалар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тузади, ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ва дубликатларини, улардан кўчирмаларни тайёрлайди, шунингдек нотариал ҳаракатларни амалга ошириш масалалари юзасидан тушунтиришлар беради.


8. Агар нотариал ҳаракатни бажариш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларига зид бўлса, консул бундай ҳаракатни бажаришни рад этади.

Агар ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари талабларига мос келмаса ёки ўз мазмунига кўра Ўзбекистон Республикасининг давлат манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлса ёхуд фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказувчи маълумотларга эга бўлса, консул бундай ҳужжатларни нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун қабул қилмайди.

Нотариал ҳаракатни бажариш тўғрисидаги мурожаати рад этилган шахснинг илтимосига биноан унга рад этишнинг сабаблари баён қилиниши ва рад этиш устидан шикоят қилиш тартиби тушунтириб берилиши лозим.



II БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАРНИ АМАЛГА

ОШИРИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


9. Нотариал ҳаракатлар консуллик муассасасида амалга оширилади. Айрим ҳолларда нотариал ҳаракатлар мазкур муассасадан бошқа жойда бажарилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатлар консуллик муассасаси биносидан ташқарида бажарилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида ва нотариал ҳаракатларни рўйхатга олиш реестрида (кейинги ўринларда реестр деб юритилади) нотариал ҳаракат амалга оширилган жойнинг манзили кўрсатилади.


10. Нотариал ҳаракатлар бунинг учун зарур бўлган барча ҳужжатлар тақдим этилган, консуллик йиғимлари тўланган ва амалдаги харажатлар қопланган куни бажарилади.

Нотариал ҳаракатларни бажариш қўшимча маълумотлар ёки ҳужжатлар талаб қилинганда ёхуд ҳужжатларни экспертизага жўнатиш зарурати бўлганда, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра кечиктирилиши мумкин.

Нотариал ҳаракатларни амалга ошириш, башарти қонунга биноан манфаатдор шахслардан ушбу ҳаракатларни амалга оширишга эътироз бор-йўқлигини сўраш зарур бўлганда, кечиктирилиши мумкин. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш муддати бир ойдан ошмаслиги лозим. Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг талабига кўра унга нотариал ҳаракатни амалга оширишни кечиктириш ҳақидаги қарор берилади.

Манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашиш учун судга мурожаат қилиш истагидаги бошқа манфаатдор шахснинг аризасига кўра нотариал ҳаракатни амалга ошириш кўпи билан ўн кун муддатга кечиктирилиши мумкин. Агар бу муддат ичида ариза тушганлиги ҳақида суддан маълумот олинмаса, нотариал ҳаракат амалга оширилиши лозим.

Бир манфаатдор шахс тасдиқлашни сўраётган ҳуқуқ ёки факт устида даъволашаётган бошқа манфаатдор шахсдан ариза тушганлиги тўғрисида суддан маълумот олинган тақдирда, нотариал ҳаракатни амалга ошириш мазкур иш судда ҳал бўлгунига қадар тўхтатиб турилади.

Қонунчилик ҳужжатларида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни кечиктириш ва тўхтатиб туришнинг бошқа асослари ҳам белгиланиши мумкин.


11. Консуллар нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилувчиларнинг (уларнинг қонуний вакилларининг, шунингдек васий ва ҳомийларининг) ва юридик шахс вакилларининг шахсини аниқлайди.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилувчи фуқароларнинг шахси қуйидаги ҳужжатларга асосан аниқланади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари - биометрик паспорт, шу жумладан хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки дипломатик паспорт;

16 ёшга тўлмаган фуқаролар - хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;

ҳарбий хизматчилар - хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки шахсий ҳарбий гувоҳномалар ва ҳарбий билетлар;

хорижий фуқаролар - чет давлат миллий ёки дипломатик паспорти;

фуқаролиги бўлмаган шахслар - Ўзбекистон Республикаси ёки чет давлатининг ваколатли ташкилотлари томонидан расмийлаштирилган фуқаролиги бўлмаган шахс учун ҳаракатланиш ҳужжати.

12. Битимлар тасдиқлаб берилаётганида уларда иштирок этаётган фуқароларнинг муомала лаёқати белгиланган тартибда аниқланади ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқати текширилади. Битим вакил томонидан тузилган тақдирда унинг ваколати ҳам текширилади.

Консул томонидан фуқароларнинг муомала лаёқати улар билан шахсий мулоқот давомида аниқланади.


13. Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 2-сонга илова) (кейинги ўринларда Фуқаролик кодекси деб юритилади) 43-моддасига мувофиқ қуйидаги ҳужжатлар юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари бўлиб ҳисобланади:

устав;

таъсис шартномаси ва устав;

таъсис шартномаси;

низом.

Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини, унинг органлари ёки вакилларининг ваколатини текширишда унинг ташкилий-ҳуқуқий шаклига эътибор бериш зарур.


14. Нотариал тартибда тасдиқланадиган битимлар, шунингдек ариза ва бошқа ҳужжатлар нотариал ҳаракатларни амалга ошираётган консул ҳузурида имзоланади. Агар битим, ариза ёки бошқа ҳужжат консул йўқлигида имзоланган бўлса, имзо чеккан шахс ҳужжатни ўзи имзолаганлигини шахсан тасдиқлаши лозим.

Агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва консул ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин, бунда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаронинг ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаганлиги сабаблари ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ёзиб қўйилиши лозим.

Агар нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаро саводсиз, кўзи ожиз бўлса ёки қандайдир сабаблар туфайли кўзи яхши кўра олмаса, шунингдек касаллиги туфайли битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни ўқий олмаса, консул унга ҳужжат матнини овоз чиқариб ўқиб беради ва бу ҳақда ҳужжат матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.

Нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган шахс мурожаат қилса ҳамда у саводсиз бўлса, нотариал ҳаракатни амалга ошириш пайтида у билан муомала қила оладиган ва битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини унинг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини ўз имзоси билан тасдиқловчи сурдо таржимон ҳозир бўлиши шарт.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган ҳамда муомала лаёқатига эга бўлган саводли фуқаро нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилса, битим, ариза ёки бошқа ҳужжат унинг ўзи томонидан ва сурдо таржимон томонидан имзоланиши мумкин.

Кар-соқовлик нуқсони (кар-соқов, кар, қулоғи оғир) бўлган, муомала лаёқатига эга бўлган, бироқ сурдо таржимон билан мулоқот қила олмайдиган саводли фуқаро ўз имзоси билан битим, ариза ёки бошқа ҳужжатнинг мазмунини ўзининг хоҳиш-иродасига мувофиқ эканлигини консулга ёзма равишда билдирадиган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда сурдо таржимоннинг иштироки шарт эмас. Ушбу ёзишмалар битим, ариза ёки бошқа ҳужжатлар билан бирга тикиб қўйилади.

Таржимон ёки сурдо таржимон ҳужжат таржимасини нотўғри ёки ёлғон таржима қилганлиги учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишлари ҳақида консул томонидан огоҳлантирилади ва бу ҳақда ҳужжат матнида кўрсатилади.


15. Консуллар Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги орқали нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳужжатлар ва материалларни талаб қилишга ҳақли. Ҳужжатлар ва материаллар консуллар томонидан кўрсатилган муддатда тақдим этилиши лозим.


16. Консул ўз номига ва ўз номидан, хотини (эри) номига ва унинг номидан, хотинининг (эрининг) ва ўзининг яқин қариндошлари номига ва уларнинг номидан нотариал ҳаракатларни бажариши мумкин эмас.


17. Консуллар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун ҳужжатлар қабул қилинмайди, агар:

ҳужжатлар қириб ўчирилган ёки қўшимчалар киритилган, сўзлари устидан чизилган ва изоҳ берилмаган бошқа тузатишлари бўлса, шунингдек қаламда ёзилган бўлса;

ҳужжатлар бир неча варақларда баён этилиб, варақлари рақамланмаган ва ип ўтказиб тикилмаган бўлса, ҳужжатни берган ташкилот мансабдор шахсининг имзоси ва муҳри бўлмаса;

ҳужжатларга факсимиле имзо муҳри қўйилган бўлса.


18. Нотариал тасдиқланадиган битим, ариза ва бошқа ҳужжатларнинг матни аниқ ва равшан ёзилган бўлиши лозим, битим, ариза ва ҳужжатнинг мазмунига тааллуқли сана ва муддатлар ҳеч бўлмаганда бир марта сўз билан, битим, ариза ва бошқа ҳужжатнинг матнида баҳолар кўрсатилса, рақам ҳамда сўз билан ёзилиши, юридик шахсларнинг номлари эса - уларнинг органлари жойлашган ерларини (почта манзилини) кўрсатган ҳолда қисқартиришларсиз ёзилиши, зарур ҳолларда эса банкдаги ҳисоб рақам ва солиқ тўловчининг идентификация рақами (кейинги ўринларда СТИР деб юритилади) кўрсатилиши лозим. Фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили тўлиқ кўрсатилган ҳолда ёзилиши, нотариал ҳаракатларни амалга оширишда чет эл фуқаролари қатнашаётган бўлса, уларнинг фуқаролиги ҳам кўрсатиб ўтилиши керак.

19. Ҳужжатдаги охиригача тўлдирилмаган сатрлар ва бошқа бўш жойларга чизиқ тортиб қўйилади, чет элда амал қиладиган ҳужжатлар бундан мустасно. Қўшимча ва тузатишлар тегишли шахсларнинг (битим иштирокчиларининг ҳамда битимни, аризани ва бошқа ҳужжатларни имзолаган бошқа шахсларнинг) имзосидан олдин изоҳланиши ва тасдиқловчи ёзувнинг охирида консулнинг имзосидан олдин такроран изоҳланиши, консулнинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланиши керак. Тасдиқловчи ёзувдаги тузатишлар консулнинг имзосидан олдин изоҳланиши ва имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқланиши керак. Бунда, тузатишлар шундай қилиниши керакки, ўчирилган барча сўзларни ва рақамларни бошланғич матнда ўқиш имкони бўлиши лозим.

Консул томонидан ҳужжатнинг нусхасини шаҳодатлантиришда, ҳужжат нотўғри ёки имло хатолари билан ёзилган бўлса ёхуд унда изоҳ берилмаган тузатишлар мавжуд бўлса ёки ҳужжатнинг реквизитлари тўлиқ ёзилмаган бўлса, консул мурожаат қилган шахсга ҳужжатдаги камчиликларни тузатиб келишни ёки ҳужжатни такроран олишни тавсия қилади.

Консул ўз ташаббуси билан ёки манфаатдор шахсларнинг илтимосига кўра нотариал тасдиқлаб берилган ҳужжатга унинг моҳиятини ўзгартирмайдиган қўшимчаларни киритиши ёки унинг аниқ арифметик хатоларинигина тузатиши мумкин.


20. Мурожаат қилувчининг илтимосига кўра ҳужжат лойиҳаси консул томонидан ҳам тузилиши мумкин.


21. Нотариал тасдиқланаётган ёки шаҳодатлантирилаётган битим, ариза ва бошқа ҳужжатлар бир неча алоҳида варақларда баён этилган тақдирда, улар ип ўтказиб тикилади, варақлари эса рақамланади ҳамда консулнинг муҳри қўйилган ҳолда консулнинг имзоси билан тасдиқланади.


22. Меросга бўлган ҳуқуқ, мулк ҳуқуқи, фуқаронинг тирик эканлиги ва муайян жойда эканлиги фактлари, фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган шахс эканлиги тасдиқланганда, шунингдек сақлаш учун ҳужжатлар қабул қилиб олинганида тегишли гувоҳномалар берилади.


23. Битимларни тасдиқлашда, ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини, ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини, ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга қилинган таржимаси тўғрилигини тасдиқлашда, ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда тегишли ҳужжатларга тасдиқловчи ёзувлар ёзилади ҳамда консул томонидан имзоланиб, муҳр босилади.


24. Тасдиқловчи ёзувнинг матни техник воситаларда (компьютерда ёки ёзув машинкасида) ўчирилмасдан аниқ ёзилиши шарт. Очиқ жойларга чизиқ тортиб қўйилиши, ёзувлар ва бошқа тузатишлар мазкур Йўриқноманинг 19-банди асосида изоҳланиши керак.

Тасдиқловчи ёзувларни амалга ошириш учун тегишли ёзув матни бўлган штамплар ишлатилиши мумкин.

Тасдиқловчи ёзув тегишли ҳужжатга сиғмаган тақдирда, у ҳужжатга бириктириб қўйилган алоҳида қоғоз варағида давом эттирилиши ёки тўла баён этилиши мумкин. Бунда ҳужжат матни баён этилган варақлар ва тасдиқловчи ёзув варақлари ип ўтказиб тикилади, рақамланади ва консулнинг имзоси билан тасдиқланиб, муҳр босилади.


25. Консуллар томонидан амалга ошириладиган нотариал ҳаракатлар реестрда рўйхатга олинади. Реестрлар билан консуллик муассасаларини таъминлаш Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилади.

Реестрдаги ёзувларни қалам билан ёзишга йўл қўйилмайди.

Ҳар бир нотариал ҳаракат алоҳида тартиб рақами билан рўйхатга олинади. Реестрда қайд этилган нотариал ҳаракат рақами консул томонидан тасдиқланадиган ёки бериладиган ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида кўрсатилади.

Реестрдаги тартиб рақамларининг рақамланишида хатоликка йўл қўйилса, алоҳида маълумотнома тузган ҳолда, у консулнинг имзоси ва муҳри билан реестрга елимланиб қўйилади.

Реестрдаги ёзувларда хатоликка йўл қўйилганда мазкур Йўриқноманинг 19-бандига риоя қилган ҳолда тузатишлар киритилади.

Ҳужжатлар нусхаларининг тўғрилиги шаҳодатлантирилганда, ҳужжатнинг ҳар бир нусхасига алоҳида реестр рақами берилади. Тасдиқловчи ёзувда рақамлар шу тартибда кўрсатилади.

Реестрнинг тартиб рақамлари ҳар бир календарь йил бошида биринчи тартиб рақамидан бошланади.

Реестрлар ип ўтказиб тикилиши ва уларнинг варақлари рақамланиши лозим. Реестр Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти масъул бўлим бошлиғи томонидан имзоланади ва муҳр билан тасдиқланади.

26. Тасдиқланиб берилаётган ҳужжат тегишли консуллик йиғими тўланиб, тарафлар (тараф) томонидан имзоланганидан сўнг консул томонидан имзоланиб, муҳр қўйилади ва реестрда қайд этилади. Реестрга ёзувлар консуллик муассасасининг ваколат берилган бошқа ходими томонидан ҳам киритилиши мумкин. Ҳужжатни олаётган шахс реестрга фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзади ва имзолайди.

Шаҳодатлантирилиб берилаётган ҳужжат тегишли консуллик йиғими тўланиб, ҳужжат муайян шахс томонидан имзоланганидан ёки ҳужжатнинг тўғрилиги текширилганидан сўнг консул томонидан имзоланиб, муҳр қўйилади ҳамда консул (консуллик муассасасининг бошқа ходими) томонидан реестрга қайд этилади. Ҳужжатни олаётган шахс реестрга фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзади ва имзо қўяди.


27. Консул фуқаролар ёки юридик шахсларга уларнинг ёзма аризасига мувофиқ ҳамда суд, прокуратура, тергов органларининг қарор ёки ажрим шаклида ёхуд процессуал қонунларда белгиланган бошқа тартибда расмийлаштирилган талабномаларига асосан реестрлардан кўчирмалар (суд, прокуратура, тергов органларига реестрдан кўчирманинг ксеронусхаси) беради. Реестрларнинг асл нусхаларини бериш ман этилади.


28. Консул томонидан тасдиқланган ёки берилган, нусхалари консуллик муассасасида сақланаётган ҳужжатлар йўқолган тақдирда, номидан ёхуд топшириғига биноан нотариал ҳаракатлар бажарилган фуқаролар ва юридик шахсларнинг ёки уларнинг қонуний вакилларининг ёзма аризасига кўра йўқолган ҳужжатларнинг дубликатлари берилади.

Аризалардаги имзолар нотариал тартибда шаҳодатлантирилади.

Фуқаролар ва юридик шахсларнинг вакилларига берилган ишончномалар матнида ҳужжатнинг дубликатини олиш ваколати кўрсатилган бўлиши лозим.

Ҳужжат дубликатида тасдиқланган ва берилган асл ҳужжатнинг тўлиқ матни бўлиши шарт. Ҳужжатларнинг ксеронусхалари унинг асл (нусхаси) ва дубликати ўрнини боса олмайди.

Ҳужжат дубликатига белгиланган шаклдаги тасдиқловчи ёзув қайд этилади.

Консул томонидан тасдиқланган ёки берилган ҳужжатларнинг дубликатлари фуқаролар ва юридик шахсларнинг меросхўрларидан (ҳуқуқий ворисларидан) бирига берилиши мумкин.

Васиятноманинг дубликати васият қилувчига, у вафот этганидан кейин эса васиятномада кўрсатилган ёки қонун бўйича меросхўрларга ёхуд уларнинг вакилларига васият қилувчининг ўлим ҳақидаги гувоҳномаси тақдим этилганидан кейин берилади.

Васиятномада кўрсатилган меросхўрлар вафот этган тақдирда, васиятноманинг дубликати васият қилувчининг ва ўзларидан олдинги меросхўрнинг (меросхўрларнинг) ўлим ҳақидаги гувоҳномасини (нотариал тартибда тасдиқланган гувоҳнома нусхасини) ёхуд ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирмани, зарур ҳолларда меросхўрларнинг меросни қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларини (агар бу ҳужжатлар илгари тақдим этилмаган бўлса) тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этган меросхўрларга берилади.


29. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишга асос бўлган ҳужжатлар битимнинг консуллик муассасасида қолдириладиган нусхасига, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага ва бошқа нотариал ҳаракатларда эса ҳужжатнинг нусхасига консуллик муассасаси йиғмажилдларида сақланиши учун қўшиб қўйилади.

Нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган фуқаролар ва юридик шахслар ҳамда уларнинг вакилларининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатнинг номи, унинг рақами, берилган санаси ва шу ҳужжатни берган органнинг номи реестрга ёзиб қўйилгач, қайтариб берилади.


30. Ижара шартномалари тасдиқланганда, марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) аризасига кўра умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берилганда, эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар берилганда, мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асл нусхалари консуллик муассасасида қолдирилмайди.


31. Тақдим этилган ҳужжатнинг айнанлигига шубҳа туғилса, консул бу ҳужжатни олиб қолиб, уни экспертизага юборишга ҳақлидир.

Агар шу каби ҳужжатлар консуллик муассасаси жойлашган давлат ёки консуллик округи доирасидаги давлатлар ташкилотларидан берилган бўлса, консул ушбу ташкилотлар раҳбарларига бу ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун расмий сўровнома юборади.

Агар ҳужжатлар консуллик округи доирасида бўлмаган бошқа давлатлардан келиб тушадиган бўлса, консул ўша давлатдаги консуллик муассасасига ҳужжатларнинг ҳақиқийлигини тасдиқлаш учун сўровнома юборади.


32. Консул қуйидаги ҳолларда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этади, агар:

бундай ҳаракатни амалга ошириш қонунга зид бўлса;

муомалага лаёқатсиз фуқаро ёхуд зарур ваколатлари бўлмаган вакил нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган бўлса;

юридик шахс номидан амалга ошириладиган битим унинг уставида ёки низомида кўрсатилган мақсадларга зид бўлса;

битим қонун талабларига мувофиқ бўлмаса;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлмаса.

Тақдим этилган ҳужжатларнинг қалбакилаштирилганлиги яққол кўриниб турган бўлса ёки бунга шубҳа туғдирувчи етарли асосларнинг мавжудлиги ҳолатлари ҳам нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун тақдим этилаётган ҳужжатлар қонунчилик ҳужжатлари талабларига мувофиқ эмас деб ҳисобланади.

Нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилган тақдирда нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида консул мурожаат қилинган кундан бошлаб уч кундан кечиктирмасдан қарор чиқаради ҳамда нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсга беради.

Рад этиш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

қарор чиқарилган сана, қарор чиқарган консулнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, консуллик муассасаси номи;

нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, турар жойи, шунингдек агар юридик шахс бўлса, унинг тўлиқ номи ва жойлашган ери (почта манзили) ва СТИР;

мурожаат қилувчи қандай нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраганлиги;

нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этишга сабаб бўлган ҳолатлар (қонунчилик ҳужжатларига асосланган ҳолда);

шикоят қилиш муддати ва тартиби.


33. Консул нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ставкалар бўйича консуллик йиғими ва ҳақиқий харажатларнинг ўрнини қоплаш ҳисобидан йиғимни ундиради.

Консул нотариал ҳаракатни консуллик муассасаси биносидан ташқари бошқа жойда амалга оширганда манфаатдор фуқаро ёки юридик шахслар унинг амалда қилинган транспорт ва бошқа харажатларининг ўрнини қоплайди.

Консул йўл қўйган хатоси натижасида ўзи амалга оширган нотариал ҳаракатнинг нотўғрилигини билиб қолган тақдирда, у ана шу нотариал ҳаракатни белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўриш мақсадида Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаментини хабардор қилади.


III БОБ. НОТАРИАЛ ҲАРАКАТЛАРНИНГ АЙРИМ

ТУРЛАРИНИ АМАЛГА ОШИРИШ ҚОИДАЛАРИ


1-§. Битимни тасдиқлашнинг умумий қоидалари


34. Консуллар қонунга мувофиқ нотариал шаклда тасдиқланиши мажбурий қилиб қўйилган битимларни тасдиқлайди, Ўзбекистон Республикасида жойлашган уй-жойни (уй-жойнинг бир қисмини), квартира, дала ҳовли, боғ ҳовли, гаражни, шунингдек бошқа бино, иншоот ёки иморатни бошқа шахсга ўтказиш ва гаровга қўйиш тўғрисидаги битимлар бундан мустасно.

Битимларни тасдиқлашда ҳужжатларнинг ксеронусхаси унинг асл нусхаси ва дубликати ўрнини боса олмайди.


35. Консул битим иштирокчисининг муомала лаёқатини аниқлаш пайтида шу битим иштирокчисининг ёшини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади.

Консулда битим иштирокчиларидан бирининг руҳий ҳолати бузилганлиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз хатти-ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайди ёки шу ҳаракатларни бошқара олмайди деб ёхуд спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни истеъмол қилиши оқибатида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяди деб ҳисоблаш учун асоси бўлса-да (шубҳа туғдирса-да), аммо шу фуқаронинг муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланганлиги тўғрисида маълумотлар бўлмаса, у битимни тасдиқлашни кечиктиради ва суднинг шу шахсни муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топганлиги тўғрисидаги қарори бор-йўқлигини аниқлайди.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, консул нотариал ҳаракатни амалга оширишни рад этиш ҳақида қарор чиқаради. Консул ушбу қарордан норози томонга судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тўғрисида тушунтириши лозим.

Агар мазкур шахс суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган бўлса, консул нотариал ҳаракатни амалга оширишда муомала лаёқати чекланган шахс ҳомийсининг розилигини талаб этади.


36. Ўн тўрт ёшга тўлмаган вояга етмаганлар (кичик ёшдаги болалар) учун битимларни Фуқаролик кодекси 29-моддасининг иккинчи қисмида кўрсатилганлардан ташқари, уларнинг номидан фақат ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийлари тузиши мумкин. Бундай битимларни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.

Васийлик суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни унинг васийси амалга оширади.

Васийликдаги шахс номидан ҳадя шартномаси тузишга йўл қўйилмайди. Бу қоидалар ота-оналар (фарзандликка олувчилар) томонидан ўзларининг вояга етмаган болаларига васийлик, ҳомийлик қилувчилар сифатида тузиладиган битимларга ҳам тегишлидир.

Ўн тўрт ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган вояга етмаганлар, Фуқаролик кодекси 27-моддасининг иккинчи қисмида санаб ўтилганлардан ташқари, битимларни ўз ота-оналари, фарзандликка олувчилари ёки ҳомийларининг ёзма розилиги билан тузадилар. Бундай битимларни тузишда ота-онанинг ҳар иккисининг розилиги талаб қилинади.

Ҳомийлик суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган шахсларга нисбатан ҳам белгиланади. Муомалага лаёқати чекланган деб топилган фуқаро битимларни ҳомийнинг розилиги билангина амалга оширади.

Васий ва ҳомий, уларнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари васийлик ва ҳомийликдаги шахс билан битимлар тузишга, шунингдек васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс билан васий ёки ҳомийнинг эри (хотини) ва яқин қариндошлари ўртасидаги суд ишларини юритишда васийлик ёки ҳомийликдаги шахснинг вакили бўлишга ҳақли эмас.


37. Консул битимда иштирок этаётган юридик шахсларнинг ҳуқуқ лаёқатини текшириш пайтида юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари билан танишиб чиқиши, шунингдек у қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини ҳамда амалга оширилаётган нотариал ҳаракатлар уларнинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ ёки мувофиқ эмаслигини текшириши шарт.

Битим вакил томонидан тузилган тақдирда, унинг ваколати ҳам текширилади.

Вакилнинг ваколати унинг номига берилган ишончнома ва (ёки) ваколатини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо) билан тасдиқланади.

Битимда юридик шахснинг раҳбари бевосита иштирок этганда, битим юридик шахснинг муҳри билан тасдиқланади.

Консул таъсис ҳужжати бўйича битимлар тузиш ҳуқуқига эга бўлган юридик шахснинг раҳбаридан битимлар ва бошқа ҳаракатларни бажариш учун ишончнома талаб қилмайди. Бундай ҳолларда унинг мансаб мавқеини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.

Вакил томонидан тақдим этилган ишончнома шубҳа туғдирган тақдирда, консул уни тасдиқлаган тегишли мансабдор шахс (ташкилот) орқали тегишли равишда текшириши лозим.


38. Битимлар бекор қилинган вақтда тўланган консуллик ва амалдаги харажатлар йиғими қайтарилмайди.


39. Фуқаролар ва юридик шахслар томонидан тақдим қилинган битимларнинг лойиҳалари ёки консуллик муассасасида тузиладиган битим ва аризаларнинг лойиҳалари қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаслиги лозим.

Битимларнинг матнида (тегишлилигига қараб):

у қандай битим эканлиги (битимнинг номи);

битимни тасдиқлаган консуллик муассасаси жойлашган ернинг (почта манзилининг) тўлиқ номи ва консулнинг исми, фамилияси, отасининг исми;

битим имзоланган сана сўзлар билан қайд қилиниши; тарафларнинг фамилиялари, исмлари ва оталарининг исмлари тўлиқ ёзилиши; доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзиллари ҳақидаги маълумотлар; юридик шахсларнинг номлари ҳеч бўлмаганда бир маротаба тўлиқ ёзилиши, уларнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ва жойлашган ерлари (почта манзили), шунингдек СТИР тўғрисидаги маълумотлар, тарафлар қариндош бўлса, уларнинг қариндошлик даражаси;

битим тарафларидан бири чет эл фуқароси бўлса, унинг фуқаролиги;

битим предмети, унинг таркиби ва тавсифи;

битим предметининг инвентарь қиймати ва тарафлар томонидан келишилган баҳо;

битим предмети учун ҳақ тўлашнинг шакли ва зарур ҳолларда муддатлари;

битим предметига нисбатан мажбуриятларнинг олувчига ўтиши ёки бошқа ҳолатлар;

тарафларнинг ўзаро келишувига кўра қонунчилик ҳужжатларига зид келмайдиган ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ўтиши ҳақидаги бошқа шартлар;

битимда юридик шахснинг раҳбари иштирок этса, унда юридик шахснинг муҳри қўйилиши;

эр-хотиннинг мулкни никоҳга қадар олганлигини аниқлашда никоҳ қачон ва қайси ФҲДЁ бўлимида қайд этилганлиги ҳақидаги ёзув;

битимнинг мазмуни, аҳамияти консул томонидан тушунтирилганлиги ва тарафларнинг асл мақсадига мувофиқ келиши ўз аксини топиши керак.

Битимнинг барча нусхаларини тарафлар (уларнинг қонуний вакиллари, васий ёки ҳомийлари) фамилиялари, исмлари ва оталарининг исмларини тўлиқ ёзиб шахсан имзолайдилар.

Битимнинг барча нусхаларига консул тегишли тасдиқловчи ёзувни ёзиб, реестрга қайд қилинган тартиб рақамини, ундирилган консуллик йиғими миқдорини кўрсатиб имзолайди ва муҳрини қўяди.

Нотариал тартибда тасдиқланадиган битим мазмуни баён этилган ҳужжат нусхаларининг сони нотариал ҳаракатни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахслар томонидан белгиланади, лекин у битимда қатнашувчи томонлар миқдоридан ошиб кетмаслиги керак, қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


40. Битим Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ёки юридик шахслари ва чет эл фуқаролари ёки юридик шахслари ўртасида тузилаётганда, Ўзбекистон Республикаси ҳамда консуллик муассасаси жойлашган давлат қонунчилигига кўра ушбу битим нотариал тасдиқланиши ва консуллик муассасаси жойлашган давлатда амал қилиши лозим бўлганда, консул тарафларга мазкур битимни маҳаллий нотариус томонидан тасдиқлаш юзасидан тавсия бериши мумкин.

Битим томонларидан бири консуллик муассасаси жойлашган давлат фуқароси ёки шу давлат юридик шахси бўлса, консуллик муассасаси жойлашган давлат қонунчилиги ёки ушбу давлат ва Ўзбекистон Республикаси иштирок этаётган халқаро шартномада консул томонидан битимларни расмийлаштириш тақиқланмаган бўлса, консул битимларни расмийлаштириши мумкин.



2-§. Айирбошлаш шартномасини тасдиқлаш


41. Айирбошлаш шартномасига айирбошлаш моҳиятига зид келмайдиган олди-сотди шартномаси ҳақидаги тегишли қоидалар татбиқ этилади. Бунда ҳар қайси тараф алмаштириш йўли билан топшириш мажбуриятини олган товарни сотувчи ва қабул қилиш мажбуриятини олган товарни сотиб олувчи ҳисобланади.

Айирбошлаш шартномаси тасдиқланаётганда, тарафларга Фуқаролик кодексининг 497-501-моддалари мазмуни тушунтирилиб, бу ҳақда шартнома матнида кўрсатиб ўтилади.


42. Шартноманинг предмети муомаладан олинган ёки муомалада бўлиши чекланган ашёлар, кўчмас мулк бўлиши мумкин эмас.


43. Агар айирбошлаш шартномасидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, айирбошланадиган товарлар тенг қийматли деб тахмин қилинади, уларни топшириш ва қабул қилиш харажатларини эса ҳар бир ҳолда тегишли мажбуриятларни бажарадиган тараф амалга оширади.


44. Айирбошланаётган товарлар тенг қийматли эмас деб тан олинган тақдирда, шартномада айирбошлашга тақдим қилинаётган товар баҳосидан паст бўлган товарни топшириши лозим бўлган тарафга баҳолардаги фарқ учун ҳақ тўлашнинг бошқача тартиби белгиланиши мумкин.



3-§. Ҳадя шартномасини тасдиқлаш


45. Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) бошқа тараф (ҳадя олувчи)га ашёни текинга мулк қилиб беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд унга ўзига ёки учинчи шахсга нисбатан мулк ҳуқуқи (талаби)ни беради ёки бериш мажбуриятини олади ёхуд уни ўзи ёки учинчи шахс олдидаги мулкий мажбуриятдан озод қилади ёинки озод қилиш мажбуриятини олади.

Бирон бир шахсга ашёни ёки мулк ҳуқуқини текинга беришни ёки бирон-бир шахсни мулкий мажбуриятдан озод этишни ваъда қилиш (ҳадя этишни ваъда қилиш), агар ваъда тегишли шаклда берилган бўлса ва келажакда аниқ шахсга ашё ёки мулкий ҳуқуқни текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш мақсади аниқ кўриниб турган бўлса, ҳадя шартномаси деб тан олинади.

Ҳадяни ҳадя олувчига ҳадя қилувчининг вафотидан кейин топширишни назарда тутувчи шартнома ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


46. Ҳадя шартномасида ҳадя нарсаси аниқ кўрсатиб қўйилган бўлиши керак. Ашё, мулк ҳуқуқи ёки мулкий мажбуриятдан озод қилиш шаклида, ҳадя нарсасини аниқ кўрсатмасдан, ўзининг мол-мулкини ёки мол-мулкнинг бир қисмини ҳадя этишни ваъда қилиш ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.


47. Ҳадя олувчи ўзига ҳадя топширилгунга қадар истаган вақтида уни рад этишга ҳақли. Бундай ҳолда ҳадя шартномаси бекор қилинган ҳисобланади.


48. Ҳадя шартномасида ҳадя олувчи ҳадя қилувчидан олдин вафот этган тақдирда, ҳадя қилувчининг ҳадяни бекор қилиш ҳуқуқи шарт қилиб қўйилиши мумкин.

Консул тарафларга Фуқаролик кодексининг 502-510-моддалари мазмунини тушунтириб, бу ҳақда ҳадя шартномасининг матнига ёзиб қўяди.


49. Умумфойдали мақсадларда қилинган ҳадя хайр-эҳсон ҳисобланади. Умумфойдали мақсад хайр-эҳсоннинг фарқли белгиларидан ҳисобланади.

Хайр-эҳсонни қабул қилишга бирор кимсанинг рухсати ёки розилиги талаб қилинмайди.

Консул тарафларга Фуқаролик кодексининг 511-моддаси мазмунини тушунтириб, бу ҳақда хайр-эҳсон шартномасининг матнига ёзиб қўяди.



4-§. Мулк ижараси шартномаларини тасдиқлаш


50. Мулк ижараси шартномасини тасдиқлашда консул қуйидагиларни талаб қилади:

мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат (нусхаси қолдирилиб, асли қайтариб берилади);

ижара нарсаси умумий биргаликдаги мулк бўлган тақдирда (эр-хотиннинг биргаликдаги мулки), барча эгаларининг (эр-хотиннинг) розилиги;

ижарага берувчи ва ижарага олувчи ўртасида тузилган мол-мулкни топшириш ва қабул қилиш далолатномаси;

васийликдаги шахсга қарашли бўлган мол-мулк бир йилдан ортиқ муддатга ижарага берилганда, васийлик ва ҳомийлик органларининг розилиги.


51. Мулк ижараси шартномаси шартномада белгиланган муддатга тузилади.

Агар мулк ижарасининг муддати шартномада белгиланмаган бўлса, шартнома номуайян муддатга тузилган ҳисобланади. Бунда, тарафлардан ҳар бири бошқа тарафни бир ой олдин огоҳлантириб, кўчмас мулк ижарасида эса - уч ой олдин ёзма равишда истаган пайтда шартномадан воз кечиши мумкин. Қонун ёки шартномада номуайян муддатга тузилган мулк ижараси шартномасини бекор қилиш ҳақида олдиндан огоҳлантиришнинг бошқа муддатлари ҳам белгилаб қўйилиши мумкин.


52. Қонунда мулк ижарасининг айрим турлари учун ижарага олиш учун энг кўп (охирги) муддатлар белгилаб қўйилиши мумкин. Бундай ҳолларда, башарти ижара муддати шартномада белгиланган бўлмаса ва қонунда белгиланган охирги муддат тугагунича тарафлардан ҳеч қайсиси шартномадан воз кечмаса, охирги муддат ўтиши билан шартнома бекор бўлади. Қонунда белгиланган охирги муддатдан ортиқ муддатга тузилган бундай мулк ижараси шартномаси охирги муддатга тенг муддатга тузилган ҳисобланади.



5-§. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тасдиқлаш


53. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси бўйича бир тараф (бошқарувнинг муассиси) иккинчи тарафга (ишончли бошқарувчига) мол-мулкини муайян муддатга ишончли бошқарувга топширади, иккинчи тараф эса ушбу мол-мулкни бошқарувнинг муассиси ёки у кўрсатган шахс (фойда олувчи) манфаатларини кўзлаб бошқариш мажбуриятини олади.

Мол-мулкни ишончли бошқаришга топшириш бу мол-мулкка мулк ҳуқуқининг ишончли бошқарувчига ўтишига олиб келмайди.

Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси ёзма шаклда тузилади.

Ишончли бошқариш объектлари корхоналар ва бошқа мол-мулк комплекслари, кўчмас мулкка мансуб бўлган алоҳида объектлар, қимматли қоғозлар, алоҳида ҳуқуқлар ва бошқа мол-мулкдан иборат бўлиши мумкин.


54. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси шаклига риоя қилмаслик, унинг ҳақиқий бўлмаслигини келтириб чиқаради.


55. Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган мулкни ишончли бошқариш шартномасини тасдиқлашда ушбу мулк бошқарувнинг муассисига тегишлилиги, шу мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлиги текширилади. Бунда консул Ташқи ишлар вазирлиги орқали Адлия вазирлигига мурожаат этади.


56. Тақиқ ва хатлов мавжуд бўлган ҳолларда мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси фақат кредитор рози бўлган тақдирдагина тасдиқланади. Тақиқ ҳамда хатлов суд ва тергов органлари томонидан қўйилган тақдирда, шартнома тақиқ ва хатлов олиб ташланганидан сўнг расмийлаштирилади.


57. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тасдиқлашда Фуқаролик кодексининг 850-852-моддалари талабларидан келиб чиққан ҳолда ҳужжатлар талаб этилади.


58. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасида қуйидагилар назарда тутилиши керак:

шартноманинг номи, шартнома тасдиқланган жойнинг тўлиқ номи ва тузилган санаси (йил, ой ва кун сўзлар билан ёзилади);

шартнома бўйича ишончли бошқаришга бериладиган мол-мулк рўйхати;

фойда олувчи тўғрисидаги кўрсатма;

ишончли бошқарувчининг ҳисоботлар тақдим этиш муддатлари;

ишончли бошқариш бекор қилинган тақдирда мол-мулкни оладиган шахс;

агар ҳақ тўлаш шартномада назарда тутилган бўлса, ишончли бошқарувчига тўланадиган ҳақнинг миқдори ва шакли.

Шартномада юқорида назарда тутилган шартлар бўлмаган тақдирда, шартнома тузилмаган ҳисобланади.


59. Мол-мулкни ишончли бошқариш шартномаси беш йилдан ортиқ бўлмаган муддатга тузилади. Шартноманинг амал қилиш муддати тамом бўлганида тарафлардан бирининг шартномани бекор қилиш тўғрисидаги аризаси бўлмаса, шартнома унда назарда тутилган муддатга ва шартлар асосида узайтирилган ҳисобланади.

Ишончли бошқаришга топшириладиган айрим турдаги мол-мулклар учун қонунда шартнома амал қилишининг бошқа энг кўп муддатлари белгилаб қўйилиши мумкин.

Ишончли бошқариш шартномасини тасдиқлашда консул Фуқаролик кодексининг 849-861-моддалари талабларининг мазмуни, шунингдек мол-мулкни ишончли бошқариш объектига қараб шартномани давлат рўйхатидан ўтказиш зарурлигини, рўйхатдан ўтказмаслик натижасида келиб чиқадиган оқибатларни тушунтиради ва бу ҳақда шартноманинг матнида кўрсатилади.



6-§. Қарз шартномасини тасдиқлаш


60. Фуқаролик кодексининг 732-моддасига мувофиқ қарз шартномаси бўйича бир тараф (қарз берувчи) иккинчи тарафга (қарз олувчига) пул ёки турга хос аломатлари билан белгиланган бошқа ашёларни мулк қилиб беради, қарз олувчи эса қарз берувчига бир йўла ёки бўлиб-бўлиб, ўшанча суммадаги пулни ёки қарзга олинган ашёларнинг хили, сифати ва миқдорига баравар ашёларни (қарз суммасини) қайтариб бериш мажбуриятини олади.


61. Қарз шартномаси тасдиқланаётганда консул тарафларнинг ҳақиқий истакларини аниқлаши лозим. Шартномада қарзнинг қайтарилиш муддати, жойи ва мажбурият бажарилишини таъминлаш усуллари ҳақида консул томонидан тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак. Лозим бўлса, консул тарафларнинг хоҳиш-истакларини аниқлаш мақсадида улардан ариза олиши мумкин.


62. Қарз шартномаси бўйича фоизларни белгилаш юзасидан шартлар тарафлар томонидан Фуқаролик кодексининг 734-моддасида кўрсатилган тартибда белгиланади.



7-§. Васиятномаларни тасдиқлаш


63. Фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади.

Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди.

Васиятнома матни васият қилувчи томонидан ёзилиб, консулга шахсан тақдим этилган ёки унинг сўзларидан консул томонидан ёзиб олинган бўлиши лозим.

Васиятномани тасдиқлаб беришда васият қилувчидан унинг васият қилинаётган мол-мулкка бўлган ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш талаб қилинмайди.

Васиятнома ёзилган жойи ва вақти кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда тузилиши лозим. Ёзма шаклдаги васиятнома васият қилувчининг ўз қўли билан имзоланиши, фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ ёзилиши шарт.

Агар васият қилувчи жисмоний нуқсонлари, касаллиги ёки саводсизлиги туфайли васиятномани ўз қўли билан имзолай олмаса, унинг илтимосига биноан консул ҳозир бўлганида васият қилувчи ўз қўли билан имзолай олмаганлигининг сабаблари кўрсатилган ҳолда, васиятномага бошқа шахс имзо қўйиши мумкин. Бундай ҳолатда, консул Фуқаролик кодексининг 1128-моддасига асосан васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаган фуқарога мерос очилгунга қадар васиятноманинг мазмуни, унинг тузилиши, бекор қилиниши ёки ўзгартирилишига дахлдор маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмаслигини тушунтиради ва бу ҳақда васиятнома матнида ва тасдиқловчи ёзувда қайд этади.


64. Қуйидаги шахслар васият қилувчининг ўрнига васиятномани имзолаши мумкин эмас:

васиятномани тасдиқловчи консул;

васиятнома кимнинг фойдасига тузилган ёки кимга нисбатан васият мажбурияти юклатилган бўлса, ўша шахс, унинг эри (хотини), болалари, ота-онаси, неваралари ва чеваралари, шунингдек васият қилувчининг қонун бўйича меросхўрлари;

тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаган фуқаролар;

саводсиз бўлган шахслар ва васиятномани ўқий олмайдиган бошқа шахслар;

ёлғон гувоҳлик берганлик учун муқаддам судланган шахслар.


65. Васият қилувчининг илтимосига биноан васиятномани тасдиқлашда гувоҳлар иштирок этиши мумкин. Бундай ҳолда васиятноманинг ҳар икки нусхасига бу ҳақда ёзиб қўйилади.


66. Васият қилувчининг хоҳишига кўра васиятнома консул томонидан унинг мазмуни билан танишиб чиқилмасдан (маҳфий васиятнома) тасдиқланади.

Маҳфий васиятномани васият қилувчи ҳақиқий саналмаслик хавфи остида ўз қўли билан ёзиши ва имзолаши, фамилияси, исми ва отасининг исмини тўлиқ ёзиши лозим. Бу ҳақда консул васият қилувчидан оғзаки сўрайди ва тасдиқловчи ёзувда кўрсатади. Васиятнома икки гувоҳ ва консул иштирокида хатжилдга солиниб, хатжилд елимланиши лозим, гувоҳлар ўз фамилияси, исми, отасининг исмини ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзилни кўрсатган ҳолда хатжилдга имзо қўядилар. Гувоҳлар имзо қўйган хатжилд гувоҳлар ва консулнинг иштирокида бошқа хатжилдга солинади ва бу хатжилд ҳам елимланади, унга консул тасдиқловчи ёзувни ёзиб қўяди.

Маҳфий васиятнома реестрда қайд этилиб, алифбо китобига киритилади ва васиятномалар турадиган йиғмажилдда сақланади.


67. Васият қилувчининг васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш ҳақидаги аризаси консул томонидан нотариал шаҳодатлантирилиши керак.

Консул васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза олган тақдирда васиятноманинг консуллик муассасасида сақланаётган нусхасига, реестрга ва алифбо китобига бу хусусда ёзув киритади. Васиятномани ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида ариза консуллик муассасасида юритиладиган битимларни бекор қилиш тўғрисидаги алоҳида йиғмажилдда сақланади.

Васият қилувчи ўзида сақланаётган васиятнома нусхасини тақдим этган тақдирда, васиятноманинг ўзгартирилганлиги ёки бекор қилинганлиги тўғрисида бу нусхага ҳам ёзиб қўйилади.


68. Консул васиятномани тасдиқлашда васият қилувчига Фуқаролик кодексининг 1127 ва 1142-моддалари мазмунини тушунтириши ва бу ҳақда васиятнома матнида кўрсатиб ўтиши лозим.


69. Консул Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда сафарда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномаларини қабул қилади ва Ташқи ишлар вазирлиги орқали мерос қолдирувчининг доимий яшаш жойи бўйича тегишли идоравий нотариал архивга жўнатади.

Агар васият қилувчининг Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўлмаса ёки унинг яшаш жойи номаълум бўлса, васиятнома Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган идоравий нотариал архивга юборилади.


8-§. Ишончномаларни тасдиқлаш


70. Фуқаролик кодексининг 134-моддасига асосан бир шахс (ишонч билдирувчи) томонидан иккинчи шахсга (ишончли вакилга) учинчи шахслар олдида вакиллик қилиш учун берилган ёзма ваколат ишончнома ҳисобланади. Ишончли вакил ўзига ишончнома билан берилган ваколатлар доирасида иш олиб боради.


71. Фуқаролик кодексининг 129-моддасига асосан ўз хусусиятига кўра фақат шахсан тузилиши мумкин бўлган битимни, шунингдек қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган бошқа битимларни вакил орқали тузишга йўл қўйилмайди.


72. Юридик шахс номидан, шунингдек юридик шахсга ҳам ишончнома фақат юридик шахснинг уставида (низомида) кўрсатилган фаолият мақсадларига зид бўлмаган битимларни тузиш учунгина берилиши мумкин. Бу ҳолда, консул юридик шахснинг уставини (низомини) текширади.

Консуллар бир ёки бир неча шахс номидан бир ёки бир неча шахс номига ёзилган ишончномаларни тасдиқлайдилар.

Нотариал шаклни талаб қилувчи битимларни тузиш ёхуд юридик шахсларга нисбатан ҳаракатларни амалга ошириш учун берилган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Фуқаролик кодексининг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар ва қонунчилик ҳужжатлари билан ишончноманинг ўзгача шакли белгилаб қўйилган бошқа ҳоллар бундан мустасно.


73. Ишончномани тузиш ва тасдиқлаш учун ишончли вакилнинг иштироки талаб этилмайди.

Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишончнома берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатлар ёки унинг сўзларига асосан ёзилиши мумкин. Ишончли вакил ҳақидаги, шунингдек ишончнома объекти ҳақидаги маълумотлар ишонч билдирувчининг сўзларига асосан ёзилган ҳолларда берилган маълумотларнинг тўғрилиги учун ишонч билдирувчи масъулдир. Бу ҳақда ишончнома матнида ва тасдиқловчи ёзувида қайд этиб қўйилади.


74. Ишончнома матнида унинг тузилган (имзоланган) жойи ва санаси, ишонч билдирувчи ва ишончли вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг тўлиқ номи ва жойлашган ери (почта манзили), СТИРи), доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, ишончли вакилга берилаётган ваколатлар доираси, Фуқаролик кодексининг 141 ва 142-моддалари тушунтирилганлиги кўрсатилиши керак.

75. Фуқаролик кодексининг 505-моддасига мувофиқ, ҳадя олувчининг номи ва ҳадя нарсаси кўрсатилмаган ҳадяни вакил томонидан амалга ошириш ишончномаси ўз-ўзидан ҳақиқий эмас.

Консул мулкни ҳадя қилиш шартномасини тасдиқлаш билан боғлиқ ишончномани тасдиқлашда ишончнома матнида ҳадя олувчининг номи ва ҳадя нарсасини кўрсатиши шарт.


76. Ишончнома биттадан ортиқ ишончли шахсга берилган тақдирда, у ишончли шахслар сони бўйича расмийлаштирилади.


77. Ишончнома кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. Агар ишончномада муддат кўрсатилмаган бўлса, у берилган кундан бошлаб бир йил мобайнида ўз кучини сақлайди.


78. Берилган куни кўрсатилмаган ишончнома ҳақиқий эмас.


79. Ваколатларнинг бошқа шахсга берилишига асос бўлган ишончнома нотариал тасдиқланган бўлиши керак, Фуқаролик кодексининг 136, 137, 138-моддаларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


80. Фуқаролик кодексининг 140-моддасига мувофиқ, ишончнома берилган шахс ўз ваколатидаги ҳаракатларни шахсан амалга ошириши шарт. Башарти, унга ишончнома билан ваколат берилган бўлса ёки уни ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилишга шароит мажбур қилса, у ҳаракатларни амалга оширишни бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома шундай ишониб топшириш ҳуқуқи кўрсатиб қўйилган асосий ишончнома тақдим этилганидан кейин ёки асосий ишончнома бўйича вакил ишончнома берган шахснинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун вазият тақозоси билан шундай иш тутишга мажбур бўлганлиги ҳақида далиллар тақдим этганидан кейин нотариал тасдиқланиши керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома асосий ишончнома бўйича берилганидан кўпроқ ҳуқуқни қамраб олмаслиги керак. Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончноманинг амал қилиш муддати бу ишончномани беришга асос бўлган асосий ишончноманинг амал қилиш муддатидан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончнома матнида асосий ишончнома тасдиқланган сана, жой ва реестр рақами, асосий ишончнома олган, берган ва ваколат ишониб топширилаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, асосий ишончнома билан берилган барча ёки айрим ваколатларининг (масалан, автомототранспорт воситасини сотиш, бошқариш, таъмирлаш, ҳайдаб олиб бориш ва шу кабилар) берилаётганлиги ҳақида аниқ кўрсатилиши керак. Тасдиқловчи ёзувда эса ваколат берилган шахс асосий ишончномага асосан ҳаракат қилаётганлиги кўрсатиб ўтилади. Консуллик муассасасида қолдириладиган асосий ишончномага эса мазкур ишончнома бўйича ваколатлар бошқа шахсга берилганлиги ҳақида ёзиб қўйилади. Асосий ишончноманинг нусхаси консуллик муассасасида қолдириладиган ўз ваколатини бошқа шахсга ишониб топшириш тартибида берилган ишончномага қўшиб тикиб қўйилади.

81. Ишончнома берувчи томонидан ишончнома бекор қилинган тақдирда, ишончнома берган шахснинг бу ҳақдаги аризасидаги имзосининг ҳақиқийлиги нотариал тартибда шаҳодатлантирилади. Бу ҳақда реестрга ҳамда консуллик муассасасида сақланаётган ишончнома нусхасига белги қўйилади. Ушбу ариза ишончнома нусхасига ёки алоҳида йиғмажилдга тикиб қўйилади. Аризанинг иккинчи нусхаси ишончли вакилни хабардор қилиш учун ишонч билдирувчига берилади.

Агар бекор қилинаётган ишончнома идоравий нотариал архивда расмийлаштирилган бўлса, консул томонидан унинг бекор қилинганлиги ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги орқали тегишли идоравий нотариал архивга маълумот юбориши лозим.


9-§. Мерос мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш


82. Консул башарти қонун бўйича меросхўрларнинг ёки васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчиларнинг, кредиторлар ёки давлатнинг манфаатлари учун зарур бўлса, фуқаролар ва юридик шахсларнинг хабарига кўра ёки ўз ташаббуси билан мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўради.


83. Консул мол-мулкнинг қўриқланишини таъминловчи қуйидаги чора-тадбирларни кўради:

мерос очилган жойни аниқлайди;

яшаш жойи маълум бўлган меросхўрларни мерос очилганлиги ҳақида ва мол-мулкнинг рўйхатга олиниши тўғрисида хабардор қилади;

ўлим фактини тасдиқлаш учун ўлим ҳақидаги гувоҳномани ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувидан кўчирмани талаб қилади, гувоҳноманинг нусхаси мерос ишида қолдирилади;

мерос мол-мулкни қўриқлашга дастлабки чора-тадбирлар кўрилган ёки кўрилмаганлигини, агар кўрилган бўлса, унда бу чора-тадбир ким томонидан кўрилганлигини, мерос қолдирувчининг мол-мулки турган хона (хоналар) муҳрланганлигини, бу хонанинг (хоналарнинг) калити кимдалигини аниқлайди;

ушбу мол-мулкни рўйхатга олиш тўғрисида меросхўрлар ёки бошқа манфаатдор шахсларни хабардор қилади.


84. Мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаб келаётган шахслар ёки бошқа меросхўрлар рўйхатга олиш учун мол-мулкни тақдим этган тақдирдагина, консул ушбу мол-мулкни рўйхатга олади.

Агар мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаб келаётган шахслар ёки бошқа меросхўрлар мол-мулкни рўйхатга олишга қаршилик қилишса, консул мол-мулкни хатлаш учун тақдим этишдан бош тортганлик тўғрисида далолатномани тузади ва меросхўрларни бу ҳақда хабардор қилади, уларга бу масала юзасидан даъво билан судга мурожаат этиш ёки даъвони таъминлаш мақсадида суд тартибида мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқларини тушунтиради.

Агар рўйхатга олиш учун жойига чиқилганда, рўйхатга олиниши лозим бўлган мол-мулк мавжуд бўлмаса ва меросхўрлар ёки бошқа шахслар томонидан олиб кетилган бўлса, консул мол-мулк мавжуд эмаслиги тўғрисида ёки мол-мулк олиб кетилганлиги тўғрисида далолатнома тузади ва бу ҳақда меросхўрларга ёки бошқа манфаатдор шахсларга хабар беради, уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мол-мулкни қайтариш талаби билан тегишли органларга мурожаат этиш ҳуқуқини тушунтиради.


85. Рўйхатга олиш далолатномасида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

мерос мол-мулк тўғрисидаги хабар ёки уни қўриқлашга доир чора-тадбирлар кўриш тўғрисидаги топшириқнинг келиб тушган санаси;

рўйхатга олиш санаси, рўйхатга олишда иштирок этувчи шахсларнинг фамилияси, исми, отасининг исми;

мерос қолдирувчининг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг вафот этган санаси;

рўйхатга олинаётган мол-мулкнинг жойлашган жойи;

қайд этилган барча предметларнинг батафсил тавсифи.


86. Рўйхатга олишни амалга оширишда иштирок этган меросхўрлар ва бошқа манфаатдор шахсларнинг келишувига кўра рўйхатга олинаётган ҳар бир мерос мол-мулк алоҳида баҳоланиши керак. Келишув бўлмаганида эса мерос мол-мулкка ёки унинг келишувга эришилмаган қисмига нисбатан баҳолаш мерос мол-мулкнинг баҳоланишини талаб қилган шахснинг ҳисобидан баҳоловчи ташкилот томонидан амалга оширилади.

Агар меросхўрлар томонидан мерос қабул қилинмаса, баҳоловчи ташкилотнинг хизмат ҳақи мерос мол-мулк ҳисобидан ундирилади.


87. Автомототранспорт воситалари баҳоловчи ташкилотлар томонидан баҳоланади.


88. Рўйхатга олиш далолатномасининг ҳар бир бетида буюмлар (предметлар) миқдори ва уларнинг баҳоси натижаларига, рўйхат тугаганида буюмлар (предметлар) миқдори ва уларнинг баҳоси умумий натижаларига якун ясалади.

Рўйхатга олиш далолатномасига мерос қолдирувчининг барча мол-мулки киритилади.

Қўшнилар ва бошқа шахсларнинг айрим буюмлари уларга тегишли эканлиги тўғрисидаги аризалари рўйхатга олиш далолатномасига киритилади, манфаатдор шахсларга судга даъво билан мурожаат этиб, ушбу мол-мулкни рўйхатдан чиқариш тартиби тушунтирилади.

Рўйхатга олиш далолатномаси камида уч нусхада тузилиб, битта нусхаси мерос ишига тикилади, иккинчиси тилхат билан мерос бошқарувчилари ва мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган бошқа шахсларга, учинчиси меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома билан биргаликда меросхўрларга берилади.


89. Мерос мол-мулкни рўйхатга олиш далолатномаси асосида реестрда мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирларни кўриш бўйича нотариал ҳаракатни рўйхатга олиш навбатдаги рақам билан амалга оширилади ва ушбу нотариал ҳаракат учун қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда консуллик йиғими ундирилади.


90. Вафот этган шахсдан қолган пул маблағлари меросхўрларга гувоҳнома берилгунга қадар ёки мерос олиш ҳуқуқи бўйича мерос мулкнинг давлат фойдасига ўтиш ҳолларида консуллик муассасасининг депозит ҳисоб рақамига топширилади.


91. Олтин, кумуш, платина ва тангадаги, қуймадаги ва хом турдаги платина гуруҳидаги металларга, чет эл валютасига, чет эл валютасида берилган тўлов ҳужжатларига, ҳужжатли шаклдаги қимматли қоғозларга, қимматбаҳо металлардан, тошлардан ишлаб чиқарилган буюмларга, шунингдек қимматбаҳо тошларга алоҳида рўйхат тузилади, улар конвертга ёки юмшоқ идишга солинади, муҳрланади, пломбаланади ва рўйхатга олинган куннинг кейинги кунидан кечиктирмай, меросхўрларга берилгунича ёки мерос олиш ҳуқуқи бўйича мерос мол-мулк давлатга ўтиш ҳолатида давлат фойдасига топширилгунга қадар, тегишли тартибда сақланади.

Ҳужжатсиз шаклдаги қимматли қоғозлар депозитарийнинг ҳисобга олиш регистрларидаги ёзувлар тарзида тегишли депозитарийларда сақланади.

Базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан кам бўлган нархдаги қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган шахсларда қолдирилади.

Рўйхатга олинган қимматбаҳо ашёларни (буюмларни) сақлаш учун банкка топширишдан олдин консул консуллик муассасасида юритиладиган қимматбаҳо ашёлар (нарсалар)ни рўйхатга олиш китобида уларни қайд этиши лозим. Қимматбаҳо ашёлар (буюмлар)нинг рўйхати уч нусхада тузилади. Улардан бири қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) билан тегишли банкка берилади, иккинчиси мерос ишига тикилади ва учинчиси меросхўрларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома билан бирга берилади.


92. Агар рўйхатга олиш вақтида эскириши сабабли ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган нарсалар ёки уй ҳайвонлари мавжуд бўлса, меросхўрларнинг розилиги билан уларнинг бирига, меросхўрлар бўлмаганида эса консул томонидан мерос мулкини сақлаш учун тайинланган бошқа шахсларга далолатнома тузиш орқали топширилади.


93. Озиқ-овқат маҳсулотларини консул меросхўрларга, улар бўлмаганда тегишли ташкилотларга топширади. Озиқ-овқат маҳсулотларини топшириш алоҳида далолатнома бўйича амалга оширилади.


94. Акциялар, облигациялар, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларни рўйхатга олиш далолатномасида ҳар бир акциялар, облигациялар, векселлар ва бошқа қимматли қоғозларни чиқарган ташкилот номи, серияси ва рақами, уларнинг номинал қиймати ва сони кўрсатилади.


95. Омонат дафтарчалари ва марҳумга тегишли бўлган нарсаларга ломбард томонидан берилган гаров патталари рўйхатга олинади ва меросхўрларга сақлаш учун берилади. Меросхўрлар бўлмаган тақдирда, консул томонидан мерос мулкини сақлаш учун тайинланган бошқа шахсларга топширилади.


96. Марҳумнинг мол-мулки таркибида бўлган барча турдаги қурол, шу жумладан, ов милтиғи ва портловчи моддаларнинг қўриқланиши ва тасарруф этилишига доир чора-тадбирлар тегишли чет давлати қонунчилигига биноан амалга оширилади.


97. Мерос қолдирувчига тегишли бўлган орден, медаллар, фахрий унвонлар, кўкрак нишонлари, шунингдек уларни тақдирлаш тўғрисидаги ҳужжатлар эсдалик сифатида сақлаш учун мерос қолдирувчининг оила аъзоларида қолдирилади ёки меросхўрларнинг розилиги билан улар Ташқи ишлар вазирлиги орқали музейларга топширилиши мумкин.


98. Мол-мулкни рўйхатдан ўтказиш вақтида консул мол-мулкни оддий уй-рўзғор буюмларига ва қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) таркибига киритиш масаласини ҳал этади. Мол-мулкни оддий уй-рўзғор буюмлари қаторига киритишнинг асосий хусусияти, бу уларни нафақат мерос қолдирувчи томонидан, балки меросхўрлар ёки мерос қолдирувчи билан бирга яшаган бошқа шахсларнинг кундалик маиший эҳтиёжларини қондириш учун улардан фойдаланилганлиги ҳисобланади.

Қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) таркибига зеб-зийнатлар, қимматбаҳо металлардан ишланган буюмлар, қимматбаҳо ва ярим қимматбаҳо тошлар, ноёб нарсалар, ноёб дарахт навларидан ясалган мебеллар, асл расмлар, қимматбаҳо гиламлар, шунингдек қимматбаҳо сервислар, нодир китобларнинг махсус тўпламлари, қимматбаҳо тўпламлар киради.


99. Меросхўрлар ўртасида мерос мол-мулкнинг қимматбаҳо ашё (буюм) ёки оддий уй-рўзғор буюмларига киритилиши тўғрисида келиб чиққан низо суд томонидан ҳал этилади.


100. Мерос қолдирувчининг шахсий буюмлари, шунингдек касбий фаолиятига оид предметлари (масалан, ёзув машинкаси, компьютер, мусиқа асбоблари, тиббий асбоблари ва ҳоказо) рўйхатга олиниши шарт.


101. Агар мол-мулкнинг таркибида қимматбаҳо қўлёзмалар, адабиёт асарлари, тарихий ёзишмалар мавжуд бўлса, ушбу ҳужжатлар алоҳида рўйхатга олиниб, меросхўрларга ёки тегишли ташкилотларга сақлаш учун топширилади, меросхўрлар мавжуд бўлмаган тақдирда, консул ушбу ҳужжатлар ва қимматбаҳо ашёлар (буюмлар) сақланадиган хонани (хоналарни) муҳрлаб қўяди.


102. Мерос таркибида бошқаришни талаб қиладиган мол-мулк мавжуд бўлса, шунингдек мерос қолдирувчининг кредиторлари меросхўрлар томонидан меросни қабул қилиб олгунига қадар даъво қўзғатган ҳолларда, консул мерос мол-мулкнинг бошқарувчисини тайинлайди ва бу ҳақда қарор чиқаради.

Консул Фуқаролик кодексига кўра мол-мулкни ишончли бошқариш муассиси сифатида иштирок этиб, ишончли бошқарувчи билан мол-мулкни ишончли бошқариш шартномасини тузади.


103. Консул мерос мол-мулк сақлаш учун топширилган шахсларни, васий ва ҳомийларни ҳамда мерос бошқарувчиларини мерос мол-мулкни талон-торож қилганлик, бошқа шахсга ўтказганлик ёки яширганлик учун қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилишлари ва зарар етказганликлари учун моддий жавобгарликка тортилишлари тўғрисида огоҳлантиради. Қилинган огоҳлантириш тўғрисида кўрсатилган шахслардан тилхат олинади. Бу ҳақда сақланишга топширилаётган мерос мол-мулкни рўйхатга олиш далолатномасида ёки мерос мол-мулкни сақлаш учун топшириладиган шахсларни тайинлаш тўғрисидаги қарорида баён этилиши мумкин.

Мерос бошқарувчилари ва сақловчилар агар меросхўр бўлмасалар, мерос мол-мулкни сақлаганлик учун меросхўрлардан ҳақ олишга ҳақлидир. Кўрсатиб ўтилган шахсларнинг мерос мол-мулкни сақлаш ва бошқариш учун қилган зарур харажатлари ҳам қопланади, бунда мол-мулкдан фойдаланиш ҳисобига амалда олинган фойда чегириб ташланади.


104. Консуллар меросхўрлар томонидан мерос қабул қилиб олингунига қадар, агар мерос қабул қилиб олинмаган бўлса, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома давлатга берилгунига қадар, мерос мол-мулк ҳисобидан мерос мол-мулк билан боғлиқ харажатларни тўлаш тўғрисида фармойиш беради.

Фармойишнинг бир нусхаси мерос ишига тикилади. Ушбу фармойиш нотариал ҳаракат деб ҳисобланмайди ва бунинг учун консуллик йиғими олинмайди.

Қонунларда мерос мол-мулк ҳисобидан харажатларни қоплашнинг бошқа ҳоллари ҳам белгиланиши мумкин.


105. Агар шахс консуллик муассасасига дафн этиш бўйича қилинган харажатларни қоплаш илтимоси билан мурожаат этса, меросхўрлар эса меросни қабул қилишган (меросни олиш тўғрисида ариза тақдим этишган, уларни бошқаришга киришган) бўлса ва улар харажатларни тўлашдан ихтиёрий равишда бош тортишса, консул ариза берувчига харажатларни қоплаш тўғрисида меросхўрларга нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат этиш тартибини тушунтиради.

Қилинган сарф-харажатларни тасдиқлаш учун консул дафн маросимини ташкил қилиш бўйича хизмат идоралари комиссиясининг далолатномаларини, даволаш муассасаларининг маълумотномаларини, суд ҳужжатининг нусхасини, меросхўрларни чақириш бўйича эълонларнинг нашр этилганлиги учун тўлов қоғозини ва бошқа ҳужжатларни талаб қилади.


106. Мерос қолдирувчининг кредиторлари васиятномани ижро этувчига (меросни бошқарувчига) ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақлидирлар.

Мерос очилган жой бўйича консул мерос қолдирувчининг кредиторларидан аризаларни қабул қилади.

Аризалар ёзма равишда баён этилиши ва қарз мажбуриятларининг бажарилиши муддатидан қатъи назар, консул томонидан қабул қилиниши лозим. Келиб тушган ариза тўғрисида консул васиятномани ижро этувчини (меросни бошқарувчини) ёки меросхўрларни хабардор қилади.



10-§. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар бериш


107. Мерос очилган жойдаги консул меросхўрларнинг ёзма аризаларига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳномалар беради.

Меросни қабул қилиш ёки ундан воз кечиш ҳақидаги аризалар консул томонидан тегишли тартибда шаҳодатлантирилган бўлиши лозим.

Меросхўр шахсан ўзи консуллик муассасасига келиб, аризани тақдим этган ҳолда, унинг имзосининг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш талаб қилинмайди. Бу ҳолда, консул меросхўрнинг шахсини аниқлайди ва имзоси ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги қўяди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томонидан берилганлигини ва туғилган санасини кўрсатади.

Агарда ариза почта орқали келиб тушган бўлса, меросхўрнинг имзоси ҳақиқийлиги шаҳодатланмаган бўлса ҳам, ариза консул томонидан қабул қилинади, меросхўрга эса аризани консул томонидан шаҳодатлантирилган ҳолда юбориш ёки консуллик муассасасига шахсан келиши ҳақида хабарнома юборилади.


108. Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги консулга ариза бериш орқали амалга оширилади.

Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.

Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.


109. Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.

Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли.

Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.

Ушбу бандда назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.


110. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришни сўраб консуллик муассасасига ариза билан мурожаат этган марҳум эрдан (хотиндан) кейин бева қолган хотинига (эрига) Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 й., 5-6-сонга илова) 23-моддаси ва Қонуннинг 63-моддаси (агар мулк мерос қолдирувчи билан биргаликдаги никоҳ давомида орттирилган бўлса) мазмуни тушунтирилади, бу ҳақда меросни қабул қилиш ҳақидаги аризага белги қўйилади. Ариза почта орқали келганда, марҳум эрдан (хотиндан) кейин бева қолган хотинга (эрга) юқорида қайд этилган моддалар мазмуни тушунтирилган хабарнома юборилади.


111. Мерос фуқаронинг ўлими ёки унинг суд томонидан вафот этган деб эълон қилиниши оқибатида очилади.

Мерос қолдирувчининг вафот этган куни (зарурат бўлганда пайти ҳам), у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида бошқа муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирадиган кун мерос очилган вақт деб ҳисобланади.

Агар биридан кейин бошқаси мерос олишга ҳақли бўлган шахслар бир календарь сутка (йигирма тўрт соат) ичида вафот этган бўлсалар, улар бир вақтда вафот этган деб ҳисобланадилар, мерос уларнинг ҳар биридан кейин очилади ва улардан ҳар бирининг меросхўрлари ворисликка чақириладилар. Бу ҳолда уларнинг ҳар биридан кейин алоҳида мерос иши очилади.


112. Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.

Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам агар консул тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.


113. Фуқаролик кодексининг 1157-моддасига мувофиқ агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёки меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади.


114. Консул қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома бериш пайтида мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, мерос очилган жойи ва вақтини, мерос мол-мулк таркиби ва унинг жойлашган жойини, мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатини ҳамда қонун бўйича меросхўрлар доирасини аниқлайди.


115. Мерос қолдирувчининг вафот этганлиги ва мерос очилган вақт мерос қолдирувчининг ўлими ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар билан тасдиқланади.


116. Мероснинг очилиш жойи деб мерос қолдирувчининг охирги доимий яшаб турган жойи ҳисобланади.

Агар мерос қолдирувчининг охирги яшаб турган жойи номаълум бўлса, мерос қолдирувчига тегишли бўлган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми турган жой, кўчмас мулк бўлмаган тақдирда эса, кўчар мулкнинг асосий қисми турган жой мерос очилган жой деб ҳисобланади. Меросхўрларда ушбу ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, консул мероснинг очилиш жойини аниқлаш тўғрисида суд ҳужжати нусхасини талаб қилади.


117. Мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи консуллик муассасаси жойлашган ёки консуллик округи доирасидаги давлатда бўлса, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан, консул мерос очилган жой бўйича консуллик муассасасига мурожаат этган меросхўрлар доирасини текшириб, мерос қилиб қолдирилган кўчмас мулк ёки унинг асосий қисми жойлашган жой бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома беради.

Мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи МДҲга аъзо давлатлар ёки бошқа чет эл давлатларидан бирида бўлган тақдирда, фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ёрдам ҳамда ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига асосан мерос қилиб қолдирилган кўчар мол-мулкка нисбатан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос қолдирувчининг охирги яшаган жойи бўйича берилади.


118. Мерос таркиби мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятларини тасдиқловчи ҳужжатлар асосида аниқланади.


119. Мерос қолдирувчи билан меросхўрларнинг қариндошлик муносабатлари туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, туғилганлиги ва никоҳ тузилганлиги ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирмалар, қариндошлик ёки бошқа муносабатларнинг ҳақиқийлигини белгиловчи суд ҳужжати ва қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади.


120. Агар марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотини (эри) бошқа қайд этилган никоҳдан ўтган бўлса ҳам, у мерос очилишига чақирилади.

Никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган ҳолатда, бундай никоҳда бўлган шахслар бир-бирининг вафотидан кейин меросхўр деб ҳисобланмайдилар.

Фуқаролик кодексининг 1134-моддасига мувофиқ, қонун бўйича ворисликда фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари, бир тарафдан, фарзандликка олувчи шахс ва унинг қариндошлари, иккинчи тарафдан, туғишган қариндошларга тенглаштириладилар.

Фарзандликка олинганлар ва уларнинг авлодлари фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.

Фарзандликка олинган шахснинг ота-онаси ҳамда бува-бувилари, ака-укалари, опа-сингиллари фарзандликка олинган шахс ва унинг авлодлари вафот этганидан кейин қонун бўйича мерос олмайдилар.

Қонун бўйича ворисларнинг ҳар бир навбати аввалги навбатдаги меросхўрлар бўлмаган, меросдан четлаштирилган, меросни қабул қилмаган ёхуд ундан воз кечган тақдирда ворислик ҳуқуқига эга бўлади.


121. Ўзини мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган деб ҳисоблаётган шахс меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳноманинг берилишини сўраб мурожаат этса, консул уни мерос қолдирувчининг вафотига қадар камида бир йил мерос қолдирувчининг қарамоғида турганлиги, шунингдек мерос очилган кунда меҳнатга лаёқатсиз эканлигини текшириши лозим.

Мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлганлик факти суд ҳужжати асосида тасдиқланади.

Ёши бўйича қарамоқда бўлган шахснинг меҳнатга қобилиятсизлиги унинг паспорти, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва пенсия гувоҳномаси бўйича текширилади.


122. Агар қонун бўйича бир ёки бир нечта меросхўрлар уларни мерос олишга чақириш учун асос бўладиган қариндошлик ёки бошқа муносабатлар исботини келтириш имкониятидан маҳрум бўлишса, бунда улар мерос қабул қилган ва тегишли исботларни тақдим этган барча меросхўрнинг (меросхўрларнинг) ёзма розилиги билан меросхўрлар таркибига киритилишлари мумкин. Бу розилик ёзма ариза кўринишида расмийлаштирилади. Меросхўрлар шахсан ўзлари консуллик муассасасига келиб, аризани тақдим этган ҳолда, уларнинг имзолари ҳақиқийлигини шаҳодатлаш талаб қилинмайди. Бу ҳолда, консул меросхўрларнинг шахсини аниқлайди ва имзолари ҳақиқийлигини текширади, бу ҳақда аризага белги қўяди ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатнинг номини, унинг рақамини, қачон ва ким томонидан берилганлигини ва туғилган йилини кўрсатади.

Ушбу ариза шаҳодатлантирилган ҳолда тақдим этилиши мумкин.


123. Консул васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш пайтида тегишли далилларни талаб қилиб олиш йўли билан мерос қолдирувчининг вафот этганлигини, васиятноманинг мавжудлигини, мероснинг очилган вақти ва жойини, мерос мол-мулкнинг таркиби ва у жойлашган жойни, меросдан мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар доирасини аниқлайди.

Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани бериш вақтида васиятноманинг бекор қилинмаганлиги текширилади. Васиятномада унинг бекор қилинмаганлиги ҳақида белги қўйилганлигидан қатъи назар, консулда шубҳа туғилган тақдирда, васиятноманинг бекор қилинмаганлиги қайта текширилади.


124. Омонатни банк муассасаларига қўйган омонатчи ўзининг вафотидан кейин омонатларини бошқа шахсларга бериш ёки давлатга ўтказиш ҳақида васият қолдирган бўлса ва бу омонат Фуқаролик кодексининг 18-бобида ёки Оила кодексининг 23-моддасида белгиланган умумий биргаликдаги мулкни ташкил этса, омонатчининг васияти фақатгина ўзининг улушига нисбатан татбиқ қилинади.

Банкларда сақланаётган омонатга васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома беришда Фуқаролик кодексининг 1142-моддаси қоидалари қўлланилади.


125. Мерос қолдирувчининг вояга етмаган ёки меҳнатга қобилиятсиз болалари, шу жумладан, фарзандликка олган болалари, шунингдек меҳнатга қобилиятсиз эри (хотини) ва ота-онаси, шу жумладан, уни фарзандликка олганлар, васиятноманинг мазмунидан қатъи назар, қонун бўйича ворис бўлганларида улардан ҳар бирига тегиши лозим бўлган улушнинг камида ярмини (мажбурий улуш) мерос қилиб оладилар.


126. Меросдаги мажбурий улушдан воз кечиш ҳеч бир шартсиз бўлиши лозим. Бошқа шахслар фойдасига мажбурий улушдан воз кечишга йўл қўйилмайди. Бу ҳолатда мерос мол-мулк васиятномада кўрсатилган меросхўрларга васиятнома бўйича ўтади.


127. Агар васиятнома бўйича меросхўрлар мажбурий улушга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани олишга қаршилик қилишса, консул уларнинг судга мурожаат этиш ҳуқуқларини тушунтиради ва мажбурий улушга гувоҳнома берилишини ўн кундан ошмаган муддатга кечиктиради.

Агар васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномада мерос қолдирувчи билан (меросхўрларнинг хоҳиши бўйича) меросхўрларнинг қариндошлик ёки бошқа муносабатларини кўрсатиб ўтиши зарур бўлса, консул ушбу муносабатларни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилади.


128. Васиятнома бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани беришда меросхўрлар томонидан тақдим этилган васиятноманинг асл нусхаси ёки дубликати консуллик муассасасида қолдирилади.

Васият қилувчи уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ўтадиган меросхўрга бу уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмини умрбод фойдаланиш учун учинчи шахсга бериш мажбуриятини юклашга ҳақли. Мазкур мажбурият консул томонидан меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномада ёзиб қўйилади.


129. Агар мерос мулки таркибига уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми, корхона ёки бошқа кўчмас мол-мулк кирса, консул мерос қолдирувчига ушбу мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатни, шунингдек ушбу мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини текширади.


130. Агар мерос таркибига кирадиган корхонанинг меросни қабул қилиб олган барча меросхўрлари келишувида ҳамда мерос очилган давлат қонунчилигида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, бундай мерос натура ҳолида тақсимланмайди ва меросхўрларга тегишли бўлган улушларга мувофиқ уларнинг умумий улушли мулкига айланади.


131. Мерос мол-мулк таркибида автомототранспорт воситаси мавжуд бўлса, консул мерос қолдирувчига ушбу автомототранспорт воситаси мулк ҳуқуқи асосида тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжатни текширади ва унинг нусхасини мерос ишига тикиб қўяди. Шу билан бирга, ушбу автомототранспорт воситасини бошқа шахсга ўтказиш тақиқланмаганлиги ва хатланмаганлигини текширади.


132. Агар мерос мулки таркибига ов милтиғи кирса, бунда консул тегишли чет давлатининг ваколатли органи томонидан мерос қолдирувчига ушбу милтиқни сақлаш учун берилган рухсатномани ва овчи билетини меросхўрдан талаб қилади.


133. Акциядорлик жамияти акциядорларининг мерос мол-мулки таркибига уларга тегишли бўлган акциялар киради.

Ҳужжатсиз шаклдаги қимматли қоғозларга мулк ҳуқуқи тегишли депозитарийлардан олинган депо ҳисобварағининг кўчирмасига асосан тасдиқланади.

Мерос олиш тартибида нафақат қимматли қоғозлар тури сифатида акциялар, шунингдек тўлиқ ширкат, коммандит ширкат, қўшимча масъулиятли ёки масъулияти чекланган жамият иштирокчисининг, ишлаб чиқариш кооперативи аъзосининг (иштирокчи, ҳисса қўшувчи, коммандитчининг) улуши (ҳиссаси) олинса, бунда тегишли ширкат, кооператив, жамиятдаги ушбу иштирокчининг (аъзонинг) устав фондидаги (капиталидаги) улуши (ҳиссаси) ҳам киради. Ушбу ҳуқуқлар мерос қолдирувчига мулк ҳуқуқи асосида тегишлилигининг далили сифатида консул учун тегишли ташкилотларнинг таъсис ҳужжатлари ёки бу ҳақда меросхўрлар томонидан тақдим этилган бошқа ҳужжатлар хизмат қилади. Меросхўрларда ушбу исботловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаса, консул кўрсатилган ташкилотларнинг мансабдор шахсларидан тегишли ҳужжатларни олишда кўмак бериши лозим. Меросхўрлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар текширилгандан кейин уларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилади.


134. Банкда (бошқа кредит ташкилотида) сақланаётган омонат, мерос берувчининг номидаги қимматли қоғозлар мавжудлигини тасдиқлашда, консул меросхўрлардан омонат дафтарчасини (банк омонати шартномасини ёки омонат мавжудлигини исботловчи бошқа тегишли ҳужжатни), қимматли қоғозларга нисбатан эса ташкилотнинг қимматли қоғозларининг махсус реестр юритувчиси - депозитарийнинг маълумотномасини талаб қилади. Омонат дафтарчалари нусхалари ва маълумотномалар мерос ишига бириктирилган бўлиши керак.


135. Агар мерос мол-мулкка нисбатан тақиқ ва хатлов қўйилган бўлса, тақиқ ва хатлов олиб ташланмагунга қадар меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани бериш тўхтатиб турилади.


136. Меросхўрларнинг хоҳишига кўра меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома уларнинг ҳар бирига алоҳида ёки уларнинг ҳаммасига битта берилади.


137. Вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз меросхўрларга меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганлиги ҳақида консул уларнинг мулкий манфаатларини ҳимоя қилиш учун меросхўрларнинг васийлик ва ҳомийлик органларига хабар беради.


138. Маълум мерос мулкка ёки мерос мулкнинг маълум бир қисми бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома берилганда, келгусида аввалги гувоҳномада кўрсатилмаган бошқа мерос мулкларга ёки мерос мулкнинг маълум бир қисми бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги қўшимча гувоҳномалар берилади.


139. Бошқа мулкка қўшимча меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани бериш ҳолатида илгари берилган гувоҳномага киритилмаган меросхўрлар келганида, улар ҳам мерос қабул қилган меросхўрларнинг ёзма равишдаги розилиги билан қўшимча мулк бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага киритилишлари мумкин.


140. Баъзи бир меросхўрларнинг улушлари ҳал этилмаганда, гувоҳномада ҳал этилмаган улуш миқдори кўрсатилади.


141. Мерос таркиби бир нечта мол-мулклардан иборат бўлган ҳолларда, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш вақтида Фуқаролик кодексининг 1150-моддасига асосан меросхўрларнинг талабига ва уларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларига мувофиқ консул улар ўртасида мерос мулкни тақсимлаш шартномасини расмийлаштириши мумкин. Келишувга эришилмаган тақдирда эса мерос мулкни бўлиш суд тартибида амалга оширилади.


142. Консуллик муассасаларида мерос ишларини ҳисобга олиш китоби юритилади.


143. Мерос ишларини ҳисобга олиш китобида қуйидагилар қайд этилади:

меросни қабул қилиб олиш тўғрисидаги, меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномаларни бериш ҳамда мерос мулки ҳисобига харажатларни тўлаш тўғрисидаги фармойишлар;

меросдан воз кечиш ҳақидаги аризалар;

кредиторларнинг даъволари;

мерос мол-мулкнинг қўриқланишига доир чора-тадбирлар кўриш тўғрисидаги аризалар (шу мулкни сақлаш учун кўрилган чоралар).

Қайд этилган аризалар асосида вафот этган шахснинг номига мерос иши очилади. Шундан кейинги барча аризалар (қўшимча аризалар, бошқа меросхўрлар ва кредиторлардан олинган аризалар) ҳам мерос ишларини ҳисобга олиш китобида қайд этилади. Барча аризаларда улар олинган вақт ва мерос ишининг рақами кўрсатилади.

Мерос ишига меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома ва унга тааллуқли барча ҳужжатлар тикиб қўйилади.



11-§. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга

бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳномалар бериш


144. Консул эр-хотиннинг ёзма аризасига мувофиқ улардан бирига ёки ҳар иккисига никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома беради.


145. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома эр-хотиннинг умумий мулки ҳисобланган мулккагина берилади.

Консул эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани бериш пайтида никоҳ тузилганлигини тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилади.


146. Улушига гувоҳнома берилаётган мулкнинг таркибига кўчмас мулк, автомототранспорт воситалари ва махсус ҳисобда турадиган (рўйхатга олиниши керак бўлган) бошқа мулк кирган тақдирда, консул ушбу мулк эр-хотиннинг умумий мулки эканлигини текширади.

Кўчмас мулкка ва (ёки) автомототранспорт воситаларига мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани бериш пайтида чет давлат тегишли ташкилотининг кўчмас мулк рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумотномаси ва (ёки) транспорт воситасининг қайд этиш гувоҳномаси талаб қилинади.


147. Консул эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома берганлиги ҳақида мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатга ёзиб қўяди.


148. Эр-хотиндан бири вафот этган тақдирда эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) ёзма аризасига кўра мерос очилган жойдаги консул томонидан берилиб, меросни қабул қилиб олган меросхўрлар бу хусусда хабардор қилинади.

Хабарномада эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома берилиши сўралаётган умумий мулк кўрсатилади, мазкур шахснинг мулк талаб қилишига бошқа меросхўрлар норози бўлган тақдирда, ушбу масала бўйича судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилади.

Хабарнома почта орқали юборилади. Меросхўрлар консуллик муассасасига келганларида эса консул уларни ўз ҳиссасини талаб қилаётган эр ёки хотиннинг ёзма аризаси билан таништиради. Бошқа меросхўрлар ўз ҳиссасини талаб қилаётган эр ёки хотиннинг аризасига рози бўлсалар, бу ҳақда шу аризага имзо қўядилар.

Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотинга (эрга) никоҳ давомида орттирилган умумий мол-мулкнинг ярмиси учун берилиши мумкин.

Меросни қабул қилиб олган меросхўрларнинг ёзма аризасига кўра ва марҳум эрдан (хотиндан) кейин хотиннинг (эрнинг) розилиги билан мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномада вафот этган эрнинг (хотиннинг) ҳам умумий мол-мулкдаги улуши белгиланиши мумкин.


149. Эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома матнида мол-мулкнинг тўлиқ тавсифи кўрсатилади.


150. Меросни қабул қилиб олган меросхўрлар орасида вояга етмаганлар бўлган тақдирда, вафот этган шахснинг эри ёки хотинига умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳнома васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма розилиги билан берилади.


151. Эр ёки хотинга уларнинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномани бериш пайтида улардан бирининг ўлим ҳақидаги гувоҳнома ёки ўлим ҳақидаги далолатнома ёзувларидан кўчирма, унинг вафот этган шахс билан никоҳда бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжат, эр-хотин мулкни никоҳ давомида орттирганликларини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.


152. Консул Ўзбекистон Республикасида жойлашган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмига, автомототранспорт воситасига нисбатан берилган эр-хотиннинг умумий мол-мулкидаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномага Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлинмаларида ва ДЙҲХХ органларида рўйхатга олиниши ҳақида ёзиб қўяди ва тушунтиради.


12-§. Ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан

олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш


153. Консул фуқаролар ва юридик шахслар томонидан берилган ҳужжатлар нусхаларининг ва ҳужжатлардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини ушбу ҳужжатлар қонунга зид бўлмаган, юридик аҳамиятга эга бўлган ҳамда уларнинг нусхалари ва улардан олинган кўчирмаларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш қонун билан тақиқланмаган ҳоллардагина шаҳодатлайди.


154. Фуқаронинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг нусхаси шаҳодатлантирилмайди, халқаро шартномаларда шаҳодатлантирилиши талаб қилинган ҳоллар бундан мустасно.


155. Матни ноаниқ бўлган, ўчирилган, қўшимча сўзлар ёзилган, ҳужжатга доир маълумотлар тўлиқ ёзилмаган ҳамда назарда тутилмаган бошқа ўзгартиришлар қилинган, лекин тегишли тартибда изоҳ берилмаган ҳужжатларнинг нусхалари шаҳодатланмайди.


156. Кўчирма олинаётган ҳужжатда ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта алоҳида масалаларга оид қарорлар бўлган тақдирдагина кўчирманинг тўғрилиги шаҳодатланиши мумкин. Кўчирма ҳужжатнинг муайян масалага доир қисмининг тўла матнини акс эттириши керак.


157. Ҳужжат нусхасидан кўчирилган нусханинг тўғрилигини консуллар, башарти аввалги нусханинг тўғрилиги нотариал тартибда шаҳодатланган бўлса ёки ҳужжатнинг нусхаси унинг асл нусхаси тайёрланган ташкилот томонидан берилган бўлса, шаҳодатлайди. Ҳужжатнинг нусхаси унинг асл нусхаси тайёрланган ташкилот томонидан берилган бўлса, ҳужжатнинг нусхаси мазкур ташкилотнинг бланкасида баён этилган, муҳр босиб тасдиқланган ва унда шу ҳужжатнинг асли мазкур ташкилотда эканлиги ёзиб қўйилган бўлиши керак.


158. Ҳужжатнинг шаҳодатланаётган нусхаси ёки кўчирмаси унинг асли билан солиштирилиб чиқилади.


159. Шаҳодатлантирилган ҳужжатларнинг нусхаси ёки кўчирмаси консуллик муассасасида қолдирилмайди.



13-§. Ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш


160. Консул мазмуни қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган ҳужжатлардаги имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.


161. Консул имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлар экан, ҳужжатда баён этилган фактларни эмас, балки фақат имзонинг муайян шахс томонидан қўйилганлигини тасдиқлайди.


162. Жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра ўз қўли билан имзо қўя олмайдиган шахс учун имзо қўйган шахснинг имзосини шаҳодатлаш пайтида консул имзо қўйган шахснинг ва имзо қўйишни илтимос қилган шахснинг ҳам шахсини аниқлайди, уларнинг муомала лаёқатини текширади.


163. Тегишли давлат ташкилотларидагина қайд этиладиган ҳолатлар тасдиқланган (масалан, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома, никоҳ тузилганлиги ҳақидаги гувоҳнома, ўлим ҳақидаги гувоҳнома) ҳужжатдаги имзонинг ҳақиқийлиги консул томонидан шаҳодатлантирилиши мумкин эмас. Бундай ҳужжатдаги имзонинг ҳақиқийлиги, агар бу ҳужжат чет эл давлати судига ёки бошқа ташкилотларига тақдим этиш учун мўлжалланган ҳолдагина шаҳодатлантирилиши мумкин.


164. Юридик шахснинг таъсис ҳужжатидаги имзоларнинг ҳақиқийлигини шаҳодатлашда, уларнинг устав фондига (капиталига) ҳисса сифатида киритилаётган рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган мулкнинг тегишлилигини тасдиқловчи ҳужжат ёки таъсис ҳужжати, вакил орқали расмийлаштирилган ҳолларда эса унинг ваколати текширилади ва бу ҳақда консулнинг тасдиқловчи ёзувига ёзиб қўйилади.



14-§. Ҳужжатларнинг бир тилдан бошқа тилга

тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлаш


165. Консул, башарти у тегишли тилларни билса, ҳужжатнинг бир тилдан бошқа тилга тўғри таржима қилинганлигини шаҳодатлайди.

Агар консул тегишли тилларни билмаса, таржима таржимон томонидан қилиниши мумкин, консул унинг имзоси ҳақиқийлигини шаҳодатлайди.


166. Таржима консулга маълум бўлган ва тегишли тилни билган таржимон томонидан қилиниши керак. Таржимоннинг тегишли тилни билиши унинг дипломи ёки махсус маълумотга эга эканлиги ҳақидаги сертификат ёхуд тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланади.


167. Нотариал ҳаракатни (битимни тасдиқлаш, нусхаларнинг ва шу кабиларнинг тўғрилигини шаҳодатлаш) амалга ошириш пайтида нотариал ҳаракатларни амалга оширишни сўраб мурожаат қилган шахсларнинг (улардан бирининг) илтимосига кўра айни вақтда бошқа тилга таржимаси ҳам қилинадиган бўлса, таржима асл нусха билан бир варақда, яъни иккала матн тик чизиқ билан бўлинган варақда ёнма-ён жойлашиши, асл матн чап томонда, таржима матни эса ўнг томонда бўлиши керак. Бунда ҳужжатнинг бутун матни ва муҳр ҳам таржима қилинади.

Агар таржима таржимон томонидан қилинса, унинг имзоси, фамилияси, исми, отасининг исми ҳужжатнинг таржима матни тагига қўйилади. Ҳужжатни имзоловчи шахслар ҳужжатнинг асл матни ва таржима қилинган матни тагига ўзларининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзо қўядилар. Бунда ҳужжатнинг таржима матнидаги уларнинг имзолари таржимон имзосидан кейин қўйилади. Консулнинг тасдиқловчи ёзуви ҳужжатнинг асл матни ва таржима матни тагига қайд этилади.


168. Нотариал ҳаракат бажарилаётганда, айни вақтда ҳужжатнинг таржимаси ҳам қилинадиган бўлса, у ҳолда консулнинг тасдиқловчи ёзувида иккита нотариал ҳаракат амалга оширилаётганлиги кўрсатилади. Бунда, консуллик йиғими иккита нотариал ҳаракат учун ундирилади.



15-§. Фуқаронинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш


169. Консул фуқаронинг тирик эканлиги фактини унинг шахсий илтимосига кўра ва унинг иштирокида тасдиқлайди.

Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.

Вояга етмаган шахснинг тирик эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек уни ўз ҳомийлигига олган ташкилотнинг ёзма илтимосига кўра амалга оширилади.


170. Консул мурожаат қилган шахсга фуқаронинг тирик эканлиги ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради.



16-§. Фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш


171. Консул фуқаронинг илтимосига кўра унинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди.

Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.

Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек васийлик ва ҳомийлик органларининг илтимосига кўра амалга оширилади.


172. Консул мурожаат қилган шахсларга фуқаронинг муайян жойда эканлиги ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради.



17-§. Фуқаронинг фотосуратда акс эттирилган

шахс эканлигини тасдиқлаш


173. Консул фуқаро тақдим этган фотосуратдаги шахс шу фуқаронинг айнан ўзи эканлигини тасдиқлайди ва унинг тасдиғи сифатида гувоҳнома беради.

Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади.


174. Фотосурат гувоҳноманинг берилаётган нусхасининг юқори чап бурчагига қўйилиб, консулнинг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади. Бунда муҳр қисман фотосурат устига, қисман эса гувоҳнома устига қўйилиши керак.



18-§. Ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлаш


175. Консул ҳужжат тақдим этилган вақтни тасдиқлайди.


176. Консул ҳужжатлар тақдим этилган вақтни тасдиқлашда ҳужжат тақдим этган фуқаронинг шахсини ёки ваколатини ҳамда юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқатини ва вакилининг ваколатини аниқлайди. Бу нотариал ҳаракат манфаатдор шахснинг ёзма аризасига асосан амалга оширилади.


177. Консулга ҳужжат камида икки нусхада тақдим этилади. Ҳужжат бир варақдан ортиқ бўлса, варақлари рақамланиб, ип ўтказиб тикилади. Тасдиқловчи ёзув ҳужжатнинг тақдим этилган иккала нусхасига ҳам ёзилади, улардан бири консуллик муассасасида қолдирилади. Ҳужжатнинг иккинчи нусхаси йўқ бўлса, консул ҳужжатдан нусха олиб, уни консуллик муассасасининг йиғмажилдларига тикиб қўяди ҳамда унга ҳам тасдиқловчи ёзув ёзади.


178. Бир шахс томонидан айни бир вақтда бир неча ҳужжат тақдим этилса, уларнинг ҳар бирига тасдиқловчи ёзув ёзилади ва тақдим этилган ҳар бир ҳужжат учун консуллик йиғими олинади.



19-§. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни

депозитга қабул қилиш


179. Консул Қонуннинг 74-моддасига мувофиқ қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда кредиторга топшириш учун қарздордан депозитга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилади.


180. Депозитга чет эл валютасидаги пул суммасини ҳам топшириш мумкин.


181. Фуқаролик кодексининг 249-моддасига мувофиқ қарздор ўзи тўлаши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозларни консулнинг депозитига қўйишга ҳақли, башарти мажбурият қарздор томонидан қуйидагилар туфайли бажарилиши мумкин бўлмаса:

мажбурият бажарилиши лозим бўлган жойда кредитор ёки ижрони қабул қилиб олиш учун у вакил қилган шахс бўлмаса;

кредитор муомалага лаёқатсиз бўлса ва унинг вакили бўлмаса ёки вакил рози бўлмаса;

мажбурият бўйича ким кредитор эканлиги хусусида аниқлик йўқлиги кўриниб турган бўлса, хусусан, бу ҳақда кредитор билан бошқа шахслар ўртасида низо чиққанлиги муносабати билан;

кредиторнинг ижрони қабул қилишдан бўйин товлаши ёки у томонидан бошқача йўл билан кечиктирилиши муносабати билан.


182. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни консулнинг депозитига қўйиш мажбуриятни бажариш ҳисобланади.


183. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш мажбурият бажариладиган жойдаги консул томонидан амалга оширилади. Фуқаролик кодексининг 246-моддасига асосан мажбуриятни бажариш жойи аниқланади. Агар мажбуриятни бажариш жойи қонунчилик ҳужжатлари ёки шартнома билан белгилаб қўйилган бўлмаса ва мажбуриятнинг моҳиятидан ёхуд иш муомаласи одатларидан ёинки одатда қўйиладиган бошқа талаблардан англашилмаса, ижро қуйидаги жойларда амалга оширилиши керак:

кўчмас мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - мол-мулк турган жойда;

ташишни назарда тутадиган товар ёки бошқа мол-мулкни топшириш мажбуриятлари бўйича - товарни кредиторга етказиб бериш учун уни биринчи ташувчига топшириш жойида;

қарздорнинг товарни ёки бошқа мол-мулкни топшириш юзасидан бошқа мажбуриятлари бўйича - мол-мулкни тайёрлаш ва сақлаш жойида, башарти мажбуриятнинг келиб чиқиш пайтида бу жой кредиторга маълум бўлса;

пул мажбурияти бўйича - мажбурият вужудга келган пайтда кредитор яшаган жойда, агар кредитор юридик шахс бўлса - унинг мажбурият вужудга келган пайтда жойлашган ерида, агар кредитор мажбуриятни бажариш вақтигача ўз яшаш жойини ёки жойлашган ерини ўзгартирган бўлса ва бу ҳақда қарздорни хабардор қилган бўлса, ижро этиш жойи ўзгартирилиши билан боғлиқ ҳамма харажатларни кредитор ҳисобидан қилган ҳолда, унинг янги яшаш жойида ёки жойлашган ерида;

бошқа барча мажбуриятлар бўйича - қарздорнинг яшаш жойида, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган ерида.


184. Консуллар пул суммалари ва қимматли қоғозларни консуллик муассасаси жойлашган давлатдаги тегишли банкларда очилган депозитга қабул қилади.


185. Юридик шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда консул қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;

юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари нусхаси;

юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

юридик шахс ижро органи раҳбарининг тайинланганлиги ҳақидаги ҳужжат (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо);

депозитарий томонидан берилган қимматли қоғозлар эгаларининг рўйхати;

умумий мажлиснинг ўтказилиши ҳақида ҳамма таъсисчилар ёки барча акциядорларга юборилган хабарномалар реестри;

умумий мажлисда қатнашмаган кредиторларга (таъсисчи ёки акциядорга) умумий мажлис томонидан қабул қилинган қарорлар бўйича юборилган хабарномалар реестри;

кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.


186. Жисмоний шахслар томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилишда консул қуйидаги ҳужжатларни талаб қилади:

пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма ариза;

паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатлар;

пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилиш учун асослар (коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотлари билан тузилган шартномалар, қарз шартномаси, суд ҳужжатлари ва бошқалар);

пул суммалари ва қимматли қоғозлар топшириладиган кредиторларнинг рўйхати;

барча кредиторларга пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида юборилган хабарномалар ва (ёки) кредиторлар томонидан қабул қилинмаганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредитор жойлашган манзилни тасдиқловчи ҳужжат.


187. Консул мазкур Йўриқноманинг 185 ва 186-бандларида назарда тутилган ҳужжатлардан ташқари қонунчилик ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа ҳужжатларни ҳам талаб қилиши мумкин.


188. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида ёзма аризада қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

қарздорнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи);

кредиторнинг фамилияси, исми, отасининг исми (юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили), СТИРи);

мажбурият қандай сабабларга кўра бевосита бажарилмаганлиги.


189. Аризалар икки нусхада тақдим этилади ва бу ҳақда алоҳида юритиладиган реестр китобига ҳар бир кредитор бўйича алоҳида ёзув киритилади.


190. Пул суммалари бўйича қабул қилинган аризанинг орқа томонига консул пул суммаларининг қабул қилинганлиги ҳақида тасдиқловчи ёзувни ёзади.

Депозитга қимматли қоғозлар қабул қилинганда аризанинг орқа томонига қимматли қоғозларнинг тури, сони, уларнинг рақами, серияси ва номинал қиймати ёзилиши лозим.


191. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни депозитга қабул қилишда қонунчилик ҳужжатларида белгиланган миқдорда консуллик йиғими ундирилади.


192. Консул пул суммалари ва қимматли қоғозлар олинганлиги тўғрисида кредиторни хабардор қилади.

Қарздор кредиторнинг манзилини кўрсатмаса ва бу манзил консулга маълум бўлмаса, қарздор томонидан пул суммалари ва қимматли қоғозлар топширилганлиги ҳақида кредиторга хабар қилиш мажбурияти унинг ўзига юклатилиши тўғрисида консул огоҳлантиради.


193. Консул қарздорга топширилган пул суммалари ва қимматли қоғозлар кредиторга ёки унинг вакилига топширилганлиги тўғрисида маълумотнома беради.


194. Пул суммалари ва қимматли қоғозлар консуллик муассасасига почта орқали ёки кредит ташкилотидан келган тақдирда, тушган суммадан тегишли консуллик йиғими ушлаб қолинганидан кейин қолган сумма депозитга қабул қилинади.


195. Пул суммалари ва қимматли қоғозларни қабул қилиш ҳақида консулнинг хабарномасини олган кредитор ушбу консулга ёзма ариза билан мурожаат этади. Аризадаги имзонинг ҳақиқийлиги нотариал тартибда шаҳодатлантирилади. Вакил орқали мурожаат қилинганда эса вакилнинг ваколати текширилади.


196. Пул суммалари ва қимматли қоғозларнинг уларни депозитга топширган шахсга (қарздорга) қайтарилишига тўлов кимнинг фойдасига амалга оширилган бўлса, ўша шахснинг ёзма розилиги билан ёки суд қарорига биноан йўл қўйилади.


197. Депозитда сақланаётган пул суммалари ва қимматли қоғозлар консуллик муассасаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлигининг мулки ҳисобланмайди.


198. Депозитдаги кредиторларга берилиши лозим бўлган пул суммалари ва қимматли қоғозлар уч йил мобайнида сақланади. Ушбу муддатлар ўтгандан кейин талаб қилиб олинмаган пул суммалари ва қимматли қоғозлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ўтказилади.



20-§. Ижро хатларини ёзиш


199. Қарздордан пул суммаларини ундириш ёки мол-мулкни талаб қилиб олиш учун консул ижро хатларини ёзади. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун манфаатдор шахснинг ёзма аризаси олинади.

Консуллар томонидан ижро хатлари Ўзбекистон Республикаси ёки консуллик муассасаси жойлашган давлат қонунчилик ҳужжатларига, шу билан бирга ушбу давлатлар ўртасида тузилган халқаро шартномаларда белгиланган талаблар асосида ёзилади.


200. Ижро хатлари қуйидаги ҳолларда ёзилади:

тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа;

даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб ўтган вақт уч йилдан ортиқ бўлмаса.

Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонунчилик ҳужжатларида бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.


201. Ижро хати ёзиш мумкин бўлган муддат ундирувчида қарзни мажбурий ундириш ҳуқуқи пайдо бўлган кундан бошлаб ҳисобланади.


202. Ижро хатида қуйидагилар кўрсатилган бўлиши лозим:

ижро хатини ёзаётган консулнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими;

ундириб олувчининг номи ва манзили;

қарздорнинг номи ва манзили, қарздор жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлмаган жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатларнинг реквизитлари), шунингдек қарздор юридик шахснинг СТИРи;

ундириб олиш амалга ошириладиган муддат;

ундириб олиниши керак бўлган суммалар ёки талаб қилиб олиниши керак бўлган нарсалар, шу жумладан, тўланиши керак бўлган пеня ва фоизлар;

ундириб олувчи тўлаган ёки қарздордан ундирилиши керак бўлган консуллик йиғими ёки тариф суммалари;

ижро хати ёзилган сана (йил, ой, кун);

ижро хатининг реестрда қайд этилган тартиб рақами;

ижро хатини ёзган консулнинг имзоси;

консулнинг муҳри.


203. Ижро хати қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда қайд этилади. Қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатда ижро хати ёзиш учун жой бўлмаган ҳолларда, у алоҳида варақда амалга оширилади. Ушбу варақ қарздорликни белгиловчи асл ҳужжатга қўшиб тикилади, рақамланади ва муҳрланади.



21-§. Сақлаш учун ҳужжатларни қабул қилиб олиш


204. Консул ҳужжатларни сақлаш учун рўйхат бўйича қабул қилиб олади.

Рўйхат икки нусхада тузилиб, ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахс ва консул томонидан имзоланади. Рўйхатнинг бир нусхаси консуллик муассасасида қолади, бошқа нусхаси ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга берилади.

Агар ҳужжатлар лозим тарзда ўраб жойлаштирилган бўлса, шахснинг илтимосига кўра консул уларни рўйхатсиз ҳам қабул қилиб олиши мумкин. Ҳужжатлар ўрамига консулнинг муҳри қўйилади ҳамда у консул ва ҳужжатларни топширган шахс томонидан имзоланади. Бундай ҳолларда консул ҳужжатлар ўрамининг бут сақланиши учун жавоб беради.

Ҳужжатларни сақлаш учун топширган шахсга гувоҳнома берилади.


205. Қабул қилиб олинган ҳужжатлар консуллик муассасасининг муҳри билан муҳрланган темир жавон ёки сейфларда алоҳида пакетларда сақланади.


206. Сақлаш учун қабул қилинган ҳужжатлар уни сақлаш учун топширган шахсга ёки унинг қонуний вакилига гувоҳнома ва (ёки) рўйхатни тақдим этганидан кейин ёки суднинг қарорига кўра қайтарилади.



22-§. Денгиз протестларини амалга ошириш


207. Консул кема эгасининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун далил-исботларни таъминлаш мақсадида кема капитанининг кема сузиб бораётганда ёки у тўхтаб турган жойда содир бўлган ҳамда кема эгасининг олдига мулкий талаблар қўйиш учун асос бўлиши мумкин бўлган ҳодиса тўғрисидаги аризасини қабул қилади.

Денгиз протести ҳақидаги аризада юз берган ҳодиса тафсилотлари ва капитаннинг ўзига ишониб топширилган мулкнинг бут сақланишини таъминлаш юзасидан кўрган чора-тадбирлари баён этилган бўлиши керак.

Денгиз протести тўғрисидаги аризада баён этилган ҳолатларнинг тасдиғи сифатида кема капитани ариза билан бир вақтда ёки кема портга кирган кундан бошлаб ёки агар ҳодиса портда юз берган бўлса, у юз берганидан сўнг етти кундан кечиктирмай консулга кўздан кечириш учун кема дафтарини ва кема дафтаридан олиниб, капитан томонидан тасдиқланган кўчирмани тақдим этиши шарт.


208. Денгиз протести ҳақидаги ариза кема портга кирган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилади. Агар денгиз протести ҳақида ариза бериш заруратини келтириб чиқарган ҳодиса портда юз берган бўлса, протест ҳодиса юз берган вақтдан бошлаб йигирма тўрт соат ичида берилиши керак.

Протестни белгиланган муддатда беришнинг имкони бўлмаган тақдирда, бунинг сабаблари денгиз протести ҳақидаги аризада кўрсатилиши керак.


209. Консул капитаннинг аризаси, кема дафтаридаги маълумотлар, шунингдек капитаннинг ўзи ҳамда кема қўмондонлиги таркибидан камида иккита гувоҳни ва кема командаси таркибидан иккита гувоҳни сўроқ қилиш асосида денгиз протести ҳақида далолатнома тузади ва уни ўз имзоси ҳамда муҳри билан тасдиқлайди. Денгиз протести ҳақидаги далолатноманинг бир нусхаси капитанга ёки вакил қилинган шахсга берилади, капитаннинг аризаси ва кема журналидан кўчирма илова қилинган денгиз протести ҳақидаги далолатноманинг бошқа нусхаси эса консуллик муассасасида қолдирилади.



IV БОБ. ЧЕТ ЭЛ ҲУҚУҚИ НОРМАЛАРИНИНГ

ҚЎЛЛАНИЛИШИ. ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАР


210. Консул қонунчилик ҳужжатларига ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ чет эл ҳуқуқи нормаларини қўллайди.

Консул Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига мувофиқ тузилган ҳужжатларни қабул қилиб олади, шунингдек агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига зид келмаса, уларга бошқа давлатларнинг қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган шаклда тасдиқловчи устхатлар ёзади.


211. Чет эл фуқароси вафотидан кейин унинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қолган мол-мулкини қўриқлаш ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароси вафот этганидан кейин чет эл фуқаросига тегишли бўлган мол-мулкни қўриқлаш, шунингдек бундай мол-мулк хусусида меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисида гувоҳнома бериш билан боғлиқ ҳаракатлар Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


212. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ чет эл давлати қонунида кўзда тутилган шакл бўйича тузилган васиятнома васият қилувчи вафот этгандан кейин уни очиш ва эълон қилиш учун консуллик муассасасига тақдим этилган тақдирда, консул васиятноманинг мазмунини эълон қилади, васиятноманинг ҳолати ва мазмуни тўғрисида баённома тузади. Баённомада васиятнома тузилган кун, тақдим этаётган шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми, унинг муҳрланган ёки очиқ ҳолда тақдим этилганлиги, унда ўчирилган жойлар, тузатишлар ёки бошқа камчиликлар бўлганлиги ёки йўқлиги ҳақидаги маълумотлар кўрсатиб ўтилади. Баённома консул ва васиятномани тақдим этган шахс томонидан имзоланади. Ана шу шахслар томонидан васиятноманинг ҳар бир варағига имзо қўйилади. Агар васиятнома консулда муҳрланган ҳолда сақланиб келган бўлса, юқорида кўрсатилган барча ҳаракатларни консулнинг бир ўзи бажаради.


213. Чет элда бошқа давлатлар ваколатли ташкилотларининг мансабдор шахслари иштирокида тузилган ёки улардан келаётган ҳужжатлар белгиланган тартибда қонунийлаштирилган тақдирдагина консул томонидан қабул қилинади.

Бундай ҳужжатлар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатларида ва халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда расмийлаштирилмаган ҳолида консул томонидан қабул қилинади.


214. Консуллар айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисида чет эл адлия идоралари томонидан белгиланган тартибда берилган топшириқларни бажаради.

Топшириқлар қуйидаги ҳолларда бажарилмайди:

топшириқни бажариш Ўзбекистон Республикаси суверенитетига зид бўлса ёки давлат хавфсизлигига таҳдид солса;

топшириқни бажариш консуллик муассасаларининг ваколат доирасига кирмаса.


215. Чет эл адлия идораларининг айрим нотариал ҳаракатларни бажариш тўғрисидаги топшириқларини бажариш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилик ҳужжатлари ва халқаро шартномалари асосида амалга оширилади. Консуллар айрим нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тўғрисидаги топшириқлар билан чет эл адлия идораларига мурожаат қилишлари мумкин.


216. Консуллик муассасаларининг чет эл адлия идоралари билан ўзаро алоқалари тартиби қонунчилик ҳужжатлари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланади.


217. Консуллар чет давлатларнинг ташкилотларида иш юритиш учун зарур далиллар билан чет давлатларнинг ташкилотларини таъминлайди.

Далиллар билан таъминлаш ҳаракатларини бажариш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг нормаларига мувофиқ амалга оширилади.

218. Қонуннинг 93-моддасига мувофиқ, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида нотариал ҳаракатлар тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг қонунларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, нотариал ҳаракатларни амалга ошириш чоғида халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси консулга Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилмаган нотариал ҳаракатни амалга ошириш ваколатини берса, консул бу нотариал ҳаракатни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилаган тартибда амалга оширади.



IV-1-БОБ. КОНСУЛЛАР ТОМОНИДАН ТАСДИҚЛАНГАН НОТАРИАЛ

ҲАРАКАТЛАР БИЛАН БОҒЛИҚ ҲУЖЖАТЛАРНИ ИДОРАВИЙ

НОТАРИАЛ АРХИВГА ТОПШИРИШ ВА ҚАБУЛ ҚИЛИШ

219. Консуллар ўзлари томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ ҳужжатларнинг (бундан буён матнда нотариал ҳаракат ҳужжатлари деб юритилади) бут сақланишини таъминлаши лозим.


219-1. Консуллар томонидан амалга оширилган нотариал ҳаракат ҳужжатлари консуллик муассасасида уч йил давомида сақланади.

Нотариал ҳаракат ҳужжатлари консуллик муассасасида уч йил муддат сақлангандан сўнг, консул уларни идоравий нотариал архивга топшириш учун йиғмажилдга тартиб билан тикилган ва мундарижа илова қилган ҳолда Ташқи ишлар вазирлигига ҳар йили январь ойининг 20 санасига қадар юборилишини таъминлайди.


219-2. Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик муассасалари томонидан юборилган нотариал ҳаракат ҳужжатларини ҳар йили январь ойининг 30 санасига қадар Адлия вазирлигига юборади.


219-3. Адлия вазирлиги нотариал ҳаракат ҳужжатларини улар келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида тегишлилиги бўйича идоравий нотариал архивларга юборилишини таъминлайди.


219-4. Нотариал ҳаракат ҳужжатлари идоравий нотариал архивларга келиб тушганда, тегишли адлия бошқармасида ташкил этилган эксперт комиссияси мазкур ҳужжатлар келиб тушган кундан бошлаб ўн беш иш куни ичида уларнинг мазкур Йўриқноманинг 219-1-бандида назарда тутилган талаблар доирасида расмийлаштирилганлигини ўрганиб чиқади.


219-5. Ўрганиш натижасида нотариал ҳаракат ҳужжатлари мазкур Йўриқноманинг 219-1-бандида белгиланган талабларга мувофиқ деб топилганда, масъул ходим уларни сақлаш учун қабул қилади.


219-6. Ўрганиш натижасида нотариал ҳаракат ҳужжатлари мазкур Йўриқноманинг 219-1-бандида белгиланган талабларга мувофиқ эмас деб топилганда, эксперт комиссияси уларни сақлаш учун қабул қилишни рад этади. Бунда, идоравий нотариал архив томонидан нотариал ҳаракат ҳужжатлари аниқланган камчиликлар кўрсатилган ҳолдауч иш куни ичида тегишли хат билан Адлия вазирлигига юборилади.


219-7. Адлия вазирлиги аниқланган камчиликларни бартараф этиш учун идоравий нотариал архивнинг хатини илова қилган ҳолда уч иш куни ичида нотариал ҳаракат ҳужжатларининг Ташқи ишлар вазирлигига юборилишини таъминлайди.


219-8. Ташқи ишлар вазирлиги нотариал ҳаракат ҳужжатлари қайтариб юборилган вақтдан бошлаб ўн беш иш куни ичида Адлия вазирлиги томонидан кўрсатилган камчиликларнинг бартараф этилишини ҳамда нотариал ҳаракат ҳужжатларининг Адлия вазирлигига қайта юборилишини таъминлайди.



V БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА

220. Мазкур Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор шахслар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 6-сон, 49-модда.














































Время: 0.2152
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск