язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Солиқлар. Мажбурий тўловлар/ 1997 йилдан 2007 йилгача солиқ қонунчилигига оид ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Умумреспублика миқёсидаги солиқлар/ Юридик шахсларнинг даромади (фойдаси)га солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби тўғрисидаги Йўриқнома (янги таҳрирда) (АВ томонидан 13.03.2002 й. 1109-сон билан рўйхатга олинган 14.01.2002 й. МВ 15-сон, ДСҚ 2002-12-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2002 йил 13 мартда 1109-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Молия вазирлиги, Давлат

солиқ қўмитасининг

2002 йил 14 январдаги

15, 2002-12-сон қарори билан

ТАСДИҚЛАНГАН



Мазкур Йўриқнома рус тилида тасдиқланган.

Ҳужжатнинг матни Норма газетаси  ва  ахборот-қидирув

тизими   экспертлари  томонидан  ўзбек  тилига  таржима

қилинган  ва ахборот  тусига  эга.   Ноаниқликлар   келиб

чиққанида  меъёрий-ҳуқуқий  ҳужжатнинг  рус   тилидаги

матнига қаранг.



Юридик шахсларнинг даромади (фойдаси)га

солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва

бюджетга тўлаш тартиби тўғрисидаги

ЙЎРИҚНОМА

(Янги таҳрирда)


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси солиқ кодекси II бўлимининг 13-43-моддаларига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Мазкур йўриқнома қоидалари даромад (фойда) солиғини тўловчи ҳисобланган юридик шахсларга татбиқ этилади.

Мазкур Йўриқнома хорижий юридик шахсларга ва солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини қўллайдиган тўловчиларнинг айрим тоифаларига, уларда қонун ҳужжатларига мувофиқ даромад (фойда) солиғини тўлаш мажбуриятлари юзага келмаган тақдирда, татбиқ этилмайди.


I. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАР


1. Молия йилида солиқ солинадиган даромад (фойда)га эга бўлган юридик шахслар даромад (фойда) солиғи тўловчилар ҳисобланади.

Солиқ солиш мақсадида юридик шахслар деганда мазкур Йўриқномада мулкида, хўжалик юритиши ёки тезкор бошқарувида мол-мулки бўлган ва ўз мажбуриятлари бўйича ушбу мол-мулк билан жавоб берадиган, шунингдек мустақил балансга ва ҳисоб-китоб варағига эга бўлган алоҳида бўлинмалар ҳам тушунилади.


2. Юридик шахслар - Ўзбекистон Республикаси резидентларига Ўзбекистон Республикасида ҳамда ундан ташқарида уларнинг фаолият манбаларидан олинган даромадлар (фойда) бўйича солиқ солинади.

Ўзбекистонда таъсис этилган ёки рўйхатга олинган, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ташқарида рўйхатга олинган, бош корхонаси Ўзбекистонда жойлашган юридик шахс Ўзбекистон Республикасининг резиденти ҳисобланади.


3. Бюджет билан даромад (фойда) солиғи бўйича ҳисоб-китобларни юридик шахслар мустақил равишда амалга оширадилар. Айрим тармоқлар юридик шахсларининг бирлашмалари бюджет билан ҳисоб-китобларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига биноан марказлаштирилган тартибда амалга оширишлари мумкин.



II. СОЛИҚ СОЛИШ ОБЪЕКТЛАРИ ВА

СОЛИҚ СОЛИНАДИГАН ДАРОМАД

(ФОЙДА)НИ ҲИСОБЛАБ ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


4. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 5 февралдаги "Маҳсулот (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ва молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисида"ги низомга мувофиқ жами даромад билан чегирмалар ўртасидаги фарқ сифатида ҳисоблаб чиқарилган, кўрсатилган Низомга иловаларда белгиланган харажатлар суммасига тузатишлар киритилган даромад (фойда) солиқ солиш объекти ҳисобланади.


5. Банклар ва суғурта ташкилотлари бўйича мазкур Йўриқноманинг 4-бандида баён этилган тартибда белгиланган чегирмалардан ташқари қуйидагилар ҳам жами даромаддан чегирилиши керак;

а) банклар бўйича:

кредит ресурслари учун тўловлар;

операцион харажатлар;

пул маблағлари ва бойликларини ташиш ва сақлаш харажатлари;

мижозлар ҳисобварақлари, шу жумладан - жисмоний шахсларнинг омонатлари бўйича ҳисоблаб ёзилган ва тўланган фоизлар;

таваккаллик операциялари бўйича захира ҳисобига ҳисобдан чиқарилган умидсиз ссудалар суммалари.

б) суғурта ташкилотлари бўйича:

қайта суғурталаш шартномалари бўйича топширилган тўловлар суммалари;

амал қилиши ҳисобот йилининг охирида тугамаган суғурталаш ва қайта суғурталаш шартномалари бўйича тўловлар суммалари;

суғурталаш ва қайта суғурталаш мажбуриятлари бўйича амалга оширилган ва ҳисоблаб ёзилган тўловлар суммалари;

ўтган йилларнинг суғурта ҳодисалари бўйича тугалланмаган тўловлар суммалари, шу жумладан даъво муддати доирасидаги мажбуриятлар;

суғурта ҳодисаси бошлангани маълум қилинган, лекин зарар ҳажми тақдим этилмаган шартномалар бўйича суғурта суммалари;

суғурта ташкилоти томонидан суғурта ҳодисалари бошланишининг олдини олиш ва огоҳлантириш чора-тадбирларини молиялашга йўналтириладиган маблағлар суммалари (превентив чора-тадбирлар);

суғурта ташкилотларининг захира фондларига ушбу фондлар миқдорлари суғурта ташкилотлари устав фондининг йигирма беш фоизига етгунига қадар ушбу ташкилотлар даромадларининг йигирма фоизига қадар миқдорда ажратмалар.


6. Солиқ тўловчилар (бундан банклар ва суғурта ташкилотлари мустасно) даъво муддати тугагач даромадлари илгари жами даромадга киритилган товарлар (ишлар, хизматлар)ни сотиш билан боғлиқ умидсиз қарзлар бўйича чегирма қилиш ҳуқуқига эгадирлар.


7. Юридик шахсларнинг даромадлари ва улар бўйича тегишли чегирмалар солиқларни ҳисоблаб чиқариш учун улар тааллуқли бўлган ҳисобот даврида, тўлаш вақти ва пулнинг келиб тушиш санасидан қатъи назар, бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ акс эттирилади.


8. Агар қилинган харажат харажатларнинг бир неча тоифасига киритилган бўлса, у жами даромаддан фақат бир маротаба чегирилиши мумкин.


9. Узоқ муддатли контрактларга тааллуқли даромад ва чегирмалар молия йили давомида уларни ҳақиқатда босқичма-босқич бажариш қисмида ҳисобга олинади.

Узоқ муддатли контрактни ҳақиқатда бажариш молия йили охиригача қилинган харажатларни мазкур контракт бўйича жами даромадлар билан таққослаш воситасида белгиланади.


10. Жами даромад таркибига юклаб жўнатилган товар, бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматлар ва бошқа операциялар учун юридик шахс олиши лозим бўлган (олган) ёки текинга олган пуд ёхуд бошқа маблағлар киради.

Бундай даромадларга қуйидагилар киритилади:

а) маҳсулот (ишлар, хизматлар) сотилишидан келадиган тушум.

Маҳсулот (ишлар, хизматлар) сотилишидан келадиган тушум деганда:

юклаб жўнатилган маҳсулот учун тақдим этилган ҳисоб-китоб ҳужжатларида кўрсатилган суммалар;

буюртмачи томонидан тасдиқланган бажарилган ишлар далолатномаларида кўрсатилган суммалар;

хизматлар кўрсатилиши фактини тасдиқлайдиган ҳужжатларда кўрсатилган суммалар тушунилади.

Воситачилик фаолиятидан даромад оладиган (комиссион ҳақлар, фоизлар сифатида) корхоналар учун тушум деганда солиқ солинадиган даврда амалга оширилган барча битимлар бўйича олинган комиссион ҳақлар (фоизлар) суммаси тушунилади.

б) асосий воситалар, номоддий активлар, қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк объектлари, материаллар ва бошқа активларни сотишдан келадиган даромад.

Корхонанинг асосий фондлари ва бошқа мол-мулкини сотишдан келадиган даромадни белгилаш чоғида солиқ солиш мақсади учун ушбу фондлар ва мол-мулкнинг сотилиш ва қолдиқ қийматлари ўртасидаги фарқ (ошиб кетиш) ҳисобга олинади. Бунда мол-мулкнинг қолдиқ қиймати асосий фондлар, моддий активлар, арзон ва тез эскирувчан буюмларга нисбатан қўлланилади.

Агар активларнинг фақат бир қисми сотилса, сотиш санасидаги активлар қиймати қолган ва сотилган қисмлар ўртасида тасдиқланади.

Активлар бепул асосда ёки пасайтирилган қиймат бўйича топширилганда топширувчи шахс активларининг қиймати шаклланган харажатлардан келиб чиқиб, олаётган шахс даромадлари эса - кирим қилинган баҳолаш қиймати бўйича, лекин топширилаётган активлар таннархидан паст бўлмаган тарзда, белгиланади.

в) фоизлар кўринишидаги даромадлар;

г) дивидендлар;

д) бошқа шахслардан бепул олинган мол-мулк.

Агар мол-мулкни бепул топшириш тизим ичида корхоналар ўртасида юз берса, бунда тизим деганда вазирлик, концерн, трест ва ҳоказолар тушунилади ва бу мол-мулк тақсимлаш баланси бўйича ва (ёки) юқори ташкилот буйруғига кўра олинган бўлса, улар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.

е) мол-мулкни ижара (лизинг)га беришдан олинган даромад;

Бунда шуни назарда тутиш лозимки, агар ижарага берувчи амортизацияланадиган асосий воситаларни лизинг шартномаси бўйича ижарага топширса, операция солиқ солиш мақсадида ижарачи томонидан мол-мулк харид қилиниши сифатида қаралиши керак.

Агар у қуйидаги шартлардан бирига жавоб берса, амортизацияланадиган асосий воситаларнинг ижараси лизинг ҳисобланади:

ижара муддати асосий воситалар хизмат муддатининг саксон фоизидан ошиб кетса;

ижарачи асосий воситаларни қатъий нархда ёки ижара тугаганидан кейин белгиланадиган нархда сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлса;

ижарага олинадиган асосий воситаларнинг қолдиқ қиймати ижара тугаганидан кейин ижара бошидаги улар қийматининг йигирма фоизидан камни ташкил этса;

тўловларнинг жорий суммаси бутун ижара даври учун ижарага олинадиган воситалар қийматининг тўқсон фоизидан ошса.

Мазкур кичик банд иккинчи қисмининг қоидалари лизинг шартномасини узайтириш ҳуқуқи амалга оширилиши мумкин бўлган даврга татбиқ этилади.

ж) роялти;

з) текин молиявий ёрдам (давлат бюджетидан субсидиялар бундан мустасно);

и) даъво муддати ўтиб кетган кредиторлик ва депонентлик қарзларини ҳисобдан чиқаришдан олинган даромадлар.

Даъво муддати - шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво тақдим этиш йўли билан ҳимоя қила олиши мумкин бўлган муддат. Даъвонинг умумий муддати - уч йил.

к) илгари чегирилган харажатлар, зарарлар ёки гумонли қарзларни қоплаш кўринишида олинган даромадлар;

л) валюта ҳисобварақлари бўйича курсдаги мусбат фарқ.

м) фавқулодда даромадлар.

н) бошқа даромадлар.

Олинган грантлар даромад сифатида қаралмайди. Грант деганда корхонага давлат (ҳукумат), шунингдек ноҳукумат, хорижий, халқаро ташкилотлар ва жамғармалар томонидан ижтимоий аҳамиятдаги мақсадларда, иқтисодиётни ривожлантиришни рағбатлантириш, илмий-техник ва инновация дастурларини бажариш учун бепул, гуманитар пул кўринишидаги ёки моддий-техник ёрдам тушунилади. Грант маблағларидан қатъиян мақсадга мувофиқ фойдаланилади.

11. Товар-моддий захираларни қўшимча баҳолаш суммаси товарлар (ишлар, хизматлар) сотилиши боришига қараб солиқ солинадиган даромад таркибига киритилади.


12. Маҳсулот (ишлар, хизматлар) сотишни ҳақиқатдаги таннархдан паст нархлар бўйича амалга оширадиган ташкилотлар (корхоналар) бўйича, солиқ солиш чоғида, зарарлар суммаси солиқ солинадиган базани камайтирмайди, ўзи ишлаб чиқарган, эркин алмаштириладиган валютага сотиладиган экспорт маҳсулоти (ишлар, хизматлар) бундан мустасно.

Ўзи ишлаб чиқарган товарлар (ишлар, хизматлар)ни эркин алмаштириладиган валютага, ички бозор нархларидан паст нархлар бўйича экспорт қиладиган (мазкур Йўриқномага 1-иловада саналган хом ашё товарлари экспорти бундан мустасно) корхоналар учун (савдо-воситачилик корхоналаридан ташқари), солиқ солинадиган база экспорт маҳсулотини сотишнинг ҳақиқатдаги нархидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинади.


13. Муштарак вазифаларни ҳал этиш ва биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш учун бирлаштириладиган бадаллар, пайлар ва устав фондига (сармоясига) бошқа мақсадли молиявий қўйилмалар ушбу муштарак вазифаларни ҳал этиш учун махсус ташкил этилган юридик шахснинг даромади ҳисобланмайди ва солиқ солиш объекти бўлмайди.

Ушбу мақсад учун юридик шахсни ташкил этмасдан биргаликдаги фаолият (оддий ширкат шартномаси бўйича) унинг иштирокчилари шартномалари асосида амалга оширилади.

...