язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Инвестициялар/ Умумий қоидалар/ Инвестиция лойиҳаларини комплекс бошқариш бўйича таркибий бўлинма тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 23.03.2011 й. 84-сон қарорига 2-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 23 мартдаги

84-сон қарорига

2-ИЛОВА


Инвестиция лойиҳаларини комплекс бошқариш

бўйича таркибий бўлинма тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий низом Ўзбекистон Республикасининг "Чет эл инвестициялари тўғрисида" ва "Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида"ги Қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хорижий инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда ўзлаштириш жараёнини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2008 йил 24 июлдаги ПҚ-927-сон қарорига, Вазирлар Маҳкамасининг "Инвестиция лойиҳаларини тасдиқлаш ва амалга ошириш мониторинги механизмларини такомиллаштириш, мурувват ёрдами юкларини ва техник кўмаклашиш маблағларини ҳисобга олиш ва назорат қилиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2005 йил 15 ноябрдаги 251-сон ва "Инвестиция лойиҳалари ҳужжатларини ишлаб чиқиш, экспертизадан ўтказиш ва тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида" 2007 йил 7 июндаги 110-сон қарорларига ҳамда бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилган.


2. Намунавий низом давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотлар, шунингдек инвестиция лойиҳалари юзасидан ташаббус кўрсатиш ва амалга ошириш учун масъул йирик корхоналарнинг (кейинги ўринларда ижро этувчи агентликлар деб аталади) инвестиция лойиҳаларини комплекс бошқариш бўйича таркибий бўлинмаси (кейинги ўринларда инвестициялар департаменти (бўлими) деб аталади) мақомини белгилайди ва ишини тартибга солади.


3. Ижро этувчи агентликнинг биринчи раҳбарлари департамент (бўлим)нинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади.


4. Инвестициялар департаменти (бўлими) ўз ишини ижро этувчи агентликнинг бошқа бўлинмалари билан ўзаро яқин ҳамкорликда амалга оширади, шунингдек инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигига ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига ҳисоб беради.


5. Ижро этувчи агентлик ўз фаолияти хусусиятларидан ва лойиҳаларни молиялаштириш манбаларидан келиб чиқиб Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги билан келишган ҳолда ушбу Намунавий низомга мувофиқ ижро этувчи агентликнинг биринчи раҳбари томонидан тасдиқланадиган инвестициялар департаменти (бўлими) тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади.



II. ИНВЕСТИЦИЯЛАР ДЕПАРТАМЕНТИ (БЎЛИМИ)НИНГ

ТУЗИЛМАСИ ВА АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


6. Ижро этувчи агентлик марказий аппарати бошқарув ходимларининг тасдиқланган штатдаги умумий сони 50 нафар ва ундан ортиқ бўлганда инвестиция лойиҳаларини комплекс бошқариш бўйича бўлинма департамент, ижро этувчи агентлик марказий аппарати бошқарув ходимларининг тасдиқланган штатдаги умумий сони 50 нафардан кам бўлганда - бўлим шаклида ташкил этилади.


7. Қуйидагилар Инвестициялар департаменти (бўлими)нинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ишлаб чиқаришларнинг замонавий технологияларга мувофиқлиги юзасидан уларнинг техник аудитини ўтказиш, унинг натижаларига кўра фаолият кўрсатиб турган ишлаб чиқаришларнинг асбоб-ускуналарини ва технология жараёнларини модернизациялаш бўйича ташаббус кўрсатиш ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш;

ишлаб чиқарилаётган ҳамда ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши мумкин бўлган маҳсулотлар номенклатураси бўйича доимий маркетинг тадқиқотларини ўтказиш, маҳсулотларнинг янги турларини маҳаллийлаштириш ва ишлаб чиқариш лойиҳалари юзасидан ташаббус кўрсатиш бўйича таклифлар киритиш;

замонавий технологияларни ишлаб чиқувчи ва уларга эгалик қилувчи хорижий ташкилотлар аниқланишини ва уларни модернизациялаш, маҳаллийлаштириш ва маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариш лойиҳалари бўйича стратегик шерик сифатида жалб қилиш учун ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

модернизациялаш ва тармоқларни, ташкилотларни ва йирик корхоналарни ривожлантириш дастурларини, шу жумладан, лойиҳалар рўйхатини ва молиялаштириш манбаларини кўрсатган ҳолда маҳсулотларни чуқур маҳаллийлаштиришга йўналтирилган дастурларни ҳар йили янгилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш;

хорижий ташкилотларни ривожлантириш ва модернизациялашнинг давлат ва тармоқ дастурларига, ҳар йилги Инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларни амалга оширишга стратегик шериклар сифатида жалб қилишнинг мақсадга мувофиқлигини ўрганиш мақсадида улар билан тизимли иш олиб бориш;

ривожлантириш ва модернизациялашнинг давлат ва тармоқ дастурларига, ҳар йилги Инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларнинг лойиҳа олди ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва экспертизадан ўтказиш ишларини ташкил этиш учун зарур чора-тадбирларни амалга ошириш;

лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ танлов (тендер) савдоларини ташкил этиш ва лойиҳаларни амалга ошириш билан боғлиқ контрактларни тузишга тайёрлаш;

лойиҳаларнинг амалга оширилиши мониторингини олиб бориш;

хорижий инвесторлар ва кредиторлар билан келишилган, белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳаларни амалга ошириш жадвалларига қатъий риоя қилган ҳолда, лойиҳаларнинг ўз вақтида ва самарали рўёбга чиқарилишини таъминлаш учун тадбирлар дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ишини мувофиқлаштириш;

инвестиция муҳитини яхшилаш ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш ва киритиш.


8. Инвестициялар департаменти (бўлими) техник, иқтисодий, молиявий, юридик маълумотга ва тегишли иш тажрибасига эга бўлган юқори малакали мутахассислар билан бутланади,



III. ИНВЕСТИЦИЯЛАР ДЕПАРТАМЕНТИ

(БЎЛИМИ)НИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ


9. Инвестициялар департаменти (бўлими) унга юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

а) ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технологияларга мувофиқлиги юзасидан уларнинг техник аудитини ўтказиш, бозор эҳтиёжларининг, илм-фан, техника ва янги технологиялар ютуқларининг маркетинг таҳлиллари асосида модернизациялаш ва техник қайта жиҳозлаш лойиҳаларини, маҳаллийлаштириш дастурини ишлаб чиқиш, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш, шунингдек инвестицияларни, кредитлар ва грантларни жалб этиш соҳасида:

маркетинг бўлинмалари билан биргаликда ишлаб чиқариладиган ва ўзлаштириш потенциал мумкин бўлган маҳсулотлар номенклатураси бўйича ички ва ташқи сотиш бозорлари конъюнктурасини ўрганиш бўйича тадқиқотларни тизимли асосда тайёрлайди, унинг ўртача ва узоқ муддатли истиқболда бозор ривожланишини прогнозлаштиришни ўз ичига оладиган таркиби ва динамикасини белгилаб берадиган асосий омилларни аниқлайди;

республика тармоқларининг импорт қилинадиган маҳсулотлари (хизматлари) ҳажми, таркиби ва номенклатурасини чуқур таҳлил қилади;

ҳар йили тармоқни/ташкилотни модернизациялаш ва ривожлантириш, лойиҳалар рўйхатини ва уларни молиялаштириш манбаларини ўз ичига оладиган, шу жумладан, маҳсулотни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштиришга қаратилган дастурларини ишлаб чиқади ва янгилайди ва шу асосда - Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда қатнашади;

саноат тармоқларини, қишлоқ хўжалиги, хизматлар ва иқтисодиётнинг ижтимоий соҳасини ривожлантириш ва модернизациялаш давлат ва тармоқ дастурларига киритиш учун лойиҳа таклифлари рўйхатини шакллантиради ва доимий равишда янгилайди;

инвестиция таклифини ва паспорт, бизнес-режани, дастлабки техник-иқтисодий асослаш/техник-иқтисодий асослаш, дастлабки техник-иқтисодий ҳисоблаш/техник-иқтисодий ҳисоблаш ҳамда лойиҳанинг ўзига хослигини ҳисобга олган ҳолда бошқа зарур ҳужжатларни ўз ичига оладиган лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқилиши, келишилиши ва белгиланган тартибда тасдиқланишини мувофиқлаштиради;

биринчи навбатда модернизациялаш, саноатни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш дастурларига ва ҳар йилги Инвестиция дастурига киритилган лойиҳалар бўйича инвестиция таклифларининг лойиҳа ҳужжатларини инвестиция лойиҳаларининг ягона базасига киритиш учун белгиланган тартибда Иқтисодиёт вазирлигига ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тизимли асосда киритади;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун хорижий инвестициялар ва кредитлар жалб этилишига тўсқинлик қилувчи омилларни аниқлайди ҳамда уларни бартараф этиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва ушбу йўналишда иш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар киритади;

хорижий мамлакатлар ва трансмиллий корпорацияларнинг инвестиция қўйиш ва саноат ихтисослашуви имкониятларини таҳлил қилади, потенциал инвесторларнинг техник ва молиявий имкониятларини ўрганади ва шу асосда уларнинг инвестицияларини аниқ тармоқ ва лойиҳага жалб этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ишлаб чиқарувчилар бўйича жаҳон даражасидаги янги илғор технологияларни, техник параметрларни ва асбоб-ускуналар, технологиялар ва хизматларнинг қийматларини таҳлил қилади, уларнинг маълумотлар базасини шакллантиради ва доимий равишда янгилайди;

лойиҳаларни амалга ошириш учун меморандумлар, таъсис ҳужжатлари, инвестицион ва молиявий битимлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлайди ва белгиланган тартибда келишади;

инвестиция лойиҳаларини тайёрлаш тармоқ жадвалларини ишлаб чиқади, келишади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди ҳамда уларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

инвестиция лойиҳаларининг тайёрланиши тўғрисидаги ахборотни тайёрлайди ҳамда унинг мунтазамлилик асосида Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тақдим этилишини таъминлайди;

делегациялар, миссиялар, хорижий инвесторлар, халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари вакилларининг муваффақиятли ва самарали ишлаши учун зарур ташкилий, ахборот ва маслаҳат ёрдами кўрсатади, шунингдек лойиҳаларни тайёрлаш, баҳолаш ва шарҳлаш учун зарур тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда уларга кўмаклашади;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида Ҳукумат қарорлари лойиҳалари тайёрланиши, келишилиши ва тасдиқлаш учун киритилишини таъминлашга оид зарур чора-тадбирларни амалга оширади;

б) инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш (тендерлар ўтказиш, контрактлар тузиш ва уларни рўйхатга олиш, тармоқ жадвалларининг, инвестиция мажбуриятларининг бажарилиши), маҳаллийлаштириш дастурлари мониторинги соҳасида:

саноатни техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш дастурларига, тармоқ дастурларига ва Инвестиция дастурига киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини ишлаб чиқади, келишади ва белгиланган тартибда тасдиқлайди;

ижро этувчи агентлик тузилмасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари, шу жумладан, хорижий инвестициялар ва кредитлар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари лойиҳани амалга ошириш тармоқ жадвалига мувофиқ уларни фойдаланишга топширишга қадар ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлайди;

тендер ҳужжатлари ўз вақтида ишлаб чиқилишини ва белгиланган тартибда келишилишини таъминлайди, тендер (танлов) савдолари ўтказилгунга қадар харид қилинадиган товарлар ва хизматлар бозори конъюнктурасини маркетинг йўли билан, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган консалтинг компанияларини жалб этган ҳолда ўрганади;

тендер (танлов) савдолари ўз вақтида ўтказилишини, контрактлар тузилишини белгиланган тартибда таъминлайди, уларни экспертизадан ва рўйхатдан ўтказади;

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига, халқаро қоидаларга ҳамда тегишли халқаро молиявий иқтисодий институтлар ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг тартиб-қоидаларига мувофиқ тузилган контрактлар бўйича асбоб-ускуналар, материаллар етказиб бериш ҳамда ишлар ва хизматларни бажариш мониторингини амалга оширади;

имзоланган контрактлар бўйича инвестиция битимларининг хорижий шериклари, етказиб берувчилар ва пудратчилар, инвестиция лойиҳаларини тузилган контрактларга қатъий мувофиқ равишда ўз вақтида молиялаштириш бўйича ваколатли банклар томонидан мажбуриятлар бажарилиши устидан мониторинг олиб боради;

Давлат инвестиция дастури ва бошқа дастурлар, шу жумладан, тармоқ дастурларини шакллантириш юзасидан таклифлар киритади;

инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши тўғрисидаги ахборотни келишилган шакл бўйича мунтазамлилик асосида Иқтисодиёт вазирлигига ҳамда Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига тақдим этади;

инвестициялар ва кредитлар жалб этилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаш ва таҳлил қилиш асосида уларни тезкор бартараф этиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, инвестицияларни жалб этиш соҳасида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва ушбу йўналишда иш самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида бошқа функцияларни бажаради.


10. Инвестициялар департаменти (бўлими) ижро этувчи агентлик раҳбари билан келишган ҳолда ишларнинг ҳолати ва лойиҳалар амалга оширилишига тўсқинлик қилаётган муаммоли масалалар, шунингдек уларни ҳал этишга доир таклифлар муфассал баён қилинган ахборотни Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат статистика қўмитасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ахборот-таҳлил департаментига ҳар чораклик асосда тақдим этади.


IV. ИНВЕСТИЦИЯЛАР ДЕПАРТАМЕНТИ (БЎЛИМИ)НИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


11. Инвестициялар департаменти (бўлими) унга юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

а) инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида ижро этувчи агентлик ва барча идоравий мансуб ташкилотларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш;

б) вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, хўжалик субъектларидан, шунингдек ижро этувчи агентликнинг тегишли бўлинмаларидан инвестициялар ва кредитларни жалб этиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бўйича ахборотлар, материаллар, таклифлар ва хулосаларни белгиланган тартибда олиш;

в) вазирликлар, идоралар, халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари вакиллари билан биргаликда муаммоли масалаларни аниқлаш ва уларни ҳал этиш юзасидан самарали чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, шунингдек лойиҳаларни амалга ошириш жадвалларидан орқада қолиш сабабларини бартараф этиш учун учрашувлар ташкил этиш ва ўтказиш;

г) халқаро молиявий ва иқтисодий институтлар, хорижий ҳукумат молиявий ташкилотлари миссияларининг ишини ўз вақтида ва самарали ташкил этиш учун уларга зарур ташкилий, ахборот ва маслаҳат ёрдами кўрсатиш, шунингдек лойиҳани тайёрлаш ва баҳолаш учун зарур тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда кўмаклашиш;

д) бўш лавозимларни тўлдириш учун лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари раҳбарлари ва ходимлари номзодлари юзасидан таклифлар киритиш;

е) инвесторлар ва кредиторлар билан тузиладиган протоколлар, меморандумлар ва бошқа ҳужжатларни тегишли вазирликлар ва идоралар билан келишиш;

ж) инвесторлар ва кредиторлар билан эришилган аҳдлашувларнинг ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб борилишини таъминлаш.


12. Инвестициялар департаменти (бўлими) ходимлари тақсимотга кўра ўзлари мутасаддилик қиладиган инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши барбод қилинганлиги учун шахсан жавоб берадилар, шунингдек юкланган функционал вазифаларнинг ўз вақтида бажарилмаганлиги ва сифатсиз бажарилганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилишлари мумкин.


13. Инвестициялар департаменти (бўлими) раҳбари ҳисоботларда, шу жумладан, лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари ҳисоботларида лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишнинг ҳолати тўғрисида тақдим этиладиган маълумотларнинг ва бошқа маълумотларнинг ишончлилиги учун жавоб беради.


14. Инвестициялар департаменти (бўлими) ходимлари малака ошириш, лойиҳа ҳужжатларини экспертизадан ўтказиш, давлат мониторинги жараёнлари билан танишиш, инвестицион ва молиявий ҳамкорлик масалалари бўйича хорижий делегациялар билан музокаралар ўтказиш тажрибасини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида, Иқтисодиёт вазирлигида, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасида, Қурилиш вазирлигида ва хизмат кўрсатувчи тижорат банкида белгиланган тартибда стажировкадан ўтадилар.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 12-13-сон, 118-модда.