ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 11.02.2011 й. 1-сон "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид ишлар бўйича суд амалиётининг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

11.02.2011 й.

N 01


ЖИНОИЙ ФАОЛИЯТДАН ОЛИНГАН

ДАРОМАДЛАРНИ ЛЕГАЛЛАШТИРИШГА

ОИД ИШЛАР БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга оид ишлар бўйича суд амалиётида масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан ҳамда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (бундан буён матнда - даромадларни легаллаштириш) жамият ҳаётининг турли соҳаларида уюшган жиноятчилик туғилиши ва фаолият кўрсатиши учун зарур шарт-шароит яратиши туфайли миллий хавфсизликка жиддий таҳдид солади.


2. Судларга тушунтирилсинки, ЖК 243-моддасида назарда тутилган даромадларни легаллаштириш тариқасидаги жиноятнинг предмети бу жиноий фаолият натижасида топилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк ҳисобланади. Қонун мазмунига кўра, ушбу пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк уларни легаллаштиришдан олдин қасддан содир этилган ижтимоий-хавфли қилмиш (бундан буён матнда асосий жиноят деб юритилади) орқали топилади.

Асосий жиноятларга, жумладан, қуйидагилар киради:

шахсга қарши ҳақ эвазига содир этиладиган жиноятлар (масалан, ғараз ниятларда одам ўлдириш, фоҳишахоналар сақлаш, одам савдоси);

иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар (масалан, ўғирлик, босқинчилик, товламачилик, талончилик, фирибгарлик, ўзлаштириш ёки растрата қилиш йўли билан талон-торож қилиш, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш);

ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органлари фаолият тартибига қарши жиноятлар (масалан, пора олиш, қонунга хилоф равишда мулкий манфаатдор бўлиш);

жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига қарши жиноятлар (масалан, контрабанда, ўқотар қурол ёки кучли таъсир қилувчи моддаларни, гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш ва ҳ.к.).

Бунда бир ёки бир неча асосий жиноят содир этилганлиги, улар алоҳида бир шахс, уюшган гуруҳ ёки жиноий уюшма томонидан, Ўзбекистон Республикаси ёхуд бошқа мамлакат ҳудудида содир этилганлиги, легаллаштирилаётган мулк содир этилган жиноят натижасида бевосита ёки билвосита қўлга киритилганлиги аҳамият касб этмайди.

2.1. "Жиноий фаолиятдан олинган даромадлар" атамаси Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунининг 3-моддасига мувофиқ, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

жиноий йўл билан топилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкдан фойдаланиш натижасида олинган даромад ёки фойда (даромаддан даромад);

жиноий йўл билан топилган пул маблағлари ёки мол-мулк бошқа мулкка айлантирилган ёки ўзгартирилган (масалан, кўчмас мулкни жиноий йўл билан топилган қурилиш материалларидан барпо этиш);

жиноий йўл билан орттирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни қонуний манбалар ҳисобидан топилган мол-мулкка қўшиш йўли билан олинган мол-мулк. Бундай ҳолларда мол-мулкнинг фақат қўшилган пул суммаси ёки қўшилган мол-мулк қийматига тегишли қисмигина жиноий йўл билан топилган деб эътироф этилади.

Пул маблағларига миллий ёки чет эл валютаси тариқасидаги нақд пуллар, шунингдек нақд бўлмаган пул маблағлари, шу жумладан, электрон пуллар киради.

Бошқа мол-мулк деганда, кўчар ва кўчмас мулк тушунилиши лозим бўлиб, у мулкий ҳуқуқлар, нарсалар, қимматли қоғозлар, хизматлар, интеллектуал фаолият натижаларини, шу жумладан, уларга бўлган мутлақ ҳуқуқларни (интеллектуал мулк) ўз ичига олади.

Шуни назарда тутиш лозимки, Жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши молиявий чораларни ишлаб чиқиш гуруҳининг (ФАТФ) 15-Тавсиясига кўра, жиноий фаолиятдан олинган даромадларга крипто-активлар (крипто-валюта) ҳам киритилиши мумкин.

3. ЖК 243-моддаси мазмунига кўра, даромадларни легаллаштириш деганда, айбдор томонидан жиноий фаолиятдан олинган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг келиб чиқишига уларни ўтказиш, мулкка айлантириш ёки алмаштириш, шунингдек, уларнинг асл хусусиятини, манбаини, турган жойини, тасарруф этиш, кўчириш усулини, пул маблағларига ёки бошқа мулкка нисбатан ҳақиқий эгалик ҳуқуқларини ёки унинг кимга қарашлилигини яшириш ёхуд сир сақлаш йўли билан қонуний тус берилиши тушунилиши лозим.

Жиноий фаолиятдан олинган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг келиб чиқишига қонуний тус берилиши, одатда, бундай пул маблағлари ёки мулкка нисбатан молиявий операцияларни амалга ошириш ва/ёки битимлар тузишда ифодаланади.

Молиявий операцияларга пул маблағлари билан амалга ошириладиган ҳар қандай операциялар (нақд ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар, касса операциялари, шу жумладан, пул маблағларини ҳисобварағига киритиш, уларни турли банклардаги омонатларга бўлиб жойлаштириш, бошқа валютага ўтказиш, қимматли қоғозлар сотиб олиш, пул маблағларини чегарадан ташқарига ўтказиш ва кейинчалик уларни банкдаги омонатга қайта тушириш ва ҳ.к.).

Легаллаштириш амалга оширилиши мумкин бўлган битимларга, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларини вужудга келтириш, ўзгартириш ёки тугатишга, шунингдек, фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларининг пайдо бўлганлиги ёки ўтганлиги тасаввурини шакллантиришга қаратилган (масалан, олди-сотди, қарз, ҳадя, гаров, ижара, айирбошлаш ва ҳ.к. шартномаларни тузиш) ҳаракатлар киради.

Қонун мазмунига кўра, жиноий йўл билан орттирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк билан ҳатто битта операция ёки битим амалга оширилган ҳолларда ҳам даромадларни легаллаштириш учун жавобгарлик келиб чиқади.

3.1. Молиявий операциялар ўтказиш орқали содир этилган даромадларни легаллаштириш шахс жиноий йўл билан топилган пул маблағларидан товарлар учун ҳисоб-китоб қилишда ёки майдалашда фойдаланган ёхуд пул маблағларини ўтказиш ва ҳ.к. ҳақида банкка фармойиш тақдим этган (берган) вақтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.

Даромадларни легаллаштириш битим тузиш орқали амалга оширилган ҳолларда, жиноят айбдор шахс томонидан битим натижасида вужудга келган мажбуриятларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми бажарилган ёки ҳуқуқларнинг ҳеч бўлмаганда бир қисмидан фойдаланган пайтдан (масалан, айбдор томонидан шартнома бўйича бошқа тарафга легаллаштирилаётган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкни, битим бўйича мажбуриятни бошқа тараф бажарганлигидан қатъий назар, топширилган пайтдан) бошлаб тугалланган ҳисобланади.

Агар жиноий йўл билан топилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкнинг келиб чиқишига қонуний тус бериш мақсадида, мулк билан фақат номигагина битим тузилган бўлиб, амалда у бўйича мулкни ўтказиш ёки хизматлар кўрсатиш (ишларни бажариш) назарда тутилмаган бўлса, ЖК 243-моддасида назарда тутилган жиноят айбдор ва бошқа шахс ўртасида шартнома расмийлаштирилган пайтдан (масалан, пул маблағлари жиноий йўл билан топилганлигини яшириш учун тузилган хизматларга ҳақ тўлаш тўғрисидаги шартнома имзоланган пайтдан) бошлаб тугалланган ҳисобланади.

3.2. Шуни назарда тутиш лозимки, жиноий йўл билан топилган даромадларни легаллаштириш фактини исботлашда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки бундай пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк номига расмийлаштирилган учинчи шахсларда даромадларнинг қонуний манбалари мавжуд эмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар шахс томонидан ЖК 243-моддасида назарда тутилган жиноятнинг объектив томонини ташкил этувчи ҳаракатлар содир этилганлигини тасдиқловчи далиллар мажмуи билан бирга инобатга олиниши лозим.

4. Суднинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулк келиб чиқишининг жиноийлиги ҳақидаги хулосаси, жиноят ишидаги бошқа материаллар билан бир қаторда, қуйидагиларга асосланиши мумкин:

асосий жиноят бўйича чиқарилган айблов ҳукмига;

ЖПК 84-моддасида назарда тутилган асосларга кўра, ишнинг асосий жиноят бўйича тугатиш тўғрисидаги дастлабки тергов органи қарори ёки суднинг ажримига, башарти жиноят иши материалларида асосий жиноят ҳодисаси ва жиноят таркиби борлиги тўғрисида далиллар мавжуд бўлса.

5. Судлар даромадларни легаллаштиришни жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш жиноятидан фарқлашлари лозим. Жумладан, жиноят (масалан, ўзганинг мулкини талон-торож қилиш) натижасида топилган мулкни олиш ёки ўтказиш, агар бундан мулкка қонуний эгалик кўриниши берилмаётган бўлса (масалан, техник паспорт ёки ўғирланган автомобилни сотиш учун бериладиган ишончнома қалбакилаштирилган), даромадларни легаллаштириш (ЖК 243-моддаси) таркибини ташкил этмайди.

Ишнинг муайян ҳолатларидан (жумладан, талон-торож қилинган мулк билан амалга оширилган битим олдига қўйилган мақсаддан) келиб чиққан холда бундай ҳаракатлар ўзганинг мулкини талон-торож қилишда иштирокчилик (ёрдамчи шаклида) ёки жиноий йўл билан топилган мулкни олиш ёки ўтказиш (ЖК 171-моддаси) сифатида, бунга асослар мавжуд бўлганда эса, ҳужжатларни қалбакилаштириш сифатида ҳам квалификация қилиниши мумкин.


6. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, жиноий фаолият натижасида орттирилган пул маблағлари ёки бошқа мол-мулкка нисбатан мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларни вужудга келтириш, ўзгартириш ёки тугатишга қаратилган ҳаракатларни содир этишда иштирок этган шахснинг ҳаракатларини квалификация қилиш масаласини ҳал этишда, ҳар бир ҳолатда бу шахс мазкур мол-мулк жиноий фаолият натижасида орттирилганлигини аниқ билган-билмаганлиги аниқланиши шарт. Масалан, агар шахс жиноий фаолият натижасида топилган мулкни легаллаштиришни хоҳлаб олди-сотди шартномаси тузган бўлса ва олувчи сотувчида мазкур мулкка қонуний тус бериш мақсади борлигини англаган ҳолда бу мулкни сотиб олса, олувчининг ҳаракатлари даромадларни легаллаштиришга кўмаклашиш сифатида ЖК 28, 243-моддалари билан квалификация қилиниши лозим. Бундай ҳукм кейинчалик мулкни олди-сотди шартномаси фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳақиқий эмас деб топилиши учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Нотариус томонидан мансаб ваколатларидан пул маблағлари ёки бошқа мулкни легаллаштиришга қаратилган битимни ўзи била туриб тасдиқлаш учун фойдаланилиши даромадларни легаллаштиришга кўмаклашиш сифатида (ЖК 28, 243-моддалари) билан, бунга асослар бўлганда эса, Жиноят кодексининг бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи бошқа моддалари билан ҳам билан квалификация қилинади,


7. Судлар шуни инобатга олишлари лозимки, даромадларни легаллаштиришдан олинган мулк ЖПК 211-моддаси 5-бандига кўра, ЖК 243-моддасида назарда тутилган жиноят предмети ҳисобланади ва Фуқаролик кодекси 204-моддасига асосан жисмоний ёки юридик шахсга асосий жиноят натижасида етказилган моддий зарар қоплангандан сўнг конфискация қилиниши керак.

Агар шахсни ЖК 243-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этишда айблашга доир ишни кўриш чоғида пул маблағлари ёки мулкнинг муайян қисми жиноий йўл билан орттирилмаганлиги аниқланса, улар ЖПК 211-моддаси 4-бандига асосан қонуний эгасига қайтарилиши лозим,


8. Даромадларни легаллаштириш жиноятини содир этишда айбдор деб топилган шахсларга нисбатан жазо белгилашда, судлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги 1-сонли "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги қарорида баён этилган тушунтиришларга қатъий риоя этишлари лозим.

Шу билан бирга, ЖК 243-моддаси диспозициясида даромадларни легаллаштириш учун жиноий жавобгарлик келиб чиқадиган миқдор белгиланмаганлигини, мазкур модданинг санкцияси эса, фақат озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазони назарда тутишини инобатга олиб, судлар, инсонпарварлик ва одиллик принципларига амал қилиб жазо мутаносиблигини ЖК саккизинчи бўлимида берилган миқдорлар (анча, кўп, жуда кўп миқдор)га доир тушунчаларга таянган ҳолда белгилашлари лозим.


9. Даромадларда легаллаштиришга кўмаклашувчи омиллардан бири жиноятларнинг ўз вақтида очилмаслиги эканлигини инобатга олган ҳолда, айбдор жиноят натижасида қонунга хилоф тарзда мулкни қўлга киритган ҳар бир ишни кўришда судлар бундай фактларга нисбатан хусусий ажрим чиқариш йўли билан муносабат билдиришлари керак.


10. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди даромадларни легаллаштиришга оид ишларни кўриш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини чуқур текширишлари, йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.















































Время: 0.1988
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск