Внимание!

NB! Мазкур Конунга 2024 йил 1 июлдан киритиладиган ўзгартиришларни ЎзР 28.12.2023 й. ЎРК-891-сон Конунига каранг


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш / Чиқиндиларни қайта ишлаш /

Ўзбекистон Республикасининг 05.04.2002 й. 362-II-сон "Чиқиндилар тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.04.2002 й.

N 362-II



ЧИҚИНДИЛАР ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади

ва асосий вазифалари


Ушбу Қонуннинг мақсади чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига, атроф муҳитга зарарли таъсирининг олдини олиш, чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ва улардан хўжалик фаолиятида оқилона фойдаланилишини таъминлашдан иборат.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш - чиқиндибилан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида ҳисобга олиш ва назорат қилиш, чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастрини юритиш, чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши, уларни тўплаш, жойлаштириш, ташиш, зарарсизлантириш, сақлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш билан боғлиқ фаолият;

чиқиндиларни зарарсизлантириш - чиқиндиларни нейтрал ҳолга келтириш, дезактивациялаш, дезинфекциялаш, демеркуризациялаш, чиритиш, ёқиб юбориш, термик жиҳатдан қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш билан боғлиқ фаолият;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектлари - чиқиндиларни тўплаш, жойлаштириш, ташиш, зарарсизлантириш, сақлаш, қайта ишлаш, утилизация ва реализация қилиш учун фойдаланиладиган объектлар;

чиқинди паспорти - чиқинди келиб чиққан жойни ҳамда чиқиндининг индивидуал хусусиятларини тасдиқловчи ҳужжат;


чиқиндилар - ишлаб чиқариш ёки истеъмол қилиш жараёнида хом ашё, материаллар, хомаки маҳсулотлар, бошқа буюмлар ёки маҳсулотларнинг ҳосил бўлган қолдиқлари, шунингдек ўзининг истеъмол хусусиятларини йўқотган товарлар (маҳсулотлар);


чиқиндиларни жойлаштириш лимити - муайян муддатга жойлаштириш рухсат этилган чиқиндиларнинг энг юқори миқдори;


чиқиндиларни жойлаштириш объекти - чиқиндиларни сақлаш ҳамда зарарсизлантириш учун махсус ажратилган ва жиҳозланган жой;

чиқиндиларни кўмиб ташлаш - чиқиндиларни, ифлослантирувчи моддалар атроф муҳитни булғатишининг олдини олишга қаратилган ҳамда бу чиқиндилардан келгусида фойдаланиш имкониятини истисно этадиган тарзда, ажратиб қўйиш;


чиқиндиларни сақлаш - чиқиндилар зарарсизлантириш, қайта ишлаш ёки утилизация қилиш мақсадида олиб кетилгунига қадар уларни махсус жиҳозланган тўплагичларда сақлаш;

чиқиндиларни утилизация қилиш - чиқиндилар таркибидан қимматли моддаларни ажратиб олиш ёки чиқиндиларни иккиламчи хом ашё, ёқилғи, ўғит сифатида ва бошқа мақсадларда ишлатиш;


чиқиндиларни қайта ишлаш - чиқиндиларни экологик жиҳатдан бехатар сақлаш, ташиш ёки утилизация қилиш мақсадида уларнинг физик, кимёвий ёки биологик хусусиятларини ўзгартириш билан боғлиқ технологик операцияларни амалга ошириш;


чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативи - маҳсулот бирлиги ишлаб чиқарилаётганда ёки бошланғич хом ашё бирлигидан ҳосил бўладиган муайян турдаги чиқиндиларнинг белгиланган миқдори;


хавфли чиқиндилар - таркибида хавфли (заҳарлилик, юқумлилик, портловчанлик, тез алангаланиб ёнғин чиқарувчанлик, реакцияга тез киришувчанлик, радиоактивлик) хусусиятлардан лоақал биттасига эга моддалар мавжуд бўлган, бундай моддалар фуқаролар соғлиғи ва ҳаётига, атроф муҳитга ўзи мустақил тарзда ҳам, шунингдек бошқа моддаларга қўшилганда ҳам бевосита ёки потенциал хавф туғдирадиган миқдорда ва шаклда мавжуд бўлган чиқиндилар.



3-модда. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш тўғрисидаги қонунчилик

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчилик атмосфера ҳавосига ва сув объектларига ифлослантирувчи моддаларни чиқариб ташлаш ва оқизиш билан боғлиқ муносабатларга тааллуқли эмас.

Қорақалпоғистон Республикасида чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги муносабатлар Қорақалпоғистон Республикаси қонунчилик билан ҳам тартибга солинади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқи


Чиқинди қайси хом ашё, материаллар, хомаки маҳсулотлар, бошқа буюм ёки маҳсулотлардан, шунингдек товарлардан (маҳсулотлардан) фойдаланиш натижасида ҳосил бўлса, чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқи шуларнинг эгасига тегишли бўлади.

Чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқини бошқа шахс олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномаси ёки чиқиндиларни бошқа шахсга бериш тўғрисидаги қонун билан тақиқлаб қўйилмаган ўзга битимлар асосида олиши мумкин.

Чиқиндиларнинг мулкдорлари қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида чиқиндиларга эгалик қиладилар, улардан фойдаланадилар ҳамда уларни тасарруф этадилар.

Чиқиндилар жойлашган ер участкасининг мулкдори ўзгарган тақдирда чиқиндиларга бўлган мулк ҳуқуқининг бошқа шахсга ўтиши ҳамда зарарли оқибатлар учун жавобгарлик қонунчиликка мувофиқ ҳал этилади.


5-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг бажарилишини таъминлайди;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида давлат ҳисоби ва назорати олиб борилиши тартибини белгилайди;

чиқиндилар кўмиб ташланадиган ва утилизация қилинадиган жойларнинг давлат кадастрини юритиш тартибини белгилайди;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида нормативлар ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартибини белгилайди;

чиқиндиларни олиб кириш, олиб чиқиш ва транзит тарзида олиб ўтиш тартибини белгилайди;

чиқиндиларни паспортлаш тартибини белгилайди;

хавфли чиқиндиларнинг ҳамда чегара оша ташилиши давлат томонидан тартибга солиниши керак бўлган чиқиндиларнинг рўйхатини тасдиқлайди;

хавфли чиқиндиларни кўмиб ташлаш учун ер участкалари бериш масалаларини ҳал этади;

депозитсиз идишлар ва тараларни ишлатиш тартибини белгилайди;

чиқиндиларни жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ҳажмини белгилайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


6-модда. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш соҳасидаги махсус ваколатли

давлат органлари


Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари қуйидагилардир:

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги;

Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги;

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси.


7-модда. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни

муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг чиқинди билан боғлиқ

ишларни амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

чиқиндилар кўмиб ташланадиган ва утилизация қилинадиган жойларнинг давлат кадастрини юритади;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги илмий-тадқиқот ва технологик ишланмалар ҳамда лойиҳа-смета ҳужжатларининг давлат экологик экспертизасини ўтказади;

чиқиндилар ҳосил бўлишининг белгиланаётган нормативларига ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш объектларига розилик беради;

чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини тасдиқлайди;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


8-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш

вазирлигининг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш чоғида белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига риоя этилиши устидан давлат санитария-эпидемиология назоратини амалга оширади;

фуқаролар ҳаёти ва соғлиғини чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза этиш чора-тадбирларини белгилайди;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектлари хусусида давлат санитария-гигиена экспертизаси хулосасини беради;

чиқиндилардан тайёрланаётган товарларга (маҳсулотларга) нисбатан санитария-гигиена талабларини белгилайди ҳамда уларга доир гигиена сертификати беради;

чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи учун хавфлилик даражасини белгилашда услубий таъминотни амалга оширади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


9-модда. Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлигининг

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш

соҳасидаги ваколатлари


Ўзбекистон "Ўзкоммунхизмат" агентлиги:

маиший-рўзғор чиқиндилари билан боғлиқ ишларни амалга ошириш давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда уларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига киритади;

маиший-рўзғор чиқиндиларини тўплаш, ташиш, қайта ишлаш ва утилизация қилиш ҳолати мониторингини амалга оширади;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги

давлат қўмитасининг чиқинди билан боғлиқ ишларни

амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси:

кончилик ва қайта ишлаш соҳасидаги ишлаб чиқариш чиқиндиларини ҳисобга олиш, сақлаш ва утилизация қилиш устидан давлат назорати ва текширувини;

радиоактив чиқиндиларни сақлаш, ташиш, утилизация қилиш ва кўмиб ташлаш пайтида радиациявий хавфсизлик устидан давлат назоратини;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


11-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш

соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид умумдавлат дастурларини бажаришда иштирок этадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид маҳаллий дастурларни тасдиқлайдилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун шароит яратиб берадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини тегишли ҳудудга жойлаштириш масалаларини ҳал этадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қиладилар;

чиқиндиларни тўплаш ва утилизация қилиш корхоналари ташкил этилишига кўмаклашадилар;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.


12-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш

соҳасидаги ваколатлари


Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини тегишли ҳудудда жойлаштириш масалаларини ҳал қилишда иштирок этадилар;

аҳоли пунктлари санитария жиҳатидан тозаланишига ҳамда маиший-рўзғор чиқиндилари тўплаб олиб кетилганлиги учун тўловлар вақтида тўланишига кўмаклашадилар;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг санитария ва экологик ҳолати устидан жамоат назоратини амалга оширадилар;

қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширадилар.


13-модда. Фуқароларнинг чиқинди билан боғлиқ

ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқ

ва мажбуриятлари


Фуқаролар:

чиқинди билан боғлиқ ишлар амалга оширилаётганда ҳаётлари ва соғлиқлари учун хавфсиз шароитлар билан таъминланиш;

ўзлари яшаётган жойларда хавфли чиқиндилар бор ёки йўқлиги тўғрисида, лойиҳалаштирилаётган, қурилаётган, шунингдек ишлаб турган чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг хавфсизлиги ҳақида белгиланган тартибда тўлиқ ва аниқ ахборот олиш;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектлари қурилишига доир қарорларнинг лойиҳалари муҳокамасида иштирок этиш;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги натижасида ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига етказилган зарарни тўлатиш;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларининг санитария ва экологик ҳолати устидан жамоат назоратини амалга оширишда иштирок этиш ҳуқуқларига эгадирлар.

Фуқаролар:

чиқинди билан боғлиқ ишларини амалга ошираётганда белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига, бошқа талабларга риоя қилишлари;

маиший-рўзғор чиқиндиларини тўплаб олиб кетиш билан шуғулланувчи корхоналар ва ташкилотлар хизматидан фойдаланганлик учун тўловларни белгиланган тартибда тўлаб боришлари шарт.

Фуқаролар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлишлари ҳамда зиммаларида бошқа мажбуриятлар бўлиши мумкин.


14-модда. Юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ

ишларни амалга ошириш соҳасидаги ҳуқуқлари


Юридик шахслар:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларидан чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги санитария нормалари ва қоидалари, экологик нормативлар тўғрисида белгиланган тартибда ахборот олишга;

чиқиндиларни ҳудудни тоза-ораста тутишнинг санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ равишда чиқиндиларни жойлаштириш объектларида сақлашга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларини жойлаштириш, лойиҳалаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ таклифларни киритишга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга оширишга оид давлат дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этишга;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш натижасида бошқа шахслар томонидан ўзларига етказилган зарарни тўлатишга ҳақлидирлар.

Юридик шахслар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.


15-модда. Юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ

ишларни амалга ошириш соҳасидаги мажбуриятлари


Юридик шахслар:

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида белгиланган санитария нормалари ва қоидаларига, экологик нормативларга риоя этиши;

қонунчиликда белгиланган тартибда чиқиндиларнинг ҳисобини юритиши, улар тўғрисида ҳисобот тақдим этиши;

чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, атроф-муҳит учун хавфлилик даражасини белгиланган тартибда аниқлаши;

чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативлари ва чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари лойиҳаларини ишлаб чиқиши;

аҳоли пунктларининг умумий фойдаланишдаги ерларига, йўлларнинг четига, қатнов қисмига қурилиш ва маиший чиқиндилар ташланиши ҳамда жойлаштирилишининг олдини олиши;

чиқиндиларни тўплашни таъминлаши, ўзига тегишли бўлган биноларга яқин ёки туташ ҳудудларда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва вақтинчалик сақлаш учун контейнерлар (қутилар) ўрнатиши;

ресурс қимматига эга ва утилизация қилиниши лозим бўлган чиқиндиларнинг лозим даражада сақланишини таъминлаши ҳамда уларнинг йўқ қилиниши ва бузилишига йўл қўймаслиги;

ўзининг мулки бўлган чиқиндиларнинг утилизация қилинишига доир технологияларни ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш чораларини кўриши;

чиқиндиларнинг аралашиб кетишига йўл қўймаслиги, бундан ишлаб чиқариш технологиясида назарда тутилган ҳоллар мустасно;

чиқиндиларнинг белгиланмаган жойларда ёки объектларда сақланиши, қайта ишланиши, утилизация қилиниши ва зарарсизлантирилишига, шунингдек бундай жойларга ёки объектларга жойлаштирилиши ҳамда ташланишига йўл қўймаслиги;

махсус техник мосламаларни қўлламаган ҳолда чиқиндиларни ёқиб юбормаслиги;

санитар тозалаш инфратузилмаси объектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича талабларни бузмаслиги;

чиқиндилар жойлаштирилган ўз объектларининг санитария ва экологик ҳолати устидан назоратни амалга ошириши;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш чоғида ҳолати бузилган ер участкаларида рекультивация ишларини ўтказиши;

чиқиндиларни мумкин қадар кўпроқ утилизация қилиш, уларни чиқиндиларни тўплаш, сақлаш ва утилизация қилиш билан шуғулланувчи бошқа юридик ва жисмоний шахсларга реализация қилиш ёки бериш чора-тадбирлари мажмуини амалга ошириши, шунингдек утилизация қилинмайдиган чиқиндилар экологик жиҳатдан хавфсиз тарзда зарарсизлантирилишини таъминлаши;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларига рухсат олинмаган тарзда атроф-муҳитга чиқиндилар чиқарилганлиги ҳолатлари тўғрисида ва кўрилган чоралар ҳақида белгиланган тартибда ахборот тақдим этиши;

чиқиндиларни жойлаштирганлик учун белгиланган тартибда компенсация тўловлари тўлаши;

чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш натижасида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига, атроф-муҳитга, юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Юридик шахслар зиммасида чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


16-модда. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш соҳасида якка тартибдаги тадбиркорларнинг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида якка тартибдаги тадбиркорлар ушбу Қонунда юридик шахслар учун назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўладилар ҳамда мажбуриятларни бажарадилар.


17-модда. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга

ширишда хавфсизликни таъминлаш


Юридик шахсларнинг чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги фаолияти фуқаролар ҳаёти ва соғлиғининг ҳамда атроф муҳитнинг хавфсизлигини таъминламоғи керак.

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчиликнинг талаблари бузилганлиги натижасида фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига ёки атроф муҳитга зарар етказилганда, шунингдек фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи, атроф муҳит учун хавфсизликни таъминлашнинг техникавий ёки бошқа имконияти бўлмай туриб хавфли чиқиндилар ҳосил бўлган ҳолларда юридик шахсларнинг фаолияти белгиланган тартибда чекланиши, тўхтатиб қўйилиши ёки тугатилиши мумкин.


18-модда. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш соҳасида нормалаштириш


Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф муҳит муҳофаза қилинишини таъминлаш, чиқиндиларнинг ҳосил бўлишини камайтириш мақсадида чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативлари ва чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари ишлаб чиқилади.

Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативлари чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари билан келишилган ҳолда юридик шахслар томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари юридик шахслар томонидан ишлаб чиқилади ва чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари томонидан тасдиқланади.

Чиқиндиларнинг ҳосил бўлиш нормативларини ҳамда чиқиндиларни жойлаштириш лимитларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


19-модда. Чиқиндиларни экологик сертификатлаш


Олди-сотди, экспорт-импорт операцияси объекти бўлган чиқиндилар, шунингдек ташилиши керак бўлган хавфли чиқиндилар чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги санитария нормалари ва қоидаларига, экологик нормативларга мувофиқлик бўйича экологик сертификатлашдан ўтказилиши керак, унинг натижаларига кўра чиқиндиларнинг мулкдорларига экологик сертификат берилади.

Чиқиндиларни экологик сертификатлаш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


20-модда. Хавфли чиқиндиларни ташиш


Хавфли чиқиндиларни ташиш чиқиндиларнинг экологик сертификати ҳамда уларни ташиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда берилган рухсатнома мавжуд бўлган тақдирда махсус жиҳозланган транспорт воситаларида амалга оширилади.

Хавфли чиқиндиларни бехатар ташиш учун жавобгарлик транспорт ташкилоти зиммасида бўлади.



21-модда. Чиқиндиларни олиб кириш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудига чиқиндиларни, шу жумладан чет элга мансуб радиоактив чиқиндиларнинг ҳар қандай турларини сақлаш ва кўмиб ташлаш мақсадида олиб кириш тақиқланади.

Фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф муҳитнинг хавфсизлиги таъмин этилиши шарти билан чиқиндилар фақат қайта ишлаш ва утилизация қилиш учун қонунчиликда белгиланган тартибда олиб кирилишига йўл қўйилади.


22-модда. Чиқиндиларни сақлаш ва

зарарсизлантиришга доир талаблар

Чиқиндиларни сақлаш санитария нормалари ва қоидаларига, экологик хавфсизлик талабларига мувофиқ ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланилишини ёки уларнинг бошқа шахсларга берилишини таъминловчи усулларда амалга оширилади.

Саноат чиқиндиларини ва маиший чиқиндиларни махсус техник мосламаларсиз зарарсизлантириш тақиқланади.

Чиқиндилар кўмиб ташланадиган жой (хавфли чиқиндилар бундан мустасно) маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда белгиланади.

Ўзбекистон Республикасида утилизация қилиш учун тегишли технологиялар мавжуд бўлган чиқиндиларнинг кўмиб ташланишига йўл қўйилмайди.

Чиқиндиларни аҳоли пунктлари ерларида, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларда ва моддий маданий мерос объектлари жойлашган ерларда, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш таҳдиди келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа жойларда сақлаш ва зарарсизлантириш тақиқланади.

Алоҳида ҳолларда, махсус тадқиқотлар натижаларига кўра фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғи, атроф муҳит хавфсизлигини, табиий ресурслар сақланишини таъминлаш талабларига риоя этган ҳолда чиқиндиларни ер остига кўмиб ташлашга йўл қўйилади.


23-модда. Чиқиндиларни жойлаштирганлик

учун компенсация тўловлари

Чиқиндиларни махсус ажратилган ва жиҳозланган жойларга жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари ундирилади.

Компенсация тўловлари миқдори белгиланган тартибда чиқиндиларни жойлаштириш лимитлари асосида, чиқиндиларнинг фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи ҳамда атроф муҳит учун хавфлилик даражасига қараб белгиланади.


23-1-модда. Утилизация йиғими

Экологик хавфсизликни таъминлаш, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида утилизация йиғими тўланади.

Утилизация йиғими:

Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан - ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари "эркин муомалага чиқариш (импорт)" божхона режимига жойлаштирилганда;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинадиган ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ишлаб чиқарилганда (йиғилганда, тайёрланганда) ундирилади.

Утилизация йиғимининг миқдорлари, утилизация йиғими тўланадиган ғилдиракли транспорт воситаларининг, ўзиюрар машиналарнинг ва улар тиркамаларининг турлари ҳамда тоифалари, шунингдек утилизация йиғимини ундириш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамалари ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндилар билан боғлиқ ишларни бажариш бўйича инфратузилмани ташкил этиш учун харажатлар утилизация йиғимидан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.



24-модда. Чиқиндиларни утилизация қилиш ҳамда

уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир

фаолиятни рағбатлантириш


Чиқиндилар ҳосил бўлишини камайтириш ҳамда уларни утилизация қилишга қаратилган технологияларни ишлаб чиқаётган ва жорий этаётган, чиқиндиларни утилизация қилишга мўлжалланган корхоналар ва цехлар яратаётган, ускуналар ишлаб чиқараётган, чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг ҳосил бўлишини камайтириш чора-тадбирларини молиялаштиришда улушбай асосида иштирок этаётган юридик ва жисмоний шахсларга қонунчиликка мувофиқ имтиёзлар берилади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир фаолиятни рағбатлантириш юзасидан ўз ваколатлари доирасида қўшимча чоралар белгилашлари мумкин.



25-модда.чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг

ҳосил бўлишини камайтиришга доир тадбирларни

молиялаштириш


Чиқиндиларни утилизация қилиш ва уларнинг ҳосил бўлишини камайтиришга доир тадбирларни молиялаштириш чиқиндиларнинг мулкдорлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бундай тадбирларни молиялаштиришга Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш жамғармасининг, бюджетдан ташқари фондларнинг маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий бадаллари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари жалб этилиши мумкин.


26-модда. Чиқиндиларнинг давлат ҳисобини юритиш


Олиб кириладиган, олиб чиқиладиган, амалда мавжуд бўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳосил бўладиган, шунингдек транзит тарзида олиб ўтиладиган чиқиндиларнинг давлат ҳисоби юритилиши керак.

Чиқиндилар тўғрисидаги давлат статистика ҳисоботининг шакли, уни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси томонидан тасдиқланади.


27-модда. Чиқиндиларни паспортлаш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳосил бўладиган чиқиндилар паспортланиши лозим.

Чиқинди паспорти чиқиндининг ҳар бир тури учун юридик шахслар томонидан тузилади. Ишлаб чиқариш технологияси билан боғлиқ тарзда чиқиндининг ўзига хос хусусиятлари ўзгарган ҳолларда чиқинди паспортига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилади.

Чиқиндиларни паспортлаш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


28-модда. Чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация

қилиш жойлари давлат кадастри


Чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойлари тўғрисидаги ахборотлар тўпланиши, қайта ишланиши, сақланиши ва таҳлил қилинишини таъминлаш мақсадларида чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастри юритилади, кадастрда чиқиндиларнинг миқдор ва сифат тавсифлари, чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги ҳамда уларнинг хавфлилик даражасини камайтириш чора-тадбирлари ҳақидаги ахборот ўз ифодасини топади.

Чиқиндиларни кўмиб ташлаш ва утилизация қилиш жойларининг давлат кадастри қонунчиликда белгиланган тартибда юритилади.


29-модда. Низоларни ҳал этиш


Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида юзага келадиган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


30-модда. Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга

ошириш тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Чиқинди билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тўғрисидаги қонунчилик бузилганлигида айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                                И. Каримов



"Халқ сўзи", 2002 йил 2 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2002 йил, 9-сон, 63-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2002 йил, 4-5-сон, 72-модда









































Время: 0.1979
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск