ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Транспорт / Ҳаракат ва парвозларнинг хавфсизлиги /

Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.05.2011 й. 149-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 25 майдаги

149-сон қарорига

3-ИЛОВА



Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган

транспорт воситаларини сақлаш хизматлари

кўрсатиш бўйича фаолиятни амалга

ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом юридик шахслар томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини (кейинги ўринларда транспорт воситалари деб аталади) сақлаш хизматлари кўрсатиш бўйича фаолиятни белгиланган тартибда амалга ошириш тартибини белгилайди.



II. ТРАНСПОРТ ВОСИТАЛАРИНИ САҚЛАШ ХИЗМАТЛАРИ

КЎРСАТИШ БЎЙИЧА ФАОЛИЯТНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ВА АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


2. Транспорт воситаларини сақлаш хизматлари транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш учун қонунчиликда берилган ер участкасини олган ва белгиланган тартибда танлаб олинган юридик шахслар томонидан кўрсатилади.

3. Ушбу Низомнинг 2-бандида кўрсатилган масалалар бўйича қарорлар ушбу Низом талаблари ҳисобга олинган ҳолда юридик шахснинг аризаси асосида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қабул қилинади.

5. Транспорт воситаларини сақлаш жойлари транспорт воситаларини сақлаш учун мўлжалланган тўхташ жойларини жойлаштириш ва жиҳозлашга қўйиладиган техник шартлар талабларига, шу жумладан, қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

а) қаттиқ қоплама, кузатув камералари, ёритиш, ахлат тўплаш учун контейнерлар, сувни тиндирадиган ёмғир канализацияси, ёнғинга қарши воситалар мавжудлиги;

б) ҳудудга кириш ва ундан чиқиш учун махсус ажратилган жойлар мавжудлиги. Кириш (чиқиш) жойлари йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларини таъминлаш ҳисобга олинган ҳолда ажратилиши керак;

в) ҳудуд 2 метрдан паст бўлмаган темир-бетон (металл, ғишт, шлакоблок) девор билан ўралган бўлиши керак. Ўралган ҳудудда 50 та ва ундан ортиқ транспорт воситасини сақлаш назарда тутилган тўхташ жойи, камида иккита кириш (чиқиш) йўллари бўлиши керак. Ўралган деворда дарвозаларнинг кенглиги камида 4,5 метр бўлиши керак;

г) агар ҳудуд бир неча қаторга жойлаштириладиган транспорт воситаларини сақлаш имконини берса, у ҳолда ҳудуд ичида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун полосалар ажратилиши керак;

д) кириш (чиқиш)нинг ажратилган жойига назоратчи кассирнинг хонаси туташган бўлиши керак, у ерда кўринарли жойда ташқи томонга ушланган транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатишнинг тарифлари ва шартлари тўғрисида йирик ҳарфларда (ҳарфларнинг катталиги камида 3 см бўлиши керак) маълумот жойлаштирилади;

е) ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус жиҳозланган транспорт воситалари учун камида иккита тўхташ жойи мавжудлиги;

ж) битта транспорт воситасининг тўхташ жойи учун ҳисобланган майдон 20 кв. метрга тенг деб қабул қилинади;

з) тўхташ жойи ҳудудида хизмат кўрсатувчи ходимлар, қўриқлаш ходимлари учун хоналар бўлиши ва у бегона шахсларнинг киришига имкон бермайдиган ҳолда тўсилиши керак;

и) бинолар ва сақланаётган транспорт воситалари ўртасидаги ёнғинга қарши оралиқ лойиҳалаштириш нормалари талабларига мувофиқ, бироқ камида 6 метр бўлиши керак;

к) ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойи ҳудудида жойлаштириш ҳар бир сақланаётган транспорт воситасига махсус техниканинг кириб бориши ва ёнғин гидрантларига ёнғин автомобилларининг яқинлашиши имконияти ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади, бунда асосий ўтиш жойларининг кенглиги камида 4 метр бўлиши керак. Боши берк йўлларнинг охирида 12 х 12 метр ўлчамли айланиб олиш майдончаси бўлиши керак;

л) ёнғинга қарши ташқи сув таъминоти тизими билан таъминланган аҳоли пунктларида тўхташ жойидан ёнғин гидрантигача бўлган энг узоқ масофа 150 метрдан ортиқ бўлмаслиги керак. Тўхташ жойи сувсиз туманда жойлаштирилган тақдирда, унинг ҳудудида камида 54 куб метр ҳажмли ёнғинга қарши ҳовуз бўлиши керак. Ёнғинга қарши шчитлар ва ёнғин ўчиришнинг бирламчи воситалари сони ёнғин хавфсизлиги қоидаларига мувофиқ бўлиши керак;

м) тўхташ жойлари ҳудудида жойлашган ва қўриқлаш постларини жойлаштириш, келувчиларни қабул қилиш, ҳужжатларни расмийлаштириш ва тўлов учун мўлжалланган бинолар ва иншоотлар телефон алоқаси, ички ишлар органлари нарядларини тез чақириш кнопкаси билан таъминланган, ёнғинни ўчиришнинг бирламчи воситалари норматив сони билан жиҳозланган, сунъий ёритилган бўлиши керак;

н) тўхташ жойлари ҳудудида ёнғин гидрантларининг жойлашиш жойи ЎзДС бўйича ёритувчи кўрсаткичлар билан таъминланади ва транспорт воситасини қудуқ олдида ва қудуқнинг ҳар икки томонида 1,5 метр масофада ёнғин гидранти қудуғи люки устида жойлаштиришга тўсқинлик қиладиган 15 см баландликдаги бордюр билан тўсилади;

о) тўхташ жойи ҳар бир 10 транспорт воситасига 1 трос (буксир) ҳисобидан эвакуаторлар, тортиш трослари (юк транспорт воситалари сақланган тақдирда, қаттиқ шатаклар) билан жиҳозланади.


6. Тўхташ жойида:

ҳудудга бегона шахсларни қўйиш;

транспорт воситаларини уларни жойлаштириш режасини бузган ҳолда тўхташ жойларининг ҳисобланган сонидан ортиқча қабул қилиш ва жойлаштириш, транспорт воситалари ўртасидаги масофани камайтириш;

чиқиш дарвозаларини ва ўтиш йўлларини тиқилинч қилиб қўйиш;

бирор-бир ўт оладиган ва таъмирлаш ишларини бажариш, эшиклар ва двигателларни муздан тозалаш учун очиқ оловдан фойдаланиш, енгил алангаланадиган ва ёнувчи суюқликларни сақлаш ва улардан фойдаланиш;

транспорт воситаларининг ёнилғи бакларини оғзи очиқ ҳолда сақлаш тақиқланади.


7. Транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ушланган транспорт воситасини сақлаш жойига ўз вақтида олиб келишни таъминлаш учун махсус техник воситалар (эвакуаторлар, шатакка тортиш трослари, қаттиқ шатаклар)нинг етарлича сонига эга бўлиши керак.


8. Транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатувчи юридик шахслар фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинасига ва пластик карточкалардан тўловларни қабул қиладиган ҳисоб-китоб терминалига эга бўлиши керак.

Транспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар, шунингдек уларни ташиш (эвакуация қилиш) харажатлари учун ҳақ тўлаш кўрсатилган хизматларни кўрсатувчи юридик шахс томонидан тасдиқланган, бироқ Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланадиган чекланган миқдорлардан юқори бўлмаган тарифлар бўйича амалга оширилади.


9. Транспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар, шунингдек уларни ташиш (эвакуация қилиш) харажатлари ҳисоб-китоби ҳар бир тўлиқ соат учун амалда сақланган муддатдан ва ташиш (эвакуация қилиш) бўйича сарфланган харажатлардан келиб чиқиб, назорат-касса машинаси ёки ҳисоб-китоб терминали чеки мажбурий берилган ҳолда, транспорт воситаси ҳудуддан чиқаётганда амалга оширилади.


10. Транспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун, шунингдек уларни ташиш (эвакуация қилиш) сарфлари учун ҳақ тўлаш ҳам нақд пул билан, ҳам пластик карточкалардан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоб шаклида амалга оширилади.



III. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


11. Транспорт воситаларини сақлаш хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи юридик шахсларга солиқ солиш Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексида белгиланган тартибда амалга оширилади.


12. Транспорт воситаларини тўхташ жойига олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар санитария ва ёнғинга қарши қоидаларга риоя қилиниши, транспорт воситалари тўхташ жойига ва сақлаш учун олиб келиниши вақтида сақланиши (ўғирлик, комплектларнинг бут бўлмаслиги ва шикастланиши), шунингдек транспорт воситаси салонидаги шахсий буюмлар сақланиши учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.


13. Транспорт воситаларини олиб келиш ва сақлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахс:

табиий офатлар (зилзила, довул, сув тошқини ва ҳоказолар) вақтида транспорт воситалари шикастланганлиги;

транспорт воситалари уларни сақлаш бўйича хизматлар кўрсатиладиган ҳудуддан чиққандан кейин берилган транспорт воситаларини сақлашга тегишли даъволар учун жавоб бермайди.


14. Ушбу Низом талабларини бузишда айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


15. Ушбу Низом талабларига риоя қилиниши устидан назорат қилиш ишларини умумий мувофиқлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 20-21-сон, 207-модда.
































Время: 0.2018
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск