Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари /

Ўзбекистон Республикасининг 04.04.2002 й. 353-II-сон "Кредит уюшмалари тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

04.04.2002 й.

N 355-II



КРЕДИТ УЮШМАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади кредит уюшмаларининг тузилиши, фаолияти, қайта ташкил этилиши ва тугатилиши соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Кредит уюшмалари

тўғрисидаги қонун ҳужжатлари


Кредит уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг кредит уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



3-модда. Кредит уюшмаси


Кредит уюшмаси кредитлар бериш ҳамда бошқа молиявий хизматлар кўрсатиш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар томонидан ихтиёрий тенг ҳуқуқли аъзолик асосида тузиладиган кредит ташкилотидир.

Кредит уюшмаси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида банк ҳисобварақларини белгиланган тартибда очишга ҳақлидир.

Кредит уюшмаси ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган манзили кўрсатилган юмалоқ муҳрига эга бўлиши лозим. Муҳрда айни пайтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

Кредит уюшмасининг фирма номида "кредит уюшмаси" сўз бирикмаси ифодаланиши ва у бошқа кредит уюшмаларининг фирма номига ўхшаш бўлмаслиги керак. Ушбу Қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз номида "кредит уюшмаси" сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Кредит уюшмаси ўз номи ёзилган штампларга, бланкаларга ва ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақлидир.

Кредит уюшмаси ишлаб чиқариш, суғурта, савдо-воситачилик ҳамда ушбу Қонунда назарда тутилмаган бошқа фаолият билан бевосита шуғулланишга ҳақли эмас.



4-модда. Кредит уюшмаларини давлат рўйхатидан

ўтказиш ва уларга лицензия бериш


Кредит уюшмалари давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан юридик шахс ҳуқуқини оладилар. Кредит уюшмасининг фаолияти лицензия асосида амалга оширилади.

Кредит уюшмаларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва уларга лицензия бериш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилади.

Кредит уюшмаси давлат рўйхатидан ўтказилиши ва унга лицензия берилиши учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ёки унинг ҳудудий бошқармасига қуйидагилар тақдим этилади:

жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолдаги рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза;

муассислар умумий йиғилишининг кредит уюшмасини тузиш тўғрисидаги баённомаси;

кредит уюшмасининг устави (бундан буён матнда устав деб юритилади);

кредит уюшмаси фаолиятининг бизнес-режаси;

юридик шахслар - муассисларнинг молиявий аҳволини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредит уюшмасининг устав фонди (бундан буён матнда устав фонди деб юритилади) шаклланганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати;

давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати.

Ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз календарь кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказади ва бир вақтнинг ўзида унга лицензия беради.

Уставга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар (устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисидаги ўзгартиришлар бундан мустасно) Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божи миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. Кредит уюшмасига лицензия берганлик учун давлат божи ундирилмайди.


5-модда. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан

ўтказишни ва унга лицензия беришни рад этиш


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказишни ва унга лицензия беришни қуйидаги ҳолларда рад этиши мумкин:

кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

устав ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлар қонун ҳужжатларига мувофиқ келмаганда;

давлат рўйхатидан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларда ишончсиз ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда, шунингдек бизнес-режа асосли бўлмаганда;

юридик шахс бўлмиш бир ёки бир неча муассисларнинг молиявий аҳволи қониқарсиз бўлса.

Давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчига рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи мазкур сабабларни бартараф қилиб, ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма равишда юборилади.

Ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан кўпи билан ўн кун муддатда амалга оширилади. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгитдан берилган ҳисобланади.

Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



6-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

кредит уюшмалари фаолиятини тартибга

солиш борасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки молиявий ва касса операциялари ўтказишнинг, бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини юритишнинг кредит уюшмалари учун мажбурий бўлган қоидаларини белгилайди.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

кредит уюшмаларининг ҳисоботи ва бошқа ҳужжатларини текширади;

кредит уюшмаларининг фаолияти тўғрисида ахборот олади;

кредит уюшмаларининг фаолиятини текширади;

кредит уюшмасининг фаолиятини аудитдан ўтказишга доир талабларни белгилайди;

кредит уюшмаларига уларнинг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради;

ижро этувчи орган раҳбарларининг малакасига доир талабларни белгилайди;

молиявий операциялар ўтказилишини олти ойгача бўлган муддатга чеклайди, шунингдек филиаллар тузишни ҳам шунча муддатга тақиқлаб қўяди;

кредит уюшмаси лицензиясининг амал қилишини тўхтатиб туради, тугатади ёки лицензияни бекор қилади.


7-модда. Кредит уюшмаси аъзолари


Устав фондига пай бадалларини киритган юридик ва жисмоний шахслар кредит уюшмасининг аъзолари ҳисобланади. Шахсга кредит уюшмаси томонидан берилган сертификат унинг кредит уюшмасига аъзолигини тасдиқловчи ҳужжатдир. Сертификат шакли ва уни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.

Кредит уюшмаси аъзоларининг сони элликтадан кам бўлиши мумкин эмас.



8-модда. Кредит уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқлари


Кредит уюшмаси аъзолари куйидаги ҳуқуқларга эга:

кредит уюшмаси томонидан кўрсатиладиган хизматлардан фойдаланиш;

кредит уюшмасини бошқаришда иштирок этиш;

кредит уюшмаси даромадининг (фойдасининг) бир қисмини белгиланган тартибда олиш;

уставга мувофиқ кредит уюшмаси фаолияти тўғрисида тўлиқ ва ишончли ахборот олиш;

ушбу Қонунда белгиланган тартибда кредит уюшмасидан чиқиш;

кредит уюшмаси тугатилган тақдирда ўз пай бадалларига мутаносиб равишда мол-мулкнинг бир қисмини олиш.

Қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кредит уюшмаси аъзолари бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлишлари мумкин.



9-модда. Кредит уюшмаси аъзоларининг мажбуриятлари


Кредит уюшмаси аъзолари:

уставга риоя этишга;

кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши, кредит уюшмаси кенгаши (бундан буён матнда кенгаш деб юритилади), кредит уюшмаси кредит қўмитаси (бундан буён матнда кредит қўмитаси деб юритилади) ва кредит уюшмаси тафтиш комиссиясининг (бундан буён матнда тафтиш комиссияси деб юритилади) қарорларини бажаришга;

олинган кредитларни ўз вақтида ва тўлиқ миқдорда қайтаришга;

кредит уюшмасининг обрўси ва кредит бериш қобилияти ошишига кўмаклашишга мажбурдирлар.

Қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кредит уюшмаси аъзоларининг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



10-модда. Кредит уюшмасининг ҳуқуқлари


Кредит уюшмаси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

депозитларга қўйиш учун ўз аъзоларидан пул маблағларини жалб этиш;

ўз аъзоларига кредитлар бериш;

ўз уставига мувофиқ шартномалар тузиш ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий битимларни амалга ошириш;

грантлар ҳамда бепул бериладиган бошқа маблағларни олиш;

маслаҳат ва ахборот хизматлари кўрсатиш;

кредит уюшмаси аъзолари молиявий мажбуриятларини бажармаганликлари ёки лозим даражада бажармаганликлари учун тўлайдиган неустойка миқдорини белгилаш;

кредитларни белгиланган тартибда жалб этиш;

ўз аъзолари билан лизинг операцияларини амалга ошириш;

ўз фаолиятини мувофиқлаштириб бориш, аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда биргаликдаги дастурларни амалга ошириш мақсадларида уюшмалар ва бошқа бирлашмалар тузиш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган тартибда филиаллар тузиш.

Қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кредит уюшмаси бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.




11-модда. Кредит уюшмасининг мажбуриятлари


Кредит уюшмаси:

ўз устав фондини белгиланган энг кам миқдордан пасайтирмаган ҳолда сақлашга;

молиявий ва касса операциялари ўтказишнинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланадиган қоидаларига риоя қилишга;

ҳисоб, ҳисобот ва бошқа ҳужжатларни юритишга;

ҳисоботни белгиланган тартибда ўз вақтида тақдим этишга;

кредит уюшмасининг аъзоси кредит уюшмаси олдидаги мажбуриятини бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда тўланиши лозим бўлган суммани кредит уюшмасининг аъзосига тегишли бўлган пай бадали ёки депозитдан, шунингдек уларга пай бадали бўйича бериладиган дивидендлардан ва депозит бўйича тўланадиган фоизлардан ундириб олишга;

инспекция ўтказиш учун юборилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки вакилларига ҳужжатлар ва кредит уюшмаси фаолиятига оид бошқа ахборот манбаларидан эркин фойдаланиш имкониятини таъминлашга мажбурдир.

Қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кредит уюшмасининг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



12-модда. Кредит уюшмасининг жавобгарлиги


Кредит уюшмаси ўз мажбуриятлари бўйича устав фондининг жами суммаси, захиралар, тақсимланмаган даромад (фойда) ва ўзининг бошқа маблағлари доирасида жавобгар бўлади.

Кредит уюшмасининг аъзолари кредит уюшмасининг мажбуриятлари бўйича ўзлари киритган пай бадаллари доирасида жавобгар бўладилар.



13-модда. Кредит уюшмасининг таъсис ҳужжати


Кредит уюшмасининг устави унинг таъсис ҳужжатидир.

Устав кредит уюшмаси муассисларининг умумий йиғилишида қабул қилиниши керак.

Кредит уюшмаси аъзосининг, аудиторнинг, исталган манфаатдор шахснинг талабига биноан кредит уюшмаси уларга устав билан танишиб чиқиш имконини беришга мажбурдир.



14-модда. Кредит уюшмасининг устави


Уставда қуйидаги маълумотлар бўлиши шарт:

кредит уюшмасининг тўлиқ ва қисқартирилган фирма номи, жойлашган ери (почта манзили);

кредит уюшмасининг фаолият соҳаси ва мақсади;

устав фондининг кредит уюшмаси ташкил этилган пайтдаги миқдори;

пай бадалининг энг кам ва энг кўп миқдори;

устав фондини кўпайтириш ва камайтириш тартиби;

даромадни (фойдани), дивидендларни тақсимлаш ва зарарларни қоплаш тартиби;

захираларни шакллантириш тартиби;

кредит уюшмаси аъзосининг ўз пай бадалини бошқа шахсга ўтказиш тартиби;

кредит уюшмаси аъзоларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

кредит уюшмасини бошқариш тузилмаси, шунингдек кенгаш, кредит қўмитаси, кредит уюшмаси ижро этувчи органи (бундан буён матнда ижро этувчи орган деб юритилади) ва тафтиш комиссияси аъзоларининг сони, уларни сайлаш (тайинлаш) тартиби, ушбу органларнинг ваколатлари;

йиллик ҳисоботларни тузиш, текшириш ва тасдиқлаш тартиби;

кредит уюшмасини қайта ташкил этиш ва тугатиш тартиби.

Уставда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа қоидалар ҳам бўлиши мумкин.



15-модда. Кредит уюшмасининг устав фонди


Кредит уюшмаси аъзолари пай бадалларининг умумий суммаси устав фонди ҳисобланади. Устав фонди фақат пул маблағларидан шакллантирилади.

Устав фондининг энг кам миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади. Кредит уюшмасини давлат рўйхатидан ўтказиш пайтида устав фонди тўлиқ тўланган бўлиши керак.

Устав фонди кредит уюшмасига янги аъзолар кириши ёки пай бадаллари миқдорини ошириш йўли билан кўпайтирилиши мумкин.

Устав фонди кредит уюшмаси аъзолари уюшмадан чиққан ёки аъзоликдан чиқарилган ҳолларда ёхуд пай бадаллари миқдорини камайтириш йўли билан камайтирилиши мумкин.

Агар аъзолар кредит уюшмасидан чиқаётганда ёки аъзоликдан чиқарилаётганда пай бадалларининг қайтарилиши устав фондининг миқдори белгиланган энг кам миқдоридан камайишига сабаб бўлса, бундай кредит уюшмаси қайта ташкил этилади ёхуд тугатилади.

Устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисидаги ва уставга тегишли ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги қарор кенгаш томонидан қабул қилинади.

Устав фонди кўпайтирилган ёки камайтирилганда уставга киритилган ўзгартиришлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига маълум қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.



16-модда. Кредит уюшмасидан чиқиш


Кредит уюшмаси аъзоси, агар унинг кредит уюшмаси олдида мажбуриятлари бўлмаса, уюшмадан чиқишга ҳақли. Бунда у ўз пай бадалини уставда белгиланган тартибда бошқа шахсга ўтказиши мумкин.

Кредит уюшмасининг аъзоси уюшмадан чиқиши мўлжалланаётган санадан ўттиз кун олдин ўзининг кредит уюшмасидан чиқиш истаги борлигини кенгашга ёзма равишда маълум қилиши керак.

Пай бадалларининг суммаси кредит уюшмасидан чиқаётган аъзога уставда белгиланган тартибда қайтарилиши керак.



17-модда. Кредит уюшмасидан чиқариш


Кредит уюшмаси аъзоси ушбу Қонунда белгиланган мажбуриятларини бажармаган тақдирда кенгаш қарори билан кредит уюшмасидан чиқарилиши мумкин. Кредит уюшмасидан чиқариш тўғрисидаги қарор устидан кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилишига ёки судга шикоят қилиниши мумкин.

Аъзонинг кредит уюшмасидан чиқарилиши уни кредит уюшмаси олдидаги мажбуриятларидан озод қилмайди.

Кредит уюшмасидан чиқарилаётган аъзога пай бадалларининг суммаси унинг кредит уюшмаси олдидаги қарзлари ушлаб қолинганидан кейин қайтарилиши керак.



18-модда. Кредит уюшмасининг юқори бошқарув органи


Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши уюшманинг юқори бошқарув органидир.

Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши ҳар йили камида бир марта ва молия йили тугаганидан кейин олти ойдан кечиктирмай ўтказилиши лозим.

Ушбу Қонунда ва уставда назарда тутилган ҳолларда тафтиш комиссияси, кредит уюшмаси аъзолари умумий сонининг камида ўн фоизини ташкил этувчи уюшма аъзолари кредит уюшмаси аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишни талаб қилишлари мумкин.

Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш санаси, жойи ва тартиби, йиғилиш ўтказилишини кредит уюшмаси аъзоларига албатта маълум қилиш тартиби, умумий йиғилишни ўтказишга тайёргарлик кўриш вақтида аъзоларга бериладиган ахборотлар рўйхати ва уларни бериш тартиби кенгаш томонидан белгиланади. Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабар камида ўттиз кун олдин маълум қилинади.

Умумий йиғилиш қарор қабул қилаётганда кредит уюшмасининг ҳар бир аъзоси, устав фондига киритган пай бадаллари миқдоридан қатъи назар, бир овоз ҳуқуқига эгадир.

Кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг қарори, агар ушбу Қонунда ва уставда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, умумий йиғилишда иштирок этаётган кредит уюшмаси аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Кредит уюшмасининг аъзоси бўлган юридик шахс умумий йиғилишда овоз беришни ўзининг ваколатли вакили орқали амалга оширади.

Ижро этувчи орган кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг баённомаси юритилишини ташкил этади.



19-модда. Кредит уюшмаси аъзолари

умумий йиғилишининг ваколатлари


Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши:

уставга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритади, устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисидаги ўзгартиришлар бундан мустасно;

кредит уюшмаси аъзоларига даромаднинг (фойданинг) бир қисмини тўлаш тартибини тасдиқлайди, шунингдек тўлов миқдорлари ва муддатларини белгилайди;

кредит уюшмаси аъзолари орасидан кенгаш ва тафтиш комиссияси аъзоларини сайлайди, уларнинг ваколатларини тугатади;

йиллик молиявий ҳисоботни (бухгалтерия баланслари, даромад (фойда) ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботни, пул маблағларининг ҳаракати тўғрисидаги ҳисоботни) тасдиқлайди;

кенгаш, ижро этувчи орган ва тафтиш комиссиясининг ҳисоботларини тасдиқлайди;

аудиторлик ташкилотини ва у билан тузиладиган шартнома шартларини белгилайди;

кредит уюшмасини қайта ташкил этиш ва тугатиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг ваколатларига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.



20-модда. Кредит уюшмаси аъзолари

умумий йиғилишининг баённомаси


Кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг баённомасида қуйидагилар кўрсатилади:

умумий йиғилиш ўтказилган жой ва вақт;

кредит уюшмаси аъзоларининг умумий сони;

умумий йиғилиш раиси ва котиби;

умумий йиғилиш кун тартиби;

нутқлардаги асосий фикрлар, овозга қўйилган масалалар;

овоз беришда иштирок этган кредит уюшмаси аъзоларининг сони, овоз бериш якунлари, умумий йиғилиш қабул қилган қарорлар.

Кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг баённомаси йиғилиш ўтказилганидан кейин уч кундан кечиктирмай умумий йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади.



21-модда. Кредит уюшмаси кенгаши


Кенгаш кредит уюшмаси фаолиятига раҳбарликни ушбу Қонун ва уставда берилган ваколатлар доирасида амалга оширади.

Кенгаш уставда белгиланган тартибда ва муддатларга кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан сайланган камида беш кишидан иборат тоқ сонли аъзолардан иборат бўлади.

Кенгаш раиси кенгаш аъзолари орасидан, агар уставда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўпчилик овоз билан сайланади.

Кенгаш мажлиси ҳар ойда камида бир марта, уставда белгиланган тартибда ўтказилади ва кенгашнинг кўпчилик аъзолари иштирок этган тақдирда ваколатли ҳисобланади. Кенгаш қарори мажлисда иштирок этаётган аъзоларнинг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолган тақдирда кенгаш раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Кенгашнинг ваколатларига қуйидагилар киради:

кредит уюшмаси аъзоларининг реестрини юритиш;

кредит уюшмасининг пул маблағларини жалб этиш ва кредитлар бериш борасидаги фаолияти йўналишларини аниқлаш;

ижро этувчи орган фаолияти устидан назоратни амалга ошириш;

молиявий хизматлар турларини, кредитлар ва депозитлар бўйича фоиз ставкалари даражасини белгилаш;

ижро этувчи органни ҳамда кредит қўмитасини тузиш;

кредит уюшмасининг бўлинмалари тўғрисидаги низомни, шунингдек сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлаш;

кредит уюшмасининг филиалларини тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

кредит уюшмасига янги аъзоларни қабул қилиш тўғрисидаги, кредит уюшмасидан чиқиш ҳамда кредит уюшмаси аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан қарорлар қабул қилиш;

устав фондини кўпайтириш ёки камайтириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ҳамда кредит уюшмасига янги аъзолар қабул қилинган, кредит уюшмаси аъзолигидан чиққан ёки чиқарилган тақдирда уставга тегишли ўзгартиришлар киритиш.

Қонун ҳужжатларига ва уставга мувофиқ кенгашнинг ваколатларига бошқа масалалар ҳам киритилиши мумкин.

Кенгаш аъзоси кредит уюшмасидан олган кредитни тўлашни уч ойдан кўпроқ вақтга кечиктирган тақдирда, у кенгаш таркибидан чиқарилиши керак. Кредитни тўлаш кечиктирилган пайтдан бошлаб мазкур аъзони белгиланган тартибда кенгаш таркибидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар у кенгаш ишида иштирок этишдан четлатиб қўйилади.

Кенгаш аъзолари кредит уюшмасининг бошқа органларига аъзо бўла олмайдилар.

Кенгаш ўз фаолияти тўғрисида кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши олдида ҳар йили ҳисобот беради.



22-модда. Кредит уюшмасининг ижро этувчи органи


Ижро этувчи орган кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг ҳамда кенгашнинг қарорлари бажарилишини ташкил этади.

Ижро этувчи орган раҳбари ва ходимлари кредит уюшмаси билан меҳнат шартномаси тузадилар. Кредит уюшмаси номидан кредит уюшмаси ва ижро этувчи орган раҳбари ўртасидаги меҳнат шартномасини кенгаш раиси имзолайди. Кредит уюшмаси номидан меҳнат шартномаларини ижро этувчи орган раҳбари имзолайди.

Ижро этувчи орган раҳбари кредит уюшмаси номидан ишончномасиз иш кўради, ижро этувчи органнинг барча ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради.

Ижро этувчи орган ҳамда унинг ходимларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатлари ҳамда устав билан белгиланади.



23-модда. Кредит уюшмасининг кредит қўмитаси


Кредит қўмитаси кредитлар бериш тўғрисида қарор қабул қилади, олинган кредитлар ўз вақтида қайтарилиши устидан назоратни амалга оширади.

Кредит қўмитаси таркибига кредит уюшмаси кенгаши томонидан сайланадиган ижро этувчи орган раҳбари ҳамда кредит уюшмасининг тўрт нафар аъзоси киради. Кредит қўмитаси аъзолари кредит уюшмаси кенгаши ва тафтиш комиссиясининг аъзолари бўла олмайдилар.

Кредит қўмитасининг мажлиси ҳар ойда камида бир марта ўтказилади, агар мажлисда аъзоларнинг камида ярми иштирок этса, у ваколатли ҳисобланади. Кредит қўмитасининг қарорлари мажлисда иштирок этаётган кредит қўмитаси аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Кредит қўмитасининг аъзоси кредит уюшмасидан олган кредитни тўлашни уч ойдан кўпроқ вақтга кечиктирган тақдирда, у кредит қўмитаси таркибидан чиқарилиши керак. Кредитни тўлаш кечиктирилган пайтдан бошлаб мазкур аъзони белгиланган тартибда кредит қўмитаси таркибидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар у кредит қўмитаси ишида иштирок этишдан четлатиб қўйилади.

Кредит қўмитаси ўз фаолияти тўғрисида кенгашга ҳар ойда ҳисобот тақдим этиши керак.



24-модда. Кредит уюшмасининг тафтиш комиссияси


Кредит уюшмасининг молия-хўжалик фаолиятини мунтазам текшириб бориш учун тафтиш комиссияси тузилади.

Тафтиш комиссияси умумий йиғилиш томонидан кредит уюшмаси аъзолари орасидан камида уч кишидан иборат таркибда сайланади.

Тафтиш комиссияси аъзолари кенгаш, кредит қўмитаси ва ижро этувчи орган аъзоси бўлишлари мумкин эмас:

Тафтиш комиссияси аъзолари бухгалтерия ҳисоби, молия соҳасида тегишли маълумотга ёки иш тажрибасига эга бўлишлари керак.

Тафтиш комиссияси кредит уюшмасининг бухгалтерия, молия, тўлов ва бошқа ҳужжатларининг барчасидан эркин фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Тафтиш комиссияси:

кредит уюшмаси аъзоларининг пай бадаллари тўлашини, кредитлар олиши ва улардан фойдаланишини текшириб боради;

ўтказилган текширишларнинг натижалари юзасидан кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилишига ҳамда кенгашга ёзма ҳисоботлар ва хулосалар тақдим этади;

қонун ҳужжатлари ва устав талаблари бузилган ҳолларни кўриб чиқиш учун кредит уюшмаси аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисида қарор қабул қилади. Кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши тафтиш комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинганидан кейин қирқ кундан кечиктирмай ўтказилиши керак.

Тафтиш комиссиясининг аъзоси кредит уюшмасидан олган кредитни тўлашни уч ойдан кўпроқ вақтга кечиктирган тақдирда, у тафтиш комиссияси таркибидан чиқарилиши керак. Кредитни тўлаш кечиктирилган пайтдан бошлаб мазкур аъзони белгиланган тартибда тафтиш комиссияси таркибидан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар у тафтиш комиссияси ишида иштирок этишдан четлатиб қўйилади.

Тафтиш комиссиясининг аъзоси кенгашнинг барча мажлисларида маслаҳат овози ҳуқуқи билан иштирок этиши мумкин.



25-модда. Кредитлар бериш


Кредит уюшмаси ўз аъзоларига шартнома асосида, уставда қайд этилган шартларда, қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни ҳисобга олган ҳолда муддатли, қайтариладиган ва ҳақ эвазига бериладиган кредитлар беради.

Кредит уюшмаси мулкий таъминланган кредитлар, шунингдек ўзаро ишончли (бланкда қайд этиладиган) кредитлар бериши мумкин.

Кредит уюшмасининг аъзосига бериладиган кредит мазкур кредит уюшмаси бошқа аъзосининг пай бадали ёки депозити асосида унинг кафолати билан таъминланиши мумкин. Кредит, шунингдек кредит уюшмаси аъзоси бўлмаган шахсларнинг кафиллиги ёки кафолат билан таъминланиши мумкин.


26-модда. Дивидендлар


Барча харажатлар, мажбурий тўловлар тўланганидан ҳамда кредит уюшмасининг зарур захиралари шакллантирилганидан кейин фақат кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг қарорига биноан кредит уюшмаси аъзоларига дивидендлар тўланиши мумкин.

Кредит уюшмаси аъзоларига дивидендларни ҳисоблаш уларнинг пай бадаллари миқдорларига мутаносиб равишда амалга оширилади.

Эълон қилинган дивидендлар кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг қарорида белгиланган муддатларда кредит уюшмаси аъзоларига тўланиши керак. Дивидендлар белгиланган муддатда тўланмаган тақдирда дивидендларнинг тўланмаган қисми учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қарор қабул қилинаётган пайтдаги қайта молиялаштириш ставкалари даражасига асосан пенялар ёзилади.



27-модда. Кредит уюшмасини қайта ташкил этиш


Кредит уюшмасини қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, кредит уюшмаси аъзолари умумий йиғилишининг қарорига биноан қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш ва ўзгартириш шаклида амалга оширилади.

Кредит уюшмасини қайта ташкил этиш тўғрисидаги қарор кредит уюшмаси аъзоларининг учдан икки қисмидан иборат овози билан қабул қилинади.

Кредит уюшмасини қайта ташкил этиш тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Кредит уюшмасини қайта ташкил этиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



28-модда. Кредит уюшмасини тугатиш


Кредит уюшмасини тугатиш қуйидаги ҳолларда амалга оширилади:

кредит уюшмаси аъзоларининг умумий йиғилиши тегишли қарор қабул қилганда. Ихтиёрий равишда тугатиш тўғрисидаги қарор кредит уюшмаси аъзоларининг учдан икки қисмидан иборат овози билан қабул қилинади;

лицензиянинг амал қилиши тугатилганда ёки лицензия бекор қилинганда;

уюшма банкрот деб эълон қилинганда.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Кредит уюшмаларининг давлат реестрига тегишли ёзув киритганидан кейин кредит уюшмасини тугатиш тамомланган, кредит уюшмаси эса фаолиятини тугатган деб ҳисобланади.

Кредит уюшмасининг фаолияти тугатилганлиги тўғрисидаги хабар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Кредит уюшмасини тугатиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



29-модда. Низоларни ҳал этиш


Кредит уюшмаларининг фаолияти соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.



30-модда. Кредит уюшмалари тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Кредит уюшмалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                 И.Каримов

























Время: 0.1543
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск