язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Меҳнат ва аҳолининг бандлиги/ Меҳнат муҳофазаси/ Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари/ Бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 29.06.2011 й. 2239-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 29.05.2011 й. 29-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2011 йил 29 июнда 2239-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2011 йил 29 майдаги

29-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқариш

ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 2000 й., 7-сон, 39-модда) ва 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 28-29-сон, 234-модда) қарорларига мувофиқ бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқариш ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқариш ташкилотларига (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга доир қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан сайланадиган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилади (тасдиқланади) ва юритилади:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ишчилар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимлар билан ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1993 й., 5-сон, 223-модда) 14-моддасига мувофиқ ходимлар сони 50 нафар ва ундан ошадиган ташкилотларда махсус тайёргарликка эга шахслар орасида меҳнатни муҳофаза қилиш хизматлари тузилади (лавозим жорий этилади), 50 ва ундан ортиқ транспорт воситаларига эга бўлган ташкилотларда эса бундан ташқари йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматлари тузилади (лавозимлар жорий этилади). Ходимлар сони ва транспорт воситалари миқдори камроқ ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг вазифаларини бажариш раҳбарлардан бирининг зиммасига юклатилади.


8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами, 1997 й., 6-сон, 21-модда) билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.



2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим. Ишлаб чиқаришдаги зарарли омиллар рўйхати ГОСТ 12.1.005-88, СанҚваМ 0046-95, СанҚваМ 012-01, СанҚваМ 0122-01, СанҚваМ 0119-01 талабларига жавоб бериши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги фармацевтика тармоғига оид рўйхатларга мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш белгиланган меҳнатни муҳофаза қилишга оид стандартлар ва меъёрлар талабларига мос жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда, якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

шахсий ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Ходимлар Фармацевтика ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1861, 2008 йил 24 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 39-сон, 402-модда) мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши лозим.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқаришда хизмат кўрсатувчи ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


31. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


32. Аёллар меҳнатидан фойдаланиш тўлиқ ёки қисман тақиқланадиган меҳнат шароити ноқулай бўлган ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 865, 2000 йил 5 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси 2000 й., 1-сон) мувофиқ аёллар зарарли ва ноқулай меҳнат шароитига эга бўлган ишларга қабул қилинмайди.



7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


33. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш "Ходимларни ишга киришдан олдин дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан ўтказиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида"ги буйруқ (рўйхат рақами 937, 2000 йил 23 июнь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 12-сон) асосида амалга оширилиши лозим.


34. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


35. Тиббий кўриклар ташкилотнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


36. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


37. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


38. Бактерия ва вирусли препаратларни ишлаб чиқариш ва яратишга бевосита алоқаси бор барча ишга қабул қилинаётган ходимлар, шунингдек стерил хоналарда ишлайдиган ходимлар ошқозон-ичак гуруҳи инфекциялари микроблари ва бўғма (дифтерия) касаллиги микроблари, шунингдек зотилжам билан касалланмаганликларини аниқлаш мақсадида бактериологик тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.


39. Очиқ турдаги зотилжамга, тери ва таносил (венерик) аъзоларининг шиллиқ қаватларининг юқумли касалликларига чалинган, шунингдек бўғма (дифтерия) ва ошқозон-ичак гуруҳи инфекциялари билан зарарланган беморлар бактерия ва вирусга қарши ишлаб чиқариладиган препаратлар билан ишлашига рухсат берилмайди.


40. Ташкилотнинг барча ходимлари ҳеч қандай истисносиз асосий юқумли инфекцион касалликларга қарши вакциналар билан эмлаш орқали иммунизация этилган бўлишлари лозим.


41. "Bacterium Calmetta-Guerin" (кейинги ўринларда БЦЖ деб юритилади) вакцинасини ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган ходимлар ҳар уч ойда бир марта зотилжам ва ошқозон-ичак гуруҳи бактериялари билан зарарланмаганликларини аниқлаш мақсадида даврий тиббий текширувдан ва клиник кўрикдан ўтишлари зарур. Бир йилда бир марта ўпка ва нафас олиш йўлларини рентгеноскопия текширувидан ўтказиш билан биргаликда ходимлар тўлиқ кўрикдан ўтказилишлари лозим.


42. Иш табиатидан келиб чиққан ҳолда лабораторияларга ташриф буюрувчи ва ташкилот жамоасига хизмат кўрсатувчи, шунингдек 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекциялари билан фаолият юритувчи ходимлар, улар қайси турдаги инфекциялар билан яқин алоқа этиш ҳолатларини ҳисобга олган ҳолда иммунизация қилинишлари лозим.

Бунда 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекциялари қуйидагилардан иборат:

1-гуруҳ - юқори контагиоз касалликлар (ўта хавфли инфекциялар): ўлат, вабо, вирус Б, орнитозлар;

2-гуруҳ - сибирь ярасининг ташувчилари, туляремия, бруцеллёз, табиий чечак, қутуриш (кўча вируси), сапа, мелиоидоза, энцефалитлар (лимфоцитар хориоменингит, геморрагик безгак, сариқ безгак), риккетсиозлар (тепкили терлама, цуцугамуш, тоғлар безгаги, КУ безгаги), трахома вируси, проказа;

3-гуруҳ - ич терламасининг қўзғатувчилари, паратиф А ва В, дизентерия, листереллез, сил, бўғма, ботулизм, газ гангренаси, қотиб қолиш, қайтарилувчи терлама (бургали ва канали), лептоспироз, токсоплазмоз, паппатачи безгаги, эпидемик гепатит, полиомиелит, эпидемик паротит, оқсим, захм, трихофит, қўтир, келиб чиқиши ҳайвон ва бактерияли заҳарли маҳсулотлар (токсин).


43. Иммуноклиник ва виварийлар (ҳайвонлар тажрибадан ўтказиладиган махсус жой)ни ишчи ходимларга бир йилда икки марта белгиланган тартибдаги журналга мажбурий қайд этиш билан такрорий инструктаж (иш фаолиятини юритиш бўйича кўрсатма) ўтказилиши лозим.


44. Инструктаж (иш фаолиятини юритиш бўйича кўрсатма) барча ҳолатларда унинг ўтказилишига мутасадди ва жавобгар бўлган ушбу ташкилотнинг раҳбари томонидан ўтказилиши лозим.


45. Ходимда тахминан 1 ва 2-гуруҳ патогеник касаллик қўзғатувчилари келтириб чиқарган касаллик аломатлари кузатилса, эпидемияга қарши қўлланадиган чоралар, диагностик (ташхис) ҳамда беморнинг аҳволини яхшиловчи профилактик амалий даво чора-тадбирлари ташкилотнинг тезкор (оператив) режасига мувофиқ ёки ўта хавфли инфекциялар ўчоқларини зарарсизлантириш ва йўқ қилиш бўйича тузилган ҳудудий комплекс режали чора-тадбирлар асосида ўтказилиши лозим.


46. Ходимда ўзи ишлаган жойида касаллик қўзғатувчи орқали юққан инфекцион касалликларга хос аломатлар пайдо бўлса, ходим ташкилот раҳбарини ёки ташкилот навбатчисини бу ҳолатдан хабардор этиши керак.


47. Бир қатор бактериялар, вируслар, токсинлар ёки ҳайвонот оламига мансуб оғулар билан ишлаган ходим касалликка чалинганда эпедимиологик анамнез (беморнинг ўз дарди ҳақида олинган маълумот) ҳолатини аниқлаш ҳамда уни зарарсизлантириш, изоляция қилиш муҳимлиги тўғрисидаги масалани ҳал этиш мақсадида ташкилот (соғлиқни сақлаш пункти, тиббий санитария бўлимлари) шифокорини зудлик билан беморнинг уйига жўнатиш керак. Ташриф натижалари журналга қайд этилиши ҳамда ташкилот раҳбарига маълум қилиниши лозим.


48. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиена талаблари


49. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


50. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


51. Ишлаб чиқариш биноларида микроиқлим СанҚваМ 0203-06 "Ишлаб чиқариш бинолари микроиқлими санитария меъёрлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.



9-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


52. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


53. Ёриткичларнинг конструкцияси ва тузилиши электр тармоғининг номинал кучланиши ва ташқи муҳитга мос ҳолда бажарилиши керак.


54. Бинодан ташқарида ўрнатилган, нам, ўта нам, чанг муҳитли хоналардаги ёриткичларнинг ишга тушириш аппаратлари ташқи муҳитдан ҳимояланган усулда бажарилган бўлиши керак.


55. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларини улаш тақиқланади. Авария ёритишларнинг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


56. Ўта хавфли бўлмаган хоналарда барча стационар ёриткичларга 220 В дан юқори бўлмаган кучланишдан фойдаланишга рухсат этилади.


57. Чўғланма лампали маҳаллий стационар ёриткичлар учун қуйидаги кучланиш қўлланиши лозим:

юқори хавфли бўлмаган хоналарда - 220 В дан юқори бўлмаган;

юқори хавфли ва ўта хавфли хоналарда - 42 В дан юқори бўлмаган.


58. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак.


59. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


60. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


61. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


62. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


63. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кўчма электр ёриткичлардан фойдаланилганда кучланиш 36 В дан юқори бўлмаслиги керак. Ўта хавфли хоналарда (ишлаб чиқариш ускуналари, бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқаларнинг ички сиртини) ёритиш учун кўчма электр ёриткичлар учун тармоқдаги кучланиш 12 В дан ошмаслиги керак.


64. Электр ёритиш тармоқлари полдан 2,5 м дан паст бўлмаган баландликдан ўтган бўлиши керак.



10-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


65. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


66. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


67. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


68. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши лозим.


69. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


70. Йилнинг ёз вақтида йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.


71. Виварийлар (ҳайвонлар устида тажриба ўтказиладиган махсус жой) ва иммуноклиник бинолар шу ҳудуд учун мос муайян бир жойда эсувчи шамоллар йўналишини кўрсатадиган тасвир асносида жойлаштирилиши, бино шамол эсадиган томонга қаратилиши, лаборатория ва ишлаб чиқариш биноларидан камида 100 м масофадаги узоқликда жойлашган бўлиши лозим. Виварийлар (ҳайвонлар устидан тажриба ўтказиладиган махсус жой) ва ишлаб чиқариш-лаборатория бинолари оралиқ атрофида кенглиги 10 м бўлган яшил ҳудуд (зона) ташкил этилиши лозим.


72. Ташкилот ҳудудида, виварийлар (ҳайвонлар устида тажриба ўтказиладиган махсус жой) ва иммуноклиник бинолар яқинида тажриба қилинадиган ҳайвонларнинг кириб-чиқиши учун махсус ажратилган майдонлар бўлиши керак.


73. Вирус ва бактерияларга қарши ишлаб чиқариладиган препаратлар билан шуғулланувчи ташкилотлар касалликка чалинган ҳайвонлар учун махсус изоляторлар (тўсиқлар) билан жиҳозланиши мумкин. Бундай изоляторлар (тўсиқлар) тажриба қилинадиган ҳайвонларнинг кириб-чиқиши учун махсус ажратилган майдонлардан камида 100 м масофадаги узоқликда жойлашган бўлиши лозим. Бундай изоляторлар алоҳида дарвозали панжара ёки девор тўсиқлар билан айлантириб ўралган бўлиши шарт.


74. Тажриба қилинадиган йирик ва катта ҳайвонлар учун мўлжалланган карантин бинолар виварийлар (ҳайвонлар устидан тажриба ўтказиладиган махсус жой)дан камида 100 м масофадаги узоқликда жойлашган бўлиши лозим. Карантин бинолар девор ёки панжара тўсиқлар билан ўралган бўлиши лозим. Карантин биносининг деворидаги дарвоза шундай жойлаштирилиши зарурки, карантин қилиниши лозим бўлган ҳайвонлар ташкилот ҳудудидан ўтмасдан, бевосита карантин майдонига олиб кирилиши мумкин бўлиши керак.


75. Ташкилотнинг умумий овқатланиш хонаси вирус ва бактерияларга қарши ишлаб чиқариладиган препаратлар билан шуғулланувчи ташкилотлар ҳудуди ташқарисида жойлашган бўлиши лозим.


76. Иш шарт-шароитларига кўра бегона шахсларнинг ташрифи учун мўлжалланган маъмурий-хўжалик бинолари жойлашуви шундай бўлиши керакки, биноларнинг кириш ва чиқиш жойлари ишлаб чиқариш ҳудудидан алоҳида тўсилган бўлиши керак.



11-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


77. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


78. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ШНҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


79. Ишлаб чиқариш идишлари ювиладиган ва термик қайта ишлов бериладиган ювиш хизмати бўлимлари гидроизоляциявий қават асосида жойлаштирилган полларга эга бўлиши керак. Поллар метлах (полга ётқизиладиган кошинлар) ёки кафель плиткалари билан қопланган бўлиши керак. Ювиш аппаратлари, транспортёр ва бошқаларнинг айланувчи қисм ва механизмлари махсус тўсиқларга эга бўлишлари лозим.


80. Поллар тўкилган сувнинг чиқариб юборилишини таъминлайдиган махсус нишаблик ва йўлакларга эга бўлиши лозим.


81. Ювиш раковиналари ёнидаги иш жойлари ходимларнинг оёқлари хўл бўлмаслиги ва совуқ тортмаслиги учун ёғочли тўсиқлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


82. Ишлаб чиқариш бинолари ўрнатилган тартибда тортувчи вентиляция билан жиҳозланиши ва яхши ёритилган бўлиши лозим.


83. Стерил ишлар учун алоҳида хоналар (бокслар) ва бошқа стерил биноларнинг девор ва шифтлари силлиқ қопламаларга эга бўлиши, поллар эса ҳеч қандай чокларсиз материаллар билан қопланган, ён тарафи 25 см баландликда бўлган, девор ичига кирган ҳамда думалоқ бурчакларга эга бўлиши керак. Девор, шифт ва полларни қоплаш учун мўлжалланган материаллар сув сингдирувчи, заҳарли бўлмаган, коррозияга чидамли ҳамда дезинфекцияловчи эритмалар ёрдамида кундалик тозалаш ишларига имкон берувчи хусусиятга эга бўлиши лозим. Деворларни чокларсиз кафель билан қоплашга рухсат берилади.


84. Нопатоген материалларни стериллаш учун барча алоҳида хоналар (бокслар) стерил конденсацияланган ҳавони тортувчи вентиляцион мосламалар билан жиҳозланган бўлиши ҳамда улар керагидан ортиқроқ босимга эга бўлиши лозим. Стерил ҳавони етказиб бериш соатига камида В х 20 бўлиши керак, бу ерда В - хона (бокс) ҳажмини англатади. Ҳавонинг тақсимланиш тезлиги 0,3 м/сония бўлган яқин ламинар оқим ёрдамида белгиланади.


85. Хонага ундан алоҳида ажратилган ойнали тўсиққа ва эшикка эга бўлган "хонача" (предбоксник) қўшилган бўлиши керак. Ушбу хоначада бактерия ва уруғларни кўпайтириш учун мосланган муҳит, иш учун зарур асбоб-анжомлар, стерил идишлар, стерилланган қўшимча кийимлар сақланади, шунингдек бу хоначада қўшимча ишлар ҳам бажарилади.


86. Юқумли касалликларни қўзғатувчилар билан ишлаш учун алоҳида хоналар, оқиб келиш ва сўриб олувчи стерилловчи фильтрли вентиляция билан жиҳозланиши керак. Хоналар маълум миқдорда зарарсизлантирувчи мосламалар билан жиҳозланиши керак.


87. Инфекцион материаллар билан иш олиб бориладиган хоналар ва бошқа бинолар эшиклари остонасида дезинфекцияловчи эритмалар билан тўйинтирилган гиламлар тўшаб қўйилган бўлиши лозим. Эшиклар герметик (зич ёпилган, ҳаво ўтказмайдиган) қистирмаларга эга бўлиши лозим.


88. Стерил хоналарда ишловчи ходимларни маиший-ҳордиқ чиқариш бинолари, шунингдек патогеник микроорганизмлар билан ишлайдиган ходимларнинг бинолари ҳам белгиланган тартибдаги ушбу биноларга қўйилган талабларга мувофиқ келиши лозим.


89. Ахлат ва майда лаборатория ҳайвонларининг жасадларини ёқиш учун мўлжалланган печлар (махсус ўчоқлар) ҳар бир лаборатория учун алоҳида қурилган бўлиши лозим.


90. Зарарланган материал ва идишларни стерилизация қилишда икки табақали очиқ шаклдаги автоклав (нарсаларни юқори босим остида қиздириш учун ишлатиладиган герметик қопқоқли аппарат)лардан фойдаланиш зарур. Ушбу автоклав (нарсаларни юқори босим остида қиздириш учун ишлатиладиган герметик қопқоқли аппарат)ларни ортувчи эшиклари зарарланган материал ва идишларни қабул қилиш учун махсус изоляциявий бинога киришлари лозим. Ушбу бинонинг поллари зарарли суюқлик полга тушган ҳолатларда суюқлик тарқалиб сизиб кетмаслигининг олдини олиш мақсадида гидроизоляциявий қават асносида ётқизилган ҳамда метлах ва кафель плиталари билан қопланган бўлиши лозим. Зарарсизлантирилган идишларни бўшатиш ва тушириш автоклав (нарсаларни юқори босим остида қиздириш учун ишлатиладиган герметик қопқоқли аппарат)нинг иккинчи эшиги орқали алоҳида хонага олиб кириш орқали амалга оширилиши лозим.


91. Автоклав (нарсаларни юқори босим остида қиздириш учун ишлатиладиган герметик қопқоқли аппарат) ва зарарланган материални қабул қилиш учун мўлжалланган бинолар ўнг ён девори (борти) 100 мм дан кам бўлмаган баландликдаги махсус металл мосламалар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Пробиркалар, флаконлар, Бобров аппаратлари ҳамда токсинлар ва бактериялар билан зарарланган бошқа майда идишлар қопқоғи ёпиқ махсус металл бакларга жойлаштирилган ҳолда автоклавларда стерилизация қилинади.


92. Йилнинг иссиқ кунларида вентиляцион шамоллатиш қурилмалари орқали ташқаридан ҳашаротларнинг кириб қолиш имкониятларини чеклаш ва олдини олиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилиши лозим.


93. 1 ва 2-гуруҳ инфекцион касалликларини қўзғатувчилар билан ишловчи ишлаб чиқариш бўлимлари ёки алоҳида биноларга жойлаштирилиши керак, ёки ишлаб чиқариш биносининг ўзида кириш ва чиқиш жойларини мужассам этган алоҳида секцияларга жойлаштирилиши лозим. 3-гуруҳ инфекцион материаллари билан ишловчи ишлаб чиқариш бўлимларини жойлаштиришда инфекциянинг бошқа биноларга ва хоналарга тарқалишига тўсқинлик қилувчи барча керакли чора-тадбирларни кўриш лозим.


94. 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекцион материаллари билан шуғулланувчи ишлаб чиқариш бўлимларида тортувчи вентиляция шамоллатиш тизими ташкилотнинг бошқа барча вентиляцион шамоллатиш тизимларидан бутунлай ажратиб қўйилган бўлиши лозим. Сўриб олинадиган вентиляция шамоллатиш қурилмасининг ҳавони чиқариш мосламаси сўнгги элемент сифатида, чиқаётган ҳавони микроорганизмлардан халос этувчи фильтрлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


95. 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекцион материаллари билан шуғулланувчи ишлаб чиқариш бўлимларидаги оқова сувларни зарарсизлантириш учун махсус ўрнатилган тартиб асосидаги уларга термик ишлов бериш натижасида тўлиқ зарарсизлантириш имконини берадиган оқова сувларни махсус зарарсизлантирувчи мосламалар (тўхтовсиз равишда мунтазам ишлайдиган стерилизаторлар) ўрнатилиши лозим.


96. 1, 2 ва 3-гуруҳ бактерияли моддаларини ўзида мужассам этган барча суюқ чиқиндилар ва уларнинг токсинлари оқова сувларга (канализацияга) юборилишидан олдин лабораторияларда термик ва кимёвий ишлов бериш усули орқали канализация тизимида стерилизация ускуналарининг борлигига қарамасдан тўлиқ зарарсизлантирилиши лозим.


97. 1, 2 ва 3-гуруҳ касалликларини қўзғатувчилари билан ишловчи ишлаб чиқариш бўлимлари мазкур қўзғатувчилар билан ишловчи ҳар бир бўлим учун мўлжалланган алоҳида киши ва нарсаларни санитария кўригидан ўтказадиган жойларга эга бўлишлари лозим.


98. 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекцион касалликларини қўзғатувчилари билан ишловчи ишлаб чиқариш бўлимларининг сув таъминоти тизими махсус жараён асосида ташкил этилиши керак, ўстириш ва эслатиб ўтилган қўзғатувчиларга ишлов беришнинг бошқа жараёнларида ускунани боғлаш тизими шундай ўрнатилган бўлиши керакки, микробли суспензияларнинг сув тармоғи (водопровод) трубаларига сўрилиб сизиб кетиши эҳтимолини йўқотиш зарурдир. Бу ҳолат ушбу трубаларда тўсатдан юзага келувчи вакуум (бўшлиқ) натижасида ёки ускунадаги босим сув тармоғи тизимига уланган аппаратдаги сув босимидан катта бўлиш оқибатида юзага келиши мумкин.


99. Махсус ускуна ва машина қурилмаларига эга цехлар ва бўлимлар учун асбоб-ускуналарни режалаштириш, майдонлар танлаш, ёритилганлик меъёрлари ва ускуналарни жойлаштириш амалдаги тегишли меъёрий ҳужжатлар асосида юритилиши керак.


100. Ишчи асбоблар ва ускуналардан фойдаланишда амалдаги техник қоидалардан фойдаланиш керак бўлади.


101. Ампулага солиш ва қадоқлашнинг барча жараёнлари учун мўлжалланган бинолар блоки мавжуд хавфсизлик қоидаларига мувофиқ тарзда қурилган бўлиши керак.


102. Янги ташкилотларни лойиҳалаштиришда, шунингдек лаборатория ва ишлаб чиқариш бўлимларини мавжуд биноларга жойлаштиришда ёки бўлимларни бошқа биноларга кўчиришда тайёр маҳсулотнинг контаминацияси (аралашиб кетиши)га бутунлай тўсқинлик қиладиган бир қатор комплекс чора-тадбирларни назардан қочирмаслик керак.


103. Амалдаги бўлимлар, цехлар ва лабораториялар биноларининг режалаштирилишини ўзгартиришда ёки кўрсатиб ўтилган бўлимларни янги биноларга кўчириб ўтказишда янги режалаштирилган схема дастлаб санитария эпидемиологик назорат идоралари томонидан мувофиқлаштирилиши лозим. Бўлимлар, цехлар ва лабораторияларнинг ишга туширилиши ва ўзгартирилган ёки зарурат юзасидан бошқа биноларга жойлаштирилган биноларнинг режалаштирилган схемаси санитария эпидемиологик назорат идораларининг рухсати билан тегишли расмий баённома (расмий ҳужжат) тузиш орқали амалга оширилади.



12-§. Маиший биноларга, уларнинг миқдори, ҳолати

ва жойлашувига қўйиладиган талаблар


104. Бактерия ва вирусларга қарши ишлаб чиқариладиган препаратлар билан шуғулланадиган ва иммунобиологик препаратлар ишлаб чиқарувчи ҳар қандай ташкилотда санитар маиший ва қўшимча бинолар ШНҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талаблари ҳамда мазкур Қоидаларга мувофиқ тарзда қурилиши керак.

Маиший ва қўшимча биноларни лойиҳалаштириш ва қуриш ишлаб чиқариш объектлари билан бир вақтда иш юритилишини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак.


105. Маиший бинолар ва қурилишларнинг таркиби маҳсулот ишлаб чиқариш турига қараб белгиланади.


106. Маиший биноларни иложи борича иш жойларига яқин атрофга жойлаштириш керак.


107. Стерил ва ностерил биноларда ишлайдиган ходимлар учун умумий санитар-маиший бинолар қуришга йўл қўйилмайди.


108. Хавфли ва ўта хавфли инфекцион материаллар жойлашган биноларда ишлайдиган ходимлар учун махсус маиший бинолар ажратилиши керак.


109. Зарарсизлантирилган (асептик) биноларга кириш махсус маиший бинолар - душхона, кийиниш хонаси орқали амалга оширилиши лозим.


110. Ишчи кийимларни сақлаш учун мўлжалланган кийиниш хоналари (гардероблар), ҳожатхоналар, душхоналар аёллар ва эркаклар учун алоҳида бўлиши лозим.


111. Гардероб ва душхоналар ўлчамлари, душхоналарнинг сеткалари, оёқ ванналари, юз ювадиган мосламалар, ичимлик суви таъминоти, ҳожатхоналар ва бошқалар сонини кўп ишчи сменалар сонини назарда тутган ҳолда эътиборга олиш зарур.


112. Ишлаб чиқариш табиатидан келиб чиққан ҳолда 40 % миқдордаги ҳисобга кўра юз-қўл ювгичларни ишлаб чиқариш биноларида иш жойларига яқин атрофда (пешайвонда ёки ҳожатхоналарда) жойлаштиришга рухсат берилади.


113. Ювиниш ва чўмилиш учун ҳар бир мослама совуқ ва иссиқ сув билан таъминловчи қувурга уланган бўлиши лозим.

Ювиниш ва чўмилиш биноларида ойна, кийимларни осиб қўйиш учун илгич, электр қуритиш мосламаси, суюқ ва қаттиқ совун солинадиган идишлар бўлиши керак, шунингдек энг кўп ишловчи сменада ҳар бир 40 нафар ишчига битта мослама ҳисобидан келиб чиққан ҳолда хлор эритмасида қўл ювиш учун мослама назарда тутилиши лозим.


114. Махсус кийимларни тозалашда ташкилотларда кир ювиш хоналарининг бўлиши назарда тутилиши керак. Кир ювиш хоналарининг таркиби ва бинолар майдони аҳолига маиший хизмат кўрсатиш ташкилотларини лойиҳалаштириш қоидалари ва қурилиш меъёрларига мувофиқ тарзда амалга оширилиши лозим.


115. Кийиниш хоналари (гардероблар) кўча ва иш кийимларини сақлаш учун мўлжалланган бўлиши лозим.


116. Иш кийимларини сақлаш учун мўлжалланган кийиниш хоналари (гардероблар) кўча кийимлари сақланадиган кийиниш хоналаридан алоҳида жойда бўлиши керак. Маиший хоналар ҚМҚ 2.09.12-98. "Ташкилотнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ тортувчи вентиляция шамоллатиш мосламалари билан жиҳозланган бўлиши лозим.



13-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


117. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабига мувофиқ бўлиши лозим.


118. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


119. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


120. Иш жойларида ҳаво ҳарорати микроиқлим кўрсаткичлари СанҚваМ 0203-06 талабларига мос келиши керак.


121. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


122. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



14-§. Электр қурилмалари ва уларни эксплуатация қилишда

хавфсизлик техникасига қўйиладиган талаблар


123. Ташкилотда раҳбарнинг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун масъул шахс тайинланган бўлиши ва бу шахс электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши шарт.


124. Кучланиш 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда электр хўжалиги учун масъул шахс электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига ва кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатишда IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул шахс ҳамда ташкилотдаги электр ускуналарга хизмат кўрсатувчи электротехник ходимлар даврий равишда ўрнатилган тартибда электр хавфсизлиги бўйича билим синовидан ўтишлари шарт.


125. Ташкилотнинг электр хўжалигига жавобгар шахс қуйидагиларни таъминлаши шарт:

электр қурилмаларининг ишончли, тежамли ва хавфсиз ишлашини;

электр қурилма, аппаратура ва тармоқларда режали таъмирлаш ишлари ва профилактик синовларнинг белгиланган муддатларда ўтказилишини ташкил этишни;

электр энергияси сарфининг ҳисобини олиб боришни;

ҳимоя воситалари ва ёнғинга қарши жиҳозлар мавжудлиги ва уларнинг ўз вақтида синовдан ўтказиб турилишини.


126. Электр қурилмаларига хизмат кўрсатувчи барча электротехник ходимлар керакли ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлишлари талаб этилади.


127. Ташкилотларда электр қурилмаларини ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмаларидан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


128. Энергия таъминоти корхонаси томонидан берилган техник шартлар талабларига зид бўлган электр қурилма ва жиҳозларидан ҳамда шикастланган электр кабеллар ва симлардан фойдаланиш тақиқланади.


129. Ёриткичлар, электр қурилмалар ҳамда электр тармоқлари хоналарнинг муҳит шароитларига ва у ердаги ишлаб чиқаришнинг хусусиятига мос холда танланиши керак.


130. Электр қурилмаларда изоляциянинг ишдан чиқиши натижасида ходимларнинг электр токидан жароҳатланишининг олдини олиш мақсадида барча электр қурилмалар заминланган ёки нолланган бўлиши керак.

Электр қурилмаларни заминлаш ёки ноллаш қуйидаги ҳолатларда амалга оширилиши лозим:

кучланиши 380 В ва ундан юқори бўлган ўзгарувчан ток ҳамда 440 В ва ундан юқори бўлган ўзгармас токда - барча электр қурилмаларда;

номинал кучланиши 42 В дан юқори, лекин 380 В дан паст бўлган ўзгарувчан ток ва 110 В дан юқори, лекин 440 В дан паст ўзгармас токда - фақат юқори хавфли, ўта хавфли хоналардаги ва ташқи қурилмаларда.

Номинал кучланиши 42 В гача бўлган ўзгарувчан токда ва 110 В гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган электр қурилмаларни заминлаш ёки ноллаш талаб этилмайди. Умумий металл конструкцияга ўрнатилган, кучланиши 42 В гача бўлган ўзгарувчан токда ишлайдиган ва 110 В гача бўлган ўзгармас токда ишлайдиган назорат кабеллари, куч кабелларининг металл қобиқлари ҳамда портлаш хавфи бўлган хоналардаги электр қурилмалар, пайвандлаш трансформаторининг иккиламчи чулғамлари бундан мустасно.


131. Ерга ток ўтказувчи конструкциялар контурга пайвандланган, электр ускуна, машина ва аппаратларнинг корпуслари кўп толали эгилувчан сим орқали зангламайдиган болт билан контурга бириктирилган бўлиши керак.


132. Электр двигателларнинг айланадиган қисмлари ва электр двигателни механизмлар билан боғловчи қисмлари (муфта, шкив) тўсиқ билан ҳимояланган бўлиши лозим.


133. Ностандарт электр иситгичлардан ҳамда ностандарт (қўлбола) сақлагичлардан фойдаланиш тақиқланади.



15-§. Сув таъминоти ва канализация

тизимига қўйиладиган талаблар


134. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак. Ичимлик суви сифати амалдаги О`z Dst 950-2011 талабларига мос келиши керак.


135. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


136. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


137. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқлик ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


138. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.


139. Оқова сувларни ҳосил қилиш ва сув ҳавзаларига тушириш шартлари ҚМҚ 2.04-01-98 "Оқова. Лойиҳалаштириш меъёрлари" ва ҚМҚ 2.04-03-97 "Оқова. Ташқи тизимлар ва иншоотлар" талабларига мувофиқ бўлиши ва ҳар бир алоҳида олинган ҳолда Давлат санитария назорати органлари билан мувофиқлаштирилиши лозим.


140. Ташқи канализациянинг барча тизими ёпилган бўлиши керак. Сув ювиб кетадиган ва жала сувларини қайтариш учун очиқ майдонларда махсус мосламаларни ўрнатишга рухсат берилади.

Ишлаб чиқариш цехлари ичкарисидаги зарарланган ишлаб чиқариш оқова сувлар канализацияси ёпилган бўлиши керак.


141. Ишлаб чиқаришнинг суюқ чиқиндилари тизими суюқликнинг тескари оқими бўйлаб оқишининг олдини олиш мақсадида уларнинг ўтиш жойлари тегишли вентиляцион мосламалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


142. Махсус зарарланган ҳамда тозалашга яроқсиз оқова сувлар йўқ қилинади ёки махсус узоқ жойларга юборилади.


143. Ҳар бир ташкилот саноат ва маиший оқар сувларнинг эффектив фаол тарзда тозаланишининг мунтазам равишдаги назоратини таъминлаши лозим.



16-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


144. Ходимларнинг иш вақти, дам олиш пайти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИК)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР



1-§. Технологик ҳужжатларда инобатга олиниши

лозим бўлган хавфсизлик талаблари


145. Ташкилотларда технологик жараёнлар ТSt 19-02-2003 "Тиббиёт ва микробиология саноати маҳсулотлари. Ишлаб чиқаришнинг технологик регламентлари. Мазмуни, ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва тасдиқлаш тартиби" талабларига мувофиқ технологик жараёнларни ташкил этиш бўйича санитария қоидалари ва ишлаб чиқариш ускуналарига қўйиладиган гигиеник талаблар, меҳнат хавфсизлиги стандартлари талаблари ҳамда хавфсизлик техникаси бўйича бошқа қонун ҳужжатлари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.


146. Технологик жараённинг ҳарорат, босим ва бошқа параметрлари, шунингдек юкланаётган хом ашё миқдори, сериялар рақамлари, чиқиш маълумотлари ҳамда алоҳида изоҳлар технологик дафтарлар ва операцион варақларда акс эттирилиши лозим.


147. Иш жойларида ва цех бошлиғида технологик йўриқномалар ва хавфсизлик техникаси, ёнғин хавфсизлиги ва саноат санитарияси бўйича йўриқномалар бўлиши лозим.



2-§. Ёнғин ва портлаш хавфсизлиги талаблари


148. Ишлаб чиқишда ўрганилмаган ёнғин ва портлаш хавфи ва токсик хусусиятларга эга бўлган моддалар ва материалларни ишлаб чиқариш жараёнида қўллаш тақиқланади.


149. Технологик жараённи ишлаб чиқиш, унга аппаратурани киритиш, назорат ва бошқарувни амалга оширишда, шунингдек аварияга қарши ҳимоя воситаларининг танловида ёнғин ва портлаш хавфсизлиги таъминланиши лозим.


150. Технологик объектларнинг портлаш хавфлилиги ҳолати юзасидан белгиланган тартибда назорат ўрнатилади.


151. Технологик жараёнлар жойлаштирилган бинолар ва хоналарнинг портлаш жиҳатидан хавфлилик тоифалари лойиҳа ташкилоти томонидан ТЛТМ 20-86 "Технологик лойиҳалаштириш тармоқ меъёрлари"га мувофиқ ҳар бир аниқ ҳолат учун алоҳида аниқланади.


152. Бир маротаба ишлаб чиқаришда, цех ёки қурилмада бир вақтнинг ўзида ёки навбатма-навбат битта идишда ва қувурларда ҳамда битта ускуналарда этил ва метил спиртини қўллаш тақиқланади.


153. Технологик жараёнларни амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит ишлаб чиқариш чиқиндилари (оқова сувлари, вентиляция чиқиндилари ва шу кабилар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шарт-шароитлар таъминланиши лозим.


154. Барча ишлаб чиқариш цехлари, хом ашё ва тайёр маҳсулот омборхоналари, маъмурий ва бошқа ёрдамчи бинолар ҳамда иншоотлар дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.


155. Вентиляция тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши лозим.


156. Куч ва ёритиш тизими тармоқларининг электр асбоб-ускуналари ҳудудлар таснифи ҳамда бинолар ва хоналарнинг тоифасига биноан талаб қилинадиган меъёрларга жавоб бериши лозим.



3-§. Ходимлар ҳимоясини ва ишлаб чиқариш ускуналари

автоматик ўчишини таъминловчи назорат ва технологик

жараёнларни бошқариш тизимлари


157. Портлаш жиҳатидан хавфли технологик жараёнлар учун технологик ускуналарда аварияга қарши ҳимоя тизимлари назарда тутилиши лозим.

Аварияга қарши ҳимоя тизимлари технологик жараённи бошқаришнинг умумий тизимига уланган ҳолда бўлиши керак.


158. Аварияларнинг олдини олиш мақсадида технологик тизимларда аварияга қарши қурилмаларни, жумладан қулфлаш, қулфлаш-тартибга солиш темирини, клапанларни, ажратувчи ва бошқа ўчирувчи қурилмаларни ҳамда босим қиймати ошиб кетишига қарши сақловчи қурилмаларни қўллаш тавсия қилинади.


159. Технологик жараённи олиб бориш хавфсизлиги аниқ бир параметрлар (ҳарорат, босим, рН ва бошқалар) билан белгиланадиган барча аппаратларда (сигнал берувчи асбоблар, ростловчи асбоблар, ўзиёзар асбоблар ва кўрсатувчи асбоблар) ўрнатилган бўлиши лозим.


160. Меҳнат шароитлари хавфсизлигини таъминлаш ва технологик жараённинг физикавий-кимёвий параметрларини назорат қилиш учун ишлаб чиқаришлар назорат-ўлчов асбоблари, авария, огоҳлантирув ва технологик сигнализациялар билан таъминланган бўлиши лозим.


161. Аппаратлар ичидаги токсик тез ўт оладиган ва ўювчи суюқликларнинг сатҳини ўлчаш ишлари сатҳ ўлчагич ёрдамида амалга оширилиши лозим.


162. Ташкилот ва цех раҳбарияти қонун ҳужжатларига мувофиқ зарарли иш шароитларини бартараф этиш, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш ва иш жойларининг тегишли санитария-гигиена ҳолатда сақланишини таъминлаш бўйича зарурий чораларни кўриши шарт.



4-§. Зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларининг юзага

келиши ҳақида ўз вақтида хабар бериш усуллари


163. Ёнувчи газлар, тез ўт оладиган суюқликлар буғлари ажралиб чиқиши эҳтимоли бўлган ишлаб чиқариш хоналарида ҳаво таркибида буғлар ва газларнинг портлаш жиҳатидан хавфли даражалари мавжудлигини назорат қилиш учун (буғлар ва газларнинг ажралиш эҳтимоли юқори бўлган жойларда) автоматик сигнализаторлар ўрнатилган бўлиши лозим. Сигнализаторлар авария вентиляциясига уланган бўлиши зарур.

Ёнувчи газлар ва буғларининг портлаш жиҳатидан хавфли даражалари ҳақида дарак берувчи сигнализация тизимлари (чироқли ва товушли) сигналлаштирилган бўлиши лозим.


164. Авария ёки бошқа носозликлар аниқланган ҳолда, авария вазияти масъул шахслар томонидан баҳоланиши, шунингдек цехда авария ҳолати эълон қилиниши ҳамда бу тўғрисида ташкилотнинг раҳбари хабардор қилиниши лозим.



5-§. Технологик жараён бузилган ҳолатда ходимларнинг

хавфсизлигини таъминлаш бўйича талаблар


165. Қуйидаги ҳолатлар вужудга келганда технологик аппаратларнинг иши зудлик билан тўхтатилади:

авария ҳақида дарак берувчи сигналда;

ускуналар ва қувурларнинг герметиклиги шикастланганда;

тўсатдан зарарли ишлаб чиқариш маҳсулотларининг ҳиди ёки кўзга кўринарли миқдори пайдо бўлишида;

хавфли ва ўта хавфли бактериал, вирусли материаллар, токсинлар ва ҳайвонларга оид заҳарлар бўлган ампулалар бузилганда;

ёнғинда;

бахтсиз ҳодисада.


166. Ишлаб чиқариш хоналарининг иш жойларида зарарли газлар, буғлар ва чанг миқдори рухсат этиладиган энг юқори концентрациялардан ортиқ бўлмаслиги лозим.


167. Ампулаларни кавшарлаш ҳудудларида ишлашда горелка носоз ёки газ магистрали тешик бўлганда, машинада ишлаш тақиқланади.


168. Ишлаб турган горелкани қаровсиз қолдириш ва тез ўт олувчи материалларни горелкага яқин жойда сақлаш тақиқланади.



6-§. Хом ашё, ёрдамчи материалларга қўйиладиган талаблар


169. Ишлаб чиқаришга келиб тушаётган хом ашёга унинг аналитик паспорти илова қилиниши лозим.


170. Хом ашё ва ёрдамчи материалларни соҳага тааллуқли илмий-техник ҳужжатлар талабларига мувофиқ техник ва сифатини назорат қилиш бўлимларининг хулосаси олингандан ҳамда лаборатория текшируви ўтказилганидан сўнг ишлаб чиқаришга қўйилади.


171. Хом ашёга унинг токсикологик ва ёнғин тавсифи илова қилиниши шарт.


172. Хом ашё заводнинг бирламчи ўрамида омборхоналарда сақланиши керак.



7-§. Хом ашё, ёрдамчи материаллар, ярим тайёр маҳсулотлар,

тайёр маҳсулотлар ва ишлаб чиқариш чиқиндиларини сақлаш

ва транспортда ташиш усулларига қўйиладиган талаблар


173. Хом ашё ва ёрдамчи материаллар умумий завод омборхоналарида сақланади ва бир-икки суткалик захирани таъминлайдиган миқдорда цехга узатилади.


174. Янги лойиҳалаштирилаётган ампула цехларидаги омборхоналарни шиша дроти, шиша ампулалари, картонаж буюмлари ва бундай ишлаб чиқаришда қўлланиладиган бошқа материаллар захираларини бевосита цех ёнида сақлаш имкониятини мўлжаллаган ҳолда лойиҳалаштириш мақсадга мувофиқдир.


175. Хом ашё ва ёрдамчи материаллар уларнинг бир-бирига эркин яқинлашиш имкониятини таъминлайдиган усулда жойлаштирилиши лозим.


176. Ўт олиш ҳарорати 450° ва ундан паст бўлган тез ўт олувчи суюқликлар резервуарларда сақланиши лозим.


177. Тез ўт олувчи ва ёнувчи суюқликлар металл идишларда сақланиши лозим. Айрим ҳолларда тоза ва коррозияни юзага келтирувчи суюқликларни (спиртлар, эфирлар, кислоталар) шиша идишларда, зичлагич материали билан обрешеткаларда сиғими 80 литргача бўлган ёпиқ бутилларда сақлаш мумкин.


178. Ўзаро таъсир этиши мумкин бўлган кучли таъсир этувчи заҳарли моддаларни битта хонада сақлаш тақиқланади.


179. Кислоталар ва бошқа агрессив суюқликлар учун резервуарларни ўрнатишда ва уларни таъмирлаш ишларини бажаришда хавфсизлик ва қулайлик таъминланиши зарурлиги ҳисобга олиниши лозим.


180. Тайёр маҳсулотни сақлаш иммунобиологик препаратларнинг бут сақланишини таъминлайдиган хоналарда амалга оширилиши лозим.


181. Зарур ҳолларда сақланаётган маҳсулотни даврий асосда кўрикдан ўтказиш муддатларига, жойлаштириш усули талабларига ҳамда заҳарли ва кучли таъсир этувчи, тез ўт олувчи, портлаш жиҳатидан хавфли маҳсулотлар ва сақлаш муддати чекланган маҳсулотларни сақлаш юзасидан махсус талаблар кўрсатилган бўлиши лозим.


182. Заҳарларни цех омборхоналарида сақлаш тақиқланади.

Кучли таъсир этувчи заҳарли моддалар масъул шахсларнинг назорати остида махсус омборхоналарда сақланиши лозим.


183. Омборхонадаги хоналарнинг ташқи юзалари тозалаш ва дезинфекциялаш учун қулай бўлиши керак.


184. Сақлаш хоналари етарли даражада содда, тўғри ёритилган, сақланаётган материалларни қуруқ, тоза ва тартибли жойлаштиришни таъминлайдиган тарзда жиҳозланган ҳамда етарли миқдорда стеллажлар, шкафлар ва поддонлар билан таъминланган бўлиши лозим.


185. Омборхона қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши керак. Омборхонага бегона кишиларнинг кириши тақиқланади.


186. Барча бошланғич иммунобиологик препаратларни, ёрдамчи моддалар ва идиш-ўрам материаллари соҳага тегишли меъёрий ҳужжатларга жавоб бериши лозим.


187. Кислоталар ва ишқорларни оқим-тортиш вентиляцияси билан жиҳозланган алоҳида хонада, герметик ёпиқ идишда сақлаш лозим.


188. Озиқ-овқат хом ашёларини (шакар, крахмал, ун ва бошқалар) саноат ўрамида, номига кўра алоҳида, омборхонанинг бошқа хоналаридан изоляцияланган, қуруқ ва шамолланадиган хоналарда сақлаш лозим.


189. Бошланғич иммунобиологик препаратларни, ёрдамчи моддаларни ва идиш-ўрам материалларини ташиш учун тозаликда сақланиши зарур бўлган махсус транспорт зарур. Жалб қилинган ёки йўловчи транспортдан фойдаланишга рухсат этилмайди.


190. Ташиш жараёнида бошланғич иммунобиологик препаратлар, ёрдамчи моддалар ва идиш-ўрам материаллари пана жойда сақлаш ёки махсус қоплама ёрдамида қуёш нурларидан, атмосфера ёғинлари ва чангдан ҳимояланган бўлиши лозим.


191. Ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган омборхона хоналарини саноат корхоналарини лойиҳалаштиришнинг ёнғинга қарши ва санитария меъёрларига биноан жиҳозлаш ва сақлаш зарур.


192. Хом ашёни қабул қилиш, сақлаш, бериш ва тайёрлаш хоналарида иммунобиологик моддаларни тортиш учун мўлжалланган ва ҳаво тортиш вентиляцияси билан жиҳозланган иш жойи ажратилиши керак.



8-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг

манбаси бўлган ишлаб чиқариш чиқиндиларини ўз вақтида

чиқариб юбориш ва зарарсизлантириш юзасидан талаблар


193. Технологик чиқиндилар уларни атмосферага чиқариб юборишдан олдин зарарли маҳсулотлардан тозаланиши ёки тизимга қайтарилиши шарт.


194. Ташкилот ҳудудида етарли миқдорда ахлат ва чиқиндиларни йиғиш учун металл ёки пластик контейнерлар ўрнатилган талабларга мос равишда жиҳозланган майдончалар бўлиши лозим. Махсус жиҳозланган ахлат ташувчи машиналарда ахлат ва чиқиндиларни тизимли равишда марказлаштирилган ҳолда олиб чиқиб кетиш таъминланган бўлиши лозим. Бундай майдончаларга ёнғин брандспойтини улаш кўзда тутилган сув қувури ва сув тушириб юбориладиган канализация тармоғи келтирилган бўлиши лозим.

Автотранспорт ўтиши учун мўлжалланган барча ўтиш жойлари ва йўллар асфальтланган бўлиши лозим.


195. Ишлаб чиқариш чиқиндиларини ва бошқа чиқиндиларни мунтазам равишда махсус мўлжалланган печларда ёқиб юбориш орқали йўқ қилиш ёки ташкилотлардан махсус белгиланган жойга олиб чиқиш лозим.

Ахлатнинг маҳаллий тарзда ташкилот ҳудудида йўқ қилиниши учун мажбурий тарзда махсус печь билан жиҳозланган бўлиши лозим бўлиб, у қуруқ ва нам чиқиндиларни, шунингдек тажрибада бўлган ҳайвонлар жасадларини ёқиб юбориш имкониятига эга бўлиши лозим. Бундай печь бўлмаган тақдирда ахлатни шаҳар чиқиндихоналарига чиқариб ташлаш, тажрибада бўлган ҳайвонлар жасадлари эса - ҳайвонлар жасадларини йўқ қилишга ихтисослашган корхоналарга топширилиши лозим.


196. Ташкилотда йўқ қилиниши лозим бўлган ўрам ва белги қўйиш материалларининг, шунингдек бошланғич хом ашё ва яроқсиз деб эътироф қилинган маҳсулотларнинг ўғирланишининг олдини олиш бўйича тегишли чоралар кўрилган бўлиши лозим.



9-§. Ходимларнинг хом ашё, ёрдамчи материаллар,

ярим маҳсулотлар, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулот

ва ходимларга зарарли таъсир кўрсатадиган ишлаб чиқариш

чиқиндилари билан бевосита алоқада бўлишининг

олдини олиш бўйича чоралар


197. Ишлаб чиқариш хоналарида инфекцион материаллар билан ишлаш бу хоналарнинг зарарланиш имкониятини туғдирмаслиги лозим.


198. Токсик, тез ўт олувчи ва агрессив суюқликлар учун сиғимли аппаратурадаги сатҳларни ўлчаш ишлари аппаратларнинг қопқоғини очиш заруратини истисно этувчи сатҳ ўлчагичлар ёрдамидагина амалга оширилиши керак.



10-§. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш

омилларининг таъсиридан ҳимоя қилишни

таъминлаш бўйича талаблар


199. Технологик жараёнларнинг ташкил этилиши ва ишлаб чиқариш ускуналари ходимларнинг ускуналарга хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш операцияларини бажаришда таъсир қилувчи (қўзғатувчи) ҳамда зарарли ва агрессив моддалар билан алоқада бўлиши эҳтимолини истисно этиши лозим.



11-§. Бактерияли ва вирусли препаратларни ишлаб чиқариш


200. 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекцион материаллар билан ишлайдиган бўлинмалар жойлашган хоналарга бегона шахсларнинг кириши қатъиян ман этилиши кўзда тутилган бўлиши лозим.


201. Барча ишлаб чиқариш бўлинмаларида Фармацевтика ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1861, 2008 йил 24 сентябрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2008 й., 39-сон, 402-модда) мувофиқ махсус кийимларда ишлаши лозим.


202. 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекцион касалликлар қўзғатувчилари билан иш олиб бориладиган бўлинмаларда ходимлар қуйидагиларга риоя этишга мажбур:

респиратор инфекциялари билан ишлаганда сўзсиз олти қаватли докали стерилланган ниқоб ёки респираторларни тақиши;

иш тугагандан сўнг махсус санитария кўригидан ўтиш жойида ишловдан ўтиши;

уй кийими ва махсус кийимни алоҳида шкафларда сақлаши;

даврий равишда гардеробдаги ўз индивидуал шкафларини дезифекцияловчи эритма билан зарарсизлантириб туриши;

ўз иш бўлинмаси хонасидан бошқа бўлинмаларга чиқишда, ходимлар иш кийимини ечиши ва бошқа тоза халат кийишлари шарт. Бундай халатдан ўз ишлаб чиқариш бўлинмасида ишлаш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.


203. Мазкур инфекцион касалликларни қўзғатувчилар билан бевосита ишлайдиган 1, 2 ва 3-гуруҳларга мансуб ходимлар бошқа бўлинмалар жойлашган хоналарга, айниқса барча ишлаб чиқаришга хизмат кўрсатувчи бўлинмаларга (тоза идишлар, стерил материаллар омборхоналари, тайёр маҳсулотни қуйиш ва бошқалар) кириши ман этилади.


204. 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекция қўзғатувчилари билан ишлайдиган қаттиқ чиқиндилар, лабораториядаги тажрибада бўлган ҳайвонлар жасадлари махсус печларда ёқиб юборилиши керак. Зарарланган чиқинди ва тажрибада бўлган ҳайвонлар жасадларини қозонхоналарнинг ўтхонасида ва умумий фойдаланишга мўлжалланган ахлатни ёқиш печларида ёқиб юбориш қатъиян ман этилади.


205. 1, 2 ва 3-гуруҳ инфекцион материаллар билан ишлайдиган бўлинмалар билан банд бўлган хоналардан ярим тайёр маҳсулотлар, идишлар ва ҳоказоларни олиб чиқишда уларнинг юза қисмини дезинфекцияловчи эритмалар билан артиш йўли билан зарарсизлантириш бўйича қатъий чоралар кўрилиши лозим.


206. Барча ишлаб чиқариш хоналарида ҳамда илмий-тадқиқот ишлари учун мўлжалланган хоналарда сичқон, суварак ва бошқаларнинг пайдо бўлиши ва тарқалиш имкониятини йўқ қилувчи чоралар кўрилиши лозим.


207. Халат кийган ходимларнинг овқатланиш хоналарида, конференц-залларда ва бошқа умумий фойдаланиш учун мўлжалланган хоналарда бўлиши қатъиян ман этилади.


208. Барча ишлаб чиқариш-лаборатория хоналарида овқатланиш ва чекиш қатъиян ман этилади.


209. Юқумли материаллар ёки ҳайвоний келиб чиқишга эга бўлган заҳарлар билан ишлаганда тегишли асбоблардан фойдаланиш лозим. Ушбу асбоблардан фойдалангандан сўнг улар горелка алангасида куйдириш, қайнатиш ва бошқа тўлиқ зарарсизлантиришни таъминловчи усул билан зарарсизлантирилиши лозим.


210. Суюқ юқумли материалларни пипеткаларга сўриб олиш қатъий ман этилади. Бундай ишни бажариш учун резина груша кийдирилган пипеткалардан ёхуд бир марталик учликлари бўлган дозаторлардан фойдаланиш лозим.


211. Юқумли материални бир идишдан бошқасига қуйиш ёки уни пипетка ёки дозаторга сўриб олиш ишлари дезинфекцияловчи эритма қуйилган махсус металл лоток устида амалга оширилиши лозим.


212. Бактериал микроорганизмлар ва токсинлар солинган шиша идишлар термостатларда ёки бошқа хоналарда бўлиши лозим ва улар махсус металл лотокларга ўрнатилган бўлиши лозим. Ушбу лотокларнинг бортлари баландлиги шундай бўлиши лозимки, идишда тасодифан тирқиш ҳосил бўлиши натижасида ундан тўкилган суюқлик лотокка сиғиши ва ундан тўкилиб оқиб кетмаслиги керак.


213. Агар бундай хонада қўзғатувчилар ёки микробли токсинлари бўлган суюқлик тасодифан тўкилса, бу хона зарарланган ҳисобланади. Зарарланган хонада бўлган барча ходимлар зарарсизлантириш воситалари ёрдамида зарарланган соҳаларни зарарсизлантириш чораларини кўришлари керак. Шу вақтнинг ўзида бўлинма раҳбари ва санитария-эпидемиологик режим қоидаларининг бажарилиши учун масъул бўлган шифокорни ҳам хабардор қилиш лозим. Шифокор воқеа содир бўлган жойда зарарсизлантириш бўйича кўрилган чораларнинг тўлиқлиги ва таъсирга эга бўлганлигини текширади ва шундан кейин ходимларга зарарланган хонадан чиқишга рухсат беради.


214. Қўзғатувчилар ёки микробли токсинлари бўлган суюқлик ходимларнинг кийими, пойафзали ёки баданининг бирор қисмига қуйиб юборилса ёки сачраб кетса, қўшимча равишда тезкор шахсий профилактика, шунингдек зарарланган кийим ва пойафзални зарарсизлантириш чоралари кўрилиши лозим. Юқорида қайд этиб ўтилган суюқликлар оғиз бўшлиғига ёки шиллиқ қобиқларга тушиши ҳолатларида шифокор кўрсатмасига биноан махсус профилактик чоралар кўрилиши керак.


215. Юқумли материаллар билан иш олиб бориладиган барча хоналар ҳар куни нам усул билан, дезинфекцияловчи эритма ёрдамида йиғиштирилади.


216. Стерил ишлар учун ажратилган алоҳида хоналар даврий равишда дезинфекцияловчи эритмалар ёрдамида зарарсизлантирилиши лозим. Бундан ташқари, ҳар куни бактерицид чироқлар ёрдамида қўшимча зарарсизлантириш ишларини ҳам амалга ошириш зарур.


217. Хоналар ҳавосини бактерицид чироқлар ёрдамида зарарсизлантириш хонада кишилар бўлганда ҳам, бўлмаганда ҳам амалга оширилиши мумкин.


218. Кўриш соҳасида жойлашган бактерицид чироқлар билан ишлаганда, кўзларни оддий ойнали кўзойнаклар билан ҳимоялаш зарур ва юз ҳамда қўллар терисининг очиқ соҳаларини нурланишдан сақлаш учун қўлқоп ва докали боғламалардан фойдаланиш керак.


219. Стерил ишлар учун махсус ажратилган хоналар ҳавосини зарарсизлантириш одамлар йўқлигида бактерицид чироқлар ёрдамида 5-6 соат давомида амалга оширилиши лозим.

Иш бошланишидан камида 30-60 дақиқа олдин бактерицид чироқлар ўчирилиши лозим ва бу даврда боксларнинг стерил шамоллатиш тизими ишга туширилиши лозим.


220. Махсус технологик музлатгич камераларида манфий ҳароратларда ишловчи ходимлар бепул махсус кийим ажратишнинг соҳага оид меъёрларида кўзда тутилган иссиқ кийим, пойафзал, бош кийимидан фойдаланишлари зарур.


221. Хоналарни йиғиштиришда хизмат кўрсатувчи персонал мажбурий равишда резинали техник қўлқоплардан, зарур ҳолларда респиратордан фойдаланиши зарур.


222. Бактериал токсинлар билан технологик амалиётларни бажариш токсинлар билан бевосита алоқа ҳолатини бутунлай истисно қилувчи шароитларда амалга оширилиши даркор. Қуруқ токсинлар билан ишлаш герметик ёпиқ стол усти боксларида, махсус қурилмалар билан амалга оширилиши керак.


223. Препаратларни сублимацион қуритиб олиш ишлари эҳтимолий номутаносиблик ҳолатини эътиборга олган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бунда препаратлар, мисол учун тирик сибирь куйдиргиси вакцинаси, БЦЖ вакцинаси ва бошқаларни бунинг учун алоҳида хоналарда ўрнатилган махсус ажратилган аппаратларда қуритиб олиш зарур.



12-§. 1, 2 ва 3-гуруҳ бактериялар ва вируслар культураларини

сублимацион тарзда қуритишда хавфсизлик талаблари


224. Предбоксник билан ишлагандаги қуритиш стериль ишлар учун махсус изоляцияланган боксда амалга оширилиши лозим.


225. Қуритиш боксида содир бўлиши мумкин бўлган авария ҳақида огоҳлантирувчи ва бошқа шахсларнинг кириши учун қўнғироқ бўлиши лозим.


226. Қуритиш боксида коллектор ёки камерали типдаги сублимацион - қуритиш мосламаси, металл лотоклар, иккита қўшимча стол, сочиқлар осгич, битта винтли стул, бачок ва дезрастворлик идиш (5 % лизол эритмаси, 3 % водород пероксиди эритмаси, 3 - 5 % фенол эритмаси, 3 % ишқор эритмаси ва ҳоказолар), вакуум остидаги ампула каруселини кавшарлаш, ампулалик кассеталарни музлатувчи совуқлик сақланадиган идиш.


227. Предбоксникда телефон, техник жиҳозлар, спирт, махсус кийим ва автоклав билан ёзувни амалга оширувчи навбатчининг столи туриши лозим. Навбатчининг столи устида бошқарув пульти ва сублимацион - қуритиш назорат мосламаси туриши лозим. Предбоксникда 3 % карбола кислотаси ёки бошқа дезинфекцияловчи эритма билан намланган гиламча бўлиши лозим.


228. Қуритиш вақтида боксда бирор-бир буюмни аввалдан зарарсизлантирмасдан олиб чиқиб кетиш мумкин эмас.


229. Ўта хавфли материални коллектор типидаги тароқсимон ампулаларда қуритишга рухсат этилади. Тароқлар ва ампулалар инфекцион материалнинг қуйилишидан аввал диққат билан қуритиш назоратчиси томонидан вакуумга чидамлилиги текширилиши лозим.


230. Ўта хавфли материални камералик типдаги мосламаларда қуритишни пахта ва докадан тайёрланган махсус кассеталарда ва иккита қопқоқ билан ёпилган мосламаларда бажаришга, биринчи қопқоқ - металл тўр сифатида, иккинчиси эса, кассета устининг мустаҳкам қилиб ёпилганлиги тарзида рухсат этилади.


231. Ўрта тиббий ва техник мутахассисларнинг қуритиш ишларига киришларига рухсат эса, фақатгина улар томонидан махсус ўқиш курсларидан ўтганларидан ва тажриба малакаларига эга бўлгач ва махсус журналда имтиҳон топширганликлари қайддан ўтгачгина берилади.


232. Препараторлар ва ишчи лабораториялар мунтазам равишда бўлим бошлиқлари томонидан техника хавфсизлиги ва шахсий профилактика ҳамда тажрибавий жиҳатдан ўзлаштирилишига нисбатан назорат қилиб борилиши лозим.


233. Қуритиш бўлимидан бирор-бир ходимнинг ишга келмаслиги ҳолатида, алоҳида ажратилган ходим унинг уйига бориб, келмаслигининг сабабини аниқлаши лозим ва уни албатта журналда қайд этиши лозим.


234. Ходимда инфекцион (юқумли) касалликнинг борлиги ҳақида гумон қилинса, бу ҳақда яқинроқда жойлашган санитария-эпидемиология хизматига тегишли чораларни кўриш учун хабар қилиш лозим.


235. Қуритиш учун инфекцион материал фақатгина мустаҳкам ёпилган контейнерларда қабул қилинади. Камерали қуритиш учун идиш, контейнер ёки кассета ичидаги қуритиш тароқларидаги ампулалар лизол эритмаси ёки бошқа дезинфекцияловчи воситага тўйинтирилган тўрт қават докага ўралган бўлиши лозим.


236. Қуритиш биносига киришдан аввал ходимлар махсус стерилланган иш кийимини кийишлари лозим (устки халат, пайпоқлари бирга қўшиб тикилган комбинезон, қалпоқ, чарм қўлқоплар, олти қават докали ниқоб, кўзойнак, узун пайпоқлар (чулки) ва шиппаклар) ва фақатгина шундан кейин қуритиш учун материални қабул қилиш-топшириш ишларини бошлашлари мумкин.


237. Инфекцион материални қуритиш учун топшираётган ходим ўзида материалнинг паспортини лаборатория бошлиғи томонидан имзо чекилган ва икки нусхада, шунингдек бу паспортда вирус номи, штамм, ҳар бир ампуладаги вирус миқдори ва ампулалар сони кўрсатилган бўлиши керак.


238. Паспортнинг биринчи нусхаси қуритиш лабораториясида лаборатория бошлиғида қолади, иккинчи нусхаси эса, лабораториянинг бош ходими имзоси билан материални тўлиқ тарзда қуритишга топширган ходимга унинг тасдиғи сифатида қайтариб берилади.


239. Музлатиш, қуритиш, кавшарлаш ва бошқа ҳамма шунга алоқадор операциялар махсус кийим кийган иккита лаборант томонидан амалга оширилади.


240. Материални қуритиш вақтида камерали сублимацион қуритиш мосламаларида махсус музлатиш идишларида амалга оширилади.


241. Шунингдек, битта лаборант докали қадоқдаги ампулаларни очади ва уни дарҳол дезинфекцияланган эритмага солади, иккинчиси эса, ампулали кассеталарни музлатиладиган сиғимга жойлаштиради.


242. Музлатилишдан кейин лаборантларнинг бири кассеталарнинг устки қопқоқларини очади ва уни дарҳол дезинфекцияланган эритмага солади, кассетани сублимацион қуритиш камерасига солади, иккинчиси эса мослама камерасини тезлик билан ёпади.


243. Коллектор мосламаларида қуритиш вақтидаги музлатишнинг амалга оширилишида битта лаборант берилган ҳароратни, иккинчиси эса инфекцион материал солинган ампулаларнинг бевосита музлатилишини текшириб туриши лозим.


244. Тароқларнинг мосламага уланиши вақтида битта лаборант вакуумни кузатиб туриши лозим, иккинчиси эса тароқларни улаши лозим.


245. Дезинфекциялайдиган сиғим эритма билан қўшимча стол устида мослама олдида туриши лозим. Улашда ёрдам кўрсатаётган лаборант эса, пахтали тампонни тароқдан пинцет билан олиши лозим ва уни дезинфекциялайдиган эритмага солиши лозим.


246. Коллектор мосламага ампулаларнинг уланишидан сўнг ёки кассеталарнинг камера мосламасига жойлаштирилишида ходимлар пинцетни қайнатиб, зарарсизлантиришлари лозим, қўлқопни эса, дезинфекцияланган эритмага уларни солиши ва устки халатни, қўлқоп, ниқоб, кўзойнакни ечиши лозим ва қўлларини ювиши шарт. Устки халат ва ниқоб автоклавда қайнатилиши лозим, ва шундан кейингина умумий кир ювишга берилиши лозим. Кўзойнаклар спирт билан артилади, қўлқоплар эса, дезинфекцияланган эритма билан тозаланадилар. Оёқларни дезинфекцияланган гиламчага артиш лозим.


247. Ички халатлар ва комбинезонлар зарурат туфайли алмаштирилиши лозим, улар ҳар 2 кунда камида бир марта алмаштирилиши мақсадга мувофиқ.


248. Қуритиш коллектор мосламаси олдидаги навбатчиликни битта ходим амалга ошириши лозим (шифокор ёки мутахассис лаборант). Навбатчи ҳар доим қуритиш боксида туриши ва қуритиш ванналаридаги белгиланган ҳароратни ва вакуумни назорат қилиб туриши лозим.


249. Камера туридаги мосламаларнинг берилган вазифа бўйича қуритиш жараёни ва қуритиш жараёнининг назорати навбатчи томонидан предбоксингда жойлашган бошқарув пульти орқали амалга оширилади.


250. Навбатчи иккита халат кийган, ва ходим пайпоқлар (чулки) ва шиппакларда бўлиши лозим. Чарм қўлқоплар, олти қаватли дока ниқоб, фартук, кўзойнак, гигроскопик пахта ва докали салфеткалар, шунингдек дезинфекцияланган эритмалар мавжуд банкалар қўшимча стол устида боксда туриши лозим. Калишлар стол остида предбоксникда туриши лозим.


251. Навбатчи ниқобсиз, кўзойнаксиз ва қўлқопларсиз мосламага келишга ҳақли эмас.


252. Орнитоз ва пситтакоз вируслари билан ишлаш вақтида олти қаватли дока ниқоб ўрнига докали пахтали ниқобдан фойдаланиш лозим.


253. Ўта хавфли инфекциялар лабораториялари биносидан иш кийимида ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади.


254. Коллектор усулида ампулаларни кавшарлашнинг қуритилиши тугаганидан кейин қуритишлар тароқларда вакуум остига юборилади, камерали услубда эса, ампулали кассеталар эса вакуумли кавшарлаш каруселига ўтказилади.


255. Ампулаларнинг кавшарланишини махсус иш кийимидаги иккита лаборант бажариши лозим. Биринчи лаборант горелка ёрдамида кавшарлайди, иккинчиси эса, вакуумни вакуум ўлчагич билан назорат қилади ва қуритилган вируслар солинган ампулаларни картон қутилар катакларига жойлаштиради. Кавшарлаш ниҳояланганидан сўнг, ампулали қутилар металл контейнерларга жойлаштирилади.


256. Ампулалар махсус асбоб ёрдамида қуритиш хонасида вакуумда текшириб кўрилиши лозим.


257. Вакуумда текширилган ампулалар ташқарисидан дезинфекциялаштирилган эритма билан артилиши ва махсус рангдаги нитролак билан бўялиши лозим. Шундан кейин қуритишга келган материал ампулалар лаборатория ходимига тилхат билан берилиши лозим. Ходим қуритиш материалини олганлигини журналга қайд этиши ва қуритишда қоладиган паспортнинг биринчи нусхасига ҳам имзо чекиши лозим.


258. Коллектор қуритиш мосламаси қуритишнинг ва кавшарлаш ниҳояланганидан кейин автоклав орқали зарарсизлантирилиши лозим. Автоклавлашдан аввал қуритиш бўлими ходими қуйидаги ишларни махсус иш кийимида амалга ошириши лозим:

полни қайта ишланган тиқин тароқлар билан алмаштириши лозим, бунда олинган тароқларни дезинфекциялаштирилган эритма солинган идишга солиши ва сўнгра тиқинларни олиши лозим;

қопқонни насосдан чиқариб олиш ва тирқишни дезинфекциялаштирилган эритма билан тўйинтирилган пахта тампони билан ёпиш лозим;

коллекторни дезинфекциялаштирилган эритма билан тўйинтирилган пахта тампони билан ҳар иккала тирқишни ёпган ҳолда қопқондан бўшатиб олиш;

қопқон қопқоғидаги винтларни яхшилаб бўшатиш;

дезинфекциялаштирилган эритма билан тўйинтирилган коллектор ва қопқонни алоҳида чойшабга ўраб қўйиш;

шундан кейин лаборантлар бактерицид лампаларни ёқишлари лозим ва иш столини дезинфекциялаштирилган эритма билан тозалаб чиқишлари лозим, шунингдек дезинфекциялаштирилган эритма ёрдамида боксни нам йиғиштириш дезинфекциясини бажариши лозим;

қўлқопларни дезинфекциялаштирилган эритма солинган тоғорага солиб диққат билан тозалаш, сўнгра эса, коллектор ва қопқонни қўшимча қоғозга ўраб қўйиш лозим.

Мазкур ишлар бажариб бўлингандан сўнг, лаборантлар ўзларининг қўшимча кийимларини ечишлари, коллектор ва қопқонни уларни стерилизация қилинадиган жой - автоклавга ўтказишлари лозим.


259. Қуритиш ва кавшарлаш тугаганидан кейин, сублимацион - қуритиш мосламасини дезинфекциялаштирилган эритма билан тозалаб олиш лозим.


260. Бунинг учун ҳар иккала махсус кийим кийган лаборант сублимацион - қуритиш мосламасини дезинфекциялаштирилган эритма билан яхшилаб тозалаб оладилар. Иш тугаганидан кейин, қўлқопларни дезинфекциялаштирилган эритма солинган тоғорага солиб диққат билан тозалаш, сўнгра қўшимча кийимни ечиш лозим.


261. Агарда коллектор мосламасида вакуум ёмон бўлиб қолган бўлса, у ҳолда, навбатчи зудлик билан ниқобни, кўзойнак ва чарм қўлқопларни кийиши, тароқдан мосламага борадиган резинали қўшилиш жойларини қисқич билан маҳкамлаб қўйиши, ваннага қуруқ музни қўйиши ва ундан кейингина ҳаво ўтадиган жойни қидириши лозим.


262. Агарда ҳаво ўтиш жойи ампула ёки тароқ ичида бўлса, у ҳолда бундай ампула ёки тароқ қисқич билан олиниши ва дезинфекциялаштирилган эритма солинган идишга солиниши лозим ва уларнинг ўрнига тиқинлар тиқиб қўйилиши лозим. Қўлқоп кийган қўллар дезинфекция эритмаси солинган банкада ювилганидан сўнг қисқичлар олиниши лозим. Ваннадаги қуруқ музга яхшилаб лизол эритмаси қуйилиши лозим ва 30 дақиқадан сўнг ваннани бошқасига алмаштириш керак.


263. Авария бартараф этилганидан сўнг, навбатчи дезинфекция эритмаси билан қўлқоп кийган қўлларини тозалаши лозим ва бошқа қўлқоп кийиши ҳамда ниқоб ва кўзойнакни ечиши лозим.


264. Агарда ампула музлатиш жараёнида ёки коллектор қуритиш мосламасига ёхуд кавшарлаш каруселига уланаётган вақтида синиб кетса (бу операцияда иккита лаборант-ходим ишлаши лозим), қуйидаги ишларни бажариш лозим:

ампулани синдириб қўйган лаборант дарҳол ҳимоя кўзойнакларини тақиши ва жойида қолиши лозим. Иккинчи лаборант эса, бактерицид чироқларини ёқиши, калиш кийиши ва йиғиштириш жиҳозидан фойдаланган ҳолда зарарли материални йиғиштиришни бошлаши лозим. Йиғиштириш жиҳози (дезинфекция эритмаси солинган бочкалар, пахта тампонлар, дока салфеткалар ва пинцетлар) доимо қуритиш хонасида белгиланган жойда туриши лозим;

авария содир бўлган жойдаги пол 5 % лик лизол эритмаси билан тозаланиши лозим;

зарарли материалнинг суюқ қисмини пахта тампони билан пинцет ёрдамида йиғиб олиш зарур. Ишлатилган тампонларни лизолнинг 5 % лик эритмаси солинган бочкага солиш лозим;

ампуланинг бўлакларини пинцет ва дока салфеткалар билан йиғиб олиш, ампула бўлаклари ва ишлатилган салфеткаларни лизолнинг 5 % эритмаси солинган бочкага солиш лозим;

авария содир бўлган жойни албатта дезинфекция эритмаси билан тўйинтирилган олти қаватлик дока салфеткалар билан камида 2 соатга ёпиб қўйиш лозим;

дезинфекция эритмаси билан бутун бинонинг дезинфекциясини гидропульт ёрдамида тозалаб чиқиш лозим.


265. Агарда ампула кавшарлаш вақтида ёрилиб ёки синиб кетса, у ҳолда шифокор ва лаборантлар бундай авария вақтида вирус суспензия кўринишида бутун хонани тўлдиради. Бундай вақтда қуйидагиларни бажариш лозим:

эшикларни очмасдан барча бактерицид чироқларни ёқиш;

бактерицид чироқлар авариядан кейин бутун хонани ва предбоксникни 3 соат вақт мобайнида нурлантириши лозим. Ундан кейин мазкур қоидаларнинг 264-бандида таъкидланганидек ҳаракат қилиш лозим.


266. Авария жойини зарарсизлантириш фақатгина лаборант ёки шифокор томонидан амалга оширилади (фақатгина махсус кийимда). Препаратор зарарсизлантиришдан кейин фақатгина қўшимча ва йиғиштириш ишларини қилиши лозим.


267. Авария вақтида хонада бўлган ходимлар дезинфекция эритмаси билан қўлқопларини тозалашлари ва шундан кейингина тоза қўлқоп кийишлари, халатини, пойафзалини, чулкисини ечишлари мумкин ва фақат шундан кейингина бинодан чиқишлари мумкин. Ходимлар ечган барча кийимлар дарҳол зарарсизлантирилиши лозим.


268. Зарарли материалнинг кўз ёки шилимшиқ пардага тушиши хавфини туғдирган ҳар қандай аварияда зудлик билан шифокорни профилактик чораларни кўриши учун чақириш лозим. Шифокор келгунига қадар зарарланган қўлқопларни ташлаб юбориб, бошқасини кийиш ва ундан кейин кўзни марганцовка калий 1:10000 эритмасида чайиш лозим. Агарда вирус оғиз бўшлиғига тушган бўлса, у ҳолда, оғизни 0,5 % намакоб эритмасида чайиш лозим.


269. Агарда авария канакунжут энцефалит вируси билан ишлаш вақтида содир бўлган бўлса, у ҳолда, жабр кўрганни зудлик билан касалхонага олиб бориш лозим ва шифокор назорати остида 1 доза миқдорида энцефалитга қарши гамма-глобулинни 2-3 кун давомида баданга юбориш лозим. Келгусида жабр кўрганнинг тана ҳарорати кунига текшириб борилади. Безгак реакциясининг сезилишида эса, уни зудлик билан касалхонага ётқизиш лозим.


270. Қутуриш вируси билан ишлаш вақтидаги аварияда эса, мутахассиснинг маслаҳатига кўра антирабик иммуноглобулин юборилади ва шундан кейин антирабик эмлаш курси махсус поликлиникаларда ўтказилади.


271. Агарда авария орнитоз ва пситаккоз вируслари билан ишлаш вақтида юз берса, у ҳолда шифокор тавсиясига кўра, антибиотиклар профилактик мақсадлар учун ичилади.


272. Агарда авария юқорида қайд этилмаган бошқа вирус ва бактериялар билан ишлаш вақтида содир бўлса, у ҳолда зудлик билан шифокорни чақириш лозим ҳамда профилактик ва даволаш чораларини унинг кўрсатмасига кўра амалга ошириш лозим (инфекция турига кўра).


273. Ходимларнинг зарарланиши келиб чиқадиган барча аварияларда жабр кўрганлар маълум бир инкубацион давр ичида шифокор назорати остида бўлишлари лозим.



13-§. Вакуум остида бўлган 1, 2 ва 3-гуруҳ қуритилган

бактериялар ва вируслар культуралари мавжуд

ампулаларни очишда хавфсизлик талаблари


274. Ампулаларнинг очилишини стол устидаги боксда амалга ошириш лозим.


275. Ампулаларни очиш учун қўшимча стерилланган кийим - устки халат, резина қўлқоплар, енгча, пахта-дока ниқоб ва кўзойнак кийиш лозим.


276. Боксдаги ампулани тунука контейнердан олиш лозим ва кюветга қўйиш керак.


277. Бир вақтнинг ўзида 2 тадан ортиқ ампулани очиш мумкин эмас.


278. Ҳар иккала ампуланинг бўйнини горелка устида қиздириб олиш лозим ва қуруқ стерилланган пахтага ўраб қўйиш керак. Сўнгра ампулаларни дезинфекция эритмаси билан тўйинтирилган ва яхшилаб сиқиб чиқилган олти қаватлик дока салфеткага ўраб қўйиш лозим.


279. Ампула бўйнини салфетка билан Кохер қисқичи ёки пинцет билан синдириб олиш мумкин.


280. Бўйни синдирилган ампулаларни салфеткадан ажратиб олиш лозим ва синиқ бўлакларини пахта ва салфетка билан дезинфекция эритмаси солинган банкага солиш керак ва ампулага керакли эритувчини қўшиш лозим. Суюқ, ўта хавфли материал билан ўтказиладиган келгуси ишлар тасдиқланган кўрсатмалар асосида амалга оширилиши лозим.



14-§. Йирик ва кичик лаборатория ҳайвонлари билан ишлаш


281. Йирик лаборатория ҳайвонларига қараш учун (отлар, қорамол, эшаклар) махсус кўрсатмага ва иш тажрибасига эга бўлган ходимлар қўйиладилар.


282. Йирик ҳайвонларга қараш учун масъулият ташкилотнинг бош ветеринар шифокори зиммасига юклатилади, бундай лавозимнинг штат жадвалида йўқлигида эса, бундай масъулият керакли цех ва бўлим бошлиқлари зиммасида бўлади.


283. Иш вақтида ходимлар махсус кийимни, санкийимни ва ҳимоя қилиш воситаларини кийишлари лозим.


284. Юқумли касалликлар билан касалланган ва уларнинг ташувчисига айланган йирик ҳайвонларга қарашда ва улар билан бирга ишлашда, албатта ҳайвонларни вабога қарши эмлаш ташкилотлари ходимлари учун кўзда тутилган махсус кийим, санкийим ва ҳимоя қилиш воситаларини кийишлари лозим.


285. Йирик ҳайвонлар махсус биноларда (иммуноклиникаларда) сақланиши лозим, бу бинолар отхоналарнинг махсус бўлмалари билан жиҳозланган бўлиши лозим. Отхоналарнинг махсус бўлмалари ўтиш жойларининг кенглиги ва бошқалар иммуноклиникларнинг намунавий лойиҳасига мос келиши лозим.


286. Отнинг орқа оёқлари зарбидан сақланиш учун отхона кўндаланг тўсиқлар ёки панжара билан ўралган бўлиши лозим


287. Ҳар бир отга тоза, алоҳида арқонли бўйинтуруқ билан тортиладиган нўхта энгак сими билан кийдирилган бўлиши лозим. Отларни боғлаш учун пўлат занжирлардан фойдаланиш лозим. Отхоналарда боғланмаган отларни сақлаш мумкин эмас.


288. Отлар ташқарига олиб чиқилганда, отхона очиқ бўлиши лозим. Гўнгнинг, озуқа қолдиғининг, остига қўйиладиган материалларнинг йиғилиб қолиши, шунингдек йўлни ёпиб қўядиган предметлар отхонада бўлиши қатъиян ман этилади.


289. От ва қорамолни оғилхонадан алоҳида-алоҳида олиб чиқиш лозим. Ҳайвонларнинг ўтиш жойларида йиғилиб туриши мумкин эмас.


290. Отларни иммуноклиника ходимлари олиб чиққанларида мустаҳкам тизгиндан фойдаланишлари шарт. Отларнинг тизгинидан ушлаб туриш учун карабинлардан фойдаланиш зарур.


291. Иммуноклиника ходими отни муолажага олиб бориши учун ҳайвонни орқасидан ҳайдаб туриш учун яна битта ходим берилиши лозим.


292. Эмлаш ва операция столлари ўз вақтида тузатилиши ва созланган ҳолатда туриши лозим.


293. Йирик ҳайвонларни эмлаш ва операция столида боғлаш учун арқон, чўзиш ва бошқа воситалар, шунингдек тизгин ва тугунлар ҳар куни ветеринар шифокор томонидан назорат қилиниши лозим. Мазкур воситаларнинг мустаҳкамлигини пасайтирувчи ёриқ, кесилиш ва бошқа камчиликлар аниқланганида, улар дарҳол алмаштирилиши ва тузатилиши лозим.


294. Майда лаборатория ҳайвонлари билан ишлайдиган ходимлар (қуёнлар, денгиз чўчқаси, каламуш ва бошқалар) учун шу ҳайвонлар инсон учун зарарли бўлган инфекцияларни етказувчи бўлиб ҳисобланадилар. Айниқса, бу ҳолларда ҳайвоннинг тишлаб олиши хавфлидир. Бундай хавфнинг олдини олиш учун юқумли касалликларни тарқатувчи ва бу касалликларнинг тарқаб кетишининг олдини олиш чораларини кўриши ва ходимлар лабораториянинг санитария-эпидемияга қарши режим қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим.


295. Одам учун хавфсиз бўлган юқумли касалликларни тарқатувчи майда ҳайвонларга қарашда ташкилот ходимлари учун кўзда тутилган амалдаги қоидалар ишлаб чиқариш ва санитария-гигиена кийимларидан фойдаланиши лозим.


296. Ҳайвонларга қараш вақтида техник резина қўлқопларни кийиш мақсадга мувофиқдир.


297. Одам танаси учун хавфли бўлган юқумли касалликларни тарқатувчи ҳайвонлар билан ишлашда, докали ниқоб ёки стерилланган респиратордан фойдаланиш шарт.


298. Майда ҳайвонларни операция қилишдан аввал уларга наркоз қилиш тавсия этилади. Наркоз қилиш мумкин бўлмаган ҳолатларда эса, ходимларни ҳайвон тишлаб олмайдиган махсус операция столидан ёки бошқа воситалардан фойдаланиш зарур.


299. Агарда иш вақтида ходим ҳайвонни қўли билан ушлаб туриши лозим бўлса, у ҳолда, ходим чарм қўлқоп ёки сирпанмайдиган анатомик махсус резина қўлқоп кийиши лозим.


300. 1, 2 ва 3-гуруҳ юқумли касалликлар тарқатувчи майда ҳайвонлар мурдалари қафасдан олинган вақтида махсус металл патнисга қўйилиши, лекин пол ва стеллажларга қўйилмаслиги зарур. Патнис фойдаланиб бўлингач, зарарсизлантирилиши лозим.



IV. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ УСКУНАЛАРИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


1-§. Ишлаб чиқариш ускуналарига қўйиладиган

хавфсизликнинг умумий талаблари


301. Бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқаришида қўлланиладиган ускуналар ГОСТ 12.2.003-91 талабларига жавоб бериши шарт.


302. Бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқариш ва уларнинг сифатини назорат қилиш учун қўлланиладиган ускуналарни уларни ишлатишга тайёрлаш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатиш ишларини имкон қадар енгиллаштириш мақсадини кўзлаган ҳолда қуриш ва жойлаштириш лозим.


303. Бактерияли ва вирусли препаратлар ишлаб чиқариш ва сифатини назорат этиш учун қўлланиладиган ускуналар уларни ишга тайёрлаш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатишни максимал даражада осонлаштирадиган тарзда ўрнатилиши ва жойлаштирилиши лозим.


304. Ускуналар ва назорат-ўлчов асбобларнинг кўриниши, ўлчами ва техник кўрсаткичлари ўтказиладиган технологик жараёнларга мувофиқ бўлиши лозим.


305. Ишлаб чиқариш ва назорат-ўлчов ускуналари шундай жойлаштирилиши керакки, уларнинг хизмат кўрсатилувчи қисмлари технологик жараёнларни кузатиб бориш учун етарли даражада ёритилганлиги таъминланиши лозим.


306. Иммунобиологик препаратларни тайёрлаш ва уларнинг сифатини назорат этиш учун қўлланиладиган барча ўлчов асбоблари даврий равишда калибрлаш ва ўрнатилган тартибда текширувдан ўтказилиши лозим.


307. Иммунобиологик маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сифатини назорат қилишда компьютер техникасидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ.


308. Цехлардаги ишлаб чиқариш ва назорат-ўлчов ускуналари шундай жойлаштирилиши керакки, уларга эркин кириш таъминланиши лозим.


309. Иммунобиологик препаратларни ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ускуналар конструкциясига қуйидаги талаблар қўйилади:

ускуналарнинг хом ашё, ёрдамчи материаллар, ярим маҳсулот, ярим тайёр маҳсулот ва тайёр маҳсулот тегадиган юзалари дезинфекциялаш воситалари билан ишланишга чидамли бўлган силлиқ ва токсик бўлмаган, коррозияга бардошли материалдан тайёрланган бўлиши зарур;

ускуналарнинг ишлаб чиқариш маҳсулотлари билан алоқа қиладиган барча қисмлари уларни ювиш, дезинфекцияловчи воситалар билан ишлаш ёки стериллаштириш ишларини енгиллаштириш учун ечиладиган ва ажраладиган бўлиши зарур;

тайёр маҳсулотлар ифлосланиши ва уларнинг сифати салбий томонга ўзгаришига йўл қўймаслик мақсадида, ускуналар улардан фойдаланиш учун қўлланиладиган материаллар (масалан, мойлаш материаллари) билан ифлосланмаслиги лозим;

барча технологик идишларни, аппаратларни ва бошқа ускуналарни даврий асосда тозалаш, ювиш ва дезинфекциялаш жадваллари тузилган ва уларда ювувчи ҳамда дезинфекцияловчи воситалар кўрсатилган бўлиши лозим. Бундай жадваллар цех бошлиғи томонидан ишлаб чиқилиши ва бунга ваколатли бўлган маъмурий шахс томонидан тасдиқланиши лозим.

Ўрнатилган технологик ускуналардан тегишли равишда фойдаланиш учун ускунани профилактик кўрикдан ўтказиш ва ташкилотнинг ваколатли шахси томонидан тасдиқланган жадваллар бўйича барча зарур таъмирларни амалга ошириш лозим.


310. Ускунани ишга тайёрлашни уни дезинфекцияловчи воситалар билан ишлаш ёки стериллаштириш бўйича йўриқномага биноан амалга ошириш лозим.


311. Ускуна дезинфекцияловчи воситалар билан ишланганида ёки унинг ишчи қисмлари стериллаштирилганидан сўнг белгиланган тартибга биноан ускунанинг ишлашга тайёрлик сифати назорат қилиниши лозим.


312. Фақат бир турдаги иммунобиологик препаратни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган ускуна шундай тарзда тозаланиши керакки, бунда турли сериядаги препаратларнинг аралашиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


313. Турли хилдаги иммунобиологик препаратларни ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган ускуна ювувчи сувларда бошқа иммунобиологик препаратларнинг асоратлари тўлиқ йўқ бўлмагунга қадар пухта тозаланиши лозим.



2-§. Ишлаб чиқариш ускуналарини жойлаштиришда

хавфсизлик талаблари


314. Ускуна шундай жойлаштирилиши керакки, бунда қуйидагилар таъминланиши лозим:

бошланғич хом ашё, материаллар оқимини оптимизациялаш, ходимларнинг бир жойдан бошқа жойга ўтиш заруратини имкон қадар камайтириш;

ишлаб чиқариш жараёнида иммунобиологик препаратларнинг ифлосланишига йўл қўймаслик;

технологик ускуналарнинг ювилиши, ишлов бериш, фойдаланиш ва хизмат кўрсатилишини осонлаштириш;

ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона фойдаланиш;

иш жойларини ташкиллаштиришда меҳнат муҳофазаси меъёрлари ва қоидаларига жавоб берилиши.


315. Ускуналарни ўрнатишда қуйидагилар кўзда тутилиши лозим:

ишчиларнинг доимий туриш жойларида ҳамда бошқариш жойида хизмат кўрсатиш бўйлаб асосий йўлаклар - 2 м;

машиналарга, ҳажм аппаратлари, маҳаллий ўлчов воситаларига хизмат кўрсатиш бўйлаб йўлаклар - 1,5 м;

аппаратларга хизмат айланасига кўрсатилиши зарур бўлса, аппаратлар ўртасидаги ҳамда аппаратлар билан хона деворлари ўртасидаги йўлакларнинг кенглиги - камида 1 м;

аппаратлар ва асбобларни кўрикдан ўтказиш ва даврий асосда текшириш ҳамда ростлаш учун йўлакларнинг кенглиги - камида 0,8 м.


316. Стерил маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун мўлжалланган асептик хоналарда фақат бевосита технологик жараённи таъминлайдиган асосий технологик ускуналар ўрнатилган бўлиши лозим. Ёрдамчи ускуналар асептик хоналарга ёндош хоналарда ўрнатилиши лозим.


317. Пол устидан ўтказиладиган қувурлар ўтиш жойлари билан кесишиш ерларида ариқчага ётқизилган ёки ўтиш кўприкчалари (пандуслар) билан қопланган бўлиши лозим.


318. Қувурлар уларнинг мўлжалланган мақсадига қараб ГОСТ 14202-69 га мувофиқ бўлиши лозим.


319. Ёнғинга қарши қувурларни уларнинг ичида нима бўлишидан қатъи назар, қулфлаш-ростловчи темир қисмларида ва шланглар ҳамда ёнғинларни ўчириш учун бошқа қурилмалар уланган жойларида қизил рангга бўяш лозим.


320. Узиб қўйиш қурилмаларида якуний (очиқ-ёпиқ) ҳолатларни кўрсатувчи белгилар бўлиши лозим.


321. Ер устидан ўтказилган қувурлар хавфли эгилиши ва деформацияланиши оқибатида авария содир бўлиши ва маҳсулотлар ўтиб кетиши хавфининг олдини олиш мақсадида қувурларнинг илгаклари ва пойларининг ҳолати юзасидан назорат таъминланиши лозим. Қувурларнинг илгаклари ва пойларида аниқланган ҳар қандай носозликлар дарҳол бартараф этилиши шарт.


322. Барча босим мосламалари ва аппаратлар ҳамда қувурларнинг арматуралари капитал таъмирдан сўнг механик чидамлиликка ва герметикликка сиқилган ҳаво босими ёрдамида гидравлик синовлардан ўтказилиши лозим. Бу синовлар жой-жойига мослаб ўрнатиш ишлари ҳамда чилангарлик-механик ишлов берилгандан сўнг ўтказилади.


323. Агрессив, зарарли ва портлаш жиҳатидан хавфли моддалар билан транзит технологик қувурларни бинолар, иншоотлар ва қурилмалар устидан ва остидан ўтказиш тақиқланади.


324. Ишламаётган аппаратлар ва қувурларнинг сурма қопқоқларини очиқ қолдириш ман этилади.


325. Вақтинчалик ишламаётган аппаратлар ва қувурлар ишлаётган аппаратлар ёки қувурлардан узиб қўйилиши лозим.

Музлаб қолган қувурларни очиқ ўт ёрдамида иситиш мумкин эмас.


326. Қувурларни жойлаштириш ва ўтказиш усули уларни ўрнатиш ва таъмирлашда, шунингдек қувурлар, босим ва созлаш арматураларига, шунингдек қувурларга бевосита уланган ёки уларнинг яқинида жойлашган ускуналарга хизмат кўрсатишда хавфсизлик ва қулайликни таъминлаши лозим.



3-§. Иш жойларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


327. Бактерияли ва вирусли препаратларни ишлаб чиқаришдаги доимий иш жойлари тегишли мебель, керакли якка тартибдаги ҳимоя воситалари, тиббиёт аптечкалари, ишлаб чиқариш йўриқномалари тўпламлари, ёнғин хавфсизлиги йўриқномалари ва бошқалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


328. Цехлардаги иш жойлари, ўтиш жойлари, юриш жойлари хом ашё, ёрдамчи материаллар, ярим маҳсулотлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотлар ва бошқа препаратлар билан тўсиб қўйилмаслиги лозим.


329. Технологик ускуналарни ички кўздан кечириш ва тозалаш туйнукларига эркин кира олиш имконияти яратилган бўлиши лозим.


330. Металл коррозиясига олиб келувчи муҳитли идишлар ҳар 12 ойдан кам бўлмаган муддатда ички кўрикдан ўтказилиши лозим.


331. Портлаш хавфи бўлган ва заҳарли препаратли аппаратларни ювиш ва ҳаво оқими билан тозалаш учун, таъмирлаш ва синашдан олдин сув, буғ ёки инерт газ тармоғини улаш учун штуцер кўзда тутилган бўлиши лозим.


332. Идиш ва сақлагич клапани ўртасида қулфлаш қурилмаси бўлмаслиги лозим.


333. Автоклавларни ўрнатиш ва фойдаланиш, шунингдек автоклав ўрнатиладиган махсус хонани лойиҳалаштириш ва ундан фойдаланиш амалдаги меъёрий ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


334. Автоклавдан фойдаланишда қуйидагиларни таъминлаш лозим:

хавфсиз ҳарорат режимини ўрнатиш (автоклавлар деворлари ҳароратининг йўл қўйилиши мумкин бўлган кўтарилиш ва пасайиш тезликлари);

автоклавларни ишга тушириш ва тўхтатишдаги иссиқлик кўчиши имкониятларини яратиш ва ҳаракатланувчи тиргакларнинг сиқилиб қолишига йўл қўймаслик назорати;

ишга тушириш ва иш жараёнида автоклавларда ҳосил бўладиган конденсатни узлуксиз чиқариб юборишни таъминлаш;

камида тўрт йилда бир маротаба барча пайвандланган чокларни ва чок соҳасидаги металлни тўлиқ текширишдан ўтказиш (магнит-кукунли дефектоскопия ёки бошқа зарар етказмайдиган услуб билан);

автоклавлардан хавфсиз фойдаланишга масъул бўлган шахслар томонидан, махсус журналларда тегишли ёзувларни амалга ошириш йўли билан, автоклавлар ҳолати устидан кундалик назорат ўрнатилишини таъминлаш.


335. Аппаратуранинг ҳаракатланувчи ёки айланувчи қисмлари, камарли ва тишли ўтказмалар, валларнинг чиқиб турувчи қисмлари, электр ускуналарининг контактлари ва шу кабилар ечилувчи тўсиқларга эга бўлиши керак.


336. Тўсиқларни ечишга фақатгина аппаратларни таъмирлаш учун, механизмлар узилгандан сўнг ва тўлиқ тўхтагандан сўнг рухсат этилади.


337. Таъмирлаш, кўрикдан ўтказиш, тозалаш ва шу кабилардан кейин, тўсиқлар жойига ўрнатилгач ва барча қисмлар маҳкамланганидан сўнг механизмларни ишга туширишга рухсат этилади.


338. Барча ўтиш жойлари, бостирмалардаги монтаж туйнуклари камида 0,9 м баландликка эга бўлган панжаралар ва пастки қисмидан 0,14 м лик отбортовка билан бўлиши керак.


339. Аппаратларнинг механизмини тозалаш ва таъмирлаш учун панжаралар осон ечиладиган ёки очиладиган бўлиши лозим.


340. Барча электр ускуналари, электр асбоблар ва шитлар қўлланиладиган кучланишидан қатъи назар, ерга уланиши лозим.


341. Барча цехлар телефон алоқаси билан таъминланган бўлиши лозим.



V. ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ БАЖАРИШДА

ҚЎЙИЛГАН ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Таъмирлаш ишларини олиб бориш шарти ва тартиби


342. Ускуналарга техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш ишларини ташкил этиш, ўтказиш шартлари ва тартиби ускуналардан фойдаланишнинг аниқ шарт-шароитларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Ускуналарга техник хизмат кўрсатиш тизими техник хизмат кўрсатиш ва режали - эҳтиётдан қилинадиган таъмирлаш ишлари мажмуига асосланади.


343. Техник хизмат кўрсатиш ҳар бир таъмирлаш ўртасидаги даврда ускуналардан фойдаланиш ва уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича тегишли норматив техник ҳужжатлар талабларига биноан хизмат кўрсатувчи (машинистлар, аппаратчилар, операторлар ва бошқалар) ҳамда техник ходимлар (уста ёрдамчилари, навбатчи чилангарлар, электриклар) томонидан амалга оширилади.


344. Техник хизмат кўрсатиш ҳажмига қуйидагилар киради:

фойдаланиш жараёнида парваришлаш - артиш, тозалаш, мунтазам равишда ташқи кўрикдан ўтказиш, барча носозликларни аниқлаш, мойлаш, подшипникларнинг мойловчи ва совитувчи тизимларини текшириш, мустаҳкамлаш деталлари ва бирикмалари ҳолатини кузатиш ҳамда ерга уланган сим созлигини текшириш;

ускунада майда таъмирлаш ишларини бажариш - майда нуқсонларни бартараф этиш, мустаҳкамланган жойларни ва контактларни тортиб қўйиш, сақлагичларни ва прокладкаларни алмаштириш, қисман ростлаш, изоляциянинг умумий ҳолатини аниқлаш ва бошқалар.


345. Ускуна ишида аниқланган барча носозликлар фойдаланувчи ходимлар томонидан смена дафтарида қайд қилиниши ва фойдаланувчи ҳамда хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан имкон қадар қисқа муддатда бартараф этилиши шарт.


346. Ускуна учун масъул сифатида бириктирилган хизмат кўрсатувчи ходимлар фойдаланувчи ходимлар томонидан смена дафтарида қайд қилинган ёзувларни мунтазам равишда кўриб чиқиши ва кўрсатилган носозликларни бартараф этиш чораларини кўриши шарт.


347. Ускуналарни техник хизмат кўрсатиш мақсадида тўхтатиш зарурати, даври ва муддати технологик жараённинг хусусияти ва ишларни хавфсиз ўтказиш имкониятига қараб ташкилот томонидан белгиланади. Машина ускуналарига техник хизмат кўрсатиш (кўрикдан ўтказиш) ишлар таркибига қараб ускунани тўхтатган ёки тўхтатмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.


348. Ускуна таркибий қисмларининг шикастланиш ва емирилиш хусусиятига ҳамда таъмирлаш ишларининг меҳнатталаблилик даражасига қараб хизмат кўрсатиш тизимида жорий, ўрта ва капитал таъмирлашни ўтказиш назарда тутилган.


349. Жорий таъмирлашнинг асосий ишлари техник хизмат кўрсатиш операцияларини амалга ошириш, тез емирилувчан деталлар ва тугунларни алмаштириш, футеровкалар ва коррозияга қарши қопламаларни таъмирлаш, изоляция ўровини қисилган ҳаво ёрдамида тозалаш, унинг қаршилигини ўлчаш ва бошқалардан иборат.


350. Аниқ турдаги ускунани жорий таъмирлашда бажарилиши лозим бўлган ишларнинг намунавий рўйхати ташкилотнинг бош механиги томонидан тасдиқланади ва таъмирлаш дафтарининг мажбурий иловаси ҳисобланади.


351. Мураккаб ускунани жорий таъмирлаш учун нуқсонлар қайдномасини тузиш тавсия қилинади.


352. Ўрта таъмирлаш ускуналар ресурсини қисман тиклаш мақсадида, унинг айрим қисмларини, тугунларини алмаштириш ёки тиклаш ҳамда уларни ростлаш билан амалга ошириладиган таъмирлаш ишлари тизимидан иборат бўлади.


353. Капитал таъмирлаш ускуналарнинг яроқлилик ҳолатини тиклаш ва уларнинг ресурсларини тўлиқ ёки деярли тўлиқ тиклаш мақсадида, уларнинг исталган қисмларини, шу жумладан, асосий қисмларини алмаштириш ёки тиклаш ҳамда ростлаш билан амалга ошириладиган таъмирлаш ишлари тизимидан иборат бўлади.



2-§ Таъмирлаш ишларини ўтказиш муддатлари, масъул

шахсларни тайинлаш, таъмирлаш ишларини бажарувчи

шахслар малакасига қўйиладиган талаблар


354. Таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун ускуналар ва қурилмаларни таъмирлаш йиллик режа-жадвали, ускуналар ва қурилмаларни таъмирлаш ойлик режа-жадваллари, ойлик режа - эҳтиётдан таъмирлаш жадваллари, нуқсонлар қайдномалари, сарф-харажатлар сметалари, ишларни бажариш жадваллари, ишларни ташкил этиш режаси, наряд-рухсат ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатлар тузилиши лозим.


355. Ойлик режа - эҳтиётдан таъмирлаш жадваллари режалаштирилаётган санадан олдинги ойнинг йигирма бир кунидан кечиктирмаган ҳолда тузилади.


356. Нуқсонлар қайдномаси қурилма бошлиғи ва механиги томонидан тузилади ҳамда қурилма муҳандис техник ходимлар мажлисида муҳокама қилинади, шундан сўнг капитал таъмирлашдан кечи билан тўқсон кун ҳамда жорий таъмирлашдан ўттиз кун олдин тегишли бўлимларга муҳокама қилиш учун тақдим этилади.


357. Таъмирлаш ишларининг раҳбари таъмирлашга тайёрланган ускуналарни цех бошлиғидан ёки у томонидан тайинланган бошқа шахсдан, ускунани таъмирлашга топшириш далолатномасини тузган ҳолда қабул қилади.


358. Капитал таъмирланган ускуна синовдан ва ишлатиб кўриш муддатидан ўтказилганидан сўнг, цех бошлиғи ёки у томонидан тайинланган шахс томонидан ишлатиб кўриш муддати тугаганидан сўнг камида уч кунлик вақт ўтгач, ускуна капитал таъмирлашдан топшириш далолатномасини тузган ҳолда қабул қилинади.



3-§. Таъмирланаётган участкани ажратиш (тўсиш) зарурати

ва таъмирлашдан олдинги ишларни бажариш ва таъмирлаш

ишларининг хавфсизлигини таъминлаш бўйича махсус талаблар


359. Таъмирлаш ишларини бажарувчи (пудратчи, таъмирлаш хизмати) таъмирлаш ишларини бажаришда хавфли бўладиган жойларда огоҳлантирувчи плакатларни осиб қўйиши, ускуналарни ва материалларни цех ичидаги таъмирлаш зонасига узатиш учун мўлжалланган девордаги тешикларни тўсиб қўйиши шарт. Цехлар ичида ишларни бажариш жараёнида қазилган қудуқлар ва ўралар таъмирлаш ишларини бажарувчи томонидан тўсиб қўйилади.


360. Ташкилот ҳудудида ва цехларда одамлар ўтадиган жойларда қазилган траншеялардан ўтиш учун суянчиқли кўприкчалар қурилади. Тўсиқларда огоҳлантирувчи ёзувлар ва белгилар, тунги вақтда эса - махсус ёритиш мосламалари ўрнатилади.


361. Цех маъмурияти цех ходимларини объект таъмирлаш учун тўхтатилиши ҳақидаги буйруқ (фармойиш) билан таништириши шарт. Хавфи айниқса юқори бўлган объектларга хавфсиз ҳолат ва объектни таъмирлаш бўйича тегишли йўриқномалар тузилиши лозим.


362. Пудратчининг ходимлари томонидан хавфсизлик техникаси қоидалари бузилган тақдирда, цех маъмурияти ишларни тўхтатиб қўйишга ва қоида бузувчи шахсни ёки бутун бригадани ишларни бажаришдан четлаштиришга ҳақлидир.


363. Таъмирлаш ишларини хавфсиз олиб бориш бўйича ўқитиш ва йўриқнома бериш ишларини ташкил этиш, ушбу ташкилот томонидан белгиланган тартибда, пудратчининг маъмурияти зиммасига юкланади.


364. Таъмирлаш ишларини бажаришда пудратчи цехларга ва ёнғин жўмракларига транспорт учун ўтиш йўллари ҳамда цехлар атрофи ва ичидаги ҳудуд турли хил ускуналар, материаллар ва қурилиш чиқиндилари билан тўсиб қўйилмаслигини таъминлаши зарур.


365. Таъмирлаш жараёнида:

ходимларни хавфли зонадан тўлиқ чиқариб юбормаган ва махсус тадбирларни ишлаб чиқмаган ҳолда аппаратлар ва қувурларни синаш;

ўт билан боғлиқ ишларни портлаш жиҳатидан хавфли ёки ёнувчан маҳсулотлар чиқишини юзага келтириши мумкин бўлган (ускуналарни, қувурларни очиш, уларни ҳаво ёрдамида тозалаш ва шу кабилар) ишларни бир вақтда бажариш тақиқланади.


366. Таъмирлашда қатнашувчи барча шахслар белгиланган намунадаги махсус кийимда бўлиши шарт.


367. Таъмирлаш учун топширилаётган ускуна технологик маҳсулотдан тозаланган, ювилган, зарур ҳолларда - нейтраллаштирилган бўлиши лозим.


368. Босим остида ишловчи қувурларда:

таъмирлашга топширилган ускуналардан қувурларни узиб қўйиш;

таъмирлаш ишларини ўтказиш учун масъул шахс иштирокида узиб қўйилаётган участканинг иккала томонидаги сурма клапанлар ва вентилларни ҳамда унинг тармоқлари томонидан дренаж ва айланма тармоқлар, шунингдек кўтармаларни беркитиб қўйиш;

тармоқнинг таъмирланиши лозим бўлган қисмини ўчириб қўядиган сурма қопқоқлар ва вентилларга "Ёқиш ман этилади. Одамлар ишлаяпти!" ёзувли плакатларни осиб қўйиш;

қувурнинг ўчирилган қисмидаги босимни тушириш;

ўчирадиган сурма қопқоқлар ва вентиллар кераклича зич бўлмаган ҳолда, таъмирланаётган участка ёки ускуналарни, тиқинларни ўрнатиш дафтарида қайд қилинадиган тиқинларни (заглушкаларни) ўрнатиш орқали ўчириш лозим. Тиқинлар аниқ кўринадиган думчали бўлиши ва думчалари тепага қаратиб ўрнатилиши лозим.


369. Оғир технологик ускуналарни таъмирлаш ишларини таъминлаш учун цех ва участкалар тегишли оғирликда юк кўтариш қобилиятига эга юк кўтарувчи машиналар ва механизмлар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


370. Юк кўтариш машиналари ва механизмларида ишлаш учун юк кўтариш механизмларида ишлаш учун рухсат берилганлиги ҳақидаги гувоҳномага эга бўлган ва махсус йўриқномаларни олган таъмирловчи ходимлар қўйилади.


371. Турли хил юкларнинг жойини ўзгартириш ишларини амалга оширишда қуйидагилар тақиқланади:

носоз бўлган юк кўтариш машиналари ва механизмларида ишлаш;

маркаланмаган, носоз ва кўтарилаётган юк оғирлиги ва хусусиятига кўра номувофиқ бўлган юк кўтариш мосламалари ва идишларни ишлатиш;

бош механик ёки унинг ўринбосари томонидан берилган ёзма рухсатномасиз юк кўтариш механизмлари ва мосламаларини мустаҳкамлаш учун бинонинг бостирмалари, устунлари ва бошқа конструкцияларидан фойдаланиш;

юк кўтариш машиналари ва механизмларидан фойдаланиш қоидаларини ҳамда ташкилотда жорий этилган қоидаларни бузиш.


372. Оғирлиги 50 кг дан юқори бўлган юкларни 1,5 м дан баландликка кўтаришда тегишли оғирликдаги юкларни кўтариш қобилиятига эга юк кўтариш ускуналарини қўллаш ёки чидамлилиги ҳисоб-китоблар асосида текширилган ва керакли оғирликдаги автоматик равишда тормозланадиган таллар осилган чорпоялар ва балкаларни ўрнатиш лозим.


373. Баландлиги 4 м дан юқори бўлган ҳавозалар инвентарь ҳисобида бўлиши шарт.


374. Тахта супаларни ёки тўсиқларни ўрнатмаган ҳолда баландлиги 1,5 м дан юқори бўлган тепаликда қисқа муддатли ишларни бажариш зарур бўлганида сақловчи камарлар қўлланилиши шарт.


375. Таъмирлаш ишлари учун қўлланиладиган зиналар чидамли, ишончли бўлиши ва қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт:

зинанинг узунлиги 5 м дан юқори бўлмаслиги лозим;

зина поғоналари ён томонларининг ўйиқларига ўрнатилган бўлиши лозим;

нарвонларнинг узунлиги унинг юқори учидан камида 1 м лик масофада бўлган поғонада туриб ишлаш имконини таъминлаши керак;

нарвоннинг қуйи учи, сурилиб кетишининг олдини олиш мақсадида, ўткир металл тирноқли бўлиши керак;

қандайдир нарсаларни ушлаб туриш ёки жойидан олиш зарур бўлган ишларда икки ёққа очиладиган нарвондан фойдаланиш лозим, бунда ушбу нарвоннинг юқори майдончаси уч томонидан камида 1 м баландликдаги суянчиқлар билан ўралган бўлиши лозим;

икки ёққа очиладиган нарвонларда иш вақтида очилиб кетишга йўл қўймайдиган мосламалар бўлиши керак;

транспорт ёки одамлар юрадиган участкада нарвон ўрнатилган жой тўсиб қўйилиши ёки қўриқлаб турилиши лозим;

баландлиги 5 м дан ортиқ бўлган осма металл нарвонлар вертикал боғичли металл дугалар билан тўсилган ва конструкциялар ёки ускуналарга мустаҳкам маҳкамланган бўлиши ёки пастдан хавфсизликни таъминлаётган шахс томонидан ушлаб турилиши лозим;

таъмирлаш жараёнида ишлатиладиган доимий майдончаларда тарамланган темирли тўшама, пастидан 150 мм лик узлуксиз ён деворча ва баландлиги камида 1 м ни ташкил этадиган суянчиқлар бўлиши лозим.


376. Деворга қўйиладиган ва икки ёққа очиладиган нарвондан фойдаланишда:

нарвоннинг иккита энг юқори поғонасида ишлаш;

қўйиладиган нарвонга ёки икки ёққа очиладиган нарвоннинг битта томонига иккита ишчи чиқиши;

бир вақтда иккита ва ундан кўп одам кўтарилиши ёки тушиши;

нарвонни айланаётган валлар, шкивлар ва узатмаларнинг бошқа ҳаракатланувчи қисмлари олдида ўрнатиш;

нарвон тагида туриш ёки ишлаш тақиқланади.


377. Баландликдаги қувурлар ва механизмларни таъмирлаш учун наряд-рухсат расмийлаштирилиши лозим.


378. Таъмирлаш ишлари хавфсизлик талабларига биноан тайёрланган керакли чилангарлик асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.



VI. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ҚОИДАЛАРИНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК


379. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


380. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


381. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ўзфармсаноат" давлат акциядорлик концерни билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 26-сон, 277-модда