ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Давлат дастурлари, концепциялари ва уларни амалга ошириш / Умумий концептуал саволлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва Сенатининг 15.07.2011 й. 333-II/196-II-сон "Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёевнинг "Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида"ги ҳисоботи ҳақида"ги Қўшма қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИ ВА СЕНАТИНИНГ

ҚЎШМА ҚАРОРИ

15.07.2011 й.

N 333-II/196-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

БОШ ВАЗИРИ Ш.МИРЗИЁЕВНИНГ "ДЕМОКРАТИК

БОЗОР ИСЛОҲОТЛАРИНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ

ВА ИҚТИСОДИЁТНИ ЛИБЕРАЛЛАШТИРИШ БОРАСИДА

ҲУКУМАТ ТОМОНИДАН АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ДАСТУРИ, ШУНИНГДЕК "КИЧИК

БИЗНЕС ВА ХУСУСИЙ ТАДБИРКОРЛИК ЙИЛИ"

ДАВЛАТ ДАСТУРИ ИЖРОСИНИНГ БОРИШИ

ТЎҒРИСИДА"ГИ ҲИСОБОТИ ҲАҚИДА



Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 78-моддасининг 15-бандига мувофиқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2010 йил ноябрь ойида бўлиб ўтган парламент палаталари қўшма мажлисидаги маърузасида баён этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясига мувофиқ ҳукумат томонидан амалга оширилаётган демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасидаги чора-тадбирлар дастури ҳақидаги ҳисоботини эшитди. Шунингдек "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" Давлат дастури ижросининг бориши ҳам кўриб чиқилди. Таъкидландики, Концепция мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш, давлат ҳокимияти ва бошқарувини изчил демократлаштириш, ҳокимият тармоқларга бўлинишининг конституциявий принципини амалга ошириш, шунингдек демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришда янги босқични белгилаб берди.

Бош вазирнинг ҳисоботини эшитиш Концепцияга мувофиқ 2011 йил апрель ойида қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (78, 80, 93, 96 ва 98 моддаларига)"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини рўёбга чиқаришда амалий қадам бўлди, бинобарин бу марказда ва жойларда ижро этувчи ҳокимият органларининг қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим дастурларини бажариш борасидаги фаолияти устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ролини, ваколатларини кучайтиришнинг муҳим омили бўлди.

Маърузада таъкидланганидек, ҳукумат бозор ислоҳотларининг ҳуқуқий базасини мустаҳкамлашга катта эътибор берди. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш соҳасида амалга оширишга доир чора-тадбирлар дастурини бажариш мақсадида 2011 йилнинг биринчи ярмида Ҳукумат томонидан "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги, "Рақобат тўғрисида"ги, "Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсатномалар бериш тартиб-қоидалари тўғрисида"ги ва бошқа бир қатор қонун лойиҳалари ишлаб чиқилди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" Давлат дастурига (бундан буён матнда Давлат дастури деб юритилади) мувофиқ Вазирлар Маҳкамаси томонидан қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва олиб бориш тартиб-таомилларини соддалаштиришга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар комплекси амалга оширилди. Кичик бизнес субъектларининг давлат харидлари тизимида иштирок этишини ҳамда юқори ликвидли маҳсулотлар олиш имкониятини кенгайтириш, экспорт қилувчи корхоналарнинг маҳсулотларини ва олиб кириладиган технология асбоб-ускуналарини сертификатлаштириш тартибини анча соддалаштириш, тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига дахлдор солиқ текширувларини тубдан қисқартириш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 22,8 мингдан ортиқ кичик бизнес корхонаси ташкил этилди, хусусий тадбиркорлик субъектлари томонидан 331,2 мингта иш ўрни яратилди. Кичик бизнес корхоналарининг саноат маҳсулоти ишлаб чиқариши ҳажми 20,4 фоиз, экспорт ва ўз маҳсулотини биржа савдолари орқали реализация қилиш ҳажмлари 1,5 баробар кўпайди.

Шу билан бирга, Олий Мажлис Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини эшитиб шуни таъкидлайдики, бозор иқтисодий ислоҳотлари ва мамлакатни модернизация қилиш йўлида янада илгарилаб бориш бўйича Ҳукумат томонидан олиб борилаётган иш ҳозирча Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қўйилган талабларга жавоб бермайди, жорий йил учун тасдиқланган "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" Давлат дастури эса белгиланган муддатлардан жиддий равишда орқада қолиб амалга оширилмоқда.

Бундай вазият, энг аввало, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг маърузасида баён қилинган иқтисодиётни ислоҳ қилишни ва биринчи навбатда, иқтисодиётни бошқариш тизимини янада чуқурлаштириш, такомиллаштириш ва либераллаштириш, хусусий мулк ҳуқуқини мустаҳкамлаш, хусусий мулкни ҳимоя қилишнинг ишончли кафолатлари тизимини яратиш бўйича олиб борилаётган барча ишни янги даражага кўтаришнинг қатъий зарурлиги тўғрисидаги талабларга дахлдордир.

Бозор иқтисодиётининг асоси ҳисобланган хусусий мулкни ривожлантириш йўлидаги барча ғовларни бартараф этиш, ортиқча бюрократик тўсиқларга барҳам берадиган, иқтисодиётнинг очиқлигини таъминлайдиган, хусусий мулк кўламларини кенгайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг мамлакат иқтисодиётидаги роли ва улуши ошишига кўмаклашадиган қонун ҳужжатларини қабул қилиш жуда муҳим.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларига хусусий инвесторлар жалб этилишини рағбатлантириш, хусусий мулк реал иқтисодиёт соҳасида, биринчи навбатда, саноатда ва унинг етакчи тармоқларида етакчи ўринни эгаллашига эришиш ўз ечимини талаб қилаётган долзарб масаладир.

Давлат ва назорат қилувчи органларнинг тадбиркорлик субъектлари молия-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашуви ҳолларига тоқат қилиб бўлмайди, уларни таг-томири билан йўқ қилиб ташлаш керак.

Мажлис давомида таъкидландики, 2009-2012 йилларга мўлжаллаб қабул қилинган Инқирозга қарши чоралар дастурини рўёбга чиқариш Ўзбекистон учун жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозининг салбий оқибатларига самарали қарши туриш, шунингдек иқтисодий ривожланишнинг барқарор юқори суръатларини таъминлаш имконини берди. Шу билан бирга жаҳон иқтисодиётидаги ишларнинг аҳволи, кўпгина мамлакатларда давлат қарзининг ўсиши, бюджет тақчиллигининг кўпайиб бораётганлиги, бу эса ўз навбатида давлат харажатлари жиддий камайишига, жаҳон молия бозорини мустаҳкамланмаган пул массаси билан тўлдиришга олиб келаётганлиги каби салбий ҳолатларнинг мавжудлиги, бу жараёнлар Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам албатта дахл қилиши назарда тутиладиган бўлса, бизни жиддий ташвишга солмаслиги мумкин эмас.

Шу жиҳатдан олганда иқтисодиётдаги, юқори технологияли ишлаб чиқаришлар илдам ривожланишини таъминлаш борасидаги тузилмавий ўзгаришларнинг орқада қолаётганлиги, инновацион технологияларни жорий этишнинг ҳолати ташвишга солмоқда.

Иқтисодиётни диверсификациялаш масалалари жуда жиддий эътиборни талаб қилади. Инвестиция дастурига киритилган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилашнинг энг муҳим йўналишлари бўйича ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилишида ва бир қатор инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишида қолоқликка йўл қўйиб бўлмайди. Бу ўринда, энг аввало, Навоий иссиқлик электр станциясида газни сиқиб ўтказувчи компрессор станцияси, республика минтақаларида автомобилларни газ ёнилғиси билан таъминловчи компрессор станциялари тармоғи қурилиши, "Сирдарё иссиқлик электр станцияси - "Лочин" подстанцияси" 500 кВ ҳаво йўлини реконструкция қилиш, шунингдек "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси корхоналарида уй-рўзғор маиший техникаси ишлаб чиқариш ва бошқа шу кабилар билан боғлиқ лойиҳалар назарда тутилмоқда.

Мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилаётган товарларнинг, энг аввало, истеъмол товарларининг сифати, ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги масалалари жиддий бўлиб қолмоқда. Аҳолининг истеъмол товарларига бўлган эҳтиёжини ўрганиш борасидаги ишлар мутлақо етарли эмас. Ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотининг тахминан 10 фоизи ҳозирги кунда корхоналар омборларида қолиб кетмоқда. Мебель ишлаб чиқарувчи "Файз" холдинг компанияси маҳсулотлари, ип-газламалар, мева-сабзавот консервалари ва бошқа шу кабилар тайёр маҳсулотлар қолдиқларининг энг кўп миқдорини ташкил этади.

Мамлакатимиз корхоналарида ишлаб чиқарилишини таъминлаш мумкин бўлган товарларнинг кўп турларини, энг аввало, истеъмол товарларини импорт қилиш давом этмоқда. Булар жумласига кондиционерлар, совутгичлар, кимёвий иплар, парфюмерия-косметика ва ювиш воситалари, болалар ўйинчоқлари, ёритиш асбоб-ускуналари, маргарин, сариёғ ва бошқаларни киритиш мумкин.

Бир қатор тармоқлар ва корхоналарда дебиторлик ва кредиторлик қарзлари ортиб бораётганлиги, олинган кредитларни ўз вақтида қайтариш борасидаги аҳвол жиддий ташвиш уйғотмаслиги мумкин эмас. Энг кўп кредиторлик ва дебиторлик қарзлари "Ўзбекнефтгаз" миллий холдинг компанияси, "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик компанияси, "Ўзкимёсаноат" давлат акциядорлик компанияси корхоналарида юзага келган бўлиб, жами дебиторлик қарзларининг 91,1 фоизи ва кредиторлик қарзларининг 81,8 фоизи ана шу корхоналарга тўғри келади.

Умуман олганда зарар кўриб ишловчи корхоналар камайган бўлса-да, иқтисодий жиҳатдан ночор корхоналарнинг сони кўплигича қолмоқда. Уларнинг аксариятини коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар, "Ўзавтойўл" давлат акциядорлик компанияси, "Ўзбекэнерго" давлат акциядорлик компанияси, "Ўзкимёсаноат" давлат акциядорлик компанияси корхоналари ташкил этади. "В.П.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси" давлат акциядорлик жамиятида молиявий жиҳатдан оғир аҳвол сақланиб қолмоқда, ушбу жамиятда банкротлик тартиб-таомилларини амалга ошириш бошланган.

Олий Мажлис шуни таъкидлайдики, сўнгги йилларда иқтисодиётни янада ислоҳ қилиш, либераллаштириш ва модернизация қилишга қаратилган жами 400 тадан ортиқ қонун қабул қилинди. Айни вақтда қабул қилинган қонунларни амалга ошириш бўйича ёндашувлар жиҳатидан ҳам, уларнинг ижросини назорат қилиш жиҳатидан ҳам ҳуқуқни қўллаш амалиётини тубдан ўзгартириш талаб қилинмоқда. Бу эса, биринчи навбатда, қабул қилинган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар амалга оширилишини назорат қилиш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаётганлигидан, шу жумладан, депутатлар корпусининг эътибори сустлигидан далолат беради.

Жорий йилнинг биринчи ярмида адлия органлари томонидан ўтказилган текширувларнинг якунлари бўйича давлат бошқаруви органларининг 169 та ғайриқонуний қарори бекор қилинди, 742 нафар мансабдор шахсга нисбатан интизомий жазо чоралари кўрилди, уларнинг 45 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди, 100 нафардан ортиғи эса маъмурий жавобгарликка тортилди.

Концепцияда, Давлат дастурида мамлакатда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИЛАР:


1. Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевнинг "Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида Ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек, "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида"ги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига қуйидагилар тавсия этилсин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан кўриб чиқиш якунларини Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил биринчи ярмида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларига бағишланган мажлисида муҳокама қилиш, муҳокама жараёнида билдирилган таклифлар ва фикр-мулоҳазаларни, ушбу Қарорнинг қоидаларини амалга оширишга қаратилган манзилли чора-тадбирлар мажмуини белгилаш;

Концепциянинг VI бўлимида ҳамда Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан бажарилиши мунтазам равишда қатъий назорат қилинишини, вазирликлар ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ушбу вазифалар сўзсиз бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини оширишни таъминлаш;

иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари мансабдор шахслар томонидан бузилганлиги учун тегишли жавобгарлик чора-тадбирларини белгилаш тўғрисидаги таклифларни белгиланган тартибда ишлаб чиқиш ва Қонунчилик палатасига киритиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётида қонунийликни таъминлаш, улар фаолиятидаги бюрократизм, расмиятчилик, коррупция кўринишларига қарши курашиш юзасидан қонунда назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

"Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги, "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги (янги таҳрирда), "Чет эл инвестицияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги қонун лойиҳаларини, янги таҳрирдаги Божхона кодексини ўз вақтида сифатли ишлаб чиқишни ташкил этиш ва шу йилнинг III чорагида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш;

Концепция қоидаларини амалга ошириш доирасида тайёрланган ва катта ижтимоий аҳамиятга молик қонун лойиҳаларини кенг муҳокама этиш ҳамда жамоатчилик экспертизасидан ўтказишни, шу жумладан, бу ишга тижорат ва тадбиркорлик тузилмалари, жамоатчилик ва нодавлат нотижорат ташкилотларни кенг жалб этиш йўли билан ташкил этиш;

экспорт салоҳиятини янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлашни ва юқори қўшимча қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, илмий ечимлар талаб қиладиган, юқори технологияли экспортга мўлжалланган саноат ишлаб чиқаришларини жадал ривожлантириш чора-тадбирларини кўриш;

2011 йилнинг II ярмида фаолиятнинг лицензияланадиган турлари рўйхатини ва давлат бошқаруви органлари томонидан амалга ошириладиган рухсатнома бериш тартиб-таомилларини қисқартириш, қабул қилинган қарорларни амалга оширишда масъулиятсизликка, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти учун ортиқча бюрократик тўсиқлар ва ғовлар яратилишига йўл қўяётган мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги чора-тадбирларини кучайтириш юзасидан қўшимча таклифлар киритиш;

жорий йилда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари ўзларининг эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ ишга жойлаштирилишини таъминлаш, шу жумладан, уларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида қўшимча иш ўринлари ташкил этиш ҳисобидан иш билан таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари дирекциялари, ўқувчилар ва корхоналар ўртасида тузилган уч томонлама шартномаларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш юзасидан таъсирчан чоралар кўриш;

2011 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини минтақаларда бажариш, шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш қандай бораётганлиги мониторинг қилиниши ва ҳар ойда танқидий кўриб чиқилишини таъминлаш.


3. Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда: кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча имтиёзлар ва афзалликлар бериш; тадбиркорларнинг солиқ ва назорат органлари билан ўзаро муносабатларини соддалаштириш; кичик корхоналар учун ташқи савдо операцияларини расмийлаштиришнинг ортиқча тартиб-таомилларини бартараф этиш чора-тадбирларини назарда тутувчи қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар киритишни жадаллаштиришлари зарур, деб ҳисоблансин.


4. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги:

бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришнинг устувор вазифаларини ҳал этиш борасида ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг батафсил ва ҳар томонлама экспертиза қилинишини, бу соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ўртасидаги бир-бирини такрорлашлар ва қарама-қаршиликлар истисно этилишини таъминлаш;

Монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда давлат бошқаруви органларининг тадбиркорлик субъектларига нисбатан ғайриқонуний ҳаракатларни амалга ошириши ҳолатларига йўл қўймасликка, шу жумладан, вазирликлар ва идораларнинг, вилоятлар ҳокимларининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлган ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва манфаатларини чеклайдиган қонун ости ҳужжатларини, қарорларини бекор қилишни таъминлаш орқали йўл қўймасликка; бу соҳада ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган мансабдор шахсларнинг шахсий жавобгарлиги тўғрисида таклифлар тайёрлашга қаратилган ишларни кучайтирсин;

давлат бошқаруви органлари, назорат ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунлар ижросига риоя этилиши устидан, қонун ҳужжатлари нормаларининг бузилишига, эркин, нотўғри талқин қилиниши ва қўлланилишига йўл қўймаслик устидан қатъий назорат қилишни таъминласин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрда қабул қилинган "2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш ҳамда юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида"ги ПҚ-1438-сонли Қарорига мувофиқ банк тизимининг барқарорлигини янада ошириш ва уни мустаҳкамлаш, 2011-2015 йилларда тижорат банкларининг жами капиталини 2,1 баравар кўпайтириш;

кичик бизнес субъектларининг кредит ресурсларига бўлган асосланган эҳтиёжларини, биринчи навбатда, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этиш, фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш ва технологик янгилашга бўлган эҳтиёжларини тўлиқ ҳажмда таъминлаш;

банк ва бошқа молия хизматлари бозорида тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш, тадбиркорлик субъектларига, биринчи навбатда, кичик бизнес субъектларига хизмат кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ҳолатларига йўл қўймаслик;

тижорат банкларининг қонун ҳужжатларига, мижозлар билан ишлашдаги ишбилармонлик ва касб одобига риоя этиш борасидаги фаолияти устидан қатъий назорат ўрнатиш чораларини кўрсин.


6. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, вазирликлар ва идораларга қуйидагилар тавсия этилсин:

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида, Давлат дастурининг иқтисодиётни янада либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш қисмида назарда тутилган вазифалар ўз вақтида ва сўзсиз бажарилиши учун шахсий жавобгарлигини кучайтириш;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув учун, бундай ҳолатларга давлатнинг иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир сиёсатига қарши туриш сифатида қараб, мансабдор шахсларга нисбатан қатъий чора-тадбирлар кўриш;

минтақаларда янги замонавий кичик ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун ер участкаларини ҳамда тайёр муҳандислик-коммуникация тармоқларига эга бўлган, фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларини ўз вақтида ажратиш масалаларини ҳал этишни алоҳида назоратга олиш;

минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, жойларда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасидаги энг муҳим масалаларни ҳал қилишда фуқаролик институтлари, энг аввало, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар билан самарали алоқани, ижтимоий шериклик муносабатларини изчил чуқурлаштириб боришни таъминлаш;

ташкил этилган иш ўринлари ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳақидаги ҳисобот маълумотларининг тўғрилигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар кўриш.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати қўмиталари:

қабул қилинаётган қонунлар ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижроси устидан амалга оширилаётган назоратнинг таъсирчанлиги ва самарадорлигини таъминлаш чора-тадбирларини кўрсин, қўмиталар, депутатлар ва сенаторлар демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг моҳияти ва муҳимлигини жойларда тушунтиришга доир ишларда фаол иштирок этишига эришсин;

киритилаётган қонун лойиҳалари мамлакатимиздаги ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотларнинг бориши эҳтиёжларини, мамлакатимизда тўпланган ва халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда чуқур танқидий таҳлил қилиниши ҳамда ишланишини таъминласин;

назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш чоғида парламент эшитувларига киритилаётган масалаларни чуқур ўрганишга, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасида аниқланган муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ ва асосланган таклифларни ишлаб чиқишга алоҳида эътиборни қаратсин, бу ишда нодавлат нотижорат ташкилотлар, фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари кенг иштирок этишини таъминласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати:

Сенат қўмиталари минтақаларга бориб, ушбу қўшма қарорнинг қандай бажарилаётганлигини, шу жумладан, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, Иқтисодиёт, Молия, Адлия вазирликлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарувининг бошқа органлари томонидан бажарилишини кўриб чиқишга бағишланган парламент эшитувларини ўтказишини ташкил этсин;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви раисининг ҳисоботларини эшитиш чоғида, ушбу Қарорда белгиланганидек, тижорат банклари томонидан иқтисодиётни янада демократлаштириш ва либераллаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги вазифаларнинг бажарилишига асосий эътиборни қаратсин.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига қуйидагилар тавсия этилсин:

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёевнинг "Демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш борасида ҳукумат томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар дастури, шунингдек, "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" Давлат дастури ижросининг бориши тўғрисида"ги ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан кўриб чиқиш якунларини навбатдаги мажлислар ва сессияларда муҳокама қилиш;

Концепциянинг демократик бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган қоидалари, шунингдек, "Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили" ҳудудий дастурлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари томонидан амалга оширилишининг бориши устидан таъсирчан назоратни таъминлаш.


10. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатасининг Спикери

Д. Тошмуҳамедова

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенатининг Раиси

И. Собиров

             

             

"Халқ сўзи", 2011 йил 21 июль


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2011 йил, 7-сон, 192-модда


















Время: 0.2131
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск