ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Фуқаролик ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 28.04.2000 й. 7-сон "Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги Қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

28.04.2000 й.

N 7


МАЪНАВИЙ ЗАРАРНИ ҚОПЛАШ ҲАҚИДАГИ

ҚОНУНЛАРНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ

МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги ишлар бўйича суд амалиётини ўрганиш натажаларини муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми маънавий зарар етказиш билан боғлиқ бўлган муносабатларни тартибга солувчи қонунларнинг турлилиги, уларнинг кучга кириш муддатларининг ҳар хиллиги, шунингдек Фуқаролик кодекси қабул қилиниши билан тушунтиришлар бериш талаб қилинадиган муаммолар келиб чиққанлигини қайд этади.

Фуқаролик ҳуқуқий жавобгарликнинг янги тури - маънавий зарар етказилганлиги учун жавобгарликни назарда тутган қонунларнинг кучга киритилиши ва судларда муаммолар келиб чиқаётганлиги муносабати билан, Олий суднинг Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Маънавий зарарни қоплаш масалалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 55-моддаси, Меҳнат кодексининг 4, 21, 120, 150, 154, 174, 319, 355, 527, 565, 568-моддалари, 1996 йил 26 апрелдаги "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 22-моддаси, 2014 йил 6 майдаги "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 113-моддаси, 2012 йил 2 майдаги "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунининг 38-моддаси, Фуқаролик кодексининг 11, 99, 100, 163, 1021 ва 1022-моддалари, 1998 йил 29 августдаги "Автомобиль транспорти тўғрисида"ги Қонунининг 19-моддаси ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинишига эътибор қаратилсин.

Келиб чиққан низоларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиш учун судлар ҳар бир иш бўйича тарафларнинг ўзаро муносабатлари характерини ва бу ҳуқуқий муносабатга маънавий зарарни қоплаш бўйича қонунни қўллашга йўл қўйилиши мумкинлиги, агар қонунда бундай жавобгарлик белгиланган бўлса, маънавий зарарни қоплаш тартиби ва шартларини назарда тутган қонуннинг қачон кучга кирганини, шунингдек маънавий зарарни келтириб чиқарган ҳаракатлар қачон содир бўлганлигини текшириши ва муҳокама қилиб баҳо бериши лозим.

Шунингдек, суд жабрланувчига жисмоний ва маънавий азоблар етказилгани факти нима билан тасдиқланиши, у қандай ҳолатларда ва қандай ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) билан етказилганлиги, зарар етказувчининг айб даражаси, жабрланувчи қандай маънавий ва жисмоний азоблар тортгани, уни қоплашни қандай миқдорда баҳолаши ва низони ҳал қилиш учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳолатларни аниқлаши зарур.


2. Маънавий зарар деганда жабрланувчига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳаракати (ҳаракатсизлик) оқибатида у бошидан кечирган (ўтказган) маънавий ва жисмоний (камситиш, жисмоний оғриқ, зарар кўриш, ноқулайлик ва бошқа) азоблар тушунилади.

Ғайриқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик)нинг объекти бўлиб фуқарога туғилган вақтидан буён ва қонунга мувофиқ тегишли бўлган номоддий манфаатлари (ҳаёти, соғлиғи, шахснинг қадр-қиммати, ишчанлик обрў-эътибори, шахсий ҳаётнинг дахлсизлиги, шахсий ва оилавий сири), шахсий номулкий ҳуқуқлари (ўз номидан фойдаланиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқини ва бошқа номулкий ҳуқуқларнинг интеллектуал фаолият натижаларини қонунларга кўра ҳуқуқий муҳофаза қилиш) ва мулкий ҳуқуқлари (уй-жой дахлсизлиги, мулк ҳуқуқи ва бошқаларнинг бузилиши бўлиши мумкин).

Маънавий зарар, жумладан яқин қариндошини йўқотиш (ўлими) сабабли маънавий қайғуриш, ижтимоий ҳаётдаги фаолиятини давом эттира олмаслик, ишини йўқотиш, оилавий, тиббий сирларни ошкор қилиш, фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, ҳар қандай бошқа ҳуқуқларини вақтинча чеклаш ёки улардан маҳрум қилиш, етказилган зарар ёки соғлиққа бошқача зиён етказиш туфайли, жисмоний оғриқ, соғлиққа бошқача етказилган ёхуд етказилган маънавий азоблар натижасида бошидан ўтказилган бошқа касалликларда намоён бўлиши мумкин.


3. Амалдаги қонунга кўра (ФК 1021-моддаси) маънавий зарар етказганлик учун жавобгарликнинг келиб чиқишига асос бўлувчи шартлардан бири зарар етказувчининг айби бўлиши ҳисобланади. Қонунда тўғридан-тўғри кўрсатилган ҳолатлар бундан мустаснодир. Масалан:

- зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлиғига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса;

- зарар фуқарога уни қонунга хилоф тарзда ҳукм қилиш, жиноий жавобгарликка тортиш, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишни ёки муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат олишни қонунга хилоф равишда қўллаш, маъмурий жазо қўллаш ва қонунга хилоф тарзда ушлаб туриш, шунингдек ҳар қандай қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш натижасида етказилган бўлса;

- зарар ор-номус, қадр-қиммат ва ишчанлик обрў эътиборини ҳақоратловчи маълумотларни тарқатиш туфайли етказилган бўлса.


4. Агар маънавий зарар жабр этувчига етказилан зарарни қоплашни назарда тутган қонун кучга киргунга қадар етказилган бўлса, шунингдек даъвогар бундай қонун кучга киришдан кейин ҳам маънавий ва жисмоний азоб ҳис қилаётган бўлса ҳам даъвогарнинг бу ҳақдаги талаби қаноатлантиришга тегишли эмас, чунки зарар етказилган вақтда жавобгарликнинг бу тури белгиланмаган бўлган ва умумий қоидага кўра содир қилинган вақтда амалда бўлган қонунда белгиланган хилоф ҳаракатга нисбатан жавобгарликни кучайтирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин эмас.

Лекин, агар даъвогарга етказилаётган маънавий ва жисмоний азоблар учун жавобгарнинг қонунга хилоф ҳаракати (ҳаракатсизлиги) маънавий зарар етказилганлиги сабабли жавобгарликни назарда тутадиган қонун кучга киргунга қадар бошланган бўлса ва бу қонун амалга кирганидан кейин давом этаётган бўлса, бундай ҳолатда маънавий зарар қопланишга тегишли бўлади.


5. Етказилган маънавий ва жисмоний азоблар учун зарар ундириш имконияти қонун ҳужжатида тўғридан-тўғри кўрсатилмаганлиги ҳамма вақт ҳам жабрланувчи маънавий зарар ундиришга ҳуқуқи йўқ деган хулосани билдирмайди.

Фуқаролик кодексининг 989-моддаси 1-қисмига мувофиқ юридик шахс ёхуд фуқаро ўз ходими меҳнат (хизмат, лавозим) мажбуриятларини бажариб турган вақтида етказилган зарарни қоплайди.

Қонунда кўрсатилган бу қоида маънавий зарар етказилган ҳолатларга ҳам татбиқ қилинади.


6. Меҳнат кодексининг 4, 120, 150, 154, 174, 568-моддаларига биноан суд меҳнат ва (ёки) машғулотлар соҳасида камситишлар, ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этилиши, меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда ўзгартириши, ишдан қонунга хилоф равишда четлаштириши, меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилиниши ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини қонунга хилоф равишда ўзгартириш оқибатида ходимга етказилган маънавий азобларни компенсация қилиш мажбуриятини иш берувчига юклаши мумкин.

Иш берувчига бундай мажбурият итизомий жазо асоссиз қўлланилганда, ноқонуний равишда бошқа ишга ўтказиш рад қилинганда, ишдан четлатилганда, меҳнат дафтарчаси, иш ҳақи, шунингдек бошқа тўловлар ўз вақтида берилмаганлигида ҳам юклатилиши мумкин.


7.

Ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатилиши оқибатида етказилган маънавий зарар бундай маълумотларни (йиққан) тарқатган шахсдан, агар бу маълумотлар тегишли ҳужжатларда бўлса, уларни маъқуллаган (гуруҳ) коммисия аъзоларининг ҳар биридан ундирилиши лозим.

8. Суд маънавий зарарни ундириш ҳақидаги даъвони мулкий зарарни ундириш тўғрисидаги даъво билан бирга ҳам, шунингдек алоҳида ҳам кўриши мумкин, чунки амалдаги қонунга кўра етказилган маънавий зарар учун жавобгарлик мулкий зарарнинг мавжудлиги билан боғлиқ эмас.


9. Жиноий процессуал кодекснинг 57-моддасига мувофиқ жабрланувчи, яъни жиноят туфайли маънавий зарар кўрган шахс, жиноят иши юритилиши жараёнида маънавий зарарни қоплаш ҳақида фуқаролик даъвосини қўзғатиш ҳуқуқига эга.

Агар жиноят иши кўрилаётганда маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги даъво арз қилинмаган ёки ҳал этилмаган бўлса, ФПК 38-моддасига мувофиқ бундай даъво фуқаролик иш юритиш тартибида кўрилиши мумкин.

Реабилитация этилганнинг маънавий зиённи ундиришга бўлган ҳуқуқи оқлов ҳукми чиқарилганидан ёки жиноят иши тугатилганидан кейин вужудга келишини назарда тутиш лозим (ЖПК 302, 303, 306, 309 ва 310-моддалари). Реабилитация этилганга етказилган маънавий зиённи ундириш ҳақидаги даъво фуқаролик иши юритиш тартибида кўрилади (ФК 1021-моддаси).

10. Судларга тушунтирилсинки, шахсни ғайриқонуний тарзда маъмурий жавобгарликка тортиш ҳолларида ҳам маънавий зиённи ундириш ҳуқуқи вужудга келади (МЖтКнинг 271-моддаси).

Маъмурий иш бўйича жабрланувчи ҳам қонунбузарнинг ҳаракатлари натижасида етказилган маънавий зарарни ундириш ҳуқуқига эга.


11. "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 22-моддасига биноан истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилиши туфайли унга етказилган маънавий зарар учун уни етказган шахс, башарти у айбдор бўлса, суд томонидан белгиланадиган миқдорда ҳақ тўлаши лозим. Зарарни қоплаш миқдорини неустойка бўйича тўланадиган сумма ёки товар (иш, хизмат) қийматига тобе қилиб кўйиш мумкин эмас, уни белгилашда ҳар бир аниқ ҳолатда истеъмолчига етказилган руҳий жисмоний азобларнинг ҳажми ва характерига асосланиш лозим. Маънавий зарар учун ҳақ тўлаш мулкий зиён ва истеъмолчи кўрган зарарнинг ўрни қопланишидан қатъи назар, амалга оширилади.

Маънавий зарар, уни етказишда айбдор бўлган жавобгар(лар) томонидан қопланади. Шу боис, бундай ҳолларда жавобгар ФКнинг 1018-моддасида кўрсатилганидек (товар сотувчи ёки тайёрловчиси) истеъмолчининг хоҳишига кўра аниқланмасдан, балки улардан қайси бири истеъмолчининг ҳуқуқларини поймол этиши натижасида маънавий зарар етказилганига қараб аниқланиши керак.

Агар суд муҳокамаси давомида, даъво бўйича жавоб бериши лозим бўлмаган шахсга нисбатан даъво тақдим этилганлиги аниқланса, суд ФПК 46-моддаси талабларига риоя қилган ҳолда ишга дахлдор бўлмаган жавобгарни ишга дахлдор бўлган жавобгар билан алмаштириш ёки бу шахсни қўшимча жавобгар сифатида жалб этишга ҳақли.

13. Маънавий зарарнинг миқдорини белгилашда судлар жабрланувчининг унга етказилган маънавий эарарнинг оғирлигига берган субъектив баҳосини, шунингдек даъвогарга етказилган маънавий ва жисмоний азобларнинг даражасини кўрсатувчи объектив маълумотларни, тажовуз қилинган объектнинг ҳаёт учун муҳимлиги, фойдаси (ҳаёти, соғлиғи, қадр-қиммати, шахсий эркинлиги, уй-жойининг дахлсизлиги, катта қимматлкка эга бўлган мулклари ва бошқалар), ҳуқуқбузарликнинг оғирлиги ва оқибати (яқин қариндошларининг ўлдирилиши, ногиронликка олиб келган тан жароҳати етказилиши, озодликдан маҳрум қилиш, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум қилиш), уялтирадиган нотўғри маълумотларнинг характери ва уларнинг қанчалик даражада (доирада) тарқатилганлиги, жабрланувчининг яшаш шароитлари, шахсий хусусиятлари (хизмат, оилавий, маиший, моддий томонлари, соғлиғининг ҳолати, ёши ва бошқалар), зарар етказувчининг ва жабрланувчининг айб даражалари, зарар етказувчи шахснинг моддий аҳволи ва бошқа эътиборга молик ҳолатларни ҳисобга олишлари лозим.

Бундан келиб чиқиб, маънавий зарарни қоплаш миқдорини етказилган мулкий ва бошқа моддий зарарни ундириш даъво талабининг қопланиш ҳажмига қараб белгилаш мумкин эмас. Зарарни қоплаш миқдорини белгилашда адолатлилигининг оқилоналик талаблари инобатга олиниши лозим (ФКнинг 1022-моддаси)

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, қарз шартномасидан келиб чиққан мажбурият, пул мажбурияти бўлиб, уни бажармаганлик учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси ФКнинг 327-моддасида белгиланганлиги сабабли қарз олувчининг шартнома бўйича мажбуриятни бузганлиги қарз берувчининг маънавий зарарни қоплаш ҳуқуқини истисно этади.

14. Бир неча шахсларнинг биргаликдаги ҳаракатлари туфайли маънавий зарар етказилган ҳолларда жабрланувчи уни етказганларнинг ҳаммасидан шериклик тарзида ёки ҳар биридан алоҳида тарзда ҳам ундириш ҳуқуқига эга (ФКнинг 1000-моддаси)


15. Маънавий зарарни қоплаш номоддий бойликларни ва номулкий ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг бирдан-бир манбаи ҳисобланади. Шунга кўра ФК 163-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ маънавий зарарни ундириш ҳақидаги талабларга даъво муддати татбиқ этилмайди.

16. Маънавий ва жисмоний азобларни қўллаш ҳақидаги даъво аризаларини қабул қилиш ва ишларни кўришда, маънавий зарар пул билан қопланса-да, номулкий зарар эканлигини ҳисобга олиш лозим. Шуни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг "Давлат божи тўғрисида"ги Қонуни билан белгиланган давлат божи ставкаларининг миқдорларига мувофиқ мулкка оид бўлмаган даъво аризаларидан ундириладиган миқдорда давлат божи ундирилиши лозим.

Қонунда белгиланган ҳолларда даъвогарлар давлат божи тўлашдан озод қилинишларини ҳам назарда тутиш лозим (масалан, "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 29-моддаси иккинчи қисми).


17. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судлар томонидан маънавий зарарни қоплаш тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий риоя қилинишини таъминлаши, ушбу тоифадаги ишлар бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштириб бориши лозим.


Ўзбекистон Республикаси

Олий суди Раиси                                                     У.Қ.Мингбоев



Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди судьяси                                                  А.А.Муҳаммадиев



















Время: 0.1811
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск