ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Кредитлаш / Кредитлашнинг умумий масалалари /

Ўзбекистон Республикасининг 04.10.2011 й. ЎРҚ-301-сон "Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 11.08.2011 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 26.08.2011 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

04.10.2011 й.

N ЎРҚ-301



КРЕДИТ АХБОРОТИ АЛМАШИНУВИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 11 августда қабул қилинган

Сенат томонидан 2011 йил 26 августда маъқулланган


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади кредит ахбороти алмашинуви соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги қонунчилик

Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


кредит битими - кредит, қарз, лизинг, факторинг, суғурта шартномаси ҳамда пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни қарзга беришни, шу жумладан товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловни бўнак (олдиндан тўлаш), кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тарзида беришни назарда тутувчи бошқа шартномалар;


кредит ахбороти алмашинуви - кредит бюроси, кредит ахбороти субъекти, кредит ахборотини етказиб берувчи ва кредит ахборотидан фойдаланувчининг кредит тарихини шакллантириш ҳамда кредит ҳисоботини тақдим этиш мақсадида кредит ахборотини йиғиш, унга ишлов бериш, уни таҳлил қилиш, сақлаш, тақдим этиш, ундан фойдаланиш ва кредит ахборотини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлиги;


кредит ахбороти субъекти - кредит битими бўйича тегишинча қарз олувчи (қарздор), лизинг олувчи, кафил, кафолат берувчи, гаровга қўювчи, шунингдек суғурталовчи сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахс;


кредит ахборотини етказиб берувчи - кредит ахборотини кредит бюросига тақдим этувчи юридик ёки жисмоний шахс;


кредит ахборотидан фойдаланувчи - кредит битими бўйича тегишинча кредитор, лизинг берувчи, гаровга олувчи, шунингдек суғурта қилдирувчи сифатида иштирок этувчи юридик ёки жисмоний шахс.



4-модда. Кредит ахбороти


Кредит ахбороти - кредит битимининг ҳолати, берилган таъминот бўйича (гаров, кафолат, кафиллик, кредитни тўламаслик хавфини суғурталаш ва таъминотнинг бошқа турлари бўйича) мажбуриятларнинг бажарилиши ҳақидаги маълумотлар, шунингдек кредит ахбороти субъектининг кредит қобилиятини, молиявий ҳолатини, тўлов қобилиятини, тўлов интизомини ва ўзга сифатларини аниқлашга кўмаклашувчи бошқа ахборот, шу жумладан:

кредит ахбороти субъектини ва кредит ахборотини етказиб берувчини идентификациялаш имконини берадиган;

кредит ахбороти субъектининг фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича пул суммасини тўлаш мажбуриятлари тўғрисидаги;

кредит ахбороти субъектига алоқадор шахслар тўғрисидаги;

кредит битими билан боғлиқ мол-мулк тўғрисидаги маълумотлар.



5-модда. Кредит тарихи


Кредит тарихи - кредит бюроси томонидан кредит ахбороти субъектига нисбатан шакллантирилган кредит ахбороти мажмуи.

Кредит тарихи ўз ичига:

кредит ахбороти субъектини идентификациялаш имконини берадиган;

кредит ахбороти субъектининг кредит битимлари тўғрисидаги, шунингдек уларнинг ижро этилиши ҳолати ҳақидаги;

кредит ахбороти субъектининг фуқаролик-ҳуқуқий шартнома бўйича пул суммасини тўлаш мажбуриятлари тўғрисидаги;

кредит тарихини шакллантириш санаси тўғрисидаги, шунингдек кредит тарихини шакллантирган кредит бюроси ҳақидаги маълумотларни олиши керак.

Кредит тарихига кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа маълумотлар ҳам киритилиши мумкин.

Кредит ахбороти субъектининг бажарилиш санасидан эътиборан беш йилдан кўп вақт ўтган пул суммасини тўлаш мажбуриятлари тўғрисидаги маълумотлар кредит тарихига киритилмайди.


6-модда. Кредит ҳисоботи


Кредит ҳисоботи - кредит тарихи таркибига кирувчи ахборотни тўлиқ ёки қисман ўз ичига олган ҳужжат.

Кредит ҳисоботининг шакли, мазмуни ва уни тақдим этиш тартиби кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Кредит ҳисоботи кредит бюроси томонидан қуйидагиларга тақдим этилади:

кредит ахборотидан фойдаланувчига - кредит ахбороти субъектининг розилиги билан;

кредит ахбороти субъектига - мазкур кредит ахбороти субъектининг барча кредит ахбороти етказиб берувчилари ва кредит ахборотидан фойдаланувчиларининг идентификация маълумотлари кўрсатилган сўрови бўйича.

Кредит ҳисоботи кредит бюроси уни тақдим этиш тўғрисида сўров олган кундан эътиборан икки иш кунидан кўп бўлмаган муддатда тақдим этилади.

Кредит ҳисоботи фақат битта кредит ахбороти субъекти хусусида тақдим этилади.



7-модда. Кредит бюроси


Кредит бюроси - қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилган ва кредит ахбороти алмашинувини амалга ошириш бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахс.

Кредит бюросининг фаолияти лицензия асосида амалга оширилади.

Кичик тадбиркорлик субъекти бўлмаган кредит бюроси ўзининг фирма номи давлат тилида тўлиқ ёзилган ҳамда жойлашган ери кўрсатилган юмалоқ муҳрга эга бўлишга ҳақли. Муҳрда бир вақтнинг ўзида фирманинг номи бошқа исталган тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

Кредит бюросининг фирма номида "кредит бюроси" деган сўз бирикмаси ёзилган бўлиши керак. Ушбу Қонун талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз номида "кредит бюроси" деган сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Кредит бюроси ўзининг фирма номи ёзилган штампларга, бланкларга ва ўз эмблемасига эга бўлишга ҳақли.


8-модда. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш

ва кредит бюроси фаолиятини амалга ошириш

учун лицензия бериш


Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва кредит бюроси фаолиятини амалга ошириш учун лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) бериш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилади.

Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилган ҳолда ариза берилиб, унга қуйидагилар илова қилинади:

муассислар умумий йиғилишининг кредит бюросини ташкил этиш тўғрисидаги баённомаси;

кредит бюросининг таъсис ҳужжатлари;

кредит бюросининг раҳбари ва муассислари ҳақидаги маълумотлар;

кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан ёки уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекснинг параметрлари ва жойлашуви Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

кредит бюросининг устав фонди шакллантирилганлигини тасдиқловчи банк ҳужжати.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўттиз кун ичида кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади ва лицензия беради.

Кредит бюросининг таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар ва қўшимчалар қонунчиликда назарда тутилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказганлик учун давлат божининг миқдори қонунда белгиланади. Кредит бюросига лицензия берганлик учун давлат божи ундирилмайди.


9-модда. Кредит бюросини давлат рўйхатидан

ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни қуйидаги ҳолларда рад этиши мумкин:

давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун зарур бўлган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

таъсис ҳужжатлари ва тақдим этилган бошқа ҳужжатлар қонунчиликка мувофиқ бўлмаганда;

давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларда нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар мавжуд бўлганда;

кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан, уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техникавий комплекс мавжуд бўлмаганда ёки дастурий-техникавий комплекс белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда;

кредит бюросининг раҳбари белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлмаганда.

Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор рад этиш сабаблари ҳамда ариза берувчи кўрсатилган сабабларни бартараф қилиб, такроран кўриб чиқиш учун ариза бериши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ариза берувчига ёзма шаклда юборилади. Бунда кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб бўлиши керак.

Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш учун тақдим этилган ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш ариза барча зарур ҳужжатлар билан бирга олинган кундан эътиборан ўн кундан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади. Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган муддат ўтганидан кейин берилган ариза янгидан берилган ҳисобланади.

Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказиш ва лицензия бериш тўғрисидаги ариза такроран кўриб чиқилаётганда давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш ҳақидаги хабарномада илгари кўрсатилмаган янги асослар бўйича давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этишга йўл қўйилмайди.

Кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни ва лицензия беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.


10-модда. Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш,

шунингдек уни бекор қилиш ёки қайта расмийлаштириш


Лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, тугатиш, шунингдек уни бекор қилиш ёки қайта расмийлаштириш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Лицензиянинг бекор қилиниши кредит бюросининг кредит ахбороти алмашинуви билан боғлиқ илгари амалга оширилган ҳаракатларини ҳақиқий эмас деб топишга сабаб бўлмайди.



11-модда. Кредит бюросини қайта ташкил этиш ва тугатиш


Кредит бюросини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда назарда тутилган тартибда, ушбу Қонун талаблари ҳисобга олинган ҳолда амалга оширилади.

Қайта ташкил этиш ёки тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин кредит бюроси бу ҳақда бир иш кунидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига ёзма шаклда хабар қилади ва икки ой мобайнида оммавий ахборот воситаларида ҳар ҳафта тегишли эълон бериб боради.

Кредит бюроси қайта ташкил этилган тақдирда, кредит ахбороти маълумотлар базаси кредит бюросининг ҳуқуқий ворисига, агар у лицензияга эга бўлса, топширилади. Бу ҳолда кредит бюросининг ҳуқуқий вориси бу ҳақда кредит ахбороти етказиб берувчиларни ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банкини кредит ахбороти маълумотлар базаси олинган кундан эътиборан беш иш куни ичида ёзма шаклда хабардор этиши шарт. Бунда оммавий ахборот воситаларида жойлаштирилган эълонларда кредит бюросининг кредит ахбороти маълумотлар базаси унинг ҳуқуқий ворисига топширилганлиги кўрсатилади.

Агар кредит бюросининг ҳуқуқий вориси лицензияга эга бўлмаса, шунингдек кредит бюроси тугатилган, лицензиянинг амал қилиши тугатилган ёки у бекор қилинган ҳолларда, кредит ахбороти маълумотлар базаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига текин топширилади.



12-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг

кредит бюролари фаолиятини тартибга солиш ва назорат

қилиш борасидаги ваколатлари


Ўзбекистон Республикаси Марказий банки:

кредит ахбороти алмашинуви соҳасида ўз ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилади;

қонунчиликда белгиланган тартибда кредит бюросини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади ва лицензия беради, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилишини назорат қилади, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туради ёки тугатади, шунингдек лицензияни бекор қилади ёки қайта расмийлаштиради;

Кредит бюроларининг давлат реестрини ва Кредит ахборотининг давлат реестрини юритади;

кредит бюролари учун ички аудит ўтказишга, йиллик ҳисоботлар тузишга, шунингдек кредит ахбороти ҳимоя қилинишини таъминловчи дастурий-техникавий комплекснинг параметрлари ва жойлашувига доир мажбурий талабларни белгилайди;

кредит бюроларининг фаолиятига тааллуқли ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни олади;

кредит бюроларининг фаолиятини белгиланган тартибда текширади;

кредит бюросининг раҳбарига нисбатан малака талабларини белгилайди;

кредит бюроларига уларнинг фаолиятида аниқланган қоидабузарликларни бартараф қилиш ҳақида ижро этилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар беради, кўрсатмалар ижро этилмаган тақдирда, жавобгарлик чораларини кўради.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қонунчиликка мувофиқ кредит бюроларининг фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


13-модда. Кредит бюросининг ҳуқуқлари


Кредит бюроси:

кредит ахбороти алмашинуви тўғрисида шартномалар тузишга, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа битимлар тузишга;

кредит ахборотини етказиб берувчилардан холис, ишончли ва янгиланган кредит ахбороти тақдим этишини талаб қилишга;

кредит ахборотидан фойдаланувчиларга кредит ахбороти субъектларининг кредит қобилиятини, молиявий ҳолатини, тўлов қобилиятини ва тўлов интизомини баҳолашда кўмаклашиш мақсадида маслаҳат хизматлари ҳамда бошқа хизматлар кўрсатишга;

кредит ахборотини етказиб берувчиларга кредит ахборотини тақдим этишда кўмаклашишга;

кредит ахбороти субъектлари рейтинг баҳосини ҳисоблаш услубини ишлаб чиқиш ва ундан фойдаланишга;

бошқа кредит бюроларидан кредит ахборотини сўраб олишга ҳақли.

Кредит бюроси қонунчилик ва кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14-модда. Кредит бюросининг мажбуриятлари


Кредит бюроси:

кредит ахборотининг электрон шаклдаги маълумотлар базасини юритиши ва уни мунтазам равишда янгилаб бориши;

кредит ахбороти келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай уни кредит тарихининг таркибига киритиши;

кредит ахборотининг холислиги ва ишончлилигини таъминлаши;

ахборотни ҳимоя қилиш хизматини ташкил этиши;

кредит ахбороти алмашинувини фақат ушбу Қонун 24-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган мақсадларга мувофиқ амалга ошириши;

кредит ахбороти субъектларига, кредит ахборотини етказиб берувчиларга ва кредит ахборотидан фойдаланувчиларга кредит ахборотидаги нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни аниқлаш ҳамда тузатишда кўмаклашиши;

кредит ахбороти субъектининг рейтинг баҳосини ҳисоблаш услубини ва кредит ахбороти субъектини рейтинг баҳолашга таъсир қилган омилларни кредит ахбороти субъектининг ёки кредит ахборотидан фойдаланувчининг талабига кўра тушунтириб бериши;

ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни ва бошқа маълумотларни белгиланган муддатларда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига тақдим этиши;

кредит ахборотининг беш йил мобайнида сақланишини таъминлаши шарт.

Кредит бюросининг зиммасида қонунчилик ва кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


15-модда. Кредит бюросининг йиллик ҳисоботи


Кредит бюросининг ўз фаолияти натижалари тўғрисидаги йиллик ҳисоботи ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 майидан кечиктирмасдан оммавий ахборот воситаларида эълон қилиниши керак.

Йиллик ҳисобот мазмунига доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланади.


16-модда. Кредит ахборотини кредит бюроларига тақдим этиш


Кредит ахбороти кредит ахборотини етказиб берувчилар томонидан кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома асосида кредит бюроларига тақдим этилади.

Банклар ва нобанк кредит ташкилотлари, шунингдек микромолия ташкилоти фаолиятини амалга оширувчи тўлов ташкилотлари бўлган кредит ахборотини етказиб берувчилар ўзидаги мавжуд кредит ахборотини Кредит ахборотининг давлат реестрига ва кредит бюроларига тақдим этиши шарт.

Кредит ахбороти, қоида тариқасида, электрон шаклда тақдим этилади. Кредит ахборотининг қоғозда тақдим этилиши кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномада белгиланади.

Кредит ахборотини етказиб берувчилар кредит ахборотини кредит бюроларига кредит ахбороти субъектининг розилигисиз тақдим этади.

Кредит бюролари кредит ахбороти субъектининг розилигисиз ўзаро кредит ахборотини алмашиши мумкин.

Кредит ахборотини белгиланган тартибда кредит бюроларига тақдим этиш тижорат, банк сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг бузилиши деб ҳисобланмайди.


17-модда. Кредит бюросига кредит ахборотини

тақдим этувчи органлар ва ташкилотлар


Кредит ахбороти кредит бюросига унинг сўровига мувофиқ қуйидагилар томонидан тақдим этилади:

юридик шахсларни, якка тартибдаги тадбиркорларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан - Юридик шахсларнинг давлат реестрига ва Якка тартибдаги тадбиркорларнинг давлат реестрига киритилган маълумотлар ҳажмида;

кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни ва унга доир битимларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органлар томонидан - Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ва кўчмас мулк ҳақидаги бошқа очиқ фойдаланиладиган маълумотлар базаларига киритилган маълумотлар ҳажмида;

давлат солиқ хизмати органлари томонидан - солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш маълумотлари, шунингдек уларнинг молиявий ҳисоботи тўғрисида;

ички ишлар органлари томонидан - берилган паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар тўғрисида, шу жумладан йўқолган ёки амал қилиш муддати тугагани ўрнига берилган паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар ҳақида, шунингдек автомототранспорт воситаларининг рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисида;

нотариал идоралар томонидан - битим предмети бўлган объектни бошқа шахсга ўтказишни тақиқлаш ёки хатлов мавжуд эмаслиги тўғрисида;

лицензия ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатларни берувчи органлар томонидан - ушбу ҳужжатлар берилганлиги фактлари тўғрисида, лицензиянинг ва (ёки) бошқа рухсат этувчи ҳужжатларнинг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки тугатилганлиги ҳақида, шунингдек уларнинг бекор қилинганлиги ва қайта расмийлаштирилганлиги тўғрисида.

Кредит ахбороти кредит бюросига қонунчиликка мувофиқ бошқа органлар ва ташкилотлар томонидан ҳам тақдим этилиши мумкин.


18-модда. Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома


Кредит бюроси кредит ахборотини кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома асосида кредит ахборотини етказиб берувчилардан олади ва кредит ҳисоботини кредит ахборотидан фойдаланувчиларга тақдим этади.

Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартнома кредит бюроси томонидан кредит ахбороти субъекти ёки кредит ахборотини етказиб берувчи ёхуд кредит ахборотидан фойдаланувчи билан тузилади.

Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

кредит ахборотининг тури, шакли, уни тақдим этиш ва янгилаш тартиби;

тарафларнинг кредит ахборотини рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан ёки уни ошкор этишдан ҳимоя қилишни таъминлашга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

кредит ахборотидаги нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни аниқлаш ва тузатишда тарафларнинг ҳамкорлиги тартиби.

Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномада қонунчиликка мувофиқ бошқа шартлар ҳам бўлиши мумкин.


19-модда. Кредит ахбороти субъектининг кредит ҳисоботини

кредит бюроларига тақдим этишга розилиги


Кредит бюроси кредит ҳисоботини кредит ахборотидан фойдаланувчига фақат кредит ахбороти субъектининг розилиги билан тақдим этади.

Кредит ахбороти субъектининг ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини тақдим этишга розилиги қонунчиликка мувофиқ ёзма шаклда ёки электрон ҳужжат тарзида кредит ахборотининг санаси, кредит ахборотидан фойдаланувчи ва кредит ҳисоботини тақдим этиш мақсади кўрсатилган ҳолда расмийлаштирилади. Кредит ҳисоботи фақат кредит ахбороти субъектининг розилигида кўрсатилган кредит ахборотидан фойдаланувчига тақдим этилади.

Кредит ахбороти субъектининг ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини тақдим этишга розилиги бир ой мобайнида ҳақиқийдир. Агар кредит ахбороти субъекти ва кредит ахборотидан фойдаланувчи ўртасида кредит битими тузилса, унда мазкур розилик тегишли кредит битими амал қиладиган бутун муддат мобайнида ҳақиқийдир.

Кредит ахбороти субъектининг ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини тақдим этишга розилиги кредит ахборотидан фойдаланувчида беш йил мобайнида сақланиши керак. Агар кредит ахбороти субъекти ва кредит ахборотидан фойдаланувчи ўртасида кредит битими тузилса, унда кредит ахбороти субъектининг ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини тақдим этишга розилиги кредит ахборотидан фойдаланувчида кредит битими ижро этилган санадан кейин беш йил мобайнида сақланиши лозим. Кредит ахборотидан фойдаланувчи кредит бюросининг талабига кўра мазкур розиликни танишиш учун уч иш куни ичида тақдим этиши шарт.



20-модда. Кредит ахборотини етказиб

берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Кредит ахборотини етказиб берувчи:

кредит бюросидан лицензияси мавжудлигини талаб қилишга;

кредит ахборотини бир нечта кредит бюросига тақдим этишга ҳақли.

Кредит ахборотини етказиб берувчи қонунчилик ва кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Кредит ахборотини етказиб берувчи:

кредит бюросига ҳақиқий маълумотларга асосланган холис, ишончли ва янгиланган кредит ахборотини тақдим этиши;

кредит бюросига кредит ахборотидаги ўзгаришлар ва янгилашлар ҳақида ўз вақтида хабар қилиши;

кредит бюросига берилган кредит ахборотига белгиланган тартибда, кредит ахбороти субъектининг талабига кўра ўзгартиришлар киритиши;

кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ, кредит бюросига маълумотлар узатиш тизимининг узлуксиз ишлашини таъминлаши шарт.

Кредит ахборотини етказиб берувчининг зиммасида қонунчилик ва кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


21-модда. Кредит ахборотидан фойдаланувчининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


Кредит ахборотидан фойдаланувчи:

бир нечта кредит бюросидан кредит ҳисоботларини олишга;

тақдим этилган кредит ҳисоботининг холислиги ва ишончлилиги юзасидан кредит бюросига ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришга;

кредит бюроларидан кредит ахбороти субъектининг рейтинг баҳосини ҳисоблаш услубини ҳамда кредит ахбороти субъекти рейтинг баҳосига таъсир қилган омилларни тушунтириб беришни талаб қилишга ҳақли.

Кредит ахборотидан фойдаланувчи қонунчилик ва кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Кредит ахборотидан фойдаланувчи:

кредит ахбороти субъекти тўғрисидаги кредит ҳисоботини кредит бюросидан олиш учун кредит ахбороти субъектидан розилик сўраши;

кредит ҳисоботининг маҳфийлиги ва бут сақланишига риоя этиши ҳамда унда мавжуд бўлган кредит ахборотини учинчи шахсларга ошкор этмаслиги;

кредит ҳисоботидан фақат ушбу Қонун 24-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган мақсадлар учун фойдаланиши;

кредит ахбороти субъекти хусусида олинган кредит ҳисоботининг кўчирма нусхасини унинг сўровига кўра тақдим этиши;

кредит ахбороти субъектининг ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини беришга илгари олинган розилигини танишиб чиқиш учун кредит бюросининг талабига кўра унга уч иш куни ичида тақдим этиши шарт.

Кредит ахборотидан фойдаланувчининг зиммасида қонунчилик ва кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


22-модда. Кредит ахбороти субъектининг ҳуқуқлари


Кредит ахбороти субъекти:

кредит бюросидан ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини олиш, шу жумладан, бир йилда бир марта текинга олиш;

ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботининг тақдим этилиши мақсади тўғрисида ва кредит ҳисоботи тақдим этилган кредит ахборотидан фойдаланувчилар ҳақида кредит бюросидан ахборот олиш;

кредит ахборотидан фойдаланувчидан ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботининг кўчирма нусхасини олиш;

ўзи ҳақидаги кредит ахборотида холис, ишончли ва янгиланган маълумотлар акс эттирилиши мақсадида унга ўзгартиришлар киритишни кредит ахборотини етказиб берувчилардан талаб қилиш;

кредит ахборотини кредит бюроларига ўз вақтида тақдим этишни кредит ахборотини етказиб берувчилардан талаб қилиш;

ўзи ҳақидаги кредит тарихига аниқликлар киритишни кредит бюросидан талаб қилиш;

ўзи ҳақидаги кредит ҳисоботини тақдим этишга розилик беришни рад этиш;

кредит бюросига қилган мурожаати ўз вақтида кўриб чиқилишини талаб қилиш;

кредит бюросида мавжуд бўлган ўзи ҳақидаги кредит ахборотидан, қандай мақсадларда бўлишидан қатъи назар, фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Кредит ахбороти субъекти қонунчилик ва кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги шартномага мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23-модда. Кредит ахборотини сақлаш ва ҳимоя қилиш


Кредит бюролари, кредит ахборотини етказиб берувчилар ва кредит ахборотидан фойдаланувчилар кредит ахборотининг сақланишини ҳамда рухсат этилмаган ҳолда унга киришдан, уни йўқ қилиб юборишдан, ўзгартиришдан, ундан фойдаланишдан ёки уни ошкор этишдан ҳимоя қилинишини таъминлаши керак.

Кредит бюролари, кредит ахборотини етказиб берувчилар, кредит ахборотидан фойдаланувчилар, уларнинг раҳбарлари ва бошқа ходимлари кредит ахбороти алмашинуви жараёнида ўзлари олган ёки ўзларига маълум бўлиб қолган маълумотларни ошкор этиши тақиқланади.

Кредит ахборотини ташкил этувчи маълумотлар хизмат вазифасини бажариши муносабати билан ўзига ишониб топширилган ёки маълум бўлиб қолган ёхуд ушбу Қонунда белгиланган тартибда тақдим этилган шахслар бундай маълумотларни меҳнат шартномаси (контракт) тугатилганидан кейин ҳам ошкор қилишга ҳақли эмас.



24-модда. Кредит ахборотини тақдим этишга

ва унинг алмашинувига доир чеклашлар


Кредит ахборотини тақдим этиш ва унинг алмашинуви фақат кредит битими тузиш, уни ўзгартириш ҳамда кредит битимининг ижросини мониторинг қилишдаги таваккалчиликни баҳолаш, шу жумладан, кредит ахбороти субъектларини рейтинг асосида баҳолаш мақсадларида амалга оширилади.

Кредит ахборотининг ушбу модда биринчи қисмида назарда тутилмаган мақсадларда тақдим этилишига ва алмашинувига йўл қўйилмайди.

Кредит ахборотини, кредит тарихини, кредит ҳисоботларини, шунингдек бошқа ахборотни кредит ахборотидан фойдаланувчи бўлмаган шахсларга тақдим этишга йўл қўйилмайди.



25-модда. Низоларни ҳал этиш

Кредит ахбороти алмашинуви соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


26-модда. Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Кредит ахбороти алмашинуви тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


27-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.


28-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши


Ушбу Қонун 2012 йил 1 январдан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2011 йил 6 октябрь


“Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами”, 2011 йил, 40-сон, 412-модда


“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси”, 2011 йил, 10-сон, 271-модда





































































Время: 0.1617
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск