Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Айрим турдаги маҳсулотлар муомаласини тартибга солиш / Этил спирти ва алкоголь маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш /

Ўзбекистон Республикасининг 05.10.2011 й. ЎРҚ-302-сон "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 27.06.2011 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 26.08.2011 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

05.10.2011 й.

N ЎРҚ-302



АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ

МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ТАРҚАТИЛИШИ

ҲАМДА ИСТЕЪМОЛ ҚИЛИНИШИНИ

ЧЕКЛАШ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2011 йил 27 июнда қабул қилинган

Сенат томонидан 2011 йил 26 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонун фуқароларнинг соғлиғини, аввало, йигирма ёшга тўлмаган шахсларнинг соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсиридан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга қаратилгандир.



2-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши

ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


алкоголь маҳсулоти - коньяк спирти ёки тозаланган этил спиртидан, вино материаллари ва (ёки) таркибида спирт бўлган озиқ-овқат маҳсулотидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқарилган, ҳажмидаги этил спиртининг улуши бир ярим фоиздан ортиқ бўлган озиқ-овқат маҳсулоти;


алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси - алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ фуқаролар соғлиғига, аввало, ёшлар соғлиғига, уларнинг жисмоний, маънавий ривожланишига, жамиятнинг маънавий-ахлоқий негизларига таҳдидларнинг ҳамда бошқа таҳдидларнинг олдини олишга ва уларни камайтиришга қаратилган ижтимоий, ҳуқуқий, тиббий чора-тадбирлар ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуи;


алкоголга қарамлик - алкоголь маҳсулотига патологик ружу қўйиш, алкоголдан сурункали заҳарланишнинг психосоматик (руҳий ва жисмоний) ҳамда ижтимоий оқибатлари билан тавсифланадиган сурункали кучайиб борувчи касаллик (сурункали алкоголизм);


тамаки маҳсулоти - тамакидан ёки унинг ўрнини босувчи нарсадан тайёрланган ҳар қандай маҳсулот;


тамакига қарамлик - тамаки маҳсулотига патологик ружу қўйиш, никотиндан сурункали заҳарланишнинг психосоматик (руҳий ва жисмоний) оқибатлари билан тавсифланадиган сурункали кучайиб борувчи касаллик (никотинга қарамлик);


тиббий огоҳлантириш - алкоголь маҳсулоти идишининг ёрлиғида ҳамда тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) жойлаштириладиган, алкоголь ёки тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги ахборот.

4-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши

ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири

профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг

асосий йўналишлари

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

фуқаролар соғлиғини сақлаш, алкоголь, тамаки маҳсулотларининг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишга қаратилган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуини амалга ошириш;

фуқароларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга, аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга, уларнинг соғлиғига алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ таҳдидларнинг олдини олиш ҳамда бундай таҳдидларни камайтиришга қаратилган профилактика, маърифий фаолиятни ташкил этиш ва амалга ошириш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилиниши соҳасидаги давлат назоратини таъминлаш, шунингдек бундай маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга, уларнинг салбий таъсири профилактикасига, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш;

алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг самарали тизимини яратиш;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси, шунингдек алкоголь ва тамакига қарамлик диагностикаси ҳамда уни даволаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни ривожлантириш;

соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ва истеъмол қилинишини чеклаш ва уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга қаратилган профилактика, маърифий тадбирларни амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг кенг иштирок этиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш.



5-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини

чеклаш соҳасидаги давлат кафолатлари

Давлат Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлигини баҳолаш қоидалари ҳамда тартиб-таомиллари белгиланишини ва уларга риоя этилишини кафолатлайди.

Давлат таркибида инсон ҳаёти ва соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган йўл қўйиладиган энг кўп меъёрлардан ортиқ бўлган алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилинишини тартибга солади, шунингдек бундай маҳсулотларнинг импорт қилинишини тақиқлаб қўяди.

Давлат алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий оқибатлари тўғрисидаги ахборотдан фойдаланилишини қонунчилик талабларига мувофиқ таъминлайди.


6-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши

ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш бўйича профилактика

чора-тадбирларини амалга ошириш

Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, таълим муассасалари ва бошқа муассасалар алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси, жамоатчилик онгида алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишга нисбатан салбий муносабатни шакллантириш бўйича ўз ваколатлари доирасида ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий ҳамда бошқа чора-тадбирлар мажмуини амалга оширади.



2-БОБ. ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ, ФУҚАРОЛАР

ЎЗИНИ ЎЗИ БОШҚАРИШ ОРГАНЛАРИНИНГ, КОРХОНАЛАР,

МУАССАСАЛАР ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ

МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ ТАРҚАТИЛИШИ ҲАМДА ИСТЕЪМОЛ

ҚИЛИНИШИНИ ЧЕКЛАШ, УЛАРНИНГ САЛБИЙ ТАЪСИРИ

ПРОФИЛАКТИКАСИ СОҲАСИДАГИ ВАКОЛАТЛАРИ

7-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда

истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди, шу соҳага доир давлат дастурларини тасдиқлайди ва рўёбга чиқаради;

давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни камайтиришга, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилиниши устидан давлат назоратини амалга ошириш тартибини белгилайди ва бундай назоратни ташкил этади;

жойларда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг фуқаролар, айниқса, йигирма ёшга тўлмаган шахслар орасида истеъмол қилинишини камайтиришга, уларда юксак онгни шакллантириш ва жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришга қаратилган маърифий, тарбиявий, тиббий-санитария ишларининг таъсирчанлигини оширишга доир чора-тадбирларни ва бошқа ижтимоий, ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни ўз ичига олувчи профилактиканинг самарали тизими яратилиши ва фаолият кўрсатишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини, аввало, соғлом турмуш тарзи тарғиботини назарда тутган ҳолда амалга оширишда иштирок этади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида ёйишга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг хавфсизлигига доир мажбурий талабларга тааллуқли бўлган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги ишларни ташкил этишда ҳамда уларнинг бажарилишини таъминлашда иштирок этади;

фуқаролар соғлиғини алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш билан боғлиқ профилактика ишларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш масалалари борасида нодавлат нотижорат ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади;

алкоголь ва тамакига қарамликнинг диагностикаси ҳамда уни даволашга доир норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади, уларга соғлиқни сақлаш муассасалари томонидан риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

алкоголь идишининг ёрлиғида ва тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) жойлаштириладиган тиббий огоҳлантиришлар, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинадиган жойлардаги огоҳлантирувчи ёзувлар матнларининг мазмунини кўриб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди;

алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини таъминлайди, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқ бўлган сурункали касалланиш ҳамда ўлим ҳолатларининг мониторингини амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарарли таъсири профилактикасига доир тадбирларнинг самарадорлиги мониторингини амалга оширади;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик дастурларини амалга оширишда иштирок этади;

алкоголь ва тамакига қарамликнинг профилактикаси ҳамда уни даволаш бўйича мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни таъминлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсири профилактикаси масалалари бўйича умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, шунингдек олий таълим муассасалари учун ўқув дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

алкоголь ва тамакига қарамликнинг профилактикаси, диагностикаси ҳамда уни даволаш соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказилишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг алкоголь

ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири

профилактикаси соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсирини камайтириш соҳасидаги давлат дастурларининг рўёбга чиқарилишида иштирок этади ҳамда ҳудудий дастурларнинг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ва рўёбга чиқарилишини ташкил қилади;

аҳоли ўртасида, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни ёйишга қаратилган профилактика тадбирлари амалга оширилишини таъминлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчилик талабларининг тегишли ҳудудда ижро этилишини таъминлайди;

алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг салбий таъсиридан фуқаролар соғлиғини ҳимоя қилиш, жамиятда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш масалалари юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни таъминлайди;

алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини молиявий, моддий-техникавий, ташкилий жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал этади.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


10-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг,

корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг алкоголь

ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол

қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири

профилактикаси соҳасидаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ўз ваколатлари доирасида:

алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг салбий таъсири профилактикаси соҳасидаги давлат дастурларининг, ҳудудий ва бошқа дастурларнинг бажарилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади;

аҳоли, аввало, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишга ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги билимларни ёйишга қаратилган профилактика тадбирларини амалга оширади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар қонунчиликка мувофиқ бошқа тадбирларда ҳам иштирок этиши мумкин.


3-БОБ. АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ, РЕАЛИЗАЦИЯ ҲАМДА РЕКЛАМА

ҚИЛИШГА ДОИР ФАОЛИЯТНИ ТАРТИБГА СОЛИШ

11-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини

ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда реализация қилиш юридик шахслар томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


12-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

ўралишига, тамғаланишига доир талаблар

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ўралишига, тамғаланишига доир талаблар қонунчиликда назарда тутилган техник регламентларга мувофиқ белгиланади.

Алкоголь маҳсулотининг идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) тамаки маҳсулоти қутиси (ўрови) олд томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини ва орқа томони асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Тамаки маҳсулотининг қутисида (ўровида) инсон соғлиғига етказиладиган зарарни камайтириб кўрсатувчи, тамаки маҳсулотининг хусусияти ҳақида зарарсиз маҳсулот сифатида ёки тамаки маҳсулотининг бошқа намуналарига қараганда зарари камроқ эканлиги тўғрисида ёлғон таассурот уйғотадиган ахборот жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.



13-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини олиб

кириш ҳамда реализация қилишга доир чекловлар

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига алкоголь маҳсулотини полиэтилен, полистирол ва бошқа полимер материалдан тайёрланган полимер истеъмол идишларида олиб кириш тақиқланади, бундан пиво ва вино маҳсулотлари мустасно.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини:

йигирма ёшга тўлмаган шахсларга;

таълим, спорт муассасалари ва диний муассасалардан тўғри чизиқ бўйлаб икки юз метрдан кам масофада жойлашган савдо объектлари томонидан, бундан савдо объекти умумий савдо майдони минг квадрат метрдан ортиқ бўлган савдо мажмуаларининг (бозорларнинг) ва ярмарка павильонларининг ҳудудида жойлашган ҳоллар мустасно;

улар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга, қонунчилик ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга мувофиқ бўлмаса;

акциз маркалари билан тамғаланмаган ҳолда (пиводан ташқари) ёки қалбаки акциз маркалари билан;

уларнинг ишлаб чиқарувчисини аниқлаш имконини берадиган тарзда аниқ тамғаланмаган бўлса;

доналаб, қутисиз (ўровсиз) ҳолда - тамаки маҳсулотига нисбатан;

уларни ишлаб чиқариш учун лицензияга эга бўлмаган, шунингдек пиво ва пиво ичимликларини (бундан табиий вино мустасно) ишлаб чиқариш фаолиятини бошлаганлик тўғрисида ваколатли органни хабардор қилмаган Ўзбекистон Республикаси ишлаб чиқарувчиси томонидан ишлаб чиқарилган бўлса;

бундай маҳсулотни етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки етказиб беришни қонунчиликни бузган ҳолда амалга оширган етказиб берувчидан олинган бўлса, реализация қилиш мумкин эмас.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация қилиш қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам чекланиши мумкин.


14-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реализация

қилишни амалга оширувчи шахсларнинг жавобгарлиги

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдосини амалга оширувчи шахслар мазкур маҳсулотларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилганлик учун жавобгар бўлади.


15-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация

қилинадиган жойлардаги огоҳлантирувчи ёзувлар

Алкоголь ва тамаки маҳсулотлари реализация қилинадиган жойларда уларни йигирма ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилган бўлиши керак.


16-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилиниши

устидан давлат назорати

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда реализация қилиниши устидан давлат назорати ваколатли органлар томонидан қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


17-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларидаги инсон

ҳаёти ҳамда соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг

йўл қўйиладиган энг кўп меъёри

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларидаги инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг йўл қўйиладиган энг кўп меъёрини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги белгилайди.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларидаги инсон ҳаёти ҳамда соғлиғи учун зарарли бўлган моддаларнинг йўл қўйиладиган энг кўп меъёрларига риоя этилиши устидан назорат қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


4-БОБ. ФУҚАРОЛАР СОҒЛИҒИНИ АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ

МАҲСУЛОТЛАРИНИНГ САЛБИЙ ТАЪСИРИДАН САҚЛАШ

БЎЙИЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

18-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол

қилишни реклама ва тарғиб қилишга йўл қўймаслик

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмайди.

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланади.



19-модда. Жамоат жойларида алкоголь ва тамаки

маҳсулотларини истеъмол қилишга йўл қўймаслик

Иш жойларида, кўчалар, стадионлар, хиёбонлар, истироҳат боғларида, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида алкоголь маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди. Мазкур қоида алкоголь маҳсулотини қуйиб реализация қилиш рухсат этилган савдо ва умумий овқатланиш объектларига, шунингдек тўйлар, юбилейлар ва бошқа тантаналар ҳамда маросимлар ўтказиладиган жойларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Иш жойларида, соғлиқни сақлаш, таълим, спорт-соғломлаштириш муассасаларида, ёнғин чиқиш хавфи бўлган жойларда, шу жумладан, автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаларида ва бошқа жамоат жойларида, тамаки маҳсулотини истеъмол қилиш учун махсус ажратилган жойлар ва (ёки) хоналар бундан мустасно, шунингдек жамоат транспортининг барча турларида тамаки маҳсулотини истеъмол қилишга йўл қўйилмайди.


20-модда. Алкоголь ва тамакига қарам бўлиб қолган

шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш

Алкоголга қарам бўлиб қолган шахсларга тиббий-санитария ёрдами кўрсатиш, шунингдек уларни реабилитация қилиш юзасидан ёрдам кўрсатиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Тамакига қарам бўлиб қолган шахсларга уларнинг хоҳишига кўра, соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббий-санитария ёрдами кўрсатилади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

21-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг

тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклашга

доир тадбирларни молиялаштириш

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш, уларнинг аҳоли соғлиғига зарарли таъсирининг профилактикаси, олдини олиш, бундай таъсирни камайтиришга доир тадбирларни молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.



22-модда. Низоларни ҳал этиш

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


23-модда. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши

ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


24-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



25-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2011 йил 7 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 40-сон, 413-модда


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2011 йил, 10-сон, 272-модда













































Время: 0.1377
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск