Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Транспорт /

Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва бошқа шахсларни, қўл юкини, багажни кўздан кечириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 30.11.2011 й. 314-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2011 йил 30 ноябрдаги

314-сон қарорига

1-ИЛОВА



Темир йўл вокзалларида (станцияларида)

йўловчилар ва бошқа шахсларни, қўл юкини,

багажни кўздан кечириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом темир йўлда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлаш, темир йўл транспортида одамларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳамда объектларни ноқонуний аралашиш ҳаракатларидан ҳимоя қилиш, йўловчилар ташиш темир йўл транспортида транспорт хавфсизлиги даражасини ошириш мақсадида темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчилар ва бошқа шахсларни, темир йўл вокзали (станцияси) ҳудудидаги қўл юкини, багажни кўздан кечириш қоидаларини, шунингдек кўздан кечириш ваколатига эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва вазифаларини белгилайди.


2. Темир йўл вокзалларига (станцияларига) фуқароларнинг соғлиғига зарар етказиш, жамоат хавфсизлигини бузиш, шунингдек темир йўл инфратузилмаси ва ҳаракатланадиган таркибни ишдан чиқариш учун фойдаланилиши мумкин бўлган йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар билан шахсларнинг (ушбу Низомга илова) темир йўл вокзалларига (станцияларига) киришга уринишининг ўз вақтида олдини олиш ва барҳам бериш кўздан кечиришнинг асосий вазифаси ҳисобланади.


3. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ва "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясининг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси кўздан кечиришни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ваколатли орган ҳисобланади.


II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР ВА ПРИНЦИПЛАР


4. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалар қўлланилади:


йўловчи - темир йўл транспортида сафар қилиш учун йўл ҳужжатларига (чипталарга) эга бўлган фуқаро (жисмоний шахс);


ноқонуний аралашиш ҳаракати - ҳуқуққа зид ҳаракат (ҳаракатсизлик), шу жумладан, темир йўл транспортининг хавфсиз фаолиятига таҳдид соладиган, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён, моддий зарар етказадиган ёхуд бундай оқибатлар келиб чиқиши хавфини яратган террористик ҳаракат;


кўздан кечириш - йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган, ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашга мўлжалланган махсус техник воситалар қўлланиладиган тадбирлар комплекси;


назорат қилинадиган зона - кўздан кечириш амалга ошириладиган темир йўл вокзали (станцияси) ҳудуди;


кўздан кечиришни амалга ошириш ваколатига эга бўлган шахслар - Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ва "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясининг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходимлари;

махсус техник воситалар - кўздан кечиришни амалга ошириш учун мўлжалланган техник қурилмалар ва мосламалар (интроскоплар, турғун ва қўлда ишлатиладиган металл детекторлар, радиоактив моддалар детекторлари, портловчи моддалар газ анализаторлари ва шу кабилар);


йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар - ноқонуний аралашиш ҳаракатини содир этиш учун фойдаланилиши мумкин бўлган буюмлар ва юклар;


шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар - паспорт ёки шахсини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат, ҳарбий билет, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси, истиқомат учун берилган гувоҳнома;


қўл юки - ўз ўлчамига кўра вагонларда қўл юкини жойлаштириш учун назарда тутилган, қийинчиликсиз жойлаштириладиган, ўрашнинг тури ва хилидан қатъи назар, енгил ташиладиган буюмлар ва ашёлар;


багаж - йўловчига шахсан тегишли бўлган, сафар тамом бўлгандан кейин унга зарур бўладиган ва темир йўл ҳужжати (чипта) бўйича багажли вагонда ташиш учун қабул қилинадиган ашёлар.


5. Қуйидагилар кўздан кечиришда асосий принциплар ҳисобланади:

а) кўздан кечиришда қонунчиликка қатъий риоя қилиш;

б) ушбу Низом талабларига риоя қилиш;

в) кўздан кечирилаётган шахслардан йўловчиларга темир йўл поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни белгиланган тартибда мажбурий олиб қўйиш;

г) қонун ҳужжатлари талабларини бузувчи шахсларни аниқлаш.



III. КЎЗДАН КЕЧИРИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


6. Кўздан кечиришнинг умумий қоидалари қуйидагиларни назарда тутади:

а) йўловчиларни кўздан кечиришдан ўтишнинг мақсадлари ва қоидаларидан, уларнинг ҳуқуқ ва вазифаларидан, йўловчиларга темир йўл поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисида хабардор қилиш. Қўл юки ва багажни ташишда йўловчиларга қўйиладиган талаблар баланд овозли алоқа воситалари орқали, шунингдек темир йўл кассаларида йўл ҳужжатларини, чипталарни сотишда эълон қилинади. Кўзга кўринарли жойларга йўловчиларга темир йўл поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ҳамда улар ноқонуний ташилганлиги учун жавобгарлик тўғрисидаги ахборот осиб қўйилади;

б) махсус техник воситаларни, зарурият бўлганда хизмат итларидан фойдаланган ҳолда самарали қўллаб қўл юки, багажни пухта кўздан кечириш ва йўловчиларни шахсий кўздан кечириш;

в) йўловчиларга йўловчи ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар ноқонуний ташилишини ўз вақтида аниқлаш ва олдини олиш;

г) кўздан кечирилган ва назорат қилинадиган зонага қўйилган шахсларнинг кўздан кечиришдан ўтмаган шахслар билан муомала қилишини истисно этиш;

д) назорат қилинадиган зонага йўл ҳужжатлари (чипталарга) эга бўлмаган шахсларни, шунингдек йўл ҳужжатида (чиптада) кўрсатилган маълумотлар йўловчининг шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлардаги маълумотларга мос бўлмаган йўловчиларни қўймаслик, тегишли рухсатномага эга бўлган шахслар бундан мустасно;

е) мансабдор шахслар фавқулодда ҳолатни бартараф этиш (тугатиш) бўйича хизмат бурчларини бажариши билан боғлиқ вазифаларни ҳал этаётганда уларга кўмаклашиш.


7. Йўл ҳужжатига (чиптага) эга бўлган шахс кўздан кечиришдан ўтишни ёки қўл юки ва багажни кўздан кечиришга тақдим этишни рад этган тақдирда, ушбу шахс назорат қилинадиган зона ҳудудига ва ташишга қўйилмайди.



IV. КЎЗДАН КЕЧИРИШНИ АМАЛГА ОШИРИШ

ВАКОЛАТИГА ЭГА БЎЛГАН ШАХСЛАРНИНГ

ҲУҚУҚ ВА ВАЗИФАЛАРИ


8. Кўздан кечиришни амалга ошириш ваколатига эга бўлган шахслар уни ўтказишда:

а) назорат қилинадиган зонага кирган йўловчилардан ва бошқа шахслардан ушбу Низом талабларини сўзсиз бажаришни талаб қилиш;

б) йўловчиларда йўл ҳужжатлари (чипталар) ва шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатлар борлигини текшириш;

в) назорат зонасига кирган йўловчилардан ва бошқа шахслардан кўздан кечириш жараёнида аниқланган йўловчиларнинг йўловчи ташиш поездларида ташиш тақиқланган қўл юки ва багаж шаклидаги хавфли моддалар ва буюмларни транспортдаги ички ишлар органлари ходимлари томонидан олиб қўйиш баённомаси тузилган ҳолда, нусхаси йўловчининг қўлига берилади, белгиланган тартибда олиб қўйиш;

г) зарурият бўлганда, ноқонуний аралашиш ҳаракатини ёки бошқа жиноий ҳаракатларни содир этиш ниятидаги шахслар учун характерли бўлган бир қанча ўзини тутиш белгилари бўйича потенциал хавфли шахсларни аниқлаш мақсадида кўздан кечирилаётганларни психологик сўраб чиқиш;

д) Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ахборот-излаш маълумотлар базалари бўйича шубҳали шахсларни текшириш (Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти ходимлари);

е) айрим шахслар томонидан қурол-яроғ, патронлар ва ўқларни ташишнинг белгиланган тартибига риоя қилиниши устидан назорат қилиш;

ж) зарурият бўлганда назорат қилинадиган зонанинг бутун ҳудудини кўздан кечириб чиқиш ҳуқуқига эга.


9. Кўздан кечириш ваколатига эга бўлган шахслар уни ўтказишда:

а) ушбу Низом, темир йўлда йўловчилар ташиш хавфсизлигини таъминлашга, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва ҳуқуқларини муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатларининг бошқа нормалари талабларига риоя қилишга;

б) кўздан кечирилаётган шахсларга нисбатан ҳушёр, эътиборли ва илтифотли муносабатда бўлишга ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатларга йўл қўймасликка;

в) кўздан кечирилаётган шахсларга ўзларида бўлиши мумкин бўлган йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни ихтиёрий равишда кўрсатишни таклиф этишга;

г) кўздан кечириш сабабли йўловчиларнинг асоссиз равишда ушланиб қолишига йўл қўймасликка;

д) қоида бузилишига барҳам берилиши чораларини кўришга;

е) кўздан кечиришдан бош тортган шахсларни назорат қилинадиган зона ҳудудига қўймасликка;

ж) йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлашнинг зарур кўникмаларига эга бўлишга;

з) табиий ва техноген тусдаги авариялар, ҳалокатлар, ёнғин ёки табиий офатлар юз берган тақдирда, жабрланганларни қутқазиш ва уларга биринчи ёрдам кўрсатиш, махсус қутқарувчи хизматларни чақириш чораларини кўришга;

и) қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар тузишга мажбурдирлар.


10. Кўздан кечириш натижасида назорат қилинадиган зона ҳудудига йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар олиб ўтилиши мумкин бўлган ёки улар олиб ўтилишига йўл қўйилган кўздан кечириш бўйича хизмат мажбуриятлари ноҳалол бажарилганлиги, шунингдек кўздан кечирилаётган шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситишга олиб келган хизмат ваколатлари оширилганлиги учун айбдор ваколатли шахслар йўл қўйилган қоида бузилишининг оғирлигига қараб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



V. КЎЗДАН КЕЧИРИШ ТАРТИБИ


11. Назорат қилинадиган зона ҳудудига киришдан олдин вокзалолди майдонида махсус жиҳозланган назорат-ўтказиш пунктларида темир йўл вокзали ва транспортда ички ишлар органлари ходимлари томонидан йўл ҳужжати (чипта) ва шахсини тасдиқлайдиган ҳужжат текширилади. Темир йўл вокзали (станцияси) биносига киришда ҳар бир йўловчи қўл юки ва багажни кўздан кечиришга тақдим этган ҳолда кўздан кечиришдан ўтиши (зарурият бўлганда - шахсий кўздан кечирилиши) керак.


12. Йўловчининг қўл юки ва багажи у ҳозир бўлганда кўздан кечирилади.


13. Кўздан кечириш махсус техник воситаларни қўллаган ҳолда, зарурият бўлганда - хизмат итларидан фойдаланиб, қуйидаги изчилликда ўтказилади:

а) темир йўл вокзали (станцияси) биносига кирувчи шахслар кўздан кечириш пункти орқали ўтадилар, бу ерда уларга мавжуд металл буюмлари, йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар, шунингдек ташиш учун берилган ўзга шахсларнинг ашёлари (жўнатмалар, бандероллар, тугунлар, пакетлар ва шу кабилар) тўғрисида маълумот бериш таклиф этилади;

б) кўздан кечирилаётган шахсга кийимдаги мавжуд металл буюмларни (портсигар, калитлар, фолгали пачкалардаги сигаретлар, тангалар ва шу кабиларни) назарда тутилган идишга қўйиш ва одамларнинг тўпланиб қолишига йўл қўймай, навбати билан турғун металл детектор рамкаси орқали ўтиш таклиф этилади, металл буюмлар мавжудлиги тўғрисида сигнал тушган тақдирда, қўлда ишлатиладиган металл детектор қўлланилади, у бўлмаганда эса - белгиланган тартибда шахсий кўздан кечирилади. Сиртга туртиб чиққан, бироқ кўз билан йўловчининг кийимида кўринмайдиган ва металл детекторнинг ишлаб кетишига олиб келадиган буюмлар кўздан кечиришни амалга ошириш ваколати берилган шахснинг талаби бўйича кўздан кечириш учун талаб этилади. Багаж ва қўл юки интроскопдан фойдаланган ҳолда кўздан кечирилади. Зарур ҳолларда қўл юки ва багаж махсус қўшимча ускунадан фойдаланган ҳолда кўздан кечирилади;

в) кўздан кечиришда йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланган тақдирда, интроскоп оператори ("Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясининг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходими) тегишли чоралар кўриш учун дарҳол транспортда ички ишлар органлари ходимини хабардор қилади;

г) ногабарит буюмлар, йўловчининг қўлидаги устки кийимлар ва ичида нималар борлигини интроскоп экранидаги сояли тасвир бўйича аниқлаб бўлмайдиган қўл юки қўлда кўздан кечирилади;

д) қидирувдаги шахсларни аниқлаш ва ушлаш мақсадида кўздан кечирилаётганларнинг паспортга оид маълумотлари танлаб текширилади, шунингдек шубҳали шахслар шахсан кўздан кечирилади;

е) техник сабабларга кўра интроскопдан ёки турғун металл детектордан фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳолатда шахсларни, шунингдек уларнинг қўл юки ва багажини кўздан кечириш шахсан кўздан кечириб чиқиш йўли билан қўлда ишлатиладиган металл детектор ёрдамида амалга оширилади.


14. Қўл юки сифатида ташиладиган маиший мақсаддаги радиоэлектрон аппаратлар, бинокллар умумий асосларда кўздан кечирилади.


15. Кинофото аппаратлар махсус техник воситалар қўлланмасдан кўздан кечирилади.


16. Яширин ташиш учун буюмлардан фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш мақсадида ашёларни кўздан кечиришда:

а) уяли телефонлар ва шу каби электрон приборларнинг ишлаши текширилиши;

б) ғилофлар, жилдлар кўздан кечирилиши, қувватлантириш блоклари, кассета ўйиқлари, шунингдек плёнкали камералар очилиши ва текширилиши (аппаратларни ўчириш, қувватлантириш блоки қопқоғини ва кассета ўйиқлари очишни йўловчи амалга оширади);

в) суюқликлар солинган идишлар ва термослар кўз билан текширилиши;

г) габаритига кўра махсус техник воситалар ёрдамида текшириб бўлмайдиган мусиқа асбоблари текширилар экан, уларнинг ғилофлари олиб ташланиши, жилдлари очилиши ва улар силкитиб кўрилиши зарур.


17. Юрак фаолиятини рағбатлантирувчи имплантирланган аппаратларга эга бўлган шахслар махсус техник воситалар қўлланилмасдан қўлда ёки шахсан кўздан кечирилади.


18. Тиббиёт пунктидаги йўловчилар ва уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар бундай шахслар кўздан кечиришдан ўтиши учун масъул бўлган махсус ажратилган шахслар томонидан кўздан кечирилади, шунингдек кўздан кечиришдан кейин уларнинг ўзга шахслар билан алоқасини истисно этиш тиббиёт пункти ходимларига юкланади, бу ҳақда уларга тилхат олиб эълон қилинади.


19. VIP-мақомга эга бўлган йўловчилар ва шахслар ушбу залларнинг кўздан кечириш пунктларида кўздан кечириш тартиб-қоидасидан ўтадилар.


20. Йўловчи вагонларида уй ҳайвонлари, паррандалар ва фаунанинг бошқа вакилларини ташийдиган йўловчилар тегишли ветеринария маълумотномаларига, шунингдек улар ташиладиган қафаслар ёки бошқа мосламаларга эга бўлишлари керак.


21. Кўздан кечириш тартиб-қоидаларидан ўтилгандан кейин йўловчига унинг қўл юки қайтарилади, йўл ҳужжатига (чиптага) юк хатига, багажга кўздан кечиришдан ўтганлик тўғрисида белги қўйилади, шундан кейин йўловчи темир йўл йўловчилар ташиш транспортига чиқиш учун кутиш залига йўл олади. Белги (штамп) йўл ҳужжати (чипта)нинг юза ёки орқа томонига қўйилади. Қўл юки, багажга белги кўздан кечиришдан ўтганликни тасдиқлайдиган лента шаклидаги махсус елимлагич ёпиштириш йўли билан амалга оширилади.

Йўловчида тегишли ҳужжат билан тақиб юришга рухсат берилган қурол мавжуд бўлган тақдирда, йўл ҳужжатига (чиптага) "Қурол" деган қўшимча белги қўйилади, йўловчидаги мавжуд қурол, унга ўқ-дорилар ва уларнинг сони ёзма равишда кўрсатилади.

Тегишли рухсатномага эга бўлган ва хизмат вазифаларини бажарувчи ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва "Ўзбекистон темир йўллари" давлат-акциядорлик компаниясининг Ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси вакилларидаги қурол кўздан кечирилмайди. Бундай ҳолларда қурол мавжудлиги ушбу шахсларнинг тегишли ҳужжатларида кўрсатилади.


22. Йўловчиларнинг (шу жумладан, транзит йўловчиларнинг) йўл ҳужжатларида (чипталарида), қўл юкида, багажида кўздан кечиришдан ўтганлик тўғрисидаги белги мавжудлигини вагон проводниги текширади.

Қўшимча "Қурол" белгиси мавжуд бўлган тақдирда, проводник йўловчини сафар даврида белгиланган тартибда сақлаш учун қуролни топшириш учун йўловчилар ташиш поезди бошлиғига юборади. Сафар даврида йўловчилар ташиш поезди бошлиғига:

тўппончалар, револьверлар, сойли милтиқлар, карабинлар ва бошқа ўқотар қурол;

ўқ-дорилар, ов пичоқлари ва ракетницалар (сигнал ва ёритувчи ракеталарни отувчи тўппончалар);

арбалетлар ва сув ости ови қуроли, қиличлар, ханжарлар, дудама қиличлар, эгри қиличлар, узун ва оғир қиличлар, тиғлар, қиличсимон найзалар, найзалар, ханжарлар, кортиклар, ханжарчалар, пичоқлар: ҳарбий, десант, фин пичоқлари, пискалар отилиб чиқадиган, қулфланадиган дудама қиличлар сақлаш учун белгиланган тартибда топширилади.


23. Йўл ҳужжатида (чиптада), қўл юкида, багажда кўздан кечиришдан ўтганлик тўғрисидаги белги мавжуд бўлмаган йўловчиларнинг вагонга кириши қатъиян тақиқланади.


24. Кўздан кечиришдан ўтиш вақти йўловчиларнинг темир йўл йўловчилар ташиш транспортига чиқишдан кечикиши учун шарт-шароитлар яратмаслиги зарур.

Бунда кўздан кечириш вақтини қисқартириш мақсадида йўловчиларни кўздан кечириш тартиб-қоидасини соддалаштиришга йўл қўйилмайди.



VI. ШАХСИЙ КЎЗДАН КЕЧИРИШ


25. Шахсларни танлаб шахсий кўздан кечириш бунинг учун махсус жиҳозланган хоналарда:

а) тайёрланаётган ноқонуний аралашиш ҳаракати тўғрисида хабар келган;

б) кўздан кечирилаётган шахсда йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар мавжудлиги тўғрисида хабар олинган;

в) кўздан кечирилаётган шахснинг юк хатида йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар аниқланган;

г) кўздан кечириш ваколатига эга бўлган шахслар томонидан шахсан кузатиш йўли билан кўздан кечирилаётган шахснинг шубҳали ўзини тутиши ва хатти-ҳаракатлари белгилари, балки унинг жиноий ниятларидан далолат берувчи ёки унда йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида шубҳа туғдирувчи белгилар аниқланган ҳолларда амалга оширилади.


26. Шахсларни шахсий кўздан кечириш Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 289-моддасига мувофиқ ва йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларни аниқлаш учун зарур бўлган доирада амалга оширилади.



VII. МАХСУС ЮКЛАРГА, МАХСУС ПОЧТАГА ВА СОҚЧИЛАР

НАЗОРАТИ ОСТИДАГИ ШАХСЛАРГА ҲАМРОҲЛИК ҚИЛУВЧИ

ШАХСЛАРНИ, ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИЛАР, МЕРГАН СПОРТЧИЛАР,

ОВЧИЛАР, ГЕОЛОГЛАР ВА ҚУРОЛ САҚЛАШ ВА ТАШИШ ҲУҚУҚИГА

ЭГА БЎЛГАН БОШҚА ЙЎЛОВЧИЛАРНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШ ТАРТИБИ


27. Темир йўл транспортида ташиладиган махсус юклар, махсус почта ва расмий хат-хабарлар ҳамда уларни кузатиб борувчи Ўзбекистон Республикаси вазирликлари ва идораларининг қуролланган ходимлари, шунингдек ички ишлар органлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг уларни кузатиб борувчи ходимлари, фельдъегерлик ва махсус алоқа ходимлари, консуллик вализалари ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари асосида уларга тенглаштирилган, дипломатик мақомга эга бўлган йўловчилар томонидан кузатиб бориладиган хорижий муассасалар ва халқаро ташкилотларнинг бошқа расмий хат-хабарлари тегишли ҳужжатлар тақдим этилгандан кейин кўздан кечирилмайди ва ушлаб турилмайди.


28. Қуролланган ходимлар томонидан кузатиб бориладиган махсус юклар ва почтани ортиш, шунингдек қуролланган ходимларни ва соқчилар назорати остидаги шахсларни поездга чиқариш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.


29. Махсус юклар ва махсус почтада йўловчиларга йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж шаклида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмлар бўлмаслиги керак. Ушбу қоидалар бузилганлиги учун белгиланган тартибда жўнатувчи жавоб беради.


30. Тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда қурол сақлаш ва ташиш ҳуқуқига эга бўлган мерган спортчилар, овчилар, геологлар ва бошқа йўловчиларга тегишли бўлган қурол-яроғ, ўқ-дорилар, ов пичоқлари ва ракетницалар сафар даврида сақлаш учун белгиланган тартибда йўловчилар ташиш поезди бошлиғига берилади. Уларга ғилоф кийдирилган бўлиши, қурол ўқсизлантирилган бўлиши, магазинлар ва ўқ-дорилар алоҳида сақланиши керак.



VIII. ТЕМИР ЙЎЛ ВОКЗАЛЛАРИДА (СТАНЦИЯЛАРИДА)

ЙЎЛОВЧИЛАРГА ХИЗМАТ КЎРСАТИШГА ЖАЛБ ЭТИЛГАН

ХОДИМЛАРНИ, ШУНИНГДЕК ҲУҚУҚНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ВА НАЗОРАТ ОРГАНЛАРИ ХОДИМЛАРИНИ КЎЗДАН

КЕЧИРИШ ТАРТИБИ


31. Темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчиларга хизмат кўрсатишга жалб этилган ходимларни, прокуратура, ички ишлар органлари, давлат хавфсизлик хизмати ходимларини ва назорат органлари ходимларини кўздан кечириш ушбу Низомга мувофиқ умумий асосларда амалга оширилади.

32. Прокуратура, ички ишлар органлари, давлат хавфсизлик хизмати ходимлари ва назорат органлари ходимларининг ва темир йўл вокзалларида (станцияларида) йўловчиларга хизмат кўрсатишга жалб этилган ходимларнинг темир йўл вокзаллари (станциялари) ҳудудига кириши ва у ерда бўлиши темир йўл вокзали (станцияси) ходимлари томонидан бериладиган тегишли рухсатномалар бўйича амалга оширилади.


IX. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Ушбу Низом талабларининг бузилиши қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка олиб келади.






Низомга

ИЛОВА



Йўловчилар ташиш поездларида ташиш тақиқланган

ва чекланган хавфли моддалар ва буюмлар

РЎЙХАТИ



I. Қуйидагилар йўловчилар ташиш поездларида қўл юки ва багаж сифатида ташиш тақиқланган хавфли моддалар ва буюмларга киради:


а) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги ўқотар ва тиғли қуроллар:

тўппончалар, револьверлар, сойли милтиқлар, карабинлар, бошқа ўқотар қуроллар ва уларга ўқ-дорилар;

арбалетлар ва сув ости ови қуроли, қиличлар, ханжарлар, дудама қиличлар, эгри қиличлар, узун ва оғир қиличлар, тиғлар, қиличсимон найзалар, найзалар, ханжарлар, кортиклар, ханжарчалар, пичоқлар: ҳарбий, десант, фин пичоқлари, пискалар отилиб чиқадиган, қулфланадиган дудама қиличлар;

б) тегишли рухсат берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги портловчи моддалар ва улар билан тўлдирилган буюмлар, портлатиш воситалари:

ҳар қандай ўрамдаги барча ов порохлари;

ов капсулалари (пистонлари) ва капсула-детонаторлар;

пиротехника воситалари: сигналли ва ёритувчи ракеталар, посадкали шашкалар, тутун чиқарувчи патронлар;

динамит, тол, аммонал, тротил ва бошқа портловчи моддалар;

в) сиқилган ва суюлтирилган газлар;

г) тез ёнувчан қаттиқ моддалар:

сув таъсирида иссиқлик ва иссиқ газ чиқарадиган, натижада ўзидан ўзи ёнадиган ва ёнғин келтириб чиқариши мумкин бўлган моддалар: калий, натрий, металли кальций ва уларнинг қотишмалари, кальций, фосфорит ва бошқалар;

оқ, сариқ ва қизил фосфор ҳамда тез ёнувчан қаттиқ моддалар тоифасига тегишли бўлган бошқа барча моддалар;

органик пероксидлар;

донадор ёки парча-парча, қуруқ ёки нам, таркибида камида 25 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган коллоид нитроцеллюлоза;

қуруқ ва нам, таркибида камида 30 фоиз сув ёки эритувчи суюқлик бўлган нитроцеллюлоза;

д) тегишли рухсатнома берилган ҳужжат бўлмаган барча турдаги заҳарли ва заҳарловчи моддалар:

ҳар қандай идишга жойлаштирилган суюқ ва қаттиқ ҳолатдаги ҳар қандай заҳарли, кучли таъсир қиладиган ва заҳарловчи моддалар;

бруцин;

никотин;

стрихнин;

тетрагидрофурфурил спирти;

этиленгликоль;

симоб;

цианид кислотанинг барча тузлари ва цианид препаратлар;

циклон, цианплав, маргимуш ангидрид ва бошқа кучли таъсир қиладиган, заҳарли, заҳарловчи моддалар;

е) герметик идишларсиз ва ўрамларсиз ташиладиган ўювчи, бадбўй ва емирувчи моддалар:

кучли ва ноорганик кислоталар: хлорид, сульфат, азот кислоталар ва бошқа кислоталар;

фторли-водород (шишани ўйиш қобилиятига эга бўлган) кислотаси ва бошқа кучли кислоталар ва емирувчи моддалар;

ж) божхона қоидаларига ва бошқа қоидаларга кўра ташишга йўл қўйилмайдиган буюмлар.



II. Қуйидаги чекланган миқдорлардаги маиший мақсаддаги моддалар ва буюмларни эҳтиёткорлик чораларини кўрган ҳолда қўл юки ва багажда йўловчилар ташиш поездларида ташишга рухсат берилади ва улар кўздан кечиришда олиб қўйилмайди:


сирка (битта йўловчига 0,5 литрдан кўп эмас);

алкоголли ичимликлар;

хизмат мақсадларида ташиладиган спирт, тамға рақами кўрсатилган ҳолда корхона (ташкилот) маълумотномаси билан тасдиқланадиган, герметик ёпилган ва тамғаланган идишларда икки литрдан ортиқ бўлмаган миқдорда ташилади;

герметик идишда ва ўрамда ташиладиган тез алангаланадиган суюқликлар;

ацетон;

нефть маҳсулотлари намуналари;

металацетат (метил эфири);

углерод сульфид;

эфирлар;

пардоз-андоз воситалари, шу жумладан, тирноқ учун локлар, локларни кўчириш учун суюқликлар, соч учун суюқликлар, шунингдек спирт-лок асосидаги ҳавони тозаловчи суюқликлар;

газли зажигалкалар ва зажигалкалар учун газли баллончалар (битта йўловчига 2 та баллончадан ортиқ эмас);

буклама (фиксаторсиз) йўл пичоқлари ва қайирма пичоқлар;

симобли тиббиёт термометрлари (градусниклар) (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);

стандарт ғилофдаги симобли тонометрлар (битта йўловчига 1 донадан ортиқ эмас);

жўнатувчининг тамғаси билан махсус герметик контейнерларда жойлаштирилган симобли барометрлар ва манометрлар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2011 йил, 48-сон, 493-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2011 йил, 11-сон, 91-модда











































Время: 0.2016
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск