ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Юк кўтаргич (минора)ларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда хавфсизлик Қоидалари (АВ томонидан 12.01.2012 й. 2313-сон билан рўйхатга олинган "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси бошлиғининг 30.11.2011 й. 268-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 12 январда 2313-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги

Ер қаърини геологик ўрганиш,

саноатда, кончиликда ва коммунал-

маиший секторда ишларнинг бехатар

олиб борилишини назорат қилиш

давлат инспекцияси бошлиғининг

2011 йил 30 ноябрдаги

268-сон буйруғига

ИЛОВА



Юк кўтаргич (минора)ларни ўрнатиш

ва улардан фойдаланишда хавфсизлик

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги, "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ юк кўтаргич (минора)ларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини белгилайди.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар юк кўтаргич (минора)ларни ўрнатувчи ва улардан фойдаланувчи ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар ишлаб чиқариш биноларини ва иншоотларини лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланишда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шарт эканлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилишга оид талабларга риоя этилиши устидан, шу жумладан ноқулай ва алоҳида меҳнат шароитларида ишлаганлик учун ходимларга имтиёзлар ва компенсациялар берилиши юзасидан давлат назорати меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолатини ўрганиш, иш берувчиларнинг жамоа шартномалари ва келишувларида назарда тутилган меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мажбуриятлари бажарилиши устидан назорат касаба уюшмаларига ва ходимларнинг бошқа вакиллик органлари, шунингдек меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакил этилган шахс томонидан амалга оширилади.


II БОБ. ХАВФСИЗЛИК БЎЙИЧА УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш бўйича қоидаларни ўз ичига олган жамоа шартномаси;

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ юритиладиган иш жойининг меҳнат шароитлари харитаси;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича назорат юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари учун меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномалар.

7. "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятларига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқ берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.


13. Ишларни технологик регламент бўйича хавфсиз юритиш йўриқномалари Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда меҳнат жараёнининг хавфли ва зарарли омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнатнинг оғир шароитлари аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли омиллар йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгаришларида ёки янги ишлаб чиқариш ускуналарини жорий қилишда хавфли ва зарарли омиллар тўғрисидаги маълумотларга тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилот ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлиши лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр асбоб-ускуналарга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ва амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олиши ва ишларни бажариш усулларини ўзлаштириб олиши шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган наряд-рухсатномага мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва хавфсиз бажаришда белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига тўла жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш муҳити омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя қилиш воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини меъёрлаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда асбоб-ускуналар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


23. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари бўлган хонадаги барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда, якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


25. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларни қўллаши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисида маълумотларга эга бўлиши лозим.


26. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

ҳимоя воситаларини қўллаш ва тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан хавфли ва заҳарли моддалар муҳитида фойдаланилганда, уларнинг дегазация ва дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


27. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.



6-§. Касбий танлов


28. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


29. Ходимлар, ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга ва иш тажрибасига эга бўлиши керак.


30. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитлари ишлари рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


7-§. Ходимларнинг соғлиғини назорат қилиш


32. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) мувофиқ амалга оширилиши лозим.

33. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш муассасаси билан биргаликда ҳар йили даврий тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши зарур.

34. Тиббий кўриклар ташкилотга тиббиёт хизмати кўрсатувчи даволаш-профилактика муассасалари томонидан, агар улар бўлмаган тақдирда ташкилот жойлашган жойдаги ҳудудий даволаш-профилактика муассасаси томонидан ўтказилади.

35. Тиббий кўрикдан ўтишдан ёки тиббий комиссияларнинг текширувлар натижасида берган тавсияларини бажаришдан бўйин товлаган ходимларни иш берувчи ишга қўймасликка ҳақлидир.

36. Ташкилот раҳбарияти ўз ходимларининг мажбурий тиббий кўрикдан ўз вақтида ўтиши учун ва мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган шахсларни ишга қўйиш натижасида фуқароларнинг соғлиғига етказилган зарарли оқибатлар учун жавобгар бўлади.

37. Ходимларни соғлиғи туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


38. Ташкилот хоналари иш ҳудудидаги ҳарорат, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


39. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондициялаш" талабига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


40. Ишлаб чиқариш биноларида микроиқлим СанҚваМ 0203-06 "Ишлаб чиқариш бинолари микроиқлими санитария меъёрлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.



9-§. Ташкилот майдонларига бўлган хавфсизлик талаблари


41. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабига мос бўлиши керак.


42. Ташкилотда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


43. Транспорт воситалари ва ташкилот ҳудудида пиёдаларнинг ҳаракати чизмаси ташкилотга кириш ва чиқиш ҳамда иш участкалари ва цехларнинг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


44. Ташкилот майдонлари кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоқлари билан таъминланган бўлиши керак.


45. Ташкилот майдонидаги ўтиш жойлари мустаҳкам ёпқичлар, сувлар оқиб кетадиган иншоотлар билан жиҳозланган бўлиши керак.


46. Йилнинг ёз вақтида йўлкалар ва ўтиш жойларига сув сепилган, қишда қордан тозаланиб, қум сепилган бўлиши лозим.



10-§. Бино ва иншоотларга бўлган хавфсизлик талаблари


47. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


48. Ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


49. Нам хоналарда ҳамда иссиқ ўтказувчи полларда (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларида ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


50. Пол тўшамалари зарарли моддалар, ишлаб чиқаришдаги кирлар ва чанглардан енгил тозаланадиган бўлиши керак.


51. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал асбоб-ускуналари билан таъминланган бўлиши лозим.


52. Дарвоза тавақалари ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар мустаҳкам ўрнатилган бўлиши керак.


53. Транспорт воситалари бинога кириши учун дарвоза эни фойдаланилаётган транспорт воситалари эни миқдоридан ошиқ бўлиши керак.


54. Дарвозаларнинг баландлиги транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан ошиқ бўлиши керак.


55. Ташкилотларда бинолар ва иншоотлардан фойдаланиш ҳолатини мунтазам кузатиш ташкил этилган бўлиши керак.


56. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда икки мартадан (баҳор ва кузда) кам бўлмаган ҳолда ташкилот раҳбари томонидан тайинланган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, уларда топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар орқали расмийлаштирилиши керак.


57. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат туридаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаб чиқариш жараёнлари ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши лозим, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.



11-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


58. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари" талабларига мувофиқ бўлиши керак.


59. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражасини мунтазам назорат қилиб туриш керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки цехдан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун, унинг манбалари (электр двигателлар, парраклар ва шу кабилар) мустақил полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.


60. Ишлаб чиқариш хоналарида шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, шахсий эшитиш аъзоларини ҳимоя қилиш воситалари ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланиш керак.



12-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


61. Шамоллатиш ва иситиш ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


62. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши керак.


63. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги керак.


64. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21°С, ўртача оғир ишда 17°С ва оғир ишда 16°С дан паст бўлмаслиги лозим.


65. Ходимларнинг исиниши учун хоналарда ҳаво ҳарорати 22°С дан кам бўлмаслиги керак.


66. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан, бино ташқарисидаги иш жойларидан эса 150 м дан кўп бўлмаслиги лозим.



13-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига қўйиладиган талаблар


67. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабига мос келиши керак.


68. Ишлаб чиқариш оқова сувлари, ташқи канализацияга етиб келгунча зарарли моддалардан тозаланиши лозим.


69. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар бўлиши керак. Сув қувурлари йўқ бўлганда, бакларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


70. Ичимлик сувининг ҳарорати 8°С дан 20°С гача бўлиши керак.


71. Иш жойидан сув ичиш қурилмасигача бўлган масофа 75 м дан ошмаслиги керак.


72. Ташкилотда канализация тизими йўқ бўлганда, давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг мавжуд бўлишига рухсат этилади.



14-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


73. Ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


74. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.


75. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғ тушувчи ойналарни йилда камида икки маротаба тозалаш лозим.


76. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар (ускуна, тайёр маҳсулот ва бошқалар) тўсиб қўйишига рухсат этилмайди.


77. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизимда ишлатилади (умумий маҳаллий билан биргаликда). Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


78. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими портлашдан алоҳида бажарилиши керак.


79. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, силосослар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.



15-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга бўлган талаблар


80. Ташкилотларда атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланиши хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг тегишли нормаларидан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


81. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф-муҳитнинг чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


82. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва контейнерлар билан таъминланиши, контейнерлар чиқиндилардан бўшатилганидан сўнг, хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



16-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


83. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ЮК КЎТАРГИЧ (МИНОРА)ЛАР ТУЗИЛИШИГА

ВА МАТЕРИАЛЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Кажавага (майдончаларга) қўйиладиган хавфсизлик талаблари


84. Ердан ёки чиқиш майдончасидан кажавага ва юк кўтаргич (минора)нинг айланма платформасигача бўлган масофа 40 см дан ортиқ бўлмаслиги ҳамда кажаванинг поли ва зиналари сирпанчиқ бўлмаслиги лозим.

Юк кўтаргич (минора)ларнинг кажавалари (майдончалари) баландлиги камида 1 м бўлган панжара билан ўралган бўлиши лозим.


85. Юк кўтаргич (минора)ларнинг кажаваси кажава ходимлари хавфсизлик камарининг ва асбобларни маҳкамлаш учун қозиқлар билан жиҳозланган бўлиши лозим. Кажава панжараси қисмлари ва камар маҳкамланувчи қозиқлар камида 1300 ньютон бўлган турли томонга йўналган оғирликни кўтариши лозим.



2-§. Тросларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


86. Юк кўтаргич (минора)ларда қўлланиладиган трослар ГОСТ 3062-80 талабларига мос бўлиши лозим.


87. Юк кўтаргич (минора)ларга тросларнинг маҳкамланиши ва жойлашуви унинг блок ва бошқа механизмлардан тушиб кетишини, шунингдек бир-бири билан ишқаланиши юзага келишининг олдини олиши лозим. Троснинг блокдан тушиб кетишининг олдини олувчи мослама билан трос оралиғи унинг диаметрининг 20 фоизидан ошмаслиги лозим.


88. Троснинг учи ГОСТ 2224-93 га мувофиқ, коушга троснинг учини киритиб ўраб қўйиш, қисқич ўрнатиш ёки бошқа усулда бажарилиши керак. Қисқичлар сони камида учта бўлиши лозим.

Юк кўтаргич (минора)лардаги троснинг учи пўлат, болғалаб ишланган, тамғаланган ёки қуйилган втулкага пона билан маҳкамланиши мумкин. Пайвандланган втулкани ишлатишга йўл қўйилмайди.

Втулканинг қобиғи ва понанинг ўткир чети бўлмаслиги лозим.



3-§. Занжирларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


89. Юк кўтаргич (минора)ларда қўлланиладиган пластинкали, ғилдиракли занжирлар ГОСТ 21834-87 ва ГОСТ 23540-79 талабларига мос келиши лозим.


90. Тиззани кўтариш механизмларида, телескопик бўлинмаларда ва кажаванинг йўналишини кузатиш тизимида қўлланадиган пўлат арқонлар ва занжирларни лойиҳалаш жараёнидаги ҳисоб-китоблар O`zDSt 8.012 да белгиланган ўлчов бирликлари билан текширилиши лозим.



4-§. Тормозларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


91. Юк кўтаргич (минора)ларнинг кўтариш механизмлари нормал ёпиқ тусдаги, ёқилганда автомат равишда очиладиган тормозли ёки кажаванинг ўз-ўзидан тушиб кетишининг (ҳаракатланишининг) олдини оладиган бошқа мослама билан жиҳозланиши лозим.

Тасмали тормозларнинг фақатгина платформали бурилиш механизмларида қўлланилишига рухсат этилган. Тормозлар ёғ ва сув тушишидан ҳимояланган бўлиши лозим.

Юк кўтаргич (минора)ларнинг таянч-бурилиш мосламасининг узатгичи ўз-ўзидан тормозланадиган ёки тормоз билан жиҳозланган бўлиши лозим.

Тросли юк кўтаргич (минора)нинг кўтариш механизмида кажаванинг ўз-ўзидан тушиб кетишининг олдини олувчи мослама бўлиши лозим.


92. Тиркамали, ҳаракатланувчи юк кўтаргич (минора)лар ва махсус шассили юк кўтаргич (минора)ларда тўхташ тормозли бўлиши лозим.



5-§. Хавфсизлик асбоб-ускуналари

ва мосламаларига бўлган талаблар


93. Юк кўтаргич (минора)лар хавфсиз иш олиб бориши учун қуйидаги мосламалар билан жиҳозланиши лозим:

а) оғирлик меъёрини белгиловчи асбоб-ускуна;

б) анемометрлар билан (22 м дан баланд бўлган юк кўтаргич (минора)лар учун);

в) хизмат кўрсатиш майдонида кажава полининг горизонтал ҳолатини сақлаш мосламаси, бунда кажава полининг оғиш бурчаги 5 градусдан ошмаслиги лозим;

г) хизмат кўрсатиш майдонини чеклаш мосламаси;

д) қўлда ўрнатиладиган винтли таянчлардан ташқари, юк кўтаргич (минора) таянчга қўйилмаган ҳолларда тиззаларининг кўтарилиши ва бурилишини блокловчи ҳамда юк кўтаргич (минора) ўқининг иш ҳолатида таянч кўтаргич (минора)ни блоклаш мосламаси;

е) гидротизим, электр узатгич ёки гидросўрғич ишламай қолганда юкни авариясиз тушириш мосламаси;

ё) юк кўтаргич (минора)лар ҳаракатланаётган вақтда чиқариш таянчларининг йўналишни ўзгартириб кетишининг олдини олувчи мослама;

ж) юк кўтаргич (минора)лар оғиш бурчагини кўрсатувчи мослама.


94. Юклар юк кўтаргич (минора)ларнинг юк кўтариш даражасидан 10 фоиз ортиқ бўлганида юк кўтариш даражасини белгилаш мосламаси овозли сигнал бериши ва кўтариш механизмларини ўчириши лозим.

Юк кўтариш даражасини белгиловчи мослама ҳаракатга келган заҳоти юк кўтаргич (минора)нинг барча ҳаракати тўхтатилиши ва кажавадан ортиқча юк тушириб олиниши лозим.

Юк кўтариш даражасини белгиловчи мосламанинг ҳимоя тахтаси ёки релели (электрон) блоки тамғаланган бўлиши лозим.



6-§. Бошқариш тизимига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


95. Юк кўтаргич (минора)лар иккита бошқариш пультига эга бўлиши, улардан бири кажавада, иккинчиси эса пастда, қулай ҳолда масофадан бошқариладиган бўлиши лозим.


96. Иккита бошқарув тизимли юк кўтаргич (минора)ларда уларни бир вақтда икки томонлама бошқаришни тўхтатиб қолувчи блокировкаси бўлиши лозим.


97. Юк кўтаргич (минора)ларни бошқариш пульти двигателни авария вақтида ўчириши ва овозли сигнал бериш қурилмаси билан таъминланган бўлиши лозим.


98. 1000 В гача кучланишли электр тармоқларига хизмат кўрсатувчи юк кўтаргич (минора)даги бошқариш пульти тузилиши ва ўрнатилиши, шунингдек кабеллар юк кўтаргич (минора) металл тузилмалари ва пульт орасида камида 0,5 м гальваник ечимни таъминловчи изоляция бўлиши лозим.



7-§. Ҳимоялаш сиртларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


99. Юк кўтаргич (минора)ларни, йиғма бирликларини ва қисмларини кимёвий емирилишидан сақлаш учун уларнинг юзаси бўёқ ёки металл ва нометалл (ноорганик) қопламалар билан қопланади.


100. Бўёқ қопламалар ГОСТ 9.401-91 талабларига мос бўлиши лозим.


101. Юк кўтаргич (минора)ларнинг барча ишлов берилган, бўялиши шарт бўлмаган юзаси мой билан ёки ҳимоя воситаси билан қопланган бўлиши лозим.


102. Машиналар, механизмлар, йиғма бирикмалар ва қисмларнинг ички ва ташқи юзасини қоплаш ишлари қоплаш чизмасига асосан бажарилиши ва қоплама қалинлиги 4 - 8 мм бўлиши лозим.


103. Мойлаш нуқтаси, қуйиш ва оқизиш қопқоқлари бошқа деталлар рангидан фарқли ёрқин рангларда бўлиши лозим.



8-§. Гидротизим ва гидравлик жиҳозларга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


104. Гидротизим ва унинг гидравлик жиҳозларини ташкил этувчи қисмлари (гидро бўлувчилари, гидроклапанлари, гидроаккумуляторлари, гидроцилиндрлари, гидродвигателлари ва насослари), шунингдек иш суюқлиги, қувурлар ва тармоқлари сифат даражасини тасдиқловчи ҳужжатга эга бўлиши лозим.


105. Гидравлик тизимнинг тузилиши, унинг гидравлик жиҳозларининг зарарланишини ҳамда қувур ўтказгичлар, тармоқлар ва унинг бирикмалари металл қурилма билан туташиши натижасида зарарланишининг олдини олиши лозим.


106. Қувур ўтказгичлар, шунингдек тармоқларнинг бирикиш жойи, механизм ва асбоб-ускуналарнинг туташиш жойлари зичланган бўлиши лозим.


107. Гидротизим таъмирланганда ва ифлосланганда ишчи суюқлигидан батамом тозаланган бўлиши лозим.


108. Ҳар бир насоснинг босим йўлини сақлаш клапани ўрнатилган бўлиши ва ундаги суюқлик гидробакка оқизилиши лозим.


109. Гидротизимни иш суюқлиги билан хавфсиз ерга тўкмасдан тўлдириш, оқизиш ва гидротизимдан ҳавони чиқариб юборишга мўлжалланган бўлиши лозим.


110. Иш суюқлиги ҳимоя клапани ишлаб кетиш жараёнидан ташқари ҳолларда тўхтовсиз ҳаракатланиб туриши лозим.

Иш суюқлигининг ҳаракатланиш даражаси гидрожиҳознинг техник ҳужжатларида белгиланган талаблар билан аниқланади.


111. Ҳар бир гидравлик тасвирни ўз вақтида иш босими ошиб кетишидан сақлаш учун керакли босим остидаги ҳимоя клапани билан ҳимоялаш зарур. Созланган ҳимоя клапанлари юк кўтаргич (минора)дан хавфсиз фойдаланишга жавобгар ходим томонидан тамғаланиши лозим.


112. Гидрожиҳоз гидрокўтаргичнинг асос қисмига оғирлик тушиб кетишининг олдини олиши лозим.


113. Гидротизимда бириктириш қисмлари мавжуд бўлиб, уларнинг босимини назорат қилиш учун махсус мосламалар бўлиши лозим.


114. Гидроидишда иш суюқлигининг сатҳини кўрсаткичи ва хавфсиз назорат қилиш имкони бўлиши лозим. Иш суюқлиги сатҳини мой ўлчагич ойнаси ёрдамида назорат қилиш лозим.


115. Гидрокўтаргичда бир неча хил суюқлик идишлари ишлатилса, улар турли хил белгили бўлиши лозим.


116. Гидрокўтаргич машинистининг иш жойи яқинидаги қайишқоқ тармоқлари ҳимояловчи сирт ёки экран билан ҳимояланган бўлиши лозим.


117. Гидротизимнинг қувур ўтказгичлари хавфли тебранишларнинг олдини олиши, шунингдек бирикиш қисмлари зичлиги бузилиб кетмаслиги учун яхшилаб маҳкамланиши лозим.


118. Босим остидаги қувур ўтказгичларни пайвандлаб узайтиришга йўл қўйилмайди.


119. Гидроузатма ишламай қолган ҳолларда кажаванинг автоматик блокировка қилиш мосламасининг ишлаши таъминланиши (бунда тушириш тезлиги 0,2 м/с дан ошмаслиги лозим), шунингдек ўқ тирсагини бошқариш охирги шароитгача амалга оширилиши ва юк кўтаргич (минора)нинг хавфсиз ҳолатда бўлишини таъминлаши лозим.


120. Юк кўтаргич (минора)ларнинг кучланиши доимий 220 В ток билан таъминланган бўлиши лозим.


121. Юк кўтаргич (минора)ларда эгилувчан ва мис симли электр ўтказгичлар қўлланилиши лозим.


122. Электр ўтказгич симлари ва занжирининг кесими юзаси 1,5 кв.м. дан кам бўлмаслиги лозим.

100 В кучланишли занжирлар учун симлар қалайлаб уланган ва механик оғирликни кўтармайдиган бўлса, кесим юзаси 0,5 кв.мм. дан кам бўлмаган кўп тармоқли мис сим ва кабель ишлатилиши лозим.

Мазкур талаблар хавфсизлик асбоб-ускуналарининг сим ва кабелларига нисбатан жорий этилмайди.


123. Мой таъсири остида бўладиган жойлардаги симлар ва кабелларнинг зирҳи ва қобиқлари мой таъсирига чидамли бўлиши лозим.

Мой таъсирига чидамли бўлмаган сим ва кабелларнинг ишлатилишига қувурчалар орқали жиҳозларга зич ўрнатилгандагина йўл қўйилади.


124. Электр ўтказгичлар механик зарарланиш эҳтимоли бўлган жойларда уларни ҳимоялаш кўзда тутилиши лозим.


125. Юк кўтаргич (минора)ларнинг бошқариш тизими кучланиши 42 В дан ошмаслиги лозим.


126. Транспорт воситаси негизидаги юк кўтаргич (минора)ларнинг иш ва таъмирлаш жараёнларидаги электр энергияси кучланиши 24 В дан ошмаслиги лозим.


127. Бошқа юк кўтаргич (минора)ларнинг таъмирлаш жараёнидаги электр энергияси кучланиши 42 В дан ошмаслиги лозим.


128. Ташқи бошқарув пультининг қутиси (юк кўтаргич (минора)ни ердан бошқарганда) зирҳли материалдан ишланган ёки камида иккита сим орқали ерга уланган бўлиши лозим.


129. Электр қабул қилгичлар юк кўтаргич (минора)нинг металл тузилмаси билан яхшилаб уланган бўлиши лозим.



IV БОБ. ЮК КЎТАРГИЧ (МИНОРА)ЛАРНИ

ТЕХНИК ТЕКШИРУВДАН ЎТКАЗИШ ВА УЛАРДАН

ФОЙДАЛАНИШДА ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


130. Юк кўтаргич (минора)лар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасида рўйхатга олиниши лозим.

Рўйхатга олиш юк кўтаргич (минора)ларнинг техник паспорти асосида амалга оширилиши лозим.



2-§. Юк кўтаргич (минора)ларни техник текширувдан

ўтказишга қўйиладиган талаблар


131. Юк кўтаргич (минора)ларни техник текширувдан ўтказиш уларнинг мазкур Қоида талабларига ва техник ҳужжатларга мослигини, хавфсиз ишлашининг таъминланганлигини, хавфсизлик асбоб-ускуналари ва қурилмаларининг созлигини аниқлаш мақсадида амалга оширилади.


132. Юк кўтаргич (минора)лар техник текширувдан ўтказилганда унинг барча механизмлари, гидрожиҳозлари, хавфсизлик асбоб-ускуналари ва қурилмалари, тормози, бошқариш аппаратлари, ёриткичлари, сигнализацияси текширилиши ва кўрикдан ўтказилиши керак.


133. Юк кўтаргич (минора)лар қуйидаги муддатларда техник текширувдан ўтказилиши лозим:

а) қисман - 12 ойда бир марта;

б) тўлиқ - 3 йилда бир марта.


134. Юк кўтаргич (минора)ларни статик синовдан ўтказишда унинг фойдаланиш қўлланмасида баён этилган услубда кўтариш қувватидан 50 фоиз ортиқ юк билан юк кўтаргич (минора) ҳамда унинг алоҳида қисмлари мустаҳкамлиги ва чидамлилиги текширилиши лозим.


135. Юк кўтаргич (минора)ни динамик синовдан ўтказиш ишлари кажавага номинал юк кўтариш даражасидан 10 фоиз ортиқ юк ортилиб, унинг механизмлари ҳаракатини ва тормозини синаш учун олиб борилиши лозим.

Динамик синов вақтида кажаванинг барча ҳаракатлари камида уч босқичда амалга оширилиши лозим.

Бунда бир томондаги таянчнинг ердан узилиши чидамлилик даражаси йўқолиши ҳисобланмаслиги лозим.


136. Юк кўтаргич (минора)ларнинг юк даражасини чекловчи мосламани синаш 6 ойда камида бир марта олиб борилиши лозим. Синов ишларини юк кўтаргич (минора)ларни соз ҳолда тутишга жавобгар шахс иштирокида олиб бориш лозим.

Юк даражасини чекловчи мосламанинг ишлаб кетиш ҳолатини номинал юкдан 10 фоиздан ортиқ юк билан текшириш ва синов натижалари машинистнинг навбатчилик журналига ҳамда юк кўтаргичнинг техник паспортига ёзиб қўйилиши лозим.



3-§. Юк кўтаргич (минора)лардан хавфсиз

фойдаланишга қўйиладиган талаблар


137. Юк кўтаргич (минора)лар кўтараётган юкнинг оғирлиги ва унинг кўтариш қувватидан ортиқ бўлмаса ҳамда унинг таянчлари (агар улар қўлланилса) ўрнатилган бўлсагина ишга туширилиши мумкин.


138. Фойдаланилаётган юк кўтаргич (минора)лар, уларнинг қайд этилиш рақами, кўтариш қуввати, қисман ва тўлиқ техник текширувдан ўтиш санаси кўрсатилган тахтача билан таъминланиши лозим.


139. Юк кўтаргич (минора)лардан фойдаланганда уларни шамол таъсирида ёки ернинг оғиш жойларида ағанаши ва ўз-ўзидан сурилишининг олдини олиш чоралари қўлланилиши лозим.


140. Юк кўтаргич (минора)лардан фойдаланишда қуйидагилар таъминланиши лозим:

юк кўтаргич (минора)лардан фойдаланиш лойиҳаларининг технологик чизмаларни ишлаб чиқариш жараёни олиб бориладиган жойларига юборилиши;

юк кўтаргич (минора)ларда хавфсиз иш олиб боришга жавобгар ходимлар, машинистлар, кажава ходимлари, зарур ҳолларда арқончиларнинг иш олиб бориш лойиҳаси билан таништирилиши;

зарур ҳолларда арқончиларнинг кўчирилаётган юк тавсифига ва оғирлигига мос тамғали юкни ушлаш мосламалари ҳамда идишлар билан таъминланиши;

юк кўтаргич (минора)лардан фойдаланиш қўлланмаси ёки асбоб-ускунанинг паспортида кўрсатиб ўтилган муддатларда назорат юки билан ортиқча юкни чеклагичнинг синовдан ўтказиши;

юк кўтаргич (минора)ларни белгиланган шаклдаги талабномаларга кўра объектларга бўлиш ва жўнатиш тартиби аниқланиши ва унга риоя қилиниши таъминланиши лозим.


141. Кучланиши 42 В дан юқори бўлган электр узатиш тармоқлари ёки электр тармоғининг ҳаводаги белгиланган четидан камида 30 м оралиқда юк кўтаргич (минора)ни ўрнатиш ва хавфсиз иш олиб бориш шароитининг яратилганлиги таъминланган ишга киришиш рухсатномаси бўлиши лозим.


142. Юк кўтаргич (минора)ларда хавфсиз иш бажарилиши учун қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

юк кўтаргич (минора) билан иш олиб борилаётган жойда бегона шахслар бўлмаслиги;

механизмларни, электр жиҳозларни, юк кўтаргич (минора) металл тузилмаларни кўрикдан ўтказиш, таъмирлаш ва созлашда ҳаракатлантиргич ёки ишга тушириш қурилмаси (бор бўлса) ўчирилиши;

қурилиш-монтаж ишлари юк кўтаргич (минора)ларда иш бажариш лойиҳаларига асосан юк кўтариш шароитига, кўтариш баландлигига кўра ўрнатилганлиги ва юк кўтаргич (минора)ларнинг мослиги;

тармоқ ва ҳаво электр узатиш чизиқлари, шаҳар транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш жойи, шунингдек қурилиш материаллари ва қисмлари жойлаштирилган жойларга юк кўтаргич (минора)ларнинг яқинлашиш орасида хавфсиз масофанинг таъминланиши;

юк кўтаргич (минора)ларни котлаван ёки чуқурликлар ёнбағрида хавфсиз ўрнатиш ва ишлатиш шароити яратилиши;

бир нечта юк кўтаргич (минора)ларнинг хавфсиз ишлаш шароити яратилиши;

илгак билан жиҳозланган юк кўтаргич (минора)ларда арқонлашнинг график чизмаси ва ишлатиладиган юкни ушлаш мосламалари рўйхати тузилиши;

юк кўтаргич (минора)лар ўрнатилган жойнинг аниқ шароитларини ҳисобга олган ҳолда хавфсиз иш олиб бориш чора-тадбирлари (қурилиш майдони, монтаж жойи ёки иш жойининг ўралиши, куннинг қоронғи вақтида ёритиш даражаси 20 В дан кам бўлмаслиги ва бошқалар).


143. Юк кўтаргич (минора)лар кажавалари ҳаракатланганда қуйидаги тартиб сақланиши лозим:

а) кажавага кириш ва ундан чиқиш ўтказиш майдончаси орқали амалга оширилиши, кажава кўтарилганда ёки туширилганда кириш йўли ёпқич билан беркитилиши;

б) кажавада ишловчи ходимлар каскада ва кажава тузилмаси қисмига ёки скобага хавфсизлик камари билан боғланган бўлиши;

в) юк кўтаргич (минора)ларга хизмат кўрсатиш доирасидаги машинист ҳам каскада бўлиши лозим;

г) кажавада ишловчи ходимлар панжарага ўтириши ва туриши, кажава полига нарсалар қўйиши ҳамда панжарадан ташқарига осилиши тақиқланади.


144. Кажавага горизонтал оғирлик тушишига олиб келувчи ишларнинг бажарилиши тақиқланади (трос ёки симларни тортишда, узатувчи (синдирувчи) болғалар билан ишлаганда ва бошқалар).


145. Юк кўтаргич (минора)лардан 10 м баландликда фойдаланиш шамолнинг тезлиги 10 м/с бўлганда, момақалдироқда, кучли ёмғир ёғганда, туманда ва қор ёғганда, шунингдек атроф-муҳитнинг ҳарорати юк кўтаргич (минора)нинг техник паспортида кўрсатилганидан паст бўлганида тўхтатилиши лозим.


146. Юк кўтаргич (минора)лар ишлаётган вақтда машинист ва кажавада ишловчи ходимлар орасида мунтазам алоқа бўлиши лозим. Бунда кажава 10 м гача баландликка кўтарилганда - овозли, 10 м дан баландда - белгили сигнал (2-илова берилган) ва 22 м дан баландда - радиотелефон алоқасидан фойдаланилади.


147. Юк кўтаргич (минора)ларни бир жойдан бошқа жойга кажавада ходимлар ёки юк бўлганда кўчириш тақиқланади.


148. Юк кўтаргич (минора)ларда иш бажариш майдони қуйидаги талабларга мос бўлиши лозим:

а) кириш йўлининг бўлиши;

б) қиялик даражаси юк кўтаргич (минора)нинг техник паспортида кўрсатилган бурчакдан ошмаслиги;

в) янги сочилган ва бостирилмаган тупроқнинг прессланганлиги;

г) майдончанинг ҳажми юк кўтаргич (минора)нинг барча таянчларини ўрнатиш имконини бериши ҳамда бўш тупроқли ерда - ўрнатилган таянчлари остига мустаҳкам негиз, сирпанчиқ тупроқли ерда - тирноқли негиз жойлаштирилиши.



4-§. Юк кўтаргич (минора)ларни таъмирлаш ва пайвандлашга

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


149. Юк кўтаргич (минора)ларнинг металл конструкциялари, қисмлари ва механизмларини тиклаш ҳамда таъмирлаш ишлари учун ГОСТ 380-2005 талабларига мос материаллар ишлатилиши лозим.


150. Металл тузилмаларнинг уланиш қисмларини пайвандлашда ГОСТ 2246-70 талабларига мос электрод ёки пайванд симларидан фойдаланилиши лозим.


151. Пайвандлаш ишларига белгиланган тартибда аттестациядан ўтган пайвандчилар қўйилади.


152. Металл тузилмалар қисмлари ва бирикмаларининг пайванд чокларига термик ишлов беришда юк кўтаргич (минора)ларни ишлаб чиқарувчи ташкилотнинг ишлаб чиқариш ва таъмирлашдаги технологик жараёнини кўзда тутиши лозим.

Термик ишлов тури ва тартиби пайвандлаш технологияси билан белгиланади.


153. Юк кўтаргич (минора)ларнинг металл қурилмаларини пайвандлаш ишлари пайвандлаш бирикмалари сифатига салбий таъсир ўтказмайдиган хоналарда бажарилиши лозим.

Очиқ ҳавода пайвандлаш ишларига махсус технологиялар асосида ёғинлар (ёмғир, қор) ва шамолдан ҳимоялаш мосламалари бўлгандагина рухсат этилади.


154. Техник назорат бўлими (ТНБ) томонидан кўтаргич (минора)ларни қайта тиклаш ва таъмирлашда олиб бориладиган назорат ишлари ГОСТ 3242-79 да кўзда тутилган кимёвий емирмайдиган назорат усуллари ва механик синовлар ёрдамида амалга оширилиши лозим.


155. Юк кўтаргич (минора)ларнинг техник қисмларини яроқсиз деб ҳисоблаш мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ амалга оширилиши лозим.



V БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК


156. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


157. Мансабдор шахслар ва ходимлар хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


158. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги, "Ўзбекистон темир йўллари" Давлат-акционерлик темир йўл компанияси ва Тошкент шаҳар ҳудудий коммунал фойдаланиш бирлашмаси билан келишилган.






Қоидаларга

1-ИЛОВА



Юк кўтаргич (минора)лар техник қисмларини

яроқсиз деб ҳисоблаш

ТАРТИБИ

Қисмларнинг номи


Яроқсиз деб ҳисоблашга асос


Блоклари

Блок ирмоғи радиусининг бошланғич ҳолатидан 40 фоиздан ортиқ емирилиши


Ғалтаклари

Ҳар хил ҳажмдаги ёрилишлар. Ғалтак ирмоғи кўринишининг 2 мм дан ортиқ емирилиши


Илгаклари

Юзасидаги ёрилишлар, илгакнинг бошланғич вертикал бирикувидан ҳалқумнинг 10 фоиздан ортиқ емирилиши


Тормоз шкивлари

Иш қурилмаларининг юзасидаги ёрилиш ва синиқлар. Ҳалқа иш юзасининг бошланғич ҳолатидан 25 фоиздан ортиқ емирилиши


Тормоз устки қисми

Тормоз устки қисми қалинлигининг ўзаги кўрингунча ёки бошланғич ҳолатидан 50 фоиздан ортиқ емирилиши


Шестернялар, тишли ғилдираклари

Ҳар хил ҳажмдаги дарзлар.

Қалинлиги жиҳатидан тишларнинг емирилиши:

кўтариш механизмида - 15 фоиздан юқори;

айланиш механизмида - 20 фоиздан юқори;

очиқ узатишларда - 25 фоиздан юқори бўлса.


Қирқмали қисмлари

Кўздан кечирилганда ипнинг сезиларли емирилганлиги


Металл тузилмалари

Тарамларнинг емирилиши:

бошланғич ҳолати (L, мм);

фойдаланилгандан кейинги ҳолати (ΔL, мм);

уларнинг орасидаги фарқ (L/500).


          





Қоидаларга

2-ИЛОВА



Юк кўтаргич (минора)лардан

фойдаланишда қўлланиладиган

СИГНАЛЛАР

1-расм. Кўрсатма беришга тайёрлик.

2-расм. Тўхташ.

3-расм. Секинлашиш

4-расм. Кўтариш

5-расм. Тушириш

6-расм. Йўналишни кўрсатиш

7-расм. Тиззани (мил) кўтариш

8-расм. Тиззани (мил) тушириш

9-расм. Тиззани (мил) узатиш (чўзиш)

10-расм. Тиззани (мил) йиғиш

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 2-сон, 23-модда





















































Время: 0.2152
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск