ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Айрим тоифадаги жиноий ишлар бўйича қарорлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.11.2011 й. 9-сон "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузишга оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.11.2011 й.

N 09


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ КЕСИБ ЎТИШ

ТАРТИБИНИ БУЗИШГА ОИД ИШЛАР

БЎЙИЧА СУД АМАЛИЁТИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузишга оид ишлар бўйича суд амалиётида масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан ҳамда мазкур тоифадаги ишларни кўриб чиқишда судлар томонидан йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикасига эркин келиш ва ундан чиқиб кетиш ҳуқуқига эга бўлиб, қонунда белгиланган чеклашлар бундан мустасно.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби қуйидагилар билан тартибга солинади:

1999 йил 20 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги Қонун (бундан буён матнда Қонун деб юритилади);

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги "Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартибини такомиллаштиришга доир муҳим чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПФ-5156-сонли Фармони;

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижга чиқиш тартиби тўғрисидаги низом (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 26 декабрдаги ПҚ-4079-сонли қарорининг 1-иловаси);

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 21 ноябрдаги 408-сонли қарори билан тасдиқланган "Хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Ўзбекистон Республикасига келишлари ва Ўзбекистон Республикасидан кетишлари Тартиби" (бундан буён матнда хорижий фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби деб юритилади);

бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан.

2. Судларга тушунтирилсинки, ЖК 223-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарлик шахс чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш ёхуд Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш юзасидан белгиланган тартибни фақат қасддан бузган ҳоллардагина келиб чиқади.

Шахс томонидан Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибининг эҳтиётсизлик оқибатида (масалан, ориентирни йўқотиш оқибатида), ноиложликдан (масалан, табиий офат ёки техноген хусусиятга эга ҳодиса, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан таҳдид этиш оқибатида) ёки шахснинг эркига боғлиқ бўлмаган ҳолларда (масалан, унинг ожиз аҳволдалигидан фойдаланган ҳолда) бузилиши мазкур жиноят таркибини ташкил этмайди.

Сиёсий бошпана ҳуқуқидан фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартибини бузган ҳолда Ўзбекистон Республикасига келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ЖК 223-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилмайдилар.

3. Жиноят кодекси 223-моддасининг биринчи қисми диспозициясига кўра, мазкур жиноят қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш ёки қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишда ифодаланган бир ёки бир неча ҳаракатлар кўринишида содир этилиши мумкин.

Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш деганда, жумладан, Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасининг белгиланган ўтказиш пунктлари орқали (Қонуннинг 12-моддаси), бироқ белгиланган ҳужжатларсиз ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли давлат органлари томонидан бериладиган тегишли рухсатномасиз кесиб ўтилиши тушунилиши лозим.

Қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш деганда, жумладан, ҳақиқий ҳужжатлар ва кириш-чиқишга рухсатнома бор-йўқлигидан қатъи назар, унинг белгиланган ўтказиш пунктларидан ташқари жойдан кесиб ўтилиши тушунилиши лозим.


4. Ўзбекистон Республикасига кириш учун қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун хорижга чиқиш биометрик паспорти (дипломатик паспорт, идентификация электрон картаси ID-карта), вақтинча хорижда турган ва консуллик рўйхатига олинмаган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун хорижга чиқиш биометрик паспорти йўқолган, яроқсиз ҳолга келган, унинг амал қилиш муддати тугаган, маълумотлар ёки визалар учун мўлжалланган саҳифаларидан фойдаланиб бўлинган ҳолатларда, шунингдек, суд ажрими билан унинг амал қилиши тўхтатиб турилганда янги хорижга чиқиш биометрик паспорти ёки Ўзбекистон Республикасига қайтиш учун гувоҳномаси;

хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун - амалдаги миллий паспорт (дипломатик паспорт), шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, Ўзбекистон Республикасига кириш учун (кириш, транзит) виза ва хорижий фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби II бўлимида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.

5. Ўзбекистон Республикасидан чиқиш учун қуйидаги ҳужжатлар асос бўлади:

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун - амалдаги хорижга чиқиш биометрик паспорти (дипломатик паспорт), чет эл давлатига кириш визаси (Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визалари расмийлаштирилиши талаб этилмайдиган хорижий давлатлар бундан мустасно);

хорижий фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун амалдаги миллий паспорт (дипломатик паспорт), шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжат, Ўзбекистон Республикасига кириш-чиқиш учун виза ва хорижий фуқаролар кириш-чиқиш Тартиби I, III бўлимларида назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.

6. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда (масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 5 мартдаги "Мансабдор шахсларнинг хорижий мамлакатларга чиқиш тартибини такомиллаштириш чоралари тўғрисида"ги ПҚ-2142-сонли қарори) муайян тоифадаги шахсларнинг (ҳарбий хизматчилар, давлат сири бўлган маълумотлардан хабардор шахслар ва ҳ.к.ларнинг) чет элга чиқиши учун хорижий давлат билан визасиз режим мавжудлигидан қатъий назар, бошқача тартиб белгиланиши мумкин. Бинобарин, мазкур тоифадаги шахсларнинг виза расмийлаштирилиши талаб этилмайдиган хорижий давлатларга махсус рухсатсиз чиқиши уларнинг ЖК 223-моддаси билан жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

7. Судларга тушунтирилсинки, ЖК 223-моддаси бўйича жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси фуқаролари хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштирилмаган ҳолда ёки амал қилиш муддати ўтган хорижга чиқиш биометрик паспорти билан Ўзбекистон Республикасидан, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ уларга кириш учун кириш визалари талаб этилмайдиган ҳар қандай хорижий давлатдан бошқа, кириш визаси расмийлаштирилиши талаб этиладиган хорижий давлатга кирган ҳолларда келиб чиқади.

Шу билан бирга, фуқаролар кириш-чиқиш Тартибида Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг хорижий давлат ҳудудида бўлиши муддати чегараси белгиланмаганлиги сабабли, уларнинг хорижий давлат ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланган муддатлардан ортиқ бўлишлари маъмурий (МЖТК 226-моддаси) ёки жиноий (ЖК 223-моддаси) жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди.

8. Жиноят кодекси 223-моддасида назарда тутилган жиноят Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси чизиғи кесиб ўтилган пайтдан бошлаб, Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида эса - чегара назоратидан ўтилган пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади.


9. Судларга тушунтирилсинки, агар жиноят Давлат чегарасини ёриб ўтиш йўли билан содир этилган бўлса, шахснинг ҳаракатлари ЖК 223-моддаси иккинчи қисмининг а банди билан квалификация қилиниши лозим. Бунда ёриб ўтиш деганда, жумладан, қўриқланадиган Давлат чегарасини чегара постига ёки чегарачилар нарядига ҳужум қилиш, чегара қўшинларининг қонуний фаолиятига бошқача фаол қаршилик кўрсатиш (масалан, Давлат чегараси режими талабларига очиқдан-очиқ бўйсунмаслик, ўзининг хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилиш), Давлат чегарасини қўриқлашга доир техник воситаларни нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш ва ҳ.к. йўли билан кесиб ўтишда ифодаланган ҳаракатлар тушунилиши лозим.

Агар Давлат чегарасини ёриб ўтиш пайтида айбдор томонидан Давлат чегарасини қўриқловчи шахс баданига қасддан оғир шикаст етказилган ёки у қасддан ўлдирилган бўлса, қилмиш ЖК 223-моддаси ва тегишлича ЖК 104, 97-моддаларида назарда тутилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим. Бундай ҳолатларда қасддан баданга енгил ёки ўртача оғирликдаги тан жароҳати, шунингдек мулкий зиён етказилиши ЖК 223-моддаси иккинчи қисми диспозицияси билан қамраб олинади ва тегишлича ЖК 105, 109 ва 173-моддалари билан қўшимча квалификация қилинишни талаб этмайди.


10. Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 223-моддаси иккинчи қисмининг "г" бандида назарда тутилган жиноят субъекти бўлиб, фақат хорижий мамлакатларга чиқиши махсус келишувни талаб қиладиган мансабдор шахслар бўла оладилар (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 5 мартдаги ПҚ 2142-сонли қарорининг 1 ва 2-бандлари).

11. Агар шахс қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш ёки қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш пайтида бошқа жиноятлар (ҳужжатларни қалбакилаштириш, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланиш, контрабанда, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилиш, божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш ва бошқалар) содир этган бўлса, айбдорнинг ҳаракатлари содир этилган жиноятлар мажмуи бўйича квалификация қилиниши лозим.

Чегарачилар наряди таркибида бўлган шахс томонидан чегара хизматини ўташ қоидаларини бузиш, агар бу қилмиш қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишга олиб келган бўлса, ЖК 294-моддаси иккинчи қисми а банди билан квалификация қилинади ва ЖК 223-моддаси билан қўшимча квалификация қилинишни талаб этмайди.


12. Жиноят кодекси 223-моддаси диспозицияси бланкет норма бўлганлиги туфайли, шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда дастлабки тергов органлари шахс томонидан чет элга чиқиш, Ўзбекистон Республикасига кириш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтиш тартибини белгиловчи айнан қайси норматив-ҳуқуқий ҳужжат талаби бузилганлигини аниқ кўрсатишлари шарт. Суд ҳукмида ҳам мазкур жиноятни содир этишда айбдор деб топилган шахснинг ҳаракатларида ЖК 223-моддасида назарда тутилган белгилардан қайси бири мавжудлиги аниқ кўрсатилиши лозим.

Дастлабки тергов органлари ва судлар томонидан жиноят-процессуал қонуни талабларига риоя этилмаслиги ишнинг ЖПК 416 ва 417-моддалари талабларидан келиб чиқиб ҳал қилинишига сабаб бўлади.

13. Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишга доир ишларни кўриш вақтида судлар, эҳтиётсизлик оқибатида Давлат чегарасини кесиб ўтиш тартиби бузилишига йўл қўйган шахсларнинг ноқонуний судланиши ҳолларини истисно этиш мақсадида, айбдорнинг ҳаракатлари хусусиятини синчковлик билан аниқлашлари зарур. Иш бўйича шахс қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортилганлиги факти аниқланган ҳолда суд бунга тегишли муносабат билдириб, жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқариши керак.

Мазкур тоифага доир ҳар бир иш бўйича айбдор шахсга нисбатан адолатли, қилмишга мутаносиб жазо белгилаш мақсадида судлар, шунингдек жиноятнинг содир этилиши мотивини, моддий зарар етказилган-етказилмаганлигини, етказилган моддий зарар миқдорини аниқлашлари лозим.


14. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасига кириш, қонунга хилоф равишда Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан ўтишга доир ишларни кўриш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари, бу тоифадаги ишлар бўйича суд қарорлари қонунийлиги ва асослилигини чуқур текширишлари, йўл қўйилган моддий ва процессуал қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.

Олий суд раиси                                                                  Б. Мустафаев


Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                               В. Назаров





































Время: 0.1354
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск