Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Жисмоний тарбия ва спорт /

Ўзбекистон Республикаси ягона спорт таснифи тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 06.02.2012 й. 2323-сон билан рўйхатга олинган Маданият ва спорт ишлари вазирининг 23.12.2011 й. 1166-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2012 йил 6 февралда 2323-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Маданият ва спорт

ишлари вазирининг

2011 йил 23 декабрдаги

1166-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ягона

спорт таснифи тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2000 й., 5-6-сон, 147-модда) ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 5 апрелдаги 96-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги тўғрисидаги низомга (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2005 й., 14-сон, 104-модда) мувофиқ, ягона спорт таснифи (кейинги ўринларда ЯСТ) бўйича республика спорт унвонлари ва тоифаларини ҳамда уларни беришнинг тартибини белгилайди.



I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Республика спорт унвонлари ва тоифалари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тан олинган ҳамда белгиланган тартибда спорт турлари реестрига киритилган спорт турлари бўйича берилади.


2. ЯСТ асосан республика аҳолиси, биринчи навбатда, ёш авлоднинг спорт маҳорати даражасини баҳолашнинг ягона тизимини таъминлашга мўлжалланган.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


ваколатли органлар - Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши ва унинг ҳудудий бўлинмалари;


спорт тури - одамнинг спорт мусобақаларига ўзига хос тайёрланишини тавсифлайдиган, мусобақаларни ўтказиш ва уларда қатнашиш талаблари, тартиби ва шарт-шароитлари уларга мувофиқ белгиланадиган ўз қоидаларига эга бўлган жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолият тури;


жисмоний тарбия-спорт ташкилоти - ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, фаолиятнинг асосий тури сифатида жисмоний тарбия ва спорт соҳасида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс;


чемпионат - энг кучли спортчилар (жамоалар) ўртасидаги мусобақалар;


меъёрлар - ўлчовлар тизимидаги узунлик, оғирлик ва вақт ўлчовлари;


талаблар - очколар, баллар, жамоа ёки шахсий мусобақаларда тегишли ўринларни эгаллаш, рақиб устидан ғалабага эришиш ҳамда маълум бир рейтингни тўплаш бўйича талаблар.



II. ЯСТ ВАЗИФАЛАРИ


4. ЯСТнинг асосий вазифалари:

ёшларда спортга қизиқишнинг шаклланиши, фуқароларнинг спорт билан фаол шуғулланишга жалб қилиниши, спорт билан шуғулланувчиларнинг ҳар томонлама жисмоний тайёргарлиги ва спорт маҳорати оширилишини таъминлаш;

ҳар хил спорт турларида спорт натижаларининг ягона баҳоланишини таъминлаш, спортнинг мамлакатимиз ва жаҳонда ривожланиш даражаси ҳамда муайян спорт тури олдига қўйилган вазифаларга мувофиқ равишда республика спорт унвонлари ва тоифаларини бериш тартибини белгилашдан иборат.


5. ЯСТни қўллашда асосан спорт турларининг ривожланишига кўмаклашиш, мусобақалар ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда халқаро мусобақаларга тайёргарлик даражасини ошириш инобатга олинади.



III. РЕСПУБЛИКА СПОРТ УНВОНЛАРИ ВА ТОИФАЛАРИ


6. Мазкур Низомга мувофиқ, спортчиларга қуйидаги республика спорт унвонлари ва тоифалари берилади:

а) республика спорт унвонлари:

"Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси" (ХТСУ) ёки "Халқаро гроссмейстер" (ХГ);

"Ўзбекистон спорт устаси" (СУ) ёки "Ўзбекистон гроссмейстери";

б) республика спорт тоифалари:

"Спорт усталигига номзод" (СУН) ёки "Ўзбекистон гроссмейстерига номзод";

I тоифа;

II тоифа;

III тоифа;

I ўсмирлар тоифаси;

II ўсмирлар тоифаси;

III ўсмирлар тоифаси.



IV. РЕСПУБЛИКА СПОРТ УНВОНЛАРИ

ВА ТОИФАЛАРИНИ БЕРИШДА СПОРТЧИ

ЁШИГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


7. Мусобақа қатнашчиларининг ёш гуруҳлари (катта ёшдагилар, ёшлар (юниорлар) ва ўсмирлар) халқаро спорт федерацияларининг мусобақа қоидалари билан, халқаро ташкилотларга эга бўлмаган спорт турларида эса, спорт турлари бўйича республика спорт федерациялари (уюшмалари, марказлари ва бошқалар) қоидалари билан белгиланади.


8. Республика спорт унвонлари ва тоифалари спортчиларга мусобақа қоидаларида белгиланган ёшда тегишли меъёрлар ва талаблар бажарилган ҳолларда берилади. Мусобақа қатнашчиларининг ёш гуруҳлари ҳар бир спорт турида унинг ўзига хос хусусиятига қараб аниқланади.


9. Меъёрлар ва талабларни бажариш шартларида қуйидагилар кўрсатилади:

республика спорт унвони ва тоифасини беришда энг кичик ёш;

спортчиларнинг ёш гуруҳлари ва улар учун кўзда тутилган тегишли тасниф дастурлари;

турли ёшдаги спортчиларнинг маълум бир ёшдаги спортчилар билан бир қаторда умумий асосда мусобақаларда (жумладан, республика ва халқаро) қатнаша олишлиги;

республика спорт унвонлари ва тоифаларига тааллуқли меъёрлар ва талаблар.



V. РЕСПУБЛИКА СПОРТ УНВОНЛАРИ

ВА ТОИФАЛАРИНИ БЕРИШ УЧУН

МУСОБАҚАЛАРНИНГ НУФУЗИ


10. ЯСТга киритилган спорт турлари қуйидаги гуруҳларга бўлинади:

Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари (олимпия спорт турлари);

Миллий спорт турлари - бир мамлакатга ва шу мамлакатнинг миллатига хос бўлган спорт тури. У тарихдан шу мамлакатнинг урф-одатлари ва хусусиятларини инобатга олган ҳолда шаклланган ва ривожланиб келган спорт тури. Миллий спорт тури ўзига хос қоидаларга эга бўлади;

Олимпия ўйинлари дастурига киритилмаган спорт турлари (ноолимпия спорт турлари);

Ўзбекистон Республикасининг идоравий мансублиги бўйича ривожланган спорт турлари (техник ва амалий спорт турлари). Ушбу спорт турлари тегишли ташкилотларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда (ёнғин хавфсизлиги, мудофаа, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва шунга ўхшаш) шаклланган спорт турлари ҳисобланади.


11. Нуфузли мусобақаларга Олимпия ва Осиё ўйинлари, Жаҳон ва Осиё чемпионатлари ва кубоклари, турли халқаро мусобақалар ва турнирлар, Ўзбекистон чемпионатлари ва кубоклари, ҳудудий чемпионатлар ва кубоклар, турли республика ва ҳудудий мусобақалар ва турнирлар киради.


12. Олимпия ўйинлари нуфузи Халқаро Олимпия қўмитаси (кейинги ўринларда ХОҚ деб юритилади) томонидан белгиланади. Жаҳон ёки Осиё чемпионати, кубоги, халқаро турнирлар нуфузи ХОҚ тан олган тегишли халқаро спорт федерацияси томонидан белгиланади.


13. ХОҚ тан олмаган спорт турлари бўйича жаҳон чемпионати ва кубоги нуфузи, ушбу мусобақаларда камида 20 та мамлакатнинг вакиллари ва (ёки) терма жамоалари қатнашган тақдирда тан олинади. Осиё чемпионати ва кубоги нуфузи, ушбу мусобақаларда камида 10 та миллий жамоалар қатнашганда тан олинади.


14. Халқаро мусобақалар нуфузи спорт турлари бўйича халқаро федерациялар томонидан расмий рўйхатга киритилган халқаро мусобақалар бўйича тан олинади. Бу мусобақаларда камида 6 та давлат қатнашган бўлиши керак.


15. Ўзбекистон чемпионати ва кубоги нуфузи мусобақаларнинг Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ёки Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгашининг спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирлари календарь режасига киритилиши билан белгиланади. Ушбу спорт тури бўйича мусобақаларда республика ҳудудларидан камида ярми қатнашиши лозим (қишки спорт турларидан ташқари). Шунингдек, "Умид ниҳоллари", "Баркамол авлод", "Универсиада", "Умумармия ўйинлари" ва шу каби комплекс мусобақалар ҳам чемпионат нуфузига киради.


16. Республика мусобақалари нуфузи республика ҳамда халқаро спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган мусобақалар бўйича тан олинади. Ушбу мусобақаларнинг ҳар бир дастури бўйича республиканинг камида 3 та ҳудудидан спортчилар (жамоалар) қатнашиши лозим. Ушбу спортчилар (жамоалар) ўтган йил якунларига кўра республикада чемпионатлар ва кубоклар бўйича мусобақаларда энг кучли олтиликка кирган бўлишлари лозим.


17. Турли ташкилотлар чемпионатлари ва кубоклар нуфузи шу ташкилотлар томонидан республика спорт федерациялари (уюшмалари, марказлари ва бошқалар) билан келишилган ҳолда ўтказиладиган республика ҳамда халқаро спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режасига киритилган мусобақалар бўйича тан олинади.


18. Қорақалпоғистон Республикаси мусобақалари нуфузи (чемпионат, кубок) Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар мусобақалари нуфузи (чемпионат, кубок) Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари томонидан белгиланади.



VI. МЕЪЁРЛАР ВА ТАЛАБЛАРНИ ТУЗИШ


19. Меъёрлар ва талаблар мазкур Низомнинг 23-бандида келтирилган ташкилотлар томонидан киритилган тақдимномалар асосида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тузилади ва унинг ҳайъат йиғилишида тўрт йилга тасдиқланади. Меъёрлар ва талаблар даврийлиги Олимпия ва Паралимпия ўйинларининг ўтказилишини инобатга олган ҳолда аниқланади.


20. Меъёрлар ва талаблар спорт турининг хусусиятлари, спортчилар жинси ва ёшига қараб белгиланади.


21. Спорт турининг хусусиятларига қараб ушбу спорт тури учун фақатгина меъёрлар ёки талаблар ёхуд бир вақтнинг ўзида меъёрлар ва талаблар қўлланилиши мумкин.


22. Меъёрлар ва талабларда спорт турлари алфавит тартибида жойлаштирилади.


23. Меъёрлар ва талабларни бажариш шартлари қуйидаги ташкилотлар тақдимномасида шакллантирилади:

республика олий спорт маҳорати мактаблари;

спорт тури бўйича республика федерациялари (уюшмалари, марказлари ва бошқалар);

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби, Ички ишлар вазирлигининг "Динамо" жисмоний тарбия-спорт жамияти, Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши.


24. Меъёрлар ва талабларга ўзгартиришлар ёки қўшимчалар мазкур Низомнинг 23-бандида кўрсатилган жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари тақдимномасига асосан киритилади.



VII. РЕСПУБЛИКА СПОРТ УНВОНЛАРИ

ВА ТОИФАЛАР БЕРИШ ШАРТЛАРИ


25. Республика спорт унвонлари Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлган спортчиларга берилади.


26. Республика спорт тоифалари Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган спортчиларга берилади.


27. Республика спорт унвонлари ва тоифалари мазкур Низомнинг 11 - 18-бандларида кўрсатилган нуфузли мусобақаларда ҳар бир спорт тури ва спорт предмети бўйича тасдиқланган меъёрлар ҳамда талабларни бажарган спортчиларга берилади.


28. Республика спорт унвонлари ва тоифаларини бериш учун нуфузли мусобақаларда ҳакамлар ҳайъати таркиби ва даражаси камида қуйидагича бўлиши лозим:

а) Республика спорт унвонлари бўйича:

ХТСУ унвони - 2 нафар халқаро ва 3 нафар миллий тоифадаги ҳакамлар;

СУ ёки "Ўзбекистон гроссмейстри" унвони - 3 нафар миллий тоифадаги ҳакамлар;

б) республика спорт тоифалари бўйича:

СУН ёки "Ўзбекистон гроссмейстерига номзод" - 1 нафар миллий тоифадаги ва 3 нафар I тоифадаги ҳакамлар;

I тоифа - 3 нафар I тоифадаги ҳакамлар;

II ва III тоифалар - 2 нафар I тоифадаги ҳакамлар.

Ўсмирлар тоифалари - 1 нафар I тоифадаги ҳакам.



VIII. РЕСПУБЛИКА СПОРТ УНВОНЛАРИ

ВА ТОИФАЛАРИНИ БЕРИШ


29. "Халқаро гроссмейстер" унвони тегишли халқаро спорт ташкилоти томонидан берилади.


30. "Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси", "Ўзбекистон гроссмейстери", "Ўзбекистон спорт устаси" унвонлари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан қуйидаги ташкилотлар тақдимномасига асосан берилади:

Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари;

республика олий спорт маҳорати мактаблари;

спорт турлари бўйича республика федерациялари (уюшмалари, марказлари ва бошқалар);

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий спорт клуби, Ички ишлар вазирлигининг "Динамо" жисмоний тарбия-спорт жамияти, Касаба уюшмалари кўнгилли жисмоний тарбия ва спорт жамияти, "Ёшлик" ўқувчилар спорт жамияти.

Спортнинг техник ва амалий турлари бўйича "Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси" ва "Ўзбекистон спорт устаси" унвонлари Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши томонидан берилади.


31. "Спорт усталигига номзод", "Ўзбекистон гроссмейстерига номзод" ва I тоифа Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармаси томонидан берилади.


32. II ва III-тоифалар ҳамда ўсмирлар тоифаларини бериш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари рўйхати Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари томонидан тасдиқланади.


33. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий спорт клуби, "Динамо" жисмоний тарбия спорт жамияти, Ўзбекистон Республикаси Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши томонидан белгиланган спорт турлари бўйича спорт тоифаларини бериш тартиби, ушбу ташкилотлар томонидан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан келишилган йўриқномада белгилаб берилади.


34. Республика спорт унвонлари ва тоифаларини беришда қуйидагилар инобатга олинади:

тегишли мусобақаларда маълум бир ўринни эгаллаш;

тегишли мусобақаларда маълум бир ўринни эгаллаган жамоа таркибида қатнашиш;

тегишли мусобақалар бошланишидан олдин тегишли республика спорт унвони ёки тоифасига эга бўлган спортчилар устидан ғалабага эришиш;

маълум бир даражали рейтингни тўплаш.


35. Республика спорт унвонига сазовор бўлган спортчига Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги номидан гувоҳнома ва нишон топширилади.


36. "Спорт усталигига номзод" ва "Ўзбекистон гроссмейстерига номзод" тоифалари талабларини бажарган спортчига Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар маданият ва спорт ишлари бошқармалари номидан тегишли гувоҳнома ва нишон топширилади. I - III тоифалар ва ўсмирлар тоифалари талабларини бажарган спортчиларга жисмоний тарбия-спорт ташкилоти номидан ҳисоб таснифлаш китобчалари топширилади.


37. Гувоҳномалар, нишонлар ва ҳисоб таснифлаш китобчалари намуналари Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан тасдиқланади.


38. Спортчини республика спорт унвонига тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар тегишли меъёрлар ёки талаблар бажарилган пайтдан бошлаб олти ой давомида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ушбу меъёрлар ёки талаблар бажарилганлигини тасдиқловчи ва республика спорт унвонига тақдим этиш бўйича ҳужжатларни юбориши лозим.


39. Республика спорт тоифаларини бериш ҳуқуқига эга бўлган ташкилотлар республика спорт унвонини бериш бўйича ҳужжатларни тегишли меъёрлар ёки талаблар бажарилган пайтдан бошлаб икки ой давомида расмийлаштиришлари шарт.


40. Жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари раҳбарлари республика спорт унвонлари ва тоифаларини бериш тўғрисидаги ҳужжатларда кўрсатилган маълумотларнинг ишончли эканлигига шахсан жавобгардирлар.



IX. РЕСПУБЛИКА СПОРТ УНВОНЛАРИ

ВА ТОИФАЛАРИНИ БЕРИШ БЎЙИЧА

МАЛАКА КОМИССИЯСИ


41. Республика спорт унвонлари ва тоифаларини бериш бўйича ваколатли органлар ҳузурида малака комиссияси тузилади. Комиссия аъзолари ваколатли орган қарори билан 1 йил муддатга тайинланадилар.


42. Комиссия 7 нафар аъзодан иборат бўлади, унинг таркибига ваколатли органнинг таркибий бўлинмалари, спорт федерациялари (уюшмалари, марказлари ва бошқалар), спорт турлари бўйича олий спорт маҳорати мактаблари ва бошқа жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари раҳбарлари ёки вакиллари киритилади.


43. Комиссия раиси ва аъзолари ўз хоҳишига кўра ёки зиммасига юкланган вазифаларни бажаришда аниқланган қоида бузишлари учун комиссия таркибидан муддатидан олдин чиқарилиши мумкин.


44. Комиссия мажлиси унда комиссия аъзоларининг 2/3 қисми қатнашган тақдирда тўла ҳуқуқли ҳисобланади. Қарорлар очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Комиссия қарори унинг мажлисида қатнашган комиссия аъзоларининг оддий кўпчилиги овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Овозлар тенг бўлган тақдирда раислик қилувчининг овози ҳал этувчи ҳисобланади.


45. Комиссия мажлислари заруратга кўра, лекин ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади. Комиссиянинг навбатдан ташқари мажлислари зарурат бўлган тақдирда раис томонидан чақирилади.


46. Комиссия қарори баёнлаштирилиши, комиссия аъзолари томонидан имзоланиши ва ваколатли органга тақдим этилиши керак.



X. СПОРТЧИЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


47. Спортчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

спорт тури бўйича нуфузли мусобақаларда қатнашиш ва уларда меъёрлар ва талабларни бажариш;

таснифда белгиланган меъёрлар ва талаблар бажарилган ҳолда тегишли республика спорт унвони ва тоифасини олиш;

тегишли гувоҳнома, нишон ва ҳисоб таснифлаш китобчаларини олиш.


48. Спортчилар қуйидаги мажбуриятларга эга:

мусобақаларда қатнашишда мусобақа қонун-қоидаларига қатъий риоя этиш;

таснифда белгиланган меъёрлар ва талабларни бажаришда, уларни бажариш қоидаларига риоя этиш;

тегишли гувоҳнома, нишон ва ҳисоб таснифлаш китобчаларини эҳтиёт қилиш ва сақлаш.



XI. СПОРТЧИЛАРНИНГ ҲИСОБ ТАСНИФЛАШ

КИТОБЧАЛАРИ ҲИСОБИ ВА ҲИСОБОТИ


49. Ваколатли органлар ва жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари спорт унвони ёки тоифасини бериш тўғрисидаги буйруқлар ва қарорлар асосида ҳисоб таснифлаш китобчаларини расмийлаштирадилар ҳамда белгиланган тартибда уларни рўйхатга оладилар.


50. Спортчиларнинг ҳисоб таснифлаш китобчаларида мусобақалар натижалари, навбатдаги тоифа (унвонлар) берилганлиги ва спортчининг тиббий кўрикдан ўтганлиги белгиланади.


51. Ҳисоб таснифлаш китобчаси бошқа ҳужжатлар билан бирга мусобақаларда қатнашиш учун спорт мусобақалари ҳакамлар ҳайъатига тақдим этилади.


52. Ваколатли органлар спортчиларнинг унвон ва тоифалари ҳамда берилган гувоҳномалар ва ҳисоб таснифлаш китобчалари бўйича ҳисоб-маълумотларни тузадилар ва спортчиларнинг унвонлари ва тоифалари бўйича ҳисоб-китоб журналини юритадилар.


53. "Халқаро гроссмейстер" унвони "Халқаро тоифадаги Ўзбекистон спорт устаси" унвонига тенглаштирилади.



XII. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


54. Мазкур Низомда кўрсатилган талабларнинг бузилишига йўл қўйган шахслар ҳамда барча жисмоний тарбия-спорт ташкилотлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.


55. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши ҳамда Мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти Марказий Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 6-сон, 65-модда







































Время: 0.1540
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск