Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар /

Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 14.06.2002 й. 209-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2002 йил 14 июндаги

209-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси

Давлат патент идораси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом "Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида", "Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товарлар келиб чиқиши жойларининг номлари тўғрисида", "Селекция ютуқлари тўғрисида", "Электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурлар ва маълумотлар базаларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида" ва "Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идорасининг (кейинги ўринларда - Патент идораси деб аталади) асосий вазифалари, функциялари ва ваколатларини белгилайди.


2. Патент идораси саноат мулкини, шу жумладан ихтироларга, саноат намуналарига, фойдали моделларга, товар белгиларига, хизмат кўрсатиш белгиларига ва товарлар келиб чиқиши жойларининг номларига (кейинги ўринларда  саноат мулки объектларига) ҳуқуқларни муҳофаза қилиш соҳасида, шунингдек селекция ютуқларини, электрон ҳисоблаш машиналари учун дастурларни (кейинги ўринларда - ЭҲМ учун дастурлар деб аталади), маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш борасида ягона давлат сиёсатини шакллантириш ва рўёбга чиқаришда иштирок этувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Патент идораси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.


3. Патент идораси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг бошқа қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, халқаро шартномаларга (битимларга), шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Патент идораси юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга, бошқа зарур муҳр ва штампларга, банк муассасаларида ҳисоб-китоб ва бошқа ҳисоб рақамларига эга бўлади.


5. Патент идораси ўз фаолиятини давлат органлари, ихтирочилар ва рационализаторларнинг жамоат ташкилотлари, илмий-тадқиқот муассасалари, фаолияти интеллектуал мулк муҳофазаси билан боғлиқ бўлган бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


6. Патент идораси ходимларига фан соҳаси ва илмий муассасалар ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилади.



II. ПАТЕНТ ИДОРАСИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Патент идорасининг асосий вазифалари ҳисобланади:

саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини, интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг рўёбга чиқарилишини таъминлаш;

саноат мулки объектлари, селекция ютуқлари, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари , интеграл микросхемалар топологияларига ҳуқуқий муҳофаза хизмати кўрсатиш;

расмий рўйхатдан ўтказилган ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологияларига оид патент ҳужжатларининг давлат фондини ва маълумотлар банкини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикасида илмий-техника, бадиий-конструкторлик ва бошқа ижодиётларнинг ривожланиши учун шароитлар яратишга кўмаклашиш.


8. Патент идораси ўзига юкланган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

Ҳукуматга саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини, интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш бўйича таклифлар киритади ва уни рўёбга чиқаришда бевосита иштирок этади;

саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини, интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш масалалари бўйича қонун ҳужжатларини тайёрлашда қатнашади, шунингдек ўз ваколатлари доирасида зарур норматив ҳужжатлар қабул қилади;

саноат мулки объектлари, селекция ютуқларига оид муҳофаза ҳужжатларини бериш юзасидан буюртманомаларни, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини, интеграл микросхемалар топологияларини расмий рўйхатдан ўтказиш юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқиш учун қабул қилади, ихтироларнинг давлат илмий-техника экспертизасини, фойдали моделлар, саноат намуналари, товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари, товарлар келиб чиқиши жойларининг номлари давлат экспертизасини амалга оширади, аризадаги объктларнинг устуворлигини белгилайди, селекция ютуқларига оид буюртманомаларни расмий экспертизадан ўтказади, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологияларини рўйхатдан ўтказишга оид буюртманомаларни давлат экспертизасидан ўтказади;

аризадаги саноат мулки объектларининг патентга лойиқлик шартларига мувофиқлигини аниқлаш натижалари бўйича муҳофаза қилиш ҳужжатларини бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг ихтисослаштирилган ташкилотлари хулосалари асосида селекция ютуқларига патентлар ва гувоҳномалар бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади, шунингдек ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини берилган буюртманомаларнинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текшириш натижаларига кўра расмий рўйхатдан ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширади, шунингдек муҳофаза қилиш ҳужжатларини беради, тегишли давлат реестрларини ва Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатини юритади;

муҳофаза қилиш ва бошқа зарур ҳужжатларнинг ягона шаклларини белгилайди;

давлат илмий-техника экспертизасини ўтказишда қатнашиш учун манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар мутахассисларини белгиланган тартибда жалб этади;

саноат мулки объектларидан, селекция ютуқларидан, ЭҲМ учун дастурлардан, маълумотлар базаларидан, интеграл микросхемалар топологияларидан фойдаланиш ҳуқуқини бериш тўғрисидаги лицензия шартномаларини, шунингдек уларни тўлиқ ёки қисман бериш тўғрисидаги ёки уларнинг кафолати тўғрисидаги шартномаларни рўйхатдан ўтказади;

рўйхатдан ўтказилган шартномалар ва лицензиялар тўғрисидаги маълумотлар банкини юритади;

Патент идорасининг бюллетенларини ва бошқа расмий нашрларини, шунингдек санаот мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш масалалари бўйича бошқа маълумотлар ва материалларни чоп этишни ташкил қилади ва амалга оширади;

санаот мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасида манфаатдор шахсларга методик ёрдам кўрсатади;

патент ҳужжатларининг давлат фондини бутлаш ишларини ташкил этади ва амалга оширади, унинг сақланишини таъминлайди ва унинг асосида манфаатдор ташкилотларга, мансабдор шахсларга ва фуқароларга кутубхона-библиография, маълумотнома-ахборот ва илмий-методик хизмат кўрсатишни ташкил қилади;

ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни чоп этади;

саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятни ривожлантириш ва такомиллаштириш муаммолари бўйича илмий-тадқиқот ишларини амалга оширади, давлат патент тизимини ривожлантиришнинг муҳим истиқболли муоммоларини ишлаб чиқиш ва ҳал этиш учун вақтинчалик ижодий илмий жамоаларни ташкил қилади;

патент бўйича ваколатли вакилларни аттестациядан ва рўйхатдан ўтказишни амалга оширади, патент бўйича ваколатли вакилларнинг давлат реестрини юритади;

саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисидаги шикоятлар ва низоларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқади;

саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини яратиш, ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги кадрларни тайёрлашни ва уларнинг малакасини оширишни ташкил этади;

ўз ходимларини ижтимоий муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширади, ижтимоий инфратузилмани ривожлантиради;

саноат ва интеллектуал мулкнинг ҳамда уни ҳуқуқий муҳофаза қилиш тизимининг роли ва уларнинг давлатни иқтисодий, маданий ва ижтимоий ривожлантиришга таъсирини тарғиб қилиш тадбирларини ташкил қилади ва амалга оширади;

Патент идорасининг вазифаларига мувофиқ бўлган ва амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа функцияларни бажаради.



III. ПАТЕНТ ИДОРАСИНИНГ ХАЛҚАРО ФАОЛИЯТИ


9. Патент идораси:

интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида халқаро ҳамкорликни белгиланган тартибда амалга оширади ҳамда ушбу ҳамкорлик доирасида саноат объектларини ва интеллектуал мулкнинг бошқа турларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар ишида қатнашади;

ўз ваколати доирасида Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари (битимлари)дан келиб чиқадиган Ўзбекистон Республикаси мажбуриятларининг бажарилишини таъминлайди;

саноат объектларини ва интеллектуал мулкнинг бошқа турларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузиш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритади, тегишли халқаро ташкилотлар, патент идоралари ва чет мамлакатларнинг бошқа ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш ва шартномалар тузиш тўғрисида музокаралар олиб боради ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига биноан мазкур шартномаларни имзолайди;

хорижий патент идоралари, халқаро ташкилотлар ва чет эл ахборот фирмалари билан патент ҳужжатлари ва патент-ҳуқуқий адабиётларни халқаро алмашишни амалга оширади, интеллектуал мулк ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасидаги чет эл тажрибасини ўрганиш ва ундан фойдаланишни ташкил қилади.



IV. ПАТЕНТ ИДОРАСИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


10. Давлат патент идораси ўзига юкланган функцияларга мувофиқ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аризачилардан саноат мулки объектлари, селекция ютуқлари, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологиялари юзасидан буюртманомаларга қўшимча материалларни, буюртманомаларни кўриб чиқиш ва давлат экспертизасидан ўтказиш учун зарур бўлган қўшимча материалларни белгиланган тартибда сўраб олиш;

саноат мулки объектлари, селекция ютуқлари, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологиялари юзасидан буюртманомаларни кўриб чиқиш билан боғлиқ масалаларни оғзаки муҳокама қилишни ташкил этиш ва ўтказиш, аризачиларни ва уларнинг вакилларини кўрсатиб ўтилган масалаларни кўриб чиқишда қатнашиш учун таклиф этиш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ишларнинг аҳволини тавсифловчи статистик ва бошқа маълумотларни, шунингдек Патент идорасига юкланган вазифаларни рўёбга чиқариш ва унга ўз функцияларини амалга ошириши учун зарур бўлган бошқа маълумотларни белгиланган тартибда олиш;

саноат мулки объектларини, селекция ютуқларини, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини муҳофаза қилиш соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш масалалари бўйича белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган юридик жиҳатдан аҳамиятли ишларни амалга ошириш учун патент пошлиналари ва бошқа солиқ бўлмаган тўловларнинг турлари, миқдорлари, тўлаш муддатлари ва тартиби тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

патент-ахборот ва бошқа маҳсулотларга, шунингдек саноат объектларини ва бошқа интеллектуал мулк турларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги материаллар ва хизматларга белгиланган тартибда нархлар ва тарифлар белгилаш;

ноширлик фаолиятини амалга ошириш, интеллектуал объектларни муҳофаза қилиш соҳасида илмий-методик ва ахборот материалларини, даврий нашрларни, аудиовизуал ва бошқа матбаа маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш;

патент пошлиналарини ва бошқа солиқ бўлмаган тўловларни, шунингдек турли хизматлар кўрсатганлик учун тушумлар ва материалларни ўтказиш ва кейинчалик улардан фойдаланиш учун ҳисоб рақамлари, шу жумладан валюта ҳисоб рақамлари очиш;

Патент идораси томонидан таъсис этилган таркибий бўлинмаларни белгиланган тартибда ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш;

ихтирочилик ва ижоднинг бошқа турлари соҳасидаги улкан ютуқлар учун Ўзбекистон Республикасининг Фахрий унвонларини бериш тўғрисида белгиланган тартибда таклифлар киритиш;

интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган масалаларни ҳал этиш учун мамлакатимиз ва чет эл мутахассисларини шартномавий асосда жалб этиш;

қонунчиликда белгиланган тартибда бюджетдан ташқари маблағлар жамғармаларини шакллантириш.



V. ПАТЕНТ ИДОРАСИНИНГ ЖАВОБГАРЛИГИ


11. Патент идораси:

саноат объектлари ва интеллектуал мулкнинг бошқа турлари юзасидан буюртманомларнинг давлат экспертизасини ўз вақтида ўтказиш, унинг сифати ва махфийлиги;

патент пошлиналарини ва бошқа солиқ бўлмаган тўловларни ундиришдан тушган тушумлар белгиланган қисмининг давлат бюджетига ва Инновация илмий-техника фаолиятини маблағ билан таъминлаш жамғармасига ўз вақтида ўтказилиши;

бухгалтерия ва молиявий ҳисоботнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда юритилиши;

бюджет маблағларининг ва патент пошлиналарини ҳамда солиқ бўлмаган тўловларни ундиришдан тушган маблағларнинг идора ихтиёрида қолган қисмидан мақсадли фойдаланилиши учун жавоб беради.



VI. ПАТЕНТ ИДОРАСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


12. Патент идорасини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Директор бошқаради.

Директорнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган икки нафар ўринбосари, шу жумладан бир нафар биринчи ўринбосари бўлади.


13. Патент идорасининг Директори:

Патент идорасининг фаолиятига раҳбарлик қилади ҳамда Патент идорасига юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Директор ўринбосарлари лавозимига тайинлаш учун номзодларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;

ўз ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

Патент идорасининг штат жадвалини, уларни маблағ билан таъминлаш харажатлари сметасини белгиланган ходимлар сони ва иш ҳақи фонди доирасида тасдиқлайди;

Патент идорасининг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

тасдиқланган тузилмага белгиланган ходимлар сони ва иш ҳақи фонди доирасида ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқига эга;

Патент идораси ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади;

Патент идораси ходимларининг лавозим йўриқномаларини тасдиқлайди;

ўз ваколати доирасида Патент идораси ходимларининг бажариши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар ва йўриқномалар чиқаради, кўрсатмалар беради;

республикада ва чет элларда Патент идораси манфаатларини ифодалайди.


14. Патент идораси фаолиятини маблағ билан таъминлаш республика бюджет маблағлари ҳамда патент пошлиналари маблағларининг ва юридик жиҳатдан аҳамиятли бўлган ишларни амалга оширганлик учун ундириладиган бошқа солиқ бўлмаган тўловларнинг бир қисми ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


15. Патент идорасида Директор (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Патент идораси фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Патент идораси директорининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Патент идораси фаолиятининг саноат мулкини, селекция ютуқларини, электрон-ҳисоблаш машиналари учун дастурларни, маълумотлар базаларини, интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш, Ўзбекистон Республикасида илмий-техника, бадиий-конструкторлик ва бошқа ижодиётларнинг ривожланиши учун шарт-шароитлар яратилишига кўмаклашиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини янада шакллантириш ва амалга ошириш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Патент идораси номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Патент идораси раҳбарлари ва ходимларининг жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Патент идораси ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Патент идораси ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари директорнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Директор ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Директор пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

16. Патент идорасида Патент идорасининг аризадаги саноат мулки объектлари, селекция ютуқлари, ЭҲМ учун дастурлар, маълумотлар базалари ва интеграл микросхемалар топологиялари, муҳофаза қилиш ҳужжатларини беришга қаршилик юзасидан Патент идораси қарорларига манфаатдор жисмоний ва юридик шахслар томонидан билдирилган апелляцияларни, шунингдек Ўзбекистон Республикасида ҳаммага маълум товар белгилари рўйхатини эътироф этиш тўғрисидаги аризаларни ва бошқа турдаги апелляцияларни кўриб чиқиш учун Апелляция кенгаши тузилади.

Апелляция кенгаши таркибига Патент идораси Директори, унинг ўринбосарлари ва бош экспертлар киради.


17. Муаммоларни илмий таҳлил қилиш, саноат мулки объектларини муҳофаза қилиш, ЭҲМ учун дастурларни, маълумотлар базаларини ва интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш бўйича муҳим масалаларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш учун Патент идорасида унинг юқори малакали ходимларидан, шунингдек патентлаш соҳасидаги давлат органлари, ташкилотлар вакилларидан, етакчи олимлар ва мутахассислардан Илмий-техника кенгаши тузилади.

Илмий-техника кенгаши тўғрисидаги Низом ва унинг шахсий таркиби Патент идораси Директори томонидан тасдиқланади.


18. Патент идорасини тугатиш ёки қайта ташкил этиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.










































Время: 0.2454
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск