ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Адабиёт. Кутубхона иши /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 20.03.2012 й. ПҚ-1729-сон "Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

20.03.2012 й.

N ПҚ-1729



АЛИШЕР НАВОИЙ НОМИДАГИ

ЎЗБЕКИСТОН МИЛЛИЙ КУТУБХОНАСИ -

АХБОРОТ РЕСУРС МАРКАЗИ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Таъкидлаш жоизки, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш асосида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс марказининг самарали фаолиятини таъминлаш бўйича бир қатор ташкилий-техник чора-тадбирлар амалга оширилди.

Халқаро тажрибани ва кутубхона фойдаланувчиларининг, энг аввало, ёшларнинг эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда, қироатхона залларининг ихтисослашуви ва жойлашиши такомиллаштирилди. Ихтисослаштирилган электрон кутубхона зали, мультимедиа технологиялари зали ташкил этилди, барча залларда Интернет тармоғидан фойдаланиш таъминланди.

Миллий кутубхонанинг 600 мингта қайдлар ва 200 мингта тўлиқ матнли электрон ресурсларни ўз ичига олган электрон каталоги орқали маълумотларни ички ва узоқ масофадан туриб фойдаланишда тезкор излаш имкониятини таъминловчи кутубхона жараёнларини автоматлаштириш тизими жорий этилди. Етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда кутубхона ходимларининг малакасини ошириш ташкил этилди.

Маълумотларни қидириш ва олиш учун визуал ва виртуал ахборот тақдим этган ҳолда интерфаол ахборот воситалари, актив панеллар ва мониторлар орқали кутубхона фойдаланувчиларини хабардор қилишнинг замонавий тизими ўрнатилди. Нашрларни тезкор тарзда етказиб берувчи "телелифт" тизими жорий этилди.

А. Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг илғор ахборот-компьютер технологиялари билан жиҳозланган, энг аввало, республика ёшларининг интеллектуал ва маданий эҳтиёжларини максимал даражада қондириш учун миллий ва хорижий ахборот-кутубхона фондларидан кенг фойдаланиш имконини берадиган, замонавий, мутлақо янги, энг юқори халқаро стандартларга жавоб берадиган ахборот ресурс маркази сифатидаги самарали фаолиятини таъминлаш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 ноябрдаги Ф-3750-сонли фармойиши билан тузилган Комиссия томонидан ахборот-ресурс таъминоти соҳасидаги етакчи мутахассисларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқилган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази фаолиятини ташкил этиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастури 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин. Ушбу дастур қуйидагиларни назарда тутади:

Миллий кутубхона томонидан бош вазифани амалга ошириш - замонавий юқори самарадор ахборот-компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда тақдим этиладиган ахборотни олиш манбалари, шакллари ва услубларини танлаш имкониятини таъминлаш принципи асосида аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал, маданий ва билим олишга бўлган эҳтиёжларини ҳар томонлама таъминлаш учун қулай шарт-шароитлар ва кенг ахборот ресурс базасини яратиш;

республиканинг барча ахборот-ресурс марказлари фаолиятини мувофиқлаштириш функциясини амалга ошириш, аҳолини ахборот-кутубхона билан таъминлаш даражасини ошириш ва доимий такомиллаштиришни инобатга олган ҳолда уларни янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

Миллий кутубхонанинг ахборот-кутубхона ресурсларидан республиканинг ҳар қандай жойидан туриб фойдаланишни, шунингдек етакчи хорижий ахборот-кутубхона фондларининг маълумотлар базасига уланишни ўз ичига олган ҳолда фойдаланувчиларга тақдим этиладиган электрон хизмат кенгайишини таъминловчи янги, халқаро амалиётда тажрибадан ўтган хизмат кўрсатиш шаклларини ва илғор дастурий маҳсулотларни тизимли асосда жорий этиш;

республиканинг барча ахборот-кутубхона марказлари ва муассасаларининг уланиши имконияти билан бирга мамлакатнинг ягона ахборот-кутубхона фондини шакллантириш учун Миллий кутубхона базасида ахборот ресурслари ва электрон (рақамли) нашрларнинг йиғма умумреспублика электрон каталогини ташкил этиш орқали кутубхона фаолиятининг барча жараёнларини автоматлаштириш;

Миллий кутубхонанинг нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган, жумладан қўлёзма нашрларини реставрация, консервация қилиш ва энг замонавий ихтисослашган ускуналарда электрон шаклга ўтказиш бўйича ишларни амалга ошириш орқали уларнинг сақланишини таъминлаш;

замонавий ахборот-кутубхона технологияларини жорий этиш, Миллий кутубхонада ахборот-кутубхона муассасалари кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш борасидаги тадбирларни ташкил этиш бўйича норматив-методик базани янада такомиллаштириш.

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот-ресурс маркази ҳузуридаги Республика методик кенгаши тасдиқланган Дастурда назарда тутилган чора-тадбирларнинг бажарилишини Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот-ресурс маркази ҳузуридаги Республика методик кенгаши мажлисларида ҳар чорак кўриб чиққан ҳолда уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин.

2. Вазирлар Маҳкамаси Ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари комплекси, Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс марказининг Миллий кутубхона ҳузурида 2-иловага** мувофиқ таркибда Республика методик кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс марказининг Миллий кутубхона ҳузурида Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг 2 фоизи миқдоридаги йиллик ажратмалар ва қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа тушумлар ҳисобидан шакллантириладиган бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Тузиладиган Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари қуйидагича белгилансин:

60 фоизи Миллий кутубхона ва республиканинг ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини дастурий таъминлаш, янги ахборот-кутубхона ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга ҳамда уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга;

25 фоизи Миллий кутубхона ходимлари учун лавозим маошининг 25 фоизидан 75 фоизигача миқдорда рағбатлантирувчи устамалар белгилашга, уларни замонавий ахборот технологияларидан юксак малакали тарзда фойдаланганлиги, чет тилларини билганлиги ва фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг самарали шаклларини жорий этганлиги учун мукофотлашга, шунингдек моддий ёрдам кўрсатишга;

15 фоизи Миллий кутубхонада ишлатиладиган технологик ускуналар, жумладан Миллий кутубхонанинг нодир ва алоҳида қимматга эга бўлган нашрларини реставрация ва консервация қилиш ҳамда сақланишини таъминлашга мўлжалланган ускуналар учун сарфланадиган материаллар ва бутловчи буюмларни харид қилишга, шунингдек миллий ва хорижий нашрларни сотиб олиш ҳамда обуна бўлишга.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази, бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ҳафта муддатда Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ҳамда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

4. Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

халқаро тажрибадан келиб чиқиб, кутубхоначи ва библиограф лавозимларини тугатишни ҳамда ахборот-кутубхона технологиялари бўйича мутахассис, етакчи мутахассис ва бош мутахассис лавозимларини жорий этишни назарда тутган ҳолда, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази ва республиканинг ахборот-ресурс марказлари ходимлари касб ва лавозимларининг янги классификаторини тасдиқласин;

Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 20 августдаги 181-сонли қарори билан тасдиқланган Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига тегишли ўзгартиришлар киритсин.

5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 23 ноябрдаги Ф-3750-сонли фармойиши билан тузилган Комиссиянинг Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази раҳбар ва мутахассисларига, Миллий кутубхона ходимларининг иш ҳақига 15 фоизгача миқдорда илгари белгиланган устама ҳақларни сақлаб қолган ҳолда, республика ва вилоят ахборот-кутубхона муассасалари учун назарда тутилганидан 1 разряд юқори миқдорда иш ҳақи ўрнатиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Миллий кутубхона бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан келишган ҳолда Миллий кутубхона раҳбар ва мутахассислари меҳнатига ҳақ тўлашнинг янгиланган разрядларини тасдиқласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази тўғрисидаги низом ва унинг янгиланган тузилмаси ҳамда Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаган ҳолда, Миллий кутубхона фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш бўйича Ҳукумат қарорини қабул қилсин.

7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                       И. Каримов



*) 1-илова рус тилидаги матнда берилган.

**) 2-илова берилмайди.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 12-сон, 129-модда


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, 3-сон, 87-модда
























































Время: 0.2035
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск