ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Маданият / Адабиёт. Кутубхона иши /

Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 04.04.2012 й. 98-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 4 апрелдаги

98-сон қарорига

4-ИЛОВА



Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш

жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан

фойдаланиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда Жамғарма деб аталади) маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.

Жамғарма Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс маркази (кейинги ўринларда Миллий кутубхона деб аталади) ва республика ахборот-кутубхона муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирларини молиялаштириш, шунингдек Миллий кутубхона ходимларини моддий рағбатлантириш мақсадида ташкил этилган.


2. Жамғарма юридик шахс ташкил этмасдан ташкил этилади. Жамғарма харажатлари йўналишлари алоҳида тасдиқланадиган Жамғарманинг даромадлари ва харажатлари сметасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан белгиланади. Жамғарма маблағларини жорий бошқариш Миллий кутубхона томонидан амалга оширилади.


II. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ МАНБАЛАРИ


3. Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тушувчи маблағлар суммасидан 2 фоиз миқдоридаги ажратма;

халқаро молиявий институтлар ва бошқа хорижий донорларнинг Миллий кутубхона томонидан жалб этиладиган имтиёзли кредитлари ва грантлари, хайр-эҳсон қилувчиларнинг маблағлари;

Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа тушумлар.


4. Жамғарма маблағларини Миллий кутубхонага ўтказиш учун Молия вазирлигининг Ғазначилигида бюджетдан ташқари маблағлар бўйича шахсий ҳисоб рақам очилади.



III. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН

ФОЙДАЛАНИШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


5. Қуйидагилар Жамғарма маблағларидан фойдаланишнинг асосий йўналишлари ҳисобланади:

60 фоиз - Миллий кутубхона ва республиканинг ахборот-коммуникация муассасалари фаолиятига янги ахборот-коммуникация технологияларини, дастурий таъминотни жорий қилишга ҳамда уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, шунингдек, Республика ахборот-кутубхона маркази фаолиятини молиялаштиришга;

маблағларнинг 25 фоизи - Миллий кутубхона ходимларига лавозим маошининг 25 фоизидан 75 фоизигача миқдорида рағбатлантирувчи устамалар белгилашга ва замонавий ахборот технологияларидан профессионал фойдаланганлик, хорижий тилни билганлик, фойдаланувчиларга хизмат кўрсатишнинг самарали шаклларини жорий этганлик учун мукофотлашга, шунингдек моддий ёрдам кўрсатишга;

маблағларнинг 15 фоизи - сарфлаш материаллари ва Миллий кутубхонада фойдаланилаётган технологик асбоб-ускуналар учун бутловчи буюмлар, шу жумладан, Миллий кутубхонанинг алоҳида қимматга эга ва нодир нашрларини реставрация қилиш, консервация қилиш ва уларнинг сақланишини таъминлаш учун мўлжалланган асбоб-ускуналар сотиб олишга, шунингдек маҳаллий ва хорижий нашрларни сотиб олишга ва уларга обуна бўлишга.



IV. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ,

ДАРОМАДЛАР ВА ХАРАЖАТЛАР СМЕТАСИНИ

ТАЙЁРЛАШ ВА ТАСДИҚЛАШ ТАРТИБИ


6. Жамғарма маблағлари Кутубхона муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) тадбирларининг ҳар йили келгуси йилга тасдиқланадиган рўйхати асосида Миллий кутубхона ва республика ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятига янги ахборот-кутубхона ва ахборот-коммуникация технологияларини, дастурий таъминлашни жорий этиш тадбирларини амалга оширишга ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга, китоблар сотиб олишга ва даврий нашрларга (шу жумладан, электрон шаклдаги даврий нашрларга) обуна бўлишга йўналтирилади.

Кутубхона муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш)нинг келгуси йилга асосий кўрсаткичлари ахборот-кутубхона муассасаларининг таклифлари асосида шакллантирилади ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Миллий кутубхона томонидан келишиш учун Агентликка жорий йилнинг 1 ноябридан кечикмай киритилади.

7. Жамғарма маблағларидан ушбу Низомда назарда тутилган тадбирлар учун фойдаланиш Жамғарманинг тасдиқланган харажатлар ва даромадлар сметасига мувофиқ амалга оширилади.

Келгуси йилга Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси ҳар йили Миллий кутубхона томонидан тайёрланади ва жорий йилнинг 1 ноябригача келишиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлигига киритилади.

Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган келгуси йилга Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси кейинчалик тасдиқлаш учун жорий йилнинг 1 декабригача Агентликка киритилади.

8. Жамғарма маблағлари республиканинг бошқа ахборот-кутубхона муассасалари учун Жамғарманинг ғазначилик шахсий ҳисоб рақамидан ахборот-кутубхона муассасаларининг тегишли бюджетдан ташқари ғазначилик ҳисоб рақамларига ўтказилади.


9. Буюртмачи функцияси:

ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларини реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш бўйича - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги "Ягона буюртмачи хизмати" инжиниринг компаниясига;

ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказларини жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) бўйича - ушбу муассасаларга юкланади.


10. Сарфлаш материаллари ва Миллий кутубхонада фойдаланиладиган технологик асбоб-ускуналар учун бутловчи буюмлар сотиб олиш Миллий кутубхона томонидан ушбу мақсадлар учун Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасида тасдиқланадиган маблағлар доирасида мустақил амалга оширилади.


11. Миллий кутубхона ходимларини моддий рағбатлантириш тўғрисидаги масалаларни ҳал этиш (устамалар тайинлаш, мукофотлар тўлаш) Миллий кутубхонада ташкил этиладиган Махсус комиссия томонидан қабул қилинади.

Махсус комиссиянинг таркиби Миллий кутубхона директорининг буйруғи билан камида 7 кишидан иборат этиб тасдиқланади ва Миллий кутубхонанинг раҳбарияти, касаба уюшмаси ташкилоти, бухгалтерия, таркибий бўлинмаларнинг раҳбарлари ва бошқа масъул ходимларни ўз ичига олади. Махсус комиссияга Миллий кутубхона директори бошчилик қилади.

Бунда Махсус комиссия фаолиятига ва у томонидан қабул қилинадиган қарорларга юқори турувчи вазирликлар ва идораларнинг аралашишига йўл қўйилмайди.


12. Махсус комиссиянинг мажлислари ярим йилда камида бир марта, истисно ҳолларда эса, заруриятга кўра ўтказилади.

Махсус комиссиянинг қарорлари Комиссиянинг мажлисда қатнашувчи аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлиб қолганда, Махсус комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.


13. Махсус комиссия:

Миллий кутубхона ходимларига меҳнатга ҳалол муносабатда бўлганлиги, юксак касб маҳорати ҳамда фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга ва хизмат кўрсатишнинг самарали шаклларини жорий этишга қўшган аниқ шахсий ҳиссаси, замонавий ахборот технологияларидан профессионал фойдаланганлиги, шунингдек хорижий тилни билганлиги учун лавозим маошининг 25 фоизидан 75 фоизигача миқдорда рағбатлантирувчи устамалар белгилаш;

Миллий кутубхона ходимларини умумхалқ байрамлари ва бошқа муҳим саналар муносабати билан Жамғарма маблағлари ҳисобига бир лавозим маошигача мукофотлаш;

алоҳида ҳолларда Миллий кутубхонанинг ишга янги тайинланган ёш ходимларига (30 ёшдан ошмаган ходимларга) ёш мутахассислар фаолияти натижаларига қараб устама миқдорини кўпайтириш (камайтириш) ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги масалани кейинчалик кўриб чиққан ҳолда 6 ойгача замонавий ахборот технологияларидан профессионал фойдаланганлик, хорижий тилни билганлик учун лавозим маошининг 50 фоизигача миқдорда устамалар тайинлаш;

қўлланиладиган кутубхона жараёнларини такомиллаштиришга йўналтирилган инновацион ва юқори самарали лойиҳаларни ишлаб чиққанлиги ва жорий этганлиги учун 5 лавозим маоши миқдоригача бир йўла мукофотлар ажратиш тўғрисида қарор қабул қилиш ҳуқуқига эгадир.


14. Махсус комиссиянинг Жамғарма маблағлари ҳисобига ойлик устамалар белгилаш тўғрисидаги қарори унинг раиси томонидан тасдиқланадиган баённома билан расмийлаштирилади.

Махсус комиссиянинг баённомаси асосида Жамғарма маблағлари ҳисобига ходимларга ойлик устамалар белгилаш бўйича Миллий кутубхонанинг буйруғи чиқарилади.


15. Жамғарма маблағлари ҳисобига Миллий кутубхона ходимларига ойлик устамалар, қоидага кўра, бир йилга белгиланади.

Бунда жорий давр (ярим йил, бир йил) учун Миллий кутубхона ходимлари ишини баҳолаш якунлари бўйича ва айрим ходимларнинг иш сифатида аниқланган ўзгаришлар асосида Махсус комиссиянинг қарори билан ойлик устамаларнинг белгиланган миқдорлари қайта кўриб чиқилиши ёки бекор қилиниши, шунингдек ўз иши кўрсаткичлари яхшиланишига эришган бошқа ходимларга белгиланиши мумкин.


16. Миллий кутубхона ходимларига Жамғарма маблағлари ҳисобига моддий ёрдам истисно ҳолларда - уларнинг мурожаатига кўра ёки Миллий кутубхона касаба уюшмаси ташкилотининг ташаббуси бўйича (ходимларнинг тўй ва юбилей маросимлари, яқин қариндошларининг вафот этиши, оғир жароҳатлар олиш, оғир касалликларга йўлиқиш, табиий офатлар оқибатлари ва шу кабилар) тегишли ходимнинг икки лавозим маошигача миқдорда берилади.

Миллий кутубхона ходимларига моддий ёрдам бериш тўғрисидаги қарор муассаса бўйича тегишли буйруқ чиқарилган ҳолда директор томонидан қабул қилинади.


17. Жамғарма маблағлари ҳисобига тайинланган устамалар, мукофотлар ва тўланадиган моддий ёрдам суммаси Миллий кутубхона ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш фондига киритилади ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларга ягона ижтимоий тўлов ҳисобланади. Жисмоний шахсларнинг Жамғарма маблағлари ҳисобига олинган даромадларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқ солинади.


18. Миллий кутубхона белгиланган тартибда бухгалтерия ҳисоби юритилиши, Жамғарма даромадлари ва харажатлари ижроси тўғрисидаги ҳисобот тузилиши ва тақдим этилиши учун жавоб беради.



V. ЖАМҒАРМА МАБЛАҒЛАРИНИ БОШҚАРИШ


19. Жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича Миллий кутубхона фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Агентлик томонидан амалга оширилади.

20. Агентлик:

Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлайди ҳамда Жамғарма маблағларидан фойдаланилиши тўғрисида Миллий кутубхона директорининг ҳисоботини эшитади;

Жамғарманинг даромадлари барқарор шакллантирилишини таъминлаш, ўз вақтида молиялаштириш ва Жамғарма маблағларидан мақсадли фойдаланиш устидан доимий назоратни амалга оширади;

Кутубхона муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) тадбирлари рўйхатини ҳар йили тасдиқлайди;

Миллий кутубхонанинг таклифлари бўйича Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметасига Молия вазирлиги ва Иқтисодиёт вазирлиги билан келишилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

Жамғарма олдига қўйилган вазифаларни ҳал этишга манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар ва нотижорат ташкилотларни жалб этади, шунингдек хайр-эҳсон қилувчиларнинг, шу жумладан, хорижий хайр-эҳсон қилувчиларнинг грантлари ва маблағларини жалб этишда Жамғармага кўмаклашади.


21. Миллий кутубхона директори:

маблағлардан фойдаланишнинг устувор йўналишлари ва шартларини белгилайди, Жамғарма даромадлари ва харажатлари сметаси ҳамда унинг ижроси тўғрисидаги ҳисобот тайёрланишини таъминлайди;

даромадлар манбалари билан боғлиқ ҳолда кутубхона муассасаларининг асосий йўналишлари (реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) бўйича Жамғарма маблағларидан фойдаланиш юзасидан Агентликка таклифлар киритади;

Кутубхона муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш (тўлиқ жиҳозлаш) тадбирлари рўйхати бажарилишини таҳлил қилади ва мониторинг олиб боради ҳамда тегишли материалларни Агентликка киритади;

юридик ва жисмоний шахслар билан Жамғарма фаолиятига тегишли шартномаларни тузади;

Жамғарма маблағларини олувчиларнинг улардан ноқонуний ёхуд белгиланган мақсадлардан бошқа мақсадларда фойдаланганлиги аниқланган тақдирда, Миллий кутубхона номидан даъволар қўзғайди;

ўз ваколатлари доирасида ушбу Низомга ва амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа масалалар бўйича қарорлар қабул қилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 14-сон, 157-модда






























Время: 0.2080
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск