ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Архив фонди. Архивлар /

Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.04.2012 й. 101-сон қарорига 4-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 5 апрелдаги

101-сон қарорига

4-ИЛОВА



Архивлар ва идоравий архивлар томонидан

хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Архивлар ва идоравий архивлар томонидан хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги ушбу низом (кейинги ўринларда Низом деб юритилади) "Архив иши тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ ишлаб чиқилган ва архивлар ва идоравий архивлар томонидан архив ҳужжатларини жамлаш, сақланишини таъминлаш, қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш, архив ҳужжатларидан фойдаланиш, зарур ахборотни тақдим этиш бўйича хизматлар, шунингдек амалдаги қонунчилик доирасида бошқа хизматлар кўрсатиш тартибини белгилайди.


2. Архивлар ва идоравий архивлар ўз таъсис ҳужжатларида белгилаб қўйилган фаолият турлари доирасида хизматлар кўрсатади.



II. АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


архив - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширадиган муассаса;


архив ҳужжатлари - фуқаролар, жамият ва давлат учун аҳамиятли бўлганлиги туфайли сақланиши лозим бўлган матнли, қўлёзма ва машинада ўқиладиган ҳужжатлар, овозли ёзувлар, видеоёзувлар, киноленталар, фотосуратлар, фотография плёнкалари, чизмалар, схемалар, хариталар, шунингдек бошқа турли моддий жисмлардаги ёзувлар;


идоравий архив - архив ҳужжатларини жамлаш, ҳисобга олиш, сақлаш ва улардан фойдаланишни амалга оширадиган ташкилотнинг таркибий бўлинмаси;


архивни жамлаш манбаи - унинг архив ҳужжатлари билан фондга тегишлилиги бўйича архив жамланадиган архив фондини сақловчи;


ҳужжатлар сақланишини таъминлаш - ҳужжатларнинг йўқолиб кетмаслиги ва уларнинг талаб этилган жисмоний ҳолатда бўлиши учун ҳужжатлар сақланишига мақбул шарт-шароитлар яратиш, меъёрларга риоя этиш ва ҳужжатлар сақланишини таъминлаш каби тадбирлар мажмуаси;


тартибга келтириш - ҳужжатлар қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш, йиғмажилдларни шакллантириш ва расмийлаштириш, шунингдек архив рўйхатларини тузишни ўз ичига оладиган ҳужжатларга илмий-техник ишлов бериш ва уларни архивда сақлашга тайёрлаш бўйича ишлар мажмуи;


ҳужжатларнинг қимматлилигини аниқлаш экспертизаси - сақлаш учун танлаб олиш мақсадида архив ҳужжатларининг қимматлилигини белгилаш.



III. АРХИВЛАР ВА ИДОРАВИЙ АРХИВЛАР

ТОМОНИДАН БЕПУЛ АСОСДА АМАЛГА

ОШИРИЛАДИГАН ХИЗМАТ ТУРЛАРИ


4. Бепул амалга ошириладиган хизматларга қуйидагилар киради:

а) архив ҳужжатларидан фойдаланиш ва ўқув залида фойдаланувчиларга хизмат кўрсатиш;

б) ижтимоий-ҳуқуқий сўровларни бажариш, хусусан, меҳнат фаолияти ва иш ҳақини тасдиқлаш тўғрисидаги, юридик шахсни қайта номлаш тўғрисидаги, ўқув муассасаларида ўқиганликни тасдиқлаш тўғрисидаги, мукофотланганлик тўғрисидаги архив маълумотномаларини бериш;

в) архив маълумотномаларини ва архив ҳужжатининг кўчирма нусхаларини қоғозда ва электрон жисмларда тегишли давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига тақдим этиш;

г) ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мурожаатига кўра архив ҳужжатларини вақтинча фойдаланиш учун 3 ой муддатгача тақдим этиш;

д) архивларнинг жамлаш манбаларидан Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди (бундан кейинги ўринларда - МАФ деб юритилади) таркибига киритилган, белгиланган идоравий сақлов муддати тугаган ҳужжатларни тартибга келтирилган ҳолда доимий сақлаш учун қабул қилиб олиш.



IV. АРХИВЛАР ВА ИДОРАВИЙ АРХИВЛАР ТОМОНИДАН

ПУЛЛИ ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИШ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


5. Фаолият ихтисослиги бўйича, шунингдек, илмий-услубий салоҳияти ва техник жиҳозланганлигидан келиб чиқиб, архивлар ва идоравий архивлар Ўзбекистон Республикаси "Ўзархив" агентлиги (кейинги ўринларда - "Ўзархив" агентлиги деб аталади) томонидан белгиланадиган тартибда тузиладиган ва тасдиқланадиган Хизматлар номенклатураси бўйича пулли хизматларни кўрсатади. Давлат архивлари ўзларининг пулли хизматларини "Ўзархив" агентлиги томонидан тасдиқланадиган Давлат архивлари томонидан кўрсатиладиган пулли хизматларнинг ягона нархномаси орқали кўрсатади.

6. Пулли хизматлар архивлар ва идоравий архивлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган шартномалар асосида кўрсатилади.

Архивлар ва идоравий архивлардаги пулли хизматлар мазкур архив ёки идоравий архивнинг штатдаги ходими томонидан амалга оширилади.

Ташкилотларнинг архив ҳужжатларини тартибга келтириш учун архивлар ҳузурида меҳнат шартномалари, шунингдек, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида жалб этилган ходимлардан иборат хўжалик ҳисобидаги гуруҳ фаолият юритади.

Архивларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан қўшимча лавозим штат бирлигини сақлашга ва фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида қўшимча ходимлар жалб этилишига рухсат этилади.

7. Хизматлар ҳақининг бажариладиган ишлар сифатининг пасайтирилиши ҳисобига камайтирилишига йўл қўйилмайди.


8. Мулкчилик шаклларидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг (кейинги ўринларда - ташкилотлар деб юритилади) ҳужжатларини тартибга келтириш бўйича пулли хизматлар Архивлар мутахассисларининг Ўзбекистон Республикаси корхоналари, муассасалари ва ташкилотлари ҳужжатларини тартибга келтиришга компетентлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ тегишли аттестациядан ўтказилган архивлар, идоравий архивлар мутахассислари ёки жалб этилган мутахассислар томонидан амалга оширилади.

9. Архивларнинг жамлаш манбалари бўлмаган ташкилотларга архивлар томонидан пулли хизматлар кўрсатиш ушбу ташкилот жамлаш манбаи ҳисобланган архивнинг розилиги олингандан сўнг, шунингдек, жамлаш зонасидан (ҳудудидан) келиб чиқиб амалга оширилади.

10. Давлат архивлари томонидан пулли асосда кўрсатиладиган хизматлар нархи "Ўзархив" агентлиги томонидан тасдиқланадиган Давлат архивлари томонидан кўрсатиладиган пулли хизматларнинг ягона нархномасига биноан белгиланади.

Давлат архивларининг Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасига тушган маблағларининг 50 фоизи архив ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш ва моддий рағбатлантириш тадбирларига йўналтирилади.

11. Хорижий мамлакатларнинг фойдаланувчилари учун хизматлар кўрсатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



V. ХИЗМАТЛАР КЎРСАТИЛАЁТГАНДА АРХИВ

ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ САҚЛАНИШИНИ

ТАЪМИНЛАШ


12. Хизматлар кўрсатилаётган вақтда архивлар ва идоравий архивлар вақтинча сақланиши ёки доимий сақланиши лозим бўлган архив ҳужжатларининг бутлигини таъминлашга қаратилган тегишли чора-тадбирларни кўриши лозим, бунда архив ахбороти манбаининг жисмоний шикастланиши, йўқолиши ёки бузилиши мумкинлигининг олди олиниши лозим.


13. Қуйидагиларга йўл қўйилмайди:

архив ҳужжатларининг сақланиши ва хавфсизлигини таъминлаш талабларига зид хизматларни кўрсатиш;

МАФнинг давлатга тегишли бўлган қисми таркибига киритилган ҳужжатларнинг эгаси ҳисобланган ташкилотларга жамлаш манбаи мазкур ташкилот бўлган давлат архивининг розилигисиз ҳужжатларни жамлаш ва қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

ушбу соҳада ишлаш учун аттестациядан ўтмаган, шунингдек архивларнинг мутахассислари бўлмаган ёки ушбу архив билан меҳнат шартномаси тузмаган мутахассислар томонидан ташкилотларнинг ҳужжатларини тартибга солиш;

доимий ва вақтинча сақланадиган ҳужжатлар тартибга солинмасдан туриб ҳужжатларни йўқ қилишга ажратиш бўйича хизматлар кўрсатиш;

ташкилот жамлаш манбаи ҳисобланган архивнинг розилигисиз архивларнинг жамлаш зонасига (ҳудудига) кирмаган ташкилотларга хизмат кўрсатиш.


VI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


14. Архивлар ва идоравий архивлар архив ҳужжатларини жамлаш, сақланишини таъминлаш, қимматлилигини аниқлаш экспертизасини ўтказиш, шунингдек архив ҳужжатларидан фойдаланиш ва зарур ахборотни тақдим этиш бўйича хизматларни кўрсатиш ишларининг сифати ҳамда тақдим этилаётган ахборотнинг ишончлилиги учун жавоб берадилар.


15. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 15-сон, 168-модда





































Время: 0.1763
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск