язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Таълим. Фан. Маданият/ Таълим/ Малака ошириш/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.05.2012 й. ПҚ-1761-сон "Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.05.2012 й.

N ПҚ-1761


МАЛАКАЛИ ПЕДАГОГ КАДРЛАР

ТАЙЁРЛАШ   ҲАМДА   ЎРТА   МАХСУС,

КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ МУАССАСАЛАРИНИ

ШУНДАЙ   КАДРЛАР   БИЛАН   ТАЪМИНЛАШ

ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА

ОИД ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Қайд этиб ўтилсинки, республикамизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар учун олий маълумотли ўқитувчи кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизими вужудга келтирилган.

Бунинг натижасида ҳозирги вақтда мамлакатимиздаги 1537 та ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида 214 та талаб этилаётган йўналишлар ва мутахассисликлар бўйича 115,8 минг нафар педагог ходимлар кадрлар тайёрлашни амалга оширмоқдалар, уларнинг 90,6 фоизи олий маълумотга эга, ўқитувчи кадрларнинг 70 фоиздан кўпроғи 40 ёшгача бўлган юқори малакали мутахассислардир.

Шу билан бирга, махсус комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар натижасида аниқланишича, касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларнинг раҳбар ва педагог кадрларини танлаш тизимида, авваламбор, уларнинг малакаси етарли эмаслиги ҳамда қўйилаётган талабларга мувофиқ эмаслиги билан боғлиқ жиддий камчилик ва нуқсонлар мавжуд.

Касб-ҳунар коллежларини ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими усталари билан таъминлаш кўп жиҳатдан уларнинг тегишли базавий тайёргарлигини, педагогик ва амалий иш тажрибаси мавжудлигини ҳисобга олмасдан расмий равишда амалга оширилмоқда.

Натижада ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида ўқув жараёни тегишли даражада ташкил қилинмаган, машғулотлар асосан анъанавий мактаб таълими услубларига таянган ҳолда ўтказилмоқда. Замонавий илғор педагогик ва янги компьютер, ахборот-коммуникация технологиялари, шу жумладан, Интернет таълим жараёнига суст жорий этилмоқда. Касб-ҳунар коллежларини хорижий тиллардан дарс берувчи малакали мутахассислар билан таъминлашга етарлича эътибор берилмаяпти.

Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг раҳбарлар таркибини педагогик иш соҳасида етарлича тажрибага эга бўлган касб маҳорати юқори мутахассислар билан янада мустаҳкамлаш талаб этилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг раҳбар ҳамда педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш борасида таркиб топган тизим замон талабларига жавоб бермаяпти.

Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар учун илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини эгаллаган, касбий тайёргарликка эга, замонавий фикрловчи кадрларни танлаш ва улар билан таъминлаш тизимини тубдан яхшилаш, ўсиб бораётган замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, уларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда махсус комиссиялар томонидан ўтказилган текширишлар давомида касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин, уларни касбий тайёргарликка эга, замонавий фикрловчи кадрлар билан таъминлашга, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини таълим жараёнига кенг татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилсин.

Кўрилган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида 1 сентябрга қадар ва 2012 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига маълумот берилсин.


2. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими бошқарув органларининг раҳбар кадрларини танлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказиш бўйича Республика комиссиясининг янгиланган таркиби 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


3. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими бошқарув органларининг раҳбар кадрларини танлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказиш бўйича Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев) Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда икки ой муддатда касб-ҳунар коллежларининг раҳбар кадрлар билан таъминланганлигини танқидий кўриб чиқсин, ушбу масалада ишларнинг тегишли даражада ташкил этилишини таъминламаган шахсларни жавобгарликка тортсин ҳамда коллежларнинг раҳбарлар таркибини етарлича педагогик иш тажрибасига эга бўлган касб жиҳатдан тайёрланган мутахассислар билан мустаҳкамлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга оширсин.

Амалга оширилган чора-тадбирларнинг натижалари тўғрисида 1 августга қадар ва 2012 йил якунлари бўйича Вазирлар Маҳкамасига ахборот берилсин.


4. Амалдаги қонун ҳужжатлари бўйича ўрнатилган тартибга кўра, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг директорлари икки йилда бир марта, ўқитувчи кадрлар эса ҳар уч йилда камида бир марта аттестациядан ўтказилишлари кераклиги маълумот учун қабул қилинсин.

Вазирлар Маҳкамаси манфаатдор вазирликлар ва идораларни жалб этган ҳолда, икки ой муддатда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчилари ҳамда ишлаб чиқариш таълими усталарини аттестациядан ўтказиш ҳамда малака тоифаларини бериш тартиби тўғрисидаги Низомни танқидий қайта кўриб чиқсин ва ўзгартиришлар киритсин. Бунда ўқитувчилар таркибининг компьютер техникаси ва ахборот-коммуникация технологияларидан, интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлиши мажбурий эканлигига алоҳида эътибор қаратилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази:

таълим жараёнида илғор педагогик услуб ва технологиялари (“case study” услуби, лойиҳалар услуби, ҳамкорликда ўқитиш, “амалий ўйин”, интерфаол таълим услуби ва бошқалар), ахборот-коммуникация технологиялари, электрон таълим ресурслари ва мультимедиа тақдимотларидан фойдаланиш борасида чет эл тажрибасини чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиқсин;

чет эл тажрибасини инобатга олган ҳолда, уч ой муддатда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар учун янги ўқув режалари ва дастурларини қайтадан ишлаб чиқсин ҳамда белгиланган тартибда тасдиқласин, уларда анъанавий мактаб таълими услубларидан воз кечиб, амалий машғулотлар ва ишлаб чиқариш амалиёти бўйича соатлар кўпайтирилишини назарда тутсин;

икки ой муддатда касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг таълим жараёнига илғор педагогик ахборот-коммуникация технологияларини кенг кўламда жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастурини тасдиқласин.

Вазирлик, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ва унинг ҳудудий тузилмаларининг раҳбарлари мазкур чора-тадбирлар амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўлишлари тўғрисида қаттиқ огоҳлантирилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тармоқ (базавий) касб-ҳунар коллежлари ҳузурида ўқитувчи кадрларнинг замонавий ахборот-коммуникация воситаларини қўллаш асосида илғор педагогик технологияларни эгаллашлари бўйича доимий фаолият юритадиган семинарларни ташкил қилсин.

Ушбу семинарларни ўтказиш учун мазкур технологияларни эгаллаган мутахассисларни штат асосида таклиф қилишга рухсат берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази вазирлик ва марказнинг мансабдор шахслари, олий ўқув юртларининг етакчи ўқитувчилари ичидан ушбу семинарларни ўтказиш учун масъул шахсларни бириктириб қўйсин, семинар ишини мунтазам назорат қилиб борсин, зарур ўқув-услубий ёрдам кўрсатсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги олий таълим муассасалари томонидан касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар учун ўқитувчи кадрлар тайёрлаш савияси ва сифати устидан қаттиқ тизимли назорат ўрнатсин, битирувчиларнинг касбий тайёргарлиги билан бир қаторда, уларнинг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини, хорижий тилларни эгаллашларига, педагогик амалиётни коллежлар ва лицейларда мажбурий равишда ўтишларига алоҳида эътибор қаратсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 2012 йил 1 сентябрдан бошлаб касб-ҳунар коллежлари ишлаб чиқариш таълими усталарининг меҳнат ҳақи бўйича базавий тариф ставкаларини, малака тоифаларига қараб, касб-ҳунар коллежлари тегишли малака тоифаларидаги ўқитувчиларининг меҳнат ҳақи бўйича базавий тариф ставкаларига тенглаштириш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда, бир ой муддатда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги мавжуд Низомга ҳамда касб-ҳунар коллежи, ишлаб чиқариш таълими усталарининг меҳнат ҳақи бўйича базавий тариф ставкалари миқдорларига тегишли ўзгартишлар киритсин ва тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин.

9. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази манфаатдор идоралар ва хўжалик бирлашмалари билан биргаликда, икки ой муддатда, касб-ҳунар коллежларини ўқув-амалий машғулотларни ўтказиш учун сарфланадиган материаллар ҳамда зарур хом ашё билан таъминлаш меъёрлари ва механизмини ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласин.


10. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини оширишга ихтисослашган олий таълим муассасалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


11. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази ҳузуридаги Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти зиммасига касб-ҳунар коллежлари ҳамда академик лицейларнинг раҳбар ва педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ягона меъёрий-услубий базани ишлаб чиқиш ҳамда ўқув жараёнини ташкил қилиш юзасидан бош муассаса вазифаси юклансин.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда:

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тўғрисидаги низомни;

ҳозирги замон талабларини ҳисобга олган ҳолда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтининг янгиланган тузилмасини тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги 2012 йилги Давлат бюджетида назарда тутилган маблағлар доирасида, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институтини керакли мебель, замонавий ўқув ускуналари ва компьютер техникаси билан жиҳозлаган ҳолда унинг 450 ўринли ўқув биносини ва 150 ўринли ётоқхонасини мукаммал таъмирлаш учун бюджетдан етарли маблағлар ажратсин.


13. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари директорларини аттестациядан ўтказиш тўғрисида” 2005 йил 28 февралдаги Ф-2146-сон фармойиши 2-бандининг иккинчи хатбошиси ва унинг 1-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Адлия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                          И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



“Халқ сўзи”, 2012 йил 29 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 22-сон, 241-модда


Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, 5-сон, 140-модда