Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Таълим /

Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.07.2012 й. 200-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 6 июлдаги

200-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус,

касб-ҳунар таълими тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.

Умумий ўрта таълим негизида ўқитиш муддати уч йил бўлган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими узлуксиз таълим тизимининг мажбурий мустақил тури ҳисобланади ва "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ амалга оширилади.


2. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари тизими ўрта махсус, касб-ҳунар таълими мақсади ва вазифаларини амалга ошириш учун зарур ташкилий, ўқув-методик, моддий-техник ва психологик-педагогик шарт-шароитларни таъминлайдиган академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларидан иборат бўлади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга, ушбу Низомга, шунингдек ўз уставларига амал қилади.


3. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари юридик шахслар ҳисобланади, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўз уставига, мустақил балансига, Молия вазирлигининг Ғазначилигида ва унинг ҳудудий бўлинмаларида шахсий ҳисоб рақамларига (давлат таълим муассасалари учун), ҳисоб-китоб рақамларига, ўз номи кўрсатилган муҳрга, бурчакли штампга ва бланкларга эга бўлади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг устави қонун ҳужжатларига мувофиқ ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.


4. Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларига мувофиқ давлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг муассислари бўлиши мумкин.

Нодавлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний ва нодавлат юридик шахслар томонидан ташкил этилади.



II. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИНГ

МАҚСАДИ ВА ВАЗИФАЛАРИ


5. Ўқувчиларни соҳа бўйича пухта, табақалаштирилган ҳолда ўқитиш, уларнинг интеллектуал камол топишини ва уларнинг қобилиятлари ва касбларга мойиллигига мувофиқ равишда танлаган мутахассисликларни эгаллашини таъминлаш ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг мақсади ҳисобланади.


6. Қуйидагилар ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг вазифалари ҳисобланади:

умумтаълим мактаблари 9-синфларини битирувчиларнинг сифатли мажбурий ўрта махсус, касб-ҳунар таълимидан фойдаланишини таъминлаш;

шахснинг изчил интеллектуал, маданий ва маънавий-ахлоқий камол топишга бўлган эҳтиёжини қондириш;

ёшларни миллий ғояларга садоқат ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, мустақил дунёқарашга ва фикрлашга эга бўлган маънавий бой ва ҳар томонлама камол топган шахсни шакллантириш;

ўқувчиларнинг таълимнинг кейинги босқичларида ўқишни давом эттириши ёки танлаган касб ва ихтисосликка мувофиқ меҳнат фаолияти билан шуғулланиши учун уларнинг юқори даражада сифатли билимлар олишини ва касбий тайёргарлигини таъминлайдиган давлат таълим стандартлари доирасида умумтаълим ва касб-ҳунар дастурларини амалга ошириш;

иқтисодиёт тармоқларини, маъмурий-ижтимоий соҳани зарур йўналишдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига эга бўлган кадрлар билан энг юқори даражада таъминлаш.



III. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ФАОЛИЯТ КЎРСАТИШИНИНГ

УМУМИЙ ШАРТ-ШАРОИТЛАРИ


7. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ҳудудларнинг демографик, ижтимоий-иқтисодий ва географик шароитларини, меҳнат бозорининг тегишли соҳа мутахассисларига бўлган талабини, уларни ўқувчиларнинг асосий яшаш жойларига мумкин қадар яқин жойлаштирилишини ҳисобга олган ҳолда ташкил этилади. Бошқа жойлардан келган ўқувчилар учун, имкониятга қараб, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ҳузурида уларни оиласидан алоҳида яшаши учун етарли уй-жой-маиший шароитлар билан таъминлайдиган ётоқхоналар ташкил этилади.

Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш уч йил муддат билан, кундузги шаклда амалга оширилади.


8. Академик лицей давлат таълим стандартига мувофиқ ўрта махсус маълумот беради, гуманитар ва табиий-илмий йўналишлар бўйича интенсив интеллектуал ривожланишни, соҳа бўйича пухта табақалаштирилган ўқитишни таъминлайди.

Академик лицейларда ўқитиш олий таълим муассасалари бакалавриати талабаларининг салоҳиятли контингентини шакллантиришга йўналтирилган.

Академик лицейларга ўқишга киришда ўқувчилар ўз имкониятлари ва қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда гуманитар ёки табиий-илмий таълим фанлари ва курсларини пухта ўзлаштириш йўналишини ихтиёрий равишда танлайдилар.

Ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълимнинг узвийлигини яхшилаш мақсадида давлат академик лицейлари ўзаро муносабатлари уларнинг уставларига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ тартибга солинадиган соҳага оид олий таълим муассасаларига биркитилади.

Соҳа бўйича пухта, табақалаштирилган ҳолда ўқитиш учун тегишли олий таълим муассасалари академик лицей устидан патронатни амалга ошириши мумкин.


9. Касб-ҳунар коллежи Давлат таълим стандарти доирасида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими беради, ўқувчиларнинг касбий мойилликлари, маҳорати ва кўникмаларининг пухта ривожланишини, танланган касблар бўйича мутахассисликларнинг кенг кўламига эга бўлишини таъминлайди.

Касб-ҳунар коллежлари мутахассислар тайёрлашнинг тури ва соҳасидан келиб чиққан ҳолда классификация қилинади.

Касб-ҳунар коллежларида касбий тайёргарлик йўналишлари республикани иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг тайёрлаш, касблар ва мутахассисликлар йўналишлари классификаторига мувофиқ белгиланади.

Касб-ҳунар коллежларида мутахассислар тайёрлаш сони ва касб-ҳунар коллежлари соҳасини қайта ўзгартириш имконияти меҳнат бозорининг у ёки бу соҳа кадрларига бўлган эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Иқтисодиёт тармоқлари ва маъмурий-ижтимоий соҳанинг кадрларга бўлган талабини энг юқори даражада таъминлашни ҳисобга олган ҳолда, зарур соҳа ва таълим даражаси бўйича кадрлар тайёрлашни тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.

Касб-ҳунар коллежида таълим ва касб-ҳунар дастурларини бажариш корхоналар ва касб-ҳунар коллежлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик асосида амалга оширилади.

Касб-ҳунар коллежлари учун маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан тармоқ вазирликлари, идоралари, иқтисодий барқарор корхоналар орасидан васийлар аниқланади, улар иш берувчилар билан шериклик муносабатлари ривожлантирилишини таъминлайдилар, ўқувчиларнинг корхоналарда, муассасаларда ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этишга, кейинчалик битирувчиларни ишга жойлаштиришга, шунингдек касб-ҳунар коллежларининг моддий-техник ва ресурс базасини мустаҳкамлашга, ўқувчилар ва ўқитувчиларни ижтимоий ҳимоя қилишга кўмаклашадилар.

Имкониятлари чекланган ўқувчиларнинг ўқишда ва касб-ҳунарни эгаллашда тенг имкониятлардан фойдаланишини таъминлаш учун имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ташкил этилади.

Мамлакатимизда спортнинг олимпиада ва миллий турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт ва спорт резерви соҳасида юқори малакали ўрта бўғин мутахассисларини тайёрлаш мақсадида олимпиада резерви коллежлари ташкил этилади.

Ривожланган ўқув-методик ва моддий-техник базага, юқори малакали ўқитувчилар ва ишлаб чиқариш таълими мастерларига эга бўлган етакчи касб-ҳунар коллежлари негизида узоқ жойлардаги соҳага оид касб-ҳунар коллежлари орасидан филиалларга эга бўлган бирлашган (базавий) касб-ҳунар коллежлари ташкил этилади.

Бирлашган коллежларнинг филиаллари, қоидага кўра, маъмурий марказлар ва йирик шаҳарлардан узоқда жойлашган, мутахассислар тайёрлашнинг соҳа йўналиши бўйича ўхшаш бирлашган коллежга эга бўлган касб-ҳунар коллежлари орасидан танланади.

Ўқувчиларни соҳа бўйича пухта, табақалаштирилган, касбга йўналтирилган ҳолда ўқитиш, уларнинг интеллектуал камол топишини, ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбияланишини таъминлаш мақсадида ҳарбий академик лицейлар ва олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юкланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг махсус гуруҳлари ташкил этилади.

Имкониятлари чекланган шахслар учун ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежларини, олимпиада резерви коллежларини, бирлашган (базавий) касб-ҳунар коллежларини ва уларнинг филиалларини, ҳарбий академик лицейларни ва олий ҳарбий таълим муассасаларига кириш учун номзодларни тайёрлаш бўйича қўшимча вазифалар юкланган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг махсус гуруҳларини ташкил этиш ва уларнинг фаолиятини амалга ошириш шарт-шароитлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорлари билан белгиланади.

10. Академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларининг ўқувчилари ва ходимларига ижтимоий кафолатлар, қўллаб-қувватлаш ва имтиёзлар қонун ҳужжатлари, шунингдек ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси устави билан белгиланади.


11. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини лицензиялаш ва аккредитация қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



IV. ЎҚУВЧИЛАРНИ АКАДЕМИК ЛИЦЕЙЛАР

ВА КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИГА

ҚАБУЛ ҚИЛИШ


12. Шаҳарлар ва туманлар бўйича ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг умумий параметрлари ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан, умумтаълим мактаблари 9-синфлари битирувчиларининг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида ўқитиш билан тўлиқ қамраб олинишини ҳисобга олган ҳолда тасдиқланади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, тайёрлаш йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича ўқишга қабул қилиш параметрлари Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан белгиланади.


13. Ўқувчиларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш 9 йиллик умумий ўрта таълим негизида, умумтаълим мактабини тамомлаганлик тўғрисида давлат намунасидаги шаҳодатномалар асосида, уларнинг академик лицей ёки касб-ҳунар коллежида ўқиш йўналишини ихтиёрий танлашини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 июндаги 109-сон қарори билан тасдиқланган Умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига қабул қилиш ва расмийлаштиришни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом билан белгиланади.



V. ЎҚУВ-ТАРБИЯ ЖАРАЁНИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА УНИНГ МАЗМУНИ


14. Ўқувчилар, ўқитувчилар ва муҳандис-педагоглар таркиби, иш берувчилар, ўқувчиларнинг ота-оналари (ёки уларнинг ўрнини босувчилар) ўрта махсус, касб-ҳунар таълими таълим жараёнининг қатнашчилари ҳисобланадилар.


15. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида:

умумтаълим ва касб-ҳунар дастурларини бажариш уч йил ўқитиш мобайнида амалга оширилади;

ўқувчилар ўқитиш курслари бўйича гуруҳларга, ўқитиш йўналиши бўйича эса - бўлимларга бирлаштирилади;

гуруҳларни тўлдириш, қоидага кўра, академик лицейларда 26 нафаргача, касб-ҳунар коллежларида 30 нафаргача ўқувчилар доирасида белгиланади, ўқувчиларнинг ўқув юкламаси ва бошқа ўқув-тарбия жараёнини рационализациялаш масалалари Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат стандартига мувофиқ аниқланади;

ўқув йили 2 семестрга бўлинади, ўқувчилар учун ҳар бир ўқув йилида жами камида 10 ҳафта ва кўпи билан 12 ҳафта давом этадиган таътиллар белгиланади.


16. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари Давлат таълим стандарти билан белгиланадиган қуйидаги бўлимлардан иборат бўлади:

умумтаълим дастурлари - академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари учун;

ўқитиш фанлари ва йўналишлари бўйича чуқурлаштирилган, соҳага оид таълим дастурлари ва ихтисослаштирилган дастурлар - академик лицейлар учун;

ўқитиш йўналишлари бўйича умумтехника касб-ҳунар дастурлари ва махсус дастурлар - касб-ҳунар коллежлари учун.

Имкониятлари чекланган шахслар учун Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими махсус дастурлари ишлаб чиқилади.


17. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими сифатини назорат қилиш қуйидаги усулларда олиб борилади:

ички назорат - ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси томонидан амалга оширилади ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланган рейтинг назорат тизими ҳақидаги низом асосида ўтказилади.

ташқи назорат - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади;

давлат-жамоат назорати - таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ва у билан келишилган ҳолда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва кадрларга талабгорлар томонидан амалга оширилади;

якуний давлат аттестацияси - ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида якуний давлат аттестациясини ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилади.

18. Ўқитиш курсини тамомлаш якунлари бўйича, рейтинг назорати ва аттестацияси натижалари асосида ўқувчини навбатдаги курсга ўтказиш ёки ўқитишнинг такрорий йилига қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинади. Ўқувчини курсдан-курсга ўтказиш ёки ўқитишнинг такрорий йилига қолдириш ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорининг буйруғи билан амалга оширилади. Курсдан-курсга шартли равишда ўтказишларга йўл қўйилмайди.


19. Ўқувчиларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг бир типидан бошқасига ўтказиш, ўқишга тиклаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


20. Ўқувчиларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқитиш касб-ҳунар таълимининг фан ва ишлаб чиқариш билан ўзаро ҳамкорлиги асосида қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг корхоналарда тизимли асосда ишлаб чиқариш амалиётидан ўтиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек иш берувчиларни ўқув жараёнига, академик лицейлар таълим йўналишлари ва касб-ҳунар коллежлари тайёрлов йўналишлари бўйича малака талабларини ва ўқув қўлланмаларини ишлаб чиқишга жалб этиш;

илмий-тадқиқотлар натижаларини янги ахборот ва педагогик технологияларни ўзлаштириш учун экспериментал майдончалар ташкил этиш орқали ўқув-тарбия жараёнига жорий этиш;

ўқитишни ташкилотларда ишлаб чиқариш меҳнати билан қўшиб олиб бориш, касб-ҳунар коллежларида қўшма ишлаб чиқаришлар ташкил этиш, ўқувчиларни ишлаб чиқариш амалиётидан ўтиш учун базалар билан таъминлаш асосида малакали кадрларни тайёрлаш ва тарбиялашнинг дуал тизимини ривожлантириш;

алоҳида мутахассисларни, ўқув гуруҳларини мақсадли тайёрлашни молиялаштиришда, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг моддий-техника ва ресурс базасини мустаҳкамлашда, шунингдек таълим муассасаларини замонавий анжомлар, аппаратуралар ва ускуналар билан жиҳозлашда, академик лицейлар ўқувчиларига амалий билимлар олиши учун олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг ўқув-лаборатория базасини беришда корхоналар, ташкилотлар ва бошқа иш берувчиларнинг ихтиёрий (ёки тузилган шартномалар асосида) қатнашиши;

ўқувчиларни товар маҳсулотлар ишлаб чиқарган ҳолда меҳнат фаолиятига ва ишлаб чиқариш жараёнига фаол жалб этиш учун шарт-шароитлар яратиш;

ўқувчиларга келгусида улардан ишлаб чиқаришда ва битирувчилар-ишлаб чиқувчиларнинг жойларда тақдим этилган лойиҳаларни амалга оширишда фойдаланиши эҳтимоли учун диплом ишланмалари мавзулари рўйхатини беришда корхоналар, ташкилотлар ва бошқа иш берувчиларнинг қатнашиши;

бевосита ишлаб чиқаришда муҳандис-педагог кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳамда юқори малакали мутахассислар - ишлаб чиқарувчиларнинг ўқувчиларни ўқув-касбий тайёрлашда қатнашиши.


21. Давлат ва нодавлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқувчилари давлат таълим стандартига мувофиқ қўшимча таълим хизматлари олиш, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини бошқаришда унинг уставида белгиланган шаклда қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар.


22. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига:

а) Давлат таълим стандарти талабларига мувофиқ:

академик лицейлар учун - таълим йўналиши ихтисослиги бўйича фанлар;

касб-ҳунар коллежлари учун - ўрта махсус, касб-ҳунар таълими касблари ва мутахассисликлар тайёрлаш йўналишлари классификаторларига мувофиқ малака даражаси, эгалланган касб ва унга қўшимча мутахассисликлар кўрсатилган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисида давлат намунасидаги диплом берилади.

Дипломларга ўзлаштирилган умумтаълим ва махсус (касбий) фанлар (курслар), соатлар ҳажми ва улар бўйича баҳолар (рейтинг), шунингдек битирувчининг умумий рейтинги ва якуний давлат аттестацияси натижалари кўрсатилган ҳолда киритма варақча илова қилинади.


23. Давлат аттестациясидан ўтмаган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларига таълим даражасига ва такрорий давлат аттестациясига 3 йил мобайнида талаб қўйилмайдиган ишга жойлашиш ҳуқуқини берадиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тамомлаганлик тўғрисидаги маълумотнома берилади.


24. Академик лицей ва касб-ҳунар коллежини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом олий таълим муассасасига кириш ҳуқуқини беради.

Академик лицей битирувчиларига диплом билан биргаликда махсус чуқурлаштирилган тайёргарликни талаб этмайдиган мутахассислик бўйича давлат намунасидаги сертификат берилади.

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежини тамомлаганлик тўғрисидаги диплом (сертификат) эгаллаган билимларини меҳнат фаолиятида амалга ошириш ҳуқуқини беради.

25. Касб-ҳунар коллежи манфаатдор вазирликлар ва идоралар, иш берувчилар, меҳнат ва аҳоли бандлиги органлари билан ҳамкорликда пулли-контракт асосида:

а) ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотига эга бўлмаган шахсларни умумтаълим мактабларининг 11-синфлари битирувчилари касбий тайёргарликка эга бўлишлари учун ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича;

б) иккинчи мутахассисликни олишни хоҳловчи ўрта махсус, касб-ҳунар маълумотли шахсларни ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дастурлари бўйича ўқитиши мумкин (бўш ўқув майдонлари, зарур ресурс таъминоти ва ўқитувчи кадрлар мавжуд бўлган тақдирда).



VI. КАСБ-ҲУНАР КОЛЛЕЖЛАРИ БИТИРУВЧИЛАРИНИ

ИШГА ЖОЙЛАШТИРИШНИНГ ТАШКИЛИЙ

ТАМОЙИЛЛАРИ


26. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг иш билан бандлигига кўмаклашиш касб-ҳунар коллежлари, битирувчилар ва уларнинг ота-оналари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, меҳнат ва аҳоли бандлиги органлари, васийлар, тармоқ вазирликлари, идоралари, корхоналарининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан амалга оширилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг иш билан бандлигига кўмаклашиш:

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, ўқувчилар ва иш берувчилар ўртасида белгиланган тартибда уч томонлама шартномалар тузиш;

янги иш ўринлари яратиш ишларини ташкил этишда шаҳар аҳамиятига эга бўлган ва бошқа йирик корхоналар иштирокида касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун иш ўринларининг касбий таркибини аниқлаш;

иш берувчиларни ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини жалб этган ҳолда иш ўринларининг мунтазам ярмаркаларини ўтказиш;

битирувчиларга тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда кўмаклашиш мақсадида улар учун Ўзбекистон Савдо-саноат палатасининг ҳудудий органлари иштирокида бизнес-лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

битирувчиларни тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш ва ўзини ўзи иш билан банд этиш даражасини ошириш мақсадида имтиёзли кредитлар бериш;

битирувчилардан у ёки бу йўналишда фойдаланиш бўйича имтиҳон олувчи профессионал комиссиялар, васийлар, бошқа иш берувчиларнинг тавсияларини бериш;

битирувчиларни ишга жойлаштиришга йўналтирилган бошқа чора-тадбирларни амалга оширишга доир тадбирларни бажариш йўли билан амалга оширилади.


27. Касб-ҳунар коллежлари, ўқувчилар ва иш берувчилар ўртасидаги уч томонлама шартномаларни тузиш, қайта тузиш ўқувчилар таълим олишининг бутун даври жараёнида, шунингдек оралиқ ва давлат аттестацияси якунлари бўйича амалга оширилиши мумкин.


28. Битирувчиларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш олий таълим муассасаларига кирган, мамлакат ташқарисига чиқиб кетган, меҳнатга лаёқатсизлик тўғрисида тиббий хулосага эга бўлган, қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа узрли сабаблар бўйича контингент истисно этилган ҳолда ҳар бир касб-ҳунар коллежи, ҳар бир туман ва шаҳар, аниқ эгалланган касб бўйича амалга оширилади.


29. Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тўғрисидаги ахборот қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари томонидан статистика органларига, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига тақдим этилади.



VII. ПЕДАГОГ КАДРЛАР


30. Белгиланган талабларга мувофиқ тегишли олий маълумотга эга бўлган шахслар академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўладилар. Суднинг қарори билан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ишлаши тақиқланган шахсларнинг уларда ишлашига йўл қўйилмайди.


31. Профессор-ўқитувчи ва муҳандис-педагоглар таркибини ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ишга қабул қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


32. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчилар ва муҳандис-педагоглар таркибининг ўқув-педагогик юкламаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


33. Ўқитувчиларнинг (ўқув фанлари ва соатлар бўйича) бошқа ўқитувчилар ўрнида ишлаши тартиби тегишли норматив ҳужжатлар билан белгиланади.


34. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг ўқитувчилар ва муҳандис-педагоглар таркибини даврий аттестациядан ўтказиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.


35. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари маъмурияти ўқитувчилар ва муҳандислар-педагогларнинг педагогик, касбий ва психологик маҳоратини доимий такомиллаштириш, уларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун жавоб беради.


36. Ўқитувчилар ва муҳандис-педагоглар таркибини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда ва тартибда амалга оширилади.



VIII. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР

ТАЪЛИМИНИ БОШҚАРИШ


37. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ташкилий ва ўқув-методик раҳбарлик қилиш, давлат таълим стандартини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ўқув, таълим ва касб-ҳунар дастурларини бирхиллаштириш, педагог кадрлар билан таъминлаш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан амалга оширилади.

Тармоқ вазирликлари, идоралари ва бошқа ташкилотларнинг касб-ҳунар коллежлари икки томонлама бўйсунишда бўладилар.

Тегишли вазирликлар, идоралар, ташкилотлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларини моддий ва молиявий таъминлайдилар, ўқувчиларда касбий ва амалий кўникмаларни шакллантирадилар, битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётидан ўтиши учун базалар билан таъминлаш, уларни ишга жойлаштириш ва тайёрлашнинг эгалланган ихтисослиги бўйича улар меҳнатидан фойдаланиш масалаларини ҳал этадилар.


38. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор бошчилик қилади. Директор ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг фаолияти натижалари учун шахсан жавоб беради.

Директор ҳар чоракда камида бир марта ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тегишли фуқаролар йиғинига тақдим этади.

39. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директори ҳузурида коллегиал орган ҳисобланган педагогик кенгашлар ташкил этилади.

Педагогик кенгашнинг функциялари ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси уставида белгиланади.


40. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида тармоқ вазирликлари, идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, қонун ҳужжатлари ва устав асосида иш кўрувчи нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларини ўз ичига оладиган васийлик кенгашлари тузилади.



IX. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ

МУАССАСАЛАРИНИНГ МОЛ-МУЛКИ

ВА МОЛИЯ-ХЎЖАЛИК ФАОЛИЯТИ


41. Давлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ўзининг молия-хўжалик фаолиятини бюджет маблағлари ва бюджетдан ташқари маблағлар доирасида амалга оширади. Давлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолиятини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда:

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари;

тасарруфида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари мавжуд бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотларнинг маблағлари;

пулли таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш фаолиятидан ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг уставда қайд этилган вазифаларига мувофиқ бўлган ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган фаолиятнинг бошқа турларидан олинган даромадлар;

хайрия эҳсонлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.


42. Нодавлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари фаолияти:

муассисларнинг маблағлари;

нодавлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун тўланадиган тўлов;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ихтиёрий эҳсонлари ва мақсадли бадаллари, васийларнинг маблағлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Нодавлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида болаларни ўқитиш ва тарбиялаш учун ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар томонидан тўланадиган тўлов миқдори шартномада белгиланади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўланади.


43. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси ходимларининг иш ҳақи, сифатли фаолият учун уларни рағбатлантириш миқдори ва иш ҳақига бошқа қўшимча ҳақлар қонун ҳужжатларига ва уставларга мувофиқ белгиланади.


44. Давлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг мол-мулки унинг тезкор бошқарувида бўлади ва улардан фақат уставда қайд этилган вазифаларни ҳал этиш учун фойдаланилади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг устахоналари, лабораториялари ва бошқа объектларининг жиҳозланганлиги жиҳозлашнинг намунавий нормативлари билан белгиланади.

Давлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг объектлари ва мол-мулкидан ўқув жараёни даврида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш мақсадида фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг мол-мулкидан самарали ва мақсадга йўналтирилган тарзда фойдаланилиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси раҳбари тўлиқ жавоб беради.


45. Нодавлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини моддий-техник таъминлаш муассислар томонидан, давлат таълим муассасалари учун Ўзбекистон Республикасида амал қилувчи намунавий нормативлардан паст бўлмаган миқдорларда амалга оширилади.


46. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси молия ва статистика ҳисоботини юритади ҳамда уни қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда тегишли органларга тақдим этади.


47. Давлат ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг молия-хўжалик фаолиятини назорат қилиш қонун ҳужжатларига мувофиқ ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.



Х. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ

МУАССАСАЛАРИ ЎҚУВЧИЛАРИНИНГ ЎҚУВ

МАШҒУЛОТЛАРИГА ҚАТНАШИШИ


48. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларининг ўқув машғулотларига қатнашиши қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлардан ташқари, мажбурий ҳисобланади.


49. Ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши ва ўқитувчиларга юкламани самарали тақсимлашни назорат қилиш учун бир йилда камида икки марта (ўқув семестрлари тугаллангандан кейин) даврий мониторинг ўтказилади.


50. Мониторинг академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари жойлашган жой бўйича ташкил этиладиган Идоралараро махсус гуруҳлар томонидан (кейинги ўринларда махсус гуруҳ деб аталади) амалга оширилади, уларнинг таркиби ва раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.


51. Ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши мониторинги:

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари томонидан ҳар ойда 5-кундан кечикмай умумлаштириш ва таҳлил қилиш учун тегишли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасига тақдим этиладиган ахборот;

ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари томонидан ҳар ойнинг 10-кунидан кечикмай ҳисобот даври учун махсус гуруҳларга тақдим этиладиган умумлаштирилган ахборот;

махсус гуруҳлар томонидан ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ёки алоҳида олинган ўқув гуруҳларида ўтказиладиган режали ва танлаб текширишлар асосида олиб борилади.

Тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилиги учун жавобгарлик тегишли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси директорига юкланади.


52. Махсус гуруҳ томонидан белгиланган жадвал бўйича ўтказиладиган текширишлар якунларига кўра ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши даражаси 90 фоиздан паст эканлиги аниқланган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида:

кейинги 3 - 5 кун мобайнида давоматнинг қўшимча текширишлари ўтказилади;

ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши рейд текширишлари йўли билан бир йилда камида икки марта қўшимча равишда ўрганилади, ўрганиш асосида ўқувчиларнинг машғулотларга қатнашмаслиги сабаблари ўрганилади.

Ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши даражаси 70 фоиздан пастни ташкил этадиган ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида махсус гуруҳ томонидан доимий асосда давомат мониторинги амалга оширилади.


53. Ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши мониторингини амалга ошириш мақсадида ҳар бир ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази томонидан белгиланадиган шакл бўйича Ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши мониторинги дафтари (кейинги ўринларда Мониторинг дафтари деб аталади) юритилади.

Мониторинг дафтари қатъий ҳисобот бериладиган ҳужжат ҳисобланади. Мониторинг дафтарида акс эттирилган ахборотнинг ишончлилиги учун тегишли махсус гуруҳ раҳбари масъул ҳисобланади.

Мониторинг дафтарига режали ва танлаб текширишлар давомида махсус гуруҳ томонидан аниқланган маълумотлар, шу жумладан, ўтказилган режали ёки танлаб текширишлар санаси ва вақти, ўқув гуруҳи рақами, ўқув фанининг номи, ўқитувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, рўйхат бўйича ўқувчилар сони, машғулотда ҳозир бўлган ўқувчиларнинг амалда мавжудлиги, сабаблари кўрсатилган ҳолда машғулотда қатнашмаганлар рўйхати киритилади. Аниқланган маълумотлар махсус гуруҳнинг раҳбарлари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасининг директори имзолари билан тасдиқланади.


54. Мониторинг якунлари бўйича:

махсус гуруҳлар ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармалари билан биргаликда ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашиши даражасини ошириш, кам сонли ўқув гуруҳларини бирлаштириш, ўқитувчиларнинг юкламасини ўзгартириш ҳисобига бюджет маблағларидан фойдаланишни мақбуллаштириш бўйича таклифлар ва тавсияларни тайёрлайдилар ҳамда кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказига киритадилар;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази:

ўқувчиларнинг ўқув машғулотларига қатнашмаслиги, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ташқари, сабабларининг олдини олувчи шарт-шароитлар яратиш;

ўқитувчиларнинг ўқув юкламасини (тарификацияни) тегишли равишда қисқартирган ҳолда кам сонли ўқув гуруҳларини бирлаштириш;

ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси (тарификацияси) қисқариши муносабати билан тегишли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг харажатлар сметасига ўзгартиришлар киритиш тадбирларини амалга ошириш бўйича қўшма қарор қабул қилинади.



XI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


55. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ таълим масалалари бўйича халқаро ҳамкорликни амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хорижий фуқароларни ўқитиши мумкин.


56. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини қайта ташкил этиш ёки тугатиш, қоидага кўра, ўқув йили тамом бўлгандан кейин амалга оширилади, бунда тегишли ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармасига ўқувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар билан келишилган ҳолда ўқувчилар бошқа ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўтказилганлиги учун жавобгарлик юкланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 28-сон, 315-модда





















Время: 0.1540
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск