ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Тадбиркорлик субъектларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя ҳилиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.07.2012 й. ПФ-4455-сон "Ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилаш ва тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

18.07.2012 й.

N ПФ-4455


ИШБИЛАРМОНЛИК МУҲИТИНИ ЯНАДА ТУБДАН

ЯХШИЛАШ ВА ТАДБИРКОРЛИККА ЯНАДА КЕНГ

ЭРКИНЛИК БЕРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Қайд этилсинки, кейинги йилларда Ўзбекистонда бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, рақобатни ривожлантириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш йўлидан изчил олға силжиш борасида кенг кўламдаги чора-тадбирлар комплекси қабул қилинди.

2011-2015 йиллар даврида Ўзбекистон иқтисодиётида ислоҳотлар миқёсини кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар Дастурини амалга ошириш доирасида фақатгина сўнгги йилнинг ўзида тадбиркорликка янада кенг эркинлик бериш, хусусий мулк устуворлигини таъминлаш ва унинг ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш, корхоналарнинг молия-хўжалик фаолиятига давлат ва назорат қилувчи идоралар аралашувини камайтиришга оид аниқ чора-тадбирлар рўёбга чиқарилди.

Тадбиркорлик субъектларининг давлат, ҳуқуқни муҳофаза этувчи ва назорат қилувчи органлар билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлар ҳуқуқларининг устуворлиги  тамойили қонун даражасида жорий этилди.

Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, уларни муҳандислик-коммуникация тармоқларига улаш, экспорт товарларини божхонада расмийлаштириш тартиб-таомиллари сезиларли даражада соддалаштирилди ва арзонлаштирилди. Кичик бизнес субъектларида улар рўйхатга олинган пайтдан бошлаб уч йил мобайнида солиққа оид режали текширишлар ўтказилишини тақиқловчи тартиб жорий этилди. Давлат томонидан харид қилишнинг янги янада такомиллаштирилган, очиқ ва ошкора механизми ўрнатилганки, бунда кичик бизнес субъектларига афзаллик берилади. Барча кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини солиқ ва молиявий ҳисоботларни топширишнинг электрон тизимига босқичма-босқич ўтказиш бошланди.

Республика ва минтақалар бўйича иқтисодиётни либераллаштириш ва модернизация қилиш кўламларини, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини шакллантириш даражасини ҳар чоракда баҳолаш кўрсаткичлари тизими жорий этилган.

Натижада, 2000 йил билан таққослаганда кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 31 фоиздан 54 фоизгача кўпайди, ушбу соҳада меҳнат билан банд бўлганлар сони шу давр ичида 2 баробардан кўпроқ ошди ва иқтисодиёт тармоқларида меҳнат билан банд бўлганларнинг 75,1 фоизидан кўпроғи унинг улушига тўғри келади. Ҳозирги вақтда ялпи ички маҳсулотнинг 82,5 фоизи, саноат  маҳсулотининг 91 фоизи ва қишлоқ хўжалигининг деярли барча маҳсулоти нодавлат секторда ишлаб чиқарилмоқда.

Шу билан бирга, ишбилармонлик муҳитининг ҳозирги ҳолати, бизнесни юритиш шарт-шароитлари эркин бозор иқтисодиёти талаблари ва тамойилларига, умум қабул қилинган халқаро меъёр ва стандартларга ҳали тўлиқ даражада мос келаётгани йўқ. Тадбиркорлик фаолиятини ортиқча регламентлар билан чеклаб қўйиш ҳоллари ҳали ҳам бартараф этилмаган, иқтисодиёт тармоқлари ва секторларида катта, серхаражат, ноошкора маъмурий тартиб-таомиллар ҳамон амал қилиб келмоқда, бюрократик тўсиқ ва ғовларга барҳам берилмаган.

Ҳозирги халқаро амалиётда қабул қилинганидек, регламентга солувчи тартиб-таомилларни янада соддалаштириш, арзонлаштириш ва қисқартириш, давлат ва назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг бевосита мулоқотсиз электрон шаклларини ҳамма жойда кенг татбиқ этиш талаб қилинади.

Ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун энг қулай шарт-шароитларни яратиш, корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ тартиб-таомилларнинг барча турларини қисқартириш, соддалаштириш ва очиқ-ойдинлик даражасини ошириш, бизнесни юритиш шарт-шароитларини баҳолаш мезонларининг жаҳон амалиётида ҳамма томонидан қабул қилинган тизимини жорий этиш ва шу асосда мамлакатимиз ишбилармонлик ва инвестиция муҳити даражасининг халқаро рейтингини янада ошириш мақсадида:


1. Маълумот учун қабул қилинсинки, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари, Марказий банки томонидан манфаатдор идоралар ва тузилмалар билан биргаликда Жаҳон банки ҳамда унинг бўлинмаси бўлган Халқаро молия корпорацияси томонидан қабул қилинган "Бизнесни юритиш" ҳисоботини шакллантириш методикасига мувофиқ ишбилармонлик муҳити ҳолатини омиллар асосида таҳлил қилиш ҳамда мамлакат рейтингини белгилаб берадиган баҳолаш мезонлари ва кўрсаткичларини татбиқ этиш бўйича катта ишлар амалга оширилди.


2. Қуйидагилар бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштиришнинг ғоят муҳим вазифалари этиб белгилансин:

тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтириш, бюрократик ғовларни тугатиб бориш, рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, солиқ ва божхона маъмуриятчилигини, ҳисоб-китоб ва ҳисобот тизимини такомиллаштиришга йўналтирилган қонун ҳужжатларини мукаммаллаштириш эвазига мамлакатда ишбилармонлик муҳитини тубдан яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш учун янада қулайроқ шарт-шароитларни яратиш, хусусий мулкчиликнинг иқтисодиётни ривожлантиришдаги ҳиссасини ошириш;

бизнесни юритиш шарт-шароитларини баҳолашнинг жаҳон амалиётида умум қабул қилинган халқаро мезонларини кенг жорий этиш ҳамда етакчи халқаро молиявий-иқтисодий ва рейтинг ташкилотларининг юқори баҳо  кўрсаткичларига эришиш;

ички бозорда рақобатни янада чуқурлаштириш, мулкчилик ва фаолиятни ташкил қилиш шаклларидан қатъи назар, барча тадбиркорлик субъектлари учун бизнесни юритишда тенг шароитлар яратиш, бозор тамойиллари асосида моддий-хом ашё ва кредит ресурсларидан фойдаланишга, давлат харидларида ҳамда маҳсулотларни сотиш ва пудрат ишларини амалга ошириш борасидаги танлов савдоларида иштирок этишга кенг имкониятлар яратиб бериш;

статистик, молиявий ва солиқ ҳисоботларини тақдим этишда, солиқлар ва мажбурий тўловларни тўлашда, рўйхатга олиш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини амалга оширишда, ер майдонларини ажратиш ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланишда, шунингдек тадбиркорлик субъектларини кредитлашда давлат, назорат қилувчи органлар билан тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги бевосита мулоқотни, бюрократик сансалорлик ва коррупцияни истисно этувчи электрон тизимга, шу жумладан, Интернет тармоғига кенг миқёсда ўтишни таъминлаш.


3. 2012 йил 1 августдан бошлаб, 1-иловага* мувофиқ, тадбиркорлик фаолияти учун шарт-шароитларни янада яхшилашга йўналтирилган аниқ меъёр ва чора-тадбирлар жорий қилинсин.

Вазирлар Маҳкамаси, Вазирлар Маҳкамасининг комплекслари, 1-иловада* кўрсатилган масъул ижрочилар - вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари 2012 йилнинг 1 августигача бўлган муддатда меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни Фармоннинг ушбу бандига мувофиқ ҳолга келтирсинлар.


4. Қонунчиликни такомиллаштириш ва ишбилармонлик муҳитини янада тубдан яхшилашга ҳамда тадбиркорликка янада кенг эркинлик беришга йўналтирилган тадбирларни амалга ошириш бўйича 2013-2014 йилларда жорий этиладиган комплекс чора-тадбирлар Дастури 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Масъул ижрочилар - вазирликлар, идоралар, банклар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дастурда назарда тутилган аниқ чора-тадбирларни белгиланган муддатларда тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар. Тегишли вазирликлар, идораларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг раҳбарлари зиммасига чора-тадбирлар Дастурига киритилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклатилсин.

Вазирлар Маҳкамаси 2-иловада* назарда тутилган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши устидан қаттиқ тизимли назорат ўрнатсин, уларнинг ижросини ҳар чоракда ўз мажлисларида кўриб чиқсин ва чора-тадбирларнинг сўзсиз бажарилиши бўйича зарур чораларни кўрсин.


5. 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ тадбиркорлик субъектлари тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органларида қуйидаги тартиб-таомилларни ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда амалга ошириш ҳуқуқига эга бўладилар:

банк ҳисобварақларига масофадан туриб хизмат кўрсатиш тизими, шу жумладан, "Интернет-банкинг" тизими орқали солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Марказий банки, тижорат банклари;

юкларни божхонада расмийлаштиришда тадбиркорлик субъектлари томонидан товарларни декларация қилиш - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси;

"бир ойна" тамойили бўйича  юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқларини рўйхатга олиш - Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси;

тадбиркорлик субъектларининг даъво аризалари ва илтимосномаларини хўжалик судларига бериш - Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда тадбиркорлик тузилмаларига хизмат кўрсатишнинг электрон шакллари ва тизимларини жорий этишда юқорида кўрсатилган суд ва  давлат бошқаруви органларига, тижорат банкларига амалий ёрдам кўрсатсин.

Тижорат банкларига, тўловларни электрон шаклда амалга оширувчи кичик тадбиркорлик субъектларининг ҳисобварақларига хизмат кўрсатганлик учун ундириладиган тўлов миқдорини камида 20 фоизга камайтириш тавсия этилсин.


6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, Адлия вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Миллий телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш ва хусусий тадбиркорлик учун янада кенг эркинлик бериш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан кенг кўламдаги тушунтириш ишлари мунтазам равишда ўтказилишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Марказий банки ҳамда бошқа манфаатдор тузилмалар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишини таъминласин.


8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         И. Каримов



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 29-сон, 328-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2012 йил, 7-сон, 190-модда






















































Время: 0.1397
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск