ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Малака ошириш /

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 10.08.2012 й. 242-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 10 августдаги

242-сон қарорига

1-ИЛОВА


Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими

раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини

ошириш ҳамда уларни қайта тайёрлаш тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Малакали педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини шундай кадрлар билан таъминлаш тизимини янада такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида" 2012 йил 28 майдаги ПҚ-1761-сон қарорга мувофиқ ишлаб чиқилган ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг (кейинги ўринларда ЎМКҲТ муассасалари деб аталади) раҳбар кадрлари (директорлари, директорларининг ўринбосарлари) ва педагог кадрлари (умумтаълим ва махсус фанлар ўқитувчилари, ишлаб чиқариш таълими усталари ва бошқалар)нинг малакасини оширишни ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этишнинг асосий мақсадлари, вазифалари, шакллари, услублари ва тартибларини белгилайди.


2. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими (кейинги ўринларда ЎМКҲТ деб аталади) тизимида улар бўйича малака ошириладиган ва педагогик қайта тайёрланадиган лавозимлар ва мутахассисликлар номенклатураси Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази (кейинги ўринларда ЎМКҲТ маркази деб аталади) томонидан тасдиқланади, касбий қайта тайёрлашга қўйиладиган мутахассисликлар рўйхати эса Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.


3. ЎМКҲТ муассасаларининг бошқа давлатларда таълим муассасаларини тамомлаган раҳбар ва педагог кадрлари малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида ўқишга базавий олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тўғрисидаги ҳужжати нострификациялаш тартиботидан ўтгандан кейин қўйилади.



II. ЎМКҲТ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ

КАДРЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА УЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ТИЗИМИНИНГ ТУЗИЛМАСИ

ВА УНИ БОШҚАРИШ


4. ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимининг тузилмаси ва уни бошқариш қуйидаги тамойиллар асосида ташкил этилади:

ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш сифати, янги технологияларни (педагогик, махсус, ахборот-коммуникация ва бошқа технологияларни) ўқув жараёнига жорий этиш даражаси мониторинги;

ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга ихтисослаштирилган олий таълим муассасаларининг ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларнинг кадрлар салоҳиятидан ва моддий-техника базасидан фойдаланиш йўли билан касбий ва лаёқатини ошириш учун ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш имкониятларини кенгайтириш.


5. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи олий таълим муассасаларига умумий раҳбарлик қилади, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирларини кўради, ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш механизмлари ва услубларини белгилайди.


6. ЎМКҲТ маркази, ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг ҳудудий бошқармалари (кейинги ўринларда ЎМКҲТ ҳудудий бошқармаси деб аталади), тасарруфида ЎМКҲТ муассасалари бўлган вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар, нодавлат таълим муассасалари ва жисмоний шахслар ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини ўқитишнинг буюртмачиси ҳисобланадилар.


7. ЎМКҲТ ҳудудий бошқармаси касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларнинг буюртманомалари асосида ҳар йили ноябрь ойининг биринчи ўн кунлигида ЎМКҲТ муассасаларининг келгуси йилда малака ошириш ва қайта тайёрлашга юбориладиган раҳбар ва педагог кадрлари контингентининг прогнозланаётган эҳтиёжини аниқлайди ва шакллантиради ҳамда ЎМКҲТ марказига тақдим этади.

ЎМКҲТ ҳудудий бошқармаси томонидан ўтказиладиган уларнинг касбий даражаси мониторинги натижалари, шунингдек малака ошириш курслари номзодларининг охирги малака оширишдан ўтган санаси олий таълим муассасаларига ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш институтига (кейинги ўринларда Институт деб аталади) малака ошириш курсларига юбориш учун ЎМКҲТ ҳудудий бошқармаси томонидан тингловчиларни танлаб олишдаги асосий мезонлар ҳисобланади.

ЎМКҲТ ҳудудий бошқармаси тегишли минтақанинг ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малака ошириш ва қайта тайёрлашдан ўтиш билан тўлиқ қамраб олиниши ва ўз вақтида ўтиши (белгиланган даврийликни ҳисобга олган ҳолда) учун масъулдир.

Нодавлат таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари ҳамда жисмоний шахслар малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларидан олий таълим муассасаси ҳамда Институт билан бевосита тузилган шартнома бўйича ўтадилар.


8. ЎМКҲТ маркази ЎМКҲТ ҳудудий бошқармасидан олинган маълумотлар, шунингдек ЎМКҲТ муассасалари ходимларининг ўтказилган касбий даражаси мониторинги натижалари асосида ҳар йили декабрь ойининг биринчи ўн кунлигида келгуси йил учун ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг прогноз режа-дастурини тузади.

ЎМКҲТ маркази тузилган прогноз режа-дастурига мувофиқ декабрь ойининг учинчи ўн кунлигида муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларнинг қайта тайёрлаш курсларидан ўтишининг ҳар йилги жадвалини (кейинги ўринларда жадвал деб аталади) ишлаб чиқади ва тасдиқлайди, жадвалда тоифалар бўйича тингловчилар контингентининг тақсимланиши, вилоятлар, олий таълим муассасалари ва Институт бўйича малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ўтказишнинг жойи ва вақти, турлари ва шакллари кўрсатилади.

Жадвалга ЎМКҲТ муассасаси айнан шу раҳбар ёки ўқитувчисининг малака ошириш курсларидан ўтишининг белгиланган даврларида назарда тутилганидан кўп марта киритилишига йўл қўйилмайди.

Жорий йилда жадвалга киритилмаган ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш уларнинг ишдан бўш вақтида, пулли асосда амалга оширилади.


9. Институт ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг ягона меъёрий-услубий базасини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнини ташкил қилиш бўйича бош муассаса ҳисобланади.


10. Қуйидагилар ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тизимида Институтнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ЎМКҲТ тизими раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни педагогик қайта тайёрлаш;

ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбари ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш таълим жараёнининг илмий-услубий асосларини ишлаб чиқиш;

илғор педагогик технологиялар соҳасидаги илмий ютуқлар натижаларини олий таълим муассасаси томонидан амалга ошириладиган таълим жараёнига ўз вақтида жорий этиш механизмини рўёбга чиқариш;

инновация илмий ютуқларини, техника, технологияларни, уйғунлаштирилган услубларни, масофадан ўқитиш услубларини, замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда ва мустақил таълим олишдан фойдаланиб ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

Интернетнинг глобал тармоғидан фойдаланган ҳолда, курслар тингловчиларининг таҳлилий ва ижодий фикрлашини рағбатлантиришга йўналтирилган замонавий педагогик ва ахборот технологияларини жорий этиш;

таълимнинг ишлаб чиқариш билан ўзаро самарали ҳамкорлигини таъминлаш, кўчма машғулотларни ҳамда замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган ташкилотларга боришни ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёнига жорий этиш;

ташкилотларнинг ишлаб чиқариш базасидан фойдаланган ҳолда, касб-ҳунар коллежлари ўқитувчиларининг ва ишлаб чиқариш таълими усталарининг касбий ўсишига йўналтирилган амалий ўқитишнинг интерактив услубларини жорий этиш;

малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг самарали шаклларини (уйғунлаштирилган, масофадан ўқитиш, ўқитишнинг якка тартибдаги шаклини, "устоз-шогирд" услубини ва шу кабиларни) жорий этишнинг ташкилий-услубий асосларини, баҳолашни ишлаб чиқиш ва тизимли равишда такомиллаштириш;

ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича намунавий ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқиш, уларда таълим дастурларининг узлуксизлиги ва изчиллигини, замонавий педагогик ва ахборот технологиялари негизида интерфаол таълим услубларидан кенг фойдаланишни ҳисобга олиш;

олий таълим муассасаларини ЎМКҲТ кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ўқув-услубий ҳужжатлар ва адабиётлар билан пулли асосда таъминлаш, тарқатиладиган материалларни ишлаб чиқиш ва кўпайтиришни ташкил этиш;

ЎМКҲТ кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш масалалари бўйича олий таълим муассасалари фаолиятини услубий қўшиб олиб бориш ва мувофиқлаштириш;

ЎМКҲТ тизими учун илмий ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш.


11. Институт тегишли манфаатдор вазирликлар, идоралар ва олий таълим муассасалари билан келишган ҳолда ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг барча йўналишлари ва шакллари бўйича намунавий ўқув режалари ва намунавий дастурларини ишлаб чиқади. Намунавий ўқув режалари ва намунавий дастурлар ЎМКҲТ маркази томонидан тасдиқланади.


12. Олий таълим муассасалари ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг самарали жараёнини ташкил этиш мақсадида:

Институт билан биргаликда намунавий ўқув режалари ва намунавий дастурлар асосида малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг барча шакллари бўйича табақалаштирилган ишчи ўқув режалари ва ишчи дастурларни, шунингдек таҳлилий ва ижодий фикрлашга ҳамда мустақил таълим олишни рағбатлантиришга кўмаклашувчи илғор ўқитиш услублари ва ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда соҳа мутахассисликлари бўйича тарқатиладиган материални ишлаб чиқади;

замонавий ёндашувлар ва технологиялар соҳасидаги хорижий тажрибани умумлаштиради ва ўқитиш жараёнига жорий этади;

фан ва амалиётнинг алоқасини таъминлайди, илғор педагогик технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотларнинг натижаларини малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимининг таълим жараёнига ўз вақтида жорий этиш механизмини амалга оширади;

Интернетнинг глобал тармоғидан фойдаланган ҳолда интерфаол таълим услубларининг замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилиши юзасидан жавоб беради;

ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича таълим жараёнининг зарур даражада ташкил этилиши ва ўтказилиши учун жавоб беради.


13. ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг ишчи ўқув режалари ва дастурлари Институт билан келишилади ва ЎМКҲТ маркази томонидан тасдиқланади.


14. Олий таълим муассасалари ва Институт томонидан амалга ошириладиган ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича таълим жараёни сифатини назорат қилиш қуйидагиларни ўз ичига олади:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан тасдиқланган низом асосида олий таълим муассасалари ва Институт амалга оширадиган ички назорат;

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ олий таълим муассасалари ва Институт томонидан Давлат аттестация комиссияси олдида якуний тест саволлари ва битириш бўйича малакавий ишларни ҳимоя қилишдан иборат бўлган қатнашиш шакли бўйича аттестацияни ўз ичига оладиган якуний назорат;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан белгиланган тартибда амалга ошириладиган ташқи назорат;

олий таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органи, жамоат ташкилотлари ва кадрларнинг буюртмачилари томонидан амалга ошириладиган давлат-жамоат назорати.



III. ЎМКҲТ МУАССАСАЛАРИНИНГ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ

КАДРЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА УЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШНИНГ МАҚСАДИ

ВА ВАЗИФАЛАРИ


15. ЎМКҲТнинг таълим муассасаларида фаолиятни самарали амалга оширувчи педагог кадрларнинг юқори салоҳиятини таъминлаш ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг мақсади ҳисобланади.


16. Қуйидагилар Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларидан келиб чиққан ҳолда малака ошириш ва қайта тайёрлашнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

ўқитишда (дарс беришда) касбий лаёқат ва маҳоратни, эрудицияни ошириш;

психологик-педагогик тайёрлаш ҳамда риторика ва нотиқлик санъати асосларини билиш;

мустақил фикрлаш кўникмаларини сингдириш ва қобилиятини ривожлантириш ҳамда янги билимлар олиш;

янги педагогик ва ахборот технологияларини, Интернет глобал тармоғи билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларни эгаллаш;

илмий-педагогик ижодкорлик методологияси ҳамда педагогика фани ва соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича билимларни сингдириш;

ўқув-тарбиявий ва маънавий-ахлоқий ишларни амалга ошириш, назорат қилиш ва тингловчилар билимларини холисона баҳолаш кўникмаларини мустаҳкамлаш;

таълим жараёнининг юқори самарадорлигини таъминлаш, тингловчиларнинг ташаббускорлигини, илмий тадқиқотларга интилишини ва ижодий маҳоратларини рағбатлантириш;

ЎМКҲТ муассасалари кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мазмунини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ҳамда ўқув-услубий ишларни олиб бориш кўникмалари ва маҳоратларини сингдириш;

Бола ҳуқуқлари Конвенцияси, "Таълим тўғрисида" ҳамда "Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида"ги қонунлар қоидалари ва нормалари ҳақидаги билимларни эгаллаш, узлуксиз таълим тизимидаги, шунингдек Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларида қўлланадиган асосий атамалар ва таърифларни ўзлаштириш.



IV. ПЕДАГОГИК ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ВА АМАЛГА ОШИРИШ


17. Педагогика йўналишидан бошқа олий таълим муассасаларини тамомлаган ва олий таълим муассасаларида ўқитувчилар лавозимларида ишлаётган мутахассислар уларнинг касбий базавий маълумотини педагогик тайёргарликка қўйиладиган талабларга мувофиқлаштириш, улар томонидан Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларида белгиланган даражада педагогик фаолиятни юритиш учун зарур ва етарли кўникмалар ҳамда билимларга эга бўлишни таъминлаш мақсадида педагогик қайта тайёрлашдан ўтадилар.


18. Қуйидагилар педагогик қайта тайёрлаш бўйича таълим дастурлари мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:

таълим дастурлари мазмунининг касблар ва лавозимларга нисбатан касбий малакавий талабларга мувофиқлиги;

педагогик қайта тайёрлаш ўқув режалари ва дастурларининг изчиллиги ҳамда Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартлари билан ўзаро боғлиқлиги;

ўқитишнинг замонавий педагогик технологиялари ва воситаларини қўллаш;

қайта тайёрлашнинг белгиланган турлари ва шаклларига мувофиқлик.


19. Ўқув юкламасининг умумий ҳажми Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларидан келиб чиққан ҳолда фанлар блоклари бўйича тақсимланади.


20. ЎМКҲТ муассасалари ўқитувчиларини олий ўқув муассасалари ва Институтда педагогик қайта тайёрлаш ўқитишнинг қуйидаги шаклларида амалга оширилади:

асосий ишдан бўшаган ҳолда ўқиш;

асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда ўқиш (уйғунлаштирилган услуб);

асосий ишдан бўшамасдан масофавий шаклда ўқиш.


21. ЎМКҲТ муассасаларининг жадвалга киритилган педагог кадрлари асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) қайта тайёрлашдан ўтадилар.


22. ЎМКҲТ муассасаларининг ўқитувчиларини асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) педагогик қайта тайёрлашдан ўтказиш олий таълим муассасалари ва Институт базасида ўтказилади.


23. Асосий ишдан бўшаган ҳолда педагогик қайта тайёрлаш олий таълим муассасалари ва Институт базасида ўқитишнинг (аудиториядаги, амалий машғулотлар, мустақил тайёрланишнинг) тўлиқ курсини ўтказишни назарда тутади.


24. Асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) педагогик қайта тайёрлашда курснинг умумий давомийлигининг камида 50 фоизи аудитория машғулотларига ажратилади. Курснинг қолган қисми ЎМКҲТ муассасалари базасида якка тартибдаги топшириқларни бажарган ҳолда амалий машғулотлар ўтказилишини назарда тутади. Амалий машғулотларни асосий иш жойида ўтказишга йўл қўйилади. Амалий машғулотларнинг ҳар бир ўзлаштирилган модули бўйича тест синовлари, реферат топшириш, амалиёт бўйича ҳисобот ва шу кабилар шаклида оралиқ назорат назарда тутилади.


25. Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) педагогик қайта тайёрлашнинг давомийлиги камида 16 ҳафта (576 соат) этиб белгиланади. Ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 (54 академик) соатни, аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 (36 академик) соатни ташкил қилади.


26. Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) педагогик қайта тайёрлаш курсларининг 30 академик соатдан кўп машғулотларида узрсиз сабаблар билан қатнашмаган, шунингдек белгиланган юкламани бажармаган ва педагогик қайта тайёрлаш курси дастурини ўзлаштирмаган тингловчилари белгиланган тартибда тингловчилар сафидан чиқарилади. Курс дастурини ўзлаштириш рейтинг тизими асосида, тингловчилар томонидан курс дастурини ўзлаштириш сифатини назорат қилиш бўйича йўриқнома билан аниқланади.


27. Асосий ишдан бўшаган ҳолда ва асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда (уйғунлаштирилган услубда) педагогик қайта тайёрлашда ўқув гуруҳлари, қоидага кўра, 25 кишидан иборат этиб шакллантирилади.


28. Асосий ишдан бўшамаган ҳолда, ўқитишнинг масофали шакли воситасида (кейинги ўринларда педагогик қайта тайёрлашнинг масофали шакли деб аталади) педагогик қайта тайёрлаш Интернет-технологияларни қўллаган ҳолда - қайта алоқа услуби билан психология ва педагогика бўйича билимлар, маҳоратлар ва кўникмаларни ўзлаштиришни назарда тутади.

Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича курслар ЎМКҲТ маркази билан келишган ҳолда, махсус виртуал курслар фаолият кўрсатадиган, ахборот-коммуникация воситалари ёрдамида ахборотларни узатиш ва қабул қилиш учун зарур база билан жиҳозланган ҳамда тегишли моддий-техникавий, ўқув-услубий базага ва кадрлар салоҳиятига эга бўлган олий таълим муассасаларида ва Институтда ташкил этилади.


29. Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича таълим дастурлари Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари асосида олий таълим муассасалари томонидан ишлаб чиқилади, Институт билан келишилади ва ЎМКҲТ маркази томонидан тасдиқланади.

Институт томонидан ўтказиладиган Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича таълим дастурларини Институтнинг ўзи ишлаб чиқади ва ЎМКҲТ маркази тасдиқлайди.


30. Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича курсларга ЎМКҲТ муассасаларининг, қоидага кўра, илмий даражага ёки илмий унвонга, шунингдек ахборот-коммуникация технологияларини зарур даражада қўллаш кўникмаларига эга бўлган педагог кадрлари қабул қилинади.

Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича курслар тасдиқланган жадвалдан ташқари, пулли асосда ўтказилади.


31. Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича ўқитиш жараёнида тингловчилар фаолияти, таълим жараёнини мувофиқлаштириш ва бошқариш профессор-ўқитувчилар таркибидан олий таълим муассасалари ва Институт раҳбари буйруғи билан биркитиладиган тьютор (ўқитувчи-консультант) томонидан амалга оширилади.

Тингловчилар билан доимий алоқа боғлаш, тингловчиларга зарур услубий ёрдам кўрсатиш, якка тартибдаги машғулотни бажариш юзасидан назоратни амалга ошириш ва тингловчилар билимларини баҳолаш тьюторнинг вазифаларига киради. Тьютор якка тартибдаги топшириқнинг тингловчи томонидан бажарилиши холисона баҳоланиши учун тўлиқ жавоб беради.

Тьютор билан алоқа электрон почта, телефон, чат ва бошқа электрон шакллар бўйича амалга оширилади. Шунингдек тьютор билан алоқа ҳар ҳафтада камида бир марта олий таълим муассасаси ва Институт томонидан, қатнашиш шаклида амалга оширилиши мумкин.

Ҳар бир тьюторга кўпи билан 25 нафар тингловчи биркитилади.


32. Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли дастурлари қуйидаги шартларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади:

қайта тайёрлаш курсининг давомийлиги 16 ҳафтадан (576 соатдан) кам бўлмаслиги керак;

асосий ўқув юкламасини ЎМКҲТ муассасалари педагогик кадрларининг мустақил равишда ишлашига (тингловчининг иш жойида бажариши учун олий таълим муассасаси ва Институт томонидан берилган якка тартибдаги амалий топшириққа) ажратиш;

ўқув юкламаси умумий ҳажмининг кўпи билан 25 фоизини қоидавий лекциялар ва аудитория машғулотлари, якка тартибдаги консультациялар ўтказишга ҳамда тингловчиларнинг битириш ишларини ҳимоя қилишига ажратиш.


33. Тьютор ва тингловчи ўртасида барқарор қайта алоқани таъминлаш учун таълим сифатини назорат қилиш ва баҳолаш жараёни қўшимча равишда қуйидаги механизмларни ўз ичига олади:

ҳар бир тингловчи учун курсни ўташнинг якка тартибдаги режасини ўқув режаси ва ўқув дастури асосида тузиш, у олий таълим муассасаси ва Институтнинг Илмий кенгаши томонидан тасдиқланади;

раҳбарнинг буйруғи билан ташкил этиладиган олий таълим муассасаси ва Институтнинг махсус комиссияси томонидан, якка тартибдаги режани бажариш давомида, ҳар ойда камида бир марта, қатнашиш шаклида даврий аттестация ўтказиш;

тингловчи томонидан якка тартибдаги топшириқни бажариш баҳосини олий таълим муассасаси ва Институтнинг Илмий кенгаши томонидан маъқуллаш, бу тингловчининг якуний рейтинг баҳоси компонентларидан бири ҳисобланади.


34. Ўқитилаётган дастур олий таълим муассасаси ва Институт томонидан тасдиқланган жадвал бўйича якка тартибдаги шаклда жорий этилади. Якка тартибдаги топшириқни олиш ва тингловчи томонидан маълумотлар базасидан фойдаланиш олий таълим муассасаси ва Институтнинг веб-сайтида электрон рўйхатдан ўтказиш йўли билан амалга оширилади.


35. Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича курслар тармоқли технологиялардан фойдаланган ҳолда масофадан ўқитишнинг "кейс-технология"сини ўз ичига олади.


36. Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича ўқитиш курсларига қабул қилинган тингловчига олий таълим муассасаси ва Институт томонидан ўқув-услубий ашёлар (курс бўйича йўриқнома, ўқув қўлланмалари, якка тартибдаги топшириқлар, малакавий ишларни бажариш бўйича тавсиялар, электрон мультимедия дарсликлари ва қўлланмалар, шунингдек бошқа зарур ўқув-услубий материаллар папкаси) жойланган курс кейси берилади.


37. Педагогик қайта тайёрлашнинг масофавий шакли бўйича курс тингловчилари ўқув режаларига мувофиқ олий таълим муассасаси ва Институтнинг веб-саҳифалари модулларининг ўқув-услубий материалларини мустақил равишда ўзлаштирадилар. Жадвал бўйича якка тартибдаги топшириқлар (тест, реферат, ишланма, ёзма иш, курс иши, амалиёт бўйича ҳисоботлар ва шу кабилар) топширилгандан кейин модулларни ўзлаштириш натижалари Тьюторга, оралиқ тест-назорат эса - олий таълим муассасаси ва Институтнинг махсус комиссиясига топширилади.


38. Педагогик қайта тайёрлаш курси тўлиқ ўзлаштирилгандан кейин оралиқ назоратни муваффақиятли топширган тингловчилар якуний аттестацияга қўйилади.

Олий таълим муассасаси ва Институт раҳбари буйруғи билан Якуний аттестацияни ўтказиш бўйича давлат аттестация комиссияси ташкил этилади. Якуний аттестация қатнашиш шаклида ўтказилади ҳамда якуний тест саволларидан ва битириш бўйича малакавий ишларни ҳимоя қилишдан иборат бўлади.


39. Оралиқ назорат топшириғини бажармаган тингловчилар олий таълим муассасаси ва Институтнинг якуний аттестациясига қўйилмайди, тегишли равишда уларга педагогик қайта тайёрлаш курсларини тугатганлик тўғрисида белгиланган намунадаги ҳужжат берилмайди.



V. КАСБИЙ ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ВА ЎТКАЗИШ


40. Касбий қайта тайёрлаш ЎМКҲТ муассасаларининг базавий олий педагогик маълумотга эга бўлган педагог кадрлари учун ҳар йили тасдиқланадиган жадваллар доирасида ўтказилади.

Касбий қайта тайёрлашдан ўтганлик, ўқитувчининг олий таълим тўғрисидаги дипломида кўрсатилганлардан ташқари, ўқув фанлари (мутахассисликлар) ёки курслар бўйича ўқитиш ҳуқуқини беради.


41. Касбий қайта тайёрлашни ташкил этиш ЎМКҲТ муассасаларининг педагоглари томонидан, олий таълим тўғрисидаги дипломда кўрсатилганлардан ташқари, ўқув фанлари ёки курслар бўйича ўқитиш ҳуқуқини олиш зарур бўлган тақдирда, улар учун ЎМКҲТ муассасаларининг ва ЎМКҲТ ҳудудий бошқармаларининг маъмурияти илтимосномаси бўйича амалга оширилади.


42. ЎМКҲТ муассасаларининг педагог кадрларини касбий қайта тайёрлаш курсларини ташкил этиш ва ўтказиш фақат асосий иш жойидан бўшаган ҳолда, тегишли замонавий моддий-техникавий база ҳамда илмий-педагог кадрлар мавжуд бўлган олий таълим муассасаси ва Институтда бевосита амалга оширилади.


43. Касбий қайта тайёрлаш курси дастурини ўзлаштириш муддати камида 16 ҳафтани (576 соатни) ташкил қилади. Бунда энг кўп ҳафталик ўқув юкламаси 54 академик соатни ташкил қилади, улардан шу жумладан ташкилотлар базасидаги аудитория машғулотлари 36 академик соатдан кўп бўлмаслиги керак.


44. Қуйидагилар касбий қайта тайёрлаш бўйича таълим дастурлари мазмунига қўйиладиган асосий талаблар ҳисобланади:

касблар ва лавозимларга қўйиладиган касбий малака талабларига мувофиқлик;

касбий қайта тайёрлаш ўқув режалари ва дастурларининг Олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартлари билан узвий бўлиши;

замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларининг қўлланиши.


45. Касбий қайта тайёрлаш курсларининг узрли сабабларсиз 30 академик соатдан кўп машғулотларда қатнашмаган, шунингдек белгиланган юкламани бажармаган ва педагогик қайта тайёрлаш курси дастурини ўзлаштирмаган тингловчилари белгиланган тартибда тингловчилар сафидан чиқарилади.


46. Касбий қайта тайёрлашда ўқув гуруҳлари, қоидага кўра, 25 кишидан иборат этиб шакллантирилади.


47. Улар бўйича касбий қайта тайёрлаш ўтказилиши мумкин бўлган соҳа бўйича олий таълим муассасалари ва турдош мутахассисликлар рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан аниқланади.


48. Касбий қайта тайёрлашдан ўтганлик иккинчи олий таълим олганлик ҳисобланмайди.


49. Касбий қайта тайёрлаш курсини тўлиқ ўзлаштиргандан кейин, оралиқ тест-назорат топшириғини муваффақиятли бажарган тингловчилар якуний аттестацияга қўйилади.

Олий таълим муассасаси ва Институт раҳбарининг буйруғи билан Якуний аттестацияни ўтказиш бўйича давлат аттестация комиссияси ташкил этилади. Якуний аттестация қатнашиш шаклида ўтказилади ҳамда якуний тест саволларидан ва тамомлаш бўйича малакавий ишларни ҳимоя қилишдан иборат бўлади.


50. Оралиқ тест-назорат топшириғини бажармаган тингловчилар олий таълим муассасаси ва Институтнинг якуний аттестациясига қўйилмайди ва тегишли равишда уларга касбий қайта тайёрлаш курсларини битирганлик тўғрисида белгиланган намунадаги ҳужжат берилмайди.



VI. ЎМКҲТ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ

КАДРЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИНГ

ТЎҒРИДАН-ТЎҒРИ ШАКЛЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


51. ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини оширишнинг қуйидаги тўғридан-тўғри шакллари қўлланади:

асосий ишдан бўшаган ҳолда олий таълим муассасаси ва Институтда малака ошириш;

асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда олий таълим муассасаси ва Институтда 2 + 2 схемаси бўйича (2 ҳафта бевосита базавий муассасада, 2 ҳафта иш жойида мустақил тайёрланиш йўли билан) ёки 3 + 1 схемаси бўйича (3 ҳафта бевосита базавий муассасада, 1 ҳафта иш жойида мустақил тайёрланиш йўли билан) малака ошириш;

асосий ишдан бўшамаган ҳолда олий таълим муассасасида "Устоз-шогирд" услуби бўйича малака ошириш;

асосий ишдан бўшаган ҳолда олий таълим муассасасида ва ташкилотда ишлаб чиқариш стажировкасини ўташ шаклида малака ошириш;

якка тартибдаги режа бўйича ўқитиш шаклида мустақил таълим олиш йўли билан малака ошириш.


52. Раҳбар ва педагог кадрлар малакасини ошириш тўғридан-тўғри шаклларининг умумий давомийлиги камида 4 ҳафта (144 соат) этиб белгиланади.

Бунда ўқув юкламасининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 36 соатни (54 академик соатни), аудитория машғулотларининг энг кўп ҳажми ҳар ҳафтада 24 соатни (36 академик соатни) ташкил қилади.

Аудитория машғулотларининг барча турлари учун 80 дақиқа давом этадиган дарс жуфтлиги белгиланади.


53. Жадвалга киритилган ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш асосий ишдан бўшаган ҳолдаги, асосий ишдан қисман бўшаган ҳолдаги шакллар бўйича 2+2 ёки 3+1 схемаси бўйича, асосий ишдан бўшаган ҳолда олий таълим муассасасида, Институтда ва ташкилотда ишлаб чиқариш стажировкасини ўташ шаклида амалга оширилади.


54. Олий таълим муассасаси ва Институтда ўқитиш Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ, намунавий режалар ва дастурлар асосида ишлаб чиқилган мақсадли ишчи ўқув режалари ва ишчи дастурлари асосида амалга оширилади.


55. Малака оширишнинг таълим дастурлари мазмунини шакллантиришда қуйидагилар ҳисобга олинади:

Ўзбекистон Республикаси таълим тизимининг узлуксизлиги;

замонавий педагогик технологиялардан фойдаланиш ва уларни таълим тизимига жорий этиш услубларининг илғор хорижий тажрибаси;

предметлар ва мутахассисликлар бўйича янги билимлар;

педагогик ва таълим услублари;

фан, ишлаб чиқариш инновациялари ва замонавий технологиялар;

замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш ва уларни касб-ҳунар бўйича ўқитиш жараёнига жорий этишнинг ташкилий-услубий жиҳатлари;

таълим жараёнини режалаштириш, такомиллаштириш ва унинг амалга оширилишини назорат қилиш;

таълим тизимининг меъёрий ҳужжатлари;

таълимда иқтисодиёт асослари, маркетинг ва менежмент;

дастурлар мазмунининг белгиланган малака ошириш турлари ва шаклларига мувофиқлиги.


56. Малака ошириш курсларидан ўтишнинг даврийлиги ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар кадрлари учун 3 йилда камида бир мартани, ЎМКҲТ муассасаларининг педагог кадрлари учун эса 4 йилда камида бир мартани ташкил қилади.


57. Ўқитишнинг кўрсатиб ўтилган шакллари бўйича малака ошириш курсларига нодавлат таълим муассасаларининг педагог ходимлари орасидан шахслар пулли асосда қабул қилиниши мумкин.


58. Асосий ишдан бўшаган ҳолда малака ошириш олий таълим муассасаси ва Институт базасида ўқитишнинг тўлиқ курсини ўташни (аудитория машғулотларини, амалий машғулотларни, мустақил равишда тайёрланишни) назарда тутади.


59. Асосий ишдан бўшаган ҳолда ўқитишда ўқув гуруҳлари, қоидага кўра, 25 кишидан иборат этиб шакллантирилади.


60. Асосий ишдан қисман бўшаган ҳолда олий таълим муассасаси ва Институтда 2 + 2 ёки 3 + 1 схемаси бўйича малака ошириш ўқув юкламасини тегишли равишда 50 ёки 75 фоиз ҳажмида - асосий иш жойи бўйича мустақил таълим олишга, 50 ёки 25 фоиз ҳажмида - бевосита олий таълим муассасаси ва Институтда ўқитишга тақсимлашни назарда тутади. Ўқитишнинг бундай шакллари ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш бўйича ахборотлар узатишнинг замонавий ахборот-коммуникация воситалари ҳамда махсус виртуал курслар мавжуд бўлган тақдирда қўлланади.


61. Асосий ишдан бўшамаган ҳолда олий таълим муассасасида "Устоз-шогирд" услуби бўйича малака ошириш фанлар бўйича олий ўқув муассасасида, қоидага кўра, ёш педагог кадрлар учун ташкил қилинади.

Малака оширишнинг ушбу шаклига ёш ўқитувчилар олий таълим муассасасининг юқори малакали профессор-ўқитувчилари таркибидаги педагог-мураббийлар томонидан танлов асосида танлаб олинади.


62. "Устоз-шогирд" услуби бўйича малака ошириш дастурининг мазмуни ва ўқитиш методологияси олий таълим муассасасида ишлаб чиқилади, Институт билан келишилади, Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари асосида, ЎМКҲТ муассасасида ўқитувчининг касбий фаолияти мониторинги ва ички аттестацияси натижаларини ҳамда ўқитувчининг ўз хоҳишларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

"Устоз-шогирд" услуби бўйича малака ошириш дастурлари ўқитишга якка тартибда ёндашишни, шунингдек таълим жараёнининг мослашувчанлигини ва амалий жиҳатдан аниқ мақсадга йўналтирилганлигини таъминлайди.


63. "Устоз-шогирд" услуби бўйича малака оширишни ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган олий таълим муассасалари рўйхати Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан аниқланади.


64. Асосий ишдан бўшаган ҳолда олий таълим муассасаси ва ташкилотда ишлаб чиқариш стажировкасидан ўтиш шаклида малака ошириш касб-ҳунар коллежларининг ишлаб чиқариш таълими усталари учун, уларни иқтисодиёт ва илм-фаннинг тегишли тармоқларида замонавий техника ва технологиялар билан ишлашнинг амалий кўникмаларига ўргатиш, шунингдек таълимни илм-фан ва ишлаб чиқариш билан изчил интеграциялаш мақсадида ўтказилади.


65. Асосий ишдан бўшаган ҳолда олий таълим муассасаси ва ташкилотда ишлаб чиқариш стажировкасидан ўтиш шаклида малака оширишнинг давомийлиги камида 4 ҳафта (144 соат) этиб белгиланади. Ишлаб чиқариш стажировкаси жадвали олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади, ташкилот ва Институт билан келишилади ва ЎМКҲТ маркази томонидан тасдиқланади.


66. Якка тартибдаги режа бўйича ўқитиш шаклида мустақил таълим олиш йўли билан малака ошириш ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари томонидан, таълим даражаси ва сифатига Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ якка тартибдаги режа бўйича ўқитиладиган фанга доир янги билимлар, маҳорат ва кўникмаларни мустақил равишда эгаллашдан иборат бўлади. Мустақил равишда таълим олиш шаклида малака оширишдан ўтишда тингловчининг якка тартибдаги режаси мазмуни олий таълим муассасаси томонидан ишлаб чиқилади, Институт билан келишилади ва ЎМКҲТ маркази томонидан тасдиқланади.


67. Якка тартибдаги режа бўйича ўқитиш шаклида мустақил таълим олиш йўли билан малака ошириш фақат илмий даражага ёки илмий унвонга, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги низом асосида аниқланадиган барқарор юқори рейтинг кўрсаткичларига, шунингдек замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан ишлаш бўйича амалий кўникмаларга эга бўлган раҳбарлар ва ўқитувчилар учун қўлланади.


68. Асосий иш жойи бўйича мустақил равишда таълим олиш йўли билан малака ошириш курсларининг тингловчилари якка тартибдаги режа материалларини ўзлаштирадилар, топшириқларни бажарадилар ва малакавий ишларни расмийлаштирадилар. Якка тартибдаги режани бажариш жараёнида тингловчилар олий таълим муассасаси ва Институтнинг профессор-ўқитувчилар таркибидан қатнашиш шаклида, электрон почта, телефон, чат ва форумлар бўйича консультация оладилар. Тингловчилар ҳар ҳафтада камида бир марта якка тартибдаги топшириқни бажариш юзасидан олий таълим муассасаси ва Институт раҳбарининг буйруғи билан ташкил этилган махсус комиссия олдида, қатнашиш шакли бўйича аттестациядан ўтишлари керак. Ўқитиш курси тугагач тингловчилар махсус комиссия олдида малакавий ишни ҳимоя қиладилар.


69. Малака ошириш курси тўлиқ ўзлаштирилгандан кейин оралиқ тест-назорат топшириғини муваффақиятли бажарган тингловчилар якуний аттестацияга қўйилади.

Олий таълим муассасаси ва Институт раҳбарининг буйруғи билан Якуний аттестацияни ўтказиш бўйича Давлат аттестация комиссияси ташкил этилади. Якуний аттестация қатнашиш шаклида ўтказилади ҳамда якуний тест саволларидан ва битириш ишини ҳимоя қилишдан иборат бўлади.


70. Оралиқ тест-назорат топшириғини бажармаган тингловчилар олий таълим муассасаси ва Институтнинг якуний аттестациясига қўйилмайди, тегишли равишда уларга малака ошириш курсларини тамомлаганлик тўғрисида белгиланган намунадаги ҳужжат берилмайди.



VII. ЎМКҲТ МУАССАСАЛАРИ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ

КАДРЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШНИНГ

ВОСИТАЛИ (ТАЪЛИМ ДАСТУРЛАРИСИЗ

ЎҚИТИШ) ШАКЛЛАРИ


71. ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари малакасини оширишнинг воситали (таълим дастурларисиз ўқитиш) шакллари:

ЎМКҲТ муассасасининг Педагогик кенгаши қарорига биноан ижодий таътил бериш;

очиқ ўқув машғулотлари ўтказиш;

илмий, илмий-услубий ва илмий-амалий семинарларда, конференцияларда, август ўқишларида ва шу кабиларда маърузалар билан қатнашиш йўли билан амалга оширилади.


72. Ўқитувчи кадрлар томонидан илғор педагогик технологияларни замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш асосида эгаллаш бўйича доимий равишда ўтказиладиган семинарлар бирлашган (базавий) касб-ҳунар коллежларида ташкил этилади.


73. Педагог кадрларга ижодий таътил янги ўқув адабиёти (дарслик ёки ўқув қўлланмаси) яратиш, замонавий педагогик ва ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва ўқув-тарбия жараёнига жорий этиш, педагогларнинг касбий фаолияти йўналиши билан боғлиқ илмий ишни (монография, диссертация ва бошқаларни) тугаллаш учун ЎМКҲТ таълим муассасасининг Педагогик кенгаши қарори билан берилади.


74. Очиқ ўқув машғулотлари - академик гуруҳларда жадвал бўйича, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, ўқитишнинг интерфаол услубларини қўллаган ҳолда ўтказиладиган, олдиндан эълон қилинган муаммоли ёки инновацион мавзу бўйича машғулотлардир. Очиқ ўқув машғулотларига билимларнинг ушбу соҳасидаги тажрибали педагоглар, олимлар ва мутахассислар мажбурий тартибда таклиф этилади. Ушбу машғулотлар сифати ЎМКҲТ таълим муассасасининг Педагогик кенгашида муҳокама қилинади.


75. Очиқ ўқув машғулотлари замонавий педагогик ва ахборот технологияларини, ўқитишнинг интерфаол услубларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этиш учун тажриба майдончаси, ёш педагоглар учун педагогик маҳорат мактаби бўлиб хизмат қилади.


76. Илмий ва илмий-услубий семинарларда, конференцияларда, август ўқишларида қатнашиш педагог кадрларнинг таълим муассасаларидаги мавжуд муаммоларни ҳал этишга ҳамда ўқув-тарбия жараёнининг юқори сифатини таъминлашга йўналтирилган педагогика фани ва амалиёти, ўқитиш методологияси ва технологиясининг муҳим масалалари бўйича илмий ёки илмий-услубий маърузалари (ахборотлари)дан иборат бўлади.

Олдиндан маълум бўлган мавзу бўйича маъруза (ахборот)ни тайёрлаш жойларда тегишли тадқиқотлар ўтказишни ва белгиланган тартибда чоп этиш учун маъруза тезислари тайёрлашни назарда тутади.


77. Малака оширишнинг воситали шакллари (таълим дастурларисиз ўқитиш)дан ўтилганда ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларига белгиланган намунадаги маълумотнома берилади.



VIII. ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШ ВА МАЛАКА ОШИРИШ

КУРСЛАРИНИ ТАМОМЛАГАНЛИК ТЎҒРИСИДА

ДАВЛАТ НАМУНАСИДАГИ ҲУЖЖАТЛАР


78. ЎМКҲТ муассасаларининг малака ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таълим дастурлари талабларини муваффақиятли бажарган раҳбар ва педагог кадрларга тегишли равишда давлат намунасидаги қуйидаги ҳужжатлар берилади:

малака ошириш тўғрисидаги сертификат - камида 4 ҳафта (144 соат) ҳажмида таълим дастурларидан ўтган шахслар учун;

қайта тайёрлаш тўғрисидаги диплом - камида 16 ҳафта (576 соат) ҳажмида таълим дастурларидан ўтган шахслар учун.


79. Якуний аттестация натижасида ўқитиш дастурини ўзлаштириш юзасидан қониқарсиз баҳо олган тингловчиларга ўқув курсини тамомлаганлик тўғрисидаги маълумотнома берилади.


80. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш ўқув дастурини ўзлаштирганлик тўғрисидаги диплом ва сертификат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда берилади.


81. Малака ошириш ёки қайта тайёрлаш курсларидан муваффақиятли ўтганлик тўғрисидаги диплом (сертификат)нинг мавжуд бўлиши ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрлари томонидан эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги бўйича аттестациядан ва малакавий тоифа бўйича аттестациядан ўтиш учун мажбурий шарт ҳисобланади.


82. Қайта тайёрлаш ва малака ошириш таълим дастурларини ўзлаштириш юзасидан қониқарсиз баҳо олган шахсларга олий таълим муассасаси ва Институтнинг Давлат аттестация комиссияси хулосалари натижалари бўйича якуний малакавий ишни қайта ҳимоя қилиш имконияти берилади.



IX. ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИ

ТИЗИМИНИНГ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ КАДРЛАРИ

МАЛАКАСИНИ ОШИРИШГА ВА УЛАРНИ ҚАЙТА

ТАЙЁРЛАШГА ИХТИСОСЛАШГАН ОЛИЙ ТАЪЛИМ

МУАССАСАЛАРИНИНГ ПРОФЕССОР-ЎҚИТУВЧИЛАРИ

ТАРКИБИ


83. Олий таълим муассасасида ва Институтда ЎМКҲТ тизими кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича ўқитувчилик фаолияти учун давлат муассасалари, олий таълим муассасаси ва Институтнинг профессор-ўқитувчилари таркиби ходимлари, илмий-тадқиқот муассасалари ва ташкилотларининг етакчи мутахассислари, шунингдек хорижий давлатлар олимлари штатли асосда, ўриндошлик бўйича ва меҳнатга соатбай ҳақ тўлаш шартларида жалб этиладилар.


84. Олий таълим муассасаси ва Институтнинг профессор-ўқитувчилар таркибига қуйидаги талаблар қўйилади:

Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари асосида тингловчилар билан ўқув-тарбия ишларини олиб бориш, назорат ва тингловчилар билимларини холисона баҳолаш кўникмаларининг мавжудлиги;

юксак индивидуал сифатларнинг (талабчанлик, холисоналик, батартиблик, ҳаққонийлик, хушмуомалаликнинг) мавжудлиги;

таълим беришда (ўқитишда) касбий маҳорат ва эрудициянинг мавжудлиги;

раҳбар ва педагог кадрларнинг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашнинг илмий-педагогик асосларини, педагогика фанининг асосий йўналишларини, фанлараро алоқаларни, риторика ва нотиқлик маҳорати асосларини, узлуксиз таълим атамалари ва тушунчаларини, шунингдек Педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талабларини билиш;

таълим жараёнининг юқори самарадорлигини таъминлаш, тингловчиларнинг ташаббускорлигини, ижодий маҳоратини, уларнинг илмий тадқиқотларга интилишлари ва қобилиятларини ривожлантириш кўникмаларининг мавжудлиги;

ЎМКҲТ муассасалари кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш жараёни мазмунини такомиллаштириш бўйича илмий-тадқиқот ва ўқув-услубий ишларни олиб бориш кўникмалари ва маҳоратларининг мавжудлиги.


85. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш учун жалб этиладиган олий ўқув муассасаси ва Институт профессор-ўқитувчилари таркиби меҳнатига ҳақ тўлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.



X. ЎМКҲТ МУАССАСАЛАРИНИНГ РАҲБАР ВА ПЕДАГОГ

КАДРЛАРИ МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ ВА УЛАРНИ

ҚАЙТА ТАЙЁРЛАШНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


86. ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тадбирларини молиялаштириш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қуйидагилар ҳисобига амалга оширилади:

тасдиқланган жадвалларга мувофиқ ушбу мақсадлар учун ҳар йили назарда тутиладиган бюджетдан ажратиладиган маблағлар;

малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизимида ЎМКҲТ муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини ўқитиш учун буюртмачиларнинг маблағлари;

ўқитиш учун тўловдан, таълим хизматлари кўрсатишдан, илмий-педагогик, ишлаб чиқариш ва бошқа фаолият турларидан олинган даромадлар;

юридик ва жисмоний шахсларнинг кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш учун мақсадли бадаллари;

ЎМКҲТ муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш учун жалб этиладиган грантлар ва хорижий кредитлар маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг хайрия эҳсонлари;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.


87. ЎМКҲТ муассасаларининг педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш бўйича тадбирларни молиялаштириш учун бюджет маблағлари ЎМКҲТнинг ҳудудий бошқармалари томонидан тегишли Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетлари параметрларида мақсадли тартибда, тасдиқланган жадвал доирасида назарда тутилади.

ЎМКҲТ ҳудудий бошқармалари ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган калькуляциялар асосида олий таълим муассасаси ва Институт билан ЎМКҲТ муассасаларининг педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш курсларини ўтказиш юзасидан шартномалар тузадилар.


88. ЎМКҲТ муассасаларининг педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш тадбирларини молиялаштириш ушбу Низом талабларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобига, белгиланган тартибда амалга оширилади.

88-1. Олий таълим муассасаси ва Институтдаги ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш курсларининг тасдиқланган жадвалига киритилган ва юборилган тингловчиларининг уларни асосий ишдан ажралган ҳолда ўқитишнинг бутун даврида асосий иш жойи бўйича ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

Асосий ишидан ажралган ҳолда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрлари малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш курсларига тасдиқланган жадвалга мувофиқ бошқа ҳудудлардан юборилган тингловчиларнинг ўқиш жойига келиш ва у ердан қайтиш бўйича бир марталик йўл харажатлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда уларни юборган томон ҳисобига қопланади.

89. Малака ошириш ва қайта тайёрлаш таълим муассасаларида малака ошириш ва қайта тайёрлашга ажратиладиган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланилиши, шунингдек хўжалик ва молия интизомига риоя этилиши юзасидан назорат белгиланган тартибда ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилади.



XI. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


90. ЎМКҲТ муассасалари раҳбар ва педагог кадрларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни амалга оширувчи таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш ва давлат томонидан аккредитация қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказилади.


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 33-34-сон, 389-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 8-сон, 60-модда


































Время: 0.2024
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск