ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш / Бозорларда савдо қилиш /

Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш Қоидалари (ЎзР ВМ 28.08.2012 й. 253-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 28 августдаги

253-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси бозорларида

савдо фаолиятини ташкил этиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган асосий талабларни белгилайди.


2. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий атамалар ва тушунчалардан фойдаланилган:


деҳқон (озиқ-овқат) бозори - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган жойларда доимий ёки вақтинчалик асосда фаолият кўрсатадиган ҳамда савдо расталари, савдо ўринлари ва турғун савдо шохобчалари (шу жумладан, савдо павильонлари)дан фойдаланган ҳолда кенг турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларининг ва уни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларнинг чакана савдоси учун зарур шарт-шароитлар яратишга мўлжалланган мулкий комплекс;


чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар бозори - юридик шахснинг алоҳида бўлинмаси ҳисобланадиган, деҳқон (озиқ-овқат) бозорининг чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар сотиладиган филиали;


илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозори - Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ихтисослашуви мажбурий тартибда кўрсатилган ҳолда белгиланадиган муайян кунлар ва жойларда илгари фойдаланишда бўлган ноозиқ-овқат товарлари ва мол-мулкнинг чакана савдоси амалга ошириладиган бозор;


дам олиш куни ярмаркаси - маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бевосита қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан сотиш учун муайян вақтга (одатда дам олиш кунларига) шарт-шароитлар яратиш учун махсус ажратилган ҳудуд.


3. Деҳқон (озиқ-овқат) бозори, чорва моллари, паррандалар ва ҳайвонлар сотиш бозори, илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозори (кейинги ўринларда бозор деб аталади) ҳудудида жойлашган турғун чакана савдо объектлари фаолияти ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатиш Ўзбекистон Республикасида чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



II. БОЗОРЛАРНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


4. Бозор Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори асосида ташкил этилади.

5. Дам олиш куни ярмаркалари ташкил этиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида амалга оширилади.


6. Қарорда бозорнинг жойлашган ўрни, ихтисослашуви, иш тартиби, ундаги савдо ўринларининг сони ва жойлашиши мажбурий тартибда белгиланади.


7. Бозор фаолиятини ташкил этиш бозор ташкил этиш учун ажратилган ер участкасини ижарага олувчи юридик шахс томонидан таъминланади. Кўрсатиб ўтилган юридик шахс акциядорлик жамияти шаклида ёки масъулияти чекланган жамият шаклида ташкил этилади, унинг муассисларидан биттаси мажбурий тартибда устав фондидаги улуши камида 51 фоиз бўлган маҳаллий давлат ҳокимияти органи бўлиши керак.

8. Ташкил этилаётган бозорлар устав фондининг энг кам миқдори юридик шахсларнинг тегишли ташкилий-ҳуқуқий шакллари учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорга мувофиқ бўлиши керак.


9. Бозорларни давлат рўйхатидан ўтказиш тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


10. Бозорларни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



III. БОЗОР ҲУДУДИНИ ОБОДОНЛАШТИРИШГА,

ОБЪЕКТЛАРНИ ЖОЙЛАШТИРИШГА ВА БОЗОРНИ

ЖИҲОЗЛАШГА ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


11. Бозорда қуйидагилар бўлиши керак:

асфальтланган (чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар сотиш бозоридан ташқари), яхши ёритилган, ёндош ҳудуддан тўсиқ билан ажратилган савдо майдони;

бозорда иш вақти тугагандан кейин ёпиладиган кириш ва чиқиш жойлари;

бозорнинг номи, ихтисослашуви ва иш тартиби кўрсатилган ҳолда давлат тилида расмийлаштирилган пешлавҳа;

жиҳозланган ва тартиб рақамлари қўйилган турғун ҳамда мавсумий савдо расталари ва савдо қилиш учун жойлар, турғун савдо шохобчалари (шу жумладан, павильонлар). Бунда бозор маъмурияти тасдиқлаган ва бозор объектларининг жойлашиш схемаси кўринарли жойга осилган ва объектларнинг амалда жойлашган ўрни, шунингдек бозор расталари ва савдо ўринларининг жойлашиши харидорларнинг бозорда эркин юришини ҳамда савдо расталари ва жойларига бемалол боришини таъминлаши керак;

давлат солиқ хизмати органлари, ҳудудий ички ишлар органлари, санитария-эпидемиология хизмати, тиббиёт пункти, давлат ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси ёки давлат ветеринария хизмати органларининг таянч пунктларини жойлаштириш учун хоналар (мол гўшти ва ўсимликлардан тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини сотишда);

буюмларни сақлаш жойлари, дезинфекцияловчи моддаларни сақлаш, гўшт маҳсулотларини майдалаш (гўшт сотишда) учун алоҳида хоналар;

сотувчилар ва харидорлар учун аравачаларни прокатга бериш пункти;

ўлчов-тортиш воситаларини прокатга бериш пункти (илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозорларидан ташқари);

авария ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳолатларида ёнғинни ўчириш ва аҳолини хабардор қилиш воситалари;

бозорлар ҳудудида ва унга туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, жамоат ҳожатхоналари, сув қувурлари, юз-қўл ювгичлар, ахлат тўплагичлар, радиоузел ва бошқа зарур инфратузилма объектлари.


12. Бозор ҳудуди деҳқон (озиқ-овқат) бозори, чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонлар бозори, илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозори бир-бири билан ёндош бўлмаслиги шарти билан аниқ ажратиб қўйилган бўлиши керак.

Бозор ҳудуди савдо комплекси билан ёндош бўлиши мумкин.


13. Бозор ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:

объектларни жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасидан ташқари қўшимча савдо ўринларини ташкил этиш;

юкларни ташиш учун мўлжалланган воситалар (контейнерлар)дан озиқ-овқат товарларини сотиш;

ноозиқ-овқат товарларини сотиш, турғун савдо шохобчалари орқали сотиш бундан мустасно;

озиқ-овқат товарларини автомашиналардан сотиш, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ихтисослашган автотранспорт ва асбоб-ускуналардан (автолавкалар, автодўконлар, изотермик сиғимлар, тирик балиқ сотиш учун автоаквариумлар ва шу кабилардан) сотиш бундан мустасно;

алкоголли маҳсулотларни сотиш (қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчаси бундан мустасно);

аудиовизуал асарлар, фонограммалар, ЭҲМ учун дастурлар ва уларнинг моддий жисмлари, компьютер ва маиший техникани сотиш (бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчаси бундан мустасно);

қимматбаҳо металлар ва тошларни, шунингдек улардан ясалган буюмларни сотиш (бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчаси бундан мустасно);

ҳайвонлар терисини сотиш;

хорижий валютани сотиш (тижорат банкларнинг белгиланган тартибда жиҳозланган ва фаолият кўрсатувчи валюта айирбошлаш шохобчалари бундан мустасно);

дори-дармон воситаларини сотиш (дорихоналардан ташқари);

ветеринария препаратлари ва биологик препаратларни сотиш (ихтисослаштирилган дорихоналар ва зоология дўконларидан ташқари);

болалар озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш (давлат санитария назорати талабларига мувофиқ махсус жиҳозланган ҳамда ушбу маҳсулотларни сақлаш ва сотиш шарт-шароитлари таъминланган турғун савдо шохобчаларидан ташқари);

булка нонлар сотиш (бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчаси бундан мустасно);

уйда тайёрланган озиқ-овқат товарларини сотиш (уларни қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар ва қоидаларга риоя этган ҳолда сотиш бундан мустасно);

қонун ҳужжатларида тақиқланган бошқа товарлар ва буюмларни сотиш.


14. Танишиш учун қулай жойларда қуйидагилар ўрнатилади:

а) товар турларининг асосий гуруҳлари бўйича савдо зоналари кўрсаткичлари;

б) савдо зоналари, умумий овқатланиш ва сервис хизмати кўрсатиш объектлари, маъмурий бинолар, давлат солиқ хизмати органи, давлат ветеринария-санитария экспертизаси лабораторияси ёки бозордаги давлат ветеринария хизмати органининг биноси (чорва моллари ва ўсимлик маҳсулотларини сотишда), назорат ўлчови тарозилари, прокат пунктлари, бозорлар ҳудудида ва уларга туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, жамоат ҳожатхоналари ва бошқа объектларнинг жойлашиш схемаси кўрсатилган стендлар;

в) фавқулодда вазиятлар рўй берганда бозорни эвакуация қилиш схемаси;

г) бозордаги кириш жойларида ахборот стенди, унда сотувчилар ва бозорга келувчилар учун қуйидагилар бўлади:

"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ушбу Қоидаларнинг матнлари;

савдо фаолиятини ва товарларнинг айрим турларини сотишни тартибга солувчи қоидалар;

бир марталик йиғим, ижара тўлови, кўрсатиладиган мажбурий ва бошқа хизматлар рўйхати ва қиймати, шунингдек бозорда савдо ўринларини бериш ҳамда хизматлар кўрсатиш тартиби ва шартлари тўғрисидаги ахборотлар;

бозор маъмуриятининг, туман (шаҳар) ҳокимлигининг, давлат ветеринария хизмати санитария-эпидемиология хизмати, давлат солиқ хизмати, ички ишлар ҳудудий органларининг телефон рақамлари.

15. Савдо операциялари ўлчаш-тортиш воситаларидан (тарозилар, тарози тошлари, ўлчовли сиғимлар, метрлар ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган бозорларда метрологик қоидалар ва нормалар талабларига мувофиқ бўлган ўлчов анжомлари мавжуд бўлиши шарт.

Тарозилар ва бошқа ўлчов анжомлари сотувчининг иш жойида тортиб кўриш, қийматини аниқлаш ва товарни бериш бўйича барча жараёнларнинг кўриниб туриши таъминланган ҳолда ўрнатилиши керак.


16. Бозор ҳудудидаги махсус ажратилган жойларда умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш ва тижорат банклари объектлари (филиаллар, мини-банклар, банк кассалари, инкассация пунктлари) жойлаштирилади.


17. Бозорларда санитария кунлари маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ белгиланади.


18. Бозор ҳудудида товарларни ташишни ва бозорда савдо жараёнини ташкил этиш товарларни ташиб келтириш (қабул қилиб олиш), сақлаш ва сотиш учун зарур шароитларни тўлиқ таъминлаши керак.


19. Мижозларнинг бозор ҳудудига кириши - бепул.


20. Бозор ҳудудида савдони амалга оширишда фискал хотирали назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал кассаларни ва банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини қўллаш қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Бир марталик йиғимлар, ижара тўловлари ва автоматлаштирилган ҳисобга олишнинг банк тизими орқали кўрсатиладиган хизматлар учун бериладиган чеклар назорат-касса машиналари ёки банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиб олиш бўйича тўлов терминалларининг чекларига тенглаштирилади.

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қўлланиладиган назорат-касса машиналари, виртуал кассалар ягона техник талабларга мувофиқ бўлиши керак ва белгиланган тартибда мажбурий сертификацияланиши зарур.

Сертификатга эга бўлмаган ёки белгиланган ягона техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан ёки виртуал кассалардан фойдаланган ҳолда чек бериш айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.


IV. БОЗОРНИ БОШҚАРИШ, СОТУВЧИЛАРНИНГ

ВА БОЗОР МАЪМУРИЯТИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


21. Бозорни бошқариш бозор маъмурияти томонидан амалга оширилади, унга ушбу Қоидалар ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш учун жавобгарлик юкланади.


22. Бозорда сотувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Қоидалар талабларига мувофиқ савдо фаолиятини амалга ошириш;

бозор маъмуриятидан ушбу Қоидаларга мувофиқ ишлаш учун шарт-шароитлар билан таъминлашни талаб қилиш;

бозор маъмуриятидан бозорнинг иш тартиби ва режими бўйича зарур тушунтиришлар олиш;

бозор маъмурияти томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлардан фойдаланиш;

ўзларининг фаолияти назорат органлари томонидан текширилаётганда бозор маъмурияти ходимларини таклиф этиш;

бозор маъмуриятига бозор фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш.


23. Сотувчилар бозорда қуйидагиларга мажбур:

бозорда савдо фаолиятини амалга оширишда шахсини тасдиқловчи ҳужжатга, бир марталик йиғим тўланганлиги тўғрисидаги чекка, хусусий тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага (ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган товарларни сотиш ҳолатларидан ташқари) ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларга эга бўлиш;

фақат бозор маъмурияти томонидан белгиланган жойлардагина савдо қилиш;

фақат бозор маъмурияти томонидан тақдим этилган тарозилар ва бошқа ўлчов асбобларидан фойдаланиш (турғун савдо шохобчаларидан ташқари);

савдо ўринларини тоза ва тартибли сақлаш;

бозор маъмурияти ва назорат қилувчи органларнинг қонуний талабларини бажариш;

ушбу Қоидаларга ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиш.


24. Бозор маъмурияти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорларга бозорда савдо фаолиятини амалга ошириш ҳамда хизматлар кўрсатиш учун шартнома асосида турғун савдо шохобчалари бериш;

бозорларда жисмоний шахсларга фақат уларда якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлганда, улар бир марталик тўловни тўлашган тақдирда ёзма шартномалар тузмасдан савдо ўринлари бериш (ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, чорва молларини, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган товарларни сотиш бундан мустасно);

шартнома асосида қўшимча хизматлар кўрсатиш;

назорат органлари вакиллари бозорларда ўз функцияларини амалга ошираётганда уларга ҳамроҳлик қилиш;

ижарачилар томонидан ижара тўлови тўланмаганда, шунингдек бозорда савдо фаолиятини амалга оширишга қонунда белгиланган талаблар бир неча марта бузилганлиги ҳолатлари ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдирда савдо ўринлари тақдим этиш, турғун савдо шохобчаларини ижарага бериш юзасидан улар билан тузилган шартномаларни муддатидан олдин бекор қилиш.

Бозор ҳудудида тарозилар ва бошқа ўлчов анжомларини прокатга бериш, юк сақлаш жойларини ташкил этиш, юкларни ташиш учун аравачаларни ижарага бериш бўйича хизматлар фақат белгиланган тарифларга мувофиқ бозор маъмурияти томонидан кўрсатилиши мумкин.


25. Бозор маъмурияти қуйидагиларга мажбур:

сотувчилар ва ўз ходимлари томонидан ушбу Қоидаларга ва белгиланган савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

деҳқон бозорларида сотувчиларни қатъий ажратилган савдо ўринлари бўйича жойлаштириш;

савдо ўринлари беришда бир марталик йиғим ундирилишини таъминлаш;

қонун ҳужжатларига мувофиқ маъмурият билан ижарага олувчи ўртасида тузиладиган ижара шартномаси асосида ҳар ойлик ижара тўловининг ўз вақтида тўланишини назорат қилиш;

кўрсатилаётган ва бошқа хизматлар учун бир марталик йиғим, ижара тўловлари ва бошқа тушумларнинг банк тизими орқали автоматлаштирилган ҳисобга олиш йўли билан банк кассалари орқали қабул қилинишини таъминлаш;

маҳаллий бюджетларга, шунингдек бюджетдан ташқари мақсадли жамғармаларга тўловларнинг ўз вақтида ажратилишини таъминлаш;

бозор ишларини ва бозор фаолияти билан боғлиқ жараёнларни савдо фаолиятини амалга ошириш тартибини белгиловчи ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, бозор жойлашган ҳудуддаги эпидемиологик, эпизоотик ва экологик хавфсизликни таъминловчи ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларига қатъий мувофиқ ҳолда ташкил этиш;

бозорга олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотлари сифатининг экспресс анализ лабораториясини ташкил этиб, тегишли сертификат бериш ва тегишли сертификатга эга бўлмаган маҳсулотларни сотишни тақиқлаш;

жамоат тартибини сақлаш, қўриқлашни ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш, бозорнинг нормал фаолият кўрсатиши учун, шу жумладан, унинг энергия, иссиқлик ва сув таъминоти бўйича зарур шароитларни таъминлаш;

сотувчилар ва харидорлар учун аравачалар прокати пунктлари иши, ўлчаш воситалари ва сақлаш камералари учун масъулларни тегишли буйруқ билан тайинлаш;

300 та ва ундан ортиқ турғун савдо шохобчалари ва савдо ўринлари мавжуд бўлган бозор ҳудудларида ва бозорга туташ ҳудудлардаги автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларини фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари билан жиҳозлашни таъминлаш, автотранспорт воситаларининг кириши ва чиқиши вақтини қайд этиш функциясига эга бўлган электрон ҳисоблагичларни мажбурий тартибда ўрнатиш;

бозор майдонини, маъмурий-хўжалик биноларини, умумий равишда фойдаланиладиган жойларни зарур санитария-техник ҳолатда сақлаш;

ёндош ҳудудларнинг ўз вақтида йиғиштирилиши ва ободонлаштирилишини таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндилар, йирик ҳажмли ахлатлар, турли хил идишлар ва шу кабиларнинг ташиб кетилишини таъминлаш.


26. Бозор маъмурияти:

сотувчиларнинг тегишли техник талабларга, санитария нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлган анжомларга эҳтиёжини;

харидорларга хизмат кўрсатиш чоғида пайдо бўладиган низоли вазиятларнинг сабабларини бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар кўрилишини;

сотувчиларнинг минимал касбий тайёргарлиги бўйича тадбирлар амалга оширилишини;

туман (шаҳар) ҳокимлигида рўйхатдан ўтказилган мулоҳазалар ва таклифлар дафтарларининг мавжуд бўлишини ва улар харидорларнинг биринчи талабига биноан тақдим этилишини;

банкларнинг инкассация пунктлари ва кассалари иши учун энг қулай шарт-шароитлар яратилишини, бир марталик йиғим, ижара тўловлари ва кўрсатилаётган хизматлар учун тушумларнинг банклар кассаларига топширилишини таъминлашга кўмаклашишни, бозорлар ва уларнинг филиаллари ҳудудида ўз фаолиятини амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар нақд тушумининг белгиланган тартибда инкассация қилиниши (топширилиши)ни таъминлайди.

27. Бозор маъмурияти назорат қилувчи органлар вакилларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиладиган текширишларни амалга оширишда кўмаклашади, аниқланган қоида бузилишларини бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўради. Зарурат бўлганда, бозор маъмурияти назорат органлари ходимларига текширишларни ўтказиш даври учун хоналар ажратади.


28. Бозор маъмурияти истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилиши, бозорларнинг фаолияти, белгиланган савдо қоидаларининг бажарилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Бозор ҳудудида ер участкалари ажратишга (деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари ҳудудида қонун ҳужжатларига мувофиқ замонавий савдо мажмуалари қуриш учун ер участкалари ажратиш бундан мустасно), шунингдек бозорга тегишли кўчмас мулк объектларининг жисмоний ва юридик шахсларга мулк қилиб берилишига йўл қўйилмайди.

29. Бозор маъмурияти раҳбарияти ушбу Қоидаларга риоя қилинмаганлиги ёки бозор маъмурияти ходимлари ва сотувчилар томонидан уларга риоя этилиши юзасидан зарур назоратнинг йўқлиги учун жавоб беради.

Бозор маъмурияти раҳбарлари бир марталик йиғимларнинг, ижара тўловларининг ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши таъминланмаганлиги, шунингдек савдо ўринларининг жисмоний шахсларга уларнинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасиз берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилиши мумкин, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, чорва молларини, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган товарларни сотиш ҳолатлари бундан мустасно.



V. САВДО ЎРИНЛАРИНИ БЕРИШ

ВА БОЗОРНИНГ ИШ РЕЖИМИ


30. Бозорда савдо ўринлари жисмоний шахсларга фақат уларнинг якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирда берилади, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, чорва моллари, паррандалар ва бошқа товарларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган товарларни сотиш ҳолатлари бундан мустасно.

Ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш учун жисмоний шахсларга ўринлар ушбу Қоидаларга иловага мувофиқ тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органи, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи, боғдорчилик-узумчилик ёки полизчилик ширкати бошқаруви томонидан берилган сотилаётган маҳсулот жисмоний шахс томонидан унга ёки унинг оила аъзоларига ажратилган ер участкасида етиштирилганлигини тасдиқловчи, белгиланган шаклдаги ҳужжат (маълумотнома) тақдим этилган тақдирда берилади.

Маълумотномада жисмоний шахс доимий яшайдиган жойнинг манзили, ер участкасининг жойлашган жойи ва майдони, бир йилда ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини сотишнинг мумкин бўлган ҳажми мажбурий тартибда кўрсатилади.


31. Бозорларда бир савдо ўрни ўлчами кўпи билан 1,2 погон метр этиб белгиланади, полиз маҳсулотлари, гуллар ва кўчатлар, идишли ва ўрамли маҳсулотлар сотишда эса 6,0 кв. метрга тенг ўлчамда белгиланади. Белгиланган ўлчамдан ортиқ бўлган ҳар бир ўрин учун бозор маъмурияти томонидан тўлиқ миқдорда тўлов ундирилади.


32. Савдо ўрнини ёки унинг бир қисмини учинчи шахсга бериш тақиқланади.


33. Бозорнинг иш режими бозорни ташкил этишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарорида белгиланади.


34. Бозор ҳудудидаги алоҳида савдо объектларининг иш вақти бозорнинг умумий иш режими билан тартибга солинади.


35. Режали санитария-техник ишларни амалга ошириш учун бозор ёпилганда бозор маъмурияти олдиндан, мазкур ишларни амалга оширишдан олдин етти иш кунидан кечикмай сотувчилар, аҳоли ва маҳаллий давлат ҳокимияти органини бозорнинг ёпилиши сабаблари ва даври тўғрисида хабардор қилади.


36. Бозор ишлаган вақтда алоҳида савдо объектини (павильонни, турғун савдо шохобчасини) ёпиш зарур бўлган тақдирда, сотувчи харидорлар учун объектнинг ёпилиш даври тўғрисидаги эълонни осиб қўйиши, объект иш вақтининг 1 соатидан кўпроқ вақтга ёпилган тақдирда эса, харидорлар учун эълондан ташқари - бу ҳақда бозор маъмуриятини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.


37. Бозор авария ва фавқулодда вазиятларда шошилинч тадбирларни бажариш учун ёпилган тақдирда эълон сотувчилар, харидорлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига дарҳол етказилади.



VI. БОЗОРЛАР ДАРОМАДЛАРИНИНГ МАНБАЛАРИ


38. Қуйидагилар бозорлар даромадларининг манбалари ҳисобланади:

бир марталик йиғимдан тушумлар;

ижара тўловидан олинган даромадлар;

сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

автотранспорт воситаларининг вақтинча сақлаш хизматлари кўрсатишдан тушган даромадлар;

бозор маъмурияти томонидан амалга ошириладиган қишлоқ хўжалиги товарларини тайёрлаш, харид қилиш ва сотишдан (деҳқон бозорлари учун) олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.


39. Бозорга солиқ солиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



VII. БИР МАРТАЛИК ЙИҒИМНИ, ИЖАРА ТЎЛОВЛАРИНИ,

КЎРСАТИЛАДИГАН ХИЗМАТЛАР УЧУН ТЎЛОВНИ

УНДИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


40. Бозор маъмурияти бир марталик йиғим тўловини, ижара тўловларини, кўрсатиладиган мажбурий ва бошқа хизматлар учун тўловни ундиришнинг барча сотувчилар учун қулай шарт-шароитлари яратилиши учун жавоб беради.


41. Бозор маъмурияти қуйидагиларни ташкил этиши шарт:

бозор ҳудудида савдони амалга ошириш шарт-шароитларига оид давлат тилида ёзилган плакатлар, тушунтириш жадвалларини бир марталик йиғим, ижара тўлови ставкаларини, шунингдек кўрсатиладиган мажбурий ва бошқа хизматлар рўйхати ва қийматини қайд этган ҳолда, кўринарли жойга жойлаштириш;

тегишли тарзда, шу жумладан, фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари билан жиҳозланган, бир марталик йиғимни, ижара тўловларини ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақини ундиришнинг ходимлар (кассирлар) доимий равишда иш жойида бўлишлари керак бўлган турғун пунктларини ташкил этиш. Бир марталик йиғим, ижара тўловлари, кўрсатиладиган хизматлар ҳақи ундириладиган турғун пунктлар сони 100 сотувчига (савдо ўринларига) 1 та пункт ҳисобидан келиб чиққан ҳолда белгиланиши керак;

бозорда савдо қилганлик учун бир марталик йиғимни ундиришнинг асосий шартларини, сотувчи ва харидорларга кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ва қийматини радиоузел орқали мунтазам равишда маълум қилиб бориш;

бир марталик йиғимни тўлашдан бош тортган сотувчиларни аниқлаш мақсадида савдо расталари ва умуман бозор ҳудудини назоратчилар томонидан мунтазам равишда айланиб чиқиш;

савдони амалга ошириш, бир марталик йиғимни тўлаш тартибини бузувчи шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жарималар қўлланилиши зарур бўладиган ҳолатларда давлат солиқ хизмати органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан тезкор алоқа ўрнатиш ишларини ташкил этиш.


42. Бозор маъмурияти томонидан бир марталик йиғимни, кўрсатилган хизматлар учун ва ижара тўловларини қабул қилиш фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари мажбурий қўлланган ҳолда амалга оширилади.

100 та ва ундан кўп турғун (деҳқон (озиқ-овқат) бозорлари учун 50 та ва ундан ортиқ савдо ўринлари) савдо шохобчаларига эга бўлган бозорларда ва уларнинг филиалларида ҳамда ижара тўловлари ва кўрсатилган хизматлар учун тўловлар фақат банк тизими орқали автоматлаштирилган ҳисобга олиш йўли билан, йиғимнинг тўлиқлигини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ҳар куни текширган ҳолда ундирилади.

Бунда бир марталик йиғимни тўлаш савдо ўрни беришда, савдо бошлангунга қадар амалга оширилади. Чорва моллари, паррандалар ва бошқа ҳайвонларни сотиш бозорларида бир марталик йиғим бозор ҳудудига киришда ундирилади.

Бир марталик йиғим тўланганлиги тўғрисида сотувчига бериладиган чекда бозорнинг номи, бозорни солиқ тўловчи идентификация рақами (СТИР), чек берилган вақт ва сана, тўловнинг номи (бир марталик йиғим тўлови), тўлов суммаси, ўрин рақами, сотиладиган товарнинг номи, назорат-касса машинаси ёки тўлов терминалининг рақами тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак.

Онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган бозорлар томонидан сотувчиларга тақдим қилинган чекда бозорнинг номи, бозорнинг солиқ тўловчи идентификация рақами (СТИР), чек берилган вақт ва сана, тўловнинг номи (бир марталик йиғим тўлови), тўлов суммаси, ўрин рақами, сотиладиган товарнинг номи, шунингдек, QR-код ва фискал белги мажбурий тартибда акс эттирилади. Ушбу маълумотлар акс эттирилмаган чеклар ҳақиқий ҳисобланмайди.

43. Кўрсатилган хизматлар учун тўловни ундириш бозорларда ҳисобга олиш ходимлари (кассирлар) томонидан сотувчиларга фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари чеки берилган ҳолда амалга оширилади.

44. Бир марталик йиғимни, ижара тўловларини, бозорларда кўрсатилган хизматлар ҳақини ундириш ва ундан тушган тушумлар ҳисобини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.


45. Бир марталик йиғим тўлови бозорларда чакана савдо қилувчи жисмоний шахслардан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган ставкалар бўйича ундирилади.


46. Бозор маъмурияти томонидан ундириладиган бир марталик йиғим тўлови, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақи миқдорлари ҳар йили ҳудудий молия органлари ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари билан келишган ҳолда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

Бозор ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тушириш мақсадида автомашиналарнинг кириши учун тўлов ундирилмайди.



VIII. БОЗОРЛАРДА ТОВАРЛАРНИ СОТИШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


47. Қуйидагилар деҳқон бозорларида сотиладиган товарларнинг асосий турлари ҳисобланади:

қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари, уларни қайта ишлашдан олинган маҳсулотлар, ёрдамчи хўжаликлар ва ҳунармандчилик корхоналари маҳсулотлари;

кўчатлар, уруғликлар, гуллар ва гул кўчатлари.


48. Деҳқон бозорларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш:

жисмоний шахслар - деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликлари вакиллари, боғбонлар ва полизчилар, юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан - жиҳозланган савдо ўринларида, бир марталик йиғимни мажбурий тўлаган ҳолда;

юридик шахслар - қишлоқ хўжалиги корхоналари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва савдо корхоналари томонидан - ижара шартномаси шартларида турғун савдо шохобчалари орқали, фискал хотирали назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал кассаларни ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини мажбурий қўллаган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул тушумини топширган ҳолда амалга оширилади.

Бозорларда юридик шахс бўлмаган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш натижасида олинган товарларни турғун савдо шохобчалари орқали, бозор маъмурияти билан ижара шартномаси шартларида, фискал хотирали назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал кассаларни ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини мажбурий қўллаган, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда нақд пул тушумини топширган ҳолда сотишга рухсат этилади.

49. Деҳқон бозорларида савдо-харид қилиш корхоналари томонидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш, тайёрлаш ва сотиш ҳам амалга оширилиши мумкин.


50. Гўшт ва гўшт маҳсулотлари, сут ва сут маҳсулотлари, балиқ, гўшт ва балиқдан тайёрланган пазандалик маҳсулотларини, қандолатчилик маҳсулотларини сотиш санитария-эпидемиология хизмати, ветеринария хизмати талабларига мувофиқ махсус жиҳозланган ҳамда ушбу маҳсулотни сақлаш ва сотишнинг зарур шарт-шароитларини таъминловчи, умумий равишда фойдаланиладиган озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш бўйича ихтисослаштирилган павильонларда амалга оширилади.

51. Бозорда импорт қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини сотишга фақат ушбу банднинг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда рухсат этилади.

Импорт товарлар билан чакана савдони амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркор тижорат фаолияти учун мўлжалланган товарларни келтирувчи якка тартибдаги тадбиркор сифатида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак ҳамда у республика ҳудудларига товарлар келтирганлиги фактини, ушбу товарларнинг божхонада расмийлаштирилганлигини, мувофиқлик сертификати борлигини, божхона тўловлари ва белгилаб қўйилган солиқлар тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиши керак.

52. Бозорда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари (илгари фойдаланишда бўлган товарлардан ташқари) билан чакана савдо қилиш фақат фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари мажбурий қўлланган ҳолда турғун савдо объектлари орқали амалга оширилади.

Ноозиқ-овқат истеъмол товарларини савдо расталарида сотишга йўл қўйилмайди.


53. Бозорларда харидорларга қулайлик яратиш учун савдо ўринлари ва расталарда ўраш материаллари (қоғоз ва полиэтилен пакетлар, саватлар, жўнатиш қутилари) сотишга рухсат этилади.


54. Бозор ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотишда сотувчиларда қуйидагилар бўлиши лозим:

сотилаётган маҳсулотнинг ветеринария қоида ва нормалари талабларига мувофиқлигини тасдиқловчи бозорлардаги ветеринария-санитария экспертизаси лабораториясининг ёки давлат ветеринария хизмати органининг хулосаси;

бир марталик йиғим ва кўрсатилган хизматлар тўлови тўланганлигини тасдиқловчи чек.

Ушбу ҳужжатлар сотувчида бутун иш вақти давомида сақланади ҳамда бозор ва давлат солиқ хизмати органлари масъул ходимларининг биринчи талабига кўра кўрсатилади.



IX. ИЛГАРИ ФОЙДАЛАНИШДА БЎЛГАН МОЛ-МУЛКНИ

СОТИШ БОЗОРЛАРИ ФАОЛИЯТИНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ


55. Илгари фойдаланишда бўлган хўжалик товарлари ва маиший техника, мебель, кийим-бош, қурилиш материаллари, транспорт воситалари, шу жумладан, уларга эҳтиёт қисмлар ва илгари фойдаланишда бўлган бошқа товарлар илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозорида сотиладиган товарларнинг асосий турлари ҳисобланади.


56. Илгари фойдаланишда бўлган мол-мулкни сотиш бозори ҳудудида:

объектларни жойлаштиришнинг тасдиқланган схемасидан ташқари қўшимча савдо ўринлари ташкил этиш;

қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотларини ва уларни қайта ишлаш маҳсулотларини сотиш (уларни бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали сотиш бундан мустасно);

янги импорт ва маҳаллий истеъмол товарларини ҳамда бошқа янги мол-мулкни сотиш (уларни бозор ҳудудида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали сотиш бундан мустасно);

товарларни автомашиналар ёки контейнерлардан сотиш;

тайёр армия анжомларини ва белгиланган намунадаги формали кийим-бошни, ҳарбий турдаги бошқа товарларни, муассасалар, ташкилотлар ва корхоналар штампи босилган чойшаблар, ички ишлар органларида қўлланиладиган махсус воситалар ва махсус аслаҳа-анжомларни сотиш;

сотилиши қонун ҳужжатларида тақиқланган бошқа товарлар ва буюмларни сотиш тақиқланади.



X. ДАМ ОЛИШ КУНИ ЯРМАРКАЛАРИНИНГ

ИШ ТАРТИБИ


57. Дам олиш куни ярмаркаларини ўтказиш жойи ва муддатлари тўғрисидаги қарор фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тақдимномасига кўра маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинади.


58. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари давлат солиқ хизмати органлари, ички ишлар органлари, санитария-эпидемиология хизмати ҳудудий органлари ва бошқа манфаатдор ташкилотлар иштирокида дам олиш куни ярмаркаларини тайёрлаш, ўтказиш ва ёпиш бўйича зарур тадбирларни амалга оширадилар.

59. Дам олиш куни ярмаркалари ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ва уларни қайта ишлашдан олинган товарларни, шунингдек илгари фойдаланишда бўлган ноозиқ-овқат истеъмол товарларини сотишга рухсат этилади.


60. Дам олиш куни ярмаркалари ҳудудида савдо ўринлари бепул берилади.


61. Дам олиш куни ярмаркаларида маҳсулотларни сотиш қуйидаги ҳужжатлар мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади:

товарга оид ҳужжатлар;

сотувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар.

Ушбу ҳужжатлар сотувчида бутун иш вақти давомида сақланади ва назорат органлари ҳамда шаҳар (туман) ҳокимликларининг биринчи талабига кўра кўрсатилади.



XI. БОЗОРЛАР ФАОЛИЯТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


62. Бозорлар, унга туташиб кетган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, шунингдек улар ҳудудида фаолиятни амалга оширувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, улар томонидан ушбу Қоидаларга, солиқ тўғрисидаги қонунларга, савдо фаолиятини тартибга солувчи нормалар ва қоидаларга риоя қилинишини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


63. Солиқ органлари томонидан ўтказиладиган текширишларга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари жалб этилиши мумкин.


64. Бозорда санитария ва ветеринария нормалари ва қоидаларига, шунингдек стандартларга, ёнғин хавфсизлиги нормалари ва қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш тегишли равишда Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати органлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат ветеринария қўмитасининг давлат ветеринария хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилади.

65. Ушбу Қоидаларга риоя этилиши юзасидан ижро ва назоратни ташкил этиш учун шахсий жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисига, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимларига, шунингдек бозорлар маъмуриятига юкланади.


66. Мазкур Қоидаларнинг бузилишига йўл қўйган юридик шахслар ва хусусий тадбиркорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.


67. Бир марталик йиғимларни ва кўрсатиладиган хизматлар ҳақини, ижара тўловларини тўламасдан фаолиятни амалга оширувчи шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



ХII. БОЗОР (БОЗОРДАГИ САВДО ОБЪЕКТИ) ФАОЛИЯТИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ УЧУН АСОС ҲИСОБЛАНАДИГАН

ҚОНУН БУЗИЛИШЛАРИ РЎЙХАТИ


68. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган қуйидаги қонун бузилишлари мавжуд бўлганда бозор (бозордаги савдо объекти) фаолияти вақтинча тўхтатиб турилиши мумкин:

ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи, белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, шунингдек ер участкасидан белгиланган мақсаддан бошқа мақсадда фойдаланилганда;

бозор (бозордаги савдо объекти)ни ташкил этиш ва ундан фойдаланишда санитария ва ветеринария қонун ҳужжатлари нормаларининг тўғридан-тўғри хавфли эпидемия ва юқумли касалликларнинг тарқалишига сабаб бўладиган тарзда бузилиши ҳолатлари белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;

бозорни ташкил қилиш ва ундан фойдаланишда табиатни муҳофаза қилишга доир қонун ҳужжатларининг, экология талабларининг бузилиши ҳолатлари белгиланган муддатда бартараф этилмаганда;

ёнғинга қарши хавфсизлик талабларига риоя қилинмаганда;

фискал хотирали назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал кассаларни ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларининг қўлланиш, шунингдек нақд тушумни банклар кассаларига топшириш тартиби мунтазам равишда бузилганда;

бозорни ихтисослаштиришнинг ушбу Қоидаларда белгиланган талаблари бузилганда.


69. Кўрсатилган қонун бузилишлари аниқланганда назорат органлари ўз ваколатлари доирасида тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган тақдимномалар киритади, агарда ўн иш кун ичида бартараф этилмаган тақдирда, улар асосида бозор фаолиятини ўн иш кунидан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш ҳақида судга мурожаат қилади.

70. Йўл қўйилган қонун бузилишлари тўлиқ бартараф этилгандан кейин, фаолиятни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилган орган кўрсатиб ўтилган ҳолатлар бартараф этилганлиги тўғрисида тасдиқнома олинган кундан бошлаб бир иш куни мобайнида бозор (бозордаги савдо объекти) фаолиятини қайтадан тиклаш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт.



XIII. БОЗОР ФАОЛИЯТИНИ ТЎХТАТИШ


71. Бозор фаолияти:

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ер участкасининг ижара шартномаси тўхтатилганда;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда томонлардан бирининг ташаббусига кўра ер участкасининг ижара шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бозорни жойлаштиришга ажратилган ер участкаси давлат эҳтиёжлари учун олиб қўйилганда;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолатларда тўхтатилади.






Қоидаларга

ИЛОВА



Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш

органининг, боғдорчилик-узумчилик

ёки полизчилик ширкати бошқарувининг

бланки ёки штампи


МАЪЛУМОТНОМА



манзилида яшовчи


га берилди.

(ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотувчи жисмоний шахснинг Ф.И.О.)


СТИР










(мавжуд бўлса)


У ___________ га майдонли ер участкасига эга.

Ер участкаси жойлашган жой ____________________________________

Ер участкасида қуйидаги маҳсулотлар етиштирилади:

Т/р


Қишлоқ хўжалиги

маҳсулотларининг

номи


Экин майдони

(чорва молларининг

бош сони)


Ўртача ҳосилдорлик

(ўсиш, вазн ортиши)


Бир йилда сотилиши

мумкин бўлган ҳажм

(тахминан)


1

2


3

4

5

























Маълумотномани берган

мансабдор шахснинг Ф.И.О.    _______________________


Имзо ____________                                    Сана: 20___ йил "___" __________


М.Ў.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 35-сон, 403-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 8-сон, 61-модда































Время: 0.1519
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск