ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш / Бозорларда савдо қилиш /

Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш Қоидалари (ЎзР ВМ 28.08.2012 й. 253-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 28 августдаги

253-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида савдо

комплекслари фаолиятини ташкил этиш

ҚОИДАЛАРИ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидалар Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этишни тартибга солади.


2. Ушбу Қоидаларда савдо комплекси деганда чакана савдо ва хизматлар кўрсатиш соҳасининг турғун объектлари жойлашган ягона ер участкасида қурилган бино ва (ёки) иншоотга ёхуд бинолар ва (ёки) иншоотлар комплексига мулк ҳуқуқи билан ёки бошқа қонуний асосда эгалик қилувчи юридик шахс тушунилади.


3. Савдо комплекси ҳудудида жойлашган чакана савдо ва умумий овқатланиш хизматлари кўрсатишнинг турғун объектлари фаолияти Ўзбекистон Республикасида чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.



II. САВДО КОМПЛЕКСЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


4. Савдо комплекси фаолиятини ташкил этиш юридик шахс томонидан унга фойдаланиш учун ёхуд ижарага берилган ер участкасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда таъминланади. Савдо комплекси фаолият кўрсатиши учун фойдаланишга берилган ер участкасидан бошқа мақсадларда фойдаланилишига йўл қўйилмайди. Кўрсатиб ўтилган юридик шахс ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилади.

Фаолият кўрсатаётган бозор негизида қайта ташкил этилган савдо комплексининг муассисларидан биттаси мажбурий тартибда устав фондидаги улуши камида 51 фоиз бўлган маҳаллий давлат ҳокимияти органи бўлиши керак.


5. Савдо комплекси Ўзбекистон Республикасининг Ер кодексида белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори асосида ташкил этилади.

6. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг савдо комплексини ташкил этиш тўғрисидаги қарорида савдо комплексининг жойлашган ўрни, ундаги турғун савдо шохобчаларининг сони белгилаб қўйилади.


7. Ташкил этилаётган савдо комплекслари устав фондининг энг кам миқдори юридик шахсларнинг тегишли ташкилий-ҳуқуқий шакллари учун қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорга мувофиқ бўлиши керак.


8. Ўзбекистон Республикасининг ҳар қандай юридик ва жисмоний шахслари савдо комплексининг муассислари бўлиши мумкин.


9. Савдо комплексларини давлат рўйхатидан ўтказиш тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган тартибда амалга оширилади.

Савдо комплексларини қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



III. САВДО КОМПЛЕКСЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


10. Савдо комплексида қуйидагилар бўлиши керак:

унинг иш вақти тугагандан кейин ёпиладиган кириш ва чиқиш жойлари;

савдо комплексининг номи, ихтисослашуви ва иш тартиби кўрсатилган, давлат тилида расмийлаштирилган пешлавҳа;

тартиб рақамлари қўйилган турғун савдо шохобчалари (шу жумладан, павильонлар), шунингдек савдо комплекси маъмурияти тасдиқлаган ва кўринарли жойга осилган савдо комплекси объектларининг жойлашиш схемаси. Бунда савдо ўринларининг жойлашиши харидорларнинг савдо комплексида эркин юришини таъминлаши керак;

буюмларни сақлаш жойлари;

товарни турғун савдо шохобчаларига етказиш учун аравачаларни прокатга бериш пункти;

харид қилинган товарларни автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларигача ёки савдо комплекси ҳудудидаги ёхуд унга ёндош кўчаларгача олиб бориш учун, аравачаларнинг қайтарилиши учун зарур чораларни назарда тутган ҳолда, аравачаларни олиш ва топшириш учун барча қулайликларни яратиб, харидорларга бепул аравачалар бериш пункти;

авария ҳамда фавқулодда вазиятлар ҳолатларида ёнғинни ўчириш ва аҳолини хабардор қилиш воситалари;

ижарачилар ва харидорлар учун савдо комплекси ҳудудида ва унга туташ ҳудудларда автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, жамоат ҳожатхоналари, сув қувурлари, юз-қўл ювгичлар, ахлат тўплагичлар, кийимни кийиб кўриш кабиналари ва бошқа зарур инфратузилма объектлари.


11. Савдо комплекси ҳудудида қуйидагилар тақиқланади:

турғун савдо шохобчаларидан ташқарида ноозиқ-овқат ва озиқ-овқат товарларини сотиш;

автомашиналардан ва юкларни ташиш учун мўлжалланган воситалар (контейнерлар)дан озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини сотиш;

ваколатли банкларнинг белгиланган тартибда жиҳозланган ва фаолият кўрсатувчи валюта алмаштириш шохобчаларидан ташқари, хорижий валюта сотиш;

қонун ҳужжатларида тақиқланган товарлар ва бошқа буюмларни сотиш.


12. Танишиш учун қулай жойларда қуйидагилар ўрнатилади:

а) товар номенклатурасининг асосий гуруҳлари бўйича савдо зоналари кўрсаткичлари;

б) савдо зоналари, умумий овқатланиш ва сервис хизмати кўрсатиш объектлари, маъмурий бинолар, намойиш қилиш хонаси ёки стенди, назорат ўлчови тарозилари, савдо комплекси ҳудудида ва унга туташ ҳудудларда жойлашган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари, жамоат ҳожатхоналари ва бошқа объектларнинг жойлашиш схемаси кўрсатилган стенд;

в) фавқулодда вазиятлар рўй берганда савдо комплексини эвакуация қилиш схемаси;

г) ахборотлар стенди, унда сотувчилар ва савдо комплекси харидорлари учун:

"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ва ушбу Қоидаларнинг матнлари;

савдо фаолиятини ва товарларнинг айрим турларини сотишни тартибга солувчи қоидалар;

савдо комплексида биноларни ижарага бериш тартиби ва шартлари тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек кўрсатиладиган мажбурий хизматларнинг рўйхати ва қиймати;

бозор маъмуриятининг, туман (шаҳар) ҳокимлигининг, давлат солиқ хизмати, ички ишлар ҳудудий органларининг телефон рақамлари.


13. Савдо операциялари ўлчаш-тортиш воситаларидан (тарозилар, тарози тошлари, ўлчовли сиғимлар, метрлар ва бошқалардан) фойдаланган ҳолда амалга оширилиши керак бўлган турғун шохобчаларда метрологик қоидалар ва нормалар талабларига мувофиқ бўлган ўлчов анжомлари мавжуд бўлиши шарт.


14. Савдо комплекси ҳудудида махсус ажратилган жойларда:

умумий овқатланиш, сервис хизмати кўрсатиш объектлари;

ишлаб чиқарувчи корхоналарга (шартнома шартларида) истиқболли товарларни кўрсатиш, уларнинг тақдимотларини, реклама компанияларини ўтказиш имкониятини яратиш учун намойиш қилиш хонаси ёки стенд;

савдо комплексида фаолият кўрсатувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳар кунлик тушумини қабул қилиш учун банкларнинг филиаллари ёки кассалари, шунингдек инкассация пунктлари жойлаштирилади.


15. Савдо комплексида санитария кунлари савдо комплекси маъмурияти томонидан тасдиқланган жадвалга мувофиқ белгиланади.


16. Савдо комплекси ҳудудида товарларни ташишни ташкил этиш харидорларнинг савдо комплексида эркин юришига тўсқинлик қилмаслиги ва товарларни ташиб келтириш (қабул қилиб олиш), сақлаш ва сотиш учун зарур шароитларни тўлиқ таъминлаши керак.


17. Савдо комплекслари ҳудудидаги турғун савдо шаҳобчаларида савдони амалга оширишда фискал хотирали назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал кассаларни ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини қўллаш тартиби мажбурий ҳисобланади.

Аҳоли билан пулли ҳисоб-китобларни амалга оширувчи хўжалик юритувчи субъектлар томонидан қўлланиладиган назорат-касса машиналари, виртуал кассалар ягона техник талабларга мувофиқ бўлиши ва белгиланган тартибда мажбурий сертификатланиши керак.

Сертификатга эга бўлмаган ёки белгиланган ягона техник талабларга жавоб бермайдиган назорат-касса машиналаридан ёки виртуал кассалардан фойдаланган ҳолда чек бериш айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади.

18. Мижозларнинг савдо комплекси ҳудудига кириши - бепул.



IV. САВДО КОМПЛЕКСИНИ БОШҚАРИШ.

СОТУВЧИЛАРНИНГ ВА САВДО КОМПЛЕКСИ

МАЪМУРИЯТИНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19. Савдо комплексини бошқариш савдо комплекси маъмурияти томонидан амалга оширилади, унга ушбу Қоидаларга ҳамда савдо фаолиятини тартибга солувчи бошқа қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан жавобгарлик юкланади.


20. Ўз фаолиятини савдо комплексида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар (кейинги ўринларда савдо субъектлари деб аталади) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ушбу Қоидаларга мувофиқ савдо фаолиятини амалга ошириш;

савдо комплекси маъмуриятидан ушбу Қоидаларга мувофиқ ишлаш учун шарт-шароитлар билан таъминлашни талаб қилиш;

савдо комплекси маъмуриятидан савдо комплексининг иш тартиби ва режими бўйича зарур тушунтиришлар олиш;

савдо комплекси маъмурияти томонидан кўрсатиладиган пулли хизматлардан фойдаланиш;

ўзларининг фаолияти назорат органлари томонидан текширилган тақдирда савдо комплекси маъмурияти ходимларини таклиф этиш;

савдо комплекси маъмуриятига савдо комплекси фаолиятини яхшилаш бўйича таклифлар киритиш.


21. Савдо субъектлари қуйидагиларга мажбур:

тегишли пешлавҳа шаклида ўз ташкилотининг фирма номини (номи, рамзи ёки товар белгисини), якка тартибдаги тадбиркорнинг номини, жойлашган жойини (почта манзилини) ва иш режимини (ишнинг бошланиш ва тугаш вақтини, тушлик пайтини, дам олиш кунларини) истеъмолчига маълум қилиш;

савдо фаолиятини амалга оширишда турғун савдо шохобчаси ижараси тўғрисидаги шартномага ва ижара тўлови тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжатга, юридик шахс ёхуд якка тартибдаги тадбиркорнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномага, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳужжатларга эга бўлиши керак. Ушбу ҳужжатлар давлат солиқ хизмати органлари масъул ходимларининг биринчи талабига кўра кўрсатилади;

нақд тушумни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банкка инкассация қилиш (топшириш);

ижара тўловини ўз вақтида тўлаш;

фақат савдо комплекси маъмурияти томонидан белгиланган жойларда савдо қилиш;

савдо шохобчаларини тоза ва тартибли сақлаш;

ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя қилиш, техник ва ёнғин сигнализацияси воситалари (приборлари) мавжуд бўлишини таъминлаш;

савдо комплекси маъмурияти ва назорат органларининг қонуний талабларини бажариш;

ушбу Қоидалар нормаларига ва қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талабларга риоя этиш.

Турғун савдо шохобчасининг ижара ҳуқуқларини учинчи шахсга бериш тақиқланади.


22. Савдо комплекси маъмурияти қуйидаги ҳуқуқларга эга:

савдо комплексида савдо фаолиятини амалга ошириш ва хизматлар кўрсатиш учун юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил қилмаган якка тартибдаги тадбиркорларга шартнома асосида турғун савдо шохобчалари бериш. Турғун савдо шохобчаларининг ижара ҳуқуқи юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил қилмаган якка тартибдаги тадбиркорларга очиқ танлов савдолари ўтказиш натижалари бўйича берилади;

шартнома асосида қўшимча хизматлар кўрсатиш;

назорат органлари вакилларига улар савдо комплексларида ўз функцияларини амалга ошираётганда ҳамроҳлик қилиш;

ижарага олувчилар билан тузилган турғун савдо шохобчаларининг ижара шартномасини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бекор қилиш ва унга ўзгартиришлар киритиш.

Тарозилар ва бошқа ўлчов приборларини ижарага бериш, юк сақлаш жойларини ташкил этиш, сотувчилар ва харидорлар учун аравачаларни ижарага бериш бўйича хизматлар фақат савдо комплекси маъмурияти томонидан кўрсатилиши мумкин.


23. Савдо комплекси маъмурияти қуйидагиларга мажбур:

савдо субъектлари ва ўз ходимлари томонидан ушбу Қоидаларга ва белгиланган савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

савдо комплекси ишларини ва унинг фаолияти билан боғлиқ жараёнларни савдо фаолиятини амалга оширишни белгиловчи ва савдо комплекси жойлашган ҳудудда атроф-муҳитни муҳофаза қилишни, эпидемик ва экологик хавфсизликни таъминловчи қоидалар ва нормаларга қатъий мувофиқ равишда ташкил этиш;

савдо комплексининг нормал фаолият кўрсатиши учун жамоат тартибини сақлаш, қўриқлашни ташкил этиш, шу жумладан, унинг энергия, иссиқлик ва сув таъминоти юзасидан зарур шароитларни таъминлаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш;

буюмларни сақлаш жойлари ҳамда сотувчилар ва харидорларга аравачаларни прокатга бериш пунктлари ишлари учун масъулларни буйруқ билан тайинлаш;

буюмларни сақлаш жойлари, аравачалар берилганлиги учун тўловларни фискал хотирали назорат-касса машиналарини, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналарини ёки виртуал кассаларни ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларини мажбурий қўллаган ҳолда қабул қилиш;

савдо комплекси ва унга туташ ҳудудни, маъмурий-хўжалик биноларини, умумий равишда фойдаланиладиган жойларни зарур санитария-техник ҳолатда сақлаш;

ёндош ҳудудларнинг ўз вақтида йиғиштирилиши ва ободонлаштирилишини таъминлаш;

қаттиқ маиший чиқиндилар, йирик ҳажмли ахлатлар, турли хил идишлар ва шу кабиларнинг ташиб кетилишини таъминлаш.


24. Савдо комплекси маъмурияти қуйидагиларни таъминлайди:

харидорларга хизмат кўрсатишда юзага келадиган низоли вазиятларнинг сабабларини бартараф этиш чора-тадбирларини кўриш;

белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган мулоҳазалар ва таклифлар дафтари мавжуд бўлишини таъминлаш ҳамда уни харидорларнинг биринчи талабига кўра тақдим этиш;

банклар кассалари ва инкассация пунктлари ишлари учун энг қулай шарт-шароитлар яратиш, ўз фаолиятини савдо комплексида жойлашган турғун савдо шохобчалари орқали амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг нақд тушуми ҳар куни инкассация пунктларига (банклар кассаларига) инкассация қилинишига (топширилишига) кўмаклашиш.


25. Савдо комплекси маъмурияти назорат органлари вакилларига қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ўтказиладиган текширишларни амалга оширишда кўмаклашади, аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўради. Зарурат бўлганда, назорат органлари ходимларига текширишларни ўтказиш даври учун хоналар ажратади.


26. Савдо комплекси маъмурияти истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талаблари, белгиланган савдо қоидалари бажарилиши юзасидан қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.

Савдо комплекси маъмурияти раҳбарияти ушбу Қоидалар нормаларига риоя қилинмаганлиги ва уларга риоя этилиши бўйича савдо комплекси маъмурияти ходимлари томонидан зарур назоратнинг йўқлиги юзасидан жавоб беради.

Савдо комплекси маъмурияти раҳбарлари ижара тўловлари ҳамда кўрсатиладиган хизматлар учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилиши таъминланганлиги, шунингдек турғун савдо шохобчаларининг жисмоний шахсларга улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномасиз берилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



V. САВДО КОМПЛЕКСИНИНГ ИШ РЕЖИМИ


27. Савдо комплексининг иш режими савдо комплекси маъмурияти томонидан белгиланади. Савдо комплекси ҳудудида алоҳида савдо объектларининг иш вақти савдо комплексининг умумий иш режими билан тартибга солинади.


28. Режали санитария-техник ишларни бажариш учун савдо комплекси ёпилганда савдо комплекси маъмурияти олдиндан, мазкур ишларни бажаришдан олдин етти иш кунидан кечикмай савдо субъектларини, аҳолини ва маҳаллий давлат ҳокимияти органини савдо комплексининг ёпилиши сабаблари ва даври тўғрисида хабардор қилади.


29. Савдо комплекси ишлаган вақтда алоҳида савдо объектини ёпиш зарур бўлган тақдирда савдо субъекти харидорлар учун объектнинг ёпилиши даври тўғрисидаги эълонни осиб қўйиши, объект иш вақтининг 1 соатидан кўпроқ вақтга ёпилган тақдирда эса, харидорлар учун эълондан ташқари - бу ҳақда савдо комплекси маъмуриятини ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.


30. Авария ва фавқулодда вазиятларда шошилинч тадбирларни бажариш учун савдо комплекси ёпилган тақдирда бу ҳақдаги ахборот сотувчилар, харидорлар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига дарҳол етказилади.



VI. САВДО КОМПЛЕКСИ ДАРОМАДЛАРИНИНГ МАНБАЛАРИ,

ИЖАРА ТЎЛОВИНИ ВА КЎРСАТИЛАЁТГАН ХИЗМАТЛАР

УЧУН ТЎЛОВНИ УНДИРИШНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


31. Қуйидагилар савдо комплекслари даромадларининг манбалари ҳисобланади:

ижара тўловидан олинган даромадлар;

сотувчилар ва харидорларга хизматлар кўрсатишдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа тушумлар.


32. Савдо комплекси даромадларини тақсимлаш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


33. Савдо ва хизматлар соҳаси объектлари, бинолар ва иншоотлар фақат қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга шартнома асосида ижарага берилади.


34. Ижара тўловини тўлаш савдо комплекси маъмурияти билан ижарага олувчи ўртасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тузиладиган ижара шартномаси асосида амалга оширилади.

Ижара тўлови ижарага олувчи томонидан ҳар ойда ҳисобот ойининг 25-кунигача савдо комплексининг банкдаги ҳисоб-китоб рақамига тўланади.


35. Савдо комплекси маъмурияти ижара тўловини ҳамда кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни ундиришнинг барча сотувчилар учун қулай шарт-шароитлари яратилиши учун жавоб беради.

Савдо комплекси маъмурияти қуйидагиларни ташкил этишга мажбур:

савдо комплекси ҳудудида савдони амалга ошириш шарт-шароитлари бўйича давлат тилида ижара тўлови миқдорлари ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати кўрсатилган плакатларни, тушунтириш жадвалларини кўринарли жойга жойлаштириш;

тегишли тарзда, шу жумладан, фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари билан жиҳозланган кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни ундиришнинг турғун пунктлари;

ижара тўловини ундиришнинг асосий шартларини, сотувчи ва харидорларга кўрсатиладиган хизматлар рўйхати ва қийматини радиоузел орқали мунтазам равишда маълум қилиб бориш;

савдони амалга ошириш, ижара тўловини тўлаш тартибини бузувчи шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарлик чораларини қўллаш зарур бўлганда, давлат солиқ хизмати органлари ва ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш органлари билан тезкор алоқа ўрнатиш.


36. Савдо комплексларида ижара тўловини ва кўрсатиладиган хизматлар учун тўловни қабул қилиш фискал хотирали назорат-касса машиналари, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалар ва банк пластик карточкаларидан тўловларни қабул қилиш бўйича тўлов терминаллари мажбурий қўлланиб, шунингдек ижарага олувчи томонидан пул маблағларини савдо комплексининг банкдаги ҳисоб-китоб рақамига ўтказиш ёки банк тизими орқали автоматлаштирилган ҳисобга олиш йўли орқали нақд пул билан, йиғимнинг тўлиқлигини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан ҳар куни текширган ҳолда амалга оширилади.

37. Устав фондида давлат улуши камида 51 фоизни ташкил этадиган савдо комплексларида ижара тўлови миқдори ва кўрсатиладиган хизматлар қиймати ҳар йили ҳудудий молия органлари ва давлат солиқ хизмати ҳудудий органлари билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан тасдиқланади.

38. Савдо комплексларига солиқ солиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Бунда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши камида 51 фоизни ташкил қиладиган савдо комплексларига бозорлар учун белгиланган солиқ солиш тартиби татбиқ этилади.



VII. САВДО КОМПЛЕКСЛАРИ ИШЛАРИНИ

НАЗОРАТ ҚИЛИШ


39. Савдо комплекси, унга туташган автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари фаолиятини, шунингдек савдо комплекси ҳудудида фаолият кўрсатувчи тадбиркорлик субъектлари фаолиятини, улар томонидан ушбу Қоидалар нормаларига, солиқ тўғрисидаги қонунларга, савдо фаолиятини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилишини назорат қилиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда, давлат солиқ хизмати органлари томонидан амалга оширилади.


40. Давлат солиқ хизмати органлари томонидан ўтказиладиган текширишларга истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоат ташкилотлари, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари, шунингдек бошқа назорат органлари мутахассислари жалб этилиши мумкин.


41. Мазкур Қоидаларнинг бузилишига йўл қўйган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



VIII. САВДО КОМПЛЕКСЛАРИДА ТОВАРЛАРНИ

СОТИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


42. Қуйидагилар савдо комплексларида сотиладиган товарларнинг асосий турлари ҳисобланади:

якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган товарлар;

халқ ижодкорлиги, халқ ҳунармандчилиги корхоналари товарлари;

маҳаллий корхоналарда ишлаб чиқарилган товарлар;

белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркорлар ёки юридик шахслар томонидан олиб келинган импорт товарлар.


43. Савдо комплексларида товарларни чакана сотиш юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан, фискал хотирали назорат-касса машиналаридан, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда эса онлайн назорат-касса машиналари ёки виртуал кассалардан ва тўловларни банк пластик карточкаларидан қабул қилиш бўйича тўлов терминалларидан мажбурий фойдаланган ҳолда, турғун савдо шохобчалари орқали амалга оширилади.

Товарларни сотиш бўйича фаолиятнинг лицензияланиши талаб этиладиган товарлар савдоси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


44. Юридик шахс ташкил этмаган якка тартибдаги тадбиркорлар савдо комплексларида чакана савдони фақат:

бевосита ўзлари олиб келган импорт товарлар;

ўзлари тайёрлаган (сотиш тақиқланмаган) товарлар;

ушбу товарларни ишлаб чиқарган бошқа якка тартибдаги тадбиркорлардан сотиб олинган товарлар;

юридик шахслар - маҳаллий товар ишлаб чиқарувчиларнинг товарлари билан - улар сотиб олинганлигининг қонунийлигини тасдиқлайдиган барча ҳужжатлар мавжуд бўлганда амалга ошириш ҳуқуқига эга.


46. Ўзи тайёрлаган товарларни чакана сотувчи якка тартибдаги тадбиркорлар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан берилган ва давлат солиқ хизмати органлари томонидан тасдиқланган ишлаб чиқариш шароитлари мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлишлари шарт.


47. Бошқа якка тартибдаги тадбиркорлардан - ушбу товарларни ишлаб чиқарувчилардан сотиб олинган товарларни чакана сотувчи якка тартибдаги тадбиркорлар олинган товарлар учун ҳақ тўланганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатга, якка тартибдаги тадбиркорлар - ишлаб чиқарувчилар билан тузилган сотиладиган товарларнинг олди-сотди шартномасига эга бўлишлари шарт. Шартномада мажбурий тартибда қуйидаги реквизитлар кўрсатилган бўлиши керак:

якка тартибдаги тадбиркорларнинг - сотувчи ва харидорнинг фамилиялари, исмлари ва отасининг исмлари;

якка тартибдаги тадбиркорларнинг - сотувчи ва харидор паспортларининг сериялари, тартиб рақамлари ва берилган саналари;

якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳномаларнинг тартиб рақамлари ва берилган саналари ҳамда гувоҳномани берган давлат ҳокимияти органининг номи;

солиқ тўловчининг идентификация рақами (СТИР) ва рўйхатдан ўтказиш жойи бўйича давлат солиқ инспекцияси;

банк реквизитлари.


48. Савдо комплексида қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб қилинадиган ҳужжатларни расмийлаштирмасдан ёхуд уларнинг амал қилиши тўхтатиб турилган ёки чақириб олинган даврда савдо фаолиятини ошириш фаолиятни лицензиясиз амалга ошириш деб қаралади ва бу ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарлик чоралари кўрилади.



IX. САВДО КОМПЛЕКСИ ФАОЛИЯТИНИ

ТЎХТАТИБ ТУРИШ ЁКИ ТЎХТАТИШ


49. Савдо комплекси (чакана савдо ва хизматлар кўрсатишнинг турғун объекти) фаолияти қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тўхтатиб турилиши ёки тўхтатилиши мумкин.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 35-сон, 403-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами", 2012 йил, 8-сон, 61-модда



























Время: 0.1537
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск