ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Фуқаролик ва оила қонунчилиги / Мулк ҳуқуқи. Бошқа ашёвий ҳуқуқлар / Мулк ҳуқуқини ва бошқа ашёвий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш /

Ўзбекистон Республикасининг 24.09.2012 й. ЎРҚ-336-сон "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 19.07.2012 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 30.08.2012 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

24.09.2012 й.

N ЎРҚ-336



ХУСУСИЙ МУЛКНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

ВА МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ

КАФОЛАТЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 19 июлда қабул қилинган

Сенат томонидан 2012 йил 30 августда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Хусусий мулк ҳуқуқи

Хусусий мулк ҳуқуқи шахснинг қонунчиликка мувофиқ қўлга киритган мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқидир.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкнинг миқдори ва қиймати чекланмайди.

Хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Давлат хусусий мулкнинг бут сақланишини таъминлаш ва унинг кўпайтирилиши учун барча зарур шароитларни яратади.

Мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина ўз мол-мулкидан маҳрум этилиши мумкин.

3-модда. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар

ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги

қонунчилик

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш

Мулкдор ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳишига кўра ҳамда ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мулкдор ўз мол-мулкига нисбатан қонунга зид бўлмаган ҳар қандай ҳаракатларни бажаришга ҳақли. У ўз мол-мулкидан хўжалик фаолиятини ва қонунда тақиқланмаган бошқа фаолиятни амалга ошириш учун фойдаланиши, уни бошқа шахсларга эгалик қилиш ва (ёки) фойдаланиш учун текинга ёхуд ҳақ эвазига бериши мумкин. Мол-мулкдан фойдаланиш фуқароларнинг, юридик шахслар ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, атроф-муҳитга зарар етказмаслиги керак.

Барча мулкдорларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда тенг шароитлар таъминланади.

Интеллектуал мулк объектларига бўлган мутлақ ҳуқуқларнинг эгалари ва тижорат сирининг эгалари ушбу Қонун ҳамда бошқа қонунлар билан белгиланган ҳуқуқлар ва кафолатлардан фойдаланади.


5-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг муддатсизлиги

Хусусий мулк ҳуқуқи муддатсиздир. Мулкдорга мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш муддати белгиланишига йўл қўйилмайди.



6-модда. Бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланиши

Давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлайди.

Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонунчиликка мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши керак.


7-модда. Мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги

Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонунчиликдаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади.


2-БОБ. ХУСУСИЙ МУЛКНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

8-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш усуллари

Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш қуйидаги йўллар билан амалга оширилади:

хусусий мулк ҳуқуқини тан олиш;

хусусий мулк ҳуқуқи бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва хусусий мулк ҳукуқини бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш;

битимни ҳақиқий эмас деб топиш ва унинг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллаш;

давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш;

хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши;

бурчни аслича (натура) бажаришга мажбур қилиш;

зарарнинг ўрнини қоплаш;

неустойка ундириш;

маънавий зиённи қоплаш;

хусусий мулк ҳуқуқи муносабатларини тартибга солишда қонунчилик барқарорлигини таъминлаш;

давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунга зид бўлган ҳужжатининг суд томонидан қўлланилмаслиги;

мол-мулкнинг айрим турларига бўлган хусусий мулк ҳуқуқининг вужудга келганлигини, ўзгарганлигини ва бекор қилинганлигини давлат рўйхатидан ўтказиш.

Хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш қонунга мувофиқ бошқа усуллар билан ҳам амалга оширилиши мумкин.


9-модда. Давлат органининг ва бошқа органнинг ёки

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг

ҳужжатини ҳақиқий эмас деб топиш

Давлат органининг ва бошқа органнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органининг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ва хусусий мулк ҳуқуқини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


10-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини

мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши

Хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилишига йўл қўйилади.

Хусусий мулк ҳуқуқини мулкдорнинг ўзи ҳимоя қилиши усуллари ҳуқуқ бузилишига мутаносиб бўлиши ва ҳуқуқ бузилишининг олдини олиш учун зарур ҳаракатлар доирасидан чиқиб кетмаслиги керак.


11-модда. Мулкдорлар ҳуқуқларини

ҳимоя қилишда тенг ҳуқуқлилик

Мулкдорларга хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун давлат томонидан тенг шароитлар таъминланади.


12-модда. Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишга давлат

органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини

ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг

қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмаслиги

Хусусий мулк ҳуқуқини амалга оширишга давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари ва улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф равишда аралашувига йўл қўйилмайди.



13-модда. Хусусий мулкка тажовуз

қилишга йўл қўйилмаслиги

Хусусий мулкка тажовуз қилишга йўл қўйилмайди.

Қонунга хилоф равишда хусусий мулк ҳуқуқини чеклашга ва (ёки) ундан маҳрум қилишга бевосита ёки билвосита қаратилган ҳаракатларга йўл қўйилмайди.

Номақбуллиги олдиндан маълум бўлган шартларни мулкдорга мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан, ундан мол-мулкни, молиявий маблағларни ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз равишда талаб қилиш тақиқланади.

Мулкдорнинг хўжалик фаолиятига пировард натижада унинг мол-мулки тортиб олинишига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган ёхуд мулкдорни ўз мулкига бўлган ҳуқуқидан воз кечишга мажбур қиладиган қонунга хилоф равишдаги аралашув тақиқланади.

Хусусий мулкка тажовуз қилиш қонунга биноан таъқиб қилинади.


14-модда. Давлат органлари ва бошқа органлар

ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари

томонидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ёки улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан, давлат органи ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни давлат ва бошқа орган ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан қопланиши керак. Давлат органлари ва бошқа органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари мансабдор шахсларининг айби билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан шу мансабдор шахслар зиммасига юкланиши мумкин.


15-модда. Давлат органларининг ва бошқа органларнинг,

фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари,

улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)

устидан шикоят қилиш

Мулкдор давлат органлари ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг хусусий мулк ҳуқуқининг амалга оширилиши билан боғлиқ қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, ўз хоҳишига кўра, бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят бериш бундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.

Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг амалга оширилиши билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида давлат органларининг ва бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан судга мурожаат этганида давлат божи тўлашдан озод қилинади.


3-БОБ. МУЛКДОРЛАР ҲУҚУҚЛАРИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

16-модда. Ундирувни мол-мулкка қаратиш йўли билан

мол-мулк олиб қўйилаётганда мулкдор ҳуқуқларининг

кафолатлари

Мулкдорнинг мажбуриятлари бўйича ундирув мол-мулкка қаратилган тақдирда, унинг олиб қўйилишига фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.


17-модда. Мулкдорнинг мол-мулки национализация,

мусодара ва реквизиция қилинаётганда унинг

ҳуқуқлари кафолатлари

Хусусий мулк бўлган мол-мулк национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий мулк бўлган мол-мулкни, шу жумладан, ер участкасини национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мулкдорга унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўла қопланиши шарти билангина амалга оширилади.

Мулкдор хусусий мулк бўлган мол-мулкини национализация, мусодара ва реквизиция қилиш тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.


18-модда. Қонунга мувофиқ ўзига тегишли бўлолмайдиган

мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи бекор қилинганда

мулкдор ҳуқуқларининг кафолатлари

Агар қонунга асосан шахсга тегишли бўлолмайдиган мол-мулк унинг мулки бўлиб қолса, ушбу мол-мулкка нисбатан мулк ҳукуқи суд тартибида бекор қилиниб, олиб қўйилган мол-мулкнинг қиймати шахсга тўланади.


19-модда. Мулк ҳуқуқи мулкдорнинг мол-мулкини

бевосита олиб қўйишга қаратилмаган ҳолда бекор

қилинганда унинг ҳуқуқлари кафолатлари

Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки дов-дарахтлар жойлашган ер участкасини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига фақат қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади. Бунда етказилган зарарнинг ўрни эгалик қилувчига тўлиқ қопланиши керак.

Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини бевосита олиб қўйишга қаратилмаган қарори, шу жумладан, ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилиниши мулкдорнинг розилиги билан қонунда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори фақат адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда қабул қилинади. Тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимлиги ва ер участкасининг ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларининг ҳуқуқ эгаси ўртасида тузиладиган, ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан бериладиган компенсациянинг миқдори, тури ва уни бериш муддати назарда тутиладиган келишув мажбурий равишда нотариал тартибда тасдиқланиши лозим.

Кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисида қарор қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган тақдирда эса суд қарорида белгиланган жисмоний ва юридик шахсларнинг зарарлари, шу жумладан бой берилган фойдаси ва қонунчиликда назарда тутилган бошқа харажатлари қопланганидан сўнг йўл қўйилади.

Ер участкасини олиб қўйиш ва уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлаш тўғрисидаги қарор аҳоли пунктларининг бош режаларига, шунингдек турар жой даҳалари ҳамда кичик даҳаларини батафсил режалаштириш ва қуриш лойиҳаларига мувофиқ қабул қилинади.

Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди.

Давлат органлари уйнинг, бошқа иморатларнинг, иншоотларнинг ёки дов-дарахтларнинг мулкдорини қабул қилинган қарор тўғрисида бузиб ташлаш бошланишидан камида олти ой олдин, билдиришномага тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари қарорининг кўчирма нусхасини илова қилган ҳолда ёзма равишда (имзо қўйдириб) хабардор қилиши шарт.

Олиб қўйилаётган ер участкаларидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни баҳолаш баҳоловчи ташкилотлар томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Бунда хусусий мулк ҳуқуқи бекор қилинаётганда олиб қўйилаётган мол-мулкнинг қиймати ана шу мол-мулк бевосита олиб қўйилишидан олдинги пайтдаги ёки олиб қўйилиши ҳақидаги хабар мол-мулкнинг қийматига таъсир кўрсатган пайтдаги ҳолатга кўра баҳоловчи ташкилот томонидан белгиланади.

Ер участкаси олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорга бузиб ташланаётган мол-мулкнинг ўрнини қоплаш, бузиб ташланаётган уйнинг мулкдорига турар жой бериш, фуқарога олиб қўйилган ер участкасига бўлган ҳуқуқнинг бозор қийматини бериш, ер участкаси ва бошқа мол-мулк олиб қўйилиши муносабати билан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тартиби ва шартлари қонунчиликда белгиланади.

Мулкдор хусусий мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига олиб келадиган қарорга рози бўлмаган тақдирда, бу қарор суд томонидан низо ҳал этилгунига қадар амалга оширилиши мумкин эмас. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш масалалари ҳам низони кўриб чиқишда ҳал этилади.



20-модда. Мол-мулкни бошқа шахснинг қонунга

хилоф эгалигидан талаб қилиб олиш

Мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунга хилоф эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли. Мазкур ҳуқуқни амалга оширишда давлат органлари мулкдорга кўмаклашиши шарт.


21-модда. Мулкдорнинг ҳуқуқларини эгалик

қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган

ҳуқуқбузарликлардан ҳимоя қилиш

Мулкдор ўз ҳуқуқларининг ҳар қандай бузилиши, гарчи бу бузилишлар эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаса ҳам, бартараф этилишини талаб қилиши мумкин. Мазкур ҳуқуқни амалга оширишда давлат органлари мулкдорга кўмаклашиши шарт.


22-модда. Хусусий мулк ҳуқуқининг қонунга

мувофиқ бекор бўлиши оқибатлари

Хусусий мулк ҳуқуқини бекор қиладиган қонун қабул қилинган тақдирда, ушбу қонунни қабул қилиш натижасида мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан, мол-мулкнинг бозор қиймати давлат томонидан тўла ҳажмда қопланади. Зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар суд томонидан ҳал этилади.


23-модда. Хусусий мулк муносабатларини тартибга солувчи

қонунчилик ҳужжати

қабул қилингандаги кафолатлар

Хусусий мулк муносабатларини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжати мулкдорнинг ҳуқуқий ҳолатини ёмонлаштирган ёки мулкдорга қўшимча мажбуриятлар юклаган тақдирда, орқага қайтиш кучига эга эмас.


24-модда. Мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш

ва хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб

чиқилишига ҳамда бекор қилинишига

йўл қўйилмаслиги

Давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш ҳамда хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулк дахлсиздир. Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижалари қайта кўриб чиқилмайди ҳамда бекор қилинмайди.

Қуйидаги кўчар ва кўчмас мол-мулк давлат тасарруфидан чиқарилган ҳамда хусусийлаштирилган корхоналарнинг мол-мулки деб эътироф этилади (қонунга мувофиқ давлат тасарруфидан чиқарилмайдиган ва хусусийлаштирилмайдиган объектлар бундан мустасно):

давлат тасарруфидан чиқаришни ва хусусийлаштирилган корхоналарда давлат мол-мулкини хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида аниқланмаган кўчар ва кўчмас мол-мулк;

корхона ҳудудида жойлашган, давлат тасарруфидан чиқаришни ва хусусийлаштиришни амалга ошириш пайтида тасарруф этиш ҳуқуқисиз фойдаланишга берилган кўчар ва кўчмас мол-мулк.

Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини, шу жумладан объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш, ҳақиқий эмас деб топиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, шу жумладан назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш тақиқланади.



25-модда. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида

чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган

шахсларнинг мулк ҳуқуқи кафолатлари

Чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ёки халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари билан тенг равишда мулк ҳуқуқидан фойдаланади.


4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

26-модда. Низоларни ҳал этиш

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари соҳасида юзага келган низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


27-модда. Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар

ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


28-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



29-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                                      И. Каримов



"Халқ сўзи", 2012 йил 25 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 39-сон, 446-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2012 йил, 9/2-сон, 245-модда

















































Время: 0.1563
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск