ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ҳудуд / Умумий қоидалар /

Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.10.2012 й. 295-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 16 октябрдаги

295-сон қарорига

1-ИЛОВА



Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш

масалалари бўйича республика комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссияси (кейинги ўринларда Республика комиссияси деб аталади) географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалаларини кўриб чиқувчи, шунингдек "Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилишини назорат қилувчи махсус орган ҳисобланади.


2. Республика комиссияси ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.

Республика комиссиясининг таркиби манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда ходимларидан, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан, шунингдек, фан ва маданият арбобларидан, экспертлардан, ҳудуд тарихини биладиган тажрибали мутахассислардан (ўлкашунослардан) ҳамда тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахслардан шакллантирилади.

Республика комиссияси аъзоларининг шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.



II. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


3. Қуйидагилар Республика комиссиясининг асосий вазифалари ҳисобланади:

географик объектларнинг Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий қадриятлари ва мероси билан боғлиқ номлари асралишини таъминлаш, уларнинг асоссиз қайта номланишининг олдини олиш;

географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ҳамда менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;

географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно қилиш.


4. Республика комиссияси ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:

вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, табиий объектлар, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларини номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганишни ташкил этади ҳамда тегишли хулосалар беради, уларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига жўнатади;

вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, табиий объектлар, транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларини номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифлар давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди;

топонимик ва бошқа тадқиқотлар ўтказиш, картографик, архивга оид, тарихий ва бошқа материалларни атрофлича ўрганиш, географик объектларнинг номларини мақбуллаштириш ишларини мувофиқлаштиради;

географик объектларни асоссиз қайта номлашнинг, уларга Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар берилишининг олдини олиш, ушбу соҳада маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш жараёнининг холисона ҳамда ошкора бўлишини таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) томонидан географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларининг бажарилиши юзасидан назоратни амалга оширади;

географик объектларнинг номларидан фойдаланиш ва уларни асраш юзасидан назоратни амалга оширади;

"Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини самарали амалга оширишга қаратилган бошқа функцияларни амалга оширади.



III. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


5. Республика комиссияси ўзига юкланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

зарур бўлганда, давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлардан географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун зарур бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

илмий ёндашув ва холисликни таъминлаш мақсадида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар мутахассисларини, етакчи олимларни, фан ва маданият арбобларини, шунингдек, тажрибали тарихчи, этнограф, географ, тилшунос-топонимист, ўлкашуносларни фаол жалб этиш;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳудудий комиссиялар раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш;

ҳудудий комиссиялар қарорларининг қабул қилиниши ва ижро этилиши тизимли мониторингини амалга ошириш ҳамда уларга аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар киритиш.


6. Республика комиссияси ўзига юкланган вазифалар ва функциялар самарали бажарилиши учун жавоб беради.

Республика комиссияси ўз фаолияти тўғрисида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.



IV. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


7. Республика комиссиясига унинг раиси ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири бошчилик қилади.


8. Республика комиссиясининг раиси:

Республика комиссияси фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

Республика комиссияси аъзоларининг вазифаларини белгилайди ва уларга юкланган вазифаларни бажариш ишларини мувофиқлаштиради;

Республика комиссиясининг иш режаларини, кўриб чиқиш учун тушган ҳужжатларни кўриб чиқиш жадвалларини тасдиқлайди;

Республика комиссияси мажлисларининг кун тартибини ва чақирилишини белгилайди;

Республика комиссияси томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади;

Республика комиссиясининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни амалга оширади.


9. Республика комиссиясининг аъзолари:

Республика комиссияси мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда, тегишли қарорлар қабул қилиш ва ижросини таъминлашда иштирок этадилар;

Республика комиссиясига географик объектларни номлаш ва қайта номлашнинг долзарб масалалари бўйича таклифлар киритадилар;

Республика комиссияси муҳокама қиладиган масалалар бўйича хулосалар тақдим этадилар.

Республика комиссияси аъзолари Республика комиссиясидаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


10. Республика комиссиясининг котиби:

Республика комиссиясининг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

кун тартибидаги масалалар бўйича Республика комиссиясининг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

мажлисларнинг ўтказиладиган вақти ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар таркибини Республика комиссиясининг раиси билан келишади;

Республика комиссиясининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

Республика комиссияси қарорларининг бажарилиши мониторингини юритади ва унинг натижаларини Республика комиссиясига кўриб чиқиш учун тақдим этади;

Республика комиссиясининг баёнларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баёнларни Республика комиссиясининг аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга жўнатади.

10-1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги Республика комиссиясининг ишчи органи (кейинги ўринларда - Ишчи орган) ҳисобланади.

10-2. Ишчи орган:

Республика комиссиясининг мажлислари учун таҳлилий материаллар тайёрлайди ва кун тартибидаги масалалар бўйича бошқа зарур маълумотларни ўз вақтида тақдим этади;

географик объектларни, жумладан, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар, табиий объектлар, транспорт ҳамда муҳандислик-техник инфратузилма объектларини номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни ҳар томонлама ўрганади, қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда давлат экспертиза хулосаларини Республика комиссиясига киритади;

географик объектларни асоссиз қайта номлаш, уларга Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар бериш, қонунга зид номлаш ва қайта номлаш ҳолатларини таҳлил қилади ва натижалари бўйича Республика комиссиясига маълумот киритади;

ҳудудий комиссиялар томонидан географик объектларнинг номлари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларининг бажарилишини ўрганади ва натижаси бўйича Республика комиссиясига ахборот беради;

Ўзбекистон халқининг тарихи, маданияти, қадриятлари ва мероси билан боғлиқ бўлган географик объектларнинг номлари йўқ бўлиб кетиши, асоссиз қайта номланиши ҳолатлари юзасидан Республика комиссиясига таклифлар киритади.

Ишчи орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11. Республика комиссияси ўз фаолиятини тасдиқланган режа асосида амалга оширади ва мажлисларни заруратга қараб ўтказади. Республика комиссиясининг раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.

12. Республика комиссиясининг мажлисини унинг раиси олиб боради. Республика комиссиясининг раиси бўлмаган тақдирда мажлисни Республика комиссияси аъзоларидан бири бошқаради.

Республика комиссиясининг мажлиси ўз аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда қонуний ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум йиғилмаган тақдирда, Республика комиссиясининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади. Янги мажлисни ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


13. Республика комиссиясининг мажлисига кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига қараб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари таклиф этилиши мумкин.



V. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИ ТОМОНИДАН

ҚАРОРЛАР ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Республика комиссиясининг қарори Республика комиссиясининг мажлисда қатнашаётган аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, Республика комиссияси раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Республика комиссиясининг узил-кесил қарорини қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан ўтказиладиган давлат экспертизасининг хулосаси инобатга олинади.

Республика комиссиясининг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


15. Республика комиссиясининг раиси тегишли масала юзасидан тезкор қарор қабул қилиш зарурати туғилганда, комиссия аъзолари фикрини сўров ўтказиш йўли билан аниқлаши мумкин.

16. Республика комиссиясининг қарорлари мажлис баёни шаклида расмийлаштирилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

17. Республика комиссияси баёнининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар Вазирлар Маҳкамасида сақланади.

18. Республика комиссияси қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мунтазам равишда ўз мажлисларида кўриб чиқади.


19. Республика комиссиясининг иш тартиби Регламент билан белгиланади. Регламент Республика комиссияси томонидан қабул қилинади.


20. Республика комиссиясига тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.



VI. РЕСПУБЛИКА КОМИССИЯСИНИНГ АТРИБУТЛАРИ


21. Республика комиссияси белгиланган намунадаги, ўз номи ёзилган бланкларга эга бўлади ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг муҳридан фойдаланади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 41-42-сон, 483-модда





























Время: 0.2066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск