Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Банклар ва бошқа кредит ташкилотлари /

Ўзбекистон Республикасининг 17.12.2012 й. ЎРҚ-339-сон "Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонуни (Қонунчилик палатаси томонидан 08.11.2012 й. қабул қилинган, Сенат томонидан 05.12.2012 й. маъқулланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

17.12.2012 й.

N ЎРҚ-339



ХУСУСИЙ БАНК ВА МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИ

ҲАМДА УЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Қонунчилик палатаси томонидан 2012 йил 8 ноябрда қабул қилинган

Сенат томонидан 2012 йил 5 декабрда маъқулланган


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтлари (бундан буён матнда хусусий банк ва молия институтлари деб юритилади) ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари хусусий банк ва молия институтларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашдан, банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратишдан, банк хизматлари ва бошқа молиявий хизматлар бозорида рақобатни кенгайтиришдан ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишдан иборатдир.



2-модда. Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар

фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги

қонунчилик

Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Хусусий банк ва молия институтлари

Хусусий банк ва молия институтлари устав фондида (устав капиталида) муассислар (иштирокчилар) бўлган жисмоний шахсларнинг улуши камида эллик фоизни ташкил этиши лозим бўлган банклар ва бошқа кредит ташкилотлари, суғурта ташкилотлари, шунингдек фақат молиявий хизматлар кўрсатувчи ўзга юридик шахслардир.

Хусусий банк ва молия институтлари тадбиркорлик субъектларидир.

Қуйидагилар хусусий банк ва молия институтларининг муассислари (иштирокчилари) бўлиши мумкин эмас:

устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган юридик шахслар;

давлат органлари, шунингдек сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва диний ташкилотлар.

Давлат органларининг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларида ҳақ тўланадиган лавозимни эгаллаши мумкин эмас.



4-модда. Хусусий банк ва молия институтлари

фаолиятининг мулкий асоси

Хусусий банк ва молия институтлари фаолияти уларнинг ўз мол-мулки ва (ёки) қонунчиликда белгиланган тартибда жалб этилган мол-мулк асосида амалга оширилиши мумкин.

Хусусий банк ва молия институтларининг ўз фаолиятини амалга оширишига асос ҳамда восита бўлган мол-мулк, шу жумладан, мулкий ҳуқуқлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг белгиланиши, ўзгартирилиши ва (ёки) бекор қилиниши билан боғлиқ олди-сотди, гаров, ижара ҳамда бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин.


5-модда. Хусусий банк ва молия институтлари

фаолиятини ташкил қилиш

Хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини ташкил қилиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Қонунчиликка мувофиқ банк, суғурта, лизинг хизматлари ёки бошқа молиявий хизматлар кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини тартибга солиш ва назорат қилиш вазифалари зиммасига юклатилган давлат органлари хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини тартибга солиш ҳамда назорат қилиш бўйича махсус ваколатли давлат органларидир.

Махсус ваколатли давлат органлари қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда фаолиятнинг тегишли соҳасида хусусий банк ва молия институтлари раҳбарларига нисбатан малака талабларини белгилаши, шунингдек хусусий банк ва молия институтлари бажариши учун мажбурий бўлган иқтисодий нормативларни ва жалб этилган маблағлар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестицияларнинг энг кўп миқдорларини белгилаши мумкин.

Хусусий банк ва молия институтлари фаолиятини тартибга солиш ҳамда назорат қилиш тартиби қонунчиликда белгиланади.


6-модда. Хусусий банк ва молия институтлари

фаолиятига солиқ солиш

Хусусий банк ва молия институтлари фаолиятига солиқ солиш солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади ҳамда улар учун солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар назарда тутилиши мумкин.


2-БОБ. ХУСУСИЙ БАНК ВА МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚ ҲАМДА МАЖБУРИЯТЛАРИ

7-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг ҳуқуқлари

Хусусий банк ва молия институтлари:

мустақил равишда ўз фаолиятини амалга оширишга ҳамда банк хизматлари ва молиявий хизматлар кўрсатишга;

банк хизматлари ва молиявий хизматлар бозорида ривожланиш стратегиясини ҳамда иштирок этиш дастурларини танлашга;

ўз фаолиятидан чекланмаган миқдорда даромад (фойда) олишга ва уни таъсис ҳужжатларига мувофиқ ўз хоҳишига кўра тасарруф этишга;

белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишга ҳақли.

Хусусий банк ва молия институтлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


8-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

мажбуриятлари

Хусусий банк ва молия институтлари:

ўзлари тузган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариши;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаши;

меҳнат шартномаси (контракт) бўйича ишлаётган шахсларнинг меҳнат ҳақини қонунчиликда Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлмаган миқдорда белгилаши, улар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиши, шунингдек иш берувчи сифатида ўз фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиши;

меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда хавфсизлик техникаси соҳасидаги қонунчилик ва норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши;

рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этиши;

жойлашган ери (почта манзили) ва бошқа реквизитлари ўзгарганлиги ҳақида қонунчиликка мувофиқ тегишли давлат органларини ўз вақтида хабардор қилиши;

бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини қонунчиликка мувофиқ юритиш талабларига риоя этиши;

ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тегишли давлат органларига белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этиши шарт.

Хусусий банк ва молия институтлари зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


9-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

бирлашмалари

Хусусий банк ва молия институтлари фаолиятини мувофиқлаштириш, ўз ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ уюшмаларга (иттифоқларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашиши мумкин.


3-БОБ. ХУСУСИЙ БАНК ВА МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

10-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган

манфаатларининг кафолатлари

Давлат хусусий банк ва молия институтларига тенг ҳуқуқларни кафолатлайди ҳамда моддий-техника, молиявий, меҳнат, ахборот ресурсларидан ва бошқа ресурслардан фойдаланиш учун тенг имкониятлар яратади.

Давлат хусусий банк ва молия институтларининг тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинишини кафолатлайди.

Хусусий банк ва молия институтларига нисбатан камситишларга йўл қўйилмайди.



11-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

мулк ҳуқуқи кафолатлари

Хусусий банк ва молия институтлари, шунингдек улар муассисларининг (иштирокчиларининг) мулк ҳуқуқи дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.


12-модда. Хусусий банк ва молия институтлари

мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция

қилинмаслигининг кафолатлари

Хусусий банк ва молия институтларининг мол-мулки национализация, мусодара ва реквизиция қилинмайди, қонунда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Хусусий банк ва молия институтларининг мулки бўлган мол-мулкни, шу жумладан, ер участкасини улар национализация ва реквизиция қилинган ҳолларда олиб қўйиш, агар қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, хусусий банк ва молия институтларига унинг бозор қиймати, шунингдек бундай олиб қўйиш муносабати билан хусусий банк ва молия институтларига етказилган зарар тўлиқ қопланиши шарти билангина амалга оширилади.

Хусусий банк ва молия институтлари ўз мулкидаги мол-мулкнинг национализация, мусодара ҳамда реквизиция қилиниши тўғрисидаги қарор устидан суд тартибида шикоят қилишга ҳақли.


13-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

фаолиятига аралашмаслик кафолатлари

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларининг қонунчиликка мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Агар давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятида қонунчилик бузилганлигини аниқласа, улар ўз ваколатлари доирасида ва аниқ қоидабузарликни бартараф этиш билан тўғридан-тўғри боғлиқ чора-тадбирларни кўриши мумкин. Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан хусусий банк ва молия институтларининг бошқа қонуний фаолиятига аралашиш ёки бундай фаолиятни чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас.

Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда улар мансабдор шахсларининг хусусий банк ва молия институтлари фаолиятига, шу жумладан, мазкур институтлар ҳамда улар филиалларининг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиши, хусусий банк ва молия институтларининг маблағлари ҳисобидан турли тўловлар ҳамда бадаллар талаб қилиши тақиқланади. Ҳукуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг хусусий банк ва молия институтларининг тадбиркорлик таваккалчиликларини, шу жумладан, кредит портфели ҳамда активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга доир фаолиятига аралашиши тақиқланади.


14-модда. Кўрсатиладиган молиявий хизматлар учун ҳақ

тўлаш миқдорини мустақил белгилаш кафолатлари

Молиявий хизматлар кўрсатганлик учун ҳақ тўлаш миодори хусусий банк ва молия институтлари томонидан мустақил белгиланади, қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.


15-модда. Даромадни (фойдани) тасарруф

этиш эркинлиги кафолатлари

Хусусий банк ва молия институтлари барча харажатларнинг, шу жумладан, таъсис ҳужжатларида белгиланган харажатларнинг ўрни қопланганидан, шунингдек солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қолган даромадни (фойдани) ўз хоҳишига кўра тасарруф этади, суд тартибидаги мажбурий ундирув ҳоллари бундан мустасно.


16-модда. Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари

Давлат органлари ва бошқа органлар, уларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларига мазкур хусусий банк ва молия институтларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор қонунчилик ҳужжатлари, ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиш имкониятини таъминлаши шарт. Ахборотдан фойдаланиш қонунчилик ҳужжатларини; ҳужжатларни, қарорларни ва бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали давлат органлари ва бошқа органларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш ва тарқатиш йўли билан таъминланади.


4-БОБ. ХУСУСИЙ БАНК ВА МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ

17-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш

Хусусий банк ва молия институтлари ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотларга, агар бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, раддия берилишини суд тартибида талаб қилишга ҳақли.

Агар хусусий банк ва молия институтларининг ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, бу маълумотларга раддия айни шу оммавий ахборот воситаларида берилиши лозим. Агар ташкилотдан олинган ҳужжатда шундай маълумотлар бўлса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.

Хусусий банк ва молия институтлари ўз ишчанлик обрўсига путур етказадиган маълумотлар тарқатилганда, бундай маълумотларга раддия берилиши билан бир қаторда уларнинг тарқатилиши оқибатида етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зарар компенсация қилинишини талаб этишга ҳақли.


18-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

ошкор этилмаган ахборотини муҳофаза қилиш

Хусусий банк ва молия институтларининг тижорат сири бўлган, учинчи шахсларга маълум бўлмаган ахбороти (ошкор этилмаган ахборот) учинчи шахсларга маълум бўлмаганлиги сабабли ҳақиқий ёки потенциал тижорат қийматига эга бўлган, ундан қонуний асосда эркин фойдаланиш мумкин бўлмаган ҳамда ахборот эгаси унинг маҳфийлигини сақлашга доир чоралар кўрган тақдирда, муҳофаза қилинади.

Ошкор этилмаган ахборотни ундан қонунга хилоф равишда фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқи ушбу ахборотга нисбатан бирон-бир расмиятчиликни бажаришдан (уни давлат рўйхатидан ўтказишдан, гувоҳномалар олишдан ва ҳоказодан) қатъи назар, вужудга келади.

Ошкор этилмаган ахборотни муҳофаза қилиш қоидалари қонунга мувофиқ хизмат ёки тижорат сири бўла олмайдиган маълумотларга (юридик шахслар, мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар ҳамда унинг хусусида тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказилиши керак бўлган битимлар ҳақидаги маълумотларга, давлат статистика ҳисоботи тариқасида тақдим этилиши керак бўлган маълумотларга ва бошқаларга) нисбатан татбиқ этилмайди.

Ошкор этилмаган ахборотни қонуний асосларсиз олган ёки тарқатган ёхуд ундан фойдаланаётган шахс ахборотдан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун бу ахборотнинг қонуний эгасига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаши шарт.

Ошкор этилмаган ахборот мазмунини ташкил этувчи маълумотларни мустақил равишда ва қонуний тарзда олган шахс, тегишли ошкор этилмаган ахборот эгасининг ҳуқуқларидан қатъи назар, бу маълумотлардан фойдаланишга ҳақли ва бундай фойдаланганлик учун унинг олдида жавоб бермайди.


19-модда. Хусусий банк ва молия институтларига

етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

Хусусий банк ва молия институтларига етказилган зарарнинг ўрни, шу жумладан, бой берилган фойда бу зарарни етказган шахс томонидан тўла ҳажмда қопланиши керак. Зарар етказувчи бўлмаган шахс зиммасига қонунга биноан зарарнинг ўрнини қоплаш мажбурияти юклатилиши мумкин.

Давлат органлари ва бошқа органларнинг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги), шу жумладан, давлат органи ва бошқа органнинг қонунчиликка мувофиқ бўлмаган ҳужжат қабул қилиши натижасида хусусий банк ва молия институтларига етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан ва бошқа орган томонидан суднинг қарори асосида қопланиши керак. Давлат органлари ва бошқа органларнинг мансабдор шахслари айби билан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш суд қарори билан мазкур мансабдор шахслар зиммасига юклатилиши мумкин.

Хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини қонунга хилоф равишда текширувлардан ўтказиш, шунингдек давлат органлари ва бошқа органлар ходимларининг, шу жумладан, улар томонидан текширишлар ўтказишга жалб қилинган шахсларнинг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) натижасида хусусий банк ва молия институтларига етказилган зарарнинг ўрни, бой берилган фойдани ҳисобга олган ҳолда, зарар етказган давлат органлари ёки бошқа органлар томонидан тўла ҳажмда қопланиши керак.

Хусусий банк ва молия институтларига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаган давлат органлари ва бошқа органлар мазкур органлар ходимларининг, шунингдек ушбу органлар томонидан текширишлар ўтказишга жалб қилинган шахсларнинг айби билан хусусий банк ва молия институтларига етказилган зарар бўйича уларга нисбатан регресс талаб қўйиш ҳуқуқига эга.



20-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

фаолиятини текширишларни чеклаш

Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширишлар қонунчиликка мувофиқ назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши мумкин.

Хусусий банк ва молия институтларининг молия-хўжалик фаолияти солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар молия йили мобайнида мунтазам равишда тўланмаган тақдирда, режали текширишлардан ўтказилиши мумкин.

Хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширишлар ўттиз календарь кундан, молия-хўжалик фаолиятига боғлиқ бўлмаган режали текширишлар эса ўн календарь кундан ошмаслиги ҳамда хусусий банк ва молия институтларининг тўлақонли фаолият юритишига ҳалақит қилмаслиги лозим.

Назорат қилувчи орган режали текширув ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин хусусий банк ва молия институтларини, текширувдан ўтказиш муддатлари ва текширув предметини кўрсатган ҳолда, ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

Қўзғатилган жиноят ишининг мавжудлиги прокуратура, ички ишлар ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати органлари томонидан хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширувлардан ўтказиш учун асос бўлади. Бунда хусусий банк ва молия институтларининг қўзғатилган жиноят иши билан боғлиқ фаолиятигина текширув билан қамраб олиниши мумкин, бу ҳақда текширув тайинланганлиги тўғрисидаги қарорда кўрсатилиши керак.

Хусусий банк ва молия институтлари текширув ўтказиш учун асосларга эга бўлмаган шахсларнинг текширув ўтказишига йўл қўймаслик, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг ваколатига кирмайдиган масалалар бўйича уларнинг талабларини бажармаслик ҳамда уларни текширув предметига тааллуқли бўлмаган материаллар билан таништирмаслик ҳуқуқига эга.

Хусусий банк ва молия институтлари фаолиятини текширишлар натижалари далолатнома (маълумотнома) билан расмийлаштирилиб, текшириш тугаган куни унинг бир нусхаси текширилаётган хусусий банк ва молия институтида қолдирилади.

Хусусий банк ва молия институтлари фаолияти текширувлардан ўтказилаётганда қонунчилик нормаларининг қўлланилишида юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган келишмовчиликлар ва ноаниқликлар хусусий банк ва молия институтлари фойдасига талқин қилинади.

Хусусий банк ва молия институтлари фаолиятини тартибга солувчи ва назорат қилувчи махсус ваколатли давлат органлари томонидан хусусий банк ва молия институтлари фаолиятини текширишлар қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг раҳбарлари, ходимлари, шунингдек текширишлар ўтказишга жалб қилинадиган шахслар хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширишларни қонунга хилоф равишда амалга оширганлик учун, шу жумладан, қонунга хилоф қарорлар, ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) учун қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.


21-модда. Хусусий банк ва молия институтларининг

фаолиятини текширишларни амалга оширадиган

мансабдор шахсларга қўйиладиган талаблар

Хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширишлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади.

Назорат қилувчи органлар мансабдор шахсларининг хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширишга киришишига мазкур шахсларда назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланган текширувлар ўтказиш режасидан кўчирма ёки қисқа муддатли текширув ўтказиш тўғрисида ушбу орган томонидан қабул қилинган қарорнинг кўчирма нусхаси, шунингдек назорат қилувчи органнинг текшириш мақсадлари, текширувчи мансабдор шахслар таркиби ва текширув ўтказиш муддатлари кўрсатилган буйруғининг кўчирма нусхаси, текширувчи мансабдор шахсларнинг текширувлар ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳномаси ҳамда шахсини тасдиқловчи гувоҳномаси бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширувдан ўтказаётганда текширишларни рўйхатдан ўтказиш китобига қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли ёзув киритади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг мансабдор шахслари хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текшираётганда хусусий банк ва молия институтларининг тижорат сири, хизмат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлари, шунингдек ошкор этилмаган ахбороти сир сақланишини таъминлаши шарт.


22-модда. Давлат органлари ва бошқа органларнинг

қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари

(ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Хусусий банк ва молия институтлари давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг хусусий банк ва молия институтлари фаолияти билан боғлиқ қонунга хилоф қарорлари, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан ўз хоҳишига кўра бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга шикоят берилганлиги шундай шикоятни судга бериш ҳуқуқини истисно этмайди.

Хусусий банк ва молия институтлари давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида судга мурожаат қилганида, давлат божи тўлашдан озод этилади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР

23-модда. Низоларни ҳал этиш

Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари соҳасидаги низолар қонунчиликда назарда тутилган тартибда ҳал этилади.


24-модда. Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда

улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги

қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


25-модда.

Қонунчиликни

ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.



26-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                               И. Каримов



“Халқ сўзи”, 2012 йил 18 декабрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 51-сон, 573-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2012 йил, 12-сон, 330-модда















Время: 0.1385
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск