ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 30.08.2002 й. 402-II-сон "Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

30.08.2002 й.

N 402-II



ҚОН ВА УНИНГ ТАРКИБИЙ ҚИСМЛАРИ

ДОНОРЛИГИ ТЎҒРИСИДА


1-модда. Ушбу қонуннинг мақсади


Ушбу Қонуннинг мақсади қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.



2-модда. Асосий тушунчалар


Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

донор - ўз қони ва унинг таркибий қисмларидан бир қисмини тиббиёт эҳтиёжлари учун ихтиёрий равишда берувчи жисмоний шахс;

донор қони банки - қон билан ишлаш хизмати томонидан вужудга келтириладиган ва янгилаб бориладиган, узоқ муддат сақлашга мўлжалланган донор қони таркибий қисмларининг захиралари;

донор қони препаратлари - донор қони таркибий қисмларини қайта ишлашда олинган даволаш воситалари;

донор қони таркибий қисмлари - қоннинг қон плазмаси ва ҳужайралари шаклидаги таркибий қисмлари.



3-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги

тўғрисидаги қонунчилик

Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


4-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари

донорлигининг асосий принциплари


Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигининг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг ихтиёрийлиги;

қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг инсон учун безарарлиги;

донор қони ва унинг таркибий қисмларини ишлатиш хавфсизлиги.


5-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини

топширишнинг ихтиёрийлиги


Қон ва унинг таркибий қисмларини тиббиёт эҳтиёжлари учун топшириш донор томонидан ихтиёрийлик асосида амалга оширилади.

Шахсни қон ва унинг таркибий қисмларини топширишга бирон-бир тарзда мажбурлашга йўл қўйилмайди.



6-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг

инсон учун безарарлилигини таъминлаш


Қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг инсон учун безарарлилиги қон билан ишлаш хизмати томонидан донор бўлишга розилик билдирган шахсни тиббий кўрикдан ўтказиш, қон ва унинг таркибий қисмларини олишда тиббиёт ходимларининг санитария-гигиена нормалари ва қоидаларига риоя этиши, шунингдек қон ва унинг таркибий қисмларини топширишнинг даврийлиги ва ҳажмига риоя этилиши орқали таъминланади.



7-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини

ишлатиш хавфсизлигини таъминлаш


Донор қони ва унинг таркибий қисмларини ишлатиш хавфсизлигини таъминлаш соғлиқни сақлаш тизими даволаш-профилактика муассасаларининг тиббиёт ходимлари томонидан амалга оширилади. Тиббиёт ходимлари донор қони ва унинг таркибий қисмлари сифати ҳамда хавфсизлигини кафолатловчи белгиланган стандартларга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширишлари шарт.



8-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини

топшириш шартлари


Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш бепул ва пулли асосда амалга оширилиши мумкин.

Донор қонининг таркибий қисмларини кейинчалик, зарурат бўлганда, донорнинг ўзига ишлатилишини кўзлаб топшириш (аутодонорлик) қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


9-модда. Тиббий кўрикдан ўтказиш


Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш ёши ўн саккизга тўлган шахслар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейингина амалга оширилади.

Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш олдидан шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳамда уларнинг саломатлиги тўғрисида ҳужжат бериш бепул амалга оширилади.



10-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини

тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ва ишлатиш


Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлашни қон билан ишлаш хизмати амалга оширади.

Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ишлатиш соғлиқни сақлаш тизимининг даволаш-профилактика муассасаларида амалга оширилади.

Донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш ҳамда ишлатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


11-модда. Донор қони ва унинг таркибий

қисмларига бўлган эҳтиёжлар


Донор қони ва унинг таркибий қисмларига, шунингдек донор қони препаратларига бўлган эҳтиёжлар, донор қони банкини вужудга келтириш ва янгилаб бориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


12-модда. Қон билан ишлаш хизмати


Қон билан ишлаш хизмати донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплашга, тайёрлашга, қайта ишлашга ва сақлашга ихтисослаштирилган тиббиёт ташкилотлари ҳамда донор қони ва унинг таркибий қисмларидан фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фармацевтика ташкилотлари мажмуидан иборатдир.

Қон билан ишлаш хизмати фаолиятини мувофиқлаштириб бориш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда амалга оширилади.


13-модда. Қон билан ишлаш хизмати ваколатлари


Қон билан ишлаш хизмати қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этишни қуйидаги йўллар билан амалга оширади:

донор қони ва унинг таркибий қисмларини тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш, сақлаш;

аҳолини қон ва унинг таркибий қисмларини ихтиёрий равишда топширишга жалб этиш;

донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ишлатиш хавфсизлиги шароитларини таъминлаш;

донор қони ва унинг таркибий қисмлари, шунингдек донор қони препаратларининг ташилишини ташкил этиш;

донор қони банкини вужудга келтириш ва янгилаб бориш.

Қон билан ишлаш хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


14-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги

соҳасидаги ваколатлари


Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида:

қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонунчилик ижро этилишини таъминлайдилар;

ўз ҳудудларида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этадилар;

қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга маҳаллий бюджетдан маблағлар ажратадилар.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасида қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга оширишлари мумкин.


15-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг

қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги

соҳасидаги мажбуриятлари


Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар маъмурияти, ҳарбий қисм командирлари (бошлиқлари):

шахсларни донорлар сафига жалб қилишда қон билан ишлаш хизматига кўмаклашадилар;

тиббий кўрикдан ўтадиган куни ва қон топширадиган куни донорни унинг мурожаатига биноан иш, хизмат ёки ўқиш жойидан соғлиқни сақлаш муассасаларига боришига монеликсиз рухсат берадилар, донорнинг шу кунлари иш ёки хизмат жойида бўлмаслиги одамлар ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдиришига, давлат мудофааси, хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлаш билан боғлиқ вазифалар бажарилмаслигига ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган ҳоллар бундан мустасно;

қон топшириш ташкил этилиши учун зарур бўлган биноларни бериб турадилар;

донорга қонунчиликда белгиланган кафолатларни берадилар ҳамда рағбатлантириш чораларини қўллайдилар.


16-модда. Нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг

ўзини ўзи бошқариш органларининг қон ва унинг таркибий

қисмлари донорлигини ривожлантиришдаги иштироки


Ўзбекистон Қизил Ярим ой жамияти, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари аҳолини қон ва унинг таркибий қисмлари бепул донорлигига жалб қилишда, донорларга турли шаклдаги рағбатлантиришлар белгилашда, оммавий ахборот воситалари орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини ташкил этишда ҳамда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантиришга доир бошқа тадбирларда иштирок этишлари мумкин.

Аҳолини қон ва унинг таркибий қисмлари бепул донорлигига жалб этиш мақсадида қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш жамоат фондлари ташкил этилиши мумкин, бундай фондларни ташкил этиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


17-модда. Донорнинг ҳуқуқлари


Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш чоғида донор қонунчиликда белгиланган тартибда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

соғлиғи сақланиши кафолатининг тиббиёт ходимлари томонидан таъминланиши;

соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;

бепул овқат билан таъминланиш.

Донор қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


18-модда. Донор бўлишга розилик билдирган

шахснинг мажбуриятлари


Донор бўлишга розилик билдирган шахс тиббий кўрикдан ўтиш пайтида ўзи билган илгариги ва ҳозирги касалликлари тўғрисидаги маълумотларни маълум қилиши шарт.



19-модда. Қон ва унинг таркибий қисмларини

топшириш тартиби

Қон топшириш даврийлиги бир марталик қон олиш беш юз миллилитрдан, шунингдек лаборатория текширувлари учун қирқ миллилитрдан ортиқ бўлмаган нормада йилига беш маротабадан ошмаслиги керак.

Қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


20-модда. Донорга бериладиган кафолатлар

ва компенсациялар


Қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни донор ана шу кунлар учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда ишдан озод қилинади.

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг ўқувчилари, олий ўқув юртларининг талабалари, таълим олувчиларнинг бошқа тоифалари қон ва унинг таркибий қисмларини топширадиган куни, шунингдек тиббий кўрикдан ўтадиган куни машғулотлардан, ҳарбий хизматчилар эса нарядларни бажаришдан, хизматни ўташнинг вахта ва бошқа шаклларидан озод қилинадилар.

Донорга ҳар сафар қон ва унинг таркибий қисмларини топширган куннинг бевосита эртасига дам олиш учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бир кун берилади. Донорнинг хоҳишига кўра мазкур дам олиш куни ҳар йилги меҳнат таътилига қўшиб берилиши мумкин.



21-модда. Донорни рағбатлантириш

Қон ва унинг таркибий қисмларини мунтазам равишда ҳамда бепул топширувчи донор "Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" ("Почетный донор Республики Узбекистан") кўкрак нишони билан тақдирланади ва базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида бирйўла бериладиган пул мукофоти олади.

"Ўзбекистон Республикаси фахрий донори" ("Почетный донор Республики Узбекистан") кўкрак нишони тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Донор қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда ҳам рағбатлантирилиши мумкин.


22-модда. Қон билан ишлаш хизмати тиббиёт

ходимларини ижтимоий ҳимоялаш


Қон билан ишлаш хизматининг қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш, уларни тўплаш, тайёрлаш, қайта ишлаш ва сақлаш жараёнида қон билан алоқада бўлувчи тиббиёт ходимларига қонунчиликка мувофиқ имтиёзлар берилади.


23-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини,

шунингдек донор қони препаратларини олиб

кириш ва олиб чиқиш


Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан ташқарига олиб чиқиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


24-модда. Донор қони ва унинг таркибий қисмларини,

шунингдек донор қони препаратларини ташиш


Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ташиш тегишли транспорт турларида айрим тоифадаги махсус юкларни ташиш бўйича белгиланган талабларга риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Донор қони ва унинг таркибий қисмларини, шунингдек донор қони препаратларини ташиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


25-модда. Фавқулодда вазиятларда қон ва унинг

таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш


Ўзбекистон Республикаси ҳудудида табиий офатлар, авариялар ва фалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар рўй берган ҳолларда ва бошқа фавқулодда вазиятларда қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ташкил этиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


26-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини

ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш


Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлигини ривожлантириш тадбирларини молиялаштириш Давлат бюджети маблағлари ва қонунчиликда ман этилмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


27-модда. Низоларни ҳал этиш


Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.


28-модда. Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги

тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик

учун жавобгарлик

Қон ва унинг таркибий қисмлари донорлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                     И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2002 йил, 17-18-сон, 128-модда


"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси", 2002 йил, 9-сон, 162-модда










































Время: 0.1495
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск