язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Агротехник, ирригация ва мелиорация ишлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11.10.2012 й. ПҚ-1828-сон "2013 йил ҳосили учун шудгорлаш ишларини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

11.10.2012 й.

N ПҚ-1828



2013 ЙИЛ ҲОСИЛИ УЧУН ШУДГОРЛАШ

ИШЛАРИНИ ЎТКАЗИШНИНГ ТАШКИЛИЙ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



2013 йил ҳосили учун шудгорлаш ишларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини таъминлаш юзасидан зарур ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзагромашсервис" уюшмасининг 2013 йил ҳосили учун шудгорлаш ҳажми ва муддатлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишилган таклифлари иловага* мувофиқ қабул қилинсин.


2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар ва туманларнинг ҳокимлари, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги ҳамда "Ўзагромашсервис" уюшмасининг раҳбарлари зиммасига қуйидагилар юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин:

техника таъмирланишини ниҳоясига етказиш, машина-трактор парклари ва фермер ҳўжаликларининг буюртманомалари бўйича ҳайдов агрегатлари учун эҳтиёт қисмларни тайёрлаш ва етказиб бериш ҳамда 2012 йилнинг 25 октябридан кечиктирмай барча жойларда шудгорлашни бошлаш;

тасдиқланган агротехнология нормаларидан келиб чиқиб шудгорлашнинг зарур чуқурлиги ва бир текислигига, минерал ва органик ўғитлар солинишига алоҳида эътиборни қаратган ҳолда, шудгорлаш сифатини таъминлаш.


3. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Ички ишлар вазирлиги шудгорлаш ишларининг мазкур Қарорга мувофиқ ҳажм ва муддатларда олиб борилиши устидан назорат ўрнатсин. Ҳисоботни бузиб кўрсатиш ва бошқа қоидабузарлик фактлари аниқланган ҳолларда айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида назарда тутилган қатъий жавобгарлик чоралари кўрилсин.


4. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзагромашсервис" уюшмаси билан биргаликда қуйидагиларни таъминласин:

уч кун муддатда шудгорлашнинг бориши ва сифатини назорат қилувчи ҳудудий комиссиялар тузиш ва уларга шудгорлаш ишларини олиб боришда ҳар бир туман бўйича хўжаликлар ва машина-трактор паркларининг алоҳида ўрнак кўрсатган ходимларига биринчи, иккинчи ва учинчи ўринлар учун рағбатлантирувчи мукофотлар жорий этиш ҳуқуқини бериш;

бир ҳафта муддатда, ер ресурсларидан янада самарали фойдаланишни ҳисобга олган ҳолда, туманлар ва хўжаликлар бўйича шудгорлашни ўтказиш жадвалларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

техника ва устахоналарнинг икки сменада тўлақонли ишлашини ташкил қилиш, шудгорлаш ишларида қатнашаётган механизатор ҳамда операторларга маиший ва зарур шарт-шароитларнинг бутун комплексини яратиш;

шудгорлаш ишларини ўтказиш учун ҳайдов тракторлари ва кўчма таъмирлаш устахоналарини жалб этиш бўйича минтақаларда жойлашган саноат, қурилиш корхоналари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан белгиланган тартибда шартнома тузиш;

хўжаликлар ва машина-трактор парклари буюртманомаларига асосан эҳтиёт қисмларни етказиб бериш, шунингдек кўчма таъмирлаш устахоналарининг узлуксиз ишлашини таъминлаш.


5. "Ўзкимёсаноат" давлат-акциядорлик компанияси белгиланган тартибда тузилган шартномаларга мувофиқ шудгорлаш даврида минерал ўғитлар солинишини таъминлайдиган муддатларда республиканинг барча минтақаларига ўғитлар бир маромда етказиб берилишини таъминласин.


6. "Ўзнефтмаҳсулот" акциядорлик компанияси ёнилғи-мойлаш материалларининг зарур захирасини яратсин ҳамда уларни шудгорлашда иштирок этувчи қишлоқ хўжалик корхоналари, машина-трактор парклари ва бошқа ташкилотларга белгиланган тартибда узлуксиз етказиб берилишини ташкил қилсин.


7. Мазкур Қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                    И. Каримов



*) Илова берилмайди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарининг Ахборотномаси”, 2012 й., 10-сон, 279-модда.