ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Жиноий ишлари бўйича / Процессуал характердаги ишлар бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 13.12.2012 й. 17-сон "Жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

13.12.2012 й.

N 17


ЖИНОЯТ ИШЛАРИ БЎЙИЧА

АШЁВИЙ ДАЛИЛЛАРГА ОИД

ҚОНУНЧИЛИКНИ ҚЎЛЛАШНИНГ

АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Суд амалиётида жиноят ишлари бўйича ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллаш билан боғлиқ масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан ҳамда судлар томонидан йўл қўйилаётган хатоларни бартараф этиш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига асосланиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Суриштирув, дастлабки тергов органлари ва судларнинг эътибори ҳар бир жиноят иши бўйича ашёвий далилларга оид жиноят-процессуал қонуни нормаларига қатъий риоя этилиши зарурлигига қаратилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 203 ва 211-моддалари мазмунига кўра, жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун аҳамиятли ҳолатларни аниқлашга хизмат қилиши мумкин бўлган ҳамда физикавий аломатлар ёки белгиларга эга ҳар қандай нарса ашёвий далил деб эътироф этилади.

Ашёвий далил сифатида, жумладан, қуйидагилар эътироф этилади:

а) жиноят қуроли - ашёвий далил деб эътироф этилган, жиноятга тайёргарлик кўриш ёки жиноят содир этиш учун махсус мўлжалланган, тайёрланган ёки мослаштирилган нарсалар (масалан, одам ўлдириш қуроллари, қимматликларни талон-торож қилиш ёки эгаллашда восита бўлган нарсалар, ўқотар қурол, браконьерлик қуроллари - қопқонлар, тўрлар, сохта ҳужжат ва ҳ.к.), шунингдек жиноий мақсадга эришиш учун жиноят содир этиш жараёнида бевосита фойдаланилган мол-мулк (масалан, транспорт воситалари);

б) ўзида жиноят изларини сақлаб қолган нарсалар (масалан, қон излари мавжуд ёки жиноят содир этилиши жараёнида шикастланган кийим, нарсалар, шу жумладан, ўқ отилиши ёки портлаш натижасида шикастланган нарсалар, бармоқ, қўл, оёқ, пойабзал, транспорт, бузиш қуролларининг излари ва ҳ.к.);

в) жиноий ҳаракатлар объекти бўлган нарсалар (масалан, олиб қочилган автомобиль, талон-торож қилинган пуллар, қимматли қоғозлар, қурол, гиёҳвандлик воситалари, бошқа моддий қимматликлар, буюмлар ва ҳ.к.);

г) жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин жиноий йўл билан топилган маблағлар эвазига топилган мол-мулк, пуллар ва бошқа қимматликлар (масалан, ўғирланган пулларга сотиб олинган қимматбаҳо буюмлар, жиноий фаолият натижасида, жумладан, қонунга хилоф равишда тадбиркорлик билан шуғулланишдан топилган нақд пуллар, нодир металлар ва тошлардан иборат хом ашё ва буюмлар, бошқа қимматликлар).


3. Шуни назарда тутиш лозимки, ашёвий далилларни олиш усуллари қонунда қатъий белгиланган. ЖПК 205-моддасига кўра, ашёвий далиллар суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд томонидан (ҳодиса содир бўлган ёки бошқа жойларни, биноларни кўздан кечириш, таниб олиш учун кўрсатиш, гувоҳлантириш, мурдани эксгумация қилиш, эксперт текшируви учун намуналар олиш, кўрсатувни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, олиб қўйиш, тинтув ёки эксперимент ўтказиш пайтида) олиниши ёинки суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки судга ЖПК 198 - 202-моддаларида назарда тутилган тартибда ҳимоячи ёхуд бошқа шахслар (фуқаролар, корхона, муассаса, ташкилотлар мансабдор шахслари) томонидан тақдим этилиши мумкин.

4. Судларга тушунтирилсинки, суриштирув, тергов ҳаракатларини юритиш пайтида топилган, олинган ёки бошқа шахслардан қабул қилинган нарсалар фақат қуйидаги процессуал ҳаракатлар амалга оширилганидан кейин ашёвий далил маъносини касб этади:

иш учун аҳамиятли бўлган нарсани топиш, олиш ёки қабул қилиш факти расмийлаштирилганидан (баённома тузилганидан ёки суд баённомасида акс эттирилганидан);

нарсанинг ишга дахлдорлиги тўғрисида хулосага келиш ва уни индивидуаллаштириш учун зарур белгиларни аниқлаш мақсадида уни ЖПК 135 - 137, 139 ва 140-моддаларида назарда тутилган қоидаларга биноан дарҳол кўздан кечирилганидан;

нарсани ашёвий далил деб эътироф этиш тўғрисида қарор (ажрим) чиқарилганидан ва у ашёвий далил сифатида ишга қўшиб қўйилганидан.

Суриштирув ёки дастлабки тергов органлари томонидан белгиланган тартибда олиб қўйилган ҳамда иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун аҳамиятли бўлган, бироқ ашёвий далил деб топилмаган нарсалар суд томонидан ЖПК 207-моддасига мувофиқ ашёвий далил деб эътироф этилиши ва жиноят ишига қўшиб қўйилиши керак.

5. Ашёвий далилларнинг жиноят ишини тўғри ҳал этиш учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини инобатга олиб, суриштирув, дастлабки тергов органлари, прокурор, суд ашёвий далилларнинг йўқотилиши, шикастланиши, бузилиши, бир-бирига қўшилиб ёки аралашиб кетишининг олдини олиш юзасидан ЖПК 208, 209-моддаларида назарда тутилган чораларни кўришга мажбурдирлар.

Бунда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2009 йил 15 июлда 200-сон Қарори билан тасдиқланган "Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида"ги низом ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2010 йил 29 декабрда 2174-сон билан рўйхатга олинган "Суриштирув, дастлабки тергов ва суд муҳокамаси давомида ашёвий далиллар, моддий қимматликлар ва бошқа мол-мулкни олиб қўйиш (қабул қилиш), ҳисобга олиш, сақлаш, бериш, сотиш, қайтариш, йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида"ги йўриқномага ҳам қатъий риоя этилиши лозим.


6. Ашёвий далиллар ҳукм қонуний кучга киргунга қадар ёки жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги ажрим ёки қарор устидан шикоят бериш муддати ўтгунга қадар сақланади. Шу билан бирга, ЖПК 210-моддаси биринчи қисми талабига кўра, суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд зарур процессуал ҳаракатлар амалга оширилгандан сўнг айрим ашёвий далилларни, жумладан, тез бузилувчи нарсалар, кундалик рўзғорда зарур бўладиган нарсалар, уй ҳайвонлари, паррандалар ва боқиш лозим бўлган бошқа ҳайвонларни тегишлилиги бўйича дарҳол қайтариб бериш тўғрисида қарор қабул қилиши шарт (мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно).


7. Судларнинг эътибори ашёвий далилларни синчковлик билан текшириш иш бўйича ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш учун ўта муҳим аҳамиятга эга эканлигига қаратилсин.

Ашёвий далиллар суд мажлисида иш бўйича бошқа далиллар билан бир қаторда кўздан кечириш йўли билан текширилиши лозим. Ашёвий далиллар процесс иштирокчиларига кўрсатилганда, улар ашёвий далилларни текшириш билан боғлиқ у ёки бу ҳолатларга суднинг эътиборини жалб этишлари мумкин. Ашёвий далилларни кўздан кечириш бўйича суд амалга оширган барча ҳаракатлар суд мажлиси баённомасида акс эттирилиши керак.


8. Ашёвий далиллар иш бўйича бошқа далиллар билан биргаликда, энг аввало, уларни олиш ҳолатлари ва текшириш натижалари қайд этилган ҳужжатлар билан бирга баҳоланиши лозим. Масалан, ўғирланган буюм уни айбланувчидан ёки бошқа шахсдан олиб қўйиш қайд этилган баённома, буюмнинг жабрланувчига тегишлилигини тасдиқлаган шахсларни сўроқ қилиш баённомаси ёхуд мазкур буюм жабрланувчи томонидан таниб олинганлиги тўғрисидаги баённома билан биргаликда далил ҳисобланади. Шу каби, бармоқ ёки оёқ кийими изи фақат уни текшириш натижалари қайд этилган эксперт хулосаси билан биргаликда далил кучига эга ва ҳ.к.

Ашёвий далилларни баҳолашда судлар ЖПК 95-моддасида назарда тутилган талабларга, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2018 йил 24 августдаги "Далиллар мақбуллигига оид жиноят процессуал қонуни нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида"ги қарорида баён этилган тушунтиришларга риоя этишлари лозим.

9. Жиноят-процессуал кодекси 211-моддасига мувофиқ, жиноят ишини юритиш тамом бўлганда (ишни тугатиш ёки иш бўйича ҳукм чиқаришда) суриштирувчи, терговчи, прокурор, суд ашёвий далил сифатида ишга қўшиб қўйилган нарсалар ва ҳужжатларнинг тақдирини белгилаши шарт.

Қонунга кўра, ашёвий далилларга оид масала қуйидаги қоидаларга риоя этилган ҳолда ҳал этилади:

жиноят қуроллари - гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлганда мусодара қилиниши керак ва улар тегишли муассасаларга топширилади ёки йўқ қилиб юборилади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулк қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек меросхўрларига қайтариб берилади. Гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган мол-мулкнинг қонуний эгалари, мулкдорлари ёки уларнинг ҳуқуқий ворислари, худди шунингдек меросхўрлари аниқланмаган тақдирда, ушбу мол-мулк давлат даромадига ўтказилади;

муомаладан чиқарилган ашёлар (масалан, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, қурол, портловчи ёки психотроп моддалар) тегишли муассасаларга берилиши лозим ёки йўқ қилиб юборилади;

ҳеч қандай қимматга эга бўлмаган ашёлар йўқ қилиб юборилади, манфаатдор шахслар ёки муассасалар илтимос қилган ҳолларда эса, уларга берилиши мумкин;

жиноят ёки бошқа ғайриҳуқуқий ҳаракатлар содир қилиниши натижасида қонуний эгаси ва мулкдоридан маҳрум бўлиб қолган пуллар ёки бошқа қимматликлар қонуний эгаларига, мулкдорларига ёки уларнинг ҳуқуқий ворисларига, шунингдек меросхўрларига қайтариб берилиши лозим;

жиноий ҳаракатлар содир этилгандан кейин жиноят йўли билан топилган маблағлар ҳисобидан орттирилган пуллар ва бошқа қимматликлар суднинг ҳукмига биноан жиноят натижасида етказилган мулкий зарарни қоплашга ўтказилади, мулкий зарар мавжуд бўлмаган ёки тўлиқ қопланган ҳолларда, давлат фойдасига ўтказилади;

ахборот сақлаш воситалари (телефон аппаратлари, хотира карталари ва ҳ.к.), улардаги қонун билан тақиқланмаган маълумотлардан нусха кўчирилиб, мазкур маълумотлар эгаси ёки унинг вакилига берилгандан кейин йўқ қилиниши лозим;

ашёвий далил деб эътироф этилган ҳужжатлар, аудио-, видеоёзувлар ишни сақлаш буткул муддати давомида асраб турилади ёки манфаатдор шахсларга ёхуд муассасаларга берилади.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов юритилиши даврида олиб қўйилган ёки хатланган, бироқ ашёвий далил деб эътироф этилмаган ва ишга алоқадор бўлмаган нарсалар суриштирув, дастлабки тергов органи ёки суд томонидан тегишлилиги бўйича қайтарилиши керак.


10. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, баъзи ҳолларда айрим қилмишлар, масалан, контрабанда, товар ёки бошқа қимматликларни Ўзбекистон Республикасининг божхона чегарасидан ўтказиш, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда ташиш, одам ўғирлаш ва ҳ.к. учун жиноий жавобгарликка тортилган шахслар жиноят содир этишда фойдаланган автомашиналар, мотоцикллар ва бошқа транспорт воситалари (контейнерлар) жиноят қуроли деб эътироф этилиши мумкин. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, ушбу транспорт воситаларини жиноят қуроли деб эътироф этиш учун транспорт воситасидан, фақат улов сифатида эмас (масалан, айбдор томонидан қонунга хилоф равишда балиқчилик жинояти қармоқлар ва тўрлардан фойдаланилган ҳолда содир этилган бўлиб, автомобилдан фақат улов сифатида фойдаланилган бўлса), балки, қасддан жиноят содир этишда айнан қурол сифатида фойдаланилганлиги сўзсиз аниқланган бўлиши зарур (масалан, талон-торож жиноятини содир этишда ўғирланган катта ҳажмдаги товарлар автомобилда олиб чиқиб кетилган, товар ёки бошқа қимматликлар божхона назоратини четлаб ёхуд божхона назоратидан яшириб олиб ўтилган бўлса).

11. Жиноят ишларини кўриш вақтида судлар суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан ашёвий далилларга оид қонунчиликка риоя этилганлигини аниқлашлари лозим. Процессуал қонунчилик нормалари бузилиши аниқланган ҳолларда, судлар унга жиноят ишини юритишга масъул давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан хусусий ажрим чиқариш орқали муносабат билдиришлари керак.


12. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди ашёвий далилларга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиётини мунтазам равишда умумлаштиришлари ва йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.


Олий суд раиси                                                                           Б. Мустафаев


Пленум котиби,

Олий суд судьяси                                                                        А. Усманов





































Время: 0.1896
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск