Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Фан /

Фан доктори илмий даражасини бериш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 25.03.2013 й. 2441-сон билан рўйхатга олинган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссияси Раёсатининг 31.01.2013 й. 195/2-сон қарори билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 25 мартда 2441-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Вазирлар Маҳкамаси

ҳузуридаги Олий аттестация

комиссияси Раёсатининг

2013 йил 31 январдаги

195/2-сон қарорига

ИЛОВА



Фан доктори илмий даражасини

бериш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг "Таълим тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 9-сон, 225-модда), "Кадрлар тайёрлаш Миллий дастури тўғрисида"ги (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1997 й., 11-12-сон, 295-модда) қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 2 ноябрдаги ПҚ-1426-сон "Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2010 й., 44-45-сон, 376-модда) ва 2012 йил 24 июлдаги ПФ-4456-сон "Олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармонига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 30-сон, 346-модда) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 декабрдаги 365-сон "Олий ўқув юртидан кейинги таълим ҳамда олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни аттестациядан ўтказиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2013 й., 1-сон, 5-модда) мувофиқ фан доктори илмий даражасини бериш тартибини белгилайди.



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


талабгор - фан доктори илмий даражасини олиш учун илмий изланишлар олиб бораётган шахс;


аттестация - олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш жараёни босқичларида тегишли чора-тадбирларни ўтказиш, жумладан малакавий имтиҳонларни қабул қилиш, семинарлар ва давра суҳбатларида диссертацияни апробациядан (муҳокамадан) ўтказиш, фан доктори илмий даражасини берувчи илмий кенгашда (кейинги ўринларда Кенгаш деб юритилади) диссертация ҳимоясини ўтказиш ва диссертацияни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Олий аттестация комиссиясида (кейинги ўринларда ОАК деб юритилади) экспертизадан ўтказиш асосида талабгорларнинг илмий савиясини ҳамда диссертация натижаларининг янгилиги ва сифатини баҳолаш;


аттестация иши - талабгорнинг аттестацияга оид ҳужжатлари тўплами;


диссертация - талабгорнинг эълон қилинган илмий ишлари асосида тайёрланган қўлёзма шаклидаги юқори малакавий илмий асар;


диссертация автореферати - диссертациянинг асосий ғояси, хулосалари, ўтказилган тадқиқотларга талабгорнинг қўшган ҳиссаси, тадқиқот натижаларининг янгилиги, илмий ва амалий аҳамияти ҳамда татбиғи баён қилинган қўлёзма;


иш бажарилган ташкилот - талабгорнинг диссертация тадқиқотлари ўтказилган ва ишланмалари бажарилган ташкилот;


экспертиза - диссертация илмий натижаларининг қай даражада тўғрилиги, янгилиги, диссертациянинг назарий ва амалий аҳамияти, унинг диссертацияларни баҳолаш мезонларига мос келишини баҳолаш;


дастлабки экспертиза - диссертациянинг ҳимоядан олдин ўтказиладиган экспертизаси;


фан доктори илмий даражаси - олий таълимдан кейинги таълим негизида аттестация натижалари асосида бериладиган илмий даража;


илмий маслаҳатчи - диссертация мавзусини танлашда талабгорга кўмаклашган, тадқиқот мақсади ва вазифаларини белгилаб берадиган ва тадқиқотни ўтказишда маслаҳат берадиган масъул шахс;


апелляция - фан доктори илмий даражасини бериш ёки уни беришни рад қилиш ёхуд ундан маҳрум этиш ёки уни тиклаш тўғрисидаги қарорлар юзасидан берилган шикоят аризаси.


2. Фан доктори илмий даражаси:

магистр даражасига ёки магистр даражаси жорий этилгунгача олинган олий маълумотга;

олий ҳарбий таълим дипломига;

фан номзоди, хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражаларга;

бакалавр даражасига, олий маълумотли ҳарбий мутахассис дипломига ёки олий маълумотли мутахассис дипломига, беш йилдан кам бўлмаган амалий иш стажига, илмий изланишларга лаёқатли ва белгиланган талабларга мос келадиган маълум бир илмий ютуқларга (ихтиро учун патентлар, илмий мақолалар, илмий-технологик ишланмаларда иштирок этиш ва бошқалар) эга, шунингдек илмий ёки илмий-педагогик фаолият олиб бораётган, фаннинг муайян соҳасида чуқур касбий билимларга ва илмий ютуқларга эга бўлган юксак маънавиятли шахсларга берилади.

Тиббиёт фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - тиббиёт соҳаси бўйича олий маълумотга, ветеринария фанлари бўйича диссертация ҳимоя қилиш - ветеринария соҳаси бўйича олий маълумотга, юридик фанлар бўйича диссертация ҳимоя қилиш - юриспруденция соҳаси бўйича олий маълумотга эга бўлган шахсларга рухсат этилади.


3. Талабгор ўз диссертациясини илмий жамоатчилик олдида ҳимоя қилгандан кейин Кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги қарори тегишли эксперт кенгашининг тавсияси инобатга олинган ҳолда ОАК томонидан тасдиқланади.


4. Фан доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация талабгорнинг эълон қилинган илмий ишлари асосида тайёрланади.

Диссертацияни расмийлаштириш ва уни ҳимоя қилиш талабгорнинг хоҳишига кўра ўзбек, рус, қорақалпоқ ва инглиз тилларида ёки ОАК билан келишилган ҳолда бошқа тилда амалга оширилади.

Илмий маслаҳатчи ва талабгор тадқиқотнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш ҳамда диссертация ва диссертация авторефератининг сифати ва мазмуни учун масъулдир.


5. Фан доктори илмий даражасини олиш учун талабгор томонидан тегишли малакавий имтиҳонлар топширилиши лозим.


6. Фан ва технологияларни ривожлантиришга ҳамда иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга улкан ҳисса қўшган энг йирик ихтиро муаллифига OAK Раёсати қарори билан, истисно тариқасида, диссертация ҳимоясисиз фан доктори илмий даражаси берилиши мумкин.

Ёпиқ мавзулар бўйича диссертация ҳимоясини ташкил этиш ва фан доктори илмий даражасини бериш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


7. Фан доктори илмий даражасига эга бўлган шахсларга давлат намунасидаги фан доктори дипломи берилади.



II БОБ. ДИССЕРТАЦИЯГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


8. Фан доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация:

талабгор ўтказган тадқиқотлар ва у яратган ишланмалар асосида муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга молик долзарб илмий ёки амалий муаммо ҳал қилинган;

тегишли фан соҳасининг истиқболли йўналишини ривожлантиришда маълум бир ютуқ деб баҳолаш мумкин бўлган янги назарий қоидалар мажмуи ишлаб чиқилган;

жорий этилиши фан, техникани ривожлантиришга ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳани ва иқтисодиёт тармоқларини модернизация қилишга ҳисса қўшадиган илмий асосланган ечимлар ўз ифодасини топган юқори малакавий илмий асар бўлиши керак.


9. Диссертация талабгор томонидан шахсан тайёрланган, ошкора ҳимоя учун илмий жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилаётган янги илмий ҳолатлар ва амалий натижаларнинг мажмуини ўз ичига олган, моҳияти жиҳатидан ички бирликка эга мазмунан яхлит ва тугалланган бўлиши ҳамда талабгорнинг шахсан фанга қўшган ҳиссасини акс эттириши лозим.


10. Назарий аҳамиятга молик диссертацияда олинган илмий хулосалардан фанда фойдаланилганлиги, амалий аҳамиятга молик диссертацияда эса, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг долзарб муаммоларининг ечими ва илмий натижалардан амалиётда фойдаланилганлиги тўғрисида маълумотлар акс эттирилиши лозим.

Диссертация натижаларининг фанга, амалиётга татбиқ этилганлиги ёки ташкилотлар томонидан жорий қилиш учун қабул қилинганлиги юзасидан асосли ҳужжатлар Кенгашда муҳокама этилиб, аттестация ишига илова қилинади. Ушбу ҳужжатлар ташкилотларнинг илмий-техникавий кенгашлари томонидан кўриб чиқилган, маъқулланган ва унинг раҳбарияти томонидан тасдиқланган бўлиши керак.


11. Илмий маъруза шаклидаги диссертация талабгор илмий ишини мунтазам бажарган ва унинг асарларида эълон қилинган, ушбу фан соҳасининг мутахассисларига маълум бўлган фан ва амалиёт учун катта аҳамиятга молик натижаларнинг қисқача умумлаштирилган баёнидан иборат бўлади.

Илмий ишнинг аҳамияти, илмий маъруза шаклида диссертация ҳимоя қилишнинг мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги хулоса талабгорнинг асосий тадқиқотлари ўтказилган ташкилот томонидан берилади. Илмий маъруза шаклидаги диссертацияни ҳимоя қилиш учун OAK Раёсатининг рухсати бўлиши зарур.


12. Диссертация мавзуси долзарб ҳамда республика фан ва технологиялари ривожланишининг асосий устувор йўналишлари билан боғлиқ бўлиши лозим. Диссертация мавзуси олий таълим муассасаси кенгаши ёки илмий-тадқиқот муассасаси илмий кенгаши томонидан тасдиқланади.

Мавзу тўғрисидаги маълумот диссертация мавзуси тасдиқлангандан сўнг, "OAK Бюллетени" журналида эълон қилиш учун ОАКга юборилади.

Диссертация ҳимояга қабул қилингунга қадар унинг мавзусига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.


13. Диссертация кириш қисми, камида тўртта боб, асосий хулосалар ва фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат бўлган шаклда расмийлаштирилади.

Диссертациянинг матни 200 саҳифадан ошмаслиги керак. Ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасидаги диссертация ҳажми кўпи билан 30 фоизга оширилиши мумкин.

Диссертациянинг титул варағи ва диссертация автореферати муқовасининг орқа томонида битта илмий маслаҳатчи кўрсатилади. Зарур ҳолларда, OAK рухсати билан иккинчи илмий маслаҳатчи ҳам кўрсатилиши мумкин, ихтисосликлар туташлигида бажарилган диссертациялар учун ОАК рухсати талаб этилмайди.

Кенгаш томонидан диссертация ҳимояга қабул қилинганидан сўнг, диссертация ва унинг авторефератига ўзгартиришлар киритилиши мумкин эмас.


14. Диссертация мавзуси бўйича фойдаланилган адабиётлар асосан охирги ўн беш йил ичида эълон қилинган бўлиши тавсия этилади.

Диссертацияда фойдаланилган адабиётлар рўйхати талабгорнинг хоҳишига кўра алифбо, систематик ёки матнда ҳавола қилиниши кетма-кетлиги тарзида келтирилади. Фойдаланилмаган ва ҳавола қилинмаган адабиётларни рўйхатга киритиш мумкин эмас.


15. Талабгор ўз диссертациясида фойдаланган материаллар манбаини, уларнинг муаллифи ва номини тўлиқ кўрсатиши лозим. Талабгор диссертацияда илмий иш ёзишда иштирок этган ҳаммуаллифларнинг ғоя ёки ишланмаларидан фойдаланган тақдирда, буни диссертация ва диссертация авторефератида қайд этиши шарт.

Ҳаммуаллифликдаги илмий иш натижалари фақат биргина талабгорнинг диссертациясига тўла-тўкис киритилиши мумкин.

Ўзганинг материалидан унинг муаллифи ва манбаини кўрсатмасдан фойдаланилган ҳолларда, диссертация у қайси босқичда кўрилаётган бўлишидан қатъи назар, муҳокамадан олиб ташланади ва талабгор ушбу мавзу бўйича диссертацияни қайта ҳимоя қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.



III БОБ. ДИССЕРТАЦИЯ МАВЗУСИ БЎЙИЧА

ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ИЛМИЙ ИШЛАРГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


16. Талабгор томонидан эълон қилинган илмий ишлар диссертациянинг ҳимоя қилинаётган асосий натижаларини акс эттириши керак. Диссертация натижалари халқаро ва республика доирасида ўтказиладиган илмий конференцияларда, семинарларда, давра суҳбатларида апробациядан (муҳокамадан) ўтказилиши шарт.

Диссертациянинг асосий илмий натижалари OAK рўйхатидаги илмий журналларда ва бошқа даврий илмий нашрларда эълон қилиниши лозим. Диссертация бўйича талабгорнинг эълон қилинган илмий ишларининг умумий сони ўн бештадан кам бўлмаслиги ва улардан камида ўнтаси OAK рўйхатидаги илмий журналларда эълон қилинган бўлиши керак.

Ижтимоий-гуманитар ва иқтисодиёт соҳалари бўйича диссертация натижалари юзасидан монография эълон қилинган бўлиши керак.


17. Талабгорнинг диссертация мавзуси бўйича камида иккита мақоласи ОАК рўйхатидаги тегишли фан соҳаси ривожланган хорижий мамлакатларнинг нуфузли ихтисослашган илмий журналларида, шунингдек иккита мақоласи халқаро илмий-амалий конференция материалларида, шундан биттаси хорижий мамлакатларда ўтказилган конференция материалларида эълон қилинган бўлиши шарт.


18. Талабгор томонидан эълон қилинган мақолалар мазкур Низомнинг 16-17-бандларида назарда тутилган талабларга жавоб бермаган, лекин диссертация юксак илмий ёки амалий аҳамиятга эга бўлган ҳолларда, диссертациянинг ҳимояси масаласи, истисно тариқасида, OAK Раёсати томонидан ҳал қилинади.


19. Интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари, препринтлар, илмий хариталар, илмий анжуман, конференция, симпозиум ва семинарларда қилинган маърузаларнинг эълон қилинган тезислари, корхоналар қуриш, уларни кенгайтириш, модернизация қилиш ҳамда техник ва технологик қайта жиҳозлаш лойиҳаларининг технологик қисмлари ҳам диссертациянинг илмий натижаларини акс эттирувчи эълон қилинган ишлар жумласига киради.

Диссертация мавзуси бўйича интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатлари шу фан соҳаси ривожланган хорижий мамлакатларнинг ихтисослашган илмий журналларида эълон қилинган мақолалар сифатида ҳисобланади.

Олий таълим муассасаси кенгаши ёки илмий-тадқиқот муассасаси илмий кенгаши қарори билан чоп этилган ва камида олти босма табоқ ҳажмдан иборат бўлган монография республикада чоп этиладиган ихтисослашган илмий журналларда эълон қилинган мақола сифатида ҳисобланади.

Дарсликлар, ўқув қўлланмалари, услубий кўрсатмалар ва бошқа ўқув-услубий ишлар диссертациянинг натижаларини акс эттирувчи эълон қилинган илмий ишлар жумласига кирмайди.


20. Диссертация авторефератида илмий ишлар рўйхати хронологик тарзда қуйидаги тартибда келтирилади:

биринчи бўлимда - монографиялар ва илмий журналларда эълон қилинган мақолалар рўйхати;

иккинчи бўлимда - интеллектуал мулк объектларига бўлган муҳофаза (эгалик) ҳужжатларининг рўйхати (агар мавжуд бўлса);

учинчи бўлимда - илмий тўпламларда эълон қилинган мақолалар, тезислар, препринтлар, илмий журналларда эълон қилинган реферат, ахборот ва аннотацияларнинг рўйхати.


21. Диссертация авторефератида келтирилган барча илмий ишлар диссертация мавзусига мувофиқ бўлиши керак.

Диссертация ва диссертация авторефератида кўрсатилган илмий ишларнинг нашр қилинганлигига оид маълумотлар келтирилиши, жумладан барча муаллифлар тўлиқ ёзилиши ва мақолалар эълон қилинган журнал ёки тўпламларнинг бетлари аниқ кўрсатилиши лозим.

Диссертация ҳимояси талабгорнинг илмий натижаларини акс эттирувчи ишлари эълон қилингандан икки ой ўтгач ўтказилиши мумкин. Нашрга топширилган, лекин эълон қилинмаган ишлар диссертацияда ва диссертация авторефератида келтирилиши мумкин эмас.


22. Агар талабгорнинг мақолалари ҳаммуаллифликда ёзилган бўлса, у ҳар бир ҳаммуаллифнинг ҳиссасини холис акс эттириши лозим ва мақолалардан ўз диссертациясида қисман ёки тўла фойдаланиш учун ҳаммуаллифларнинг ёзма розилигини олиши зарур.


23. ОАКга талабгорнинг асосий илмий ишлари нусхалари юборилади.



IV БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ ИШ БАЖАРИЛГАН

ТАШКИЛОТДА ДАСТЛАБКИ ЭКСПЕРТИЗАДАН

ЎТКАЗИШ


24. Талабгор тайёрлаган диссертациясини дастлабки экспертизадан ўтказиш учун иш бажарилган ташкилот раҳбари номига ариза билан мурожаат қилади. Ташкилот раҳбари диссертацияни ушбу ташкилотнинг ёки диссертация ихтисослиги бўйича илмий ишлар бажарилаётган бошқа ташкилот(лар)нинг тегишли кафедра, бўлим, лаборатория ёки кафедралараро, лабораториялараро бирлашган семинарларига ёки муаммовий кенгашга дастлабки экспертизага юборади.


25. Иш бажарилган ташкилот томонидан диссертациянинг дастлабки экспертизаси юзасидан хулоса берилади. Хулоса семинар ёки муаммовий кенгаш баённомасидан кенгайтирилган батафсил кўчирма шаклида расмийлаштирилади, семинар ёки муаммовий кенгаш раиси ва илмий котиби томонидан имзоланади ҳамда ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланиб, ташкилотнинг гербли муҳри қўйилади. Хулосада диссертация натижаларини олишда талабгорнинг шахсий иштироки, ўтказилган тадқиқот натижаларининг қай даражада тўғрилиги, янгилиги ва амалий аҳамияти, диссертация мавзусининг ихтисосликка мослиги, диссертация материалларининг талабгор эълон қилган илмий ишларда нечоғлик тўлиқ баён этилганлиги ўз ифодасини топиши лозим.


26. Хулоса диссертация дастлабки экспертиза учун топширилган кундан эътиборан икки ой ичида талабгорга берилади. Ташкилот раҳбари хулосанинг сифати, холислиги ва тайёрлаш муддати учун масъулдир.


27. Талабгор диссертациясини ўз хоҳиши билан семинарларга мустақил равишда мурожаат қилган ҳолда дастлабки экспертизадан ўтказиши мумкин.


28. Иш бажарилган ташкилот раҳбари дастлабки экспертиза натижаларидан қониқмаган тақдирда, диссертацияни қўшимча равишда экспертизага юбориши мумкин.


29. Талабгор Ўзбекистон Республикасида бажарилган илмий-тадқиқот ишлари асосида тайёрланган диссертацияни хорижий давлатда ҳимоя қилмоқчи бўлган тақдирда, белгиланган тартибда ОАК рухсатномаси ва йўлланмасини олиши лозим.



V БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ ҲИМОЯГА ТАҚДИМ ЭТИШ


30. Диссертация иш бажарилган ташкилотда дастлабки экспертизадан муваффақиятли ўтгандан сўнг, ҳимояга қабул қилиш учун ташкилот раҳбари томонидан тегишли Кенгашга юборилади.

Ташкилот раҳбари тегишли Кенгаш раиси бўлса, диссертация Кенгаш қошидаги илмий семинарга (кейинги ўринларда Илмий семинар деб юритилади) юборилади.

Диссертация ихтисослиги ёки фан соҳаси бўйича Кенгаш бўлмаса, иш бажарилган ташкилот Бир марталик кенгаш тузишни сўраб, диссертация ихтисослигига мос ёки яқин келувчи Кенгашга мурожаат қилади. Диссертация ихтисослигига мос ёки яқин келувчи Кенгаш бўлмаган тақдирда, ОАКга мурожаат қилинади.


31. Олий таълим, илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари ўзлари ишлаётган жойдаги Кенгашларда, вазирлик, идоралар ва Фанлар академиясининг раҳбарлари ўз ташкилотларига қарашли муассасалардаги Кенгашларда диссертация ҳимоя қилишига рухсат берилмайди. OAK ходимлари ОАК раҳбарияти рухсати билан диссертацияларини ҳимоя қилишлари мумкин.



VI БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ КЕНГАШДА

ДАСТЛАБКИ ЭКСПЕРТИЗАДАН ЎТКАЗИШ


32. Иш бажарилган ташкилот томонидан диссертацияни дастлабки экспертизадан ўтказиш натижалари бўйича ижобий хулоса берилганда, талабгор томонидан Кенгашга қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

иш бажарилган ташкилотнинг диссертацияни ҳимояга қабул қилиш ҳақидаги мурожаатномаси;

талабгор тўғрисидаги объектив-маълумотнома;

олий таълим муассасасини битирганлиги тўғрисидаги дипломнинг нусхаси;

талабгорнинг илмий-тадқиқот ва илмий-педагогик фаолият олиб боришга лаёқатини аниқлаш бўйича тест синовларидан ўтганлиги ҳақидаги гувоҳнома ёки фан номзоди ёки хорижий давлатларда берилган фалсафа доктори (Ph.D) ёки унга тенглаштирилган бошқа илмий даражалари тўғрисидаги дипломининг нусхаси;

малакавий имтиҳонларни топширганлиги ҳақидаги гувоҳномалар;

иш бажарилган ташкилот хулосаси;

диссертация мавзуси ва илмий маслаҳатчи тасдиқланганлиги тўғрисида олий таълим муассасаси кенгаши ёки илмий-тадқиқот муассасасининг илмий кенгаши ва мувофиқлаштирувчи кенгаш қарорларидан кўчирмалар;

диссертация муҳокама қилинган ташкилотларнинг хулосалари;

талабгорнинг илмий ишлари рўйхати, иш бажарилган ташкилот томонидан тасдиқланган ҳолда;

талабгорнинг илмий маслаҳатчисининг тақризи, илмий маслаҳатчиси иккита бўлган тақдирда, илмий кенгашнинг қароридан кўчирма ва ОАК рухсатномаси;

ҳаммуаллифликдаги илмий ишларни диссертацияга тўла ёки қисман киритиш учун талабгор ҳаммуаллифларининг ёзма розилиги;

диссертация ва диссертация автореферати;

талабгорнинг асосий илмий ишлари нусхалари.

Кенгаш дастлабки экспертизалар натижаларидан қониқмаган тақдирда, диссертацияни қўшимча равишда экспертизага юбориши мумкин.

Кенгаш томонидан диссертация дастлабки экспертизага қабул қилиб олинади ва якуний дастлабки экспертизадан ўтказиш учун Илмий семинарга юборилади.


33. Диссертация талабгор тегишли ҳужжатларни топширган кундан эътиборан икки ой ичида Кенгаш томонидан дастлабки экспертизадан ўтказилади.


34. Илмий семинар диссертацияга мазкур Низом талаблари ва диссертацияларни баҳолаш мезонлари асосида холисона хулоса бериш ва Кенгашга диссертацияни ҳимояга қабул қилиш юзасидан асосли тавсиялар бериш учун масъулдир. Илмий семинар Кенгаш ҳамда ОАКнинг тегишли бўлимлари, эксперт кенгаши назорати остида фаолият юритади.


35. Илмий семинар камида ўн беш кишидан, жумладан раис, раис ўринбосари ва илмий котибдан иборат таркибда Кенгаш раиси томонидан ОАК билан келишилган ҳолда бир йилгача муддатга тасдиқланади. Кенгаш раиси томонидан ОАК билан келишилган ҳолда Илмий семинарнинг таркибига ўзгартиришлар киритилиши мумкин.

Илмий семинар таркибига Кенгаш аъзолари, ОАК эксперт кенгашлари аъзолари, илмий ва илмий-педагогик фаолият кўрсатаётган мутахассис-олимлар киритилади.


36. Диссертация Илмий семинар раҳбарияти томонидан Кенгаш раиси (ўринбосари)нинг йўлланмаси асосида Кенгаш илмий котибидан қабул қилинади ва рўйхатга олинади ҳамда Илмий семинар аъзоларидан ёки бошқа мутахассис-олимлар орасидан икки нафар тақризчи тайинланади.

Тақризчилар диссертация билан танишиб чиқиб, тақризларини ўн беш кун ичида Илмий семинарнинг илмий котибига тақдим этади. Талабгор тақризлар билан илмий котиб томонидан Илмий семинар мажлисидан камида беш кун олдин таништирилиши лозим.


37. Илмий семинар иши мажлис шаклида ташкил этилади. Мажлис кун тартиби аъзоларга мажлис ўтказилишидан камида беш кун олдин илмий котиб томонидан тарқатилади ва жамоатчиликка эълон қилинади. Мажлисда аъзо бўлмаган мутахассислар ҳам иштирок этишлари мумкин.

Илмий семинар мажлиси унда аъзоларининг камида учдан икки қисми иштирок этганда ваколатли ҳисобланади. Илмий семинар мажлиси раис, у йўқлигида, раис ўринбосари раҳбарлигида ўтказилади.

Илмий котиб йўқлигида, унинг вазифасини бажариш Илмий семинар раиси томонидан Илмий семинар аъзоларидан бирининг зиммасига юклатилади.

Бир вақтнинг ўзида раис, раис ўринбосари ва илмий котиб бўлмаса, Илмий семинар мажлиси ўтказилмайди.


38. Илмий семинарга раислик қилувчи мажлисни очиш вақтида қайд этиш варақаси асосида Илмий семинар аъзоларини мажлиснинг ваколатлилиги ҳақида хабардор қилиб, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ҳамда диссертация номини эълон қилади.

Талабгор ҳақида Илмий семинар илмий котиби томонидан қисқача маълумот берилади.

Диссертациянинг моҳияти ва асосий ҳолатларини баён этиш учун сўз талабгорга берилади. Маъруза тугагач, савол-жавоблардан сўнг, сўз тақризчиларга берилади. Тақризчилардан бири узрли сабабларга кўра келмаган тақдирда, унинг тақризи Илмий семинар мажлисида илмий котиб томонидан тўлиқ ўқиб эшиттирилади. Тақризчиларнинг иккаласи ҳам бўлмаган тақдирда, Илмий семинар мажлиси бошқа кунга ёки бошқа вақтга қолдирилади.

Ҳар бир тақризчининг маърузасидан сўнг, жавоб бериш учун талабгорга сўз берилади.

Диссертация бўйича муҳокамада барча иштирок этиши мумкин.

Илмий семинар раиси мазкур диссертация бўйича тушган таклифларни навбатига қараб очиқ овозга қўяди.

Илмий семинарнинг диссертацияни ҳимояга қабул қилиш тўғрисидаги хулосаси мажлисда иштирок этаётган Илмий семинар аъзоларининг камида учдан икки қисми томонидан ёқлаб овоз берилган тақдирда, қабул қилинган ҳисобланади. Мазкур хулоса шартли равишда бўлмаслиги керак. Илмий семинар хулосалари очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади ва овоз бериш натижалари Илмий семинар баённомасида акс эттирилади.


39. Илмий семинар мажлисининг баённомаси раислик қилувчи ва илмий котиб томонидан имзоланади ҳамда Кенгаш фаолият кўрсатиб турган ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади ва ташкилотнинг гербли муҳри қўйилади. Илмий семинар баённомасига мажлисда иштирок этган аъзолар ва таклиф этилган шахсларнинг қайд варақаси нусхаси илова қилинади.

Илмий семинар мажлиси баённомасида диссертация ҳимоясини ўтказиш учун асос бўлган ихтисосликка унинг мувофиқлиги, диссертациянинг илмий савияси, унинг илмий ва амалий аҳамияти, олинган натижаларнинг асосланганлиги, эълон қилинган ишларда диссертация натижалари қанчалик тўлиқ баён этилганлиги, илмий натижаларнинг амалиётга жорий этилганлиги, талабгорларга қўйиладиган талабларнинг бажарилганлиги, диссертация ва диссертация авторефератини расмийлаштириш қай даражада бажарилганлигига хулоса, шунингдек Кенгашга диссертацияни ҳимояга қабул қилиш, расмий оппонентлар ва етакчи ташкилотни тайинлаш бўйича тавсия акс эттирилади.

Илмий семинар баённомаси талабгорга ва Кенгаш раисига Илмий семинар раиси ёки илмий котиби томонидан берилади. Илмий семинарда диссертация муҳокамасини ўтказиш бир ой ичида амалга оширилади.


40. Илмий семинар мажлиси мазкур Низомнинг 36 - 39-бандларига мувофиқ ўтказилмаган ёки Илмий семинарда диссертацияга объектив баҳо берилмаган тақдирда, Кенгашга ОАК томонидан Илмий семинар фаолиятини тўхтатиш ва уни қайта ташкил этиш тўғрисида таклиф берилади.

Илмий семинар раиси йил охирида Илмий семинар фаолияти ҳақидаги ҳисоботни Кенгаш раисига тақдим этади. Ҳисобот умумий кўринишда ёзилиб, унда Илмий семинарга топширилган ва кўриб чиқилган ишлар юзасидан аниқ маълумотлар келтирилиши керак. Кенгаш Илмий семинар ҳисоботини ўз мажлисида муҳокама қилади ва ўзининг йиллик ҳисоботи билан бирга ОАКга тақдим этади.



VII БОБ. ДИССЕРТАЦИЯ ҲИМОЯСИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


41. Кенгаш томонидан диссертация бўйича Илмий семинарнинг ижобий хулосаси тақдим этилган кундан эътиборан бир ой ичида диссертация ҳимояга қабул қилиб олиниши, бу ҳақда диссертацияни ҳимояга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилиниши лозим.


42. Қарор қабул қилингандан сўнг, Кенгаш диссертация автореферати чоп этилишидан олдин ҳимоя ҳақида OAK веб-сайти ва "OAK Бюллетени" журналида эълон бериш учун ОАКга мурожаат қилади.


43. Диссертация автореферати халқаро экспертизадан ўтказиш ва илмий ютуқларни тарғиб қилиш мақсадида ўзбек, рус ва инглиз тилларида 4,5 босма табоқ, жумладан ўзбек, рус ва инглиз тилларида ҳар бири бир ярим босма табоқ ҳажмда Кенгаш раисининг рухсати билан чоп этилади. Таржиманинг аниқлиги ва тўғрилиги учун талабгор, илмий маслаҳатчи, иш бажарилган ташкилот ва Кенгаш масъулдир.

Гуманитар ва ижтимоий фанлар соҳасидаги диссертация авторефератининг ҳажми, кўпи билан 30 фоизга оширилиши мумкин.

Диссертация авторефератида диссертациянинг асосий ғояси ва хулосалари, янги илмий йўналиш ёки иқтисодиёт тармоғи муаммоси ечими баён қилинган, ўтказилган тадқиқотга талабгор қўшган ҳисса, тадқиқот натижаларининг қай даражада янгилиги ва амалий аҳамияти кўрсатилиши керак.

Диссертация автореферати камида 50 нусхада чоп этилади.

Диссертация автореферати диссертация ҳимоясидан камида бир ой олдин диссертация автореферати юборилиши шарт бўлган ташкилотларга ҳамда Кенгаш томонидан тузилган қўшимча рўйхат бўйича юборилади. Кенгаш томонидан тузилган қўшимча рўйхатга Кенгаш аъзолари, фан соҳалари бўйича илмий-мувофиқлаштирувчи марказлар, манфаатдор ташкилотлар, диссертация ихтисослигига мос Кенгашлар ҳамда етакчи мутахассис-олимлар киритилади.


44. Диссертациянинг бир нусхаси ва диссертация авторефератининг икки нусхаси Кенгаш тузилган ташкилотнинг Ахборот-ресурс марказига диссертация ҳимоясидан камида бир ой олдин топширилади ва бу ерда улар қўлёзма ҳуқуқида доим сақланади.


45. Кенгаш томонидан диссертация бўйича фаннинг шу соҳасидан хабардор фан докторлари ёки профессорлари орасидан учта расмий оппонент тайинланади, бунда уларнинг иккитаси ҳимоя ўтаётган Кенгаш аъзоси бўлиши мумкин. Расмий оппонентлар турли ташкилотларнинг ходимлари бўлиши лозим.


46. Қуйидаги шахслар расмий оппонент бўла олмайдилар:

OAK Раёсати аъзолари;

OAK аппарати ходимлари;

OAK эксперт кенгашлари аъзолари;

диссертацияни кўриб чиқаётган Кенгаш раиси, раис ўринбосари ва илмий котиби;

талабгорнинг илмий маслаҳатчиси;

талабгорнинг ҳаммуаллифлари;

диссертация бажарилган ёки ҳузурида Кенгаш фаолият кўрсатаётган ёхуд илмий-тадқиқот ишлари бўйича талабгор буюртмачи ёки ижрочи (шерик ижрочи) бўлган олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот муассасаларининг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари;

талабгор ишлаётган кафедра, лаборатория, сектор ёки бўлим ходимлари.


47. Расмий оппонент диссертацияни ва диссертация мавзуси бўйича эълон қилинган босма ишларни ўрганиб чиқиб, Кенгашга ўз фикрини тақриз шаклида тақдим этади. Тақризда танланган мавзунинг долзарблиги, диссертацияда келтирилган илмий тафсилот, асосий натижалар, хулоса ҳамда амалий ва назарий тавсиялар қай даражада асосланганлиги ва янгилиги, шунингдек диссертациянинг мазкур Низом талабларига мувофиқлиги акс эттирилади.

Расмий оппонентларнинг тақризлари нусхалари Кенгаш томонидан диссертация ҳимоясидан камида ўн кун олдин талабгорга топширилиши керак.

Расмий оппонент ўзи тайёрлаган тақризнинг холис ва сифатли бўлиши ҳамда Кенгаш белгилаган муддатда тақдим этилиши учун масъулдир.

Расмий оппонентнинг тақризи белгиланган талабларга жавоб бермаган тақдирда, Кенгаш тақризни қайта ишлаш учун расмий оппонентга қайтариб беришга ёки расмий оппонентни алмаштиришга ҳақли. Бунда диссертация ҳимояси бошқа кунга қолдирилади.


48. Кенгаш томонидан диссертация юзасидан етакчи ташкилот сифатида тегишли фан соҳалари ёки иқтисодиёт тармоқларида ўз ютуқлари билан танилган ташкилот тайинланади. Етакчи ташкилотлар рўйхати ОАК томонидан тасдиқланади.


49. Қуйидаги ташкилотлар етакчи ташкилот бўлиши мумкин эмас:

диссертация бажарилган ташкилот;

талабгор илмий-тадқиқот ишлари бўйича буюртмачи, ижрочи (шерик ижрочи) бўлган ташкилотлар;

талабгор ишлаётган ташкилот;

расмий оппонентлар ва илмий маслаҳатчининг асосий иш жойи бўлган ташкилот.


50. Етакчи ташкилотнинг тақризида талабгор эришган натижаларнинг фан ва ишлаб чиқариш учун аҳамияти акс эттирилиши, шунингдек диссертация натижалари ва хулосаларидан фойдаланилганлиги ва фойдаланишга доир аниқ тавсиялар бўлиши керак.

Етакчи ташкилот тақризи семинар баённомасидан кенгайтирилган батафсил кўчирма шаклида ёзилиб, семинар раиси ва илмий котиби томонидан имзоланади ҳамда шу ташкилот раҳбари ёки раҳбар ўринбосари томонидан тасдиқланади. Улар тақризнинг сифати ва холислиги учун шахсан масъулдир.

Етакчи ташкилот тақризининг нусхаси Кенгаш томонидан диссертация ҳимоясидан камида ўн кун олдин талабгорга топширилади.


51. Тақриз талабга жавоб бермаган тақдирда, Кенгаш уни етакчи ташкилотга қайтаришга ёки етакчи ташкилотни алмаштиришга ҳақли. Бунда диссертация ҳимояси бошқа кунга қолдирилади.


52. Кенгаш томонидан хорижий мамлакатларнинг тегишли олий таълим, илмий ва илмий-ишлаб чиқариш муассасалари етакчи ташкилот, таниқли мутахассис-олимлари уларнинг розилиги билан диссертация ҳимояси юзасидан расмий оппонент этиб тайинланиши мумкин.


53. Диссертация ижобий тақриз ва хулосалар берилган тақдирда, ҳимояга қабул қилиб олинади.


54. Диссертация салбий тақриз ва хулосалар берилган, лекин олинган салбий тақриз ва хулосалар Кенгашнинг эксперт комиссияси томонидан асосли эмас, деб топилган тақдирдагина, Кенгаш томонидан талабгорнинг хоҳишига кўра диссертацияни ҳимояга қабул қилиш масаласи кўриб чиқилиши мумкин.


55. Диссертация ҳимояга қабул қилингандан сўнг, унда аниқланган ноаниқликлар ва хатоларни тузатишга йўл қўйилмайди.



VIII БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ


56. Диссертацияни илмий жамоатчилик олдида ҳимоя қилиш илмий баҳс билан ўтиши, юксак талабчанлик, қатъийлик, илмий ахлоқ-одобга риоя этилган ҳолда диссертациядаги барча илмий ва амалий хулоса ҳамда тавсияларнинг асосланганлиги таҳлил қилиниши лозим.


57. Диссертация ҳимоясига диссертацияга ижобий тақриз берган расмий оппонентлардан фақат биттаси узрли сабабларга кўра иштирок эта олмаган тақдирда, рухсат берилади. Бунда ушбу оппонентнинг тақризи илмий котиб томонидан Кенгаш мажлисида тўлиқ ўқиб эшиттирилади.


58. Диссертация ҳимояси тугаганидан сўнг, фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги масала Кенгаш томонидан яширин овоз бериш йўли билан ҳал этилади.


59. Кенгаш томонидан овоз бериш натижалари асосида фан доктори илмий даражасини бериш ёки уни беришни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинади.



IX БОБ. АТТЕСТАЦИЯ ИШИНИ ОАКга ТАҚДИМ ЭТИШ


60. Диссертациянинг биринчи нусхаси ва талабгорнинг аттестация иши ҳамда уларнинг электрон шакли диссертация ҳимоясидан кейин бир ой ичида Кенгаш томонидан ОАКга юборилади.


61. Талабгорнинг аттестация ишининг иккинчи нусхаси ташкилот архивида сақланади.



X БОБ. ДИССЕРТАЦИЯНИ ҚАЙТА ҲИМОЯ ҚИЛИШ


62. Талабгор диссертацияни кўриб чиқиш жараёнининг ҳар қандай босқичида, Кенгашда яширин овоз беришдан олдин, ОАКда эса, Кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги қарори тасдиқланишидан олдин диссертациясини муҳокамадан олишга ҳақлидир.

Кенгаш ёки ОАКнинг диссертацияни муҳокамадан олиш тўғрисидаги қарори талабгорнинг ёзма аризаси асосида қабул қилинади.


63. Диссертация талабгорнинг ёзма аризасига асосан муҳокамадан олинганда ҳамда Кенгаш ёки OAK Раёсати томонидан салбий қарор қабул қилинганда, қайта ишланган ҳолда такроран ҳимояга тақдим этилиши мумкин.


64. Талабгор ўз диссертациясини муҳокама қилмасликни сўраб Кенгашга ёзма ариза берган тақдирда, Кенгаш раиси илмий котибга талабгор томонидан топширилган ҳужжатларни қайтаришга кўрсатма беради, унинг аризаси ҳамда диссертация билан диссертация авторефератининг бир нусхаси Кенгашда қолади. Диссертацияни ҳимоя қилиш пайтида тайёрланган ҳужжатлар ҳам Кенгашда қолади ва улар талабнома асосида ҳимоя қайта ўтадиган жойга юборилиши мумкин.


65. Диссертация ҳимояси натижалари бўйича Кенгаш салбий қарор қабул қилган тақдирда, олий маълумот ҳақидаги диплом нусхаси, малакавий имтиҳонларни топширганлик ҳақидаги гувоҳномалар, илмий ишларнинг нусхалари ва диссертация талабгорга қайтариб берилади. Бунда диссертация Ахборот-ресурс маркази фондидан олиб қўйилади ва ташкилот архивида сақланади.

Диссертация бўйича берилган тақризлар, диссертация автореферати, мажлис стенограммаси, объектив-маълумотнома, диссертация бажарилган ташкилотнинг хулосаси ҳамда овоз бериш натижалари Кенгашда қолади ва талабнома асосида ҳимоя қайта ўтадиган жойга юборилиши мумкин.

Кенгаш ўзининг салбий қарори ҳақида диссертация ҳимоя қилинган кундан эътиборан бир ой ичида ОАКни ёзма равишда хабардор қилади. Бунда ОАКга диссертация автореферати ва Кенгаш мажлисининг стенограммаси юборилади.


66. Диссертация ҳимояси натижалари юзасидан Кенгашнинг қарори салбий бўлганда ёки OAK Раёсати томонидан салбий қарор чиқарилганда қарор қабул қилингандан кейин камида бир йил ўтгач, диссертация қайта ишланган ҳолда такроран ҳимояга тақдим этилиши мумкин.

Диссертация қайта ҳимоя қилиш учун тақдим этилганда, олдинги етакчи ташкилот ва расмий оппонентлар алмаштирилади.



ХI БОБ. ОАКда ДИССЕРТАЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


67. Аттестация иши ва диссертация ОАКнинг тегишли бўлимлари томонидан қабул қилиб олинади ва экспертизадан ўтказиш учун тегишли эксперт кенгашига тақдим этилади.


68. Кенгаш диссертация ҳимоясини ўтказишда мазкур Низом талабларини бузган бўлса, OAK раҳбарияти OAK Тартиб-қоида комиссиясининг қарорига асосан аттестация иши кўрилишини тўхтатади ва мазкур диссертация ҳимояси Кенгаш томонидан қайта ўтказилади.


69. ОАКнинг эксперт кенгаши аттестация иши ва диссертацияни экспертизадан ўтказиб, тегишли қарор қабул қилади ва ушбу қарор ОАК Раёсатида кўриб чиқилади.


70. OAK Раёсати аттестация иши ва диссертация бўйича ОАКнинг эксперт кенгаши қарорини асосли деб топмаса, қайта кўриб чиқиш учун эксперт кенгашига қайтаради.


71. Аттестация иши ва диссертацияни ОАКда кўриб чиқиш муддати, қоида тариқасида, уч ойдан ошмаслиги керак. Экспертизадан ўтказиш батафсил ўрганиб чиқишни талаб қиладиган ҳолларда, ОАК Раёсатининг қарори билан аттестация иши ва диссертацияни кўриб чиқиш муддати икки ойгача узайтирилиши мумкин.


72. Аттестация иши ва диссертацияни ОАКда кўриб чиқиш жараёнида унда аниқланган хато ва камчиликларни тузатишга йўл қўйилмайди.


73. ОАК Раёсати тегишли эксперт кенгашининг хулосасига асосан, Кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги қарорини тасдиқлайди ёки рад қилади.


74. Фан доктори илмий даражаси берилган шахснинг диссертацияси, диссертация автореферати ва уларнинг электрон шакли Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - ахборот ресурс марказига топширилади.



ХII БОБ. ИЛМИЙ ДАРАЖА ОЛГАНЛИК ТЎҒРИСИДАГИ

ҲУЖЖАТЛАРНИ ТАН ОЛИШ ВА НОСТРИФИКАЦИЯЛАШ

(ЭКВИВАЛЕНТЛИГИНИ ҚАЙД ЭТИШ)


75. Хорижий давлатларнинг олий аттестация органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган чет эл фуқароларига берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар ОАК томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 25 июлдаги 283-сон қарори билан тасдиқланган Хорижий давлатларда илмий даража олганлик тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ нострификация (қайта аттестациядан ўтказиш асосида тенглаштирилади) қилинади.


76. Илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатлар талабгор ишлаб турган ташкилотнинг мурожаатномаси ёки талабгорнинг аризасига асосан ОАК томонидан нострификация қилинади.



XIII БОБ. ДИПЛОМЛАРНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ


77. OAK Раёсатининг фан доктори илмий даражасини бериш тўғрисидаги Кенгаш қарорини тасдиқлаш тўғрисидаги қарори, у қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради ва йигирма кун ичида фан доктори дипломи расмийлаштириб берилади.


78. Илмий даражани тасдиқловчи диплом йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда, ОАК томонидан манфаатдор шахслар аризасига мувофиқ, унинг дубликати берилади.

Талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми ўзгарган тақдирда, диплом янгисига алмаштириб берилмайди.



XIV БОБ. ИЛМИЙ ДАРАЖАДАН МАҲРУМ

ЭТИШ ЁКИ УНИ ТИКЛАШ


79. Кўчирмачилик, сохта ҳужжатлар тақдим этилганлик, диссертациянинг экспертизаси нохолис ўтказилганлик каби ҳолатлар аниқланган тақдирда, Кенгаш хулосаси ва ОАКнинг тегишли эксперт кенгаши қарорига асосан, илмий даражага эга бўлган шахслар ОАК Раёсати томонидан илмий даражадан маҳрум этилиши мумкин.

Илмий даража бериш тўғрисидаги қарор ўн йил олдин қабул қилинган бўлса, илмий даражадан маҳрум этиш масаласи кўриб чиқилмайди.

Илмий даражадан маҳрум этилган шахсларнинг илмий даражаси ОАК Раёсатининг қарорига асосан тикланиши мумкин.


80. Кенгашнинг фан доктори илмий даражасидан маҳрум этиш ёки маҳрум этмаслик ёхуд уни тиклаш бўйича хулосаси ОАК эксперт кенгаши томонидан кўриб чиқилади.


81. ОАК эксперт кенгашининг тегишли қарори ОАК Раёсати томонидан кўриб чиқилади ва ОАК Раёсати шахсни фан доктори илмий даражасидан маҳрум этиш ёки маҳрум этмаслик ёхуд уни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилади.



XV БОБ. АПЕЛЛЯЦИЯНИ КЎРИБ ЧИҚИШ


82. Манфаатдор шахслар Кенгашнинг фан доктори илмий даражасини бериш ёки беришни рад қилиш тўғрисидаги қарори юзасидан Кенгашга ёки ОАКга апелляция бериши мумкин.

Манфаатдор шахслар фан доктори илмий даражасини бериш ёки беришни рад қилиш, хорижий давлатлар олий аттестация органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳамда Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб ва ишлаб турган хорижий фуқароларга берилган илмий даражалар ҳақидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентлигини қайд этиш) масалаларининг ОАКда кўриб чиқилиши юзасидан ОАКга апелляция бериши мумкин.

Апелляция тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан икки ой ичида берилади.


83. Апелляция "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунида белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

84. Апелляция қуйидаги ҳолларда қабул қилинмайди:

мазкур Низомнинг 82-бандида белгиланган муддат ўтганда;

апелляция айнан бир масала бўйича такроран берилганда.


85. Кенгаш томонидан апелляция Кенгаш фаолиятини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига асосан белгиланган тартибда кўриб чиқилади.


86. ОАК Раёсати қарори юзасидан берилган апелляция, шунингдек Кенгаш қарори юзасидан берилган апелляция бўйича Кенгаш хулосаси ОАК Тартиб-қоида комиссияси томонидан кўриб чиқилади. ОАК Тартиб-қоида комиссияси апелляцияни кўриб чиқишни тегишли эксперт кенгашига топшириши мумкин. Зарур ҳолларда, мазкур масалани кўриб чиқишнинг аввалги босқичларида иштирок этмаган мутахассис-олимлардан иборат Апелляция комиссияси тузилади.


87. ОАК Раёсати томонидан Тартиб-қоида комиссияси, тегишли эксперт кенгаши ёки Апелляция комиссияси хулосаси кўриб чиқилади ва апелляция бўйича якуний қарор қабул қилинади.


88. ОАК Раёсатининг апелляция бўйича қабул қилинган якуний қарори беш иш куни ичида апелляция берган шахсларга, шунингдек Кенгашга юборилади.



XVI БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


89. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Фанлар академияси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 1 апрель, 13-сон, 167-модда


































Время: 0.2113
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск