ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Ёнғин хавфсизлиги. Ёнғинга қарши тадбирлар /

Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 28.03.2013 й. 89-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2013 йил 28 мартдаги

89-сон қарорига

3-ИЛОВА


Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарини ташкил

этиш ва уларнинг фаолияти тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18-моддасига мувофиқ ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти тартибини белгилайди.


2. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари - болаларга ёнғин хавфсизлиги чора-тадбирларини қўллашни ўргатиш, уларни касбга йўналтириш, ёнғинга қарши тарғиботни ҳамда ёнғинларнинг олдини олишга ва ўқувчиларда ёнғин чоғида тўғри ҳаракат қила билиш кўникмалари ва маҳоратини мустаҳкамлашга йўналтирилган бошқа вазифаларни амалга ошириш мақсадида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ташкил этиладиган ўқувчиларнинг ихтиёрий бирлашмаларидир.


3. Қуйидагилар ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарининг асосий вазифалари ҳисобланади:

ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллашда катта ёшдагиларга амалий ёрдам кўрсатиш;

ёнғин ўчириш ишининг асосларини эгаллаш, ёнғинларнинг олдини олиш амалий билим ва кўникмаларини ҳамда ёнғин чоғида тўғри ҳаракат қилиш, шунингдек ёнғиндан жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш маҳоратларини ошириш;

ёнғин ўчириш-амалий спорти бўйича спортчилар захирасини тайёрлаш.


4. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими органлари, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати (кейинги ўринларда ДЁХХ деб аталади) ва тегишли жамоат бирлашмалари ёрдамида умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқувчилардан ташкил этилади.


5. Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг маъмурияти тегишли жамоат бирлашмалари ва ДЁХХ ёрдамида ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари билан ишлаш учун ўқитувчилар, шунингдек ДЁХХ ходимлари (хизматчилари) таркибидан жамоатчи ташкилотчини танлайди ва тасдиқлайди.

Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари билан ишлаш учун жамоатчи ташкилотчиларни тайёрлаш тегишли жамоат бирлашмалари, ёнғин-техника марказлари, педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш институтлари негизида амалга оширилади.



II. ЁШ ЁНҒИН ЎЧИРУВЧИЛАР ДРУЖИНАЛАРИ

БИЛАН ИШЛАШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ


6. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари билан ишлаш қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади:

ёнғин хавфсизлиги қоидаларини ва ёнғин содир бўлгандаги хатти-ҳаракатларга ўргатиш, бирламчи ёнғин ўчириш воситалари ва ёнғин ўчириш техникаси, ёнғин-техника ускуналари, автоматик ёнғин ўчириш, ёнғин сигнализацияси ва хабар бериш тизимлари билан таништириш;

оммавий ахборот воситалари, радио тармоқларидан фойдаланиш, махсус адабиёт ва реклама маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш йўли билан, деворий газеталар, тематик кўргазмалар, кўриклар ва конференциялар ташкил этиш орқали болалар шўхлиги оқибатида содир бўладиган ёнғинларнинг олдини олиш бўйича оммавий-тушунтириш ишларига жалб этиш;

ёнғин ўчириш-амалий спорти машғулотлари ва мусобақалари, ёнғинга қарши кураш бўйича танловлар, викториналар, слётлар, экскурсиялар, саёҳатларни ташкил этиш ва ўтказиш;

ёнғин хавфсизлиги қисмларига, тегишли жамоат бирлашмаларига, ёнғин-техник таълим муассасаларига, кўргазмаларга бориш, ёнғиндан сақлаш хизматининг тарихи ва фидокорлари тўғрисида янги материалларни тўплаш, ёнғиндан сақлаш хизматининг хизмат кўрсатган ходимлари ҳамда фахрийлари, ёнғин ўчириш-амалий спорти чемпионлари ва усталари билан учрашувлар уюштириш;

болалар техника ижодиётини ривожлантириш, ёнғин-техник моделлаштириш тўгаракларини ташкил этиш.



III. ЁШ ЁНҒИН ЎЧИРУВЧИЛАР ДРУЖИНАЛАРИ

АЪЗОЛИГИГА ҚАБУЛ ҚИЛИШ ТАРТИБИ


7. Умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг 12 ёшга тўлган ва ундан катта бўлган, дружиналарнинг ишида фаол қатнашиш истагини билдирган ўқувчилар ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари аъзолари бўлишлари мумкин.


8. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружинаси аъзолигига ёзма ариза, умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг Ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти илтимосномаси асосида дружинанинг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Ёш ёнғин ўчирувчилар дружинаси аъзолигига тегишли ваколатли органлар томонидан тасдиқланган ва Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги чораларини қўллаш бўйича махсус дастурларни "яхши" ёки "аъло" даражада ўзлаштирган ўқувчилар қабул қилинади.

Ёш ёнғин ўчирувчилар дружинаси аъзолигига янги қабул қилинганларга тантанали равишда ёш ёнғин ўчирувчилар дружинаси аъзосининг значоги топширилади.

Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари значоги намунаси ва ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарининг рамзи халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими органлари, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати, тегишли жамоат бирлашмалари иштирокида ишлаб чиқилади ва қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тасдиқланади.



IV. ЁШ ЁНҒИН ЎЧИРУВЧИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

ВА ҲУҚУҚЛАРИ


9. Ёш ёнғин ўчирувчи қуйидагиларга мажбур:

ёш ёнғин ўчирувчи обрўси ва номини қадрлаш, дружина ишларида фаол қатнашиш, дружина командири топшириқларини ўз вақтида ва аниқ бажариш;

ёнғин хавфсизлиги чораларини ўрганиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилишда атрофдагиларга ўрнак бўлиш;

тенгдошлари ва кичик ёшдаги болалар ўртасида ёнғинларнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб бориш;

Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ходимлари (хизматчилари) ва тегишли жамоат бирлашмалари ходимлари раҳбарлигида мактабгача таълим муассасаларида ва умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида, шунингдек маҳаллий аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб боришда иштирок этиш;

ўз спорт маҳоратини ошириш, ёнғин ўчириш-амалий спорти ва спортнинг бошқа турлари билан шуғулланиш.


10. Ёш ёнғин ўчирувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

дружина фаолиятига оид барча масалаларни муҳокама қилишда қатнашиш ва тегишли таклифлар киритиш;

ёнғин хавфсизлиги масалалари бўйича Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва тегишли жамоат бирлашмаларига ёрдам ва маслаҳат сўраб мурожаат қилиш;

дружинадаги фаол иши учун тегишли жамоат бирлашмалари, халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими органлари, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати, Ёшлар иттифоқи томонидан ёрлиқлар, кўкрак нишонлари, қимматли совғалар билан тақдирланиш, ёш ёнғин ўчирувчиларнинг ва "Камалак" болалар ташкилоти слётларига делегат этиб сайланиш;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ёнғин-техник таълим муассасаларига ва ёнғин хавфсизлиги мутахассисларини тайёрловчи бошқа таълим муассасаларига ўқишга юборилиш;

ёнғинни ўчириш, одам ҳаёти ва фуқароларнинг мулкини қутқариб қолишдаги жасоратли ҳамда қатъий ҳаракатлари учун белгиланган тартибда давлат мукофотлари билан тақдирланишга тавсия этилиш.



V. ЁШ ЁНҒИН ЎЧИРУВЧИЛАР ДРУЖИНАЛАРИ

ФАОЛИЯТИГА РАҲБАРЛИК ҚИЛИШ


11. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари фаолиятига кундалик раҳбарлик умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг педагоглар кенгаши томонидан амалга оширилади. Педагоглар кенгаши дружинанинг командирини, унинг ўринбосарларини сайлайди.


12. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари фаолиятига ташкилий ва услубий раҳбарлик қилиш учун ёш ёнғин ўчирувчиларнинг республика ва ҳудудий штаблари ташкил этилади. Штаблар таркибига халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими органлари, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати, тегишли жамоат бирлашмалари ва Ёшлар иттифоқи ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари киритилади.

13. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарининг штаб бошлиғи, унинг ўринбосарлари, котиби ва штаб аъзолари халқ таълими, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими органларининг, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати, тегишли жамоат бирлашмаларининг, Ёшлар иттифоқи ҳамда штаблар таркибига вакиллари киритилган бошқа ташкилотларнинг протокол қарори билан тасдиқланади.

14. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарининг ҳудудий штаби:

умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари, тўгараклари, ёнғин ўчириш-амалий спорти секциялари ташкил этишда ва уларнинг фаолият кўрсатишида ёрдам беради, дружиналар фаолиятини мувофиқлаштиради, ижобий иш тажрибаларни умумлаштиради ва тарқатади, дружиналарга топшириқлар беради ҳамда уларнинг иш режаларини мувофиқлаштиради, ёнғинларнинг олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

дружиналар, жамоатчи ташкилотчиларнинг ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари билан ишлаш бўйича ҳисоботларини эшитади, дружиналар аъзоларини рағбатлантиришга доир материалларни кўриб чиқади, спорт мусобақалари, викториналар, танловлар ва шу кабиларнинг дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади;

спорт тадбирларининг тасдиқланган календарь режаларига мувофиқ ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарининг ёнғин ўчириш-амалий спорти бўйича туман (шаҳар), ҳудудий мусобақаларини ташкил этади.


15. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарининг республика штаби ҳудудий штаблар фаолиятига раҳбарлик қилади, ёнғинларнинг олдини олиш ишларининг шакл ва услубларини ривожлантириш ҳамда такомиллаштиришга оид тавсиялар ишлаб чиқади, оммавий тадбирларни ташкил этади, ёш ёнғин ўчирувчилар штаблари ва дружиналарининг энг яхши иш тажрибаларини спорт тадбирларининг тасдиқланган календарь режаларига мувофиқ ўрганади ва тарғиб этади, ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналарининг ёнғин ўчириш-амалий спорти бўйича республика мусобақаларини ташкил этади.



VI. ЁШ ЁНҒИН ЎЧИРУВЧИЛАР ДРУЖИНАЛАРИНИНГ

МОДДИЙ-ТЕХНИКА ТАЪМИНОТИ


16. Ёш ёнғин ўчирувчилар билан олиб бориладиган ишлар (спорт мусобақалари, экскурсиялар, слётлар, викториналар ва шу кабилар)га, ёнғин-техник кўргазмаларига, ёнғин-техник моделлаштириш тўгаракларига, дружиналар учун значоклар, ёнғин ўчириш-амалий спорти учун спорт снарядлари, адабиётлар, тарғибот ишлари учун мол-мулклар сотиб олишга харажатлар тегишли жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан ушбу мақсадларга ажратиладиган маблағлар ҳисобидан, негизида ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари ташкил этилган умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари кўмагида амалга оширилади.


17. Ёш ёнғин ўчирувчилар дружиналари билан амалий машғулотлар ва ёнғин ўчириш - амалий спорти бўйича машғулотлар ўтказиш учун тегишли жамоат бирлашмалари, Давлат ёнғин хавфсизлиги хизмати ва бошқа манфаатдор ташкилотлар бепул ва пулли тартибда спорт базалари, жиҳозлар тақдим этадилар, мутахассислар, шунингдек ёнғин ўчириш техникаси, асбоб-ускуналар ҳамда анжомлар ажратадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 8 апрель, 14-сон, 178-модда


"Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами",

2013 йил, 3-сон, 21-модда

























Время: 0.1390
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск