Внимание!

NB! Мазкур Конун ЎзР 19.01.2024 й. ЎРК-900-сон Конунига мувофик 2024 йил июль ойида ўз кучини йўкотади.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш /

Ўзбекистон Республикасининг 19.08.1999 й. 818-I-сон "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги Қонуни (Янги таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

19.08.1999 й.

N 818-I



ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ ТЎҒРИСИДА

(Янги таҳрири)


1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза этилишини, уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки, шунингдек атроф-муҳит ҳимоя қилинишини таъминлашдан иборатдир.



2-модда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик

Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилик ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчилигида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


3-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


йўл - транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қурилган ёки мослаштирилган ва фойдаланиладиган ер полосаси ёхуд сунъий иншоот юзаси. Йўл автомобиль йўлларини, шаҳар электр транспорти йўлларини ва йўлкаларни ўз ичига олади;


йўл ҳаракати - одамлар ва юкларнинг транспорт воситалари ёрдамида ёки бундай воситаларсиз йўллар доирасида ҳаракатланиши жараёнида юзага келувчи муносабатлар мажмуи;


йўл ҳаракати қатнашчиси - йўл ҳаракати жараёнида транспорт воситасининг ҳайдовчиси, йўловчиси ёки пиёда сифатида бевосита иштирок этаётган шахс;


йўл ҳаракати хавфсизлиги - йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўл-транспорт ҳодисалари ва уларнинг оқибатларидан ҳимояланганлик даражасини акс эттирувчи йўл ҳаракати ҳолати;


йўл-транспорт ҳодисаси - транспорт воситасининг йўлда ҳаракатланиши жараёнида рўй берган, фуқароларнинг ҳалок бўлишига ёки соғлиғига зарар етишига, транспорт воситалари, иншоотлар, юкларнинг шикастланишига ёхуд бошқа моддий зарар етишига сабаб бўлган ҳодиса;


йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш - йўл-транспорт ҳодисалари юзага келиши сабабларининг олдини олишга, бундай ҳодисалар оқибатларининг оғирлигини камайтиришга қаратилган фаолият;


йўл ҳаракатини ташкил этиш - йўлларда ҳаракатни бошқариш бўйича ҳуқуқий, ташкилий-техникавий тадбирлар ва бошқарув ҳаракатлари мажмуи;


транспорт воситаси - одамларни, юкларни ташишга ёки махсус ишларни бажаришга мўлжалланган қурилма;


транспорт воситасининг эгаси - транспорт воситасига мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида эгалик қилувчи юридик ёки жисмоний шахс.



4-модда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини

таъминлашнинг асосий принциплари

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи муҳофазасининг, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек атроф-муҳит ҳимоясининг устуворлиги;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларнинг устуворлиги;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича фаолиятнинг тизимлилиги.



5-модда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш

соҳасидаги давлат бошқаруви

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва махсус ваколатли давлат органлари томонидан амалга оширилади.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларига қуйидагилар киради:

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги;

Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилоти;

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастурларини тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилиши устидан назорат олиб боради;

Йўл ҳаракати қоидаларини ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл ҳаракатини ташкил этиш масалаларига доир бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлайди;

вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, шунингдек экологик хавфсизлик талабларига риоя этиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

транспорт воситалари ва йўлларнинг техник ҳолатига, йўлларда ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларида йўл ҳаракати хавфсизлигига доир ягона талабларни белгилайди;

транспорт воситаларининг ҳайдовчиларини (бундан буён матнда ҳайдовчилар деб юритилади) тайёрлашга, шунингдек аҳолига йўлларда юриш-туриш хавфсизлиги қоидаларини ўргатишга доир умумий талабларни белгилайди;

ҳайдовчиларни, транспорт воситаларини, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишини, йўл-транспорт ҳодисаларини ва бошқа кўрсаткичларни ҳисобга олишнинг ягона тизимини тасдиқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш

соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастурларини амалга оширади;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича ҳудудий дастурларни тасдиқлайди ва уларнинг амалга оширилиши устидан назорат олиб боради;

йўл ҳаракати хавфсизлиги тиббий жиҳатдан таъминланишини, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этади;

йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, аҳолига йўлларда юриш-туриш хавфсизлиги қоидаларини ўргатиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини тарғиб қилиш ҳамда экологик хавфсизлик талабларига риоя этиш бўйича чора-тадбирларни кўради;

шаҳарлардаги, шаҳарчалар ва қишлоқ аҳоли пунктларидаги кўчаларнинг, йўлкаларнинг ҳамда йўл ҳаракатини тартибга солиш воситаларининг, шунингдек шаҳар электр транспорти йўлларининг жиҳозланиши ва соз ҳолатда сақланишини таъминлайди.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


8-модда. Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти

агентлигининг йўл ҳаракати хавфсизлигини

таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

автомобилларда ташиш хавфсизлиги соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

автомобиль транспортида йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.

Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


9-модда. Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш

ташкилотининг йўл ҳаракати хавфсизлигини

таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилоти:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлашда йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

ўзига қарашли автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши учун бу йўлларнинг соз ҳолатда сақланишини таъминлайди;

йўл ҳаракати қатнашчиларини йўл қопламасининг ҳолати, гидрометеорологик ва бошқа шароитлар тўғрисидаги зарур ахборот билан таъминлайди;

автомобиль йўлларида йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари, тезкор алоқа тизими қурилишини ва мазкур йўлларнинг ушбу воситалар ва тизим билан жиҳозланишини амалга оширади ҳамда уларнинг сақланишини таъминлайди;

автомобиль йўлларининг ҳаракатланиш учун хавфли участкаларини аниқлайди ва бу участкаларда йўл ҳаракатини ташкил этишни такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларни кўради;

оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли ва махсус юкларни ташувчи транспорт воситаларининг қатнов йўналишларини белгилашда иштирок этади, шунингдек йўл сервиси объектларини жойлаштиришга розилик беради.

Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш ташкилоти қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


10-модда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг йўл

ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш

соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати:

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади;

йўл ҳаракати қатнашчиларининг ушбу Қонунга, Йўл ҳаракати қоидаларига ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга оид қисмига риоя этиши устидан назоратни амалга оширади;

оғир вазнли, йирик габаритли, хавфли ва махсус юкларни ташувчи транспорт воситаларининг қатнов йўналишларини белгилашда иштирок этади;

автомобиль йўлларини, йўл иншоотларини, темир йўл кесишмаларини, автомобиль йўллари ва кўчалари бўйида жойлашган АЁҚС, АГТКС ҳамда АГҚС (автомобилларга бензин қуйиш, газ тўлдириш ва газ қуйиш) станцияларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш лойиҳаларига розилик беради;

фойдаланишдаги транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни амалга оширади, транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ўтказади;

йўлларнинг ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларининг сақланиши, уларнинг йўл ҳаракатини тартибга солиш воситалари билан жиҳозланиши устидан назоратни амалга оширади;

йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлмаган йўллардан ва темир йўлларни кесиб ўтиш жойларидан фойдаланишни тақиқлайди;

транспорт воситаларининг, йўл ҳаракати қоидалари бузилишининг ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларининг ҳисобини ва рўйхатини юритади;

транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномалар беради;

қонунчиликка мувофиқ ўзининг ваколат доирасига киритилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.


11-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг

ва нодавлат нотижорат ташкилотларнинг йўл ҳаракати

хавфсизлигини таъминлаш бўйича тадбирларни

амалга оширишдаги иштироки

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар:

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, махсус ваколатли давлат органларига йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги тадбирларни амалга ошириш ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва норматив ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритишга;

йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш бўйича тадбирларда иштирок этишга;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги қарорлар ишлаб чиқилишида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этишга ҳақли.


12-модда. Транспорт воситалари эгаларининг

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш

борасидаги мажбуриятлари

Транспорт воситаларининг эгалари:

техник жиҳатдан соз транспорт воситаларидан фойдаланиши;

транспорт воситаларини тегишли малакага эга бўлган ва тиббий кўрикдан ўтган шахслар бошқаришига ижозат бериши;

ўз фуқаролик жавобгарлигини қонунчиликка мувофиқ мажбурий суғурта қилиши;

йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка ва экологик хавфсизлик талабларига риоя этиши шарт.


13-модда. Йўлларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция

қилишга, таъмирлаш ва сақлашга доир талаблар

Йўлларни лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва сақлаш йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширилиши керак. Қурилган ва реконструкция қилинган йўлларнинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли органлар томонидан аниқланади.

Лойиҳалаш босқичида йўлларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги учун жавобгарлик лойиҳани бажарувчининг, қуриш ва реконструкция қилиш босқичларида эса ишларни бажарувчининг зиммасига юклатилади.

Йўлларни таъмирлаш ва сақлашда уларнинг ҳолати йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлигини таъминлаш бўйича мажбурият йўллар қайси юридик ва жисмоний шахслар тасарруфида бўлса, шу юридик ва жисмоний шахслар зиммасига юклатилади.

Тасарруфида йўллар бўлган юридик ва жисмоний шахслар ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармаганлиги оқибатида йўл шароитлари туфайли йўл ҳаракати қатнашчиларига ва транспорт воситасига етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда мазкур шахслар томонидан қопланиши керак.


14-модда. Йўлларда сервис объектларини қуриш

Тасарруфида йўллар бўлган юридик ва жисмоний шахслар назарда тутилган сервис объектларини лойиҳалаш нормаларига, қурилиш режаларига ва ушбу объектларни жойлаштиришнинг бош схемаларига мувофиқ бу йўлларда мазкур объектларни қуриш чора-тадбирларини кўради, йўл ҳаракати қатнашчиларининг эҳтиёжларини қаноатлантириш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида сервис объектларининг ишини ташкил этади, йўл ҳаракати қатнашчиларига бундай объектларнинг мавжудлиги ҳамда энг яқин соғлиқни сақлаш ва алоқа муассасаларининг жойлашуви ҳақида, шунингдек йўлларнинг тегишли участкаларидаги хавфсиз ҳаракатланиш шароитлари тўғрисида ахборот беради.



15-модда. Йўлларда ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлаш

Йўлларда ҳаракатланишни чеклаш ёки тақиқлашга қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда йўл қўйилади.


16-модда. Транспорт воситаларига, улар конструкцияларининг

таркибий қисмларига, эҳтиёт қисмларга ва анжомларга

доир талаблар

Транспорт воситалари, улар конструкцияларининг таркибий қисмлари, эҳтиёт қисмлар ва анжомлар йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши ҳамда қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда албатта сертификатлаштирилиши керак.


17-модда. Транспорт воситаларининг техник

ҳолатига ва ускуналарига доир талаблар

Йўл ҳаракатида фойдаланиладиган транспорт воситаларининг техник ҳолати ва ускуналари йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фойдаланишда бўлган ва белгиланган тартибда рўйхатга олинган транспорт воситалари мажбурий техник кўрикдан ўтказилиши керак.

Транспорт воситаларининг мажбурий техник кўригини ўтказиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


18-модда. Транспорт воситаларига техник хизмат

кўрсатиш ва уларни таъмирлашга оид талаблар

Транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлиши керак.

Транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш бўйича ишларни бажараётган ҳамда хизматлар кўрсатаётган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар бу ишларни (хизматларни) йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ амалга оширади.



19-модда. Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш

Йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи техник носозликлар мавжуд бўлганда транспорт воситаларидан фойдаланиш тақиқланади.

Транспорт воситаларининг техник носозликлари рўйхати ва бундай носозликлар мавжуд бўлганда улардан фойдаланишни тақиқлайдиган шартлар Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланади.

Транспорт воситаларидан фойдаланишни тақиқлаш Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг бунга ваколатли мансабдор шахслари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


20-модда. Фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш

билан боғлиқ бўлган юридик шахсларга қўйиладиган

асосий талаблар

Фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахслар:

ҳайдовчиларнинг ишини йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминловчи талабларга мувофиқ ташкил этади;

ҳайдовчиларнинг қонунчиликда белгиланган меҳнат қилиш ва дам олиш тартибига риоя этади;

ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш учун зарур шароитлар яратади;

йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солувчи техник носозликлар мавжуд бўлганда транспорт воситаларидан фойдаланишга йўл қўймайди;

ўзига тегишли транспорт воситалари иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаларининг ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишларининг сабабларини таҳлил қилади ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни кўради;

соғлиқни сақлаш муассасалари ходимларини жалб этган ҳолда ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикларини, ҳайдовчиларнинг йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланганларга биринчи ёрдам кўрсатиш бўйича кўникмаларини такомиллаштиришга доир тадбирларни ташкил этади ва ўтказади;

фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш бўйича қонунчиликда белгиланган мажбуриятнинг бажарилишини таъминлайди;

транспорт воситаларининг бут сақланишини таъминлайди.

Автомобиль транспортида ёки ер усти шаҳар электр транспортида йўловчилар, багаж ва юк ташиш фаолиятини амалга ошираётган юридик шахслар йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ, ташишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳайдовчиларга нисбатан қўшимча талаблар қўйиши мумкин.

Юридик шахслар транспорт воситаларининг сонига боғлиқ ҳолда йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича хизматларни ташкил этади ёки лавозимлар жорий этади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимларининг сонини аниқлаш нормативлари қонунчиликда белгиланади.

Юридик шахслар томонидан ўтказиладиган йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир тадбирларни молиялаштириш иш берувчининг маблағлари ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.


21-модда. Фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш

билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг ходимларини

ўқитиш, мазкур ходимлар малакасини ошириш, уларга

йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларнинг билимларини текшириш

Фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг ходимларини йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари бўйича ўқитиш, мазкур ходимлар малакасини ошириш, уларга йўл-йўриқ кўрсатиш ва уларнинг билимларини текшириш иш берувчи томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Иш берувчи ҳайдовчиларга йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича: ишга қабул қилишда (дастлабки), рейс олдидан (рейс олди), махсус, мавсумий ва қўшимча (навбатдан ташқари) йўл-йўриқлар кўрсатилишини таъминлаши шарт.

Фаолияти транспорт воситаларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган юридик шахсларнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги томонидан тасдиқланган махсус дастурлар бўйича вақти-вақти билан, уч йилда камида бир марта ўз малакасини ошириб, малака имтиҳони топшириши керак.



22-модда. Меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган

ҳайдовчиларнинг ҳуқуқлари

Меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

иш берувчидан ҳаракат йўналиши, ташиладиган юк, ўз ҳаёти ва соғлиғига нисбатан мавжуд бўлган таҳдид тўғрисида, шунингдек ташишни амалга ошириш чоғида зарарли ва (ёки) хавфли омиллар таъсиридан ўзининг ҳимоя қилинишига доир чора-тадбирлар ҳақида ишончли ахборот олиш;

белгиланган талабларга мувофиқ шахсий ҳимоя воситалари, махсус кийим-бош билан таъминланиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича шароитларни яхшилаш билан боғлиқ бўлган масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш;

ўз ҳаёти ва соғлиғига таҳдид соладиган вазият юзага келганда бевосита раҳбарни ёки иш берувчининг бошқа вакилини бу ҳақда хабардор қилган ҳолда ташишни бажаришни рад этиш;

йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида малакасини ошириш ва касбий қайта тайёргарликдан ўтиш;

меҳнат вазифаларини бажариши чоғида ўз соғлиғига етказилган зарарнинг ўрни қопланиши;

иш берувчининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳуқуққа хилоф қарорлари ва ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш.

Меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган ҳайдовчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


23-модда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини

тиббий жиҳатдан таъминлаш

Йўл ҳаракати хавфсизлигини тиббий жиҳатдан таъминлаш ҳайдовчиларни мажбурий равишда дастлабки ва даврий тиббий кўриклардан, шу жумладан, рейс олдидан тиббий кўриклардан ўтказиш, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш, йўл ҳаракати қатнашчиларига, ички ишлар органларининг, бошқа ихтисослаштирилган бўлинмаларнинг мансабдор шахсларига ва аҳолига йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатиш усулларини вақти-вақти билан ўргатиш орқали амалга оширилади.

Йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойнинг ўзида тиббиёт ходимлари етиб келгунига қадар ёрдам кўрсатишдан, шунингдек йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган жойнинг ўзида, даволаш-профилактика муассасасига олиб борилаётганда ва даволаш-профилактика муассасасида малакали тиббий ёрдам кўрсатишдан иборат.

Тиббий кўрикларни ўтказиш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларида жабрланган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатилишини ташкил этиш тартиби, шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш учун транспорт воситасининг салонида туриши шарт бўлган зарур тиббий ашёлар рўйхати, шунингдек транспорт воситаларини бошқаришни тақиқловчи, тиббий кўрсатмаларга зид ҳолатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланади.


24-модда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этиш

Йўл ҳаракати хавфсизлигини ташкил этиш қўлланилиши йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган ҳамда йўл ҳаракатини ташкил этиш лойиҳалари ва схемаларида назарда тутилган тартибга солишнинг техник воситаларидан ҳамда уларнинг конструкцияларидан комплекс фойдаланиш асосида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларидаги йўл ҳаракатининг ягона тартиби Йўл ҳаракати қоидаларида белгиланади. Ўзбекистон Республикаси йўлларида транспорт воситаларининг ўнг томонлама ҳаракатланиши белгиланади.

Йўл ҳаракатининг ташкил этилишини йўлларнинг ўтказувчанлик қобилиятини ошириш ёки бошқа мақсадлар учун йўл ҳаракати хавфсизлиги даражасини пасайтириш ҳисобига ўзгартиришга йўл қўйилмайди.



25-модда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолатининг

асосий кўрсаткичларини шакллантириш, ҳисобини

юритиш ва улардан фойдаланиш

Йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолатининг асосий кўрсаткичларини шакллантириш, ҳисобини юритиш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



26-модда. Йўл ҳаракати қатнашчиларининг

ҳуқуқ ва мажбуриятлари

Йўл ҳаракати қатнашчиларининг йўлларда ҳаракатланишнинг хавфсиз шароитларига бўлган ҳуқуқлари давлат томонидан кафолатланади.

Йўл ҳаракати қатнашчиларининг ўз ҳуқуқларини амалга ошириши йўл ҳаракати бошқа қатнашчиларининг ҳуқуқларини чекламаслиги ёки бузмаслиги керак.

Йўл ҳаракати қатнашчилари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Йўл ҳаракати қоидаларига мувофиқ йўлларда эркин ва монеликсиз ҳаракатланиш;

қонунчиликда назарда тутилган ўз ҳуқуқларининг чекланиши ёки бузилиши сабаблари тўғрисида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органларининг мансабдор шахсларидан тушунтиришлар олиш;

ҳаракатланишнинг хавфсиз шароитлари тўғрисида, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ маҳсулотлар ва хизматларнинг сифати ҳақида тўлиқ ҳамда ишончли ахборот олиш;

йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда қонунчиликка мувофиқ зиммасига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув ишлари олиб бориш ва бошқа шошилинч ёрдам кўрсатиш мажбурияти юклатилган ташкилотлар ва мансабдор шахслардан шундай ёрдамлар олиш;

йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида улар тан жароҳати олган, транспорт воситаси ва юк шикастланган ҳолларда қонунчиликда белгиланган тартибда зарарнинг ўрни қопланиши, шунингдек маънавий зиён учун компенсация олиш;

махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунга хилоф қарорлари, шунингдек улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

йўл белгиларини, чизиқларини, светофорларни ўзгартириш ва ўрнатиш юзасидан, йўл қопламасининг ҳолати ҳақидаги таклифлар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир бошқа таклифлар билан тегишли органларга мурожаат этиш.

Йўл ҳаракати қатнашчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Йўл ҳаракати қатнашчиларининг мажбуриятлари қуйидагилардан иборат:

ушбу Қонун, Йўл ҳаракати қоидалари талабларига ва йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этиш;

йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари мансабдор шахсларининг қонуний талабларини бажариш.

Йўл ҳаракати қатнашчиларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


27-модда. Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи

Қуйидагиларни:

мотоцикллар, мотороллерларни ва бошқа мототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи - ўн олти ёшга тўлган шахсларга берилади;

рухсат этилган энг кўп оғирлиги 3500 килограммдан ҳамда ўриндиқлар сони ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари саккизтадан ошмайдиган автомобилларни бошқариш ҳуқуқи, такси бундан мустасно - ўн саккиз ёшга тўлган шахсларга берилади;

рухсат этилган энг кўп оғирлиги 3500 килограммдан ошадиган юк автомобилларини бошқариш ҳуқуқи - ўн саккиз ёшга тўлган шахсларга берилади;

такси тариқасида фойдаланиладиган автомобилларни, шунингдек йўловчилар ташиш учун мўлжалланган ва ҳайдовчининг ўриндиғидан ташқари саккизтадан ортиқ ўриндиғи бўлган автомобилларни, трамвайлар ва троллейбусларни бошқариш ҳуқуқи - йигирма бир ёшга тўлган шахсларга берилади;

транспорт воситалари составларини бошқариш ҳуқуқи - ушбу қисмнинг учинчи, тўртинчи ва бешинчи хатбошиларида кўрсатилган транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга транспорт воситаларини бошқариш стажи ўн икки ойдан кам бўлмаган тақдирда берилади.

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи тиббий текширувдан ўтган ва малака имтиҳонларини топширган шахсларга бериладиган, белгиланган намунадаги гувоҳнома билан тасдиқланади.

Малака имтиҳонларини топшириш ва транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи гувоҳномани бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида белгиланган талабларга мос келадиган миллий ва халқаро ҳайдовчилик гувоҳномалари амал қилади.



28-модда. Ҳайдовчиларни тайёрлашга доир талаблар

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини олиш учун малака имтиҳонларини топширишга тегишли тоифадаги ҳайдовчилар тайёрлашнинг ўқув режалари ва дастурларида назарда тутилган ҳажмда тегишли тайёргарликдан ўтган шахслар қўйилади.

Тегишли тоифалардаги ҳайдовчиларни тайёрлашнинг ягона дастурлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.


29-модда. Транспорт воситаларини бошқариш

ҳуқуқининг бекор қилиниши

Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқи қуйидаги ҳолларда бекор қилинади:

ҳайдовчининг соғлиғи транспорт воситасини хавфсиз бошқаришга монелик қиладиган тарзда ёмонлашганлиги тиббий хулоса билан тасдиқланганда;

ҳайдовчи содир этилган ҳуқуқбузарлик учун транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилганда. Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан жавобгарлик чораси сифатида маҳрум этишга сабаб бўладиган ҳуқуқбузарликларнинг турлари қонунчиликда белгиланади. Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этиш суд томонидан қўлланилади.


30-модда. Низоларни ҳал этиш

Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал этилади.



31-модда. Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги

қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


"Халқ сўзи", 2013 йил 11 апрель


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 15 апрель, 15-сон, 197-модда







































Время: 0.1407
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск