язык интерфейса

Внимание! Документ утратил силу.

Смотрите подробности в начале документа.


ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа/ Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар/ Оммавий ахборот воситалари/ Ўзбекистон Республикасининг 26.12.1997 й. 541-I-сон "Оммавий ахборот воситалари тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

26.12.1997 й.

N 541-I



ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ

ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


1-модда. Оммавий ахборот воситалари


Газеталар, журналлар, ахборотномалар, бюллетенлар, ахборот агентликлари, телевидение (кабелли, эфир-кабелли телевидение) ва радиоэшиттиришлар, ҳужжатли кино, электрон ахборот тизими, шунингдек, доимий номга эга бўлган, давлат тасарруфидаги, мустақил ва бошқа оммавий даврий нашрлар оммавий ахборот воситаларидир.

Оммавий ахборот воситалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда иловалар нашр этиши мумкин.



2-модда. Оммавий ахборот воситалари эркинлиги


Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари эркин бўлиб, улар Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, ушбу Қонунга ва бошқа қонун ҳужжатларига мувофиқ фаолият кўрсатади.

Оммавий ахборот воситалари ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқидан фойдаланадилар ҳамда ўзлари эълон қилаётган ахборотнинг тўғрилиги ва ҳаққонийлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.



3-модда. Сўз эркинлиги


Ҳар ким оммавий ахборот воситаларида чиқиш, ўз фикри ва эътиқодини ошкора баён этиш ҳуқуқига эгадир.



4-модда. Цензурага йўл қўйилмаслиги


Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситаларини цензура қилишга йўл қўйилмайди. Эълон қилинаётган хабарлар ёки материаллар олдиндан келишиб олинишини, шунингдек, уларнинг матни ўзгартирилишини ёки бутунлай нашрдан олиб қолинишини (эфирга берилмаслигини) талаб қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.



4-1-модда. Монополлаштиришга йўл қўйилмаслиги

Оммавий ахборот воситаларининг ишлаб чиқарилиши ҳамда тарқатилиши соҳасида монополлаштиришга ва инсофсиз рақобатга йўл қўйилмайди.

Биронта ҳам юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситаларининг тегишли марказий ёки маҳаллий бозорига чиқариладиган оммавий ахборот воситаларининг йигирма беш фоизидан ортиғига муассис (ҳаммуассис) бўлишга ва (ёки) уларни шунча миқдорда ўз мулкида, эгалигида, фойдаланишида, тасарруфида, юритувида ёхуд бошқарувида (бевосита ёки аффилланган шахслар орқали) сақлашга ҳақли эмас



5-модда. Оммавий ахборот воситаларининг тили


Ўзбекистон Республикасида оммавий ахборот воситалари ўз фаолиятини Давлат тили ҳақидаги Қонунга мувофиқ амалга оширади.



6-модда. Оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда

суиистеъмолларга йўл қўйилмаслиги


Оммавий ахборот воситаларидан Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилиш, уруш ва зўравонликни, шафқатсизликни, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этиш, давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган ўзга сирни ошкор этиш, жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа хатти-ҳаракатларни содир қилиш мақсадида фойдаланилишига йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади.

Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг ҳал қилув қарори ёхуд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёки судга ўзгача йўл билан таъсир кўрсатиш, номини кўрсатмаслик шарти билан маълумот берган шахснинг номини ошкор қилиш (суд ошкор этишни талаб қиладиган ҳоллар бундан мустасно) тақиқланади.

Ушбу модда талабларини бузганликда айбдор шахслар, шу жумладан муҳаррир (бош муҳаррир), журналист, бошқа шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.


7-модда. Оммавий ахборот воситасининг таҳририяти


Оммавий ахборот воситасининг таҳририяти муассис томонидан тузилади ҳамда ушбу Қонун, бошқа қонун ҳужжатлари, ўз устави (низоми) асосида иш олиб боради.



8-модда. Таҳририят ходими


Таҳририят ходими деганда таҳририят штатида турувчи ва материаллар тўплаш, уларни таҳлил ҳамда таҳрир қилиш, тайёрлаш билан шуғулланувчи шахс тушунилади.



9-модда. Журналистик текширув


Таҳририят ходими мурожаатлардан ёки бошқа манбалардан ўзига маълум бўлган ёхуд ўзи гувоҳ бўлган муайян воқеа, ҳолат юзасидан журналистик текширув ўтказишга, фактларни, гувоҳлик кўрсатмаларини тўплашда аудио ва видео техникадан фойдаланишга ҳақли. Журналистик текширув тергов ва суд жараёнига таъсир ўтказмаслиги керак.

Таҳририят ходими муайян воқеа ёки ҳолатга нисбатан шахсий фикрини оммавий ахборот воситаларида эълон қилишга, агар воқеа ёки ҳолат юзасидан тергов тугамаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори ёки ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг журналистик тахминларини шахсий мулоҳаза тарзида эълон қилишга ҳақлидир.



10-модда. Ахборот манбаини ошкор этмаслик


Оммавий ахборот воситаси хабар, маълумот, факт ёки далиллар тақдим этган манбанинг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг номини уларнинг ёзма розилигисиз ошкор этишга ҳақли эмас.

Оммавий ахборот воситаси ахборот манбаининг ёки тахаллусини қўйган муаллифнинг илтимосига биноан судда унинг номидан иштирок этиши мумкин.



11-модда. Оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқи


Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ҳуқуқига эгадирлар.

Оммавий ахборот воситаси бир неча муассис томонидан ҳам таъсис этилиши мумкин.

Қуйидагилар муассис бўлиши мумкин эмас:

ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;

қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёхуд суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар;

фаолияти қонун билан тақиқланган жамоат бирлашмалари.

Устав фондида чет эл инвестицияларининг улуши ўттиз фоиздан ортиқ бўлган юридик шахсларнинг оммавий ахборот воситаларини ташкил этишига йўл қўйилмайди.


11-1-модда. Таъсис ҳужжатлари

Таъсис шартномаси ва устав (низом) оммавий ахборот воситасининг таъсис ҳужжатлари ҳисобланади.

Бир нечта муассис ўртасида тузиладиган таъсис шартномасида қуйидаги маълумотлар бўлади:

муассисларнинг номи ҳақидаги;

таъсис этилаётган оммавий ахборот воситасининг тури, фаолияти предмети ва мақсади, чиқиш даврийлиги ҳақидаги;

таъсис этилаётган оммавий ахборот воситасининг номи, почта манзили ҳақидаги;

оммавий ахборот воситасининг устав фонди миқдори, молиялаштириш манбалари ва уни ҳосил қилиш тартиби ҳақидаги;

муассисларнинг оммавий ахборот воситаси фаолиятида иштирок этишига доир ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақидаги;

оммавий ахборот воситаси фаолиятини бошқариш тартиби ҳақидаги;

фойдани тақсимлаш тартиби ҳақидаги;

оммавий ахборот воситасини қайта ташкил этиш, тугатиш (оммавий ахборот воситасининг фаолиятини тугатиш) тартиби ҳақидаги;

қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартлар тўғрисидаги.

Агар бир шахс муассис ҳисобланса, у рўйхатга олувчи органга уставини тақдим этади.



11-2 -модда. Муассис билан таҳририят ўртасидаги шартнома

Муассис билан таҳририят ўзаро ҳуқуқлар ва мажбуриятлар, жавобгарлик, низоларни ҳал этиш тартиби ва бошқа шартлар тўғрисида, шунингдек учинчи шахслар билан ўзаро муносабатлари тўғрисида шартнома тузадилар.



11-3-модда. Муассиснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

Муассис қуйидаги ҳуқуқларга эга:

таъсис шартномаси, устав (низом) ва қонун ҳужжатларида, шунингдек у билан таҳририят ўртасида тузилган шартномада белгиланган ваколатлари доирасида оммавий ахборот воситасининг ишларини бошқаришда иштирок этиш;

қўшган мулкий улушига мувофиқ равишда фойда ва зарарлар тақсимотида иштирок этиш;

оммавий ахборот воситасини муассис ёки унинг томонидан кўрсатилган учинчи шахс манфаатларини кўзлаб қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқарувни амалга ошириши лозим бўлган бошқа шахсга (ишончли бошқарувчига) мулкий мажмуи сифатида ишончли бошқарувга топшириш;

оммавий ахборот воситаси муҳарририни (бош муҳарририни), шунингдек таҳрир ҳайъати аъзоларини тайинлаш ва озод қилиш;

энг катта ҳажми ва эълон қилиш муддати таҳририят уставида (низомида) ёки таъсис шартномасида белгиланадиган хабарни ёки реклама тусида бўлмаган материални ўз номидан бепул жойлаштириш;

оммавий ахборот воситаси тугатилган ёки оммавий ахборот воситасининг фаолияти тугатилган тақдирда кредиторлар билан ҳисоб-китоб қилинганидан кейин қолган мол-мулкнинг бир қисмини ёки унинг қийматини қўшган мулкий улушига мувофиқ қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда олиш.

Муассис қуйидагиларни бажариши шарт:

оммавий ахборот воситасининг уставини (низомини) тасдиқлаш;

оммавий ахборот воситаси таҳририяти билан шартнома тузиш;

оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш.

Муассис цензурани амалга оширишга, рецензиядан ўтказишга ёки таҳририятнинг ижодий фаолиятига аралашишга, шунингдек оммавий ахборот воситасининг ишлаб чиқарилиши ва тарқатилиши масалаларига аралашишга ҳақли эмас, таъсис шартномасида ёки уставда (низомда) назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Қонун ҳужжатларига мувофиқ муассис бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



11-4-модда. Муассис ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг тугатилиши

Муассиснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қуйидаги ҳолларда тугатилади:

оммавий ахборот воситаси учинчи шахс фойдасини кўзлаб бошқа шахсга ўтказилганда;

муассис - юридик шахс банкротга учраганда ёки тугатилганда;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотганда;

қасддан содир этган жинояти учун суд ҳукми билан судланганда;

вафот этганда.

Муассиснинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳолларда ҳам тугатилиши мумкин



12-модда. Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш


Таҳририят рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисида гувоҳнома олинганидан кейин фаолият бошлаши мумкин.

Оммавий ахборот воситаларини рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ваколат берган давлат органига белгиланган тартибда муассис томонидан топширилади. Аризага таъсис ҳужжатлари илова қилинади.

Рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза топширилган кундан бошлаб бир ой муддат ичида кўриб чиқилиши шарт.

Оммавий ахборот воситасини чиқаришга киришиш ҳуқуқи гувоҳнома олинган кундан бошлаб олти ой давомида сақланиб туради. Белгиланган муддат ичида оммавий ахборот воситасининг бирорта ҳам сони (дастури) эълон қилинмаган тақдирда рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома ўз кучини йўқотган деб ҳисобланади.


13-модда. Оммавий ахборот воситаларини

рўйхатга олиш тўғрисидаги ариза


Рўйхатга олиш тўғрисидаги аризада оммавий ахборот воситасининг:

1) муассиси (муассислари);

2) номи, қайси тилда (тилларда) эълон қилиниши, манзили;

3) мақсад ва вазифалари;

4) қандай доирадаги ўқувчига (томошабинга, тингловчига) мўлжалланганлиги;

5) даврийлиги, ҳажми, моддий-техника таъминоти ҳамда пул билан таъминланиш манбалари кўрсатилиши керак.

Кўрсатилган маълумотларда ўзгариш бўлса, оммавий ахборот воситаси белгиланган тартибда қайта рўйхатдан ўтказилиши шарт.

Ўзгартишлар жиддий бўлмаган ҳолларда рўйхатга олувчи орган оммавий ахборот воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш шарт эмаслиги  тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин.

Рўйхатга олиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун ҳақ қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартиб ва миқдорларда ундирилади.



14-модда. Ахборотни рўйхатдан ўтказмаган ҳолда тарқатиш


Ўзларининг  норматив ҳужжатлари ёки ўзга  ҳужжатларни расмий нашрларда, ахборотномалар, бюллетенларда чиқарувчи давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, шунингдек ўз фаолиятлари учун  зарур бўлган ахборот материалларини ҳамда ҳужжатларни чиқарувчи корхоналар, муассасалар, ташкилотлар (шу жумладан, ўқув ва илмий  муассасалар) ахборотни рўйхатдан ўтказмаган ҳолда тарқатиш ҳуқуқига эгадирлар.

Оммавий тарқатишга мўлжалланмаган ёки қўлёзма тарзида кўпайтириладиган босма, видео ва аудиовизуал маҳсулотни техникавий воситалар ёрдамида тайёрлаш ишларини, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, рўйхатдан ўтказилиш талаб қилинмайди.



15-модда. Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишни рад этиш


Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш қуйидаги ҳолларда рад этилиши мумкин:

1) оммавий ахборот воситасининг мақсад ва вазифалари Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ҳамда ушбу Қонунга зид бўлса;

2) бундан аввал худди шу номдаги оммавий ахборот воситаси рўйхатга олинган бўлса;

3) ариза суднинг оммавий ахборот воситаси фаолиятини  тугатиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори қонуний кучга кирганига бир йил тўлмай берилган бўлса;

4) оммавий ахборот воситаси муассиснинг ёки муассисларидан бирининг ёхуд ноширнинг манзили  Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарида жойлашган бўлса.

Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олиш рад этилган тақдирда бунга асос бўлган сабаб кўрсатилган ҳолда аризачига ёзма маълумот юборилади.



16-модда. Оммавий ахборот воситасини чиқаришни

ёки нашр этишни тугатиш


Оммавий ахборот воситасини чиқариш ёки нашр этиш муассиснинг ёки суднинг қарори билан тугатилиши (ёки тўхтатилиши) мумкин.

Оммавий ахборот воситаси оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мунтазам риоя этмай келган тақдирда ваколатли орган оммавий ахборот воситасини тугатиш (унинг фаолиятини тугатиш) ҳақида судга мурожаат этишга ҳақли.

Оммавий ахборот воситасини чиқариш ёки нашр этиш муассиснинг ёки оммавий ахборот воситасини рўйхатга олган органнинг ёхуд суднинг қарори билан тугатилиши мумкин.

Муассис оммавий ахборот воситасини чиқаришни ёки нашр этишни тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилган тақдирда муҳаррир (бош муҳаррир) ёки таҳририят ходими ушбу Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ худди шу номда оммавий ахборот воситаси таъсис этиш масаласини қўйиш мумкин. Бундай ҳолларда оммавий ахборот воситасини қайта рўйхатдан ўтказиш талаб этилади.



17-модда. Оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишни

рад этганлик устидан шикоят қилиш тартиби

Давлат органи томонидан оммавий ахборот воситасини рўйхатга олишнинг рад этилиши, устидан оммавий ахборот воситасининг муассиси ёки таҳририяти судга шикоят қилиши мумкин.


18-модда. Оммавий ахборот воситасининг устави (низоми)


Оммавий ахборот воситаси ўз фаолиятини муассис тасдиқлайдиган устав (низом) асосида юритади.

Оммавий ахборот воситасининг устави (низоми) таҳририят ходимлари умумий миқдорининг камида учдан икки қисми иштирокидаги умумий йиғилишида кўпчилик овоз билан қабул қилинади ва муассис томонидан тасдиқланади.

Уставда (низомда) муассис, муҳаррир (бош муҳаррир) ва  таҳририят ходимларининг ваколатлари белгиланади ва оммавий ахборот  воситасининг муассиси, номи, қайси тилда (тилларда) эълон қилиниши, манзили, фаолият тури ва мақсадлари, таҳририят мол-мулки манбаи ҳамда фойдани (даромадни) тақсимлаш тартиби, нашрни қайта ташкил этиш ва тугатиш шартлари кўрсатилади.

Устав (низом) Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига зид келмаслиги керак.



19-модда. Оммавий ахборот воситасининг муҳаррири

(бош муҳаррири) ва таҳрир ҳайъати


Муҳаррир (бош муҳаррир) оммавий ахборот воситаси таҳририяти, таҳрир ҳайъати ишига раҳбарлик қилади, муассис билан муносабатларда оммавий ахборот воситаси номидан иш олиб боради.

Муҳаррирни (бош муҳаррирни) лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш тартиби уставда (низомда) белгилаб қўйилади.

Таҳрир ҳайъати оммавий ахборот воситаси уставида (низомида) назарда тутилган тартибда тузилади. Оммавий ахборот воситасининг муассиси, таҳририяти ва ношири ўртасидаги ишлаб чиқариш, мулкий, молиявий ва бошқа муносабатлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.



20-модда. Оммавий ахборот воситаларида ҳомийлар иштироки


Ўзбекистон Республикасининг юридик ва жисмоний шахслари оммавий ахборот воситаларига ҳомийлик қилиши мумкин. Оммавий ахборот воситалари билан ҳомийлар ўртасидаги муносабатлар қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Ҳомийларнинг оммавий ахборот воситалари ва улар ходимларининг касб фаолиятига аралашуви тақиқланади.



21-модда. Нашрга оид маълумотлар


Даврий нашрнинг ҳар бир сонида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

1) нашрнинг номи;

2) таҳририятнинг манзили;

3) муассис (муассислар)нинг номи;

4) муҳаррирнинг (бош муҳаррирнинг) фамилияси, исми-шарифи;

5) даврий нашрнинг рўйхатга олинган тартиб рақами ҳамда босилиб чиққан санаси, газеталарнинг эса, шунингдек, чоп  этишга рухсат берилиб, имзо қўйилган вақти;

6) алоқа корхоналари орқали тарқатиладиган даврий нашрлар учун индекс рақами;

7) тиражи;

8) босмахонанинг номи ва манзили.

Телевидение, радиоэшиттириш таҳририяти ҳар сафар эфирга чиққанда, узлуксиз эшиттириш чоғида эса, бир кеча-кундузда камида тўрт марта телевидение, радиоэшиттириш таҳририяти номини эълон қилиши шарт.



22-модда. Назорат нусхалари ва тақдим этилиши

шарт бўлган нусхалар


Даврий босма нашрларнинг назорат нусхалари таҳририятга, муассисга ва рўйхатга олувчи органга бепул юборилади.

Даврий босма нашрларнинг тақдим этилиши шарт бўлган нусхалари юбориладиган ташкилотлар ва муассасаларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан белгиланади.



23-модда. Телекўрсатув ва радиоэшиттириш

материалларининг сақланиши


Телевидение, радиоэшиттириш таҳририятлари телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришлар материалларини (плёнкаларни) улар эфирга берилганидан сўнг бир ой давомида сақлаб туришлари, олдиндан ёзиб олмай, тўғридан-тўғри эфирга бериладиган кўрсатувлар ва эшиттиришларни рўйхатга олиш дафтарини юритишлари, уларнинг мавзуи, намойиш этилган (эфирга берилган) куни, бошланган ва тугаган вақти, уларни олиб борган кишининг фамилияси ва исмини қайд этиб боришлари шарт.

Телекўрсатувлар ва радиоэшиттиришларни рўйхатга олиш дафтари унга сўнгги ёзув киритилган кундан бошлаб бир йил давомида сақланади. Тарихий, илмий, маданий ва бошқа йўсиндаги аҳамиятга молик материаллар қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда сақланиши керак.



24-модда. Оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини

тарқатиш тартиби


Оммавий ахборот воситаларининг маҳсулотларини бевосита ноширнинг ва таҳририятнинг ўзи ёки шартнома асосида алоқа корхоналари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар тарқатиши мумкин.

Оммавий ахборот воситасининг ҳар бир алоҳида сонини тарқатишга муҳаррир (бош муҳаррир) уни чоп этишга (эфирга беришга) рухсат этганидан кейингина йўл қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий мамлакатлар оммавий ахборот воситалари маҳсулотларини тарқатиш Ўзбекистон Республикаси тегишли қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалар қоидалари асосида амалга оширилади.



25-модда. Расмий хабарлар, ахборот

ва эълонларни эълон қилиш


Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари томонидан таъсис этилган оммавий ахборот воситалари мазкур органларнинг расмий хабарларини эълон қилишлари шарт.

Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги шошилинч хабарлар ёки давлатнинг ваколатли органлари томонидан омма эътиборига зудлик билан етказиш мақсадида берилган хабарлар барча оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.

Суднинг айнан шу оммавий ахборот воситасида эълон қилиш тўғрисидаги кўрсатмаси бўлган, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини таҳририят кўрсатилган муддатда бепул эълон қилиши шарт.

Бошқа ҳар қандай хабар, ахборот ва эълонлар таҳририят билан ўзаро шартнома тузиш асосида эълон қилинади.



26-модда. Муаллиф материаллари ва хатларидан фойдаланиш


Оммавий ахборот воситаларида тегишли қонун ҳужжатларига асосланган ҳолда журналистика, адабиёт, санъат асарларидан ва илмий асарлардан фойдаланилишига йўл қўйилади.

Таҳририятга келган хатларни эълон қилишга тайёрлаш чоғида мазмунини бузмаган ҳолда уларнинг матнини қисқартириш ва таҳрир этишга йўл қўйилади.

Таҳририят қонуний асосларда рад этган материални оммавий ахборот воситасида мажбуран эълон қилдиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.



27-модда. Раддия бериш ва жавоб қайтариш ҳуқуқи


Юридик ёки жисмоний шахс оммавий ахборот воситасида эълон қилинган, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ва ўзининг шаъни ҳамда қадр-қимматига доғ туширадиган маълумотлар бўйича раддия беришни таҳририятдан талаб қилишга ҳақлидир.

Эълон қилинган материал туфайли ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган юридик ва жисмоний шахслар ўз раддиясини мазкур оммавий ахборот воситаси орқали эълон қилишга ҳақлидир. Раддия ёки жавоб махсус рукнда ёхуд ана шунга сабаб бўлган материал босилган айни ўша саҳифада эълон қилиниши шарт. Раддия ёки жавоб газеталарда улар келган кундан эътиборан бир ой муддат ичида, бошқа даврий нашрларда эса навбатдаги сонда эълон қилинади.

Олинган раддия ёки жавоб радиоэшиттириш ёки телевидение таҳририяти томонидан радиоэшиттириш ёхуд телекўрсатувнинг айни ўша дастури ёки туркумида, келган кунидан эътиборан бир ой муддат ичида эълон қилинади.

Асосли ва доирасидаги жавоб матнини, агар уни эълон қилиш ҳажм ёки вақт нуқтаи назаридан оммавий ахборот воситасининг фаолиятига зарар етказмаса, таҳрир қилишга йўл қўйилмайди.

Оммавий ахборот воситаси раддия ёки жавобни эълон қилишдан бош тортса ёхуд уларни эълон қилиш учун белгилаб қўйилган муддатни бузса, юридик ёки жисмоний шахс даъво билан судга мурожаат қилишга ҳақлидир.



28-модда. Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги

қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик


Оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларини бузишда айбдор деб топилган шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

Муҳаррир (бош муҳаррир), шунингдек, журналист оммавий ахборот воситасида ҳақиқатга тўғри келмайдиган материалларни тарқатганлик учун, агар маълумотлар: расмий хабарлардан олинган бўлса; ахборот агентликлари ёки давлат органларининг матбуот хизмати орқали олинган бўлса ёхуд муаллифнинг олдиндан ёзиб олинмай, тўғридан-тўғри эфирга берилаётган нутқларида айтилган бўлса, жавобгар бўлмайдилар.



29-модда. Чет эл оммавий ахборот воситалари ваколатхоналари

ва вакилларининг Ўзбекистон Республикасидаги фаолияти


Чет эл оммавий ахборот воситалари ваколатхоналари ва вакиллари Ўзбекистон Республикасида фаолиятни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида аккредитациядан ўтганларидан кейин амалга оширадилар.

Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган чет эл оммавий ахборот воситалари ваколатхоналари ва вакилларининг ҳуқуқий мақоми ва касб фаолиятини амалга ошириш шартлари қонун ҳужжатлари билан белгиланади.



30-модда. Халқаро шартномалар


Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                    И. Каримов