Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Жисмоний тарбия ва спорт /

Ўзбекистон Республикасининг 14.01.1992 й. 513-XII-сон "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

14.01.1992 й.

N 513-XII



ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрирда)


1-модда. Умумий қоидалар


Жисмоний тарбия Ўзбекистон Республикаси халқлари миллий маданиятининг ажралмас қисми, жисмоний ва маънавий камолотнинг муҳим воситаси бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг халқлари ўртасида дўстликни мустаҳкамлаш, ижтимоий ва иқтисодий тараққиёт ишига хизмат қилади.

Ушбу Қонун жисмоний тарбия ва спорт, шу жумладан спортнинг техник турлари соҳасидаги муносабатларнинг ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилаб беради.



2-модда. Фуқароларнинг жисмоний тарбия ва спорт

соҳасидаги ҳуқуқлари


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жинсидан, ёшидан, миллатидан, динидан, мулкий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланиш, жисмоний тарбия-соғломлаштириш йўналишидаги жамоат ташкилотларига бирлашиш, жисмоний тарбия-спорт ҳаракатини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқига эгадир.

Давлат жисмоний тарбия ва спортни, шу жумладан спортнинг техник турларини ривожлантиришга маблағ ажратади, бу соҳада давлат бошқаруви идораларини тузади, аҳолининг барча гуруҳларини жисмоний чиниқтириш тизимини ишлаб чиқади, мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашни, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида илмий тадқиқотлар ўтказиш ҳамда фуқароларнинг бу борадаги манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиш ишларини уюштиради, жисмоний тарбия-спорт индустрияси ва инфраструктурасини ривожлантиради.



3-модда. Фуқароларнинг жисмоний тарбия ва спорт

соҳасидаги вазифалари


Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ўз саломатликларини асраш ва мустаҳкамлаш, жисмоний чиниқишлари тўғрисида қайғуришлари шарт.

Ота-оналар, ҳомийлар, васийлар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар оиладаги болаларнинг жисмонан ҳар томонлама камол топиши ва саломатлиги тўғрисида қайғуришлари, жисмоний тарбия-спорт машқлари учун уларга зарур шароитлар яратиб беришлари ҳамда соғлом турмуш тарзида ўзлари шахсан намуна кўрсатишлари шарт.



4-модда. Қорақалпоғистон Республикасининг жисмоний тарбия

ва спорт соҳасидаги ҳуқуқ-ваколатлари


Қорақалпоғистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш масалалари Қорақалпоғистон Республикасининг қонунлари билан тартибга солинади.



5-модда. Халқ депутатлари маҳаллий Советларининг жисмоний

тарбия ва спорт соҳасидаги ҳуқуқ-ваколатлари


Халқ депутатлари маҳаллий Советлари ва уларнинг ижроия идоралари ўз ҳуқуқ-ваколатлари доирасида ўзларига қарашли ҳудудда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга раҳбарлик қиладилар, жумладан:

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни пул билан таъминлайдилар;

зарур моддий-техника базасини яратадилар;

корхоналар ва ташкилотларни жисмоний тарбия-соғломлаштириш, спорт ва сайёҳлик учун мўлжалланган моллар ишлаб чиқаришга жалб этадилар;

жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги давлат, кооператив, жамоат бирлашмалари ва ташкилотларининг тузилишига кўмаклашадилар;

жисмоний тарбиянинг моддий базасини ривожлантириш ва жисмоний тарбия-соғломлаштириш тадбирлари ўтказиш учун ихтиёрийлик асосида давлат, кооператив, жамоат ташкилотларининг, муассасалар ва корхоналарнинг, айрим фуқароларнинг маблағларини жамлайдилар;

турар жойларда ва аҳолининг дам олиш жойларида ҳаваскорлик жисмоний тарбия ҳаракатини ривожлантирадилар, оилавий жисмоний тарбия-спорт машғулотлари учун шароитлар яратадилар, жисмоний тарбия-спорт хизматлари ҳажмини кенгайтирадилар;

зарур ўқув базасини таъминлаган ҳолда болалар ва ўсмирлар спорт мактабларини, шунингдек ўспирин ёшларга мўлжалланган жисмоний тарбия ва спорт клублари, жисмоний тарбия-спорт йўналишидаги мактабдан ташқари бошқа муассасалар ташкил этадилар ҳамда уларни пул билан таъминлайдилар;

умумий таълим мактабларида, мактабгача тарбия болалар муассасаларида қўшимча равишда жисмоний тарбия-спорт машғулотлари уюштирилишини пул билан таъминлайдилар.



6-модда. Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия

ва спортга раҳбарлик қилиш


Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси ва халқ депутатлари ноҳия, шаҳар, вилоят Кенгашларининг жисмоний тарбия ва спорт қўмиталари жисмоний тарбия ҳамда спортни бошқарувчи давлат идораларидир.

Спортнинг техник ва амалий турларини ривожлантиришга умумий раҳбарликни Ўзбекистон Республикаси мудофаасига ёрдам кўрсатувчи "Ватанпарвар" ташкилоти амалга оширади.



7-модда. Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт

йўналишидаги жамоат бирлашмалари


Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришни ўз мақсади деб билган жисмоний тарбия-спорт жамиятлари, спорт федерациялари, уюшмалари, жамғармалари ва фуқароларнинг ўзга уюшмалари жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоат бирлашмалари ҳисобланади.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоат бирлашмалари ўз фаолиятларида "Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва ўз уставларига риоя этадилар.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоат бирлашмалари давлатнинг молиявий, моддий ва бошқа ёрдамидан фойдаланишлари мумкин.

Жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви идоралари спортни ривожлантириш, мусобақалар уюштириш, спортчиларни тарбиялаш ва уларни халқаро мусобақаларда қатнашишга тайёрлаш ваколатларини спорт федерацияларига, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоат бирлашмаларига бериши мумкин.

Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоат бирлашмалари билан жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқарув идоралари ўртасидаги ўзаро муносабатлар шартномаларда белгиланади.



8-модда. Соғлиқни сақлаш идоралари ҳамда муассасаларининг

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда иштирок этиши


Соғлиқни сақлаш идоралари ва муассасалари, тиббиёт ўқув юртлари:

жисмоний тарбиядан саломатликни мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва касалликни даволаш воситаси сифатида кенг фойдаланадилар;

республика аҳолисининг жисмоний жиҳатдан ривожланганлигини таҳлил этадилар ва ҳукуматга тегишли таклифлар киритадилар;

жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланаётган шахсларни тиббий назоратдан ўтказадилар, республика терма командаларини Олимпия ўйинларига, халқаро ва республикалараро ҳамда бошқа мусобақаларга тайёрлашни тиббий жиҳатдан таъминлашда қатнашадилар;

жисмоний тарбия соҳасидаги соғлиқни сақлаш мутахассисларини тайёрлайдилар ва уларнинг малакасини оширадилар;

жисмоний машқларнинг махсус дастурларини ишлаб чиқадилар, соғломлаштириш марказлари, тиббиёт-жисмоний тарбия диспансерларини ташкил этадилар, уларни махсус аппаратлар ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлайдилар.



9-модда. Жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш

тарзини тарғиб этиш


Матбуот, телевидение, радио, бошқа оммавий ахборот воситалари, жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви идоралари, соғлиқни сақлаш идоралари, жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги жамоат бирлашмалари аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб этишни таъминлайдилар.

Спортда шафқатсизлик ва зулмни, инсон қадр-қимматини камситишни, киши саломатлигига зарар етказувчи тақиқланган гиёҳларни қўллашни тарғиб қилишга йўл қўйилмайди.



1О-модда. Жисмоний тарбия ва спорт бўйича

меҳнат фаолияти билан шуғулланиш


Жисмоний тарбия ва спорт бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишга жисмоний тарбия бўйича махсус маълумотга эга бўлган ёки махсус тайёргарлик курсини тугатган шахсларга рухсат этилади.

Даволаш жисмоний тарбияси мутахассислиги бўйича меҳнат фаолияти билан шуғулланишга жисмоний тарбия бўйича махсус маълумотга ёки тиббий маълумотга эга бўлган кишиларга рухсат этилади.



11-модда. Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни

тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш ва аттестациядан ўтказиш


Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассислар тайёрлаш ишлари олий ва ўрта махсус ўқув юртлари, дорилфунунларнинг, педагогика ва медицина институтлари ҳамда билим юртларининг махсус факультетлари ва бўлинмалари томонидан амалга оширилади.

Жисмоний тарбия ва спорт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



12-модда. Жисмоний тарбия ва спортга маблағ ажратиш


Жисмоний тарбия ва спортни маблағ билан таъминлаш республика бюджети ва маҳаллий бюджетлар, касаба уюшмаларининг маблағлари, аъзолик бадаллари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, айрим шахслар ихтиёрий равишда берадиган маблағлар, томошабоп спорт тадбирлари ва спорт лотереялари ўтказишдан, аҳолига хизматлар кўрсатишдан келадиган тушумлар, уй-жойлардан фойдаланиш ташкилотларининг ажратмалари ва бошқа тушумлар ҳисобидан амалга оширилади.

"Жисмоний тарбия ва спорт соҳаси" республика бюджетида алоҳида моддада акс эттирилади. Пул билан таъминлаш ҳажмларини аҳоли жисмоний тарбияси ва оммавий спортни маблағ билан таъминлаш олий тоифадаги спортчиларни тайёрлашга маблағ ажратишга нисбатан устун эканлигини ҳисобга олган ҳолда Олий Кенгаш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари белгилайди.

Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга, шу жумладан жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари қурилишига ажратиладиган банк ссудалари бўйича улардан фойдаланганлик учун имтиёзли фоизлар белгиланиши мумкин.



1З-модда. Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишларига,

спорт ва сайёҳликка мўлжалланган маҳсулотлар


Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ишларига, спорт ва сайёҳликка мўлжалланган буюмлар, анжомлар ва техник воситалар халқ истеъмоли моллари гуруҳига киради.



14-модда. Жисмоний тарбия-соғломлаштириш

ва спорт иншоотлари


Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари Ўзбекистон Республикаси қонунларида белгиланадиган мулкчиликнинг турли шаклида бўлиши мумкин.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари уй-жой қурилишига йўналтирилаётган жами маблағнинг камида 1,5 фоизини турар жой районларида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги объектлар қурилишига ажратадилар ҳамда ўз ҳудудларида жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт йўналишидаги объектлар қурилишини режалаштириш, лойиҳалаш, қуриш ва фойдаланишга топширишни назорат қиладилар.

Мактабгача тарбия болалар муассасалари ва умумтаълим мактаблари, бошқа ўқув муассасалари учун ишловчиларнинг сонига, ўқувчилар ёки тарбияланувчилар таркибига қараб, асосий жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотлари билан энг кам таъминланганлик нормативлари белгиланади.

Зарур жисмоний тарбия ва спорт комплекси иншоотларини назарда тутмаган ҳолда янги мактабгача тарбия болалар муассасалари, умумтаълим мактаблари ва ўқув юртлари қуришга ҳамда мавжудларини таъмирлашга, шунингдек жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларини айнан шу ҳудудда (мавзеда) худди шунга яраша иншоотни қурмай туриб тугатишга йўл қўйилмайди.



15-модда. Имтиёзли жисмоний тарбия-спорт хизматлари


Кўп болали ва кам таъминланган оилаларнинг болаларига, ногиронларга, етим болаларга, Улуғ Ватан уруши қатнашчиларига ҳамда имтиёзлар бўйича уларга тенглаштирилган шахсларга текинга, мактабгача ёшдагилар ва мактаб ўқувчиларига имтиёзли шартларда жисмоний тарбия-спорт хизматлари кўрсатилади.

Жисмоний тарбия-спорт хизматларидан текинга ёки имтиёзли шартларда фойдаланадиган фуқаролар тоифаларининг рўйхати, бериладиган имтиёзлар ҳажми, уларни бериш тартиби ва тегишли харажатларни қоплаш манбалари Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг қарорлари билан белгиланади.



16-модда. Мактабгача тарбия болалар муассасаларида,

умумтаълим мактаблари ва бошқа ўқув юртларида

жисмоний тарбия


Мактабгача ёшдаги болалар, ўқувчилар ва талабалар саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш, уларда жисмоний баркамолликка эҳтиёжни шакллантириш мактабгача тарбия болалар муассасалари ва ўқув юртларининг устун вазифаси ҳисобланади.

Ўқув юртлари тайёргарликнинг нормативларини, маҳаллий шароитлар ва ўқувчиларнинг қизиқишларини ҳисобга олиб, жисмоний тарбия машғулотлари ўтказишнинг шакллари, воситалари, услублари ва давомийлигини белгилайдилар.

Мактабгача тарбия болалар муассасалари ва ўқув юртлари ҳар йили камида бир марта мактабгача ёшдаги болаларнинг ҳамда ўқувчи ёшларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини кўрикдан ўтказадилар.

Умумтаълим мактабларида, бошқа ўқув юртларида жисмоний тарбия бўйича имтиҳонлар ўтказилади.

Кўриклар ва имтиҳонлар ўтказиш тартиби ҳамда шартлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан белгиланади.

Ўқув юртлари армияга чақирилиш ёшидагиларни ва чақирилувчиларни хизматга жисмоний жиҳатдан тайёрлайдилар.



17-модда. Аҳолига пулли хизматлар кўрсатиш


Аҳолига пулли жисмоний тарбия-соғломлаштириш хизматлари кўрсатиш жисмоний тарбия муассасалари, корхоналар, шунингдек якка тартибда меҳнат фаолияти билан шуғулланувчи айрим шахслар томонидан амалга оширилади. Бундай хизматлар кўрсатиш мактабгача тарбия болалар муассасаларида, мактабларда, бошқа ўқув юртларида, ишлаб чиқаришларда ўтказиладиган жисмоний тарбия машғулотларига қўшимча бўлади.

Пулли жисмоний тарбия-соғломлаштириш хизматлари турларининг рўйхати жисмоний тарбия ва спортнинг давлат бошқаруви ҳудудий идораси томонидан тасдиқланади.



18-модда. Ҳарбий хизматчиларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи

идоралар шахсий таркибини жисмоний жиҳатдан тайёрлаш


Ҳарбий хизматчиларни ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар шахсий таркибини жисмоний жиҳатдан тайёрлашнинг мазмуни ва шакллари тегишли давлат бошқаруви идоралари томонидан белгиланади.



19-модда. Давлат, кооператив ва жамоат корхоналари,

муассасалари ҳамда ташкилотларида жисмоний тарбия


Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маъмурияти, кенгаши (бошқаруви), касаба уюшмалари қўмиталари ходимларга ва уларнинг оила аъзоларига жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун шароитлар яратиб беришлари шарт, бу машғулотлар иш куни давомида чарчоқёзди ва касбий-амалий машқлар, ишдан кейинги чарчоқёзди машқлари ўтказишни, оммавий спорт ишларини, спорт-соғломлаштириш сайёҳлигини, ҳарбий хизматга чақирилиш ёшидагилар ва чақирилувчиларни жисмонан тайёрлашни қамраб олмоғи лозим.

Жисмоний тарбия-спорт машғулотлари учун моддий база яратиш, уни маблағ ва мутахассислар билан таъминлаш тартиби жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви идоралари томонидан белгиланган низомлар ва нормативлар асосида ишлаб чиқилган жамоа шартномалари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотларнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга доир дастурлари билан белгиланади.

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг маъмурияти, кенгашлари (бошқарувлари), касаба уюшмаси қўмиталари соғлиқни сақлаш, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда жисмоний тарбия ва спорт ходимларини, соғломлаштириш объектларини бирлаштирувчи ягона сиҳат-саломатлик хизматини яратади.



20-модда. Санаторий-курорт муассасаларида, дам олиш

уйларида ҳамда сайёҳлик қўнимгоҳларида жисмоний

тарбия-соғломлаштириш ишлари


Санаторий-курорт муассасалари, дам олиш уйлари ҳамда сайёҳлик қўнимгоҳларининг маъмурияти дам олувчиларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, касалликларнинг олдини олиш ва даволаш учун жисмоний машқлардан, жисмоний тарбиянинг бошқа шаклларидан фойдаланишлари шарт.

Барча санаторий-курорт муассасаларида, дам олиш уйларида ва сайёҳлик қўнимгоҳларида якка тартибда, гуруҳ-гуруҳ бўлиб жисмоний тарбия-соғломлаштириш машғулотлари ўтказиш учун жисмоний тарбиянинг моддий базалари, бошқа шарт-шароитлар яратилади.



21-модда. Ногиронлар учун жисмоний тарбия ва спорт


Ногиронлар учун жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш уларнинг ижтимоий камол топишига ҳамда жисмоний жиҳатдан қайта қувватга киришига қаратилган бўлиб, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига мувофиқ амалга оширилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ногиронлар жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари учун махсус жисмоний тарбия-соғломлаштириш спорт иншоотлари яратилишини ҳамда умумий фойдаланишдаги иншоотларда зарур шарт-шароитлар яратиб берилишини таъминлайдилар.



22-модда. Жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини,

спорт мусобақалари ва томошабоп спорт тадбирларини

ўтказиш чоғида хавфсизлик қонун-қоидаларига риоя этиш,

фуқароларнинг саломатлигини, шаъни ва қадр-қимматини

муҳофаза этиш


Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларининг маъмурияти машғулотлар ҳамда мусобақалар ўтказиладиган жой жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви идоралари томонидан тасдиқланган қоидаларга, хавфсизлик техникаси ҳамда санитария-гигиена нормаларига мувофиқ зарур даражада техник жиҳатдан жиҳозланишини таъминлайдилар.

Жисмоний тарбия-спорт машғулотлари ва мусобақалар уларнинг қатнашчилари ҳамда томошабинларнинг саломатлиги, шаъни ва қадр-қимматига зиён етказмайдиган қилиб ўтказилиши керак.

Белгиланган тартибда аттестациядан ўтган шахсларнинг спорт мусобақаларида ҳакамлик қилишига йўл қўйилади.



2З-модда. Ўзбекистон Республикасида Олимпия ҳаракати


Ўзбекистон Республикасида Олимпия ҳаракати:

Олимпия ғоялари ва қоидаларини оммалаштиришни, ёш авлодни ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстлик руҳида тарбиялашни;

аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни ташвиқот қилишни;

Ўзбекистон Республикаси спортчилари олимпия ўйинларида қатнашишини ўз олдига мақсад қилиб қўяди.

Ўзбекистон Республикасида Олимпия ҳаракати Ўзбекистон Республикаси миллий Олимпия қўмитаси томонидан йўналтириб турилади ҳамда бошқарилади. Бу қўмита ўз фаолиятини Олимпия хартиясига асосан амалга оширади.



24-модда. Юқори кўрсаткичлар спорти


Юқори кўрсаткичлар спорти шахснинг жисмоний ва маънавий имкониятларини очишга қаратилган бўлиб, у аҳолининг бўш вақтини мазмунли ўтказиш воситасидир.

Халқаро даражадаги спортчиларни ихтисослаштирилган спорт муассасалари тайёрлайди.

Жисмоний тарбия ва спортни бошқарувчи давлат ҳамда жамоат идоралари республика терма командаларининг аъзоларига спорт машғулотларини ўқиш, ишлаб чиқариш фаолияти, ҳарбий хизмат билан яхши қўшиб олиб боришда спортчига зарур шарт-шароитларни яратиб бериш мақсадида жисмоний тарбия ва спорт давлат ҳамда жамоат бошқаруви идоралари ўқув юртлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар билан шартнома тузади.

Спортчиларни тайёрлашга пул ажратиш давлат ташкилотлари ҳамда жисмоний тарбия-соғломлаштириш жамоат бирлашмалари томонидан шартномалар асосида амалга оширилади.



25-модда. Спортчиларнинг ижтимоий

жиҳатдан ҳимояланганлиги


Давлат бошқаруви идоралари, спорт федерациялари, жамоат бирлашмалари спортчиларга молиявий ёрдам кўрсатишлари мумкин.

Спортнинг ўйин турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси терма командалари ва мастерлар командаларининг спортчилари, тренерлари, бошқа мутахассислари ўртасидаги меҳнат муносабатлари контракт асосига қурилади.

Жисмоний тарбия ва спортнинг давлат бошқаруви идоралари, жамоат бирлашмалари, спорт клублари ва марказлари, бошқа ихтисослашган спорт ташкилотлари ва муассасалари спортчилар учун зарур ижтимоий-маиший шароитлар яратиб беришлари, улар саломатлигини муҳофаза этишлари ҳамда спорт фаолиятини тугатгач уларни ишга жойлаштиришлари шарт.

Спортнинг ўйин турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси терма командалари, штатдаги мастерлар командалари таркибига кирувчи спортчилар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар. Уқтириб ўтилган пенсияларни тайинлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг қонунлари билан белгиланади.

Спорт мусобақаларида қатнашаётган шахслар суғурта ҳуқуқига эга бўлишлари шарт.



26-модда. Профессионал спорт


Ўзбекистон Республикаси фуқаролари профессионал спорт билан шуғулланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Профессионал лигалар, уюшмалар, клублар ва бошқа профессионал ташкилотлар тузиш ва уларнинг фаолият кўрсатиш тартиби, спортчилар билан битимлар ҳамда меҳнат муносабатларининг бошқа шаклларини тузиш тартиби Ўзбекистон Республикасининг жисмоний тарбия ва спорт давлат бошқаруви идоралари томонидан меҳнат ва ижтимоий масалалар бўйича тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда халқаро спорт ташкилотларининг уставлари, хартияси, низомлари ва бошқа ҳужжатларини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.



27-модда. Спортда қўлланиш ман этилган усуллар, воситалар


Спорт билан шуғулланишда Ўзбекистон Республикаси жисмоний тарбия ва спортни бошқариш давлат идоралари, халқаро спорт ташкилотлари томонидан тасдиқланган тартибга солиб турувчи ҳужжатларда ман этилган воситаларни қўллашга йўл қўйилмайди.

Юқори спорт кўрсаткичларига эришиш мақсадида атайин стимуляторлардан, допинг моддалардан, Халқаро олимпиада қўмитаси тасдиқлаган Медицина кодексида тақиқланган воситалардан фойдаланган спортчи мусобақалардан четлаштирилади.

Стимуляторлар, допинг моддалар, Медицина кодекси рўйхатига кирувчи бошқа тақиқланган воситаларни тарқатишга атайин кўмаклашаётган шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортиладилар.



28-модда. Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги

қонунларни бузганлик учун жавобгарлик


Давлат, кооператив ва жамоат корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, мансабдор шахслар ва фуқаролар ушбу Қонунни бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ жавобгарликка тортиладилар.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                                      И. Каримов




























Время: 0.2024
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск