Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Ўрмон хўжалиги ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 25.06.2013 й. 2471-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 12.06.2013 й. 44-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 25 июнда 2471-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2013 йил 12 июндаги

44-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Ўрмон хўжалиги ходимлари учун

меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 июлдаги 267-сон "Меҳнатни муҳофаза қилишга доир меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ва ишлаб чиқиш тўғрисида"ги ҳамда 2010 йил 20 июлдаги 153-сон "Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш тўғрисида"ги қарорларига мувофиқ ўрмон хўжалиги ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар ўрмон хўжалиги билан шуғулланувчи барча ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар биноларни ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланиш ва таъмирлашда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хавфсизликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса - меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикаси "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ўз мақомига кўра ташкилотнинг асосий хизматларига тенглаштирилади ва унинг раҳбарига бўйсунади ҳамда ташкилотнинг фаолияти тугатилган тақдирда бекор қилинади.


9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқлар берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


13. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилотлар ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлишлари лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни ишлаб чиқариш муҳитининг хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари барча ходимларга таъсир қилганда қўлланиши шарт ва ташкилотларни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


25. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда, якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши лозим.


27. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


28. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.


29. Ходимлар Қишлоқ ва сув хўжалиги ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва бошқа якка тартибда ҳимояланиш воситаларини бепул беришнинг намунавий меъёрларига (рўйхат рақами 1991, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 356-модда) мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши лозим.



6-§. Касбий танлов


30. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


31. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга эга бўлишлари лозим.


32. Босим остида ишловчи асбоб-ускуналарда, шунингдек хавфи юқори бўлган ишларда банд бўлган ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


33. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


35. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) асосида амалга оширилиши лозим.


36. Ташкилот раҳбарияти, касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


37. Тиббий кўриклар ташкилотларнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


38. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


39. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


40. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


41. Ташкилот хоналари ва иш ҳудудидаги ҳарорати, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


42. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

хоналарнинг ҳарорати, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


43. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


44. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



9-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


45. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


46. Ташкилотларда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


47. Транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш чизмаси ташкилотларнинг кириш, чиқиш, иш участкалари ва цехларининг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


48. Ташкилотнинг ҳудуди кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоғи билан таъминланган бўлиши керак.


49. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


50. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан ва карнизлари эса, музлардан тозалаб турилиши зарур.


51. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


52. Ташкилотларнинг ҳудуди ГОСТ 12.4.009-83 "Объектларни ҳимоялаш учун ёнғин техникаси. Асосий турлари. Жойлашиши ва хизмат кўрсатилиши" талабларига мос келувчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.


53. Ташкилот ҳудуди ҳар куни тозаланадиган, шунингдек дезинсекция, дезинфекция ва дератизация қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши лозим.


54. Ҳовлидаги ҳожатхоналар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғу пайтида ёритилган бўлиши керак.


55. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган бўлиши ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.


56. Ходимлар учун алоҳида чекиш жойлари белгиланиб, махсус идишлар қўйилиши ва "Чекиш жойи" деган ёзув билан жиҳозланиши керак.



10-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


57. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


58. Ишлаб чиқариш биноларининг ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори СанҚваМ 0294-11 "Иш жойидаги ҳаводаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган миқдорининг гигиеник меъёрлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


59. Мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларининг нам хоналарида ҳамда иссиқ ўтказувчи полларида (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


60. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал берувчи асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


61. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


62. Дарвозалар баландлиги фойдаланилаётган транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м дан баланд бўлиши керак.


63. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки мартадан (баҳор ва кузда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши керак.


64. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаш жараёнлари вақтида ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


65. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


66. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши лозим.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


67. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


68. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


69. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги лозим.


70. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун хоналардаги ҳарорат 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


72. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан эса, 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


73. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


74. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун, унинг манбалари (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.


75. Хоналарда шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибда ҳимоя қилувчи воситалардан ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланиш керак.



13-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


76. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабларига мос бўлиши керак.


77. Ташкилотларнинг ишлаб чиқариш оқова сувлари ташқи канализацияга етиб келгунга қадар зарарли моддалардан тозаланиши керак.


78. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ва сув қувурлари бўлмаганда, махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


79. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига жавоб бериши керак.


80. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


81. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


82. Ташкилотда канализация тизими бўлмаганда, ҳудудий санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари билан келишилган ҳолда, ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг бўлишига рухсат этилади.



14-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


83. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


84. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилида камида икки маротаба тозалаш лозим.


85. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар билан тўсиб қўймаслик керак.


86. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


87. Ёритиш воситалари кўзни қамаштиришидан сақлаш учун чоралар кўрилган бўлиши керак.


88. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


89. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.


90. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


91. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


92. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб туриши лозим.


93. Авария ёритиш тармоқларига электр энергияси истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.



15-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


94. Ташкилотларда маиший ва овқатланиш хоналари ҳамда тиббий пунктлар бўлиши керак. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ ҳолда ташкил этилиши лозим.


95. Кийим алмаштириш ва ювиниш хоналари, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони ташкилотнинг умумий контингент сони ҳисобига олинган ҳолда белгиланиши лозим.


96. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.



16-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


97. Ташкилот атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


98. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитнинг чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


99. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши ва ушбу идишлар бўшатилгандан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



17-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


100. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


101. Ўрмон барпо қилиш учун ерларни тайёрлаш, уруғдан ва кўчатдан ўрмон барпо этиш, кўчатхоналар ташкил қилиш ва уларда олиб бориладиган ишлар хўжалик раҳбари томонидан тасдиқланган технологик карта асосида амалга оширилади. Технологик картада ер майдонининг ҳажми, рельефи, механизмларнинг мавжудлигига қараб бажариладиган иш тартиби, усуллари, иш бажариладиган зоналар ва хавфсизлик қоидалари белгиланади.


102. Шамолнинг тезлиги 11 м/с дан ортиқ бўлганда, момақалдироқ, кучли ёмғир ва қалин туман тушганда, ўрмон барпо қилиш ишларини бажариш тақиқланади.


103. Ўрмон барпо қилиш учун мўлжалланган майдонда, олдиндан кузатув олиб бориш, дам оладиган жойлар белгиланиши, хавфли ерларнинг (жарликлар, чуқурликлар, тошлоқлар ва бошқалар) атрофлари ўралиши ва огоҳлантирувчи белгилар қўйилиши лозим.


104. Ўрмон хўжалигида транспорт воситалари билан ишларни бажараётган пайтда қуйидаги талаблар бажарилиши лозим:

осма иш қуролларини кўтараётган ва тушираётган пайтда унинг атрофида одамлар бўлмаслиги;

транспорт воситаларининг бурилиши учун тўсқинлик қиладиган нарсалар бўлмаслиги;

вақтинчалик кўприк ва ариқлардан ўтишни таъминлаш.


105. Транспорт воситаларининг осма ва тиркама иш қуролларини текис майдонда ёки махсус жойларда созлаш ва алмаштириш зарур.


106. Транспорт воситалари кўприк, дамба, тўғон ва бошқа иншоотлардан ўтказилаётганда, уларнинг ҳолати ҳақида огоҳлантирувчи белгилар қўйилмаган бўлса, у ҳолда ушбу иншоотлардан транспорт воситалари билан ўтишдан олдин уларнинг созлигини текшириб кўриш лозим.


107. Ер тайёрлаш ва ерга ишлов бериш ишлари қўл кучи билан бажарилганда иш бажараётган ишчиларнинг оралиғи камида 3 м масофада бўлиши керак.



2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


108. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблар"га ва мазкур Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


109. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


110. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


111. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


112. Ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


113. Портлашнинг олдини олиш учун машина ва агрегатларнинг ишқаланувчи қисмларининг қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


114. Аралашганда портловчи модда ҳосил қилиши лозим бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


115. Коллектордан чиқадиган суюқлик миқдори ва инерция натижасида статик ток ҳосил бўлишини ҳисобга олган ҳолда коллектор сим орқали ерга уланиши керак.


116. Ишлаб чиқариш биноларига (омборхона, цех, лаборатория, участка ва бошқа) ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


117. Цехларда (бўлимларда, омборхоналарда, устахоналарда, лабораторияларда ва бошқа иш участкаларида) ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича, шунингдек ёнғин ўчириш анжомларининг соз ҳолда бўлишига шу бўлинмаларнинг бошлиқлари ёки бошлиқ вазифасини бажарувчи ходимлари масъулдир.


118. Ёнғин ва портлаш хавфи бўлган ишлаб чиқариш бинолари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинларни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


119. Ёнғинга қарши сув ҳавзалари доимо соз ҳолатда ва ичидаги сув ҳажми ёнғинни ўчириш учун етарли бўлиши керак. Сув ҳавзаларининг ишга яроқлилиги йилига камида икки маротаба, баҳор ва куз мавсумларида текширилиши лозим.


120. Қўлда ясалган, автоматика тизими носоз бўлган ёки ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маиший иситиш асбобларидан фойдаланиш тақиқланади.



3-§. Электр қурилмаларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


121. Ташкилотларда электр қурилмаларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Истеъмолчиларнинг электр қурилмалардан техник фойдаланиш қоидалари (рўйхат рақами 1383, 2004 йил 9 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 27-сон, 317-модда) ҳамда Истеъмолчиларнинг электр қурилмалардан фойдаланишда техника хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1400, 2004 йил 20 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2004 й., 33-сон, 379-модда) ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.


122. Электр энергиясидан фойдаланишда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун жавобгар ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши керак.


123. Электр хўжалиги учун масъул ходим кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиши учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса - IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда электр хавфсизлиги бўйича ташкилотда тузилган комиссияда билим синовидан ўтиши шарт.


124. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар ёнмайдиган қилиб монтаж қилиниши лозим.


125. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан ва электр двигателлари эса, суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


126. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


127. Ишлаб чиқариш ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматура билан қопланиши лозим.


128. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токдан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текшириб турилиши лозим.


129. Ток узатилмаганлиги сабабли ускуна тўхтатилган ҳолларда, электр двигателлар ўчирилиши керак.


130. Электр аппаратлари ва агрегатларининг нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида олти ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


131. Кам қувватли электр лампалар ва асбобларни каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун масъул ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


132. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


133. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


134. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва ерга уланган бўлиши лозим.


135. Ташкилотнинг барча турдаги бинолари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим.


136. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.


137. Момақалдироқ вақтида электр ўлчашларни амалга ошириш тақиқланади.



4-§. Бирламчи материаллар, ярим маҳсулот ва чала тайёр

маҳсулотлар, тайёр маҳсулот ва чиқиндиларни сақлаш ва

транспортда ташишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


138. Юк ортиш ва тушириш ишлари ҳамда юкларни жойлаштириш Юк ортиш ва тушириш ишларидаги юкчилар учун ишларнинг хавфсизлиги қоидалари (рўйхат рақами 1582, 2006 йил 13 июнь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2006 й., 24-сон, 221-модда) талабларига мувофиқ амалга оширилиши лозим.


139. Бирламчи материаллар, ярим маҳсулот ва чала тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотларни транспорт воситаларида ташишда юк ташиш қоидаларига риоя қилишлари лозим.


140. Бирламчи материаллар, ярим маҳсулот ва чала тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотнинг ҳажми мазкур ишни бажарувчи қурилманинг паспортида кўрсатилган ўлчамларга мувофиқ бўлиши керак.


141. Омборхонада хом ашё ва материаллар билан боғлиқ бўлмаган ишларни бажариш тақиқланади.


142. Омборхонада устма-уст тахланган ёки юк идишлари жавонлар оралиғидаги йўлакнинг эни 1,5 м дан кам бўлмаслиги лозим.


143. Омборхонанинг деворлари бўйлаб ўралган ҳар бир жавонда олти тахламгача бўлган миқдорда хом ашё, ярим маҳсулот ва чала тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотларни сақлаш лозим. Тахламлар оралиғидаги масофа 0,5 м дан, ён томон майдонлардаги тахламлар билан оралиғи эса - 1,5 м дан кам бўлмаслиги керак.


144. Чиқиндиларни инвентаризация қилиш, шунингдек уларнинг турлари бўйича хавфлилик даражасини белгилаш лозим.


145. Чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларда сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш тақиқланади.


146. Ташкилотларда чиқиндилар билан ишлашга оид йўриқномалар ишлаб чиқилган бўлиши лозим.


147. Иккиламчи хом ашёлар ташкилотга инфекцияга қарши дориланган ва боғламларга ўралган ҳолда қабул қилиниши керак.


148. Иккиламчи хом ашё боғламларини ёпиқ омборхоналарда ёки қаттиқ қопламали соябонли майдонларда сақлаш лозим.


149. Очиқ сақлаш майдонлари атроф ҳудудига нисбатан 0,2 м дан кам бўлмаган ҳолда баланд ва 0,5 м дан кам бўлмаган ҳолда ёнмайдиган девор билан ўралган бўлиши керак.


150. Иккиламчи хом ашё тахламлари баландлиги 5 м дан ва ҳар бир тахлам ўлчами 0,25 х 0,15 м дан ошмаслиги керак.


151. Қути ва қоплардаги юклар омборхонада ағанамайдиган ва сурилиб кетмайдиган қилиб устма-уст тахланган бўлиши лозим. Қўлда тахланганда унинг баландлиги 3 м дан, юк кўтариш механизми ёрдамида тахланганда эса - 6 м дан ошмаслиги лозим. Энг юқоридаги қоп билан шип орасидаги масофа камида 1 м бўлиши лозим.


152. Чиқиндиларни йиғиш жойи цехлардан камида 50 м узоқликда бўлиши лозим.


153. Юк сақланадиган омборхона ва майдончалар ҳудудининг кириш жойларида транспорт воситаларининг ҳаракат йўналиши ҳамда юкларни ортиш ва тушириш жойлари кўрсатилган схемалар осиб қўйилган бўлиши лозим.


154. Омборхоналардаги белгиланган нормадан ортиқ бўлган юкларни ташиш ва тахлаш билан боғлиқ бўлган барча ишлар механизациялаштирилган бўлиши лозим.


155. Омбор ва юк сақлаш майдончаларида оғир ва ўта оғир юкларни ортиш ва тушириш ҳамда ҳаракатлантириш жараёни механизациялаштирилган бўлиши лозим.


156. Омбор ва юк сақлаш майдончалари ҳудудига киришда ҳаракат йўналишини, юк ортиш ва тушириш жойи ҳамда транспорт воситаларининг тўхтаб туриш жойини кўрсатувчи чизмалар бўлиши керак.


157. Юк ортиш ва тушириш ишлари масъул бўлган ходим раҳбарлигида бажарилиши лозим.


158. Юклар жавонлар, тагликлар, штабеллар ва бошқа мосламаларга тахланиши лозим. Юкларнинг оғирлиги жавонлар, тагликлар, штабеллар ва бошқа мосламаларнинг юк кўтариш меъёридан ортиқ бўлмаслиги лозим.


159. Биноларда маҳсулотларни жойлаштиришда оралиқ масофа қуйидагича бўлиши лозим:

бино деворидан 70 см;

иситиш тизимидан 20 - 50 см;

ёритиш тизимидан 50 см;

полдан 15 - 30 см.


160. Юкларни тахлашда уларни сақлаш, етказиб бериш, ортиш ва тушириш ҳамда штабелларнинг тақсимланишида мустаҳкамлиги таъминланиши лозим.


161. Юкларни кўтаришдан олдин юкнинг мустаҳкамлиги ҳамда тўғри боғланганлиги текширилиши лозим. Юкларни боғламалардан ечиш вақтида тушиб кетиш хавфининг олди олинган бўлиши лозим.


162. Катта ҳажмдаги юкларни боғлаш уларнинг марказий оғирлик нуқтасидан амалга оширилиши лозим.


163. Контейнерларни қўл билан боғлаётганда ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи махсус нарвонлар ва бошқа мосламалардан фойдаланиш лозим.


164. Қўлда бошқариладиган юк аравалари енгил бошқариладиган, мустаҳкам ва соз бўлиши лозим.


165. Юк полга туширилаётганда, юк араванинг орқа тарафида бўлиши лозим.


166. Ҳайдовчи юкларни ортишдан олдин юкни текшириб кўриши ва бу юклар транспорт воситаларининг тоннасига ҳамда ўлчамларига мувофиқ келиши ёки келмаслигини текшириб кўриши лозим.


167. Юклар қопларда, саватларда, яшикларда, бочкаларда ташилиши лозим. Юкларни қўлда ортиш ва тушириш ишлари рухсат берилган майдончаларда амалга оширилиши керак.


168. Юкни ортиш ёки туширишга қадар юк кўтарувчи воситаларнинг мустаҳкам ва турғунлиги, уларнинг юк кўтарувчанлиги кўтариладиган юкка мувофиқ келиш ёки келмаслиги, арқон, трос ва ҳимоя тўсиқларининг ҳолатини текшириш лозим.


169. Транспорт воситаси ҳаракати вақтида юклар силжимаслиги учун ташишга мўлжалланган арқонлардан фойдаланиш лозим. Пўлат, трос ва симдан арқон ўрнида фойдаланмаслик керак.


170. Идишга солинган сочилувчан юклар ҳамда кузов ичида ташиладиган юклар кузов ва арава бортларидан чиқиб кетмаслиги лозим, чунки улар ҳаракат вақтида тушиб қолиши ва йўловчини шикастлантириши мумкин.


171. Бочкалар, яшиклар, хашак, ёғоч ташиш, похолларни ортишда йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш лозим. Ортилган юкнинг ердан баланд қисмигача бўлган оралиқ масофа 4 м дан ортиқ бўлмаслиги ва эни 2,55 м дан ортиқ бўлмаслиги лозим.


172. Транспорт воситаларида оғир юк ташийдиган прицеп-машиналарга ҳамда юк машиналарига ортиш ва уларни ташиш ишлари маъмурият вакилининг кузатувида олиб борилиши керак. Ҳайдовчи йўлга чиқишдан олдин юкни ташишга жавобгар шахсдан юк ортилган жойдан у олиб борадиган жойгача бўлган маршрут тўғрисида маълумот олиши зарур.


173. Кимёвий моддалар махсус жиҳозланган бинода (омборхонада) кимёвий таъсир хусусиятига кўра боғлиқлиги бўйича алоҳида жойларда сақланиши зарур. Омборхоналарда ҳар хил кимёвий моддалар биргаликда сақланиши учун уларнинг рўйхати бўлиши лозим.


174. Ҳар бир кимёвий модда техник кўрсатмалар талаблари ҳисобга олинган ҳолда сақланиши лозим. Кимёвий моддаларни очиқ ҳолда (тарада) сақлаш тақиқланади. Тараларда ёзув, этикетка ёки модда номи туширилган ёрлиқ, техник талаблар кўрсатилган бўлиши лозим.


175. Кислота сақлаш хоналарида фавқулодда ҳолатда кислота, сув, оҳак эритмаси ёки тўкилган кислотани нейтраллаш учун сода ва ҳимоя воситалари учун захира идишлар бўлиши лозим.


176. Кислотали резервуар ва идишларда "Хавфли кислота" ёзуви ва кислотанинг номи ёзилган бўлиши лозим.


177. Кислота учун резервуарларга бензин, керосин, ёғ ва спирт тушишига йўл қўймаслик керак.


178. Ушлагичли саватларга ёки ёғоч панжарали қутига қадоқланган кислотали бутилкаларни гуруҳлари бўйича 2 - 4 қатор қилиб, ҳар бир гуруҳда 100 донадан кўп бўлмаган ҳолда сақлаш зарур. Гуруҳлар орасидаги ўтиш йўлаги кенглиги 1 м дан кам бўлмаслиги керак.


179. Бутилкалар хлорли кальций эритмаси шимдирилган материал билан қопланган бўлиши керак.


180. Кислоталарни бошқа кимёвий моддалар ва материаллар билан биргаликда сақламаслик керак.


181. Қаттиқ ўювчи натрий (ўювчи калий) темир барабанларда, суюқ ўювчи натрий (калий) - темир банка, идиш (бак), барабанларда, ёзда эса - шиша бутилкаларда юмшоқ қатлам билан панжараланган ҳолда сақланиши лозим. Ўювчи натрийли идишларда "Хавфли - ўювчи натрий" (ўювчи калий) ёзуви бўлиши лозим.


182. Цианидли бирикмалар ва кислоталарни биргаликда сақламаслик керак.



5-§. Ходимларни транспорт воситасида ташишда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


183. Ҳайдовчи йўлга чиқишдан олдин йўловчиларга транспорт воситасига чиқиш ва тушиш қоидалари ҳамда транспорт воситаси ҳаракати вақтида ўзларини қандай тутишлари тўғрисида йўл-йўриқ бериши лозим.


184. Ҳайдовчи транспорт воситаси кабинасида рухсат берилганидан ортиқ одам олмаслиги керак. Тиркамаларда одамларни ташимаслик лозим.


185. Ходимларни ташиш учун мўлжалланган юк ташувчи транспорт воситасининг кузови бортининг юқори қисмидан 150 мм пастга ўрнатилган ўриндиқлар билан жиҳозланган бўлиши зарур. Орқа ва ён томонлардаги ўриндиқлар мустаҳкам суянчиққа эга бўлиши лозим.


186. Транспорт воситаларининг ичида ходимлар бўлганда, транспорт воситасининг тезлиги соатига 60 км дан ошмаслиги лозим.


187. Ходимларни ярим тиркамаларда ташишга рухсат этилмайди. Кузов бортлари билан баробар ёки баланд жойлашган ва бўйига узун бўлган юклар устида одамларни олиб кетиш ман этилади.


188. Қишда занжирли транспорт воситаларида одамларни ташишга йўл қўйилади.



6-§. Майдонларни тозалашда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


189. Майдонларни тозалаш ишларини бошлашдан олдин ушбу майдондаги йирик тошлар ва йиқилиш хавфи бўлган дарахтларни кесишда дарахт кесиш қоидаларига риоя қилиш лозим.


190. Майдонларни тозалаш ишлари иккита транспорт воситаси билан олиб борилганда, улар орасидаги масофа камида 60 м, шох-шаббаларни йиғиштираётган ишчилар эса, транспорт воситаларидан 30 м узоқликда бўлишлари шарт.


191. Кучли ёғингарчиликда ҳамда ер қуримагунга қадар ва ботқоқланган ерларга транспорт воситаларининг кириши тақиқланади. Ботқоқланган ерларга транспорт воситалари ер қуригандан кейин киритилиши лозим.



7-§. Ўрмон хўжалигида ер тайёрлаш ишларида

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


192. Ўрмонлар ўрнатилган тартибда кесилгандан кейин ер тайёрлаш бўйича ишларни ташкил қилишдан олдин йўлаклар очилиб, тозалаш ишлари амалга оширилиши лозим.


193. Тез ўсувчи ва махсус плантациялардаги дарахтзорларда 1 га майдонда 600 дан ортиқ тўнкалар бўлса, тўнкаларни олиб ташламасдан туриб ушбу майдонга плугларни, фрезаларни ва дискли культиваторларни киритиб иш бажариш тақиқланади.


194. Одамлар ишлаб турган фрезадан 15 м узоқликда бўлишлари лозим.


195. Қўлда бошқариладиган моторли мосламалар билан ерга ишлов беришда, уларни бир жойдан иккинчи жойга ўчирилган ҳолда кўчириш лозим.


196. Ишлар тоғ қияликларида бажарилаётганда, унинг тагида бутун йўналиш бўйича одамлар бўлиши тақиқланади. Ушбу иш бажарилаётган майдон чегараларида иш олиб борилаётганлиги тўғрисида огохлантирувчи белгилар қўйилиши лозим.


197. 8° даражагача бўлган қияликларда умумий фойдаланишга рухсат берилган ғилдиракли транспорт воситалари билан, 12° даражагача бўлган қияликларда умумий фойдаланишга рухсат берилган занжирли транспорт воситалари билан горизонтал йўналишда ер тайёрлаш ишлари олиб борилади ва махсус иш бажариш лозим бўлган қияликларда махсус маркали транспорт воситалари билан ишлар бажарилиши лозим.


198. Бир вақтнинг ўзида икки ва ундан ортиқ транспорт воситалари тоғ қияликларида ишлаётганда, улар орасидаги энг кам масофа 60 м, горизонтал ҳолатда ишлаганда эса - 30 м бўлиши зарур. Транспорт воситаларининг бир вақтда бир вертикал йўналишда ишлаши тақиқланади.


199. Қиялиги 25° даражагача бўлган тоғларда террасалар тайёрлашда тажрибага эга бўлган тракторчилар иш бошқарувчи назорати остида 5 кун стажировкадан ўтказилиши лозим.


200. Тоғ қиялигида терраса қирқиш жараёнида транспорт воситалари кабинасида бошқа одамлар бўлишига рухсат берилмайди. Иш бажараётган пайтда транспорт воситалари эшикларининг юқори томонидан очиқ қолдирилиши лозим.


201. Тоғ қияликларида терраса кесиш пайтида, уларнинг иш бажарадиган жойларга боришлари, террасадан террасага ўтишлари, майдонда бемалол бурилишлари учун йўллар қурилиши лозим. Хавфсизлик йўллари тўғри бўлиши, транспорт воситалари юрган пайтида ёки бурилганда икки тарафдан 1 м дан кам бўлмаган жой қолдирилиши талаб этилади.


202. Катта қияликларда ва тупроқ емирилишига (эрозияга) учраган қияликларда ювилиб кетган майдонларни тупроқ билан тўлдириш, уларнинг ювилиб кетишининг олдини олиш чораларини кўриш лозим.



8-§. Уруғдан ва кўчатдан ўрмон барпо этишда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


203. Тўнкалардан тозаланмаган ёки қисман тозаланган майдонларда ўрмон дарахтларининг уруғлари тракторга ўрнатилган осма сеялкаларда сепилиши лозим.


204. Ўрмон дарахтлари уруғларини сеялкаларда сепиш пайтида экиш аппаратларига қўлни тиқиб тозалаш тақиқланади ҳамда ишчиларга махсус тозалаш мосламалари берилиши ва у билан сеялкаларни тозалаш лозим.


205. Кўчат экиш агрегати билан иш бажарилишида тракторчи ва кўчат экиш агрегатида ўтирган ишчи ўртасида сигнализация бўлиши лозим. Агрегатда ўтирган ишчи бирон-бир носозликни аниқлаганда тракторчига тракторни тўхтатиш тўғрисида сигнал бериши керак.


206. Транспорт воситасида бир нечта ходим ишласа, улар ичидан раҳбар сайланиши лозим.


207. Кўчат экиш агрегати билан иш бажарилаётган пайтда, кўчатларни тўғрилайдиган ишчилар ундан 10 м узоқликда бўлишлари лозим. Агрегат иш бажараётган пайтда унга чиқиш, ўтириш ва кўчат ортиш тақиқланади.


208. Транспорт воситаси бирон-бир тўсиққа дуч келганда, бурилишларда ва бир жойдан иккинчи жойга ўтишда кўчат экувчилар агрегатда тракторчининг сигнали бўйича транспорт воситаси ўчирилгандан кейин тушишлари лозим.


209. Текис майдонда бир вақтнинг ўзида бир нечта кўчат экиш агрегатлари билан иш бажарилаётганда улар орасидаги масофа камида 20 м бўлиши керак.


210. Кўчат экиш ва уруғ сепиш агрегатларида маркерларни ишчи ҳолатига ҳамда транспорт воситаси ҳолатига ўрнатиш агрегат тўлиқ тўхтатилгандан сўнг амалга оширилиши лозим.


211. Кўчат экиш агрегатлари тоғ қияликларида ишлаганда хавфсизлик талабларига риоя қилишлари лозим.



9-§. Кўчатхоналарда ишлашда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


212. Ерни тайёрлаш ва унга ишлов бериш, уруғ сепиш ва кўчат экиш транспорт воситаларида хавфсизлик талабларига риоя қилиш лозим.


213. Кўчатхоналарга минерал ўғитлар беришда ва химикатлар билан пуркашда ишчилар ҳимоя кўзойнаклари ва респираторлар билан таъминланган бўлиши лозим.


214. Ходимлар транспорт воситасида ташилганда уларнинг иш қуроллари транспорт воситасидаги махсус ажратилган жойларда ташилиши шарт.


215. Суғориш ишларини ташкил қилишда сув юбориш насосларини қуйидаги ҳолатларда ўчириш лозим:

насосда босим кўтарилганда;

резина қувурлардан сув оқиб кетганда, қувурлар ёрилганда ва манометр ишдан чиққанда;

клапанлар ишдан чиққанда.


216. Культиватор ковлаш мосламаси билан айрим ишлар бажарилганда қуйидагилар тақиқланади:

трактор иш бажараётганда унинг устига ўтириш, тушиш ва культиватор устида туриш;

кўтарилган мосламалар тагида туриш ва ётиш.


217. Трактор билан кўчат қазиш ишлари бажарилаётганда ишчилар камида 5 м узоқликдаги масофада туришлари лозим.


218. Иссиқхоналарда кўтарилган ромларни ушлаб туриш учун махсус тирговучлар ишлатилиши лозим.


219. Иссиқхоналар устини қишда қордан тозалаш учун махсус тахтадан тайёрланган нарвонлардан фойдаланиш лозим.



10-§. Уруғларни тайёрлаш ва қайта ишлашда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


220. Дарахт устидаги уруғларни тайёрлаш учун ишчилар махсус нарвонлар, кўтаргич мосламалар билан таъминланган бўлиши лозим. 15 м дан баланд бўлган дарахтлардан уруғ тайёрлаш учун махсус кўтаргичли мосламалардан фойдаланиш зарур.


221. Уруғ тайёрлашда ишлаётган ишчилар сақланиш белбоғлари, каскалар ва кўзойнаклар ҳамда бошқа зарур ускуналар билан таъминланган бўлиши лозим.


222. Қуйидаги ҳолларда ўрмон дарахтларидан уруғ териш тақиқланади:

йиқилиш хавфли бўлган дарахтлардан;

кучли ёғингарчиликда, шохлари музлаганда, шамолнинг тезлиги секундига 6,5 м бўлганда ва кучли туман бўлганда.



11-§. Ўрмонларда кесиш ва соғломлаштириш ишларини

бажаришда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


223. Ўрмонларда кесиш ишлари тасдиқланган технологик харита асосида олиб борилиши лозим.


224. Ўрмонларда кесиш ишларида 3 тадан ортиқ ходим ишлаганда, улар орасидан биттаси раҳбар қилиб тайинланиши лозим.


225. Бензинли ёки электр арралар билан кесиш ишларини бажаришда қуйидагилар тақиқланади:

арра ишлаётганда бир дарахтдан иккинчи дарахтни кесишга ўтиш;

дарахтларни кесишни бурчак остида амалга ошириш;

дарахт кесиш ишларида махсус кўникмага эга бўлмаганларни ишлатиш;

дарахт кесиш ишларини бажараётган пайтда кесилаётган дарахтнинг баландлигига икки баробар масофада одамлар бўлиши.


226. Дарахт кесиш ишларини амалга оширишда қуйидагиларни таъминлаш зарур:

дарахт кесувчининг ёрдамчиси билан бирга бўлиши;

дарахтни очиқ жойга ёки оралиққа ва бошқа дарахтларга зиён етказмасдан ағдариш;

йиқилиш хавфи бўлган дарахтларни биринчи навбатда кесиш;

кесилган дарахтларни тракторларда судраш учун 5 м кенгликда йўллар очишни таъминлаш.



12-§. Ўрмон мелиоратив ишларни олиб боришда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


227. Ўрмон мелиоратив ишлари ўрмон тузиш лойиҳаларида белгиланган ва тасдиқланган технологик карта асосида олиб борилиши лозим.


228. Ўрмон мелиоратив ишлари (зах қочириш) катта майдонларда механизмлар ёрдамида ва кичик майдонларда эса, қўл кучи билан бажарилиши лозим.


229. Ер ўйиш механизмлари билан иш бошлашдан олдин тўнкаларни олиб ташлаш ва майдонларни тозалаш ишлари амалга оширилиши лозим.


230. Ер ўйиш ишлари ер ости коммуникациялари ёки электр тармоқлари бўлган тақдирда, тегишли идораларнинг масъул ходимлари билан ва ушбу ишга масъул шахс раҳбарлигида олиб борилиши лозим.


231. Мелиорация ишларини бажаришда экскаваторлар ишлаши учун қуйидагиларни таъминлаш зарур:

ерларни текислаш;

ёқилғи-мойлаш материаллари билан таъминлаш;

иш бажаргандан кейин экскаваторни хавфсиз масофага олиб, ковшини ерга тиркаб қўйиш.



13-§. Органик ўғитлар билан ишлов беришда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


232. Органик ўғитлар билан ишлашда тракторчи-машинист асосан транспорт воситасини ишлатишдаги хавфсизлик талабларига риоя қилиши шарт.

233. Ишни бошлашдан олдин болтли бирикмаларни, редукторда сурков мойи борлигини, транспортёр занжирларининг таранглигини текшириб кўриш ва кардан вални қўлда айлантириб, юритма механизмларда қисиб қоладиган жойлар йўқлигига ишонч ҳосил қилиш керак.


234. Транспорт воситасига ўғит билан бирга қаттиқ нарсалар (тош, тахта ва бошқалар) тушиб қолмаслигини кузатиб туриш лозим.



IV БОБ. УСКУНА ВА ЖИҲОЗЛАРГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Ўсимликларга кимёвий ишлов беришда техника

воситаларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


235. Ўсимликларни кимёвий муҳофаза қилишда ишлатиладиган ускуна ва мосламалар мавсум бошланиши олдидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим.


236. Пестицидлар билан ишлашда тракторчи хавфсизлик чораларини ва заҳарланганда биринчи ёрдам кўрсатиш қоидаларини ўрганиб олгандан кейингина ишлашига рухсат этилади.


237. Механизмлар ишлаётган вақтда болтли бирикмалар, сальниклар, зичлагичлар ва магистрал ҳолати текшириб кўрилади.


238. Идиш қопқоқларини очиш, сақлагич ва редакцион клапанларни очиш, манометрларни бураб чиқариш тақиқланади.


239. Аэрозол генератори ишга туширилаётганда ва тўхтатилаётганда унинг олдида туриш ман этилади.


240. Тракторчи шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиши зарур. Ишлаётган вақтда чекмаслик ва овқат емаслик лозим. Пестицид ёки кимёвий аралашмалар билан ишлаётган тракторчи ва ходимлар ташкилот томонидан кунига 1 л миқдорида сут маҳсулотлари (0,5 л сут ва 0,5 л қатиқ) билан таъминланиши шарт.


241. Овқатланишдан олдин қўл, оёқларни ювиш ва оғизни чайиш лозим.


242. Махсус кийимларни уйга олиб кетиш тақиқланади.


243. Ўрмонларга дори пуркаш ишларини шамол тезлиги 3 - 5 м/с дан юқори бўлмаган вақтда ва фақат эрталаб ёки кечқурун бажариш керак.


244. Ишлов берилган далада биридан иккинчисига ўтилаётганда кўриниб турадиган жойларда "Ишлов берилган ва заҳар" деган хавфсизлик белгилари осиб қўйилиши лозим.



2-§. Техника воситаларига техник хизмат кўрсатишда ва уларни

ишга тайёрлашда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


245. Дала шароитларида техник хизмат кўрсатишни тракторчи-машинистнинг ўзи текис ва горизонтал майдончада бажариши лозим. Ўрмонларда ёнғинга қарши хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш керак.

246. Двигателни ишга туширишдан олдин кардан валнинг ҳимоя ғилофлари ва тўсиқлар борлиги ва уларнинг яроқлилигига ишонч ҳосил қилиниши зарур.


247. Транспорт воситасини жойидан қўзғатишда сакратмасдан қўзғатиш керак. Бурилишларда транспорт воситалари ағдарилиб кетмаслиги учун уни паст узатмаларда буриш керак.


248. Техник хизмат кўрсатишдан олдин дарахтларни кимёвий муҳофаза қилиш, транспорт воситалари ва ускуналарни дезинфекциялаб зарарсизлантириш лозим.


249. Заҳарли химикатлар ташиладиган транспорт воситалари, чанглагич-пуркагичлар ойда камида 2 марта зарарсизлантирувчи воситалар билан сепиб зарарсизлантирилиши керак.



3-§. Транспорт воситалари билан ишларни бажаришда

қўйиладиган хавфсизлик талаблари


250. Ўрмон хўжалигида транспорт воситалари ёрдамида иш бажарганда уларнинг техник ҳолатига ва техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиниши лозим.


251. Тракторчи-машинистлар тракторларни бошқаришда ихтисослиги бўйича ғилдиракли транспорт воситалари учун камида 2 йил, занжирли трактор учун эса - камида 1 йиллик иш стажига эга бўлиши керак.


252. Тракторлар ва ўзиюрар шассиларнинг кўндаланг турғунлигини ошириш учун уларнинг ғилдираклар оралиғи мумкин қадар кенгайтирилади ёки мазкур тракторга тиркаладиган стандарт тиркамалар ғилдираклари оралиғига тенг қилиб ўрнатилади. Тракторларга орқа томонни кўрадиган кўзгу ўрнатилган бўлиши керак.


253. Тракторларни ишга туширишдан олдин тракторларнинг рули, тормози, юриш қисми, тишлашиш муфтаси ва узатмалар қутиси, шунингдек ёритиш ва сигнализация тизими текширилиши лозим.


254. Бир тиркамали автопоезднинг узунлиги 20 м дан, бир неча тиркамали автопоезднинг узунлиги эса - 24 м дан ошмаслиги керак. Агар Т-32 типдаги тиркамали ўзиюрар шассидан фойдаланилса, у ҳолда ўзиюрар шассининг рамасига камида 300 кг юк жойлаштириш керак.


255. Транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидалари ҳамда усуллари билан танишмасдан ва қўшимча йўл-йўриқ олмасдан туриб транспорт воситаларини бошқариш ман этилади.



V БОБ. ТАЪМИРЛАШ (ТУЗАТИШ) ИШЛАРИНИ

БАЖАРИШДА ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК

ТАЛАБЛАРИ


256. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари, уларнинг техник паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатлари талабларига мослигини таъминлаши керак.


257. Ташкилот томонидан асбоб-ускуналарнинг зарур техник ҳолатини сақлаб туриш учун хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, режали-профилактик таъмирлаш қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишлари сифатининг яхшиланиши бўйича тегишли чоралар кўрилиши лозим.


258. Асбоб-ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Ишларни ташкил этиш лойиҳаларида таъмирлашни ўтказишга жавобгар шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларининг тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўрилиши лозим.


259. Таъмирлаш ишларини ўтказиш муддати ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқлаган йиллик режали-таъмирлаш жадвалига асосан белгиланади.


260. Таъмирлаш ишларини ўтказишда ишларнинг бажарилиши технологик кетма-кетликда кўрсатилиши керак. Бунда қуйидагилар кўрсатилиши зарур:

ишларни бажариш усуллари ва услублари;

таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомлар турлари;

таъмирланган маҳсулотлар ва улар қисмларининг техник талабларга жавоб бериши.


261. Таъмирлаш жиҳозлари ва ускуналари ишлаш учун қулай жойлаштирилиши, иш ҳолатида осон ўрнатилиб-ечилиши лозим.


262. Дастгоҳлар, столлар ва стеллажлар мустаҳкам ўрнатилиши ва ишлаш учун қулай баландликка эга бўлиши лозим.


263. Дастгоҳлар сирти силлиқ материал (пўлатли ва алюминли лист, линолеум) билан қопланган бўлиши лозим.


264. Дастгоҳдаги исканжа соз ҳолатда бўлиши ва ушлаб турадиган буюмни етарли даражада ушлаши лозим.


265. Дастгоҳдаги исканжалар орасидаги масофа 1 м бўлиши ва дастгоҳнинг эни 0,75 м дан кам бўлмаслиги ҳамда дастгоҳлар оралиғига 1 м дан кам бўлмаган ҳимоя тўри ўрнатилиши лозим.


266. Қўл асбоблари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

ёғоч соплар ёғочнинг қаттиқ ва қайишқоқ навларидан қилиниши, силлиқланган ва мустаҳкам ўрнатилган бўлиши;

инструментнинг иш қисмида ёриқлар, ғадир-будурлар ва синган жойлари бўлмаслиги.


267. Қўл омбури ва қайчилари силлиқ ва ички томонида қўлни сиқиб қўйишдан ҳимоялайдиган таянчи бўлиши лозим.


268. Қўл асбоблари ҳимоя қопламаси билан қопланган бўлиши лозим.


269. Электр таъминоти тўхтаган ёки танаффус вақтида электр дастгоҳ электр токидан узилган бўлиши лозим.


270. Электр дастгоҳда носозликлар аниқланган тақдирда, дарҳол иш тўхтатилиши керак.


271. Сиқилган ҳаво билан ишлайдиган электр дастгоҳлари билан ишлашда уларни чанг, нам ва нефть маҳсулотлари таъсиридан сақлаш лозим.


272. Дастгоҳларни йиғиш, қайд этиш, бириктириш элементларини қисиш, қотишма, флюс қоплаш ва бошқа йиғма деталларни ўрнатиш махсус қўлланма асосида технологик ҳужжатларда кўрсатилган тартибда амалга оширилиши лозим.


273. Кавшарлагичда иш бошлашдан олдин қуйидаги ишларни бажариш керак:

электр токи зарар етказишидан ҳимоялашнинг мувофиқлиги текширилиши;

кабель ва штепсель вилкасининг созлиги, ҳимоя қопламаси ва дастасининг изоляцияси ташқи кўрикдан ўтказилиши.


274. Электр ускуналар ва жиҳозларни таъмирлашдан сўнг, асбоб-ускунани ишга туширишга, ташкилот бош механиги, меҳнат муҳофазаси хизмати ходими, касаба уюшмаси вакили ва бош муҳандис тасдиқлайдиган тегишли далолатнома тузилиб, қабул қилингандан сўнг рухсат берилади.


275. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи блокировка мосламалари ўз жойига ўрнатилиши керак.



VI БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК


276. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


277. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


278. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси ва "Ўзстандарт" агентлиги билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 1 июль, 26-сон, 342-модда













































Время: 0.1790
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск