язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Хўжалик юритувчи субъектлар фаолияти устидан давлат назорати/ Назоратни амалга ошириш тартиби/ Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги Низом (АВ томонидан 28.06.2013 й. 2475-сон билан рўйхатга олинган Давлат солиқ қўмитасининг 27.05.2013 й. 2013-26-сон қарори билан тасдиқланган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 28 июнда 2475-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Давлат солиқ қўмитасининг

2013 йил 27 майдаги

2013-26-сонли қарорига

ИЛОВА



Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида

ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат

харидини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ


Мазкур Низом Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси, "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 17 ноябрдаги 306-сон "Фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарининг қўлланишини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорига мувофиқ чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида ўтказиладиган солиқ текширувларида назорат харидини амалга ошириш тартибини белгилайди.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Назорат хариди чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларга доир ҳуқуқбузарликларни солиқ текширувлари давомида аниқлаш учун ўтказилади.

2. Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида давлат солиқ хизмати органларига келиб тушган маълумотлар уч кун ичида тегишли давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилади.



II БОБ. НАЗОРАТ ХАРИДИНИ ЎТКАЗИШ ВА УНИНГ

НАТИЖАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ


3. Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китобларда содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар тўғрисида маълумотларни ўрганиш доирасида текшириш ўтказиш зарурати юзага келса, давлат солиқ хизмати органи қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат беришни сўраб Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашига белгиланган тартибда мурожаат қилади.

Давлат солиқ хизмати органлари томонидан тадбиркорлик субъектларини нақд пул маблағлари ёки пластик карточкалар бўйича тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш, назорат-касса машиналарини, ҳисоб-китоб терминалларини ишлатиш, шунингдек ўрнатилган тартибда талон ва чеклар бериш, нақд тушумни ўз вақтида ва тўла ҳажмда инкассация қилиш масалалари юзасидан ўтказиладиган текширишлар бўйича Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгашининг рухсатини олиш талаб этилмайди.

4. Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши томонидан қисқа муддатли текшириш ўтказишга рухсат берилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг текшириш ўтказиш учун масъул ходимлари назорат харидини ўтказиш учун нақд пул маблағларини тегишли давлат солиқ хизмати органи кассасидан олади.

5. Нақд пул маблағларини беришда уларнинг қиймати, банкнотларнинг серияси ва рақамлари алоҳида варақда қайд этилиб, чиқим касса ордерига илова қилинади. Бунда пул маблағларининг қиймати, серияси ва рақамлари ёзилган варақча нусхаси тегишли давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимларига берилади.

6. Назорат хариди ўтказилиб, тўлиқ ҳисоб-китоб қилингандан сўнг, давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан ўз хизмат гувоҳномалари ва текширишларни ўтказишга рухсат берилганлиги тўғрисидаги махсус гувоҳнома кўрсатилган ҳолда қисқа муддатли текшириш эълон қилинади. Қисқа муддатли текшириш учун асос бўлган ҳужжатлар нусхалари текшириш тугаллангунга қадар текширилаётган тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга тилхат олиб топширилади.


7. Ўтказилган назорат хариди натижаси бўйича уч нусхада мазкур Низомнинг иловасига мувофиқ шаклда Назорат харидини ўтказиш баённомаси расмийлаштирилади.


8. Назорат харидини ўтказиш баённомаси назорат харидини амалга оширган шахслар ва тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс томонидан имзоланади. Тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс Назорат харидини ўтказиш баённомасига имзо чекишдан бош тортган ҳолларда, баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилиб, назорат харидини амалга оширган шахсларнинг имзоси билан тасдиқланади.


9. Текширилаётган тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс баённомани имзолашдан бош тортиш сабабларини Назорат харидини ўтказиш баённомасида кўрсатиш ҳуқуқига эга.

Назорат харидини ўтказиш баённомасининг бир нусхаси текширилаётган тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга баённома нусхасини олганлигини тасдиқловчи имзо қўйдирган ҳолда берилади.


10. Текширилаётган тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс Назорат харидини ўтказиш баённомасини олишдан бош тортган тақдирда, тегишли давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан бу ҳақда баённомага тегишли ёзув киритилиб, баённома нусхаси тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга почта орқали буюртма хат билан юборилади ҳамда у жўнатилган кундан эътиборан уч кун ўтганидан сўнг топширилган ҳисобланади.


11. Давлат солиқ хизмати органи ходими томонидан назорат харидини ўтказишда ва унинг натижаларини расмийлаштиришда текширув натижасидан манфаатдор бўлмаган вояга етган жисмоний шахслар холислар сифатида жалб этилади.


12. Назорат хариди ўтказилиб, ўзаро ҳисоб-китоблар якунлангач, назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағлари текширилган тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс томонидан давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимларига, харид қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишларнинг натижалари (назорат хариди предметлари) эса, давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга қайтариб берилиши шарт, қайтариб бериш имкони бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ олиб қўйилиши лозим бўлган назорат хариди предметлари бундан мустасно. Бунда олиб қўйилган ҳуқуқбузарлик предметлари бўйича алоҳида баённома тузилади ҳамда мазкур баённома назорат харидини амалга оширган шахслар ва тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс томонидан имзоланади.


13. Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар ва ҳуқуқбузарлик предметлари солиқ текширувини ўтказаётган давлат солиқ хизмати органи масъул ходимларининг асослантирилган қарори асосида олиб қўйилиши мумкин. Солиқ тўловчининг фаолиятини тўхтатиб қўйишга олиб келадиган предметларни олиб қўйиш фақат суд қарори асосида амалга оширилади. Солиқ текширувига тааллуқли бўлмаган предметларни олиб қўйиш ман этилади.


14. Давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш бошлангунига қадар олиб қўйиш амалга оширилаётган шахсга ҳужжатларни ва предметларни олиб қўйиш тўғрисидаги қарорни тақдим этади ҳамда иштирок этаётган шахсларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиради.


15. Давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари ҳужжатлари ва предметлари олиб қўйилаётган шахсга уларни ихтиёрий равишда топширишни таклиф этадилар, у бош тортган тақдирда эса, мажбуран олиб қўйиш чораларини кўрадилар. Ҳужжатларни ва предметларни олиб қўйиш тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс иштирокида амалга оширилади.


16. Ҳужжатларни ва предметларни мажбуран олиб қўйиш холислар ҳамда тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс иштирокида амалга оширилади. Бунда олиб қўйилаётган барча ҳужжатлар ва предметлар холисларга ҳамда олиб қўйишда иштирок этаётган бошқа шахсларга кўрсатилади. Ҳужжатлар асл нусха ёки солиқ тўловчининг имзоси ва муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган кўчирма нусхалар кўринишида олиб қўйилади.

17. Солиқ тўловчи ҳужжатлари кўчирма нусхаларининг олиб қўйилиши солиқ назоратини амалга ошириш учун етарли бўлмаган ҳолларда ҳамда давлат солиқ хизмати органларида ҳужжатларнинг асл нусхалари йўқ қилиниши, яширилиши, тузатилиши ёки алмаштирилишига етарли асослар бўлган ҳолларда давлат солиқ хизмати органининг мансабдор шахси ҳужжатларнинг асл нусхасини олиб қўйишга ҳақли. Ҳужжатларнинг асл нусхалари олиб қўйилаётганда улардан кўчирма нусхалар тайёрланади, бу нусхалар давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан имзоланади ва кимдан олиб қўйилган бўлса, ўша шахсга берилади. Ҳужжатларни олиб қўйиш билан бир вақтнинг ўзида улардан кўчирма нусха тайёрлаш ёки тайёрланган кўчирма нусхаларни бериш имконияти бўлмаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органи уларни ҳужжатлари олиб қўйилган шахсга олиб қўйилган кундан эътиборан беш кун ичида беради. Қолган ҳолларда солиқ тўловчининг имзоси ва муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланган ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари олиб қўйилади.

18. Ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 100-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда баённома билан расмийлаштирилади. Баённомада ёки унга илова қилинадиган рўйхатларда ҳужжатлар ва предметларнинг номи, миқдори ҳамда алоҳида белгилари, имкон бўлганда эса, предметларнинг қиймати кўрсатилган ҳолда санаб ўтилиши ва тавсифланиши лозим.

Ҳужжатлар ва предметларни олиб қўйиш тўғрисидаги баённома икки нусхада тузилади, улардан бири ҳужжатлар ва предметлар кимдан олиб қўйилган бўлса, ўша шахсга топширилиб, тилхат олинади. Баённомани қабул қилишдан бош тортилган тақдирда, давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари бу ҳақда баённомага тегишли ёзув киритади. Бундай ҳолда баённоманинг бир нусхаси ҳужжатлари ва предметлари олиб қўйилган шахсга почта орқали буюртма хат билан юборилади ҳамда у жўнатилган кундан эътиборан уч кун ўтганидан сўнг топширилган ҳисобланади.


19. Солиқ текшируви натижалари Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 101-моддасида назарда тутилган талабларга риоя этилган ҳолда тузилган далолатнома билан расмийлаштирилади ва Назорат харидини ўтказиш баённомаси мазкур далолатномага илова қилинади. Солиқ текшируви натижасида аниқланган ҳуқуқбузарлик фактлари бўйича материаллар давлат солиқ хизмати органларининг тегишли бўлимларига ёки ушбу бўлимлар орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига топширилади.



III БОБ. НАЗОРАТ ХАРИДИНИ ЎТКАЗИШДА ФОЙДАЛАНИШ

УЧУН НАҚД ПУЛ МАБЛАҒЛАРИ АЖРАТИШ


20. Назорат харидини ўтказишда фойдаланиш учун нақд пул маблағлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг Моддий ёрдам, ижтимоий ҳимоя, солиқ органларини ривожлантириш ва кўзда тутилмаган харажатлар махсус жамғармаси маблағлари ҳисобидан ажратилади.

21. Давлат солиқ хизмати органи томонидан ғазначилик бўлинмаларига (Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ғазначилиги, ҳудудий ғазначилик бошқармалари, шунингдек туман (шаҳар) ғазначилик бўлинмалари) Ўзбекистон Республикаси бюджет тизими бюджетларининг ғазна ижроси қоидаларида (рўйхат рақами 2850, 2016 йил 22 декабрь) назарда тутилган тартибда тўлов ҳужжатларини илова қилган ҳолда миллий валютадаги нақд пул маблағларини олиш учун сўровнома тақдим этилади.

24. Солиқ текширувларини ўтказиш учун олинган нақд пул маблағлари тегишли давлат солиқ хизмати органи кассаларида Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларида (рўйхат рақами 2687, 2015 йил 22 июнь) белгиланган тартибда сақланади.

25. Давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан солиқ текшируви натижалари бўйича тегишли далолатнома расмийлаштирилиб, рўйхатга олингандан сўнг, назорат харидини ўтказишда фойдаланиш учун олинган нақд пул маблағлари бир иш куни ичида тегишли давлат солиқ хизмати органи кассасига тўлиқ топширилади. Пул маблағларининг қиймати, серияси ва рақамлари ёзилган варақча нусхаси кирим касса ордерига илова қилинади.



IV БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


26. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.


27. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банки ва Савдо-саноат палатаси билан келишилган.






Низомга

ИЛОВА


Назорат харидини ўтказиш

БАЁННОМАСИ

                   



(баённома тузилган сана)


(баённома тузилган жой)


                


(давлат солиқ хизмати органининг номи)

            

(давлат солиқ хизмати органи масъул ходимларининг Ф.И.О. ва лавозими)

         

          

ҳамда холислар



(холисларнинг Ф.И.О. ва яшаш манзили)

            

             

иштирокида 20__ йил "___" __________ куни соат _____да



(ҳудуд номи)

         

(тадбиркорлик субъектининг жойлашган ери)

            

(тадбиркорлик субъектининг номи ёки жисмоний шахснинг Ф.И.О., яшаш жойи, туғилган йили)

    

назорат харидини ўтказдик. Назорат харидини ўтказиш вақтида қуйидагилар


А Н И Қ Л А Н Д И:


                


(харидорнинг Ф.И.О.)


нинг

(тадбиркорлик субъектининг номи)



га

(жисмоний шахснинг Ф.И.О., яшаш жойи, туғилган йили)


мурожаат қилиб,



(харид қилинган товарларнинг (ишларнинг, хизматларнинг) номи, миқдори ва қиймати)


харид қилган ва

тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга


           

(банкнотлар тури, қиймати ва сони)

жами


берган.


(пул маблағининг миқдори рақам ва сўз билан ёзилади)


Тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс харидорга у сўраган товарларни бериб (ишлар бажариб, хизматлар кўрсатиб) ___________________________________________________


қайтим қайтарган.

(қайтим миқдори рақам ва сўз билан ёзилади)


Тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс товарлар (ишлар, хизматлар) харидор (мижоз) томонидан тўланган ҳақни олиб, _____________________________________________

             

(тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахснинг хатти-ҳаракатлари)

          

         

         

          

Тўлиқ ҳисоб-китоб қилингандан сўнг текширув ўтказилиши ҳақида эълон қилинди. Текшириш вақтида қуйидагилар


А Н И Қ Л А Н Д И:


                


(аниқланган ҳолатлар тавсифи)

      

       

       

        

      

       

       

        

        

           

Назорат хариди ўтказилиб, ўзаро ҳисоб-китоблар якунлангач, назорат харидини ўтказишда фойдаланилган пул маблағлари текширилган тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс томонидан давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимига, харид қилинган товарлар, кўрсатилган хизматлар ва бажарилган ишларнинг натижалари (назорат хариди предметлари) эса - давлат солиқ хизмати органининг масъул ходимлари томонидан тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга қайтариб берилди.

Баённома билан танишдим ва ўтказилган назорат хариди ва баённома мазмуни бўйича қуйидагиларни билдираман:

              

(тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахснинг фикр-мулоҳазалари)

      

        

       

        

       

         

        

Мазкур баённома учта бир хил нусхада тузилди ва унинг бир нусхаси тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахсга берилди ҳамда назорат харидини ўтказишда иштирок этган барча шахсларга овоз чиқариб ўқиб эшиттирилди.

Баённомани тузган шахслар





(имзо)


(Ф.И.О., лавозими)

   

              





(имзо)


(Ф.И.О., лавозими)

    

Холислар:





(имзо)


(Ф.И.О., яшаш жойи, туғилган йили)

      

             





(имзо)


(Ф.И.О., яшаш жойи, туғилган йили)

       

Харидни амалга оширган шахс





(имзо)


(Ф.И.О., яшаш жойи, туғилган йили)

     

Тадбиркорлик субъекти (унинг вакили) ёки жисмоний шахс





(имзо)


(Ф.И.О., яшаш жойи, туғилган йили)

    

    

"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 1 июль, 26-сон, 349-модда