ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикасининг 06.05.1993 й. 837-XII-сон "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

06.05.1993 й.

N 837-XII



СУВ ВА СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ТЎҒРИСИДА


I БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади ва асосий вазифалари

Ушбу Қонуннинг мақсади сувга доир муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг асосий вазифалари аҳоли ва иқтисодиёт тармоқлари эҳтиёжлари учун сувлардан оқилона фойдаланишни таъминлаш, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлаш, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларининг ҳолатини яхшилашдан, шунингдек сувга доир муносабатлар соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдан иборатдир.



2-модда. Сув тўғрисидаги қонунчилик

Ўзбекистон Республикасида сувга доир муносабатлар ушбу Қонун ҳамда унга мувофиқ чиқариладиган сув тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Қорақалпоғистон Республикасида сувга доир муносабатлар, шунингдек Қорақалпоғистон Республикасининг қонунчилиги билан ҳам тартибга солинади.


2-1-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ер ости сувлари - ер сатҳидан пастда ер қобиғининг тоғ жинслари қатламларида жойлашган сувлар;


ер усти сувлари - ер қобиғининг устида жойлашган сувлар;


мелиорация объектлари - коллектор-дренаж ва ер усти ташлама сувларини тўплаш ҳамда уларни суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган, коллекторларни ва коллектор-дренаж тармоғини, вертикал дренаж қудуқларини, мелиорация насос станцияларини (агрегатларини) ва кузатув тармоғини ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;


сувлар - сув объектларида тўпланган барча сувлар мажмуи;


сув истеъмоли (сувни истеъмол қилиш) - юридик ва жисмоний шахслар томонидан ўз эхтиёжларини қондириш учун сув ресурсларидан уларни сув объектидан белгиланган тартибда олган ҳолда фойдаланиш;

сув истеъмолчилари уюшмаси - юридик шахс бўлган сув истеъмолчилари томонидан сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун ихтиёрий асосда ташкил этиладиган нодавлат нотижорат ташкилоти;

сув истеъмолчиси - ўз эҳтиёжларини қондириш учун сув объектидан ёки сув хўжалиги объектидан сув ресурсларини белгиланган тартибда олувчи юридик ёки жисмоний шахс;

сув объекти - сувлар доимий равишда ёки вақтинча тўпланадиган ва сув режимининг ўзига хос шакллари ва белгилари бўлган табиий (жилғалар, сойлар, дарёлар ва бошқалар) ҳамда суньий (очиқ ва ёпиқ каналлар, шунингдек коллектор-дренаж тармоқлари) сув оқимлари, табиий (кўллар, денгизлар, ер ости сувли қатламлари) ва сунъий (сув омборлари, сел сувлари тўпланадиган жойлар, ҳовузлар ва бошқалар) сув ҳавзалари, шунингдек булоқлар ва бошқа объектлар;

сув объектларини муҳофаза қилиш - сув объектларини сақлаш ва тиклашга қаратилган тадбирлар тизими;


сув режими - сув объектлари ва тупроқ-грунтда сув сатҳи, тезлиги, сарфи ва ҳажмининг вақт бўйича ўзгариши;


сув ресурслари - фойдаланиладиган ёки фойдаланилиши лозим бўлган сув объектлари сувлари;

сув хўжалиги - иқтисодиётнинг сув ресурсларини ва сув объектларини ўрганиш, ҳисобга олиш, бошқариш, улардан фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирига қарши курашишни қамраб олувчи тармоғи;


сув хўжалиги объекти - сув ресурсларини тўплаш, бошқариш, етказиб бериш, улардан фойдаланиш, уларни истеъмол қилиш, ажратиб бериш ва муҳофаза қилиш мақсадида сув хўжалиги фаолияти амалга ошириладиган сув объекти;


сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари - сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари (туманларнинг ирригация бўлимлари, ирригация тизими бошқармалари, магистрал каналлар (тизимлар) бошқармалари, насос станциялари ва энергетика бошқармалари, мелиоратив экспедициялар, сув омборларидан ва йирик гидротехника иншоотларидан фойдаланиш бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари);

сувдан фойдаланиш - юридик ва жисмоний шахслар томонидан сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиш;

сувдан фойдаланувчи - сув ресурсларини сув объектидан олмаган ҳолда улардан ўз эҳтиёжлари учун фойдаланувчи юридик ёки жисмоний шахс;

сувларнинг зарарли таъсири - сув тошиши, сув босиши, зах босиши ва сувларнинг ўзга таъсирлари натижасида айрим табиий-хўжалик объектлари ва ҳудудларнинг ювилиши, бузилиши, лойқа чўкиши, ботқоқланиши, шўрланиши ва бошқа салбий ҳодисалар;


сув етказиб берганлик ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун ҳақ тўлаш - сув таъминоти ташкилотлари (сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари ва бошқалар) томонидан кўрсатиладиган сув етказиб бериш бўйича хизматлар ва бошқа сув хўжалиги хизматлари (сув хўжалиги объектларини таъмирлаш, сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситаларидан фойдаланишда кўмаклашиш) учун шартнома асосида тўловларни амалга ошириш;

трансчегаравий сув объектлари - икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган сув объектлари;


трансчегаравий сувлар - икки ва ундан ортиқ давлатлар чегараларини кесиб ўтадиган ёки шундай чегараларда жойлашган ҳар қандай ер усти ёки ер ости сувлари



3-модда. Сувга давлат эгалиги

Сув Ўзбекистон Республикасининг давлат мулки - умуммиллий бойлик ҳисобланади, сувдан оқилона фойдаланиш лозим бўлиб, у давлат томонидан қўриқланади.


4-модда. Ягона давлат сув фонди

Ягона давлат сув фонди:

жилғалар, сойлар, дарёлар, сув омборлари, кўллар, денгизлардан, каналлар, коллектор-дренаж тармоқлари, булоқлар, ҳовузларнинг сувлари ва бошқа ер усти сувларидан;

ер ости сувлари, қор захиралари ва музликлардан иборатдир.

Трансчегаравий сув объектларининг (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, Орол денгизи ва бошқа трансчегаравий сув объектларининг) сувларидан фойдаланиш ҳуқуқи Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида белгиланади.


II БОБ. ДАВЛАТ ҲОКИМИЯТИ ВА БОШҚАРУВИ

ОРГАНЛАРИНИНГ СУВГА ДОИР МУНОСАБАТЛАРНИ

ТАРТИБГА СОЛИШ СОҲАСИДАГИ

ВАКОЛАТЛАРИ

5-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг

сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги

ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги тасарруфига қуйидагилар киради, чунончи:

сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қабул қилиш, уларга ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш;

сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини белгилаш ҳамда сув хўжалигига оид стратегик давлат дастурларини қабул қилиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг тасарруфига кирадиган бошқа масалаларни ҳал этиш.


6-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг сувга доир муносабатларни

тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги тасарруфига қуйидагилар киради, чунончи:

сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

сув ресурсларидан комплекс ва оқилона фойдаланиш, уларни бошқариш ва муҳофаза қилиш, шунингдек сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш соҳасида вазирликлар, идоралар, бошқа юридик шахсларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш;

сув фондини ҳосил қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини, сувдан фойдаланиш, сув истеъмоли меъёрларини ва сув объектидан сув олиш лимитларини (бундан буён матнда сув олиш лимитлари деб юритилади) тасдиқлаш тартибини белгилаш;

сувларнинг давлат томонидан ҳисобга олиб борилишини ҳамда сувдан фойдаланишни назорат қилиш ва уларни муҳофаза этишни таъминлаш, давлат сув кадастри ва сув мониторингини юритиш;

йирик авариялар, фалокатлар, экология танглиги ва сувларнинг зарарли таъсири олдини олиш ҳамда уларга барҳам бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳақ тўлаш, сув объектларини булғатганлик ва қуритиб қўйганлик учун ҳақ ундириш тартибини белгилаш;

сув хўжалиги соҳасида давлатлараро муносабатларни ривожлантириш;

сув хўжалигини ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, сувдан самарали фойдаланиш, сув танқислигининг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш, сув ва сувдан фойдаланишга доир бошқа дастурларни тасдиқлаш;

сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартибини тасдиқлаш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш.


7-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сувга

доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги тасарруфига қуйидагилар киради, чунончи:

ўз ҳудудидаги сув ресурсларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишнинг асосий йўналишларини белгилаш;

сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солиш ва уларни муҳофаза қилиш соҳасида қонунийлик ҳамда ҳуқуқ-тартиботни таъминлаш;

сув объектлари ҳолатини ҳисобга олиб бориш ва уларга баҳо бериш, сувлардан фойдаланилиши ва уларнинг муҳофаза қилиниши, белгиланган сув олиш лимитларига риоя этилиши, сувдан фойдаланувчиларнинг сувдан фойдаланиш ҳисобини юритишлари устидан назорат қилиб бориш;

сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш бўйича аниқ йўналтирилган рўйхатларни шакллантириш ва тасдиқлашда, шунингдек уларнинг амалга оширилишини назорат қилишда кўмаклашиш;

сув истеъмолчилари уюшмаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлаш, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларини таъмирлаш ҳамда тиклаш, томорқа ерларига сув етказиб бериш тадбирларини амалга оширишда кўмаклашиш;

сув объектларини сақлаш ва уларнинг ҳолатини яхшилаш, сувларнинг зарарли таъсир кўрсатишини, шунингдек булғанишини олдини олиш ва уни бартараф этиш ҳамда авариялар, тошқин, сел ва табиий офатлар натижасида вайрон бўлган объектларни тиклаш юзасидан тадбирлар ўтказиш;

қонунчиликда назарда тутилган бошқа масалаларни тартибга солиш.


III БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА УНИ МУҲОФАЗА

ҚИЛИШ СОҲАСИДА ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ ВА

НАЗОРАТИ

8-модда. Сувдан фойдаланиш

соҳасида давлат бошқаруви

Сувдан фойдаланиш соҳасида давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, шунингдек сувдан фойдаланишни бевосита ёки ҳавза (ҳудудий) бошқармалари орқали тартибга солувчи махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги (ер усти сувлари), Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси (ер ости сувлари) ўз ваколатлари доирасида сувдан фойдаланишни тартибга солиш соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари ҳисобланади.


9-модда. Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза

қилиш устидан давлат назорати

Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратининг вазифаси сувдан фойдаланиш борасида белгилаб қўйилган тартибга барча вазирликлар ва идоралар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар риоя қилишлари, сувни муҳофаза қилиш, сувнинг зарарли таъсирининг олдини олиш ва бартараф қилиш вазифаларини, сувни ҳисобга олиш қоидаларини, шунингдек сув тўғрисидаги қонунчиликда белгилаб берилган бошқа қоидаларни бажаришларини таъминлашдир.

Сувдан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.


10-модда. Сувлардан ва сув объектларидан оқилона

фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни

амалга оширишда сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа

нодавлат нотижорат ташкилотлари, шунингдек

фуқароларнинг иштироки

Сув истеьмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ ҳамда фуқаролар сувлардан ва сув объектларидан оқилона фойдаланиш, уларни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни амалга оширишда давлат органларига кўмаклашади. Давлат органлари бу тадбирларни ўтказишда сув истеъмолчилари уюшмалари, бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларининг, шунингдек фуқароларнинг таклифларини ҳисобга олиши мумкин.



IV БОБ. СУВЛАРНИНГ ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

ҲОЛАТИГА ТАЪСИР ЭТУВЧИ КОРХОНАЛАР,

ИНШООТЛАРНИ ҲАМДА БОШҚА ОБЪЕКТЛАРНИ

ЖОЙЛАШТИРИШ, ЛОЙИҲАЛАШ, ҚУРИШ,

РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ, ТАЪМИРЛАШ,

ТИКЛАШ ВА ИШГА ТУШИРИШ

11-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига

таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа

объектларни жойлаштириш, лойихалаш, қуриш,

реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш

ва ишга тушириш шартлари

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш, тиклаш ва ишга туширишда, янги технологик жараёнларни жорий этишда аҳолининг соғлиғини сақлаш ва ичимлик сувига бўлган эҳтиёжларини ҳамда маиший эҳтиёжларини биринчи навбатда қондириш талабларига риоя этган ҳолда сувдан оқилона фойдаланиш, шунингдек коллектор-дренаж сувларини ва оқова сувларни чиқариб юборишнинг қулай режими таъминланиши лозим. Бунда сув объектларидан олинадиган ва шу объектларга қайтариладиган сувни ҳисобга олишни, сувларни булғаниш, ифлосланиш ва камайиб кетишдан сақлашни, сувларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни, ерларнинг сув босишини имкон қадар камайтиришни, ерларни шўрланишдан, зах босишдан ёки қақраб қолишдан муҳофаза қилишни, шунингдек қулай табиий шароитлар ва ландшафтларни сақлаб қолишни таъминловчи тадбирлар назарда тутилади.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари сув объектларидан дам олиш ва спорт учун фойдаланиш имкониятлари ҳисобга олинган ҳолда тузилиши лозим.



12-модда. Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида корхоналар,

иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш,

қуриш, реконструкция қилиш ва ишга тушириш шартлари

Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларида янги ва таъмирланган корхоналар, иншоотлар ва бошқа объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, реконструкция қилиш ва ишга тушириш чоғида ушбу Қонун 15-моддасининг талабларига риоя қилиш билан бир қаторда, балиқ захираларига етказилаётган зарарнинг ўрнини қоплаш, бошқа сув ҳайвонлари ва ўсимликларини муҳофаза қилиш ҳамда уларни асраш, қайта тиклаш ва кўпайтиришни таъминлайдиган тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш лозим.



13-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига

таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа

объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган,

таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотлар ҳамда бошқа объектлар қуриладиган, реконструкция қилинадиган, таъмирланадиган ва тикланадиган жойларни белгилаш мазкур сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек бошқа манфаатдор ташкилотлар билан қонунчиликка мувофиқ келишиб олинади.



14-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига

таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа

объектларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш

ва тиклаш лойиҳаларининг келишиб олиниши

ва давлат экспертизаси

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳалари экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари ҳамда бошқа органлар билан келишиб олиниши лозим, шунингдек қонунчиликка мувофиқ давлат экспертизасидан ўтказилади.

Мелиорация объектларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари қонунчиликда белгиланган тартибда давлат экспертизасидан ўтказилади.

Ишлаб чиқариш шароитларига кўра айланма сув таъминотига ва чиқитсиз технологияга ўтказилиши мумкин бўлмаган саноат корхоналарининг сув билан тўхтовсиз таъминлаш тизимларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилишга йўл қўйилмайди.



15-модда. Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига

таъсир этувчи корхоналар, иншоотларни ҳамда бошқа

объектларни ишга туширишни тақиқлаш

Қуйидагиларни:

сувларнинг булғаниши ва ифлосланишининг олдини олувчи қурилмалар билан таъминланмаган, шунингдек сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига салбий таъсир кўрсатувчи янги ҳамда реконструкция қилинган корхоналар, цехлар, агрегатларни, коммунал ва бошқа объектларни;

ерларнинг сув босиши, зах босиши, ботқоқланиши, шўрланишининг ҳамда тупроқ эрозиясини олдини олишнинг лойиҳаларда назарда тутилган тадбирлари амалга оширилмагунча суғориш ва сув билан таъминлаш тизимларини, сув омборлари ва каналларни;

тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ сув қабул қиладиган ва бошқа иншоотларни қуриб битказмай туриб, зах қочириш тармоқларини;

тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ балиқларни сақлаб қолиш қурилмалари бўлмаган сув олиш иншоотларини;

тасдиқланган лойиҳаларга мувофиқ тошқин сувларни ва балиқларни ўтказиб юборадиган қурилмалари тайёр бўлмаган гидротехника иншоотларини;

ер ости сув захиралари тасдиқланмаган сув олиш иншоотлари гуруҳини;

сувни тартибга солувчи қурилмалар билан таъминламай туриб ва тегишли ҳолларда санитария муҳофазаси зоналарини белгиламай туриб, сув чиқариш учун бурғиланган қудуқларни ишга тушириш тақиқланади.

Сув омборларини уларнинг ўзанини лойиҳада кўрсатилганидек тайёр қилиб қўйиш тадбирлари амалга оширилмагунча сув билан тўлдириш тақиқланади.


16-модда. Сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш

йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини

қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклаш

лойиҳаларини келишиб олиш

Сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ва бошқа транспорт коммуникацияларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш лойиҳалари сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини назорат қилиш органлари, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда зарур ҳолларда, энергетика, архитектура ва қурилиш органлари, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан (дарё транспорти юзасидан) келишиб олиниши лозим, шунингдек тошқин сувларини ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг ифлосланишига, булғанишига ва камайиб кетишига йўл қўймасликни, уларнинг зарарли таъсирининг олдини олишни таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши керак.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи сув объектларидан ўтадиган кўприклар, ўтиш йўлларини ҳамда бошқа транспорт коммуникацияларини таъмирлаш ва тиклаш лойиҳалари сув хўжалиги органлари билан, шунингдек қонунчиликка мувофиқ бошқа органлар билан келишиб олиниши ҳамда тошқин сувларни ўтказиб юборишни, сув объектларидан фойдаланиш режимини, сувларнинг булғаниши ва ифлосланишининг олдини олишни таъминловчи тадбирлар ўтказилишини назарда тутиши керак.


V БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДА, СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

СУВНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ ЗОНАЛАРИ, СОҲИЛ

БЎЙИ МИНТАҚАЛАРИДА ВА САНИТАРИЯ

МУҲОФАЗАСИ ЗОНАЛАРИДА

ИШЛАРНИ БАЖАРИШ

17-модда. Сув объектларида, сув объектларининг сувни

муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақаларида ва

санитария муҳофазаси зоналарида ишларни бажариш тартиби

Сув объектларида, сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида, ер ости сувлари ҳосил бўладиган ҳудудларда сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи қурилиш, таъмирлаш, тиклаш, ўзан тубини чуқурлаштириш ва портлатиш ишлари, фойдали қазилмаларни кавлаб олиш ва сув ўсимликларини олиш, кабеллар, қувурлар ҳамда бошқа коммуникацияларни ўтказиш, дарахтларни кесиш, бурғилаш, қишлоқ хўжалиги ишлари ва ўзга ишлар қонунчиликка мувофиқ бажарилади.

Сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи ишлар ушбу Қонун талабларига мувофиқ равишда, илмий асосланган норма ва қоидалар асосида қишлоқ ва сув хўжалиги, энергетика, балиқчилик хўжалиги, ўрмон хўжалиги, маиший ва коммунал хўжалик манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ўтказилади.



VI БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАР,

СУВ ИСТЕЬМОЛЧИЛАРИ ВА УЛАР

ФОЙДАЛАНАДИГАН ОБЪЕКТЛАР

18-модда. Сувдан фойдаланувчилар

Сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари, сув истеъмолчилари уюшмалари, коммунал-маиший соха, гидроэнергетика корхоналари, бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар сувдан фойдаланувчилар бўлиши мумкин.



18-1-модда. Сув истеъмолчилари

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер ва деҳқон хўжаликлари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар сув истеъмолчилари бўлиши мумкин.


18-2-модда. Сув истеъмолчилари уюшмалари

Сув истеъмолчилари уюшмалари асосан гидрография принципига ёки сув ресурсларини оқилона бошқариш ва улардан оқилона фойдаланишни таъминлайдиган бошқа шартларга мувофиқ ташкил этилади.

Фермер хўжаликлари, юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжаликлари, шунингдек юридик шахс бўлган бошқа сув истеъмолчилари сув истеъмолчилари уюшмаларининг муассислари бўлиши мумкин.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек бошқа сув истеъмолчилари сув истеъмолчилари уюшмаларининг аъзолари бўлиши мумкин.

Сув истеъмолчилари уюшмаси ва унинг хизмат кўрсатиш зонасида жойлашган аъзолари, шунингдек бошқа сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари ҳамда ўзга юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги сувга доир муносабатлар шартнома асосида тартибга солинади.

Сув истеъмолчилари уюшмаларининг фаолиятини молиялаштириш ўз аъзоларининг ҳар йиллик аъзолик бадаллари, шартнома асосида сув етказиб берганлик ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар, шунингдек қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Сув истеъмолчилари уюшмалари сувдан фойдаланиш қоидалари бузилган, сувдан мақсадсиз фойдаланилган тақдирда, шунингдек лимитдан ортиқча сув олинган, аъзолик бадаллари, сув етказиб берганлик ва бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар ўз вақтида тўланмаган тақдирда, қонуннинг ҳамда шартнома шартларининг аниқланган бузилишлари бартараф этилгунига қадар сув истеъмолчиларига сув етказиб беришни тўхтатишга ҳақли.


19-модда. Сувдан фойдаланиш объектлари

Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сувдан фойдаланиш объектлари бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклик принциплари ҳамда бошқа шартлар асосида фойдаланишга берилиши мумкин, бундан сув омборлари, сел-сув омборлари, шунингдек йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари мустасно.


19-1-модда. Сув истеъмоли манбалари

Сув объектлари ёки уларнинг қисмлари сув истеъмоли манбалари бўлиши ва қонунчиликда белгиланган тартибда сув истеъмоли учун берилиши мумкин.


20-модда. Сув объектларидан фойдаланишни қисман

ёки батамом тақиқлаш

Алоҳида давлат аҳамиятига ёхуд алоҳида илмий ёки маданий қимматга эга бўлган сув объектларидан фойдаланиш қонунчиликда белгиланган тартибда қисман ёки батамом тақиқланиши мумкин.



VII БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ

ВА СУВ ИСТЕЬМОЛИ ТУРЛАРИ

21-модда. Сувдан фойдаланиш турлари

Сув объектидан сув олиш усулига, сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этилишига қараб сувдан фойдаланиш сувдан умумий ва махсус фойдаланишга бўлинади.

Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз эҳтиёжларини ҳамда бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадида сувдан фойдаланиш сувдан умумий фойдаланишдир.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сувдан фойдаланиш сувдан махсус фойдаланишдир. Сувдан махсус фойдаланишга айрим ҳолларда махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сувдан фойдаланиш ҳам киритилиши мумкин.

Сувдан умумий ва махсус фойдаланиш турлари рўйхати Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан қонунчиликка мувофиқ белгиланади.

Сув объектлари танҳо ёки биргаликда фойдаланишда бўлиши мумкин.

Қонунчиликда белгиланган тартибда юридик ёки жисмоний шахсларга бутунлай ёки қисман фойдаланишга берилган сув объекти танҳо фойдаланиладиган сув объектидир.

Танҳо фойдаланишга берилмаган сув объекти биргаликда фойдаланиладиган сув объектидир.

Сув объектлари қонунчиликда белгиланган тартибда сув хўжалиги, санитария назорати, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари билан келишилган ҳолда фойдаланишга берилади.

Сув объектлари сувдан фойдаланувчиларга сув истеъмолчиларининг қишлоқ хўжалиги, ичимлик, даволаш ва маиший эҳтиёжларини, аҳолининг курорт, рекреация ва ўзга эҳтиёжларини, саноат, энергетика, транспорт, балиқчилик хўжалиги ҳамда бошқа давлат ёки жамоат эҳтиёжларини қондириш учун қонунчиликда назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда фойдаланишга берилади.

Оқова сувларни оқизиш учун сув объектларидан фойдаланишга қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ҳамда махсус талаблар ва шартларга риоя қилинган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.

Сув объектлари битта ёки айни бир вақтда бир нечта мақсадда фойдаланишга берилиши мумкин.



21-1-модда. Сув истеъмоли турлари

Мақсадли фойдаланилишига кўра сув истеъмоли ичимлик, коммунал-маиший, даволаш, курорт, рекреация, балиқчилик хўжалиги, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги сув истеъмолига ва бошқа турларга бўлинади. Сув объектидан олинадиган сувнинг миқдорига қараб сув истеъмоли умумий ва махсус сув истеъмолига бўлинади.

Жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда ўз шахсий ичимлик, маиший, рекреация, даволаш эҳтиёжлари, ҳайвонларни суғориш ва бошқа эҳтиёжларни қондириш мақсадидаги сув истеъмоли умумий сув истеъмолидир.

Юридик ва жисмоний шахслар томонидан сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўллаган ҳолда амалга ошириладиган сув истеъмоли махсус сув истеъмолидир. Махсус сув истеъмолига айрим ҳолларда махсус иншоотлар ва қурилмаларни қўлламаган ҳолда, аммо сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган сув истеъмоли ҳам киритилиши мумкин.

Сув ресурслари қонунчиликда назарда тутилган талаблар ва шартларга риоя қилинган ҳолда истеъмол учун берилади.


VIII БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИ ФОЙДАЛАНИШГА

БЕРИШ ТАРТИБИ ВА ШАРТЛАРИ

25-модда. Сув объектларининг,

аввало аҳоли эҳтиёжлари учун берилиши

Сув объектлари, аввало, аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини ва маиший эҳтиёжини қондириш учун фойдаланишга берилади.


26-модда. Сув объектларини танҳо

фойдаланишга бериш тартиби

Сув объектлари танҳо фойдаланиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёхуд тегишли ваколатга эга давлат органи томонидан қонунчиликда белгиланадиган тартибда батамом ёки қисман берилади.

Сув объектлари танҳо фойдаланиш учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш рухсатномаси албатта расмийлаштирилган ҳолда берилади.


27-модда. Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус

истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш рухсатнома асосида амалга оширилади.

Табиий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки уларнинг сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома ер усти сувлари бўйича - сув хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари, ер ости сувлари бўйича - геология ва минерал ресурслар органлари томонидан берилади.

Сунъий сув объектларининг сувидан махсус фойдаланиш ёки уларнинг сувини махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома:

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига, ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларига, магистрал каналлар (тизимлар) бошқармаларига, сув омборларидан фойдаланиш бошқармаларига, трансчегаравий сув объектларидан, вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан, катта ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектларидан фойдаланувчи ташкилотларга, насос станциялари, энергетика ва алоқа бошқармаларига, мелиорация экспедицияларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига -республика ёки вилоятлараро аҳамиятга молик сув объектларидан Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан;

ирригация тизимлари бошқармаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига - вилоят ёки туманлараро аҳамиятга молик сув объектларидан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан;

сув истеъмолчилари уюшмаларига, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларга ва сув истеъмолчиларига - туман аҳамиятига молик сув объектларидан туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлимлари томонидан;

ўзлари хизмат кўрсатадиган зонада жойлашган фермер ва деҳқон хўжаликларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳамда бошқа сув истеъмолчиларига - қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан берилади.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


28-модда. Сувдан умумий фойдаланишни амалга ошириш

Сувдан умумий фойдаланиш ушбу Қонун ва бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланадиган тартибда рухсатсиз ва чеклашларсиз амалга оширилади.



29-модда. Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларида

сувдан умумий фойдаланиш ва умумий сув истеъмоли

Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларида сувдан умумий фойдаланишга ва умумий сув истеъмолига шу сув объектларидан фойдаланувчи ташкилотлар томонидан сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишилган ҳолда белгиланган шартларга кўра йўл қўйилади, зарур ҳолларда эса, бундай сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш қонунчиликка мувофиқ тақиқлаб кўйилиши мумкин.


30-модда. Сув олиш лимитлари

Сув олиш лимитлари барча сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига нисбатан белгиланади.

Сув олиш лимитлари (ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) сув хўжалиги органлари томонидан сув манбалари, ҳавза ирригация тизимлари, магистрал каналлар (тизимлар), ирригация тизимлари, иқтисодиёт тармоқлари, ҳудудлар, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари бўйича белгиланади, ер ости сувлари борасида эса геология ва минерал ресурслар органлари билан келишилган ҳолда белгиланади.

Фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда бошқа сув истеъмолчилари учун сув олиш лимитлари уларга хизмат кўрсатувчи сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланади.

Коммунал ва маиший хўжаликларнинг сув олиш лимитлари тегишли фойдаланувчи ташкилотлар томонидан белгиланади.

Сув олиш лимитлари сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари учун манбаларнинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилиги ҳисобга олинган ҳолда қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун бир йилда икки марта ҳамда бошқа зҳтиёжлар учун бир йилда бир марта белгиланади ва улар учун мажбурийдир.

Сувдан фойдаланувчиларнинг сувни етказиб бериш бўйича хизматлари, шунингдек кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун шартнома асосида ҳақ тўланади.


31-модда. Сув объектларидан фойдаланиш муддатлари

Сув объектлари доимий ёки вақтинча, шу жумладан давлат-хусусий шериклик асосида фойдаланиш учун берилади.

Муддати аввалдан белгиланмаган ҳолда фойдаланиш - доимий фойдаланиш деб эътироф этилади.

Сувдан вақтинча фойдаланиш муддати уч йилдан кам бўлмаслиги ва қирқ тўққиз йилдан ошмаслиги керак.

Сув объектларидан вақтинча фойдаланиш муддатлари сувдан фойдаланувчи манфаатдор томонлар илтимосномасига биноан, шу сув объектларини танҳо фойдаланиш учун бериш тўғрисида қарор чиқарган ёки ундан махсус фойдаланиш учун рухсатнома берган давлат органлари томонидан узайтирилиши мумкин.


IХ БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНУВЧИЛАРНИНГ

ВА СУВ ИСТЕЬМОЛЧИЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

32-модда. Сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари

Сувдан фойдаланувчилар:

сув объектлари қандай мақсадлар учун фойдаланишга берилган бўлса, фақат шу мақсадларда фойдаланиш;

сувдан фойдаланишни амалга ошириш учун қонунчиликда белгиланган тартибда иншоотлар, қурилмалар ҳамда бошқа объектларни қуриш ва реконструкция қилиш;

берилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текшириш;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, сувдан фойдаланиш тўғрисидаги шартнома бўйича олинмай қолган сув учун компенсация талаб қилиш;

сув ресурсларини бошқаришга оид қарорлар кабул қилинишида иштирок этиш;

манбанинг тахмин қилинган ва ҳақиқий сувлилигидан келиб чиққан ҳолда сув олиш лимитларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитлари ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Сувдан фойдаланувчилар қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


32-1-модда. Сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари

Сув истеъмолчилари:

борилаётган сувнинг миқдори ва сифатини текшириш;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларни истисно этганда, сув истеъмоли тўғрисидаги шартнома бўйича олинмай қолган сув учун компенсация талаб қилиш;

сув ресурсларини бошқаришга оид қарорлар қабул қилинишида иштирок этиш;

ўз эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда сув олиш лимитларини ўзгартириш бўйича таклифлар киритиш;

сувга доир муносабатлар соҳасидаги ўз фаолиятларини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий манфаатларини ифодалаш ва ҳимоя қилиш учун уюшмаларга (иттифоқларга) ва бошқа бирлашмаларга бирлашиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг бузилиши, шу жумладан белгиланган сув олиш лимитлари ва сув бериш режимига мувофиқ сув олиш ҳуқуқининг бузилиши туфайли етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.

Сув истеъмолчилари қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


33-модда. Сувдан фойдаланувчилар ва сув

истеъмолчиларининг ҳуқуқларини

муҳофаза қилиш

Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари қонун билан муҳофаза қилинади.

Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг бузилган ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда тикланиши лозим.


34-модда. Сувдан фойдаланувчилар ва сув

истеъмолчиларининг ҳуқуқларини чеклаш

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда аҳоли соғлиғини сақлаш мақсадини, давлатнинг бошқа манфаатларини, шунингдек ўзга сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг манфаатларини кўзлаб, сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари чекланиши мумкин. Бунда аҳолининг ичимлик ва маиший эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш шароитлари ёмонлашмаслиги лозим.


35-модда. Сувдан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Сувдан фойдаланувчилар:

сув объектларидан оқилона фойдаланиши, сувни тежаб сарфлаш, сувларнинг сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилиши;

белгиланган сув олиш лимитларига ва сувдан фойдаланиш қоидаларига риоя этиши;

сувдан махсус фойдаланишда қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатномани расмийлаштириши;

ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқова сувларни сув объектларига оқизишни тамомила тугатиш чора-тадбирларини кўриши;

бошқа сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектлари ва табиий ресурсларга (ерлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;

сув объектларини, сувни муҳофаза қилиш иншоотларини ва бошқа иншоотларни, техник қурилмаларни техник жихатдан соз ҳолатда сақлаши, уларни ишлатиш сифатини яхшилаши ҳамда улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;

сувни олиш ва беришда сув миқдори ҳисобини юритиши, шунингдек қонунчиликда белгиланган тартибда ҳисоботни тақдим этиши;

сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида шартномавий асосда тўлаши;

сувни тежаш ва рақамли технологияларни жорий этиш чораларини кўриши;

сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда сув истеъмолчиларига кўмаклашиши;

сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, сув объектларига сувларнинг зарарли таъсирини бартараф этиш чора-тадбирларини кўриши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;

сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини сақлашнинг белгиланган режимига риоя қилиши;

сувлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини ўз сув хўжалиги объектларига белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборотни тақдим этиши;

сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ва бошқа табиий ҳамда техноген хусусиятли фавкулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида хабардор қилиши ва уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда, шунингдек сув объектларида таъмирлаш-тиклаш ишларида қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиши;

балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.

Сувдан фойдаланувчилар зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


35-1-модда. Сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари

Сув истеъмолчилари:

сув ресурсларидан оқилона фойдаланиши, сувнинг мақсадсиз истеъмол қилинишига йўл қўймаслиги, сувни тежаб сарфлаш, сувларнинг сифатини тиклаш ва яхшилаш тўғрисида ғамхўрлик қилиши;

белгиланган сув олиш лимитлари ва сув истеъмоли қоидаларига риоя этиши;

сувни махсус истеъмол қилишда қонунчиликда белгиланган тартибда рухсатномани расмийлаштириши;

ифлослантирувчи моддалар мавжуд бўлган оқова сувларни сув объектларига оқизишни тамомила тугатиш чора-тадбирларини кўриши;

бошқа сув истеъмолчилари ва сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари бузилишига, шунингдек сув объектларига, хўжалик объектлари ва табиий ресурсларга (ерлар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, фойдали қазилмалар ва бошқаларга) зарар етказилишига йўл қўймаслиги;

сув олиш жойларини сувни бошқариш ва хисобга олиш воситалари билан жиҳозлаши, ички сув объектлари ва иншоотларини техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши, улардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларига риоя этиши;

олинаётган сув миқдори ҳисобини юритиши ва сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома берган органларга зарур ахборотни тақдим этиши;

сув ресурсларидан фойдаланганлик, шунингдек сувни ётказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловларни ўз вақтида шартномавий асосда тўлаши;

сувни тежаш чора-тадбирларини кўриши;

сувларни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган тартибда келишилган технология, ўрмон-мелиорация, агротехника, гидротехника, санитария тадбирлари ва бошқа тадбирларни амалга ошириши;

сувларнинг булғаниши, ифлосланиши ва камайиб кетишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш чора-тадбирларини амалга оширишда ўзларига хизмат кўрсатувчи сувдан фойдаланувчиларнинг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг талабига кўра иштирок этиши, шунингдек ер усти ва ер ости сувлари тўпланадиган майдонларнинг ифлосланишига йўл қўймаслиги;

сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тартиби ҳамда шартларига риоя этиши;

сувлардан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш устидан давлат назоратини амалга оширувчи органларнинг вакилларини ўз сув хўжалиги объектларига белгиланган тартибда киритиши ҳамда уларга зарур ахборотни тақдим этиши;

сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этадиган авариялар ва бошқа табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар юзага келганлиги тўғрисида ўзларига хизмат кўрсатувчи сувдан фойдаланувчиларни, маҳаллий давлат ҳокимияти органларини ўз вақтида хабардор қилиши, шунингдек уларнинг оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни амалга оширишда иштирок этиши;

балиқларни, бошқа сув флораси ва фаунасини муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириши шарт.

Сув истеъмолчиларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.


Х БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА СУВНИ ИСТЕЪМОЛ

ҚИЛИШ ҲУҚУҚИНИ БЕКОР ҚИЛИШ

36-модда. Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол

қилиш ҳуқуқини бекор қилиш асослари

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи:

сувдан фойдаланишга, сув истеъмолига эҳтиёж қолмаганда ёки улардан воз кечилганда;

сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли муддати тугаганда;

корхона, муассаса, ташкилот, фермер хўжалиги тугатилганда, деҳқон хўжалиги тугатилганда (фаолияти тугатилганда);

сув хўжалиги иншоотлари бошқа сувдан фойдаланувчиларга берилганда;

танҳо фойдаланилаётган сув объектларини қайтариб олишга зарурат туғилганда бекор қилинади.

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилиш қоидалари бузилган ёхуд сувдан мақсадсиз фойдаланилганда ёки сув мақсадсиз истеъмол қилинганда ҳамда лимитдан ортиқча сув олинганда, сув ресурсларидан фойдаланганлик, сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари учун тўловлар тўланмаган тақдирда ҳам сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи бекор қилиниши мумкин (ичимлик ва маиший эҳтиёжлар учун сувлардан фойдаланиш ҳуқуқи бундан мустасно).

Қонунчиликда сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқини бекор қилишнинг бошқа асослари ҳам назарда тутилиши мумкин.


37-модда. Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол

қилиш ҳуқуқини бекор қилиш тартиби

Сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи:

сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатноманинг амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш;

танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектларини қайтариб олиш йўли билан бекор қилинади.

Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун берилган рухсатноманинг амал қилишини тугатиш ва ушбу рухсатномани бекор қилиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.


38-модда. Танҳо фойдаланиш учун берилган

сув объектларини қайтариб олиш

Танҳо фойдаланиш учун берилган сув объектлари қонунчиликда белгиланадиган тартибда қайтариб олинади.


39-модда. Сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш, сувдан

фойдаланиш ва сув истеъмоли шартларини бекор қилиш

ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг

ўрнини қоплаш

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда фуқароларга сув хўжалиги тадбирларини (сув объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини ва бошқаларни) ўтказиш, сувлардан нооқилона фойдаланиш, уларни булғатиш, ифлослантириш, камайтириш, шунингдек сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли шартларини қонунга хилоф равишда бекор қилиш ёки ўзгартириш натижасида етказилган зарарнинг ўрни қонунчиликда белгиланган ҳолларда ва тартибда қопланади.

Сув объектларининг соҳил бўйи минтақаларида ва санитария муҳофазаси зоналарида қонунга хилоф равишда қурилган объектлар ҳамда қонунга хилоф равишда ўзлаштирилган ер участкаларида сув хўжалиги тадбирларини ўтказиш чоғида етказилган зарарнинг ўрни қопланмайди.



ХI БОБ. АҲОЛИНИНГ ИСТЕЪМОЛИ,

МАИШИЙ ВА БОШҚА ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН СУВ

ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

40-модда. Аҳолининг истеъмоли, маиший ва бошқа

эҳтиёжлари учун ажратиладиган сув объектлари

Аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжини, маиший эҳтиёжини ва бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сувнинг сифати белгиланган санитария-гигиена талаблари ва миллий стандартларга мувофиқ бўлган сув объектлари ажратилади.


41-модда. Аҳолини марказлашган

тартибда сув билан таъминлаш

Аҳолининг истеъмоли, маиший ва бошқа эҳтиёжларини марказлашган тартибда сув билан таъминлаш учун сув объектларидан фойдаланилганда, ўзининг кундалик бошқарувида, эгалигида ёки фойдаланишида хўжалик-ичимлик водопроводлари бўлган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар сув олиш иншоотларининг белгиланган тартибда тасдиқланган лойиҳаларига ва ичимлик сув олиш ҳамда уни истеъмолчиларга етказиб бериш учун сувдан махсус фойдаланиш рухсатномаларига мувофиқ сув таъминоти манбаларидан сув олишга ҳақлидирлар.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олаётган сувларини хисобга олиб боришни ташкил этади, сув билан таъминлаш манбаларидаги сувнинг сифати ҳолатини мунтазам кузатиб боради ва манбаларда сув сифати ўзгарганлиги хамда ишлатилган сув миқдори ҳақида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар, ичимлик сувидан фойдаланишни назорат қилиш, санитария назорати органларига ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларига маълумотлар бериб туради.


42-модда. Аҳолини марказлаштирилмаган

тартибда сув билан таъминлаш

Аҳолининг ичимлик, маиший ва бошқа эҳтиёжларини марказлаштирилмаган тартибда сув билан таьминлаш учун сув объектларидан фойдаланганда корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фермер, деҳҳон хўжаликлари ва фуқаролар сувдан умумий ёки махсус фойдаланиш ёхуд сувни умумий ёки махсус истеъмол қилиш тартибида бевосита ер усти ёки ер ости сув объектларидан сув олишга ҳақлидир. Зарур ҳолларда, бундай сув олиш каналлар, коллекторлар, сув омборларини лойиҳалаш, қуриш ва реконструкция қилиш чоғида назарда тутилиши ва меьёрлаб кўйилиши лозим. Шу мақсадлар учун мўлжалланган сув олиш иншоотларидан фойдаланиш тегишинча Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳудудий бўлинмаларининг қарорларига мувофиқ ҳамда сув обьектларидан фойдаланувчи ташкилотлар, шунингдек экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, санитария назорати органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади. Сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчилари мазкур сув олиш иншоотларининг тегишли санитария-техника ҳолатида бўлишини таъминлаши шарт.


43-модда. Истеъмолга яроқли ер ости сувларидан

истеъмолга ва маиший эҳтиёжларга алоқадор бўлмаган

мақсадларда фойдаланишни чеклаш

Истеъмолга яроқли ер ости сувларидан истеъмолга ва маиший эҳтиёжларга алоқадор бўлмаган мақсадларда фойдаланишга, одатда, йўл қўйилмайди. Ер юзасида зарур сув манбалари бўлмаган ва истеъмолга яроқли ер ости сув захиралари етарли бўлган жойларда ушбу Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ лимитларга мос равишда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари бундай сувлардан истеъмол ва маиший эҳтиёжларга алоқадор бўлмаган мақсадларда фойдаланишга рухсат беришлари мумкин.


ХII БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ДАВОЛАШ, КУРОРТ

ВА СОҒЛОМЛАШТИРИШ МАҚСАДЛАРИДА

ФОЙДАЛАНИШ

44-модда. Шифобахш сувлар қаторига киритилган

сув объектларидан биринчи навбатда даволаш

ва курорт мақсадларида фойдаланиш

Белгиланган тартибда шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларидан, аввало, даволаш ва курорт мақсадларида фойдаланилади.

Сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари тегишлилигига кўра шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларидан, айрим ҳоллардагина соғлиқни сақлаш органлари ва курорт бошқармалари билан келишилган ҳолда бошқа мақсадлар учун фойдаланишга рухсат бериши мумкин.


45-модда. Шифобахш сувлар қаторига киритилган сув

объектларига оқова сувлар ташланишини тақиқлаш

Шифобахш сувлар қаторига киритилган сув объектларига оқова сувларни ташлаш тақиқланади.


46-модда. Дам олиш ва спорт учун сув объектларидан

фойдаланиш тартиби

Дам олиш ва спорт учун сув объектларидан фойдаланиш тартиби қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


ХIII БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ҚИШЛОҚ

ХЎЖАЛИГИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

47-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун

сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли қишлоқ хўжалиги корхоналари, муассасалари, ташкилотлари, фермер ва деҳқон хўжаликларининг, шунингдек фуқароларнинг суғориладиган ерларида қулай сув режимини вужудга келтириш мақсадида амалга оширилади.

Сув объектларидан қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этган ҳолда сувдан умумий ва махсус фойдаланиш ёки сувни умумий ва махсус истеъмол қилиш тартибида амалга оширилади. Фермер ва деҳқон хўжаликларининг сув олиш лимитлари уларнинг розилигисиз ўзгартирилиши мумкин эмас, манбаларнинг суви камайган ҳоллар бундан мустасно.

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсатнома ушбу Қонуннинг 27-моддасига мувофиқ берилади.



48-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сувдан

фойдаланишни ва сув истеъмолини режалаштириш

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳар йилги сув билан ҳақиқий таъминланганлик ҳисобга олинган ҳолда сувдан фойдаланиш ва сув истеьмоли режалари асосида амалга оширилади.

Коллектор-дренаж тармоғида сувдан фойдаланишни ва сув истеъмолини режалаштириш мелиорация қилинаётган ерларнинг ҳолатини, коллектор-дренаж суви сифатини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.

Сув истеъмоли режалари сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан тузилади ва тасдиқланади. Сув истеъмолчилари уюшмалари сув истеьмоли режаларини умумлаштиради ва уюшмаларнинг сувдан фойдаланиш режаларини тузади.

Сув истеъмолчилари уюшмаларининг сувдан фойдаланиш режалари туманлар (Қувасой шаҳар) ирригация бўлими, Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари томонидан умумлаштирилади.

Қуйидагилар:

туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлими туман (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлими билан келишилган ҳолда - сув истеъмолчилари уюшмалари бўйича;

Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тегишли ҳудудий органлари билан келишилган ҳолда - туман (Қувасой шаҳар) ирригация бўлими бўйича;

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги - Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси, йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари бўйича тузилган ҳамда умумлаштирилган сувдан фойдаланиш режаларини тасдиқлайди.


49-модда. Суғориладиган ерларда сувдан фойдаланиш

ва сув истеъмолининг ўзига хос хусусиятлари

Суғориладиган ерларда каналлар, мураккаб муҳандислик иншоотлари, мелиорация тармоғи барпо этилганлиги шундай ерларнинг ўзига хос хусусиятидир.

Сув фонди ерларидан, сув обьектларидан, суғориладиган ерлар доирасидаги сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари сув хўжалиги объектлари ва иншоотларидан ягона сув хўжалиги тизими сифатида фойдаланилади, улар давлат мулкидир.

Сув хўжалигидан фойдаланувчи ташкилотларнинг сув хўжалиги объектлари ва иншоотлари белгиланган тартибда, давлат-хусусий шериклик принциплари асосида фойдаланишга берилиши мумкин.

Сув омборлари, сел-сув омборлари, шунингдек йирик ва алоҳида муҳим сув хўжалиги объектлари хусусийлаштирилмайди.

Сув объектларининг соҳил бўйи минтақалари, ер ости суви чиқаргичи санитария муҳофазаси зоналарининг хўжалик-ичимлик суви мақсадидаги I ва II пояслари табиатни муҳофаза қилиш эҳтиёжлари учун ер эгалари ва ердан фойдаланувчилардан олиб қўйилиши мумкин.

Суғориладиган деҳқончилик эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланиш лимит бўйича сувдан фойдаланишнинг ёки сувни истеъмол қилишнинг белгиланган тартибига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.

Сувни фақат рўйхатдан ўтказилган, сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари билан жиҳозланган сув ажратиш жойларидан (каналларнинг сув олиш иншооти, қудуқ, насос станцияси (агрегати) ва бошқа сув олиш иншоотлари) шартномавий асосда олишга рухсат берилади.


50-модда. Қишлоқ хўжалиги эхтиёжлари учун

сув объектларидан фойдаланувчи сувдан

фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув объектларидан фойдаланувчи сувдан фойдаланувчилар ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

сув ресурсларини самарали бошқариши, лимитдан ортиқча сув олинишига ва сувдан мақсадсиз фойдаланилишига йўл қўймаслиги;

белгиланган тартибда янги сув объектлари қурилишини ва ишлаб турганлари реконструкция қилинишини, шунингдек суғориладиган ерларнинг комплекс реконструкция қилинишини ташкил этиши;

сувни тежайдиган технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва усулларини такомиллаштиришда сув истеъмолчиларига кўмаклашиши;

қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларнинг мониторинги асосида салбий жараёнларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиши шарт.



50-1-модда. Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари

учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув

истеъмолчиларининг мажбуриятлари

Қишлоқ хўжалиги эҳтиёжлари учун сув ресурсларидан фойдаланувчи сув истеъмолчилари ушбу Қонуннинг 35-1-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

қишлоқ хўжалиги экинлари ва дов-дарахтларини суғориш, шунингдек яйловларга сув чиқаришнинг қулай режимини сақлаши;

сувни тежайдиган технологияларни ва илғор суғориш техникасини жорий этиш орқали суғориш воситалари ва усулларини такомиллаштириши;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ажратиладиган субсидиялар ҳисобига ишлаб чиқилган ва жорий этилган сувни тежовчи технологияларнинг камида беш йил қўлланилишини таъминлаши;

сувни тежаш имконини берадиган агротехника тадбирларини, шу жумладан ерларнинг шўрини ювишда лазерли ускуна ёки узун базали ер текислагичлар ёрдамида ҳар уч йилда камида бир марта текислашни амалга ошириши;

тупроқ унумдорлигини сақлаш имконини берадиган мелиорация тадбирларини амалга ошириши;

суғориш учун берилган сувларнинг коллектор-дренаж тармоғига ва бошқа сув объектларига оқизиб юборилишига йўл қўймаслиги;

сув хўжалиги объектларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашда қонунчиликда белгиланган тартибда иштирок этиши шарт.


51-модда. Оқова сувлар билан суғориш

Қишлоқ хўжалиги экинларини оқова сувлар билан суғориш давлат санитария назорати органлари билан келишилган ҳолда, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг рухсати билан, белгиланган тартибда амалга оширилади.

Саноат, коммунал корхоналари ва бошқа корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқаролар тупроқ унумдорлигига ва етиштириладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотларига зарарли таъсир қилувчи сувларни қишлоқ хўжалик ерларини суғориш учун беришлари тақиқланади.


52-модда. Ўрмонлар, дарахтзорлар ва кўчатзорлар

билан банд бўлган ерларни суғориш

Ушбу Қонуннинг 47, 50-моддалари ва 51-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган қоидалар ўрмонлар, дарахтзорлар ва кўчатзорлар билан банд бўлган ерларни суғоришга ҳам татбиқ қилинади.



53-модда. Жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини

ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув

объектларидан фойдаланиш

Жамоа боғлари, токзорлари, экинзорларини ва томорқа ер участкаларини сув билан таъминлаш сув истеъмоли тўғрисидаги шартнома асосида сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.

Фуқароларнинг экинзорларини ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сув ресурсларини ажратиш сув истеъмолчилари уюшмалари томонидан белгиланадиган фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг сув олиш лимитларида назарда тутилади. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фуқароларнинг экинзорларни ва томорқа ер участкаларини суғориш учун сувга бўлган эҳтиёжларини умумлаштиради, сув истеъмоли тўғрисида шартномалар тузади ва улар ўртасида сувни истеъмол қилиш тартибини белгилайди, шунингдек суғориш тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ишларини ташкил этади.



54-модда. Сув истеъмолчиларининг сув объектларидан

бериладиган сув оқими маромини ўзбошимчалик

билан ўзгартиришини тақиқлаш

Сув истеъмолчиларининг сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда сув хўжалигининг фойдаланувчи ташкилотлари билан белгиланган тартибда келишилмаган ҳолда сув сарфини кўпайтириш ёки камайтириш мақсадида сув объектларидаги гидротехника иншоатларини ўзбошимчалик билан ўзгартириши, шунингдек уларга муваққат тўсиқлар, насос станциялари (агрегатлар) ва сувни кўтарадиган ҳамда сув оладиган бошқа иншоотларни қуриши тақиқланади.

Рўйхатдан ўтказилмаган сув ажратиш жойларидан ўзбошимчалик билан сув олиш тақиқланади.



55-модда. Сув объектлари ва гидротехника иншоотлари

устидан тракторлар, транспорт воситаларини ва чорва

молларини ҳайдаб ўтишнинг тақиқланиши

Сув объектлари ва гидротехника иншоотлари устидан тракторлар, қишлоқ хўжалик машиналари, автомобиллар ва бошқа транспорт воситаларини ҳайдаб ўтиш, шунингдек мўлжалланмаган жойлардан чорва молларини ҳайдаб ўтиш ва суғориш тақиқланади.



ХIV БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН САНОАТ МАҚСАДЛАРИДА

ВА ЭНЕРГЕТИКА ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

56-модда. Сув объектларидан саноат мақсадларида ҳамда

иссиқлик ва атом энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи

сув истеъмолчиларининг мажбуриятлари

Сув объектларидан саноат мақсадларида ҳамда иссиқлик ва атом энергетикаси эҳтиёжлари учун фойдаланувчи сув истеъмолчилари, ушбу Қонуннинг 35-1-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ишлаб чиқариш технологиясини такомиллаштириш, сув таъминотининг айланма ҳамда такрорий тизимларини жорий этиш орқали сув сарфини камайтириш ва оқова сувларнинг оқизиб юборилишини тугатиш чораларини кўриши, шунингдек сувларнинг радиоактив ифлосланиши белгиланган нормалардан ошишига йўл қўймаслиги шарт.

Лойиҳаланаётган ва ишга туширилаётган саноат объектлари учун сув таъминотининг тўхтовсиз тизимидан фойдаланишни назарда тутиш ман этилади, ишлаб чиқаришнинг шарт-шароитлари тақозоси билан айланма сув таъминотига мослаштирилиши мумкин бўлмаган корхоналар ва бошқа объектлар бундан мустасно.

Айланма сув таъминотига эга бўлмаган ишлаб турган корхоналар учун экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари томонидан қишлоқ ва сув хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда уларни сув таъминотининг тўхтовсиз тизимига ўтказиш муддатлари белгиланади.


57-модда. Ичимлик сувдан саноат мақсадлари

учун фойдаланишни чеклаш

Табиий офат, авариялар рўй берган тақдирда ва бошқа фавқулодда ҳолатларда, шунингдек корхона водопровод сувини лимитдан ортиқча олган тақдирда, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолининг ичимлик сувга бўлган эҳтиёжларини ва маиший эҳтиёжларини биринчи навбатда қондириш манфаатларини кўзлаб, коммунал водопроводлардан саноат мақсадлари учун ичимлик сув истеъмолини қисқартиришга ёки тақиқлаб қўйишга ва идораларга қарашли ичимлик сув берадиган хўжалик водопроводлари сувидан саноат мақсадлари учун фойдаланишни вақтинча чеклаб қўйишга ҳақлидир.


58-модда. Ер ости сувларидан техника сув таъминоти

ва бошқа саноат мақсадлари учун фойдаланиш

Ичимлик сувлар қаторига киритилган ер ости чучук сувларидан ишлаб чиқариш-техника мақсадлари учун фойдаланиш тақиқланади, зарур ер усти сув манбалари мавжуд бўлмаган ҳудудларда фойдаланадиган ҳоллар бундан мустаснодир.

Ичимлик ёки шифобахш сувлар қаторига киритилмаган ер ости сувларидан (чучук, минерал ва иссиқ сувлардан) фойдаланишга лойиқ тасдиқланган захиралари бўлса, белгилаб қўйилган тартибда техника сув таъминоти учун, мазкур сув таркибидаги кимёвий элементларни ажратиб олиш, иссиқлик энергияси ҳосил қилиш ва бошқа ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун сувдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш талабларига риоя қилинган ҳолда фойдаланиш мумкин.



59-модда. Сув объектларидан гидроэнергетика

эҳтиёжлари учун фойдаланиш

Сув объектларидан гидроэнергетика эхтиёжлари учун фойдаланиш иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари манфаатлари ҳисобга олиниб, сув хўжалиги органлари билан келишилган ҳолда, шунингдек, агар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорида, тегишли ҳолларда эса, сув хўжалиги ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг қарорида бошқача тартиб назарда тутилмаган бўлса, сувлардан комплекс ва оқилона фойдаланиш талабларига риоя қилинган ҳолда амалга оширилади.

Гидроэнергетика эҳтиёжлари учун бериб қўйилган сув объектларидан табиий шароитларга, хўжалик эҳтиёжлари ва ўзга эҳтиёжларга қараб, бошқа мақсадлар учун ҳам фойдаланилади.

Гидроэнергетика корхоналари ушбу Қонуннинг 35-моддасида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

сув объектларининг фойдаланиш қоидаларида белгиланган иш режимига, шу жумладан сув омборларини тўлдириш ва ишга тушириш, улардан сув чиқариш ҳамда сувнинг юқори ва қуйи сатҳи ўзгаришининг режимига риоя этиши;

санитария ва табиат муҳофазаси мақсадларида сув омборларидан сув чиқариб турилишини таъминлаши шарт.


ХV БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН БАЛИҚЧИЛИК

ХЎЖАЛИГИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

60-модда. Балиқчилик хўжалиги манфаатларини кўзлаб

балиқчилик хўжалиги ҳавзалари сувидан

фойдаланишни чеклаш

Балиқларнинг қимматли турларини ҳамда сув билан боғлиқ овчилик объектларини сақлаб қолиш ва урчитиб кўпайтириш учун алоҳида муҳим аҳамиятга эга бўлган балиқчилик хўжалиги ҳавзаларида ёки шу ҳавзаларнинг айрим участкаларида сувдан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари балиқчилик хўжалиги манфаатларини кўзлаб чеклаб қўйилиши мумкин.

Бундай ҳавзаларнинг ёки шу ҳавзалардаги участкаларнинг рўйхатини ҳамда сувдан фойдаланишни чеклаш турларини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва сув хўжалиги органлари белгилаб беради ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди.


61-модда. Балиқ захираларини муҳофаза қилиш ва

балиқларни урчитиб кўпайтириш тадбирлари

Балиқчилик хўжалиги ҳавзаларидаги гидротехника иншоотлари ва бошқа иншоотларни ишлатишда балиқ захираларини муҳофаза қилиш ва балиқларни урчитиб кўпайтириш шарт-шароитларини таъминлаш тадбирлари ўз вақтида амалга оширилиши лозим.

Балиқчилик хўжалигига қарашли сув ҳавзаларидаги балиқлар уруғ ташлайдиган жойларга ва уларнинг қишлов уялари жойлашган ерларга тупроқ тўкиш, балиқ захиралари ҳолатига ҳамда уларнинг урчиб кўпайиш шароитларига салбий таъсир этувчи бошқа ишларни бажариш ман қилинади.

Саноат мақсадлари, суғориш ва бошқа эҳтиёжлар учун балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан сув олишга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан келишиб, сув чиқариш иншоотларига балиқ тушиб қолмаслигини таъминлайдиган махсус мосламалар ўрнатилган тақдирдагина йўл қўйилиши мумкин.


62-модда. Балиқчилик хўжалиги сув ҳавзаларидан ёки

ов қилиш участкаларидан фойдаланувчи корхоналар,

муассасалар ва ташкилотларнинг мажбуриятлари

Фойдаланиш учун балиқчилик хўжалиги сув ҳавзалари ёки ов қилиш участкалари бериб қўйилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ушбу Қонуннинг 35 ва 35-1-моддаларида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари:

балиқ захираларининг урчиб кўпайиш шароитларини таъминлаши;

ирригация-мелиорация тармоқларини, сунъий ҳовузлар ва бошқа балиқчилик хўжалиги иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва тиклашни амалга ошириши, шунингдек уларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлаши;

зарур мелиорация ишлари олиб бориши ҳамда мазкур корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар жойлашган ерлардаги қирғоқ участкаларини лозим даражада санитария ҳолатида сақлаши шарт.



63-модда. Сув объектларидан балиқчилик хўжалиги

эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби

Сув объектлари балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун юридик шахсларга қонунчиликда назарда тутилган талабларга ва шартларга риоя этган ҳолда берилиши мумкин.

Сув объектларидан балиқчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



64-модда. Сув объектларидан спорт ва ҳаваскорлик

йўли билан балиқ овлаш учун фойдаланиш

Сув ҳавзаларида спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлашга овчилар ва балиқчиларнинг жамоат бирлашмаларига бириктирилган жойларда ушбу жамиятларнинг рухсатномаси асосида бепул ёки ҳақ эвазига рухсат этилади, бундан давлат қўриқхоналарининг, табиат боғларининг ва давлат биосфера резерватларининг ҳудудидаги сув ҳавзалари мустасно. Сув объектлари ёки уларнинг айрим участкалари овчилар ва балиқчиларнинг жамоат бирлашмаларига ваколатли орган томонидан белгиланган тартибда бириктирилиши мумкин.

Балиқчилик хўжалиги ташкилотларига бириктирилган табиий сув ҳавзаларида, балиқчилик питомникларида ҳамда ҳовуз хўжаликларида, шунингдек овчилик-балиқ овлаш жамиятларига бириктирилган жойларда спорт ва ҳаваскорлик йўли билан балиқ овлаш уларнинг рухсатига кўра амалга оширилади.


ХVI БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ОВЧИЛИК

ХЎЖАЛИГИ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ


65-модда. Овчилик хўжалигини юритувчи шахсларнинг

сувдан фойдаланишга доир имтиёзли ҳуқуқлари

Ёввойи сув қушлари ва қимматли мўйна берадиган сув ҳайвонлари (қундуз, ондатра, сув каламуши, нутрия ва ҳоказолар) маскани бўлган дарёларда, кўлларда ва бошқа сув объектларида овчилик хўжалигини юритишни амалга ошираётган юридик ва (ёки) жисмоний шахсга экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги органлари сувдан комплекс фойдаланиш талабларини ҳисобга олган ҳолда сувдан фойдаланишга доир имтиёзли ҳуқуқлар бериши мумкин.



66-модда. Сув объектларидан овчилик хўжалиги

эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби

Сув объектларидан овчилик хўжалиги эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби қонунчилик билан белгиланади.



ХVII БОБ. МУҲОФАЗА ЭТИЛАДИГАН

ТАБИИЙ ҲУДУДЛАРДА ЖОЙЛАШГАН

СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

67-модда. Муҳофаза этиладиган сув объектлари

Устувор экологик, илмий, маданий, эстетик, рекреация ва санитария-соғломлаштириш аҳамиятига молик сув объектлари ёки уларнинг айрим участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар деб эълон қилинади ва хўжалик мақсадида фойдаланишдан чиқарилади.


68-модда. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар

сувларидан фойдаланиш тартиби ва уларни

муҳофаза қилиш чоралари

Давлат қўриқхоналари, табиат боғларининг ва давлат биосфера резерватларининг қўриқхонага айлантирилган зоналари сувларидан балиқ овлаш, ов қилиш, сув ўсимликлари ва организмларини йиғиш учун фойдаланиш, шунингдек бундай сувларнинг табиий ҳолатини бузувчи бошқа ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сувларига оқова сувларни оқизишга, шунингдек уларда гидромелиорация ишларини ўтказишга ушбу Қонунда белгиланган талабларга риоя қилинган ҳолда йўл қўйилади.

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сувларидан фойдаланиш тартиби ва уларни муҳофаза қилиш режими қонунчиликда белгиланади.


69-модда. Муҳофаза этиладиган табиий

ҳудудларнинг сув объектларини олиб қўйиш

Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг сув объектларини олиб қўйишга зарур бўлган алоҳида ҳолларда, қонунчиликда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва ваколатли органлар томонидан йўл қўйилади.


ХVIII БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН СУВ ТРАНСПОРТИ

ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

70-модда. Кема қатнайдиган сув йўллари

Дарёлар, кўллар, сув омборлари, каналлар, башарти, сув йўллари сифатида фойдаланиш тўла ёки қисман тақиқланган ёхуд улар танҳо фойдаланиш учун бериб қўйилган бўлмаса, умум фойдаланадиган сув йўллари ҳисобланади.

Кема қатнови учун сув объектларидан фойдаланиш сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


71-модда. Сув йўлларини кема қатнайдиган сув йўллари

қаторига киритиш, шунингдек сув йўлларидан

фойдаланиш қоидаларини белгилаш тартиби

Сув йўлларини кема қатнайдиган сув йўллари қаторига киритиш, шунингдек сув йўлларидан фойдаланиш қоидаларини белгилаб бериш тартиби қонунчилик билан белгиланади.


72-модда. Сув объектларидан кичик кемаларда

сузиб юриш учун фойдаланиш

Сув объектларидан кичик кемаларда (эшкакли ва моторли қайиқлар, катерлар, елканли яхталар ва шу кабиларда) сузиб юриш учун фойдаланишга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган қоидаларга мувофиқ рухсат берилади.


ХIХ БОБ. ОҚОВА СУВЛАРНИ ОҚИЗИШ УЧУН

СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

74-модда. Сув объектларига оқова сувларни

оқизишга йўл қўйиш шартлари

Сув объектларига оқова сувларни оқизишга сув объекти таркибидаги ифлословчи моддаларнинг белгилаб қўйилган меъёрлардан ошиб кетишига йўл қўймаслик шарти билан ва сувдан фойдаланувчи ҳамда сув истеъмолчиси бундай оқова сувларни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари томонидан белгилаб қўйилган даражага етказиб тозалаб бериш шарти билангина йўл қўйилади.

Агар мазкур талаблар бузилаётган бўлса, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва санитария назорати органлари оқова сувларни оқизишни чеклаб, тўхтатиб ёки тақиқлаб қўйишлари, ҳаттоки айрим саноат қурилмаларини, цехлар, корхоналар, ташкилотлар, муассасаларнинг фаолиятини тўхтатиб қўйишлари лозим. Аҳолининг соғлиғига хатарли ҳолларда, оқова сувларни оқизиш тўхтатилиб, ҳаттоки ишлаб чиқариш объектларидан ва бошқа объектлардан фойдаланиш тўхтатиб қўйиши лозим.


75-модда. Сув объектларидан оқова сувларни

оқизиш учун фойдаланиш тартиби ва шартлари

Сув объектларидан оқова сувларни оқизиш учун фойдаланиш тартиби ва шартлари қонунчилик билан белгиланади.


ХХ БОБ. СУВ ОБЪЕКТЛАРИДАН ЁНҒИНГА ҚАРШИ

ЭҲТИЁЖЛАР УЧУН ҲАМДА БОШҚА ДАВЛАТ ВА

ЖАМОАТ ЭҲТИЁЖЛАРИ УЧУН ФОЙДАЛАНИШ

76-модда. Сув объектларидан ёнғинга

қарши эҳтиёжлар учун фойдаланиш

Ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун ҳар қандай сув объектларидан сув олишга йўл қўйилади.


77-модда. Сув объектларидан ёнғинга қарши

эҳтиёжлар учун ҳамда бошқа давлат ва жамоат

эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби

Сув объектларидан ёнғинга қарши эҳтиёжлар учун, шунингдек давлат ва жамоатнинг бошқа эҳтиёжлари учун фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.



ХХI БОБ. СУВ ОМБОРЛАРИ, ГИДРОУЗЕЛЛАР

ВА БОШҚА ИНШООТЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ

78-модда. Сув омборларини сув билан тўлдириш

ва улардан сув чиқариш режими

Сув омборларида тўғонлар, дамбалар, сув ўтказадиган ва сув оладиган иншоотлар, гидроэнергетика мажмуаларидан ҳамда бошқа иншоотлардан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар фойдаланиш қоидалари ҳамда сув омборларининг таъсир зоналаридаги сувдан фойдаланувчилар, сув истеъмолчилари, ер участкаларининг мулкдорлари, ер эгалари ва ердан фойдаланувчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда сув омборларини тўлдириш ва ишлатиш борасида белгиланган режимга риоя қилиши шарт.

Сув омборлари турли сувдан фойдаланувчиларнинг ва сув истеъмолчиларининг сувга бўлган эҳтиёжини қондиришни тартибга солиш мақсадида бунёд этилади.

Сув омборларини сувга тўлдириш ва улардан сувни чиқариш режими, сув сатҳининг ўзгариш режими, гидроузел орқали сув ўтиш режими, кемаларнинг бемалол ва хавфсиз ўтиши, шунингдек балиқларнинг уруғ ташлайдиган жойларга ўта олишини таъминлаш сув омборларидан фойдаланиш қоидалари билан белгиланади.



79-модда. Сув омборларидан фойдаланиш тартиби

Сув омборларидан фойдаланиш тартиби Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва бошқа манфаатдор органлар билан келишилган ҳолда, ҳар бир сув омбори, сув омборлари тизмаси ёки тизими учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланадиган қоидаларда белгиланади.



80-модда. Сув омборларининг тегишли техника

ҳолатини ва ободончилигини таъминлайдиган

тадбирларни уюштириш ва мувофиқлаштириш

Сув омборларининг тегишли техник ҳолатини ва ободонлаштирилишини таъминлайдиган тадбирларни уюштириш ва мувофиқлаштириш, шунингдек улардан фойдаланиш устидан назорат қилиш сув хўжалиги органлари ҳамда сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш органлари томонидан амалга оширилади.



81-модда. Кўл ва бошқа сув ҳавзаларидан

сув омборлари сифатида фойдаланиш

Ушбу Қонуннинг 78, 79 ва 80-моддаларидаги қоидалар кўллардан ва сув омборлари тариқасида хизмат қилаётган бошқа сув ҳавзаларидан фойдаланишга ҳам жорий қилинади.



82-модда. Гидроузеллар ва бошқа гидротехника

иншоотларидан фойдаланиш тартиби

Дарёлар, сойлар, каналлар ва коллекторлардаги сув хўжалиги органлари томонидан фойдаланиладиган гидроузеллар ҳамда бошқа гидротехника иншоотлари давлат мулки бўлиб, улардан белгиланган тартибда фойдаланилади.

Сув истеъмолчилари уюшмалари, шунингдек бошқа сувдан фойдаланувчиларнинг гидромелиорация тармоғидаги гидротехника иншоотлари, шу жумладан суғориш каналлари ва коллектор-дренаж тармоқлари сувдан фойдаланувчилар томонидан мансублиги бўйича ишлатилади.

Сув хўжалиги органлари сув истеъмолчилари уюшмалари ҳамда бошқа сувдан фойдаланувчилар билан шартномавий асосда гидромелиорация тармоғига ва ундаги иншоотларга техник хизмат кўрсатишни ўз зиммасига олиши мумкин.


ХХII БОБ. ОРОЛ ДЕНГИЗИ ҲАВЗАСИДА

ДАВЛАТЛАРАРО СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ

83-модда. Ўзбекистон Республикасининг ва Орол денгизи

ҳавзасидаги бошқа давлатларнинг ҳудудида жойлашган

трансчегаравий сув объектларидан фойдаланишни

тартибга солиш

Ўзбекистон Республикасининг ва Орол денгизи ҳавзасидаги бошқа давлатларнинг ҳудудида жойлашган трансчегаравий сув объектларидан (Амударё, Сирдарё, Зарафшон дарёлари, Орол денгизи ва бошқа трансчегаравий сув объектларидан) фойдаланишни тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.


84-модда. Трансчегаравий сув объектларида

сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли

Трансчегаравий сув объектларида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли, сув хўжалиги ва сувни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси трансчегаравий сув объектларининг Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида тартибга солинмаган қисмида сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.


ХХIII БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШ ВА

СУВ ИСТЕЬМОЛИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ҚИЛИШ

85-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли

тўғрисидаги низоларни ҳал қилувчи органлар

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низолар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, махаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, шунингдек сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари, шунга ваколатли бошқа органлар ва судлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.


86-модда. Фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг

сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги

низоларни ҳал қилишга доир ваколати

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳудудидаги сув объектларидан фойдаланиш масалалари юзасидан фуқаролар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш мазкур органларнинг ваколатига киради, сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа давлат органлари ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.



87-модда. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг

сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги

низоларни ҳал қилишга доир ваколати

Тегишли ҳудудда сув объектларидан фойдаланиш масалалари юзасидан корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ҳамда фуқаролар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатига киради, сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа органлар ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.



90-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар

Маҳкамасининг сувдан фойдаланиш ва сув

истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал

қилишга доир ваколати

Турли вилоятлар ёки битта вилоят ва Қоракалпоғистон Республикасида жойлашган корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ўртасидаги сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низоларни ҳал қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига киради, сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, геология ва минерал ресурслар органлари ҳамда шунга ваколатли бошқа давлат органлари ҳал қилиши лозим бўлган низолар бундан мустасно.



91-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли

тўғрисидаги халқаро низоларни ҳал қилиш

Ўзбекистон Республикаси ва бошқа давлатлар ўртасида трансчегаравий сувлардан ва трансчегаравий сув объектларидан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш тўғрисидаги низолар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари билан белгиланадиган тартибда ҳал қилинади.



92-модда. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли

тўғрисидаги низоларни кўриб чиқиш

Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низолар тарафлардан бирининг аризасига биноан кўриб чиқилади. Аризага сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш ҳуқуқи бузилганлигидан далолат берувчи ҳужжатлар илова қилинади.



93-модда. Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига

доир низоларни кўриб чиқиш тартиби

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низолар манфаатдор томонлар иштирокида кўриб чиқилади, улар низо ҳал қилинадиган вақт ва жой ҳақида хабардор қилиб қўйилади.



94-модда. Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига

доир низолар юзасидан қарор қабул қилиш

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низоларни кўриб чиқиш натижаси ҳақида шу низони ҳал қилувчи органлар қарор чиқарадилар.

Зарур ҳолларда бу қарорларда уларни ижро этиш тартиби ва муддатлари, шунингдек бузилган ҳуқуқни тиклаш тадбирлари кўрсатилган бўлиши мумкин.



95-модда. Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига

доир низо юзасидан чиқарилган қарорлар устидан

шикоят қилиш тартиби

Сувдан фойдаланишга ва сув истеъмолига доир низо юзасидан чиқарилган қарор устидан шу қарор топширилган кундан бошлаб ўн кун муддат ичида юқори турувчи органга шикоят қилиш мумкин.

Низо юзасидан чиқарилган қарор устидан қилинган шикоят бу қарорнинг ижросини тўхтатиб қўймайди. Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тўғрисидаги низо юзасидан чиқарилган қарорнинг ижроси қарор чиқарган орган, юқори турувчи орган томонидан тўхтатилиши ёки ижро муддати узайтирилиши мумкин.



96-модда. Сувдан фойдаланиш билан боғлиқ

бўлган мулкка оид низоларни ҳал қилиш

Сувдан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган мулкка оид низолар қонунчиликда белгиланган тартибда тегишли суд томонидан ҳал этилади.


ХХIV БОБ. СУВНИ ВА СУВ ОБЪЕКТЛАРИНИ

МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

97-модда. Сувни муҳофаза қилиш вазифалари

Ҳамма сувлар (сув объектлари) аҳоли соғлиғига зарар етказиши, шунингдек балиқ захираларининг камайиши, сув таъминоти шароитининг ёмонлашиши ҳамда сувнинг физикавий, кимёвий ва биологик хоссалари пасайиши, сувнинг табиий тозаланиш хусусияти камайиши, сувнинг гидрологик ва гидрогеологик режимининг бузилиши натижасида келиб чиқадиган бошқа кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келиши ҳолларидан муҳофаза қилиниши керак.



98-модда. Сувни ва сув объектларини муҳофаза қилишни,

шунингдек сув режими ва сувнинг ҳолатини яхшилашни

таъминловчи тадбирларни амалга ошириш

Фаолияти сувларнинг ва сув объектларининг ҳолатига таъсир этувчи корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, қишлоқ ва сув хўжалиги, санитария назорати органлари ҳамда бошқа манфаатдор идоралар билан келишган ҳолда технология, ўрмон-мелиорация ва агротехника, гидротехника, санитария-техника тадбирларини ўтказишлари шарт.


99-модда. Сувни ва сув объектларини чиқит ва чиқиндилар

билан ифлослантиришдан муҳофаза қилиш

Корхоналар, ташкилотлар, муассасалар ва фуқароларга қуйидагилар тақиқланади:

ишлаб чиқариш чиқитлари, маиший ва бошқа хил чиқитлар ҳамда чиқиндиларни сув объектларига ташлаш;

мойларнинг, ёғочларнинг, кимёвий ва нефть маҳсулотларининг ҳамда бошқа маҳсулотларнинг тўкилиб-сочилиши натижасида сувни ва сув объектларини булғатиш ва ифлослантириш;

сув ҳавзаларининг юзи, сув ҳавзаларини қоплаб турган яхлар ва музликларнинг юзаси, саноат чиқитлари, маиший чиқинди ва бошқа ташландиқ чиқитлар, шунингдек ер усти ва ер ости сувларнинг сифатини ёмонлаштириб юборадиган нефть ва кимёвий маҳсулотлар билан булғатиш ва ифлослантириш;

сувларни ўғитлар, заҳарли кимёвий моддалар ва бошқа зарарли моддалар билан булғатиш;

сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш ва санитария-муҳофаза зоналари режимини бузиш.

Оқова сувларни сув объектларига оқизишга ушбу Қонуннинг 74 ва 75-моддаларида кўрсатиб ўтилган талабларга риоя қилинган тақдирдагина йўл қўйилади.


100-модда. Сув объектларининг сувни муҳофаза

қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва

санитария муҳофазаси зоналари

Сув объектларининг тупроқ эрозияси маҳсулотлари билан булғаниши, ифлосланиши, камайиши ва лойқа чўкишининг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш, шунингдек қулай сув режимини сақлаш, фойдаланиш ва таъмирлаш-тиклаш ишларини олиб бориш учун нормал шарт-шароит яратиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳил бўйи минтақалари белгиланади.

Аҳолининг ичимлик, маиший ва даволаш-соғломлаштириш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган сувларни муҳофаза қилиш мақсадида қонунчиликка мувофиқ сув объектларининг санитария муҳофазаси зоналари белгиланади.

Сув объектларининг вазифаси, жойлашган ўрни ва техник кўрсаткичларидан келиб чиққан ҳолда сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарида хўжалик фаолиятининг махсус режими белгиланади.

Сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналарини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


101-модда. Ер ости сувларини муҳофаза қилиш

Ер ости сувлари чиқариш ва ундан фойдаланиш билан шуғулланувчи идоралар сув чиқарилаётган участка ва унга туташ ҳудудларда ер ости сувларига доир режимларга риоя этилишини кузатиб боришлари, шунингдек фойдаланилаётган сувнинг миқдори ва сифатининг ҳисобини юритишлари шарт.

Башарти, фойдали қазилмалар конларини қидириш, уларни ўрганиш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ бурғилаш ҳамда бошқа кон-қидирув ишлари бажариш чоғида ер ости сувлари бор қатламлар аниқлангани тақдирда, бу ҳақда геология ва минерал ресурслар органларига маълум қилиниши ҳамда белгиланган тартибда ер ости сувларини муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилиши лозим.

Башарти, саноат оқова сувларини оқизиш учун қазиладиган қудуқлар сувли қатламларни ифлослантириш манбаига айланиши мумкин бўлса, бундай қудуқлар қазиш барча ҳолларда ман этилади.

Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан берилган рухсатнома асосида амалга оширилади.

Ўз-ўзидан сув чиқариб, суви фойдаланиш учун яроқсиз бўлган қудуқларга сувни бошқариш ускуналари ўрнатилиши, улар қонунчиликда белгиланган тартибда тўхтатиб қўйилиши ёки тугатилиши лозим.

Сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграсида қаттиқ ва суюқ чиқиндилар тўплаш, ахлатхоналар барпо этиш, ер ости сувларининг ифлосланиш манбаига айланиш эҳтимоли бўлган саноат, қишлоқ хўжалик объектлари ва бошқа объектлар қурилишига йўл қўйилмайди.

Ер ости сувларини муҳофаза қилиш чора-тадбирларини кўриш, шу жумладан қудуқларни кузатиш тармоғини яратиш фаолияти ер ости сувларининг ҳолатига таъсир кўрсатувчи корхоналар томонидан амалга оширилади.



102-модда. Кичик дарёларни муҳофаза қилиш

Хўжалик фаолияти кичик дарёларнинг ҳолати ва режимига салбий таъсир кўрсатувчи корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари), фермер ва деҳқон хўжаликлари сув хўжалиги, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари билан биргаликда сувни, унинг мусаффолиги ва сифатини сақлаш чора-тадбирларини кўришлари лозим.

Кичик дарёларнинг сувни муҳофаза қилиш минтақалари, бу минтақалардаги корхоналар, ташкилотлар ва муассасаларнинг хўжалик фаолияти режими қонунчилик билан белгиланади.


ХХV БОБ. СУВ ЕТКАЗАДИГАН ЗАРАРЛИ ТАЪСИРНИНГ

ОЛДИНИ ОЛИШ ВА УНИ БАРТАРАФ ҚИЛИШ

103-модда. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг

сув етказадиган зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда

уни бартараф этиш бўйича мажбуриятлари

Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, сув хўжалиги, геология ва минерал ресурслар органлари, бошқа манфаатдор органлар билан келишилган ҳолда ёки шунга ваколатли давлат органларининг ёзма кўрсатмалари бўйича:

сув тошқинларининг, сув босиши ва зах босишининг соҳиллар, ҳимоя дамбалари ва бошқа иншоотлар бузилиб кетишининг;

ерларнинг ботқокланиши ва шўрланишининг;

тупроқ эрозиясининг, жарлар, ўпирилишлар юзага келишининг, сел оқимларининг ва сувлар етказадиган бошқа зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда уни бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга ошириши шарт.



104-модда. Сувнинг зарарли таъсири натижасида юз берадиган

табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни тугатишга доир

энг зарур чораларни амалга ошириш

Сувнинг зарарли таъсири натижасида юз берадиган табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни тугатишга доир энг зарур чораларни амалга ошириш йўллари қонунчиликда белгилаб берилади.

Маъмурий туман ҳудудида тошқин ва сел бўлганда авария ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тугатиш ишларини бажаришни туман давлат ҳокимияти органлари ташкил этадилар.

Сувнинг зарарли таъсири натижасида юз берадиган табиий офатларнинг олдини олиш ва уларни тугатиш ишларига оператив раҳбарлик қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти органлари зарур ҳолларда тошқинга қарши кураш комиссиялари ва бошқа комиссиялар тузадилар, бу комиссиялар таркибига тегишли корхона, ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари, шунингдек сув хўжалиги ва экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларининг вакиллари киради.


105-модда. Сув етказадиган зарарли таъсирдан муҳофаза

қилиш, уларнинг олдини олиш ва бартараф этиш тадбирлари

Сув етказадиган зарарли таъсирдан муҳофаза қилиш, зарарли таъсирнинг олдини олиш ва уни бартараф этиш тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ташкилотларнинг балансидаги объектларда тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан, сув истеъмолчилари балансидаги объектларда эса уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


106-модда. Сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона

истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза килишнинг

иқтисодий чора-тадбирлари

Сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишни таъминлашнинг иқтисодий чора-тадбирлари:

сув ресурсларидан фойдаланганлик, сувни етказиб бериш бўйича хизматлар ва кўрсатилган бошқа сув хўжалиги хизматлари, сув объектларини ифлослантирганлик ва уларга зарарли таъсир этишнинг ўзга турлари учун ҳақ олишни;

сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда, сувни муҳофаза қилиш ва тежашда самарали бўлган фаолиятни амалга оширишда юридик ва жисмоний шахсларга бериладиган солиққа, кредитга оид ва бошқа имтиёзларни;

ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий, экологик рағбатлантиришнинг ва бошқача рағбатлантиришнинг самарали чора-тадбирлари тизимини қўллашни назарда тутади.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ўз уставларига мувофиқ қонунчиликда белгиланган тартибда сувдан оқилона фойдаланиш, сувни оқилона истеъмол қилиш ва сувларни муҳофаза қилишга қаратилган самарали чора-тадбирларнинг татбиқ этилишини рағбатлантириши ва тақдирлаши мумкин.


ХХVI БОБ. СУВДАН ФОЙДАЛАНИШНИ ДАВЛАТ ЙЎЛИ

БИЛАН ҲИСОБГА ОЛИШ ВА РЕЖАЛАШТИРИШ

107-модда. Сувни ва ундан фойдаланишни

давлат йўли билан ҳисобга олиш вазифалари

Сувни ва ундан фойдаланишни давлат йўли билан ҳисобга олишнинг вазифаси ягона сув фондини ташкил этувчи сувларнинг миқдорини ва сифатини, аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларининг эҳтиёжлари учун сувдан фойдаланиш тўғрисидаги маълумотларни белгилашдан иборатдир.


108-модда. Сувдан фойдаланиш ва уни

муҳофаза этишни режалаштириш

Сувдан фойдаланишни режалаштириш биринчи навбатда аҳолининг ичимлик сувга бўлган ва маиший эҳтиёжларини қондиришни, сувнинг сувдан фойдаланувчилар ўртасида илмий асосда тақсимланишини, сувни муҳофаза қилишни ва сув етказадиган зарарли таъсирнинг олдини олишни таъминлаши лозим.

Сувдан фойдаланишни режалаштириш чоғида давлат сув кадастридаги маълумотлар, сув хўжалиги баланслари, сувдан комплекс фойдаланиш ва сувни муҳофаза қилиш жадваллари ҳисобга олинади.


109-модда. Давлат сув кадастри

Давлат сув кадастри сувни миқдор ва сифат кўрсаткичларини ҳисобга олиш, сувдан фойдаланишни қайд қилиш ва ҳисобга олиш маълумотларини ўз ичига олади.


110-модда. Сув хўжалиги баланслари

Сувнинг мавжуд миқдорини ва ундан фойдаланиш даражасини баҳолаш учун дарёлар ҳавзалари, ҳавза ирригация тизимлари ҳамда иқтисодий минтақалар бўйича сув хўжалиги баланслари тузилади.

Сув хўжалиги баланслари ушбу Қонуннинг 8-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган сувлардан фойдаланишни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат бошқаруви органлари томонидан уларнинг ваколатлари доирасида тузилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан умумлаштирилади.


111-модда. Сувдан комплекс фойдаланиш ва уни

муҳофаза қилиш жадваллари

Сувдан комплекс фойдаланиш ва уни муҳофаза қилишнинг бош ва ҳавза (ҳудудий) жадваллари, шу жумладан экотизим эҳтиёжлари учун оқизиб юбориладиган сувлар аҳолининг ва иқтисодиёт тармоқларининг сувга бўлган истиқболдаги эҳтиёжларини қондириш, шунингдек сувни муҳофаза қилиш ва сув етказадиган зарарли таъсирларнинг олдини олиш учун амалга оширилиши лозим бўлган асосий сув хўжалиги тадбирларини ва бошқа тадбирларни белгилаб беради.



112-модда. Сувни ва ундан фойдаланишни давлат йўли билан

ҳисобга олиш, давлат сув кадастри юритиш, сув хўжалиги

баланслари тузиш ҳамда сувлардан комплекс фойдаланишнинг

ва уни муҳофаза қилишнинг жадвалларини ишлаб чиқиш тартиби

Сувни ва ундан фойдаланишни давлат йўли билан ҳисобга олиш, давлат сув кадастрини юритиш, сув хўжалиги баланслари тузиш ҳамда сувдан комплекс фойдаланишнинг ва уни муҳофаза қилишнинг жадвалларини ишлаб чиқиш ишлари бюджет ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилаб берадиган тартибда бажарилади.


113-модда. Сувдан фойдаланиш ва сувни истеъмол қилишда

сувнинг ҳисоби ва ҳисоботи ҳамда мониторингини

юритиш тартиби

Сувдан махсус фойдаланувчилар ва махсус сув истеъмолчилари белгиланган тартибда сувдан фойдаланишнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритади.

Сув ресурслари мониторинги сув ресурсларининг, шу жумладан ер ости сувларининг ўзгаришини аниқлаш, уларга баҳо бериш, салбий жараёнларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳамда сув ресурслари ҳолатининг прогнозларини ишлаб чиқиш мақсадида ваколатли органлар томонидан амалга оширилади.

Сувдан махсус фойдаланиш ва махсус сув истеъмоли чоғидаги сув ресурсларининг ҳисоби, ҳисоботи ҳамда мониторинги тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


ХХVII БОБ. СУВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ

БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

114-модда. Давлатнинг сувга бўлган эгалик ҳуқуқини

бузадиган битимларнинг ҳақиқий эмаслиги

Сувдан фойдаланиш ҳуқуқини бошқага бериш ҳамда давлатнинг сувга эгалик ҳуқуқини ошкора ёки яширин шаклда бузадиган бошқа хил битимлар ҳақиқий ҳисобланмайди.


115-модда. Сув тўғрисидаги қонунчиликни

бузганлик учун жавобгарлик

Сув тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


116-модда. Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган

сув объектларини қайтариб олиш

Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган сув объектлари улардан қонунсиз фойдаланиш вақтида қилинган харажатлар қопланмаган ҳолда ўз эгасига қайтариб олиб берилади.



ХХVIII БОБ. СУВ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУНЧИЛИКНИ БУЗИШ

НАТИЖАСИДА ЕТКАЗИЛГАН ЗАРАРЛАРНИ ҚОПЛАШ

117-модда. Сув тўғрисидаги қонунчиликни бузиш

натижасида етказилган зарарларни ундириш

Корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари), фермер ва деҳқон хўжаликлари ва фуқаролар сув тўғрисидаги қонунчиликни бузиш натижасида етказилган зарарларни қонунчиликда белгиланадиган миқдорда ва тартибда қоплашлари шарт.


118-модда. Зарар етказишда айбдор бўлган мансабдор

шахслар ва бошқа ходимларнинг моддий жавобгарлиги

Корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар зарар харажатларини тўлашида айбдор бўлган мансабдор шахслар ва бошқа ходимлар белгиланган тартибда моддий жавобгар бўладилар.


ХХIХ БОБ. ХАЛҚАРО ШАРТНОМАЛАР

119-модда. Халқаро шартномалар

Башарти, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида ушбу Қонунда назарда тутилганларидан ўзга қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланади.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     И. Каримов



“Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси”, 1993 йил, 5-сон, 221-модда













































Время: 0.1594
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск