Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ахборот. Ахборотлаштириш. Алоқа / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ахборотлаштириш. Телекоммуникациялар тараққиёти /

Ўзбекистон Республикасининг 07.05.1993 й. 868-XII-сон "Ахборотлаштириш тўғрисида"ги Қонуни

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ў3БЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

07.05.1993 й.

N 868-XII



АХБОРОТЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА



I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун ахборот мажмуи фаолиятининг иқтисодий, ҳуқуқий ва ташкилий асосларини, унинг Ўзбекистон Республикасида тутган ўрни ва аҳамиятини белгилайди, ахборот эгалари ва ахборотдан фойдаланувчилар бўлмиш давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатларни тартибга солиб туради.



2-модда. Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонун давлат органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг:

ахборотларни тўплаш, жамғариш, қайта ишлаш, узатиш, қўллаш ва рухсат этилмаган танишувдан сақлаш;

ахборот тизимларини, маълумотлар базалари ва банкларини, ахборотларни қайта ишлаш ва узатишнинг бошқа тизимларини яратиш, жорий этиш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларига нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонун бошқа қонунларнинг (оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги ҳамда бошқа қонунларнинг) таъсири остидаги ахборотга, ҳужжатлаштирилмаган ахборотга, шунингдек муаллифлик ва патент ҳуқуқи меъёрлари билан тартибга солинадиган муносабатларга тааллуқли эмас.



3-модда. Давлатнинг ахборотлаштириш соҳасидаги сиёсати

Давлатнинг ахборотлаштириш соҳасидаги сиёсатининг асосий йўналишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси республикани ривожлантиришнинг истиқболга мўлжалланган ҳамда реал илмий-техникавий, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда тасдиқлайдиган Ўзбекистон Республикасининг ахборотлаштириш концепциясида белгиланиб:

давлат ва жамоат органларининг, фуқароларнинг, мулкчилик шаклидан қатъи назар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг (матнда бундан кейин "ташкилотлар" деб юритилади) ахборотга бўлган эҳтиёжини ҳар томонлама қондиришни;

ахборотни бир тартибга солишни, стандартлаштиришни, ягона ахборот майдони яратишни ҳамда республика жаҳон ахборот ҳамжамиятига кириши учун шароит яратишни;

республикада яратилаётган ва четдан келтирилаётган техник, дастурий ва технологик ахборот воситалари ҳамда ресурсларини сертификация қилишни;

ривожланган, ишлаш бобида мукаммал ва ишончли ахборот инфраструктурасини шакллантиришни;

ахборотлаштиришнинг техник асосларини таркиб топтиришда республиканинг суверен ҳуқуқлари ва минтақавий тузилмаларнинг манфаатларига риоя этишни, ахборот тизимларини ташкил этиш ва амал қилиш жараёнида уларнинг ўзаро ҳамжиҳат ҳаракат қилишларини йўлга қўйишни;

республикадаги ишлаб чиқариш, бошқарув, илмий ва ижтимоий соҳаларда электроника, ҳисоблаш техникаси ва алоқа воситаларининг янги намуналарини яратиш ҳамда жорий этишни;

ахборотлаштиришнинг бир ерда ҳаддан зиёд қуюқлашуви ва ахборот соҳасида яккаҳокимлик қилинишининг олдини олиш асосида ахборотлаштиришни жадал ривожлантириш, ахборот жараёнларини давлат томонидан марказлаштирилган тартибда пул билан таъминлаш ва идора этиш усулларидан ташкилотларнинг мустақиллигига ва тадбиркорликка ўтиш учун шарт-шароитлар яратишни;

ахборотлаштириш дастури учун давлат тасарруфида бўлмаган маблағларни жалб этиш учун шарт-шароитлар яратишни;

оммавий фойдаланувчининг қурби етадиган истиқболли ахборот технологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган илмий-техник ҳамда ишлаб чиқариш фаолиятини рағбатлантиришни;

устивор ва ижтимоий аҳамиятга эга бўлган ахборот тизимларини ривожлантиришга қаратилган иқтисодий рағбатлантириш ва имтиёзлар тизимини, шунингдек бошқа чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда жорий этишни;

ахборот ресурсларини яратиш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси манфаатларига, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқларига риоя этиш мақсадида ахборотларни ҳамда уларни қайта ишлаш воситаларини ҳимоя қилиш йўлларини ишлаб чиқиш ҳамда амалиётга жорий этишни;

давлат ахборот ресурсларининг асралиши, жамғарилиши ва улардан самарали фойдаланилишини таъминлашни;

ахборотлаштиришнинг жамият ривожига таъсирини ўрганишни ва баҳолашни назарда тутади.



II БОБ. АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИ ВА УЛАРНИНГ МАЖМУИ

4-модда. Ўзбекистон Республикасининг ахборот мажмуи

Республиканинг ахборот мажмуи давлат органлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборот тизимларидан ташкил топади.

Республика, ҳудудий, тармоқ, маҳаллий ахборот тизимлари ва шохобчалари, шунингдек уларда ишлатиладиган алоқа воситалари республика ахборот мажмуининг таркибий қисми ҳисобланади. Бу ахборот тизимлари ташкилий-таркибий хусусиятларига, мавзусига технологик ва бошқа белгиларига қараб шакллантириладиган ҳужжатлаштирилган ахборотларга қайта ишлов берилишини таъминлайди.



5-модда. Давлат органларининг ахборот тизимлари

Республика бюджети ҳисобидан вужудга келтирилган ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг фаолият кўрсатишини таъминловчи ахборотларга ишлов бериш тизимлари, маълумот базалари ва банклари, эксперт ва ахборот-қидирув тизимлари ҳамда шохобчалари Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг ахборот тизимига киради.



6-модда. Ҳудудий ахборот тизимлари

Ҳудудий ахборот тизимлари маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг таҳлил этиш ва бошқариш вазифаларини таъминлаш учун ташкил этилади.



7-модда. Тармоқлар ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари

Тармоқлар ва ташкилотларнинг ахборот тизимлари вазирликлар ва идоралар, мулк шаклидан қатъи назар концернлар, корпорациялар, ишлаб чиқариш бирлашмалари, ташкилотлар ва корхоналарнинг ишлашини таъминловчи ахборотларга ишлов бериш тизимларидан, маълумот базалари ва банкларидан иборатдир.

Автоматлаштирилган кредит-банк ва биржа тизимлари ҳамда пулсиз муомала тизимлари ҳам тармоқ ахборот тизимларига киради.



8-модда. Автоматлаштирилган кредит-банк ва биржа тизимлари

Автоматлаштирилган кредит-банк ва биржа тизимлари ўзаро ҳисоб-китоблар жадал ўтказилишини таъминлаш, кредит-молия операцияларини амалга ошириш, шунингдек биржа фаолиятини, брокерлик ва маклерлик хизматларини автоматлаштириш, солиқ ва аудиторлик фаолиятларини амалга ошириш (бюджетларни, капитал маблағларни, солиқ назоратини шакллантириш) учун тузилади.



9-модда. Пулсиз муомаланинг автоматлаштирилган тизимлари

Пулсиз муомаланинг автоматлаштирилган тизимлари кредит карточкалари ва пулсиз молия ҳужжатларининг бошқа турларидан фойдаланган ҳолда ўзаро ҳисоб-китоблар ўтказишда аҳолига қулайлик яратиш мақсадларида Ўзбекистон Республикаси Жамғарма банки тизими, шунингдек бошқа банклар, манфаатдор вазирликлар ва идоралар асосида ташкил этилади.



10-модда. Ахборот узатиш

Тармоқ, ҳудудий ва давлат ахборот тизимлари ўртасида ахборотлар узатиш зарур рўйхат, маълумотлар таркиби ва ҳажмлари доирасида олдиндан келишган ҳолда амалга оширилади.



11-модда. Хусусий ва давлат тасарруфида бўлмаган

бошқа ахборот тизимлари

Жисмоний шахсларнинг (Ўзбекистон Республикаси, бошқа давлатлар фуқароларининг) ахборот тизимлари ўз маблағлари ҳисобига ташкил этилади ва улар томонидан белгиланган тартибда рухсатнома олинган тақдирдагина ишлатилади.

Давлат тасарруфида бўлмаган ахборот тизимлари ўз муассисларининг маблағлари ҳисобига ташкил этилади ва улар томонидан ахборот маҳсулотлари яратиш ва хизматлари ташкил этиш учун фойдаланилади.



12-модда. Алоқа ва маълумотлар узатиш тизимлари

Алоқа ва маълумотлар узатиш тизимлари ахборотлаштиришниннг коммуникациявий асоси ҳисобланади. Мазкур тармоқлар алоқага қўшилиш, маълумотларни қабул қилиш ва узатишга оид халқаро стандартлар ва протоколлар талабларига риоя этиш асосида тузилади, улар эса алоқа тармоқлари тузилмасининг янги турларини яратиш ва ахборот хизматининг янги турларини ташкил этиш имкониятини таъминлайди.

Хизматларнинг янги турлари ахборот эгаларининг ташаббуси билан ҳам, ахборотлардан фойдаланувчиларнинг ташаббуси билан ҳам жорий этилиши мумкин.

Алоқа ва маълумотлари узатиш тизимларини барпо этиш ва улардан фойдаланиш, шунингдек уларнинг фаолиятини тўхтатиш қоидалари мазкур тизимлардан фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширувчи ваколатли давлат органлари томонидан ишлаб чиқилади.



13-модда. Ахборотлаштиришда тизим,

дастур ва тармоқ таъминоти бирлиги

Ахборотлаштиришда тизим, дастур ва тармоқ таъминоти бирлиги ахборотлаштириш жараёнларининг давлат томонидан тартибга солиниши принципларига, шунингдек ахборот воситалари ва маҳсуллари ишлаб чиқаришда ҳамда улардан фойдаланишда ягона стандартларга, сифат сертификатларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширувчи давлат бошқарувининг махсус органлари фаолиятига асосланади.



III БОБ. АХБОРОТЛАШТИРИШ

ИНФРАСТРУКТУРАСИ ВА САНОАТИ

14-модда. Ахборотлар инфраструктураси

Ўзбекистон Республикасининг ахборотлар инфраструктурасини - ахборотларни қайта ишловчи ва ахборотга оид бошқа хизмати кўрсатувчи, автоматлаштирилган тизимларга сервис хизмати кўрсатувчи; ходимлар ва фойдаланувчиларга ўргатувчи; маслаҳат берувчи ва услубиятга доир ишларни бажарувчи, фойдаланувчиларга ахборот хизмати кўрсатиш сифатини оширишга доир бошқа ёрдамчи фойдали фаолиятни амалга оширувчи мулкчиликнинг барча шаклларидаги илмий ва ишлаб чиқариш тузилмалари ташкил этади.

Ахборотлар инфраструктураси соҳасида ташкилотлар амалга оширадиган фаолият халқ хўжалиги тизимида "Ахборот хизмати" ёрдамчи тармоғи сифатида ҳисобга олинади.



15-модда. Ахборотлаштириш саноати

Давлат органлари томонидан, шунингдек уставида ахборотлаштириш маҳсулоти ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланиш назарда тутилган , юридик шахслар, шу йўналишда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган жисмоний шахслар томонидан ахборотлаштириш маҳсулоти ишлаб чиқариш - ахборотлаштириш саноатидан иборат иқтисодий фаолият тармоғини ташкил этади.

Ахборотлаштириш саноатининг дастурлари, моддий, техникавий, молиявий, ташкилий ва ўзга хил ресурслари давлат статистика органларида ҳисобга олинмоғи лозим.

Давлат статистика органларига бериладиган маълумотлар рўйхати ва уларни тақдим этиш шакллари ахборотлаштириш саноати субъекти тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш билан бир вақтда белгиланади.



16-модда. Ахборот мажмуининг техника базаси

Ўзбекистон Республикаси ахборот мажмуининг техника базаси замонавий компьютер техникасини, дастурий маҳсулларни, коммуникация ва алоқа воситаларини ўз ичига олади. Техника базаси рухсатномалар, шартномалар ҳамда битимлар асосида республикада чиқариладиган ва республикага олиб келинадиган дастурий-аппарат воситалари негизида вужудга келтирилади.



17-модда. Ахборотлар, ахборотлаштириш маҳсулотлари ва

ахборот хизматлари бозори

Ахборотлар, ахборотлаштириш маҳсулотлари ва ахборот хизматлари бозори ушбу Қонуннинг қоидалари ҳисобга олинган ҳолда шакллантирилади. Мулкчилик шаклидан қатъи назар, юридик шахслар, шунингдек жисмоний шахслар ахборотлар, ахборотлаштириш маҳсулотлари ва ахборот хизматлари бозорида тенг мавқели шериклар сифатида қатнашадилар.

Ахборот маҳсулотлари ва ахборот хизматларининг сифати ва бошқа истеъмол хусусиятлари давлат стандартларида, техникавий шартларда ёхуд техник топшириқларда ёки бевосита уларни ишлаб чиқариш учун тузилган шартномада белгилаб қўйилади.



IV БОБ. АХБОРОТЛАШТИРИШ СОҲАСИДАГИ БОШҚАРУВ

18-модда. Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат

бошқарув органлари

Ахборотлаштириш соҳасидаги бошқарувни Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси амалга оширади. Ахборотлаштирииш маҳсуллари ва тизимларини ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилиш учун махсус хизматлар - Дастурий маҳсуллар давлат реестри, Маълумот базалари давлат реестри ва Ахборот тизимлари давлат реестри ташкил этилади. Давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар фаолияти натижасида ҳосил қилинган ва Давлат реестрларида қайд этилган дастурий маҳсуллар ва маълумотлар базаларининг жамламаси Дастурий-ахборот маҳсулотлари миллий фондини ташкил этади.



19-модда. Давлат бошқарув органларининг ахборотлаштириш

соҳасидаги ваколатлари ва масъулияти

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлат бошқарув органларининг ваколатларига:

ахборотлаштириш соҳасида давлат сиёсатининг асосларини ишлаб чиқиш, давлатнинг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ахборотлаштириш заҳираларини ҳосил этиш ҳамда улардан фойдаланиш ишларини мувофиқлаштириб бориш, субъектларнинг ахборотлаштириш соҳасидаги муносабатларга тааллуқли ҳуқуқлари ва кафолатларини ҳимоя қилиш;

ахборотлаштириш соҳасидаги умумдавлат дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда рўёбга чиқаришга раҳбарлик қилиш, ана шу мақсадлар учун ажратилган маблағларни тақсимлаш, истиқболга мўлжалланган ахборот технологиялари соҳасида илмий тадқиқотларни, лойиҳаларни мувофиқлаштириш ва рағбатлантириш, уларнинг бажарилиши устидан назорат қилиш;

давлат бошқарув органларини ахборотлар билан таъминлаш тартиби ва шартларини белгилаш;

автоматлаштирилган ахборот ва ахборот-ҳисоблаш тизимлари ҳамда тармоқлари яратишни, шу жумладан уларни ҳисобга олиш, сертификациялаш ҳамда лицензия беришни тартибга солиш;

ахборотлаштириш инфраструктурасининг умумий коммуникация муҳитини ва бошқа таркибий қисмлари яратилишини таъминлаш, ахборотлаштириш соҳасидаги бозор омилларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш;

ахборотлаштириш соҳасидаги лойиҳалар ва таклифларни экспертизадан ўтказиш, бу соҳада тармоқ ҳужжатлари ва стандартларининг ягона тизимини жорий этиш ҳамда уларга риоя этилиши устидан назорат ўрнатиш;

ахборотлаштириш соҳасида хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ташкил этиш ҳамда илмий-техникавий алоқаларни уйғунлаштириш киради.

Давлат бошқарув органлари томонидан ҳужжатларни бир хиллаштириш тизимининг таркиби, давлат ва жамоат фаолиятининг барча соҳаларида тўпланадиган ҳамда ишлов бериладиган ахборотларга, шунингдек одамларнинг ҳуқуқлари ва манфаатлари муҳофаза ҳамда ҳимоя этилишини таъминлаш мақсадида фойдаланиладиган хусусий шахслар тўғрисидаги ахборотларга доир классификаторлар, стандартлар белгиланади.



20-модда. Дастурий маҳсулларни экспертизадан

ўтказиш ва сертификациялаш

Ахборотлаштириш маҳсулларининг рақобат қобилиятини таъминлаш ва унинг сифатига давлат таъсирини кучайтириш, шунингдек ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида ана шундай маҳсуллар экспертизадан ўтказилади ва сертификацияланади. Дастурий маҳсулларни экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш Дастурий маҳсулларнинг давлат реестри ва Маълумот базалари давлат реестри асосида амалга оширилади.

Дастурий маҳсуллар давлат реестрининг, Маълумот базалари давлат реестрининг меъёрий-техник базаси, экспертизадан ўтказиш ва сертификациялаш қоидалари халқаро меъёрлар ва битимларга мувофиқ бўлиши керак.



21-модда. Ахборотлаштириш соҳасидаги фаолиятни

рағбатлантириш ва давлат томонидан тартибга солиб бориш

Давлат бошқарув органлари ахборот технологияси, ахборотлаштириш саноати яратувчиларини иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлайдилар, илмий тадқиқотлар ва ишлаб чиқаришнинг устивор йўналишлари ривожлантирилишини рағбатлантирадилар, ахборот маҳсулларининг рақобат қобилиятини оширишга кўмаклашадилар, мутлақо янги ечимларни патентлашни ва ахборот технологияларини ўзлаштиришни таъминлайдилар.

Қонунда белгиланган ҳолларда давлат органлари муайян ахборот технологиялари, маҳсуллари ва ахборот хизматларининг экспорти ва импортини, уларнинг ички бозорда сотилишини чеклашга, шунингдек ишлаб чиқарувчилар зиммасига стандартлаштириш ва сифатнинг зарур даражасини таъминлаш вазифасини юклашга ҳақлидирлар.

Давлат мулки бўлган ахборот ресурсларини шакллантириш ва уларни фойдаланувчиларга бериш ишларини ташкил этиш ана шундай ахборот ресурсларига доир ишларни бажариши лозим бўлган давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари зиммасига юклатилади.

Давлат мулки қаторига қўшилиши мумкин бўлган ахборот турлари ва ахборот ресурсларининг таркибини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайди.



V БОБ. АХБОРОТЛАР ВА АХБОРОТ ТИЗИМЛАРИНИНГ

ҲУҚУҚИЙ РЕЖИМИ

22-модда. Ахборотдан фойдаланишнинг ҳуқуқий режими

Давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгилаб берилган ҳуқуқлари ва мажбуриятларига мувофиқ ҳолда ахборотлаштириш соҳасида ҳуқуқий муносабатларнинг субъектлари сифатида иш кўрадилар.

Ахборотдан фойдаланишнинг ҳуқуқий режими давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида чиқарадиган Ўзбекистон Республикасининг ҳужжатларида ва меъёрий ҳужжатларида, ахборотлаштириш соҳасидаги муносабатлар қатнашчиларининг шартнома ва битимларида белгилаб қўйилади.

Ахборотлардан фойдаланувчилар тоифаси ва ахборотларни қўриқлаш тартиби мазкур Қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси давлат органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминловчи бошқа қонун ҳужжатлари билан белгилаб берилади.



23-модда. Ахборотларга нисбатан мулкчилик ҳуқуқи

Ахборот давлат органларининг, юридик ва жисмоний шахсларнинг фаолият маҳсули сифатида моддий ёки интеллектуал мулк объекти бўлиши мумкин. Давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар ахборотларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан белгиланадиган мулкий ҳуқуққа эгадирлар.

Ҳужжатлаштирилган ахборот мулк объекти сифатида алоҳида ҳужжат ёки ҳужжатлар тўплами шаклида (кутубхона, архив, фонд, билимлар базаси ва бошқа шаклларда) намоён бўлади.

Ахборот эгаси ўз мулкининг объектига нисбатан ҳар қандай қонуний хатти-ҳаракатларни содир этиши, шунингдек ахборотга эгалик қилувчи, ундан фойдаланувчи ёки уни тасарруф этувчи шахсни тайинлаши мумкин.

Қуйидагилар:

ўз кучи билан ва ўз ҳисобидан ахборот яратиш;

ахборот яратишга доир шартнома;

ахборотга нисбатан мулкдорлик ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш шартини ўзида акс эттирган олди-сотдига, етказиб беришга доир шартнома ёки бошқа келишув шартномаси;

меросга олиш ва тортиқ қилиш ахборотга нисбатан мулкдорлик ҳуқуқи пайдо бўлишига асос бўлади.

Ахборотга нисбатан мулкдорлик ҳуқуқини рўёбга чиқаришнинг ўзига хос жиҳатлари амалдаги муаллифлик ҳуқуқига доир қонунлар билан белгилаб қўйилади.

Давлат мулки ҳисобланган ахборотга ҳимоя сертификатига эга бўлган тизимлардагина қайта ишлов берилиши лозим.

Автоматлаштирилган ахборот тизимлари ёрдамида киритиладиган ва узатиладиган ҳужжатларнинг юридик кучи электрон имзо билан тасдиқланиши мумкин. Электрон имзонинг юридик кучи автоматлаштирилган тизимда имзоларнинг бир хиллигини таъминловчи сертификацияланган дастурий-техника воситалари мавжуд бўлган тақдирда эътироф этилади.



24-модда. Ахборотга нисбатан мулкдорлик

ҳуқуқи субъектлари

Давлат ўзининг ҳокимият ва бошқарув органлари тимсолида, юридик ва жисмоний шахслар ахборотга нисбатан мулкий ҳуқуқ субъекти бўлишлари мумкин.

Давлат органлари, ташкилотлар ахборотга нисбатан ўзларининг мулкий ҳуқуқларини давлат ҳокимияти органлари тўғрисидаги, корхоналар, жамоат бирлашмалари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларига, муайян юридик шахсларнинг, ахборотлаштириш соҳасидаги муносабатлар бошқа субъектларининг низомлари ва уставларига мувофиқ рўёбга чиқарадилар.

Шахсий ахборот ҳамда унинг моддий ашёлари фуқароларнинг мулки ҳисобланади ва улар тегишли маълумотлар банкига ёки архивга сақлаш учун топширилган ҳолларидагина уларни расмий ахборотлар қаторига қўшиш мумкин.



25-модда. Хусусий шахсларга доир ахборотларни

қайта ишлаш

Хусусий шахсларга доир ахборотларни қайта ишлашнинг тизимлари аҳолининг талаб-эҳтиёжлари ва манфаатларидаги ўзгаришларни, фуқароларнинг ижтимоий фикрларини ўрганиш, жиноий ҳаракатларга қарши кураш, Ўзбекистон Республикасининг давлат сирларини, иқтисодиётга оид сирларини ва бошқа сирларини қўриқлаш учун зарур бўлган маълумотларни умумлаштириш ва таҳлил этиш, давлатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни бошқариш ҳамда унинг истиқлолини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа маълумотлар олиш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари, бошқа ташкилотлар томонидан вужудга келтирилади.

Автоматлаштирилган тизимлар ва бошқа тизимлардаги хусусий шахсларга доир ахборотлардан уларнинг конституциявий ҳуқуқларини чеклаб қўйиш учун фойдаланилмаслиги лозим.

Хусусий шахсларга доир ахборотларни давлат тасарруфида бўлмаган ташкилотлар томонидан қайта ишлаш рухсатнома асосида амалга оширилади.

Ўз ваколатларига мувофиқ хусусий шахсларга доир ахборотларга эгалик қилувчи ва улардан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар ана шундай ахборотлардан фойдаланиш тартиби ҳамда қоидаларини бузганлик учун интизомий, маъмурий ва жиноий жавобгар бўладилар.



26-модда. Юридик ва жисмоний шахсларнинг ўзларига доир

ахборотлар билан танишуви

Юридик ва жисмоний шахслар ахборотнинг тўлиқ ва ишончли бўлишини таъминлаш мақсадида ўзларига доир ахборотлар билан танишиш, уларга аниқликлар киритиш, ана шу ахборотдан ким ва қандай мақсадда фойдаланаётганини билиш ҳуқуқига эгадирлар.

Ахборот тизимларида хусусий шахсларга доир маълумотлари бўлган давлат органлари, жамоат ташкилотлари, башарти, ахборотни бу тарзда тақдим этиш Ўзбекистон Республикаси қонунлари билан қўриқланадиган сирлар ошкор этилишига сабаб бўлмаса, хусусий шахсларга тааллуқли ахборотни уларнинг талабига кўра тақдим этишлари шарт.

Ахборотни бермаганлик ёки уни яширганлик устидан судга шикоят қилиниши мумкин.



27-модда. Ахборотнинг эгаси ва ундан фойдаланувчи

ўртасидаги муносабатлар

Ахборотнинг эгаси ва у ваколат берган шахслар ахборотларни қайта ишлаш ҳамда улардан фойдаланишнинг амалдаги қонунларга зид келмайдиган режими ва қоидаларини белгилайдилар.

Ахборотнинг эгаси ундан фойдаланиш шартларини белгилайди ёхуд ўз ҳуқуқини шартнома асосида бошқа юридик ёки жисмоний шахсга беради.

Ахборот эгасининг қарорига биноан ахборот ундан фойдаланувчига шартномавий нархларда ёки ахборот хизматлари учун белгиланган тарифлардаги нархларда берилиши мумкин.

Ахборотнинг эгаси ахборот хизматлари тўғрисидаги шартномада қайд этилганидек, ахборот ҳамда уни қайта ишлаш дастурлари тўлиқ, ишончли ва сифатли бўлишини таъминлаши шарт.

Давлат органлари, юридик ва жисмоний шахслар давлат ахборот ресурсларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш учун масъул бўлган органлар ва ташкилотларга ҳужжатлаштирилган ахборотларни беришлари шарт.



28-модда. Ахборот эгасининг жавобгарлиги

Ахборот эгаси атайин нотўғри, чала, муддатни бузиб ахборот берганлик учун фойдаланувчи олдида жавобгар бўлади, шу туфайли фойдаланувчига етказилган зарарни Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ қоплайди.

3арарни қоплаш шартлари шартнома билан белгиланади. 3арарни қоплаш миқдорини томонлар мустақил белгилайдилар, низоли ҳолларда эса уни суд, хўжалик суди белгилайди.



29-модда. Ахборотлаштириш соҳасидаги муносабатлар

субъектларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш

Ахборотга ва ахборот маҳсулига доир низолар ҳамда уларга эгалик қилиш ҳуқуқлари қонунлар асосида ҳал этилади.

Ахборот ресурслари, шу жумладан автоматлаштирилган ахборот тизимларида ахборот ресурслари тўплаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқий муносабатлар субъектларининг ҳуқуқларини юридик жиҳатдан ҳимоя қилиш, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш, қоидабузарларни жавобгарликка тортиш, субъектларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадларида амалга оширилади.

Давлат тасарруфида бўлмаган ахборот тизимларида ишлов бериладиган ахборотлар ушбу ахборотлар тизими Ахборот тизимлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилган ва унинг эгаси ахборотга ишлов бериш учун рухсатнома олган ҳоллардагина қўриқланади. Ишлов беришдан кўзланган мақсад ва хизмат кўрсатиш қоидалари рухсатномада кўрсатиб ўтилади.

Ахборотлар ҳамда ахборот жараёнлари соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик ва жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг маъмурий, фуқаролик, меҳнат, жиноят қонунларининг меъёрларига мувофиқ жавобгар бўладилар.



30-модда. Шахсий ахборотларни ва хусусий шахсларга доир

ахборотларни ҳимоя қилиш

Шартномага асосан автоматлаштирилган тизимга киритилган шахсий ахборотлар ва хусусий шахсларга доир ахборотлардан фойдаланишнинг белгиланган қоидаларини бузганлик ҳоллари суд томонидан аниқланади.

Ахборотнинг эгаси ёки ундан фойдаланувчи томонидан ҳуқуқлари ёхуд манфаатлари бузилган хусусий шахслар ўз ҳуқуқлари тикланиши етказилган зарарнинг ўрни қопланиши ва кўрилган маънавий зарар учун товон тўланишини суд органлари орқали талаб қилишлари мумкин.


31-модда. ЭҲМ учун яратилган дастурга муаллифлик ҳуқуқи

Ижодий фаолияти натижасида ЭҲМ учун дастур яратган жисмоний шахс унинг муаллифи деб эътироф этилади. Башарти, ЭҲM учун дастур икки ёки ундан ортиқ жисмоний шахснинг биргаликдаги ижодий фаолияти натижасида яратилган бўлса, дастур ҳар бири мустақил аҳамиятга эга қисмлардан иборатми-йўқми ёки унинг бўлиниш-бўлинмаслигидан қатъи назар, бу шахслардан ҳар бири бундай дастурнинг муаллифи деб эътироф этилади.

ЭҲМ учун яратилган дастурга муаллифлик ҳуқуқи жисмоний шахсга ёки жамоага Дастурий маҳсуллар давлат реестри берадиган шаҳодатнома билан гувоҳлантирилади.

ЭҲМ учун яратилган дастур муаллифи унинг мулкий ҳуқуқларидан қатъи назар:

муаллифлик ҳуқуқи - ЭҲМ учун яратилган дастур муаллифи деб ҳисобланиш ҳуқуқи;

номлаш ҳуқуқи - ЭҲМ учун яратилган дастурда муаллиф номини кўрсатиш шаклини:

ўз номи билан, шартли ном (таҳаллус) билан ёки хуфёна ном билан аташни белгилаш ҳуқуқи; ҳамда дахлсизлик (бус-бутунлик) ҳуқуқи - ЭҲМ учун яратилган дастурнинг ўзини ҳам, унинг номини ҳам муаллифнинг шон-шарафига зарар етказиши мумкин бўлган бузиб кўрсатишлар ва бошқа тажовузлардан ҳимоя қилиш ҳуқуқидан иборат шахсий ҳуқуқларга эга бўлади.



32-модда. ЭҲМ учун яратилган дастур ва бошқа дастурий-ахборот

маҳсулларига бўлган мулкий ҳуқуқ

Ўз маблағи ҳисобига дастур ёки бошқа дастурий-ахборот маҳсуллари яратган ёки ана шу ҳуқуқни дастур муаллифи ёхуд бошқа мулкдордан қонуний асосда олган юридик ёки жисмоний шахс ЭҲМ учун яратилган дастур ва бошқа дастурий-ахборот маҳсулларининг эгаси ҳисобланади.

Агар ЭҲМ учун яратилган дастурга бўлган мулкий ҳуқуқ юридик шахсга ёки давлатга тегишли бўлса, унда ЭҲМ учун яратилган дастурга муаллифлик ҳуқуқи гувоҳномаси муаллифнинг (муаллифларнинг) дастур яратилган жойдан моддий ва маънавий рағбатлантириш олишига, ундан нусха кўпайтирилган ва мулкдор томонидан сотилган ҳолларда эса муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунларга мувофиқ муаллифга (муаллифларга) бунда мулкдор олган фойданинг (даромаднинг) бир қисмини ажратиб беришга асос бўлиши мумкин.

Ахборот маҳсулларининг моддий ашёлари ашёвий мулк объектлари сифатида муҳофаза қилинади.

Дастурнинг асл нусхасига мулкий ҳуқуқ Дастурий маҳсуллар давлат реестри берадиган махсус гувоҳнома билан тасдиқланади. Дастурнинг ҳисобга олинган кўчирмасига нисбатан мулкий ҳуқуқ дастурни етказиб беришга (дастурнинг олди-сотдисига) доир шартномада тасдиқланади.



33-модда. Ахборотлаштириш соҳасидаги низоларни

қараб чиқиш тартиби

Ахборотлаштириш соҳасидаги суд тасарруфига кирмаган низоларни қараб чиқиш учун ахборотлаштиришни бошқарувчи давлат органлари ҳузурида Ўзбекистон Республикаси қонунлари асосида иш кўрувчи муваққат ва доимий комиссиялар тузилиши мумкин.



VI БОБ. АХБОРОТЛАШТИРИШ СОҲАСИДА

ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК

34-модда. Давлатлараро муносабатлар

Ахборотлаштириш соҳасидаги давлатлараро муносабатлар икки томонлама ва кўп томонлама битимлар, юридик шахсларнинг ўзаро яхлит, биргаликдаги, жамоа, дастурий ва техникавий жиҳатдан ўзаро бир бутун ахборот тизимлари, шунингдек ахборотлаштиришнинг бошқа масалалари бўйича тузадиган биргаликдаги илмий-техника дастурлари, шартномалари ва мажбуриятлари асосида таркиб топади. Ахборотлаштириш соҳасидаги халқаро ҳамкорлик халқаро шартномалар ва битимлар асосида амалга оширилади.



35-модда. Халқаро коммуникация тармоқларига қўшилиш

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, юридик ва жисмоний шахслар шартномалар асосида ўз ахборот тизимларини халқаро ахборот тармоқларига қўшишга ҳақлидирлар. Чекланган тарзда ахборотга ишлов берувчи ахборот тизимларини халқаро ахборот тармоқларига қўшилишига фақат зарур ҳимоя чора-тадбирлари кўрилганидан кейингина йўл қўйилади. Юридик ва жисмоний шахсларга қарашли ахборот тизимларининг ахборотлар тармоқларига ғайриқонуний равишда қўшилиши, худди шунингдек улардан ғайриқонуний йўл билан ахборотлар олиши Ўзбекистон Республикаси қонунларига ҳамда халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.



36-модда. Халқаро айирбошлаш чоғида

ахборотларни ҳимоя қилиш

Халқаро айирбошлаш чоғида ахборотларни ҳимоя қилиш, башарти, халқаро шартномалар ва битимларда ўзгача қоидалар назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ амалга оширилади.



Ўзбекистон Республикасининг Президенти                           И. Каримов



Ўзбекистон Республикаси Олий Совети ахборотномаси 1993 йил, N 6, 252-модда


































Время: 0.1931
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск