Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Ўз кучини йўқотган ҳужжатлар / Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси (Парламент) /

Ўзбекистон Республикасининг 28.12.1993 й. 990-XII-сон "Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида"ги Қонуни (Эски таҳрири)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

ҚОНУНИ

28.12.1993 й.

N 990-XII



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ

МАЖЛИСИГА САЙЛОВ ТЎҒРИСИДА

(Эски таҳрири)


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

1-модда. Олий Мажлисга сайлов ўтказишнинг

асосий принциплари

Олий Мажлис ҳудудий, бир мандатли сайлов округлари бўйича кўп партиялилик асосида беш йил муддатга сайланадиган икки юз эллик нафар депутатдан иборат.

Олий Мажлис депутатлари умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.



2-модда. Умумий сайлов ҳуқуқи

Олий Мажлисга депутатлар сайлови умумийдир. Ўзбекистон Республикасининг сайлов кунигача 18 ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Олий Мажлисга сайланиш ҳуқуқига сайлов кунигача 25 ёшга тўлган Ўзбекистон фуқаролари эгадирлар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида ҳокимиятнинг иккитадан ортиқ вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.



3-модда. Тенг сайлов ҳуқуқи

Ҳар бир фуқаро - сайловчи бир овозга эга.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ижтимоий келиб чиқиши, ижтимоий ва мулкий мавқеи, ирқий ва миллий мансублиги, жинси, маълумоти, тили, динга муносабати, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадирлар.



4-модда. Тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи

Олий Мажлис депутатлари фуқаролар томонидан бевосита сайланадилар.



5-модда. Яширин овоз бериш

Олий Мажлис депутатлари сайловида эркин ва яширин овоз берилади. Овоз берувчиларнинг хоҳиш-иродаси назорат қилинишига йўл қўйилмайди.



6-модда. Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни

ўтказишдаги ошкоралик

Олий Мажлис сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишни сайлов комиссиялари очиқ ва ошкора амалга оширадилар.

Сайлов комиссиялари фуқароларни ўз ишларидан, сайлов округлари, участкалари тузилганлиги, сайлов комиссияларининг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этадилар, сайловчиларнинг рўйхатлари, сайловда иштирок этаётган сиёсий партияларнинг рўйхати билан таништирадилар, депутатликка номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг оммавий ахборот воситалари сайловга тайёргарликнинг бориши ва сайлов қандай ўтаётганлигини ёритиб борадилар.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга доир барча тадбирларда, шунингдек сайлов куни овоз бериш хоналарида ва овозларни санаб чиқишда депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партиялардан, ҳокимият вакиллик органларидан, сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан биттадан кузатувчи, матбуот, телевидение ва радио вакиллари, бошқа давлатлар, халқаро ташкилотлар ва ҳаракатлардан кузатувчилар қатнашиш ҳуқуқига эгадирлар. Уларнинг ваколатлари тегишли ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.

Манфаатдор ташкилотлар, сайловчилар ташаббускор гуруҳлари ўз кузатувчилари тўғрисида округ сайлов комиссияларига сайловга кечи билан ўн беш кун қолганида маълум қиладилар.

Округ сайлов комиссияси манфаатдор ташкилотдан, сайловчилар ташаббускор гуруҳидан ариза олинганидан кейин беш кун ичида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси белгилайдиган намунадаги мандатни кузатувчи учун беради.

Кузатувчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

депутатликка номзодлар кўрсатишга бағишланган йиғилишларда, округ ва участка сайлов комиссияларининг мажлисларида ҳозир бўлиш;

сайлов участкасида ҳозир бўлиш ҳамда тайёргарлик ишларининг боришини, овоз бериш учун сайлов қутиларининг жойлаштирилиши ва муҳрланишини, фуқароларга сайлов бюллетенларининг берилишини кузатиш;

овозларни санаб чиқишда ва участка сайлов комиссиясининг баёнларини тузишда ҳозир бўлиш;

сайлов натижалари тўғрисидаги ҳужжатларнинг тегишли сайлов комиссияси томонидан тасдиқланган нусхаларини сўраш ва уларни олиш;

башарти сайлов участкасида ушбу Қонуннинг бузилишига йўл қўйилган деб ҳисоблаш учун асос бўлса, ўз кузатувлари тўғрисида юқори комиссияга маълум қилиш.

Кузатувчиларга қуйидагилар ман этилади:

сайловчи сайлов бюллетенига ўз белгисини қўяётган пайтда овоз бериш кабинасида бўлиш;

сайловчиларга таъсир ўтказиш, бирон-бир ташвиқот материали ёки адабиёти тарқатиш;

сайловчилардан улар кимни ёқлаб овоз берганликларини суриштириш ёки сайловчиларга бюллетенга белги қўйишда бирон-бир тарзда ёрдам кўрсатиш;

участка сайлов комиссиясининг фаолиятига, шу жумладан, сайлов қутиларини муҳрлашда, уларни очишда, овозларни санаб чиқишда аралашиш.


II. САЙЛОВ ОКРУГЛАРИ ВА САЙЛОВ УЧАСТКАЛАРИ

7-модда. Сайлов округини тузиш

Олий Мажлисга сайлов ўтказиш учун икки юз эллик ҳудудий сайлов округи тузилади. Ҳар бир сайлов округидан битта депутат сайланади.

Олий Мажлисга депутатлар сайловини ўтказувчи сайлов округлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимларининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади. Сайлов округларининг чегаралари Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг маъмурий-ҳудудий тузилишини инобатга олган ҳолда белгиланади.

Сайлов округлари, қоида тариқасида, Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида сайловчилар сони тенг ҳолда тузилади. Ҳар бир сайлов учун сайлов округига тўғри келадиган сайловчилар нормаси Олий Мажлис томонидан белгиланади.

Марказий сайлов комиссияси сайлов округлари рўйхатини уларнинг чегаралари ва сайловчилар сонини кўрсатган ҳолда сайлов тайинланганидан кейин кечи билан ўн беш кун ичида эълон қилади.



8-модда. Сайлов участкалари тузиш тартиби ва нормаси

Сайлов участкалари туманлар, шаҳарлар, шаҳарлардаги туманларнинг чегараларини инобатга олган ҳолда, сайловчиларга мумкин қадар кўпроқ қулайлик яратиш мақсадида тузилади. Сайлов участкалари ҳарбий қисмларда ҳам тузилади ва қисм жойлашган жойдаги сайлов округига киради. Сайлов участкаларининг чегаралари тегишли сайлов округи доирасидан чиқиб кетмаслиги керак.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатларидаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар, дам олиш уйлари, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда сайлов участкалари тузилиши мумкин. Бу сайлов участкалари ўзлари жойлашган ердаги сайлов округларига киради. Ўзбекистондан ташқарида тузиладиган сайлов участкаларини қайси сайлов округига биркитиш тўғрисидаги масала Марказий сайлов комиссияси томонидан ҳал этилади.

Сайлов участкалари шаҳар, туман ҳокимларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Ҳарбий қисмларда сайлов участкалари қисмлар ёки ҳарбий қўшилмалар командирларининг тақдимномасига биноан округ сайлов комиссиялари томонидан тузилади. Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида сайлов участкалари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг тақдимномасига биноан Марказий сайлов комиссияси томонидан тузилади.

Сайлов участкалари сайлов тайинлангандан кейин ўттиз кундан кечикмай тузилади. Ҳарбий қисмларда, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерларда ҳам сайлов участкалари ана шу муддатда, айрим ҳолларда эса истисно тариқасида сайловга камида беш кун қолганида тузилади.

Сайлов участкалари, қоида тариқасида камида 20 нафар ва кўпи билан 3000 нафар сайловчидан иборат этиб тузилади.

Овоз беришни ташкил этиш учун ҳар бир сайлов участкасига туман, шаҳар ҳокимлиги бино ажратади.

Округ сайлов комиссияси участка сайлов комиссиясининг ва овоз бериш биносининг манзилини кўрсатган ҳолда ҳар бир сайлов участкасининг чегаралари тўғрисида сайловчиларни хабардор этишни ташкил қилади.



III. САЙЛОВ КОМИССИЯЛАРИ

9-модда. Сайлов комиссиялари тизими

Олий Мажлисга сайловни ташкил этиш ва ўтказиш учун:

- Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси;

- Олий Мажлисга сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссиялари;

- участка сайлов комиссиялари тузилади.



10-модда. Ўзбекистон Республикаси Марказий

сайлов комиссиясини тузиш

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси "Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ тузилади.



11-модда. Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари

Марказий сайлов комиссияси:

1) республиканинг бутун ҳудудида ушбу Қонуннинг ижросини назорат қилади ва унинг бир хил тарзда қўлланилишини таъминлайди, сайловни ташкил этишга доир масалалар юзасидан ўз ваколатлари доирасида йўриқномалар чиқаради ва изоҳлаб бериб боради;

2) сайлов округлари тузади, уларга ном ва тартиб рақами беради;

3) округ сайлов комиссияларини тузади ва уларнинг жойлашган манзили тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади;

4) сайлов комиссияларининг фаолиятини йўналтириб боради, уларнинг таркибига ўзгартишлар киритиш тартибини белгилайди. Олий Мажлисга сайлов ўтказувчи округ сайлов комиссияларининг қарорларини, башарти бу қарорларни ушбу Қонунга зид бўлса, мустақил тарзда ёки республика Бош прокурорининг тақдимномасига биноан бекор қилиши мумкин;

5) Ўзбекистон Республикасидан ташқарида тузиладиган сайлов участкаларини қайси сайлов округига биркитиш тўғрисидаги масалаларни ҳал этади;

6) депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг, ҳокимият вакиллик органларининг, сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг тегишли ҳужжатларини қабул қилиб олади;

7) депутатликка номзодларни рўйхатга олади;

8) депутатликка номзодлар сайлов компаниясида иштирок этишлари учун тенг шароитлар таъминлайди;

9) маблағларни сайлов комиссияларига тақсимлайди, сайлов комиссиялари бинолар, транспорт ва алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади, сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашга доир бошқа масалаларни кўриб чиқади;

10) Олий Мажлис депутатлари сайловига доир сайлов бюллетенларининг, сайловчилар рўйхатларининг, имзо варақаларининг, сайлов комиссиялари баёнларининг, сайловларга доир бошқа ҳужжатларнинг намуна ва шаклларини, сайлов қутилари ва сайлов комиссиялари муҳрларининг намуналарини, сайловга доир ҳужжатларни сақлаш тартибини белгилайди;

11) Ўзбекистон Республикаси сиёсий партиялари, вазирликлари, давлат қўмиталари ва идоралари, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари, давлатнинг бошқа органлари ва жамоат бирлашмалари органлари вакилларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди;

12) сайловнинг республика бўйича умумий якунини чиқаради, сайланган депутатларни рўйхатга олади, Олий Мажлисга ўтказилган сайлов якунларига доир маълумотларни ва сайланган депутатларнинг рўйхатини матбуотда эълон қилади;

13) депутатларга Олий Мажлис депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишонини беради;

14) сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

15) Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисидаги Қонун жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўладиган тарзда бузилганлигига доир материалларни прокуратура органларига оширади;

16) сайловни ўтказиш ва уни ташкил этиш билан боғлиқ ҳужжатлар архивларга ўтказилишини таъминлайди;

17) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.



12-модда. Округ сайлов комиссиясини тузиш

Округ сайлов комиссияси сайлов тайинланганидан кейин Марказий сайлов комссисияси томонидан йигирма кундан кечикмай раис, раис ўринбосари, котиб ва яна камида 6 нафар аъзодан иборат таркибда тузилади.



13-модда. Округ сайлов комиссиясининг ваколатлари

Округ сайлов комиссияси:

1) сайлов округи ҳудудида ушбу Қонун ижросини назорат қилади;

2) сайлов участкалари тузади, округ бўйича уларнинг тартиб рақамини белгилайди, манзилини кўрсатган ҳолда уларнинг рўйхатини эълон қилади;

3) участка сайлов комиссияларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

4) маблағларни участка сайлов комиссиялари ўртасида тақсимлайди, участка сайлов комиссияларининг бинолар, транспорт, алоқа воситалари билан таъминланишини назорат қилади ва сайлов округида сайловни моддий-техника жиҳатидан таъминлашнинг бошқа масалаларини кўриб чиқади;

4-1) депутатликка номзодни қўллаб-қувватловчи имзо тўплашга оид имзо варақаларини сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг ваколатли вакилларидан қабул қилиб олади, уларнинг тўғри тўлдирилганлигини текширади;

4-2) депутатликка номзодни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари қабул қилинганлиги тўғрисида сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг ваколатли вакилларига варақа қабул қилинган кун қайд этилган маълумотнома беради;

5) депутатликка номзодлар сайлов компаниясида иштирок этишлари учун тенг шароит яратилишини таъминлайди;

6) Марказий сайлов комссияси томонидан рўйхатга олинган депутатликка номзодлар тўғрисидаги маълумотларни эълон қилади ва бу номзодларга тегишли гувоҳномалар беради;

7) депутатликка номзодларнинг сайловчилар билан учрашувларини ташкил этишга кўмаклашади;

8) депутатликка номзодларнинг ишончли вакилларини рўйхатга олади ва уларга тегишли гувоҳномалар беради;

9) сиёсий партиялар, давлат ҳокимияти маҳаллий органлари вакилларининг, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар раҳбарларининг сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан ахборотларини тинглайди;

10) сайловчилар рўйхатлари тузилиши ва уларнинг ҳамма танишиб чиқиши учун тақдим этилишини кузатиб боради;

11) сайлов округи бўйича Марказий сайлов комиссияси тасдиқланган намунага мувофиқ сайлов бюллетени матнини тасдиқлайди, бюллетенлар тайёрланиши ва участка сайлов комиссиялари улар билан таъминланишини ташкил этади;

12) сайлов округи бўйича сайлов натижаларини аниқлайди ва Марказий сайлов комиссиясига тақдим этади;

13) такрорий овоз бериш ва такрорий сайлов, шунингдек бўшаб қолган ўринга депутат сайлови ўтказилишини ташкил этади;

14) участка сайлов комиссияларининг қарорлари ва хатти-ҳаракатлари устидан тушган ариза ҳамда шикоятларни кўриб чиқади ва улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

15) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.



14-модда. Участка сайлов комиссиясини тузиш

Участка сайлов комиссиясини округ сайлов комиссияси тузади. Участка сайлов комиссияси сайлов тайинланганидан кейин эллик кундан кечикмай 5-19 нафар аъзодан, шу жумладан раис, раис ўринбосари ва котибдан иборат таркибда тузилади. Башарти комиссия 7 нафаргача аъзодан иборат таркибда тузилса, раис ва котиб сайланади.

Участка сайлов комиссияси таркибининг сони зарур ҳолларда кўпайтирилиши ёки камайтирилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида участка сайлов комиссияси раисининг вазифаларини идора раҳбари амалга оширади.



15-модда. Участка сайлов комиссиясининг ваколатлари

Участка сайлов комиссияси:

1) участка бўйича сайловчиларнинг рўйхатини тузади;

2) сайловчиларни сайловчилар рўйхати билан таништиради, рўйхатда йўл қўйилган хатолар ва ноаниқликлар тўғрисидаги аризаларни қабул қилади ва кўриб чиқади ҳамда рўйхатга тегишли ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳал этади;

3) сайлов куни ўз турар жойида бўлиш ва овоз беришда иштирок этиш имкониятига эга бўлмаган сайловчиларидан сайлов конвертларини қабул қилиб олади;

4) аҳолини сайлов куни ва овоз бериш жойи тўғрисида хабардор этади;

5) овоз бериш бинолари ва сайлов қутилари ҳамда бошқа сайлов ашёлари тайёрлаб қўйилишини таъминлайди;

6) сайлов куни сайлов участкасида овоз беришни ташкил этади;

7) сайлов участкасида берилган овозларни ҳисоблаб чиқади;

8) сайловга тайёргарлик кўриш ва овоз беришни ташкил этиш масалалари юзасидан тушган ариза ва шикоятларни кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан қарорлар қабул қилади;

9) ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига мувофиқ ўзга ваколатларни амалга оширади.



16-модда. Сайлов комиссияларига аъзолик

Округ сайлов комиссияларининг аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тавсиясига биноан тасдиқланади. Участка сайлов комиссияларининг аъзолари фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига биноан тасдиқланади.

Комиссиянинг аъзоси шахсан берган аризасига мувофиқ, шунингдек ваколатларидан маҳрум этилган тақдирда ўз вазифасини бажаришдан озод қилиниши мумкин.

Комиссия аъзосини ваколатларидан маҳрум этиш ҳуқуқи комиссияни тузган органга тегишли бўлиб, комиссия аъзоси ушбу Қонун талабларини бузгани ёки ўз вазифаларини мунтазам равишда эътиборсиз қолдириб келгани тақдирда ўз ваколатларидан маҳрум этилади.

Зарурат бўлганда сайлов комиссиясининг янги аъзоси ушбу Қонунда белгиланган тартибда тайинланади.

Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ва бошқа аъзолари сиёсий партиянинг аъзоси бўлишлари мумкин эмас. Олий Мажлис депутатлигига номзодлар сайлов комиссиясига аъзо бўлишлари мумкин эмас.

Бир шахс фақат битта сайлов комиссиясига аъзо бўлиши мумкин.



17-модда. Сайлов комиссияларининг ишини ташкил этиш ва

уларнинг ваколат муддати

Башарти сайлов комиссиясининг мажлисида шу кунги комиссия таркибининг камида учдан икки қисми иштирок этса, мажлис ваколатли ҳисобланади. Комиссия қарори очиқ овоз бериш орқали комиссия умумий таркибининг кўпчилик овози билан қабул қилинади. Қарорга рози бўлмаган комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида фикрларини баён этишга ҳақлидирлар, бу фикр ёзма шаклда баёнга илова қилинади. Агар овозлар тенг бўлиниб қолса, раислик қилувчининг овози ҳал қилувчи кучга эга бўлади.

Сайлов комиссиясининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарори қуйи сайлов комиссиялари, шунингдек барча давлат органлари, сиёсий партиялар ва бошқа жамоат бирлашмалари, меҳнат жамоалари ва ҳарбий қисмларнинг, корхона, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларининг ижроси учун мажбурийдир.

Сайлов комиссиясининг раиси, раис ўринбосари, котиби ёки бошқа аъзоларидан бири комиссиянинг қарорига биноан сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш даврида ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод қилиниши мумкин. Бунда сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан унинг ўртача ойлик иш ҳақи сақлаб қолинади.

Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар сайлов комиссияларига ўз ваколатларини амалга оширишлари учун ёрдам беришлари, уларнинг иши учун зарур маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш учун керакли бинолар ва жиҳозларни сайлов комиссиялари ихтиёрига бепул бериб турадилар.

Сайлов комиссияси сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ масалалар юзасидан давлат органларига ва жамоат бирлашмалари органларига, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга, мансабдор шахсларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Улар кўпи билан уч кун ичида комиссия ўртага қўйган масалани қараб чиқишлари ва сайлов комиссиясига жавоб қайтаришлари шарт.

Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари Олий Мажлис қарори билан тўхтатилади.

Округ ва участка сайлов комиссиялари тегишли сайлов округларидан сайланган депутатлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин ўз фаолиятларини тўхтатадилар.


18-модда. Сайлов комиссияларининг қарорлари устидан

тушган шикоятларни қараб чиқиш

Депутатликка номзодлар кўрсатган сиёсий партияларнинг органлари, ҳокимиятнинг вакиллик органлари, депутатликка номзодлар, ишончли вакиллар, кузатувчилар ва сайловчилар сайлов комиссияларининг қарорлари устидан юқори сайлов комиссиясига ёки судга ана шу қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида шикоят билан мурожаат қилишлари мумкин. Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари устидан қарор қабул қилинганидан кейин ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят билан мурожаат қилиниши мумкин. Шикоят келиб тушганидан кейин уч кун ичида, агар сайловга олти кундан кам вақт қолган бўлса, дарҳол кўриб чиқилиши лозим.



IV. САЙЛОВНИ ТАЙИНЛАШ. ОЛИЙ МАЖЛИС

ДЕПУТАТЛИГИГА НОМЗОДЛАР КЎРСАТИШ ВА

УЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

19-модда. Олий Мажлис депутатлари сайловини тайинлаш

Депутатлар сайлови аввалги чақириқ Олий Мажлис депутатларининг ваколат муддати тугашига кечи билан уч ой қолганида Олий Мажлис томонидан тайинланади.

Сайлов тайинланганидан кейин кечи билан уч кун ичида сайлов куни тўғрисида матбуотда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида маълум қилинади.



20-модда. Олий Мажлис депутатлигига номзодлар

кўрсатиш ҳуқуқи

Олий Мажлис депутатлигига номзодлар кўрсатиш ҳуқуқига сиёсий партиялар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, бевосита фуқаролар эгадирлар.

Сиёсий партия сайлов тайинланган кундан камида олти ой олдин Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган, сайловда иштирок этишини қўллаб-қувватловчи камида эллик минг сайловчининг имзосини тўплаган тақдирдагина у Олий Мажлис депутатлигига номзодлар кўрсатиши мумкин.

Белгиланган намунадаги имзо варақалари сайлов тайинланганидан кейин Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади.

Маъмурий-ҳудудий тузилмалардан бирида (Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳри) сиёсий партия эллик минг сайловчининг кўпи билан саккиз фоизи имзосини тўплаши мумкин.

Имзо варақаларида имзолар сохталаштирилган тақдирда Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиянинг сайловда қатнашиш ҳуқуқини рад этади.


21-модда. Сайловда иштирок этиш учун сиёсий партиялар

тақдим этадиган ҳужжатлар

Олий Мажлис депутатлигига номзодлар кўрсатиш учун сиёсий партия сайлов тайинланганидан кейин йигирма кун ичида Марказий сайлов комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:

партия раҳбари томонидан имзоланган сайловда қатнашиш тўғрисидаги ариза;

Адлия вазирлигининг сиёсий партия сайлов тайинланган кундан камида олти ой олдин рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи маълумотномаси;

имзо варақалари.

Мазкур ҳужжатлар тақдим этилганидан кейин Марказий сайлов комиссияси сиёсий партия вакилига ариза қабул қилинган кун қайд этилган маълумотнома беради. Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатлар асосида беш кунлик муддат ичида сиёсий партиянинг сайловда қатнашишига ижозат бериш тўғрисида узил-кесил қарор қабул қилади. Сайловда иштирок этувчи партияларнинг рўйхати аризалар келиб тушиш тартибига қараб республика матбуотида эълон қилинади.



22-модда. Олий Мажлис депутатлигига сиёсий партиялар ва

ҳокимият вакиллик органлари томонидан номзодлар кўрсатиш

Олий Мажлис депутатлигига номзодлар кўрсатиш сайлов куни тайинланганидан кейин йигирма бешинчи кундан эътиборан бошланади ва сайловга қирқ беш кун қолганида тўхтатилади.

Олий Мажлис депутатлигига номзодлар сиёсий партияларнинг юқори органлари томонидан ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида кўрсатилади.

Сиёсий партиялар депутатликка икки юз эллик нафар номзод, яъни ҳар бир сайлов округидан биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ҳуқуқлидирлар. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари тегишли ҳудудда жойлашган ҳар бир сайлов округида биттадан депутатликка номзод кўрсатишга ҳуқуқлидирлар. Бир шахс фақат битта округдан депутатликка номзод этиб кўрсатилиши мумкин. Депутатликка номзод танлаш тартибини сиёсий партиялар ва ҳокимият вакиллик органларининг ўзлари ҳал этадилар.

Сиёсий партиялар фақат ўз партияси аъзоларини ёки партиясизларни, ҳокимиятнинг вакиллик органлари эса шахсларни у ёки бу партияга мансублигидан қатъи назар, депутатликка номзод этиб кўрсатишга ҳуқуқлидир. Депутатликка номзодлар кўрсатиш тўғрисида баён тузилади.



22-1-модда. Олий Мажлис депутатлигига бевосита

фуқаролар томонидан номзодлар кўрсатиш

Ўзбекистон Республикасининг сайлаш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир фуқароси ёки фуқаролар гуруҳи Олий Мажлис депутатлигига номзод кўрсатиш учун тегишли сайлов округининг камида юз нафар сайловчисидан иборат сайловчилар ташаббускор гуруҳини тузиши мумкин.

Сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилишининг вакили гуруҳни рўйхатга олишни илтимос қилиб, тегишли округ сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сайловчилар ташаббускор гуруҳи аъзоларининг рўйхати, унда гуруҳ аъзоларининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, яшаш жойи манзили, паспортининг серияси ва тартиб рақами кўрсатилади;

сайловчилар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакилини тайинлаш тўғрисидаги қарори ҳамда қонунда белгиланган тартибда унинг номига расмийлаштирилган ишонч қоғози;

депутатликка номзод кўрсатиш тўғрисида сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилишининг қарори ва баёни, унда номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги кўрсатилади.

Округ сайлов комиссияси ўзига тақдим этилган ҳужжатларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлигини аниқлаб, ҳужжатлар қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида, такрорий сайлов ёки бўшаб қолган ўринларга Олий Мажлис депутатлари сайлови ўтказилаётган тақдирда эса икки кун ичида сайловчилар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш тўғрисида ёки рўйхатга олишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

Сайловчилар ташаббускор гуруҳи рўйхатга олинганлиги тўғрисида қарор қабул қилинганидан кейин ваколатли вакилга тегишли рўйхатга олинганлик гувоҳномаси ҳамда белгиланган намунадаги имзо варақаларининг бланкалари берилади.

Сайловчилар ташаббускор гуруҳини рўйхатга олиш рад этилган тақдирда округ сайлов комиссияси асослантирилган жавоб беради.

Сайловчилар ташаббускор гуруҳи ўзининг ваколатли вакилига рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилганидан кейингина депутатликка номзодни қўллаб-қувватлаш юзасидан сайловчилар имзосини тўплашга ҳақли.

Депутатликка номзод кўрсатган сайловчилар ташаббускор гуруҳи округ сайловчилари умумий сонининг камида саккиз фоизи миқдорида номзодни қўллаб-қувватловчи имзо тўплаши, бунда имзолаётган фуқаролар миқдори ҳар бир маҳалла, қишлоқ ёки овул бўйича мутаносиб равишда тақсимланган бўлиши шарт.

Имзо варақалари шаклини Марказий сайлов комиссияси белгилайди. Имзо варақасида депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги кўрсатилади.

Сайловчилар фақат битта номзодни қўллаб-қувватлаб бир мартагина имзо қўйишга ҳақлидирлар. Бунда сайловчи ўз фамилиясини, исмини, отасининг исмини, туғилган йилини (ёши ўн саккизда бўлса, қўшимча равишда туғилган куни ва ойини), яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини, шунингдек имзо қўйган санани кўрсатади.

Имзо варақасини сайловчилар ташаббускор гуруҳининг имзо тўплаган аъзоси, шунингдек сайловчилар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили ўз фамилияси, исми, отасининг исмини, яшаш жойи манзилини, паспортининг серияси ва тартиб рақамини кўрсатган ҳолда тасдиқлайди.

Сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилади. Имзо тўплаётган шахс томонидан сайловчиларни мажбур қилиш ва ўзига оғдириб олишнинг ҳар қандай шакли қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Имзо тўплаш тамомланганидан сўнг сайловчилар ташаббускор гуруҳининг ваколатли вакили ҳар бир маҳалла, қишлоқ ёки овул бўйича алоҳида-алоҳида қилиб тикилган имзо варақаларини тегишли округ сайлов комиссиясига топширади. Округ сайлов комиссияси имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини текшириб кўради ва беш кунлик муддат ичида, такрорий сайлов ёки бўшаб қолган ўринларга Олий Мажлис депутатлари сайлови ўтказилаётган тақдирда эса икки кунлик муддат ичида тегишли баённи Марказий сайлов комиссиясига топширади.


22-2-модда. Олий Мажлис депутатлигига номзодларни рўйхатга

олиш учун Марказий сайлов комиссиясига

тақдим этиладиган ҳужжатлар

Сиёсий партиянинг, ҳокимият вакиллик органининг раҳбари, сайловчилар ташаббускор гуруҳининг вакили депутатликка номзодларни рўйхатга олишни илтимос қилиб Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат этади. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

сиёсий партия юқори органининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларининг, сайловчилар ташаббускор гуруҳининг Олий Мажлис депутатлигига номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги қарори;

сиёсий партия юқори органи мажлисининг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари сессиялари, сайловчилар ташаббускор гуруҳи йиғилишининг Олий Мажлис депутатлигига номзодлар кўрсатиш тўғрисидаги баёни, унда депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, касби, лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, партияга мансублиги, шунингдек сайлов округининг номи ва тартиб рақами кўрсатилади;

депутатликка номзоднинг ўз номзоди тегишли сайлов округидан овозга қўйилишига рози эканлиги тўғрисидаги аризаси;

ушбу Қонун 23-моддасининг иккинчи қисмида айтиб ўтилган шахслар учун, башарти улар Олий Мажлис депутати этиб сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимларидан бўшаш тўғрисидаги аризалари.

Ҳужжатларни тақдим этган шахсга Марказий сайлов комиссияси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана ва вақт кўрсатилган маълумотнома беради.

Марказий сайлов комиссияси тақдим этилган ҳужжатларни етти кунлик муддат ичида текшириб чиқади ва уларнинг ушбу Қонун талабларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради.

Марказий сайлов комиссияси рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларда аниқланган номувофиқликлар ва ушбу Қонун талабларидан четга чиқиш ҳоллари тўғрисида тегишли сиёсий партияларнинг, ҳокимият вакиллик органларининг раҳбарларига ва сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг вакилларига белгиланган тартибда маълум қилади.



23-модда. Олий Мажлис депутатлигига номзодларга

қўйиладиган талаблар

Қуйидагилар:

- қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар;

- сайлов тайинланган кунга қадар сўнгги беш йил мобайнида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшамаган фуқаролар;

- Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг ҳарбий хизматчилари, Миллий хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа ҳарбийлаштирилган бўлинмаларнинг ходимлари;

- диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари Олий Мажлис депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Ҳукумат аъзолари, судьялар, Бош прокурор ва прокуратура органларининг мансабдор шахслари, вазирликлар, идоралар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, ҳокимият ижроия органларининг мансабдор шахслари (вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимларидан ташқари) депутат этиб сайлангудек бўлсалар, эгаллаб турган лавозимларидан бўшаш тўғрисида ариза берганлари тақдирдагина Олий Мажлис депутатлигига номзод этиб рўйхатга олинадилар.



24-модда. Олий Мажлис депутатлигига номзодларни

рўйхатга олиш

Марказий сайлов комиссияси сиёсий партиялар, ҳокимият вакиллик органларидан, сайловчилар ташаббускор гуруҳларидан, Олий Мажлис депутатларига номзодларни рўйхатга олиш учун ҳужжатларни қабул қилишни рўйхатга олиш муддати тугашига етти кун қолганида тўхтатади.

Ушбу Қонунга мувофиқ депутатликка номзод этиб кўрсатилган шахсга рўйхатга олинганлик гувоҳномаси берилади.

Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўттиз беш кун қолганида тўхтатилади.

Тегишли округ сайлов комиссияси депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинганидан кейин беш кун ичида депутатликка номзоднинг фамилиясини, исми ва отасининг исмини, туғилган йилини, партияга мансублигини, эгаллаб турган лавозимини, иш ва турар жойини, шунингдек уни депутатликка номзод этиб кўрсатган органнинг номини қайд этган ҳолда рўйхатга олинганлик тўғрисидаги хабарни маҳаллий матбуотда эълон қилади.



V. САЙЛОВОЛДИ ТАШВИҚОТИ. ОЛИЙ МАЖЛИС

ДЕПУТАТЛИГИГА НОМЗОДЛАР ФАОЛИЯТИНИНГ

КАФОЛАТЛАРИ

25-модда. Сайловолди ташвиқоти

Сайловолди ташвиқоти депутатликка номзодлар Марказий сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинган кундан эътиборан бошланади.

Депутатликка номзодларга, сиёсий партияларга Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланадиган тартибда оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда тенг ҳуқуқ берилади. Депутатларга номзодларга ўз сайловчилари билан ҳам йиғилишларда, ҳам сайловчилар учун қулай бўлган бошқа шаклда учрашувлар ўтказишда тенг ҳуқуқ берилади. Сайловчиларнинг йиғилишлари участка сайлов комиссияси томонидан туман, шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда ташкил этилади. Сайлов комиссиялари, туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимликлари Олий Мажлис депутатлигига номзодларга йиғилишлар ўтказиш учун жиҳозланган бинолар ажратадилар. Йиғилишлар ва учрашувлар ўтказиладиган вақт ва жой сайловчиларга барвақт хабар қилинади.

Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари депутатликка номзодларга сайловчилар билан учрашувлар ўтказишни ташкил этишда, зарур маълумот ва ахборот материаллари олишда ёрдам кўрсатишлари шарт.

Сиёсий партияларга ўзининг келгуси фаолият дастури билан чиқиш ҳуқуқи берилади. Партиялар ва депутатликка номзодларнинг дастурлари республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига қарши қаратилган бўлмаслиги, халқнинг соғлиғи ва маънавиятига тажовуз қилмаслиги, унда уруш, миллий адоват, ирқий ва диний хусумат тарғиботи, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини камситувчи хатти-ҳаракатларга даъват бўлмаслиги керак.

Ташвиқотнинг сайловчиларга бепул ёки имтиёзли шартларда товарлар бериш, хизматлар кўрсатиш (ахборот хизматлари бундан мустасно), шунингдек пул маблағлари тўлаш билан қўшиб олиб борилиши тақиқланади.

Сайлов куни ташвиқот юритишга йўл қўйилмайди.



26-модда. Ишончли вакиллар

Олий Мажлис депутатлигига номзод беш нафарга қадар ишончли вакилга эга бўлиши мумкин. Ишончли вакиллар номзод депутат этиб сайланиши учун ташвиқот юритадилар, давлат органлари ва жамоат бирлашмаларининг органлари, сайловчилар билан ўзаро муносабатларда, шунингдек сайлов комиссияларида номзоднинг манфаатларини ҳимоя қиладилар.

Депутатликка номзод рўйхатга олингандан кейин ўз ишончли вакилларини ўзи белгилайди ва бу ҳақда округ сайлов комиссиясига маълум қилади. Сайлов комиссияси ишончли вакилларни рўйхатга олиб, уларга гувоҳнома беради.

Олий Мажлис депутатлигига номзод округ сайлов комиссиясига маълум қилган ҳолда сайловга қадар ўз ишончли вакилини истаган вақтида ваколатидан маҳрум қилиши ва уни бошқаси билан алмаштириши мумкин. Ишончли вакил истаган вақтида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилишга ҳақли.

Ишончли вакил сайлов комиссиясининг аъзоси бўлиши мумкин эмас.



27-модда. Олий Мажлис депутатлигига номзодларни

сайловолди тадбирларида иштирок этишлари учун ишлаб

чиқариш ёки хизмат вазифаларидан озод қилиш

Олий Мажлис депутатлигига номзод қилиб рўйхатга олинган шахс сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш, сайловолди йиғилишларида сўзга чиқиш, телевидение кўрсатувлари ва радио эшиттиришларида қатнашиш вақтида сайловни ўтказиш учун ажратиладиган маблағлар ҳисобидан ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда, ишлаб чиқариш ёки хизмат вазифаларини бажаришдан озод бўлиш ҳуқуқига эга.



28-модда. Олий Мажлис депутатлигига номзоднинг

транспортда текинга юриш ҳуқуқи

Олий Мажлис депутатлигига номзод рўйхатга олинганидан кейин тегишли сайлов округи доирасида давлат пассажир транспортининг барча турларида (шаҳар йўловчилар транспортидан, таксидан ва транспорт бошқа турларининг буюртма йўналишларидан ташқари) текинга юриш ҳуқуқига эга бўлади. Сайлов округидан ташқарида яшовчи депутатликка номзод ҳам сайлов округига келиш ва ундан турар жойига қайтишда ана шундай ҳуқуқдан фойдаланади.


29-модда. Олий Мажлис депутатлигига номзодлик мақомидан

маҳрум этиш. Депутатликка номзодликдан воз кечиш

Сиёсий партия, ҳокимият вакиллик органи, сайловчилар ташаббускор гуруҳи у ёки бу шахсни депутатликка номзод этиб кўрсатиш тўғрисидаги ўз қарорини сайловга кечи билан беш кун қолганда бекор қилиш ҳуқуқига эга, бу шахс Марказий сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин. Сиёсий партия, ҳокимият вакиллик органи депутатликка номзодлар кўрсатиш муддати тугагунга қадар Марказий сайлов комиссиясига янги номзодни рўйхатга олиш тўғрисида таклиф киритиши мумкин.

Рўйхатга олинган депутатликка номзодлар уларни Олий Мажлис депутатлигига номзод этиб кўрсатган сиёсий партия ўз фаолиятини тўхтатган тақдирда ҳам Марказий сайлов комиссияси томонидан депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум этилиши мумкин.

Рўйхатга олинган депутатликка номзодлар уларни Олий Мажлис депутатлигига номзод этиб кўрсатган партия ўз фаолиятини тўхтатган тақдирда ҳам депутатликка номзодлик мақомидан маҳрум бўладилар.

Олий Мажлис депутатлигига номзод сайловга қадар истаган вақтида номзодликдан воз кечиши мумкин. Бунинг учун у Марказий сайлов комиссиясига ариза билан мурожаат қилади.



VI. САЙЛОВЧИЛАРНИНГ РЎЙХАТЛАРИ.

САЙЛОВ БЮЛЛЕТЕНИ

30-модда. Сайловчиларнинг рўйхатларини тузиш

Сайлов кунига қадар ёки сайлов кунида 18 ёшга тўладиган, рўйхат тузилаётган вақтда мазкур сайлов участкаси ҳудудида доимий ёки вақтинча истиқомат қилиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фамилиялари сайловчилар рўйхатига киритилади.

Ҳар бир сайловчи фақат битта сайловчилар рўйхатига киритилиши мумкин.

Сайловчилар рўйхати ҳар бир сайлов участкаси бўйича участка сайлов комиссияси томонидан тузилади ва уни комиссия раиси билан котиби имзолайди. Участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатини тузиш ишида қатнашишга жамоатчилик вакилларини жалб этиши мумкин.

Туманлар ва шаҳарларнинг ҳокимликлари сайловчиларни ҳисобга олишни таъминлайдилар ва участка сайлов комиссияларига тегишли ҳудудда истиқомат қилувчи сайловчилар тўғрисида сайловчилар рўйхатини тузиш учун зарур маълумотларни берадилар.

Ҳарбий қисмлардаги ҳарбий хизматчи-сайловчиларнинг, ҳарбий хизматчилар оила аъзолари ва бошқа сайловчиларнинг, башарти улар ҳарбий қисмлар жойлашган ерда истиқомат қилсалар, рўйхатлари ҳам ҳарбий қисмларнинг командирлари тақдим этган маълумотлар асосида тузилади. Ҳарбий қисмлардан ташқарида истиқомат қилувчи ҳарбий хизматчилар ўзларининг турар жойлари бўйича умумий асосларда сайловчилар рўйхатига киритиладилар.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида тузилган сайлов участкалари бўйича сайловчиларнинг рўйхатлари мазкур муассасалар (идоралар) раҳбарларининг тақдим этган маълумотлари асосида тузилади.

Сайловчиларнинг фамилиялари сайловчилар рўйхатларида овоз беришни ташкил этиш учун қулай бўлган тартибда кўрсатилади.

Рўйхатда ҳар бир сайловчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси ва манзили акс эттирилади.



31-модда. Фуқароларни сайловчилар

рўйхатлари билан таништириш

Сайловчиларнинг рўйхатлари сайловга ўн беш кун қолганида, Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, санаторийлар ва дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, олис ва бориш қийин бўлган жойларда тузилган сайлов участкаларида эса сайловга етти кун қолганида ҳамма танишиши учун тақдим қилинади. Участка сайлов комиссияси рўйхат билан танишиш жойи ва вақти тўғрисида сайловчиларни хабардор этади.

Фуқароларга участка сайлов комиссияси биносида сайловчилар рўйхати билан танишиш имконияти таъминланади.



32-модда. Сайловчилар рўйхатлари хусусида баҳслашув

Ўзбекистон Республикасининг ҳар бир фуқароси сайловчилар рўйхатидаги хато ёки ноаниқлик тўғрисида участка сайлов комиссиясига арз қилиши мумкин. Участка сайлов комиссияси йигирма тўрт соат ичида бундай аризани кўриб чиқиши ва хатони тузатиши ёки аризачига унинг аризаси рад этилишининг асослари кўрсатилган ҳолда маълумотнома бериши шарт.

Сайлов комиссиясининг хатти-ҳаракати ва қарори устидан қонунда белгиланган тартибда судга шикоят қилиниши мумкин.



33-модда. Сайлов бюллетени

Сайлов бюллетенига депутатликка номзоднинг фамилияси, исми, отасининг исми алифбо тартибида киритилиб, унинг туғилган йили, партияга мансублиги, эгаллаган лавозими (машғулотининг тури) ва уни депутатликка номзод этиб кўрсатган органнинг номи кўрсатилади.

Сайлов бюллетенлари давлат тилида, шунингдек округ сайлов комиссиясининг қарорига биноан сайлов округи аҳолисининг кўпчилиги муомала қиладиган тилларда нашр этилади.



34-модда. Сайлов бюллетенларини етказиб бериш

Участка сайлов комиссиялари сайлов бюллетенларини округ сайлов комиссияларидан сайловга камида уч кун қолганда оладилар. Сайлов бюллетенлари берилганлиги ва олинганлигини тегишли округ ва участка сайлов комиссияларининг раиси ёки раис ўринбосари ёхуд котиби ўз имзоси билан тасдиқлайдилар.

Участка сайлов комиссияси оладиган сайлов бюллетенларининг сони сайлов участкаси бўйича сайловчиларнинг рўйхатларига киритилган сайловчилар сонидан ярим фоиздан кўп бўлиши мумкин эмас. Сайлов бюллетенининг ўнг томони юқори бурчагига участка сайлов комиссиясининг икки аъзоси имзо қўяди, имзолар участка сайлов комиссиясининг муҳри билан тасдиқланади. Комиссия томонидан тасдиқланмаган сайлов бюллетенлари овозларни санаб чиқишда ҳисобга олинмайди.


VII. ОВОЗ БЕРИШ ВА САЙЛОВ

НАТИЖАЛАРИНИ АНИҚЛАШ

35-модда. Овоз бериш биноси

Овоз бериш махсус ажратилган биноларда ўтказилиб, бу биноларда яширин овоз бериш учун етарли миқдорда кабиналар ёки хоналар тайёрланган бўлиши, сайлов бюллетенлари бериш учун жой ажратилган ва сайлов қутилари қўйилган бўлиши лозим. Сайлов қутилари уларнинг ёнига овоз берувчилар албатта яширин овоз бериш кабиналари ёки хоналаридан ўтиб борадиган қилиб жойлаштирилади. Овоз бериш биносида бошқа ҳеч қандай сиёсий тадбир ўтказилишига рухсат этилмайди. Бинони жиҳозлаш ва унда зарур тартибни сақлаб туриш масъулияти участка сайлов комиссияси зиммасида бўлади.



36-модда. Овоз бериш вақти ва жойи

Овоз бериш сайлов куни соат 6 дан соат 20 гача ўтказилади. Овоз бериш вақти ва жойи тўғрисида участка сайлов комиссияси сайловга камида ўн кун қолганида сайловчиларни хабардор қилади.

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлардаги ваколатхоналари ҳузурида, ҳарбий қисмларда, санаторийларда, дам олиш уйларида, касалхоналар ва бошқа стационар даволаш муассасаларида, шунингдек олис ва бориш қийин бўлган ерлардаги фуқаролар турган жойларда тузилган сайлов участкаларида, башарти рўйхатга киритилган барча сайловчилар овоз бериб бўлган бўлса, участка сайлов комиссияси исталган вақтда овоз бериш тугаганлигини эълон қилиши мумкин.



37-модда. Овоз беришнинг бошланиши


Сайлов куни овоз бериш биноси, участка сайлов комиссияси аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлгандагина очилади. Сайлов комиссиясининг раиси комиссия аъзолари ҳозирлигида сайлов қутисини муҳрлайди, сайлов бюллетенлари ва сайловчиларнинг рўйхатларини комиссия аъзолари ўртасида тақсимлайди ҳамда сайлов бошланганлигини эълон қилади. Сайлов бюллетенларининг умумий сони алоҳида ҳужжат билан расмийлаштирилади.



38-модда. Сайловчиларнинг шахсини аниқлаш

Овоз бериш биносига келгач, сайловчи участка сайлов комиссиясининг аъзосига ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжатни кўрсатади ҳамда сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Шундан кейин унга сайлов бюллетени берилади.

Бирор-бир сабабга кўра сайловчилар рўйхатига фамилиялари кирмай қолган сайловчиларнинг фамилиялари, сайловчининг шахси, фуқаролиги ва турар жойини тасдиқловчи ҳужжатга асосан сайловчилар рўйхати иловасига киритилади.



39-модда. Овоз бериш тартиби

Сайлов бюллетени овоз берувчи томонидан яширин овоз бериш кабинаси ёки хонасида тўлдирилади. Сайлов бюллетенини тўлдириш вақтида овоз берувчидан бошқа шахсларнинг ҳозир бўлиши тақиқланади. Сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имконига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра, сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслардан, кузатувчилардан ва номзодларнинг ишончли вакилларидан бошқа бирон кишини кабина ёки хонага таклиф қилишга ҳақлидир.

Сайловда сайловчи ўзи қарши овоз бераётган номзодларнинг сайлов бюллетенидаги фамилияларини ўчиради.

Тўлдирилган бюллетенни овоз берувчи сайлов қутисига ташлайди.

Бузиб қўйилган сайлов бюллетени сайловчининг илтимосига кўра янгиси билан алмаштирилиши мумкин. Бузиб қўйилган сайлов бюллетенлари ҳисобга олиниши, бекор қилиниши ва алоҳида сақланиши лозим.

Сайлов куни ўз турар жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз турар жойидаги участка сайлов комиссиясидан сайлов варақасини талаб қилиб, бир қарорга келгач, тўлдирилган сайлов варақасини конвертга солиб, уни ёпиқ ҳолда участка комиссиясида қолдириши мумкин. Сайловчи сайлов варақасини олганлиги ҳақида сайловчилар рўйхатига имзо қўяди. Сайлов варақасининг шакли сайлов варақаларини тайёрлаш тартиби, уларни сайлов участкаларига етказиб бериш муддатлари Марказий сайлов комиссияси томонидан белгиланади.

Айрим сайловчилар саломатлигининг яхши эмаслиги ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаганлари тақдирда, уларнинг илтимосига кўра участка сайлов комиссияси комиссия аъзоларига овоз беришини ана шу сайловчилар турган жойда ташкил этишни топширади.


40-модда. Сайлов участкасида овозларни санаб чиқиш

Овоз бериш тугагач, сайлов қутиларини очишдан олдин участка сайлов комиссиясининг аъзолари иштирокида сайлов варақалари солинган ёпиқ конвертлар қутиларга ташланади. Фойдаланилмаган барча сайлов бюллетенлари участка сайлов комиссияси томонидан санаб чиқилади ва бекор қилинади.

Сайлов қутилари участка сайлов комиссиясининг раиси овоз бериш тугаганини эълон қилганидан кейин участка сайлов комиссияси томонидан очилади. Овоз бериш тугагунига қадар сайлов қутиларини очиш тақиқланади.

Участка сайлов комиссияси участкадаги сайловчиларнинг умумий сонини, сайлов бюллетенлари ва варақаларни олган сайловчиларнинг сонини аниқлайди.

Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади.

Сайлов қутиларидаги сайлов бюллетенлари ва варақаларига асосан комиссия:

овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг умумий сонини;

ҳар бир депутатликка номзодни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари ва варақалари сонини аниқлайди.

Сайловчилар томонидан сайлов бюллетенларига ва варақаларига қўшимча тарзда ёзилган фуқароларнинг фамилиялари бўйича берилган овозлар ҳисобга олинмайди.

Белгиланмаган намунадаги сайлов бюллетенлари ва варақалари, шунингдек овоз бериш чоғида биттадан ортиқ номзоднинг фамилияси қолдирилган сайлов бюллетенлари ва варақалари ҳақиқий эмас деб топилади. Сайлов бюллетени ёки варақасининг ҳақиқийлиги шубҳа туғдирса, масала участка сайлов комиссияси томонидан овозга қўйиш орқали ҳал этилади.

Овозларни санаб чиқиш натижалари участка сайлов комиссиясининг мажлисида қараб чиқилиб, баёнда акс эттирилади. Баён раис, раис ўринбосари, комиссия котиби, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланади ва белгиланган тартибда тегишли округ сайлов комиссиясига тақдим этилади.



41-модда. Округ бўйича сайлов натижаларини аниқлаш

Участка сайлов комиссияларининг баёнлари асосида округ сайлов комиссияси:

округ бўйича сайловчиларнинг умумий сонини;

сайлов бюллетенлари ва варақалари олган сайловчиларнинг сонини;

овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг сонини;

ҳар бир депутатликка номзодни ёқлаб ва унга қарши берилган овозлар сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари ва варақалари сонини аниқлайди.

Округ бўйича сайлов натижалари сайлов комиссияси мажлисида аниқланиб, баёнда акс эттирилади. Баён раис, раис ўринбосари, комиссия котиби, комиссиянинг бошқа аъзолари томонидан имзоланиб, белгиланган тартибда Марказий сайлов комиссиясига тақдим этилади.



42-модда. Олий Мажлисга депутатлар сайловининг

натижаларини аниқлаш

Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баёнлар асосида:

республика бўйича сайловчиларнинг умумий сонини;

сайлов бюллетенлари ва варақалари олган сайловчиларнинг сонини;

овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг сонини;

ҳар бир депутатликка номзодни ёқлаб ва унга қарши берилган овозларнинг сонини;

ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари ва варақаларининг сонини аниқлайди.

Овоз беришда иштирок этган сайловчилар ярмидан кўпининг овозини олган Олий Мажлис депутатлигига номзод депутат этиб сайланган топилади.

Башарти сайловчиларнинг рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ярмидан ками сайловда иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб ҳисобланади.

Сайлов чоғида йўл қўйилиб, оқибат натижада овоз бериш якунларига таъсир қилган қоидабузарлик туфайли сайлов умуман ёки айрим сайлов округлари ёхуд айрим сайлов участкалари бўйича ўтмаган деб топилиши мумкин. Сайловни ҳақиқий эмас деб топишга доир қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва бу қарор устидан сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиниши мумкин.

Айрим сайлов участкаларида сайлов ҳақиқий эмас деб топилган тақдирда Марказий сайлов комиссиясининг қарорига биноан ана шу участкалар бўйича овоз бериш натижалари, башарти бу натижаларсиз ҳам сайлов умуман ҳақиқий деб топилиши мумкин бўлса, сайловнинг умумий натижаларидан чиқариб ташланади.

Марказий сайлов комиссияси сайлов якунлари бўйича баён тузади ва қарор қабул қилади.



43-модда. Такрорий овоз бериш

Башарти сайлов округи бўйича Олий Мажлис депутатлигига икки нафардан ортиқ номзод қўйилган бўлса-ю, улардан бирортаси ҳам сайланмаса, округ сайлов комиссияси энг кўп овоз олган икки нафар номзод бўйича округда такрорий овоз беришни ўтказиш ҳақида қарор қабул қилади ва бу ҳақда Марказий сайлов комиссияси ҳамда округ сайловчиларини хабардор қилади. Такрорий овоз бериш ушбу Қонуннинг талабларига риоя этган ҳолда икки ҳафта ичида ўтказилади.

Такрорий овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган Олий Мажлис депутатлигига номзод, башарти рўйхатга киритилган сайловчиларнинг ярмидан кўпи овоз беришда иштирок этган ва уни ёқлаб берилган овозлар сони унга қарши берилган овозлар сонидан кўп бўлган бўлса, сайланган деб ҳисобланади.


44-модда. Такрорий сайлов

Қуйидаги ҳолларда:

а) башарти сайлов округида сайлов ўтмаган ёхуд ҳақиқий эмас деб топилса;

б) башарти такрорий овоз бериш Олий Мажлисга депутат сайланганлигини аниқлаш имконини бермаса;

в) башарти сайлов округи бўйича Олий Мажлис депутатлигига кўпи билан икки номзод овозга қўйилган ва улардан бирортаси ҳам сайланмаган бўлса, такрорий сайловлар ўтказилади;

Такрорий сайлов Марказий сайлов комиссиясининг топшириғига биноан округ сайлов комиссияси томонидан ўтказилади. Бунда Марказий сайлов комиссияси такрорий сайлов янги таркибдаги округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан ўтказилиши зарурлиги тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Овоз бериш асосий сайлов ўтказиш учун тузилган аввалги сайлов участкаларида ва сайловчиларнинг рўйхатлари бўйича ўтказилади.

Такрорий сайлов асосий сайловдан кейин кўпи билан бир ой ичида ўтказилади. Сайлов комиссияларини тузиш, депутатликка номзодларни рўйхатга олиш ва бошқа тадбирлар ушбу Қонунда белгиланган тартибда ўтказилади.


45-модда. Бўшаб қолган ўринларга Олий Мажлис

депутатларининг сайловини ўтказиш

Олий Мажлис айрим депутатларнинг ваколатларини ҳақиқий эмас деб топган тақдирда, шунингдек депутат чақириб олинган, бошқа сабабларга кўра депутатлик ваколатлари муддатидан олдин тўхтатилган ҳолларда тегишли сайлов округларида янги сайлов ўтказилади. Сайлов Марказий сайлов комиссияси томонидан сайлов ўтказилишига камида бир ой қолганида тайинланиб, ушбу Қонуннинг талабларига риоя қилган ҳолда ташкил этилади. Бунда округ сайлов комиссияси сайловларга йигирма беш кун қолганида, участка сайлов комиссиялари эса ўн беш кун қолганида тузилади. Депутатликка номзодларни рўйхатга олиш сайловга ўн беш кун қолганида тўхтатилади.

Олий Мажлис ваколат муддатининг тугашига олти ойдан кам вақт қолганида Олий Мажлис депутатининг ўрни бўшаб қолса, бўшаб қолган ўринга янги депутат сайлови ўтказилмаслиги мумкин.



VIII. ДЕПУТАТЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ВА

САЙЛОВ ЯКУНЛАРИНИ ЭЪЛОН ҚИЛИШ

46-модда. Олий Мажлис депутатларини рўйхатга олиш

Марказий сайлов комиссияси округ сайлов комиссияларидан олинган баёнлар асосида Олий Мажлисга сайланган депутатларни рўйхатга олади ва бу ҳақда депутатларни хабардор этади.

Ушбу Қонун 23-моддаси иккинчи қисмида кўрсатиб ўтилган, Олий Мажлис депутати этиб сайланган шахслар Марказий сайлов комиссиясига Олий Мажлис депутатининг мақомига тўғри келмайдиган вазифаларни ўз зиммасидан соқит қилганлиги тўғрисида ёзма равишда маълум қилиши шарт.


47-модда. Олий Мажлис депутатлари сайловининг

якунларини эълон қилиш

Сайлов якунлари тўғрисидаги ахборотни ва Олий Мажлисга сайланган депутатларнинг рўйхатини Марказий сайлов комиссияси депутатларнинг фамилияси, исми, отасининг исмини, туғилган йили, партияга мансублиги, эгаллаб турган лавозими (машғулотининг тури), иш ва яшаш жойи, сайлов округининг тартиб рақами ва номини кўрсатган ҳолда кўпи билан ўн кун ичида эълон қилади.


IX. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР

48-модда. Олий Мажлис депутатининг

гувоҳномаси ва кўкрак нишони

Олий Мажлис депутатига Олий Мажлис депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони Марказий сайлов комиссияси томонидан берилади. Олий Мажлис депутатининг гувоҳномаси ва кўкрак нишони намунаси қонун ҳужжатлари билан белгиланади.


49-модда. Сайловнинг молиявий таъминоти

Олий Мажлис сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикасининг давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Олий Мажлис депутатлигига номзодларни бошқа маблағлар ҳисобидан пул билан таъминлаш ва ўзга тарзда моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш тақиқланади.

Ўзбекистон Республикасининг сиёсий партиялари, жамоат бирлашмалари, корхоналари, муассасалари, ташкилотлари ва фуқаролари ўз маблағларини ихтиёрий равишда сайлов ўтказиш учун беришлари мумкин. Бу маблағларни Марказий сайлов комиссияси сайлов кампанияси вақтида фойдаланиш учун қабул қилиб олади.



50-модда. Олий Мажлисга сайлов тўғрисидаги Қонунни

бузганлик учун жавобгарлик

Сайловчиларнинг Олий Мажлисга сайлаш ва сайланиш, сайловолди ташвиқоти олиб бориш ҳуқуқларини амалга оширишларига зўравонлик, алдаш, таҳдид қилиш ёки бошқа йўл билан қаршилик кўрсатаётган шахслар, шунингдек сохта сайлов ҳужжатлари тузган, овозларни атайин нотўғри санаб чиққан, яширин овоз беришни бузган ёки ушбу Қонун бошқача тарзда бузилишига йўл қўйган сайлов комиссияларининг аъзолари, бошқа мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг вакиллари, сайловчилар ташаббускор гуруҳларининг аъзолари Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқ белгиланган жавобгарликка тортиладилар. Депутатликка номзод тўғрисида сохта маълумотларни эълон қилган ёки ўзгача тарзда тарқатган шахслар ҳам жавобгарликка тортиладилар.


Ўзбекистон Республикаси Президенти                                И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Ахборотномаси", 1994 й., N 1, 6-модда

































Время: 0.1607
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск