Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Меҳнат ва аҳолининг бандлиги / Меҳнат муҳофазаси / Турли соҳаларда меҳнат муҳофазаси ва ишлар хавфсизлиги қоидалари /

Балиқчилик ишлаб чиқариши ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш Қоидалари (АВ томонидан 16.07.2013 й. 2478-сон билан рўйхатга олинган меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 26.06.2013 й. 46-Б-сон буйруғи билан тасдиқланган)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2013 йил 16 июлда 2478-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

меҳнат ва аҳолини ижтимоий

муҳофаза қилиш вазирининг

2013 йил 26 июндаги

46-Б-сон буйруғига

ИЛОВА



Балиқчилик ишлаб чиқариши ходимлари

учун меҳнатни муҳофаза қилиш

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар балиқчилик ишлаб чиқариши ходимлари учун меҳнатни муҳофаза қилиш тартибини белгилайди.


I БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Қоидалар балиқчилик ишлаб чиқариши билан шуғулланувчи барча ташкилотларга (бундан буён матнда ташкилотлар деб юритилади) тааллуқлидир.


2. Мазкур Қоидалар биноларни ва иншоотларни лойиҳалаш, қуриш ва қайта қуришда, цехларни техник жиҳозлаш ва қайта жиҳозлашда, технологик жараёнлар ҳамда ускуналардан фойдаланиш ва таъмирлашда ҳисобга олиниши лозим.


3. Мазкур Қоидалар техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талаблари бажарилиши шартлигини истисно этмайди.


4. Ташкилотларда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича хавфсизликка оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя этилиши устидан давлат назорати бунга махсус ваколат берилган давлат органлари томонидан, жамоатчилик назорати эса - меҳнат жамоалари ва касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича вакиллар томонидан амалга оширилади.



II БОБ. ХАВФСИЗЛИККА ҚЎЙИЛАДИГАН

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


1-§. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш


5. Меҳнатни муҳофаза қилиш борасидаги ишларни ташкил қилиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ишларни ташкил этиш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 273, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


6. Ташкилотларда қуйидаги асосий ҳужжатлар ишлаб чиқилиши ва тасдиқланиши лозим:

меҳнат шароитлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини яхшилаш, санитария-соғломлаштириш чора-тадбирлари бўйича бўлимни ўз ичига олган жамоавий шартнома;

тасдиқланган меҳнат шароитларини баҳолаш ва иш ўринларини аттестация қилиш услубига мувофиқ иш ўринларини аттестация қилиш карталари;

меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг чораклик иш режалари;

ходимлар ва муҳандис-техник ходимларни ўқитиш, йўл-йўриқ бериш ва билимларини синовдан ўтказиш дастурлари;

меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича маъмурий-жамоатчилик назоратини юритиш журнали (уч босқичли назорат);

ходимларга ёнғинга қарши йўл-йўриқ бериш ва ёнғин-техникавий минимум машғулотларини ўтказиш дастури;

ҳар бир касб ва иш турлари бўйича меҳнатни муҳофаза қилиш йўриқномалари.


7. Ўзбекистон Республикасининг "Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 12-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширувчи, ходимларининг сони эллик киши ва ундан ортиқ бўлган ҳар бир ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига риоя этилишини таъминлаш, уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш мақсадида меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ташкил этилади ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли тайёргарликка эга бўлган мутахассис лавозими жорий этилади. Элликта ва ундан ортиқ транспорт воситаси мавжуд бўлган ташкилотда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳам ташкил этилади ёки йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича мутахассис лавозими жорий этилади.

Ходимларининг сони эллик нафардан кам бўлган ташкилотда меҳнатни муҳофаза қилиш хизматини ташкил этиш ёки меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича мутахассис лавозимини жорий этиш тўғрисидаги қарор иш берувчи томонидан мазкур ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусияти ҳисобга олинган ҳолда қабул қилинади.

8. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизмати ва йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ташкилотнинг мустақил таркибий бўлинмалари бўлиб, улар бевосита ташкилот раҳбарига бўйсунади.

9. Меҳнатни муҳофаза қилиш хизматининг мутахассислари лавозим йўриқномасига биноан уларнинг мажбуриятлари жумласига киритилмаган бошқа ишларни бажаришга жалб қилиниши мумкин эмас.


10. Ташкилотларда меҳнат фаолияти билан боғлиқ равишда содир бўлган бахтсиз ҳодисалар ва бошқа жароҳатланишларни текшириш ва ҳисобини юритиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 6 июндаги 286-сон қарори билан тасдиқланган Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш тўғрисидаги низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим.


2-§. Ходимларни ўқитиш, уларнинг билимларини синовдан

ўтказиш ва уларга йўл-йўриқ беришни ташкил этиш


11. Ташкилот ходимлари ўз касблари ва иш турлари бўйича белгиланган тартибда ўқишлари, уларнинг билимлари синовдан ўтказилиши ва уларга йўл-йўриқлар берилиши керак.


12. Ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича билимларини синовдан ўтказиш Меҳнат муҳофазаси бўйича ўқишларни ташкил қилиш ва билимларни синаш тўғрисидаги намунавий низомга (рўйхат рақами 272, 1996 йил 14 август) мувофиқ амалга оширилади.


13. Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқномалар Меҳнат муҳофазаси бўйича йўриқномаларни ишлаб чиқиш тўғрисидаги низомга (рўйхат рақами 870, 2000 йил 7 январь) (Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, давлат қўмиталари ва идораларининг меъёрий ҳужжатлари ахборотномаси, 2000 й., 1-сон) мувофиқ ишлаб чиқилади ҳамда ташкилот ходимларини ва иш жойларини ушбу йўриқномалар билан таъминлаш ташкилот раҳбарияти зиммасига юклатилади.



3-§. Хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари


14. Ташкилотлар ГОСТ 17.2.3.02-78 "Табиатни муҳофаза қилиш. Атмосфера. Саноат корхоналари зарарли моддаларининг йўл қўйиладиган чиқаришларини ўрнатиш қоидалари" бўйича хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари, уларнинг тавсифи, юзага келиш манбалари, ходимларга таъсир қилиш хусусиятлари ва саломатлик учун хавфлилик даражаси ва келгусидаги оқибатлари тўғрисида тўлиқ ва холисона маълумотга эга бўлиши лозим.


15. Иш жойларидаги ишлаб чиқариш муҳити ҳамда хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотлар ишлаб чиқариш муҳитининг физик, кимёвий, радиологик, микробиологик ва микроиқлим ўлчови натижалари, шунингдек меҳнат шароитларини аттестация қилиш орқали белгиланиши лозим.


16. Янги зарарли моддалар пайдо бўлишига ёки хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари йўқолишига олиб келадиган технологик жараёнлар ўзгарганда, хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари тўғрисидаги маълумотларга ташкилот раҳбари томонидан тегишли ўзгартиришлар киритилиши лозим.



4-§. Ўта хавфли касблар ва ишлар рўйхати


17. Ташкилотлар ўта хавфли шароитда бажариладиган ишлар рўйхатига эга бўлишлари лозим. Рўйхатга хавфли моддалар билан бажариладиган ишлар, баландликда, ифлосланган ҳаво ва сув муҳитида, юқори ҳарорат ва намлик шароитида бажариладиган ишлар, буғ ва сув иситиш қозонлари, юк кўтариш механизмлари, босим остида ишлайдиган сиғимлар, электр қурилмаларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ ишлар ҳамда амалдаги тармоқ рўйхатларига мувофиқ бошқа ишлар киритилиши шарт.


18. Барча ходимлар ўта хавфли ишларни бажариш топшириғини олишдан олдин, меҳнат муҳофазаси бўйича йўл-йўриқ олишлари ва ишларни хавфсиз бажариш усулларини ўзлаштиришлари шарт.


19. Ўта хавфли ишларни бажариш, фақат белгиланган тартибда расмийлаштирилган ҳужжат (наряд-рухсатнома)га мувофиқ амалга оширилиши лозим.


20. Ташкилот раҳбарияти ўта хавфли ишларни режалаштириш, ташкиллаштириш ва хавфсиз бажариш белгиланган талабларга мувофиқ амалга оширилишига жавобгардир.



5-§. Жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш


21. Ходимларни ишлаб чиқариш муҳитининг хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларидан ҳимоя қилиш жамоавий ва якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланиш орқали таъминланиши лозим.


22. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари хонадаги барча ходимларга таъсир қилган тақдирда қўлланилиши шарт ва ташкилотни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


23. Жамоавий ҳимоя воситаларига қуйидагилар киради:

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ҳаво муҳитини нормаллаштириш воситалари (шамоллатиш ва ҳаво тозалаш, иситиш, ҳаво ҳароратини, намлигини бир хил меъёрда сақлаш ва бошқалар);

ишлаб чиқариш хоналари ва иш жойларининг ёруғлигини нормаллаштириш воситалари (ёритиш асбоблари, ёруғликдан ҳимоя қилиш мосламалари ва бошқалар);

шовқиндан, тебранишдан, электр ва статик токлар уришидан ҳамда қурилмалар юзасини юқори даражадаги ҳароратдан ҳимоя қилиш воситалари;

механик ва кимёвий омилларнинг таъсиридан ҳимоя қилиш воситалари.


24. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омиллари барча ходимларга таъсир қилганда қўлланилиши шарт ва ташкилотларни қуриш ёки реконструкция қилиш лойиҳаларига киритилиши лозим.


25. Жамоавий ҳимоя воситалари хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларини рухсат этилган миқдоргача камайтириш имконини бермаган ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситалари қўлланилиши лозим. Бундай ҳолларда якка тартибдаги ҳимоя воситаларисиз ходимларнинг ишга жалб қилиниши тақиқланади.


26. Якка тартибдаги ҳимоя воситаларидан фойдаланадиган ходимлар уларнинг қўлланилиши, ҳимоя хусусиятлари ва амал қилиш муддати тўғрисидаги маълумотларга эга бўлиши лозим.


27. Ташкилотда қуйидагилар таъминланиши шарт:

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг зарур миқдори ва номенклатураси;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларини қўллаш ва улардан тўғри фойдаланиш устидан доимий назорат амалга оширилиши;

якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг самарадорлиги ва созлиги текширилиши;

хавфли ва заҳарли моддалар билан ишлашда фойдаланилган якка тартибдаги ҳимоя воситаларининг дезинфекция қилиниши (бир марта қўлланиладиган ҳимоя воситалари бундан мустасно).


28. Турли агрессив моддалар билан ишлаётганда тери касалликларининг олдини олиш учун профилактик паста ва мазлардан фойдаланиш лозим.


29. Ходимлар Балиқчилик корхоналари ходимлари учун махсус кийим, махсус пойабзал ва якка тартибда ҳимояланишнинг бошқа воситаларини бепул беришнинг намунавий нормаларига (рўйхат рақами 2204, 2011 йил 3 март) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2011 й., 9-сон, 95-модда) мувофиқ якка тартибдаги ҳимоя воситалари билан таъминлаши лозим.



6-§. Касбий танлов


30. Ташкилотларда танлов ўтказилиши лозим бўлган касблар ва мутахассисликлар рўйхати бўлиши лозим.


31. Ходимлар ва ишлаб чиқариш участкаларининг раҳбарлари тегишли маълумотга эга бўлишлари лозим.


32. Босим остида ишловчи асбоб-ускуналарда, шунингдек хавфи юқори бўлган ишларда банд бўлган ходимлар махсус курсларда тайёргарликдан ўтган ва тегишли гувоҳномага эга бўлиши шарт.


33. Ўн саккиз ёшдан кичик шахсларнинг меҳнати қўлланиши тақиқланадиган ноқулай меҳнат шароитли ишлар рўйхатига (рўйхат рақами 1990, 2009 йил 29 июль) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 30-31-сон, 355-модда) мувофиқ, ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар зарарли ва ноқулай меҳнат шароити мавжуд ишларга қабул қилинмаслиги лозим.


7-§. Ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш


35. Ташкилотларда ходимларнинг саломатлигини назорат қилиш Ходимларни тиббий кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом (рўйхат рақами 2387, 2012 йил 29 август) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2012 й., 35-сон, 407-модда) асосида амалга оширилиши лозим.


36. Ташкилот раҳбарияти касаба уюшмаси қўмитаси ва соғлиқни сақлаш органлари билан биргаликда ҳар йили тиббий кўрикдан ўтиши лозим бўлган ходимларнинг рўйхатини тузиши ҳамда ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтишини таъминлаши лозим.


37. Тиббий кўриклар ташкилотларнинг тиббий муассасаларида, улар мавжуд бўлмаган ҳолларда, даволаш-профилактика муассасаларида ўтказилиши лозим.


38. Ходим тиббий кўрикдан ўтишдан бўйин товлаган ёки тиббий кўрик натижаларига кўра берилган тавсияларни бажармаган тақдирда, ушбу ходим ишга қўйилиши мумкин эмас.


39. Даврий тиббий кўриклар ўз вақтида, сифатли ўтказилиши ва уларнинг натижаларига кўра тавсиялар бажарилиши учун жавобгарлик ташкилот раҳбарияти зиммасига юкланади.


40. Ходимларни соғлиғининг ҳолати туфайли уларга рухсат этилмаган ишларда ишлатиш тақиқланади.



8-§. Санитария ва гигиенага қўйиладиган талаблар


41. Ташкилот хоналари ва иш ҳудудидаги ҳарорати, нисбий намлик, ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги ва бошқалар ГОСТ 12.1.005-88 "Иш ҳудудининг ҳавоси. Умумий санитария-гигиеник талаблар"га мувофиқ бўлиши керак.


42. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари қуйидаги санитария қоидаларига мувофиқ сақланиши лозим:

хоналарнинг ҳарорати, нисбий намлик ва ҳавонинг ҳаракатланиш тезлиги, иш жойларидаги ортиқча иссиқлик, бажарилаётган ишнинг оғирлик даражасига кўра тоифаси, йил мавсуми ҳисобга олинган ҳолда белгиланиши;

ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарининг ёруғлиги ҚМҚ 3.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш. Лойиҳалаштириш меъёрлари"га мувофиқ бўлиши ҳамда меҳнат шароитларини яратиш учун етарли ёруғлик кучини таъминлаши;

хоналарда ёритиш асбоблари чанг тўпланишига имконият бермайдиган конструкцияга эга бўлиши, шунингдек синган тақдирда унинг парчалари сочилиб кетмаслиги учун ёпиқ бўлиши.


43. Ноқулай омиллар таъсирига қарши ҳимоя тадбирларини тузишда самарали ҳаво алмашинуви тизимини ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, вентиляция ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ ташкил қилиш лозим.


44. Ишлаб чиқариш, санитария-маиший, хом ашё ва тайёр маҳсулотни сақлаш хоналарини гигиеник жиҳатдан тоза сақлаш ва ходимларнинг шахсий гигиенасига қўйиладиган талаблар қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга мувофиқ бўлиши лозим.



9-§. Ташкилот майдонларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


45. Ташкилот майдонлари ва биноларининг жойлашуви ҚМҚ II-89-80 "Саноат ташкилотларининг бош плани" талабларига мос бўлиши керак.


46. Ташкилотларда транспорт воситаларининг ва пиёдаларнинг ташкилот ҳудудида ҳаракатланиш чизмаси ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиши керак.


47. Транспорт воситалари ва пиёдаларнинг ҳаракатланиш чизмаси ташкилотларнинг кириш, чиқиш, иш участкалари ва цехларининг кўринарли жойларига осиб қўйилиши керак.


48. Ташкилотнинг ҳудуди кўкаламзорлаштирилган ва сув қуйиш қувурлари тармоғи билан таъминланган бўлиши керак.


49. Ёзги мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойларига сув сепилган бўлиши керак.


50. Қишки мавсумда йўлаклар ва ўтиш жойлари қордан тозаланиб, қум сепилган ҳамда биноларнинг томлари қордан ва карнизлари эса - музлардан тозалаб турилиши зарур.


51. Йўловчилар учун йўлак ва ташкилотга кириш жойи текис, кенглиги камида 1,5 м бўлиб, ён томонлари деворча ва тўсиқларга эга бўлиши керак.


52. Ташкилотларнинг ҳудуди ГОСТ 12.4.009-83 "Объектларни ҳимоялаш учун ёнғин техникаси. Асосий турлари. Жойлашиши ва хизмат кўрсатилиши" талабларига мос келувчи ёнғин ўчириш воситалари билан жиҳозланган бўлиши керак.


53. Ташкилот ҳудудида ҳар куни тозаланадиган, шунингдек дезинсекция, дезинфекция ва дератизация қилиб туриладиган ахлат ташланадиган идишлар бўлиши лозим.


54. Ҳовлидаги ҳожатхоналар озода сақланиши, мунтазам дезинфекция қилиниши ва сутканинг қоронғу пайтида ёритилган бўлиши керак.


55. Ташкилотнинг ҳудуди чегара бўйлаб тўсилган бўлиши ва унинг ҳудудига бегоналарнинг кириши чекланган ва назорат остига олинган бўлиши лозим.


56. Ходимлар учун алоҳида чекиш жойлари белгиланиб, махсус идишлар қўйилиши ва "Чекиш жойи" деган ёзув билан жиҳозланиши керак.



10-§. Бино ва иншоотларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


57. Ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари ҚМҚ 2.09.02-85 "Ишлаб чиқариш бинолари" талабларига, ёрдамчи бинолар ва хоналар ҚМҚ 2.09.04-98 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


58. Ишлаб чиқариш биноларининг ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори СанҚваМ 0294-11 "Иш жойидаги ҳаводаги зарарли моддаларнинг рухсат этилган миқдорининг гигиеник меъёрлари" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


59. Мунтазам ишлашга мўлжалланган иш жойларининг нам хоналарида ҳамда иссиқ ўтказувчи полларида (бетонли, ғиштли, плитали ва бошқалар) ёғоч тўшамалар ва панжаралар ётқизилган бўлиши керак.


60. Бинога транспорт воситаларининг кириш жойлари дарвозалар ва сигнал берувчи асбоб-ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


61. Дарвоза тавақалари дарвозанинг ёпиқ ва очиқ ҳолатида махсус мосламалар билан мустаҳкам тутиб турилган бўлиши керак.


62. Дарвозалар баландлиги фойдаланилаётган транспорт воситасининг баландлигидан камида 0,2 м баланд бўлиши керак.


63. Барча ишлаб чиқариш бинолари ва иншоотлари бир йилда камида икки мартадан (баҳор ва кузда) ташкилот раҳбари тайинлаган комиссия томонидан техник кўрикдан ўтказилиши лозим. Техник кўрик хулосалари, топилган нуқсонларни бартараф этиш бўйича тадбирлар ва муддати кўрсатилган далолатномалар билан расмийлаштирилиши керак.


64. Ходимлар учун хавф туғдирувчи ҳалокат тусидаги бузилишлар тезда бартараф этилиши керак. Хавфли ҳудудларда ишлаш жараёнлари вақтида ҳалокат бартараф этилгунга қадар тўхтатиб турилиши, шунингдек хизмат кўрсатувчи ходимлар хавфсиз жойга кўчирилиши керак.


65. Ташкилотнинг ишлаб чиқариш хоналари ва омборхоналари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


66. Кириш ва чиқиш йўллари турли жисмлар ва асбоб-ускуналар билан тўсиб қўйилмаслиги керак. Эвакуация чиқиш йўлларининг барча эшиклари бинодан чиқиш йўналиши бўйича очилиши лозим.



11-§. Шамоллатиш ва иситиш тизимига қўйиладиган талаблар


67. Шамоллатиш ва иситиш тизими ҚМҚ 2.04.05-97 "Иситиш, шамоллатиш ва кондиционерлаш" талабларига мувофиқ бўлиши лозим.


68. Оқимли шамоллатишларни ташқи ҳаво тизимидан олиш ердан камида 2 м баландликда бажарилиши лозим.


69. Ўтиш жойларида жойлашган иситиш жиҳозлари рухсат этилган ўтиш йўлакларининг энини камайтирмаслиги лозим.


70. Иш жойларида ҳаво ҳарорати енгил жисмоний ишда 21° С, ўртача оғир ишда 17° С ва оғир ишда 16° С дан паст бўлмаслиги керак.


71. Ходимларнинг исиниши учун хоналардаги ҳарорат 22° С дан кам бўлмаслиги керак.


72. Исиниш хоналаригача бўлган масофа биноларда жойлашган иш жойларидан 75 м дан ва бино ташқарисидаги иш жойларидан эса - 150 м дан кўп бўлмаслиги керак.



12-§. Шовқин ва тебранишга қўйиладиган талаблар


73. Иш жойларида, хоналарда ва ташкилот ҳудудида шовқин ва тебранишнинг даражаси СанҚваМ 0120-01 "Иш жойларида шовқиннинг йўл қўйилган даражасининг санитария меъёрлари", СанҚваМ 0122-01 "Иш жойларида умумий ва локал тебранишнинг санитария меъёрлари", ГОСТ 12.1.003-89 "Шовқин. Умумий хавфсизлик талаблари" ва ГОСТ 12.1.012-90 "Тебранма. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши керак.


74. Иш жойларида шовқин ва тебраниш даражаси мунтазам назорат қилиб турилиши керак. Агарда у белгиланган меъёрлардан юқори бўлса, уни пасайтириш учун қуйидаги тадбирлар қўлланиши лозим:

деталларнинг зарбали ҳаракатларини зарбасиз ҳаракатларга, илгарилама-қайтма ҳаракатларни айланма ҳаракатларга ўзгартириш;

шовқин чиқарувчи агрегат ёки унинг айрим қисмларига шовқинни тўсувчи қобиқлар ўрнатиш;

агрегатдан чиқаётган аэродинамик шовқинларга қарши самарали товуш сўндиргичлар қўллаш;

шовқинли ускуналарни (парраклар, компрессор) тўсилган хоналарда ёки ишлаб чиқариш хоналаридан ташқарида жойлаштириш;

тебранишни камайтириш учун, унинг манбалари (электр двигателлар, парраклар ва бошқалар) полдан ва бинонинг бошқа конструкцияларидан изоляцияланган мустақил пойдеворларда ёки махсус ҳисоблаб чиқилган амортизаторларга ўрнатилиши керак.


75. Хоналарда шовқинни техник воситалар билан бартараф этишнинг иложи бўлмаса, эшитиш аъзоларини якка тартибда ҳимоя қилувчи воситалардан ва шовқинга қарши каскалардан фойдаланиш керак.



13-§. Сув таъминоти ва канализация тизимига

қўйиладиган талаблар


76. Сув билан таъминлаш ва канализация тизими ҚМҚ 2.04.01-98 "Биноларнинг ички сув қувури ва канализацияси" талабларига мос бўлиши керак.


77. Ташкилотларнинг ишлаб чиқариш оқова сувлари ташқи канализацияга етиб келгунга қадар зарарли моддалардан тозаланиши керак.


78. Ичимлик сувидан фойдаланиш учун сув қувурига уланган фавворачалар ўрнатилиши ва сув қувурлари бўлмаганда, махсус идишларда қайнатилган сув бўлиши лозим.


79. Ичимлик суви О`zDSt 950-2011 "Ичимлик суви. Гигиеник талаблар ва сифатини назорат қилиш" талабларига жавоб бериши керак.


80. Ичимлик сувининг ҳарорати 8° С дан 20° С гача бўлиши керак.


81. Ташкилот ҳудудидаги ҳожатхоналар иссиқ сув ва канализация тизимига уланган бўлиши лозим.


82. Ташкилотда канализация тизими бўлмаганда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойиштали к ва жамоат саломатлиги қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ёки туман (шаҳар) бўлимлари билан келишилган ҳолда, ташкилотда ер қатламини ифлослантирмаган ҳолда душхоналардан ва юз-қўл ювгичлардан сув оқмайдиган қурилмали ахлат ўраларининг бўлишига рухсат этилади.


14-§. Ёритишга қўйиладиган талаблар


83. Ташкилот ҳудуди ва ишлаб чиқариш хоналарини табиий ва сунъий ёритиш ҚМҚ 2.01.05-98 "Табиий ва сунъий ёритиш" талабларига мос бўлиши лозим.


84. Ёритиш воситалари тоза ва соз ҳолатда бўлиши керак. Ёруғлик тушувчи ойналарни йилида камида икки маротаба тозалаш лозим.


85. Ёруғлик тушадиган дераза ва эшикларни турли предметлар билан тўсиб қўймаслик керак.


86. Сунъий ёритиш умумий ва бирлашган тизим орқали амалга оширилади. Биргина маҳаллий ёритишни қўллаш тақиқланади.


87. Ёритиш воситалари кўзни қамаштиришидан сақлаш учун чоралар кўрилган бўлиши керак.


88. Участка ва хоналарда портлаш бўйича хавфли газ ва чанглар концентрацияси йиғилиб қолиши эҳтимоли бўлса, электр ёритиш тизими хонадан ташқарида ўрнатилиши керак.


89. Хавфлилик даражаси юқори бўлган хоналарда кучланиши 36 В дан юқори бўлмаган кўчма электр ёриткичлар ишлатилиши керак. Ускуналар ва иншоотлар (бункерлар, қудуқлар, буғлантириш камералари, туннеллар ва бошқалар)нинг ички сиртини ёритиш учун ишлатиладиган кўчма электр ёриткичларнинг кучланиши 12 В дан ошмаслиги керак.


90. Кўчириб юрилувчи ёриткичлар шишали ҳимоя қопқоқлари ва металл тўр билан жиҳозланган бўлиши лозим. Ушбу ёриткичлар ва бошқа кўчириб юрилувчи аппаратлар учун мис толали эгилувчан кабель ва электр ўтказгичлар қўлланиши лозим.


91. Эвакуация йўлаклари ва зинапояларда авария ёриткичлари бўлиши лозим.


92. Авария ёриткичлари бошқа ёриткичлардан тури, ўлчами ва махсус туширилган белгилари билан ажралиб туриши ва вақти-вақти билан чангдан тозаланиб туриши лозим.


93. Авария ёритиш тармоқларига электр энергия истеъмолчиларининг уланиши тақиқланади. Авария ёритилишларининг созлиги ҳар чоракда камида бир марта текширилиши лозим.



15-§. Маиший иморатларга қўйиладиган талаблар


94. Ташкилотларда маиший ва овқатланиш хоналари ҳамда тиббий пунктлар бўлиши керак. Ташкилотларнинг маиший бино ва хоналари ШНҚ 2.09.04-09 "Ташкилотларнинг маъмурий ва маиший бинолари" талабларига мувофиқ ҳолда ташкил этилиши лозим.


95. Кийим алмаштириш ва ювиниш хоналари, ичимлик суви таъминоти қурилмалари, ҳожатхоналар ва шу каби қурилмаларнинг сони ташкилотнинг умумий контингент сони ҳисобига олинган ҳолда белгиланиши лозим.


96. Душхоналар ва ҳожатхоналардаги тарновлар, каналлар, траплар, писсуарлар ва унитазлар мунтазам равишда тозаланиши, ювилиши ва дезинфекция қилиниши лозим.



16-§. Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга

қўйиладиган талаблар


97. Ташкилот атроф табиий муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли нормалардан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги лозим.


98. Ташкилотларда ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда атроф табиий муҳитнинг чиқиндилар (оқова сувлар, шамоллатиш тизими чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


99. Ташкилотларда чиқиндиларни йиғиш учун атрофи ўралган махсус жой ажратилиши ва чиқиндилар учун махсус идишлар билан таъминланиши ва ушбу идишлар бўшатилгандан сўнг хлорли оҳак эритмаси билан дезинфекция қилиниши ва ювилиши керак.



17-§. Меҳнат ва дам олишга қўйиладиган талаблар


100. Ходимларнинг иш вақти, шу жумладан, қисқартирилган иш вақти, дам олиш ва танаффуслар вақти ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланади.



III БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ (ТЕХНОЛОГИЯ)

ЖАРАЁНЛАРИГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


101. Ишлаб чиқариш хоналаридаги технологик жараёнлар ГОСТ 12.3.002-75 "Ишлаб чиқариш жараёнлари. Умумий хавфсизлик талаблари"га мувофиқ бўлиши лозим.


102. Ишлаб чиқариш хоналаридаги технологик жараёнларнинг хавфсизлиги қуйидаги талабларни амалга ошириш орқали таъминланиши лозим:

ишлаб чиқариш ускуналарига хизмат кўрсатиш тартибидаги технологик жараёнларни (иш турларини), иш усуллари ва режимларини қўллаш;

хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг тарқалишини чекловчи воситаларни қўллаш;

ишлаб чиқариш жараёнлари атроф-муҳитнинг (ҳаво, тупроқ, сув ҳавзалари) ифлосланишига ва зарарли омилларнинг тегишли меъёрларидан ортиқ даражада тарқалишига олиб келмаслиги.


103. Технологик жараёнларни амалга оширишда иш бажарадиган дастгоҳ ва механизмлар кетма-кетлиги блокировка тизими билан таъминланган бўлиши зарур. Авария ҳолатида бирор-бир механизм тўхтаб қолса, барча дастгоҳ ва механизмларнинг тўхташи назарда тутилган бўлиши керак.


104. Ускуна ва автоматлаштирилган тармоқларда улар ишга туширилганлигини билдирувчи овозли ва ёруғлик сигналлари бўлиши керак. Сигнал элементлари (электр қўнғироқ ва ўчиб-ёнувчи лампа) механик бузилишлардан ҳимояланган бўлиб, хизмат кўрсатувчи ходимлар эшитадиган даражада бўлиши лозим.

Линия тўхтаганидан сўнг, овозли ва ёруғлик сигнали бермасдан уни ишга тушириш тақиқланади.


105. Технологик жараёнлар соз асбоб-ускуналар ва назорат-ўлчаш асбоблари, ҳимоя тўсиқлари, блокировкалар ҳамда ишга туширувчи аппаратлари мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилиши лозим.


106. Ишлаб турган ускуналар жойлашган жойлар зарур тўсиқлар, ҳимоя ва сақловчи мосламалар ҳамда қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Иш жойларига ва ишлаб чиқариш биноларига бегона шахслар кириши тақиқланади.


107. Ишлаб чиқариш технологик жараёнларининг ускуналари яроқли бўлиши, назорат-ўлчаш асбоблари соз, аппаратлар блокировка воситалари мавжуд бўлганда ишга туширилиши лозим.


108. Барча тармоқларда технологик жараён хавфсиз бажарилиши, ташкилий-техник чора-тадбирлар кўрилиши ҳамда хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилиниши лозим.


109. Агрегат механизмларининг нормал ишидаги ҳар қандай бузилишлар ундаги барча механизмларнинг автоматик тарзда тўхтатилиши билан якунланиши зарур.


110. Ишлаб турган ускуналар жойлашган жойлар зарур тўсиқлар, ҳимоя қилувчи ҳамда сақловчи мослама ва қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши керак. Иш жойларига бегона шахсларнинг киришига йўл қўйилмаслиги лозим.


111. Технологик жараён бузилган ҳолларда, ходимларга хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсири бўлмаслиги мақсадида бузилиш сабабларини аниқлаш ва уларни бартараф этиш учун иш жараёни тўхтатилиши ҳамда ходимлар иш жойларини тарк этишлари лозим.


112. Балиқчилик ишлаб чиқариши билан бажариладиган ишлар махсус жиҳозланган хоналарда ёки бу хоналарда ўрнатилган махсус камераларда бажарилиши керак. Хоналарнинг кириш жойларида "Ёнғиндан хавфли", "Чекилмасин", "Бегонлар кириши тақиқланади" деган хавфсизлик белгилари осиб қўйилиши лозим.



2-§. Ёнғин ва портлашга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


113. Ишлаб чиқариш жараёнлари ёнғин ва портлаш хавфсизлиги, уларни режалаштиришда, ташкиллаштиришда ва олиб боришда ГОСТ 12.1.004-91 "Ёнғин хавфсизлиги. Умумий талаблар" ва ГОСТ 12.1.010-90 "Портлаш хавфи. Умумий талаблар"га ва мазкур Қоидаларга мувофиқ таъминланиши лозим.


114. Ишлаб чиқариш жараёнларини амалга оширишда ёнғинлар, портлашлар, авариялар, заҳарланишлар содир бўлиши ҳамда атроф-муҳит унинг чиқиндилари (оқова сувлари, шамоллатиш чиқиндилари ва бошқалар) билан ифлосланиши эҳтимолини истисно этадиган шароитлар таъминланиши лозим.


115. Ишлаб чиқариш бинолари ва хоналари дастлабки ёнғинни ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши шарт.


116. Шамоллатиш тизими ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан бирлаштирилган бўлиши керак.


117. Ёнғин сув манбаи йўлаклари ҳамда ёнғинни ўчириш воситаларига борадиган йўлаклар доимо бўш бўлиши керак.


118. Портлашнинг олдини олиш учун машина ва агрегатларнинг ишқаланувчи қисмларининг қизиб кетишига йўл қўймаслик лозим.


119. Аралашганда портловчи модда ҳосил қилиши лозим бўлган газларни умумий коллекторга чиқариш тақиқланади.


120. Коллектордан чиқадиган суюқлик миқдори ва инерция натижасида статик ток ҳосил бўлишини ҳисобга олган ҳолда коллектор сим орқали ерга уланиши керак.


121. Ишлаб чиқариш биноларига (омборхона, цех, лаборатория, участка ва бошқа) ёнғин хавфсизлиги хизмати билан келишилган ёнғин хавфсизлиги бўйича йўриқнома ишлаб чиқилиши ва кўринадиган жойга осиб қўйилиши лозим.


122. Цехларда (бўлимларда, омборхоналарда, устахоналарда, лабораторияларда ва бошқа иш участкаларида) ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича, шунингдек ёнғин ўчириш анжомларининг соз ҳолда бўлишига шу бўлинмаларнинг бошлиқлари ёки бошлиқ вазифасини бажарувчи ходимлари масъулдир.


123. Ёнғин ва портлаш хавфи бўлган ишлаб чиқариш бинолари ёнғиндан хабар берувчи ва ёнғинларни бартараф этувчи автоматик қурилмалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


124. Ёнғинга қарши сув ҳавзалари доимо соз ҳолатда ва ичидаги сув ҳажми ёнғинни ўчириш учун етарли бўлиши керак. Сув ҳавзаларининг ишга яроқлилиги йилига камида икки маротаба, баҳор ва куз мавсумларида текширилиши лозим.


125. Қўлда ясалган, автоматика тизими носоз бўлган ёки ёнғин хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маиший иситиш асбобларидан фойдаланиш тақиқланади.



3-§. Электр қурилмаларга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


126. Ташкилотларда электр қурилмаларни ўрнатиш ва улардан фойдаланишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 712-сон қарори билан тасдиқланган Истеъмолчилар электр қурилмаларини техник эксплуатация қилиш қоидалари ҳамда Истеъмолчилар электр қурилмаларини эксплуатация қилишда хавфсизлик техникаси қоидалари ва мазкур Қоидалар талабларига риоя қилиниши керак.

127. Электр энергиясидан фойдаланишда ташкилот раҳбарининг буйруғи билан муҳандис-техник ходимлардан электр хўжалиги учун жавобгар ходим тайинланган бўлиши ва бу ходим электр хавфсизлиги бўйича тегишли малака гуруҳига эга бўлиши керак.


128. Электр хўжалиги учун масъул ходим кучланиши 1000 В ва ундан юқори бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун электр хавфсизлиги бўйича V малака гуруҳига, кучланиши 1000 В гача бўлган электр ускуналарга хизмат кўрсатиш учун эса - IV малака гуруҳига эга бўлиши талаб этилади. Масъул ходим даврий равишда ва ўрнатилган тартибда электр хавфсизлиги бўйича ташкилотда тузилган комиссияда билим синовидан ўтиши шарт.


129. Электр токи ўтказувчи қисмлар, тақсимловчи қурилмалар, аппаратлар ва ўлчаш асбоблари, шунингдек турли сақловчи қурилмалар, рубильниклар ва бошқа ишга туширувчи аппаратлар ва мосламалар ёнмайдиган қилиб монтаж қилиниши лозим.


130. Юқори намлик ва иссиқлик ажралиб чиқувчи хоналарда электр ёриткичлар намликдан ва электр двигателлар эса - суюқлик сачрашидан ҳимояланган бўлиши шарт.


131. Тақсимловчи қурилмалар изоляциясининг қаршилиги ва чидамлилиги текшириб турилиши лозим.


132. Ишлаб чиқариш ва маиший хоналарда қўлланувчи люминесцент ёриткичлар ёпиқ ҳолда, намлик ва чанг ўтказмайдиган махсус арматура билан қопланиши лозим.


133. Кабеллар ва электр ўтказгичларнинг изоляцияси, ташқи бирикмалар, электр токидан ҳимояловчи ерга уланган симлар, электр двигателларнинг ишлаш режими кўрикдан ўтказилиши ва асбоблар билан ўлчаш орқали текшириб турилиши лозим.


134. Ток узатилмаганлиги сабабли ускуна тўхтатилган ҳолларда, электр двигателлар ўчирилиши керак.


135. Электр аппаратлари ва агрегатларининг нолга ва ерга улаш симларининг бутунлиги камида олти ойда бир марта текширилиши лозим. Текшириш натижалари далолатнома билан расмийлаштирилади.


136. Кам қувватли электр лампалари ва асбобларини каттароқ қувватлиларига алмаштириш тармоқ учун йўл қўйилувчи юкланишни ҳисобга олган ҳолда электр хўжалиги учун масъул ходимнинг рухсати билан амалга оширилиши лозим.


137. Битта электр штепселига бир нечта истеъмолчиларни улаш тақиқланади.


138. Чангларнинг статик электр разрядларидан алангаланиб кетмаслиги учун машиналарнинг ғилофлари, унинг асосий валлари ва ҳаво қувурлари ерга уланган бўлиши лозим.


139. Ҳаво қувурларининг фильтрлари майда катакли металл тўрлар билан ўралган ва ерга уланган бўлиши лозим.


140. Ташкилотнинг барча турдаги бинолари яшин қайтаргичлар ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри яшин уришидан ҳимояланган бўлиши лозим.


141. Яшин қайтаргичлар ҳар йили баҳорда текшириб турилиши ва носозликлари бартараф этилиши лозим.


142. Момақалдироқ вақтида электр ўлчашларни амалга ошириш тақиқланади.



4-§. Бирламчи материаллар, ярим маҳсулот ва чала тайёр

маҳсулотлар, тайёр маҳсулотларни сақлаш ва транспортда

ташишга қўйиладиган хавфсизлик талаблари


143. Бирламчи материаллар, ярим маҳсулот ва чала тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотларни транспорт воситаларида ташишда юк ташиш қоидаларига риоя қилиш лозим.


144. Бирламчи материаллар, ярим маҳсулот ва чала тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотнинг ҳажми мазкур ишни бажарувчи қурилманинг паспортида кўрсатилган ўлчамларга мувофиқ бўлиши керак.


145. Балиқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш жараёнида улар микроблар билан зарарланишининг олдини олиш учун хом ашёни тайёрлаш (идиш ва ўрамдан олиш) ишлари алоҳида хонада амалга оширилиши керак.


146. Хом ашё, ёрдамчи моддалар ва тайёр маҳсулотларни қўл билан олмаслик керак. Ушбу маҳсулотлар куракчалар ва чўмич ёрдамида олиниши лозим.


147. Хом ашёга унинг токсикологик ва ёнғин тавсифи илова қилиниши керак.


148. Аварияларнинг олдини олиш мақсадида технологик қайта ишлашга тушган хом ашё барча турдаги аралашмалардан тозаланган бўлиши керак.


149. Маҳсулотлар ва фойдаланиладиган материаллар ташкилотнинг омборхоналарида сақланади ва захирани таъминлайдиган миқдорда цехга узатилиши лозим.


150. Хом ашё ва ёрдамчи материаллар уларнинг бир-бирига эркин яқинлашиш имкониятини таъминлайдиган усулда жойлаштирилиши керак.


151. Омборхонадаги хоналарнинг ташқи юзалари тозалаш ва дезинфекциялаш учун қулай бўлиши керак.


152. Омборхона қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланган бўлиши керак. Омборхонага бегона кишиларнинг кириши тақиқланади.


153. Барча маҳсулотлар идиш-ўрам материаллари белгиланган стандартларга ва техник шартларга жавоб бериши керак.


154. Озиқ-овқат хом ашёлари (шакар, крахмал, ун ва бошқалар) саноат ўрамида, номига кўра алоҳида, омборхонанинг бошқа хоналаридан изоляцияланган, қуруқ ва шамоллатиш тизими бўлган хоналарда сақланиши керак.


155. Бошланғич маҳсулотлар ёрдамчи моддаларни ва идиш-ўрам материалларини ташиш учун тозаликда сақланиши ва махсус транспорт воситасида ташилиши зарур. Жалб қилинган ёки йўловчи транспортидан фойдаланмаслик керак.


156. Ташиш жараёнида бошланғич маҳсулотлар идиш-ўрам материаллари пана жойда сақланиши ёки махсус қоплама ёрдамида қуёш нурларидан ва чангдан ҳимояланган бўлиши керак.


157. Ярим тайёр ва тайёр маҳсулотларни сақлаш учун мўлжалланган омборхона хоналарини саноат ташкилотларини лойиҳалаштиришнинг ёнғинга қарши ва санитария меъёрларига мос равишда жиҳозлаш ва сақлаш лозим.


158. Маҳсулотларни қабул қилиш, сақлаш, бериш ва тайёрлаш хоналарида маҳсулотларни тортиш учун мўлжалланган ва ҳаво тортиш вентиляцияси билан жиҳозланган иш жойи ажратилган бўлиши керак.



5-§. Балиқларни озиқлантиришда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


159. Балиқларни камида иккита ходим осма моторли қайиқлардан туриб озиқлантириши керак.


160. "Рефлекс" типидаги сузувчи озиқлантириш мосламасини (авто охур) (бундан буён матнда мослама деб юритилади) махсус курак билан тозалаш керак.


161. Мосламаларни шатакка олиш ва ўрнатиш жойларидаги сув ҳавзаларининг чуқурлиги камида 1,2 м бўлиши лозим.


162. Мослама маҳкамланадиган сузувчи буй-лангарга пўлат трос билан уланиши керак.


163. Мосламалар ишини назорат қилишда, уларга озуқаларни юклашда, бункерларда ва охурлар остида озуқа борлигини текширишда ходимлар тутқичларни ушлаган ҳолда тўшамалар устидан ўтишлари лозим.


164. Форель балиқларини озиқлантириш учун гўштли озуқаларни тайёрлашда маҳсулотни гўшт қиймалагич ичига тиқиш махсус мосламалар: ёғоч итаргичлар, дасталар, кураклар билан амалга оширилиши керак.


165. Маҳсулотлар ёки уларнинг қолдиқлари тиқилиб қолганда гўшт қиймалагич двигатели тўлиқ тўхтаганидан кейин олиб ташланиши зарур.


166. Ишни бошлашдан олдин гўшт қиймалагич узатма корпусига мустаҳкам ўрнатилганлигини текшириш лозим.


167. 45 мм дан катта диаметрли маҳсулотни тиқиш тешигига эга бўлган гўшт қиймалагичлар оғзи устига қўлнинг ҳаракатли қисмларга тегиб кетишининг олдини олувчи сақлағич ҳалқа ўрнатилиши керак.


168. Пичоқ билан ишлашда ходимлар унинг ўткир томонини ўзларидан тескари қилиб тутишлари лозим. Пичоқлар силлиқ, ғадир-будурларсиз, қулай ва мустаҳкам қилиб ўтқазилган тутқичларга эга бўлиши зарур. Пичоқларнинг кесувчи қисмлари доимо ва ўз вақтида чархланиб туриши лозим.



6-§. Минерал ўғитлардан фойдаланишда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


169. Минерал ўғитлардан (бундан буён матнда ўғитлар деб юритилади) фойдаланиш ишлари мазкур Қоидалар талабларига риоя этилган ҳолда амалга оширилиши керак.


170. Чангийдиган ўғитларни пардалар ва зичлагичлар билан жиҳозланган автомобилларнинг очиқ кузовларида ташиш лозим.


171. Ўғитлар билан бирга бошқа юкларни ташишга рухсат этилмайди. Ташиш вақтида транспорт воситаларида бегона шахсларнинг бўлиши тақиқланади.


172. Ишлар тугаганидан сўнг транспорт воситалари хўллаб тозаланиши ва зарарсизлантирилиши лозим.


173. Ўғитлар билан ишлаш вақтида ходимларни хавфли ва зарарли ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан ҳимоялаш чоралари кўрилган бўлиши керак.


174. Ўғитларни балиқчилик ҳовузларига киритиш механизацияланган усулда амалга оширилиши лозим.


175. Ўғитлар махсус жиҳозланган омборларда уларнинг кимёвий ўзаро таъсирига ва қўлланиладиган ёнғинни ўчириш воситаларининг бир хиллигига қараб гуруҳлар бўйича алоҳида сақланиши керак.


176. Ўғитларни сақлашда идишнинг бутлигини текшириш ва агар унга зиён етган бўлса, ўғитларни янги идишга қайта жойлаштириш лозим. Ўғитларни сочилган ёки тўкилган ҳолда қолдирмаслик керак.


177. Ўғитлар билан ишлашда бевосита иш жойида зарарсизлантирувчи моддалар, шунингдек терига тушган зарарли моддаларни ювиш учун сув, совун ёки шунга ўхшаш ювиш воситалари бўлиши керак.



7-§. Балиқларни ҳовузлардан ва табиий кўллардан

овлашда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


178. Суви ташқарига чиқариладиган ва чиқарилмайдиган сув ҳавзаларида тўрли ов қуроллари (тўрлар, ёйма тўрлар ва бошқалар)дан фойдаланган ҳолда балиқ овлашда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича қуйидаги талабларни бажариш лозим:

тўлқинланиш 2 баллдан юқори (тўлқиннинг баландлиги 0,25 - 0 ,75 м дан юқори) ва шамолнинг кучи 4 баллдан юқори (шамолнинг тезлиги 5,3 - 7,4 м/sec) бўлганда 5 тоннадан кам сув сиғимли кичик ўлчамли кемалардан фойдаланган ҳолда балиқ овламаслик;

ёйма тўрларни сувга тушириш учун ходимлар ишлаш вақтида хавфсизликни таъминловчи қайиқлардан фойдаланиш;

ов қуролларини танлаш ва сувга тушириш вақтида уларнинг тўрли қисмларини оёқ билан босмаслик ва тўр полотносини (тўрни сувда чўктириш учун махсус тош) тўғриламаслик;

тўрларни махсус жойлар ёки қайиқнинг мустаҳкам конструкцияларига мустаҳкамланган эҳтиёт камарларидан фойдаланган ҳолда ечиш.


179. Балиқларни овлашда қуйидагилар бўлиши лозим:

концентрацияловчи қурилмаларни қўлда силжитишда балиқ тутқичлар олдида қаттиқ қопламали йўлаклар;

концентрацияловчи қурилмалардан тирик товар балиғини тўкиш жойларига қулай тўсилган тушиш зиналари;

балиқларни тушириш жойларида тўпланган балиқларни саралаш воситалари (саралаш контейнерлари ва бошқалар) билан манёвр қилиш ва ишлаш учун камида 1 м кенгликдаги ва балиқ тутқичлардаги сув сатҳидан 0,2 м баландликдаги кўприклар.


180. Қўзғалмас тўрлар ва ёйма тўрлар билан ишлашда қуйидагиларга риоя қилиш лозим:

ишни бошлашдан олдин балиқ овлаш қуроллари ва кичик ўлчамли кемаларнинг созлигини текшириш;

тўрлар ва ёйма тўрларни туширишда улар чалкашиб қолишининг олдини олиш мақсадида уларни яхшилаб тахлаш;

лангарни кичик ўлчамли кеманинг оқим йўналиши томонидаги бортидан ташлаш.


181. Қўзғалмас тўрлар, ёйма тўрлар, тўрлар ва бошқа ов қуроллари танлаб олинганидан кейин улардаги балчиқ ва балиқ шилимшиғи яхшилаб ювиб ташланиши, ўтлар ва бошқа нарсалардан тозаланиши ҳамда дезинфекция қилиниши ва қуритилиши керак.


182. Балиқ овлаш механизмларини ишга туширишдан олдин уларнинг созлигига, механизмни ишга туширганда бошқа ходимлар учун хавф-хатар туғдирмаслигига ишонч ҳосил қилиш керак.


183. Қуйидаги ҳолларда балиқ овлаш механизмларининг ишлашига рухсат этилмайди:

лебёдка тормозларининг носозлигида;

балиқ овлаш механизми узатмасининг ички ёнув двигателидан ҳимоя тўсиғи бўлмаганда.


184. Балиқ овлаш механизмлари ишлаётган вақтда заифлашган уланмаларни таъмирлаш ёки тортиш (таранглаш) ман этилади.


185. Трос чалкашганда лебёдка тўхтатилиши ва у тўлиқ ёзилгунга қадар тескари томонга юрғазилиши керак.


186. Муз қопланган садоклардан балиқларни тушириш камида иккита ходим томонидан амалга оширилиши керак. Садокларнинг ташқи томонида бир ходим туриши ва у зарур ҳолларда ишловчиларга ёрдамни ташкил қилиш чораларини кўриши лозим. Ишлар бажариладиган жой қутқариш воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.


187. Садоклар линияларининг ўртасида тўсиқли мустаҳкам ва текис йўлаклар бўлиши керак.


188. Балиқ солинган контейнерларнинг хавфсиз ташилишини, силжитилишини ва туширилишини таъминлаш учун хавфсизлик схемаси ишлаб чиқилган бўлиши ва ишлар бажариладиган жойларда осиб қўйилиши керак.



8-§. Ҳовузларни тозалашда қўйиладиган хавфсизлик талаблари


189. Ҳовузлардаги сув ўсимликларини сузувчи ўзиюрар қамиш ўрувчи машина билан тунги вақтларда ўриш тақиқланади.


190. Қамиш ўриш машинаси ишлаётганда одамлар машинадан 10 м радиусдан узоқликда бўлиши керак.


191. Қамиш ўрувчи машиналарнинг кесувчи аппаратини тозалаш ва алмаштириш машина тўхтаганидан кейин амалга оширилиши керак.


192. Захира пичоқларни сақлаш ва ташиш ғилофда амалга оширилиши керак.



9-§. Ишлаб чиқариш чиқиндиларини чиқариб

ташлаш ва зарарсизлантиришда қўйиладиган

хавфсизлик талаблари


193. Технологик чиқиндилар уларни атмосферага чиқариб ташлашдан олдин зарарли маҳсулотлардан тозаланиши ёки тизимга қайтарилиши керак.


194. Чиқиндиларни рухсат этилмаган жойларда сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиб ташлаш тақиқланади.


195. Ташкилотларда чиқиндилар билан ишлашга оид йўриқномалар ишлаб чиқилган бўлиши лозим.


196. Чиқиндиларни йиғиш жойи цехлардан камида 50 м узоқликда бўлиши лозим.


197. Чиқиндиларни мунтазам равишда махсус мўлжалланган печларда ёқиб юбориш орқали йўқ қилиш ёки ташкилотлардан махсус белгиланган жойларга чиқариб ташлаш керак.



IV БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ АСБОБ-УСКУНАЛАРИГА

(ҚУРИЛМАЛАРИГА) ҚЎЙИЛАДИГАН ХАВФСИЗЛИК

ТАЛАБЛАРИ


1-§. Умумий талаблар


198. Ускуналарнинг конструкцияси ГОСТ 12.2.003-91 "Ишлаб чиқариш жиҳозлари. Хавфсизликнинг умумий талаблари"га мувофиқ ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларида фойдаланиладиган ускуналар соз ҳолатда бўлиши лозим.


199. Қўлланиладиган жиҳозлар миллий стандартлар талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

200. Ускуналарнинг конструкция қисмлари ходимларнинг жароҳат олишига сабаб бўладиган ўткир бўғинли, ҳошияли ва тиканли бўлмаслиги лозим.


201. Ускуналарнинг барча ҳаракатланувчи қисмлари унинг корпусида жойлаштирилган бўлиши керак.


202. Ускуналарнинг иш жараёни кузатиладиган жойларнинг панжаралари тез ечиладиган (қопқоқ, люк, шит, тўр) ёки тез очиладиган бўлиши керак. Панжаралар, эшиклар, шитлар очилганида автоматик равишда ускуналар ишини тўхтатиш воситалари билан таъминланган бўлиши лозим.


203. Ускуналарни кузатиш ва ҳолатини текшириш ишлари ташкилотнинг техник раҳбари томонидан тасдиқланган жадвал асосида олиб борилиши керак.



2-§. Иш асбобларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


204. Асбобларни ишлатишда қуйидагиларга риоя қилиш лозим:

асбоблар билан ишловчилар соз, тўғри, ўткирланган ва ишлаб чиқаришнинг тегишли шароитларига мос бўлиши;

асбобларни ўз мақсади бўйича ишлатиш;

асбобларнинг тўғри сақланиши ва синчковлик билан кўрикдан ўтказилишини таъминлаш ва носоз асбобларни эса - таъмирга олиб қўйиш.


205. Иш жараёнида соз асбобдан фойдаланиш зарур.


206. Иш бошланишидан олдин асбоблар текшириб олиниши керак.


207. Асбобларни тозалаш ва сақлаш учун зарур қути ёки шкафлар бўлиши керак. Асбобларнинг тушиб кетишининг олдини олиш учун шкафда катакчалар, ушлаб турувчи токчалар ва бошқа мосламалар ўрнатилган бўлиши лозим.


208. Асбобларни олиб юриш учун махсус ғилофлар, сумка ёки қутилардан фойдаланиш керак.



3-§ Иш жойларига қўйиладиган хавфсизлик талаблари


209. Балиқчилик маҳсулотларини ишлатиш билан боғлиқ иш жойлари умумий ҳаво алмаштирувчи ва ҳаво оқимини киритиб-сўриб чиқарувчи маҳаллий шамоллатиш тизими билан жиҳозланган ва бошқа бинолардан алоҳида жойлашган бинода бўлиши керак.


210. Барча иш жойларида механизмларни тозалаш ва иш жойларини йиғиштириш учун зарур бўлган мосламалар бўлиши лозим.


211. Иш жойларида балиқчилик маҳсулотлари учун белгиланган сиғимлар герметик зич ёпилган, ерлантирилган бўлиши ва миқдори уларнинг сменада ишлатиладиган миқдоридан кўп бўлмаслиги керак.


212. Иш жойларидаги зарарли моддалар буғларининг концентрацияси уларнинг йўл қўйилган миқдоридан ошмаслиги керак.


213. Балиқчилик маҳсулотлари билан боғлиқ ишлар бажарилаётган иш жойлари Балиқчилик маҳсулотларини қуяётганда уларнинг полга тўкилишининг олдини олувчи мосламалар билан жиҳозланган бўлиши лозим.


214. Иш жойлари кунига камида бир марта нам латта билан тозаланиб туриши керак.



V БОБ. ТАЪМИРЛАШ (ТУЗАТИШ) ИШЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШГА ҚЎЙИЛАДИГАН

ХАВФСИЗЛИК ТАЛАБЛАРИ


215. Ташкилотнинг таъмирлаш хизмати ускуналарнинг меҳнат хавфсизлиги стандартлари, уларнинг техник паспортлари, техник йўриқномалари ва ишлаб чиқарувчи заводнинг бошқа ҳужжатларининг талабларига мослигини таъминлаши керак.


216. Ташкилот томонидан асбоб-ускуналарнинг зарур техник ҳолатини сақлаб туриш учун хизмат кўрсатиш сифати яхшиланиши, режали-профилактик таъмирлаш қатъий бажарилиши ва таъмирлаш ишлари сифатининг яхшиланиши бўйича тегишли чоралар кўрилиши лозим.


217. Асбоб-ускуналарни капитал ва жорий таъмирлаш белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ишларни ташкил этиш лойиҳасига мувофиқ амалга оширилиши лозим. Ишларни ташкил этиш лойиҳаларида таъмирлашни ўтказишга жавобгар шахслар, шунингдек таъмирлаш ишларининг тартиби ва ходимларнинг хавфсизлигини таъминловчи чоралар кўрилиши лозим.


218. Таъмирлаш ишларини ўтказиш муддати ташкилотнинг бош муҳандиси томонидан тасдиқлаган йиллик режали-таъмирлаш жадвалига асосан белгиланади.


219. Таъмирлаш ишларини ўтказишда ишларнинг бажарилиши технологик кетма-кетликда кўрсатилиши керак. Бунда қуйидагилар кўрсатилиши зарур:

ишларни бажариш усуллари ва услублари;

таъмирлаш учун зарур бўлган асбоб-ускуна ва анжомлар турлари;

таъмирланган маҳсулотлар ва улар қисмларининг техник талабларга жавоб бериши.


220. Таъмирлаш жиҳозлари ва ускуналари ишлаш учун қулай жойлаштирилиши, иш ҳолатида осон ўрнатилиб-ечилиши лозим.


221. Дастгоҳлар, столлар ва стеллажлар мустаҳкам ўрнатилиши ва ишлаш учун қулай баландликка эга бўлиши лозим.


222. Дастгоҳлар сирти силлиқ материал (пўлатли ва алюминли лист, линолеум) билан қопланган бўлиши лозим.


223. Дастгоҳдаги исканжа соз ҳолатда бўлиши ва ушлаб турадиган буюмни етарли даражада ушлаши лозим.


224. Дастгоҳдаги исканжалар орасидаги масофа 1 м бўлиши ва дастгоҳнинг эни 0,75 м дан кам бўлмаслиги ҳамда дастгоҳлар оралиғига 1 м дан кам бўлмаган ҳимоя тўри ўрнатилиши лозим.


225. Қўл асбоблари қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:

ёғоч соплар ёғочнинг қаттиқ ва қайишқоқ навларидан қилиниши, силлиқланган ва мустаҳкам ўрнатилган бўлиши;

инструментнинг иш қисмида ёриқлар, ғадир-будурлар ва синган жойлари бўлмаслиги.


226. Қўл омбури ва қайчилари силлиқ ва ички томонида қўлни сиқиб қўйишдан ҳимоялайдиган таянчи бўлиши лозим.


227. Қўл асбоблари ҳимоя қопламаси билан қопланган бўлиши лозим.


228. Электр таъминоти тўхтаган ёки танаффус вақтида электр дастгоҳ электр токидан узилган бўлиши лозим.


229. Электр дастгоҳда носозликлар аниқланган тақдирда, дарҳол иш тўхтатилиши керак.


230. Сиқилган ҳаво билан ишлайдиган электр дастгоҳлар билан ишлашда уларни чанг, нам ва нефть маҳсулотлари таъсиридан сақлаш лозим.


231. Дастгоҳларни йиғиш, қайд этиш, бириктириш элементларини қисиш, қотишма, флюс қоплаш ва бошқа йиғма деталларни ўрнатиш махсус қўлланма асосида технологик ҳужжатларда кўрсатилган тартибда амалга оширилиши лозим.


232. Кавшарлагичда иш бошлашдан олдин қуйидаги ишларни бажариш керак:

электр токи зарар етказишидан ҳимоялашнинг мувофиқлиги текширилиши;

кабель ва штепсель вилкасининг созлиги, ҳимоя қопламаси ва дастасининг изоляцияси ташқи кўрикдан ўтказилиши.


233. Электр ускуналар ва жиҳозларни таъмирлашдан сўнг, асбоб-ускунани ишга туширишга, ташкилот бош механиги, меҳнат муҳофазаси хизмати ходими, касаба уюшмаси вакили ва бош муҳандис тасдиқлайдиган тегишли далолатнома тузилиб, қабул қилингандан сўнг рухсат берилади.


234. Таъмирлаш ишлари тугагач, барча кераксиз конструкциялар, асбоб-ускуналар, материаллар ва чиқиндилар цехдан олиб кетилиши, тўсиқлар, сақловчи блокировка мосламалари ўз жойига ўрнатилиши керак.



VI БОБ. МЕҲНАТНИ МУҲОФАЗА ҚИЛИШ

ҚОИДАЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН

ЖАВОБГАРЛИК


235. Мазкур Қоидаларга амал қилиш учун жавобгарлик тегишли ишларни бажарувчи ташкилотлар зиммасига юклатилади.


236. Мансабдор шахслар ва ходимлар меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларига риоя қилмаганликлари учун қонун ҳужжатларига мувофиқ белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.



VII БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


237. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, "Ўздавэнергоназорат" инспекцияси, "Саноатгеоконтехназорат" давлат инспекцияси, Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги ва Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2013 йил 22 июль, 29-сон, 376-модда











































Время: 0.1657
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск