ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Солиқ ва божхона қонунчилиги масалалари бўйича /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 31.05.2013 й. 08-сон "Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка оид қонунчиликнинг судлар томонидан қўлланилиши тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

31.05.2013 й.

N 08


СОЛИҚЛАР ВА ЙИҒИМЛАРНИ ТЎЛАШДАН

БЎЙИН ТОВЛАГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИККА

ОИД ҚОНУНЧИЛИКНИНГ СУДЛАР ТОМОНИДАН

ҚЎЛЛАНИЛИШИ ТЎҒРИСИДА


Солиққа оид қонунчилик такомиллаштирилганлиги, шунингдек, суд амалиётида солиқлар йиғимларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка доир қонунчиликни қўллашда масалалар келиб чиққанлиги муносабати билан, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Судларнинг эътибори шунга қаратилсинки, қонунда белгиланган солиқлар ва маҳаллий йиғимларни тўлаш ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи ҳисобланади (Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 51-моддаси).

Қонунда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлашнинг ижтимоий хавфлилиги солиқ тўловчилар томонидан солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ва тўлиқ ҳажмда тўлашга оид мажбуриятни қасддан бажармасликдан иборат бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига пул маблағлари тушмай қолишига олиб келади.

2. Судларга тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси (бундан буён матнда - МЖтК) 174-моддасининг биринчи қисми, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (бундан буён матнда - ЖК) 184-моддасининг биринчи қисми диспозициясига мувофиқ солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш деганда, фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш, шунингдек солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бошқа тарзда қасддан бўйин товлаш тушунилиши лозим.

Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни қасддан яшириш - бу давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган тегишли солиқ ҳисоботи ҳужжатларида фойда (даромад) олинганлиги тўғрисидаги маълумотларни қасддан кўрсатмаслик, шунингдек улар мавжудлиги тўғрисидаги ахборотни яшириш мақсадида фойда (даромад) келиб тушишини ҳисобга олиш тартибини бузиш.

Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни камайтириб кўрсатиш давлат солиқ хизмати органларига тақдим этиладиган солиқ ҳисоботи ҳужжатларида солиқ солинадиган объект миқдорига оид ахборотни била туриб пасайтириш (камайтириш) томонига ўзгартиришда ифодаланади.

Солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бошқа тарзда қасддан бўйин товлаш солиқ тўловчининг давлат солиқ хизмати органларига солиқ ҳисоботи ҳужжатларини ёки солиқ қонунчилигига мувофиқ тақдим этилиши шарт бўлган бошқа ҳужжатларни қасддан тақдим этмаслик ёки солиқ ҳисоботи тақдим этилганидан сўнг содир этилган, солиқлар ва йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш мақсадида тўлов қобилиятсизлиги ҳолатини сунъий равишда вужудга келтиришга қаратилган қилмишларда ифодаланади.

3. МЖтК 174-моддасининг биринчи қисми, ЖК 184-моддасининг биринчи қисми диспозицияси бланкет (ҳаволаки) бўлиб, шу сабабли "даромадлар", "фойда", "солиқ солинадиган объектлар", "солиқлар", "йиғимлар" каби тушунчалар мазмунини аниқлаш учун қилмиш содир этилган пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (бундан буён матнда СК деб юритилади) нормаларидан келиб чиқиш лозим.

СК 17-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, солиқларга қуйидагилар киради:

1) қўшилган қиймат солиғи;

2) акциз солиғи;

3) фойда солиғи;

4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

51) фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи;

6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

7) мол-мулк солиғи;

8) ер солиғи;

9) ижтимоий солиқ.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йиғимлар ҳам белгиланиши мумкин. Йиғимларни жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби СК ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан белгиланади.

Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимни ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби СК билан тартибга солинади.

4. Қонунда солиқлар ва йиғимларни (бундан буён матнда - солиқлар) тўлашдан анча миқдорни ташкил қилмаган (базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваригача бўлган) миқдорда қасддан бўйин товлаш ёки биринчи марта анча (базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан уч юз бараваригача бўлган) миқдорда содир этилганлиги учун маъмурий жавобгарлик белгиланган (МЖтК 174-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари).

Агар шахс солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун МЖтК 174-моддасининг иккинчи қисми бўйича маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг бир йил давомида шундай қилмишни яна анча миқдорда содир этса, ЖК 184-моддасининг биринчи қисми бўйича жиноий жавобгарлик келиб чиқади.

Шуни назарда тутиш лозимки, агар солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаганлик натижасида кўп ёки жуда кўп миқдорда зарар етказилган бўлса, жиноий жавобгарлик маъмурий преюдицияга риоя қилинмаган ҳолда (яъни шахснинг муқаддам солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши талаб этилмайди), тегишлича, Жиноят кодекси 184-моддаси иккинчи қисмининг "б" банди ёки учинчи қисми бўйича келиб чиқади.


5. Шахснинг ҳаракатларини тўғри квалификация қилиш учун суриштирув, тергов органлари ва судлар, барча ҳолларда, солиқлар тўланмаганлиги оқибатида етказилган моддий зарар миқдорини синчиклаб аниқлашлари, бунда ЖК 184-моддаси мазмунига кўра, шахс томонидан яширилган ёки камайтириб кўрсатилган солиқ солинадиган объектнинг катталиги (қиймати) эмас, балки фақат тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаси (солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган молиявий санкция (жарима ва пеня) суммаларини қўшмаган ҳолда) тушунилиши лозимлигини назарда тутишлари керак.


6. МЖтК 174-моддаси, ЖК 184-моддаси бўйича жавобгарлик келиб чиқишининг зарур шарти - солиқ ёки бошқа тўловларни тўлашдан бўйин товлашга нисбатан қасднинг мавжудлиги бўлиб, у ҳаракатда ҳам, ҳаракатсизликда ҳам намоён бўлиши мумкин.

Фойдани (даромадни) ёки солиқ солинадиган бошқа объектларни (солиқ базасини) қасддан яшириш, камайтириб кўрсатиш белгилари, жумладан, қуйидагилар:

товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинган тушум суммасини ҳисобга олиш регистрларида акс эттирмаслик;

товарлар (хизматлар) реализация қилинганлигидан далолат берувчи ҳужжатларни алмаштириш, сохталаштириш ёки йўқ қилиш ёхуд уларни текшириш учун тақдим этишни рад этиш;

қалбаки бирламчи бухгалтерия ҳужжатларидан фойдаланиш;

ҳисобда реализация қилинмаган деб кўрсатилган товарларнинг омборда ёки реализация қилиш жойида мавжуд эмаслиги;

расмийлаштирилмаган (кирим қилинмаган) товарларни сақлаш, улардан фойдаланиш ва реализация қилиш;

назорат-касса техникасининг фискаль хотираси хизмати дастурига ноқонуний равишда ўзгартириш киритиш;

фойдаланилмаган моддий харажатларни фойдаланилган деб, ишлаб чиқариш ҳисоботига қўшиш;

товарларни сотиш (хизмат кўрсатиш)дан олинган тушумни ҳисобот давридан кейинги даврга ўтказиш (сотиш ҳажмини ва даромад (фойда)ни қасддан камайтириш);

моддий, ёқилғи-энергетика ресурслари харажатларини ва амортизация (эскириш) нормасини сунъий равишда ошириш ёки норматив (лимит)ларни нотўғри қўллаш;

иш берувчи билан меҳнат муносабатларида бўлган ходимларнинг ҳақиқий иш ҳақи суммаси солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги;

меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимларнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги;

реализация қилинган товарлар қийматини ҳисоб ҳужжатларида ҳақиқатда реализация қилинган қийматидан пасайтирилган нархлар бўйича акс эттириш ва ҳ.к.

Судларга тушунтирилсинки, СК 223-моддасининг тўртинчи қисми талабига мувофиқ, меҳнат фаолиятини амалга оширувчи ходимларнинг солиқ ҳисоботида акс эттирилмаганлиги ёки реализация қилинган товарлар қийматини ҳисоб ҳужжатларида ҳақиқатда реализация қилинган қийматидан пасайтирилган нархлар бўйича акс эттириш ҳолларида солиққа оид ҳуқуқбузарликлар бўйича яширилган солиқ базаси суммаси охирги ўн икки ой учун аниқланади.

МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликларга доир ишлар бўйича юқорида қайд этилган ёхуд бошқа бирор-бир белгиси аниқланишидан ташқари, шахснинг қилмишида солиқларни тўлашдан бўйин товлашга нисбатан тўғри қасд (ЖК 21-моддаси) мавжудлиги исботланган бўлиши шарт.

7. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаганлик билан боғлиқ жиноят ишлари бўйича шуни эътиборга олиш керакки, агар солиқ тўловчи субъектларнинг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ЖК 184-моддаси диспозицияси билан қамраб олинса, нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш жинояти (ЖК 192-11-моддаси) ва бошқарув тартибига қарши жиноятлар (ЖК 205 - 209, 227, 228-моддалари) учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари билан қўшимча квалификация қилиш талаб этилмайди.

Судларга тушунтирилсинки, товарларни божхона чегарасидан ўтказиш билан боғлиқ равишда давлат божи тариқасидаги солиқларни тўлашдан бўйин товлашда ифодаланган ҳаракатлар ЖК 182-моддаси билан қамраб олинади ва ЖК 184-моддаси билан қўшимча квалификация қилишни талаб этмайди.


8. Қонунга кўра (СК 213-моддаси), шахс қуйидаги ҳолатлардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас:

солиққа оид ҳуқуқбузарлик ҳолатининг мавжуд эмаслиги (масалан, агар бир турдаги солиқлар учун тўланган пул суммаси бошқа турдаги солиқлар учун тўланмаган суммалар ўрнини тўлиқ қоплаcа (СК 103 - 105-моддалари);

солиққа оид ҳуқуқбузарлик содир этишда шахснинг айби мавжуд эмаслиги (масалан, қилмишнинг табиий офат ёки бошқа фавқулодда ва бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар оқибатида, шахс томонидан ўз ҳаракатларини ўзи идора этолмайдиган ёки бошқара олмайдиган касаллик ҳолатида содир этилган бўлса ва СК 215-моддасида назарда тутилган бошқа ҳолларда);

солиқ органининг ёки бошқа ваколатли органнинг (ушбу орган мансабдор шахсининг) солиқни (йиғимни) ҳисоблаб чиқариш, тўлаш тартиби тўғрисида ёки солиқ тўғрисидаги қонунчилик қўлланилишининг бошқа масалалари бўйича ўз ваколатлари доирасида солиқ тўловчига (йиғим тўловчига, солиқ агентига) ёхуд номаълум доирадаги шахсларга берган ёзма тушунтиришлари солиқ тўловчи (йиғим тўловчи, солиқ агенти) томонидан бажарилганлиги;

солиқ мониторингини ўтказиш даврида солиқ органининг солиқ тўловчига (йиғим тўловчига, солиқ агентига) юборилган асослантирилган фикри солиқ тўловчи (йиғим тўловчи, солиқ агенти) томонидан бажарилганлиги (СК 215-моддаси).

Қонунга кўра (СК 103-105-моддалари), агар бир турдаги солиқлар учун тўланган пул суммаси бошқа турдаги тўловлар учун қасддан тўланмаган суммалар ўрнини тўлиқ қопласа, шахс жавобгарликка тортилмайди. Агар бир турдаги солиқлар учун ортиқча тўланган сумманинг миқдори бошқа турдаги тўловлар учун қасддан тўланмаган сумманинг миқдорини қисман қопласа, шахснинг айбдорлик масаласи тўланган ва тўланмаган суммалар орасидаги фарқ миқдоридан келиб чиққан холда ҳал этилади.

Ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт. Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса ва бунда ушбу ҳисобот солиқ тўловчи томонидан солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса ва ушбу ҳисобот тақдим этилгунга кадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса, солиқ тўловчи жавобгарликдан озод қилинади (СК 83-моддаси).

9. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш тариқасидаги жиноят тегишли солиқ даври учун солиқ қонунчилигида белгиланган муддатларда солиқ тўланмаслиги ҳолати келиб чиққан пайтдан бошлаб тугалланган ҳисобланади (агар бунда солиқларнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳисобга олиш имконияти (СК 103 - 105-моддалари) ёки солиққа оид ҳуқуқбузарлик учун шахснинг жавобгарлигини истисно этувчи ҳолатлар (СК 213-моддаси) мавжуд бўлмаса.

СК 73-моддасига кўра солиқ даври календарь йилига мос келади.

10. МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликнинг субъекти 16 ёшга тўлган, солиқ солинадиган даромад (фойда)га эга бўлган ва қонунга мувофиқ давлат солиқ органларига даромадлари ҳақида декларация тақдим этишга мажбур бўлган жисмоний шахс (Ўзбекистон Республикаси фуқароси, чет эл фуқароси, фуқаролиги бўлмаган шахс) ҳисобланади.

МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасида белгиланган жавобгарликка солиқ тўловчи-юридик шахс раҳбари ва бош (катта) бухгалтери ёки бошлиқ ва бош бухгалтер вазифаларини амалда бажараётган ходимлари, шунингдек бухгалтерия, банк-молия ҳужжатларини тузиш, имзолаш ҳуқуқига эга бўлган ва бухгалтерия ҳужжатларига даромад ёки харажатлар тўғрисида сохта маълумотлар киритган ёхуд солиқ солинадиган бошқа объектларни яширган ўзга хизматчилари тортилишлари мумкин.


11. Солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан суриштирув, тергов юритиш ҳамда уларни судда кўришда бундай жиноятларни яширишга кўмаклашган барча шахсларни аниқлаш чоралари кўрилиши шарт.

ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноятга раҳбарлик қилган ёки ушбу жиноятни содир этишга солиқ тўловчи ташкилот бошлиғи, бош (катта) бухгалтери, бошқа хизматчиларини ундаган ёхуд ўзининг маслаҳатлари, кўрсатмалари билан жиноятни содир этишга кўмаклашган шахслар ташкилотчи, далолатчи ёки ёрдамчи сифатида ЖК 28-моддаси ва 184-моддасининг тегишли қисми бўйича жавобгарликка тортиладилар.

Назорат-касса техникаси фискаль хотираси хизмати дастурига ноқонуний ўзгартириш киритиш йўли билан даромад (фойда)ни яширишда солиқ тўловчига кўмаклашган шахслар ҳам солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлашда иштирокчи сифатида жавобгарликка тортиладилар.

Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, нодавлат тижорат ёки бошқа нодавлат ташкилотлар мансабдор шахсларининг солиқларни тўлашдан бўйин товлашда қасддан кўмаклашишга қаратилган ҳаракатлари жиноятда иштирокчилик сифатида ЖК 28-моддаси ҳамда ЖК 184-моддасининг тегишли қисми бўйича квалификация қилинади, агар айни пайтда улар ғараз ёки бошқа шахсий манфаатларни кўзлаган ёки шу мақсадларда жиноятларни яширишда кўмаклашган бўлсалар, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ҳаракатлари, шунингдек Жиноят кодексининг бошқарув тартибига қарши жиноятлар учун жавобгарликни назарда тутувчи тегишли моддалари (ЖК 205, 209, 210-моддалари) билан, нодавлат тижорат ёки бошқа нодавлат ташкилотлар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари эса, Жиноят кодексининг тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш, қонунга хилоф равишда аралашиш билан боғлиқ жиноятлар ҳамда хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тажовуз қилиш учун жавобгарликни назарда тутувчи моддалари (ЖК 192-9, 192-11, 228-моддалари) билан ҳам квалификация қилиниши лозим.

12. ЖК 184-моддасида назарда тутилган қилмишни икки ва ундан ортиқ маротаба ягона қасд билан қамраб олмаган ҳолда содир этган шахснинг ҳаракати солиқ тўлашдан такроран бўйин товлаш сифатида квалификация қилиниши лозим. Бунда шахс жиноятни бажарувчи ёки унинг иштирокчиси эканлигининг, муқаддам содир этилган қилмиш тугалланган жиноят ёки жиноятга суиқасд бўлганлигининг аҳамияти йўқ.

Шахснинг ҳаракатларида солиқларни тўлашдан такроран бўйин товлаш белгиси мавжудлиги масаласини ҳал этишда Жиноят кодексининг 32-моддасида кўрсатилган талаблардан келиб чиқиш лозим.


13. Қилмишни солиқларни тўлашдан бўйин товлаш сифатида МЖтК 174-моддаси ва ЖК 184-моддасининг тегишли қисми бўйича квалификация қилиш учун асос бўлган солиқ миқдорини пул суммасида белгилашда, ҳуқуқбузарлик тугалланган вақтда амалда бўлган базавий ҳисоблаш миқдоридан келиб чиқиш лозим. Бунда СК 4-моддаси, МЖтК 9-моддаси ва ЖК 13-моддаси талабларига риоя этилиши шарт.

Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади (СК 13-моддаси).

13-1. Жиноят кодекси 184-моддаси бешинчи қисмига кўра, биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича давлат солиқ хизмати органининг қарорини ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг содир этилган жиноят ҳақидаги хабарини олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқлар ва йиғимлар, шу жумладан, пенялар ва бошқа молиявий санкциялар тарзида давлатга етказилган зарарнинг ўрнини тўлиқ қопласа, жавобгарликдан озод қилиниши лозим.

Тушунтирилсинки, ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноятни биринчи маротаба содир этган, шу жумладан, мазкур модда бўйича судланганлиги тугалланган ёки олиб ташланган шахс ушбу асосларга кўра жавобгарликдан озод этилиши лозим.

Жиноят кодекси 184-моддаси бешинчи қисмига асосан жиноят ишини тугатиш масаласини муҳокама қилишда, ўттиз кунлик муддат ичида етказилган зарарни қоплаш масаласига (СК 86-моддаси), шунингдек унинг тўлиқ қопланганлиги фактини тасдиқловчи далиллар (тўлов топшириқномалари, чипталар ва ш.ў.) мавжудлигига алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

14. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш шахс томонидан солиққа оид қонунчиликнинг муайян нормаси талабларини бажармаслик билан боғлиқ. Шу туфайли, ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноятларга оид ишлар бўйича суриштирув, тергов органлари ва судларнинг эътибори шахсни жиноят ишида айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиш тўғрисидаги қарорда, айблов далолатномасида, айблов хулосаси ва айблов ҳукмида айбланувчи ёки судланувчи томонидан солиққа оид қонунчиликнинг жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган айнан қайси нормаси талаблари бузилганлиги кўрсатилиши шартлигига қаратилсин.

15. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунларни қўллаш билан боғлиқ ишларни кўришда, судлар шуни назарда тутишлари керакки, судланувчининг ҳаракатларида жиноят таркиби бор-йўқлиги билан боғлиқ ҳолатлар бошқа далиллар билан бир қаторда эксперт хулосаси, солиқ текшируви далолатномаси, тафтиш натижалари тўғрисидаги далолатнома, давлат солиқ хизмати органининг солиқ текшируви материалларини кўриб чиқиш натижалари бўйича қарорлари асосида ҳам аниқланиши мумкин. Судлар, зарурат туғилганда, суд мажлисига солиқ солиш соҳаси бўйича мутахассисларни жалб қилишлари лозим.

Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, шахснинг айбдорлигига оид барча шубҳалар, башарти уларни бартараф этиш имконияти тугаган бўлса, солиқ тўловчининг фойдасига ҳал қилинади (ЖПК 23-моддаси).


16. Судлар солиқларни тўлашдан бўйин товлашга оид ҳар бир жиноят иши бўйича суриштирув ва дастлабки тергов органлари томонидан жиноят-процессуал қонунининг далиллар мақбуллигини тартибга солувчи нормаларига риоя этилганлигини синчковлик билан аниқлашлари шарт. Бунда шуни назарда тутиш лозимки, далилларин тўплаш учун белгиланган тартибни бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа маълумотлар шахсни жиноий жавобгарликка тортиш учун асос бўла олмайди.


17. Судлар мазкур тоифадаги ишлар бўйича ҳукм чиқаришда фуқаролик даъвосини ҳал этишлари зарур.

Суд фуқаролик даъвосини қаноатлантириш тўғрисида хулосага келганда, ўз ҳукмида маҳкумдан ундирилиши лозим бўлган пул суммаси миқдорини (пеня ва штраф суммасини қўшган ҳолда), тўланмаган солиқлар турига қараб, тегишли давлат бюджети (республика, маҳаллий), бюджетдан ташқари мақсадли жамғарма, шунингдек солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги давлат солиқ хизмати органи номини кўрсатиши керак.


18. Тушунтирилсинки, солиқларни тўлашдан қасддан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноят ишлари Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддасига, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш МЖтК 271-моддасининг 5 ва 7-бандларига мувофиқ тугатилган тақдирда, мазкур тўловлар тўланмаганлиги оқибатида етказилган зарарни ундириш масаласи фуқаролик судлов ишларини юритиш тартибида ҳал қилинади.


19. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, судлар солиққа оид жиноятлар содир этилишига олиб келган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлашлари ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан хусусий ажримлар чиқаришлари зарур.


19-1. Тушунтирилсинки, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йил 20 августдаги "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига хусусий мулкни, тадбиркорлик субъектларини ишончли ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Қонунининг (бундан буён матнда - Қонун) 5-моддаси қуйидаги:

жиноят ишлари суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суднинг иш юритувида (биринчи, апелляция, кассация инстанцияларида) бўлган;

судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

19-2. Қонун кучга киргунга қадар, ЖК 184-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этган, ишлари суриштирув, дастлабки тергов органлари ва суднинг иш юритувида (биринчи, апелляция инстанцияларида) бўлган шахсларга нисбатан жиноят ишлари, ЖК 184-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, ЖПК 84-моддаси биринчи қисми 8-банди тартибида тугатилиши лозим.

Жиноят кодекси 184-моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганлиги учун жазо ўтаётган шахсларга нисбатан жиноят ишлари ҳам ЖК 184-моддасининг бешинчи қисмида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, ЖПК 84-моддаси биринчи қисми 8-банди тартибида тугатилиши лозим.

Қонун амалга киритилгунга қадар ҳукм қилинган, бироқ, жазони ўтаб бўлмаган шахсларга нисбатан, шунингдек судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахсларга нисбатан суд қарорларини Қонунга мувофиқлаштириш масаласи Жиноят-процессуал кодексида белгиланган тартибда юқори инстанция суди томонидан кўриб чиқилади.

19-3. Бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм бўйича судланган шахсларга нисбатан суд қарорларини Қонунга мувофиқлаштиришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, ЖК 184-моддаси билан ҳукм қилинган шахслар жавобгарликдан озод қилинган ҳолларда, бир неча жиноят ёки бир неча ҳукм бўйича тайинланган узил-кесил жазо тури ва миқдорини қайта муҳокама қилишлари керак.

20. Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари ва Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди солиқларни тўлашдан бўйин товлашга оид қонунчиликни қўллаш бўйича суд амалиётини вақти-вақти билан умумлаштиришлари ва йўл қўйилган қонун бузилишларини ўз вақтида бартараф этишлари лозим.

21. Мазкур қарор қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2003 йил 6 июндаги "Солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик тўғрисида"ги 6-сонли қарори бекор қилинсин.

       

       

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

       

Б. Мустафаев

Пленум котиби,

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди судьяси

    

    

А. Усманов

      

      

"Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ахборотномаси", 2013 й., 3-сон.






























Время: 0.2144
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск